1447 йил 12 зулҳижжа2026 йил 29 май, жума
Сардорхон Жаҳонгир сурати

Сардорхон Жаҳонгир

Исломшунослик фанлари (PhD) доктори — Tasnim платформаси муаллифи

Сардорхон Жаҳонгир 1977 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаб, исломшунос ва филолог мутахассислиги бўйича бакалавр даражасини олган.

У илмий фаолиятини Ўзбекистон Миллий университетида араб тилидан дарс бериш билан бошлаган. Шунингдек, Миср Араб Республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказининг ўқув бўлимида ҳам фаолият олиб борган.

Сардорхон Жаҳонгир нуфузли нашриётларда раҳбар ва муҳаррир лавозимларида ишлаб, мамлакатимиздаги кўплаб илмий-маърифий китобларни нашр этилишида фаол иштирок этган. Илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида Саудия Арабистони, Миср, Эрон каби бир қатор мамлакатларда малака оширган. Сўнгги ўн йилда Туркия республикасида фаолият юритиб, Кавказ давлат университетининг диншунослик факультетида “Тафсиршунослик” йўналиши бўйича магистр даражасини олган ва номзодлик диссертациясини араб ва турк тилида муваффақиятли ҳимоя қилган.

У хорижда ташкил этилган “Туркистон саййидлари ва эшонлари” халқаро ташкилотининг асосчиси ва раиси ҳисобланади. Мазкур ташкилот бугунги кунда дунёнинг йигирмадан ортиқ шажарашунослик жамиятлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Исломшунос, тилшунос, педагог ва шажарашунос олим Сардорхон Жаҳонгир бир қатор халқаро илмий-амалий конференциялар ташаббускори ва иштирокчиси сифатида танилган.

Унинг муаллифлигида чет элларда турли илмий мақолалар ва китоблар нашр этилган.

Жумладан, мамлакатимизда илк бор унинг ‎таржимаси остида чоп этилган “Қуръони Карим маъноларининг сў‎зма-сў‎з ‎таржимаси”, “Нурул Қуръон” ҳамда “Зиё-ул Қуръон” номли китобларии исломшунослик соҳасидаги фундаментал ‎асарлардан бири сифатида баҳоланиб, қисқа фурсатда илм аҳли ‎орасида катта э’тирофга сазовор бў‎лди. Ушбу ютуқлари учун ‎Сардорхон Жаҳонгир 2025 йилда Турон фанлар академиясининг ‎академиги унвонига эга бў‎лди.‎

Исломшунослик фанлари бўйича (PhD) доктори Сардорхон Жаҳонгир тилшунос олим сифатида араб, форс, турк, инглиз, рус, немис ва қисман иброний тилларини ўзлаштирган бўлиб, ушбу тилларнинг аксариятидан миллий ва халқаро сертификатларга эгадир.

Айни пайтда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мустақил тадқиқотчиси ҳамда республикамиздаги “Турон” ўқув маркази тармоқларининг таъсисчиси ва раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, мазкур ўқув марказида тингловчиларга хорижий тиллардан дарс бериб келмоқда.

Мақсадимиз

Миллий қадриятларимиз ҳамда маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни пухта ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, аждодларимиз бўлган Имом Бухорий, Термизий, Насафий ва Замахшарий сингари уламолар изидан бориш, улардан бизларга мерос бўлиб келаётган ва сақланаётган тарихий ҳамда нодир қўлёзмаларни авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни халқимизга етказиб, ёшларимиз қалбида улар қолдирган меросга эҳтиром, иззат ва муҳаббат туйғусини шакллантиришдир.