Шунингдек, яҳудийлар Сулаймоннинг ҳукмронлиги ва кўрсатган мўъжизалари тўғрисида шайтонларнинг уйдирмаларига ва ўқиб берган сеҳр жодуларига эргашиб кетдилар. Сулаймон асло сеҳр қилиб куфр келтирмаган, аксинча, одамларга сеҳр-жодуни ҳамда Бобил шаҳридаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган илму амаллардан таълим берадиган шайтонлар ва жинлар куфр келтирганлар. Ҳолбуки, у икки фаришта: “Бизлар фақатгина сизлар учун бир синовмиз холос ва бу илм сабабли куфр келтириб қўйма”, – деб айтмагунларича ҳеч кимга у илмдан бирор нарсани ўргатмас эдилар. Бас, яҳудийлар Аллоҳнинг у икки фариштасидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган илму амалларни ўрганар эдилар. Лекин улар бу илм билан Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказувчи бўла олмасдилар. Аслида эса улар ўзларига зарар келтирадиган ва фойда бермайдиган нарсаларни ўрганар эдилар. Улар Аллоҳнинг китобини дунё манфаати учун сеҳр-жодуга алмашиб, уни сотган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқлигини жуда яхши билар эдилар. Охиратдаги улушларидан айрилиб, ўзларини нақадар бир ярамас нарсага сотганларини билсалар эди!

