Эй мўминлар, маълум бир муддатга бир-бирларингиз билан қарз олди-берди муомаласини қилсангиз, уни ёзиб қўйинглар. Ораларингиздаги бир котиб адолат билан тўғри қилиб ёзсин. Ҳеч қайси бир котиб Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, қандай бўлса, шундай ёзсин. Зиммасида қарзи бўлган киши айтиб туриб ёздирсин ҳамда Роббиси бўлган Аллоҳдан қўрқсин ва олган қарзидан бирор нарса камайтириб ёздирмасин. Борди-ю бўйнида қарзи бўлган одам ақли норасо, ёш ёки жуда кексалиги боис ожиз ҳамда карлиги, соқовлиги ва тил билмаслиги туфайли айтиб туришга қодир бўлмаса, у ҳолда унинг вакили адолат билан айтиб турсин. Шунингдек, эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинглар. Агарда икки эркак бўлмаса, сизлар рози бўладиган гувоҳлардан бир эркак киши ва икки аёлни гувоҳ қилингларки, бири унутиб адашганда иккинчиси эслатиб туради. Гувоҳлар гувоҳлик учун чақирилганда келишдан бош тортмасинлар. Қарз хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин муддатигача ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида энг адолатли, шоҳидлик учун энг дуруст ва гумон қилмаслик учун энг яқин бўлган ҳукмдир. Лекин ораларингизда айлантириб турган нақд савдо муомалангиз бўлса, уни ёзмасликда сизларга гуноҳ бўлмайди. Ўзаро олди-берди қилганингизда ҳам гувоҳ келтиринглар. Агар харажатлари бўлса, ёзган одам ҳам, гувоҳ ҳам зарар қилмасинлар. Агар уларга зарар қилсангиз, шубҳасиз, бу сизнинг фосиқлигингиздир. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ сизларга шу тариқа таълим беради. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир.

