Эрнинг афсус қилиб қайта никоҳига олиш имконини берадиган талоқ икки мартадир. Бундан кейин энди уни талоқ қилмасдан яхшилик билан ушлаб қолиш ёки учинчи марта талоқ қилса ҳам, чиройли бир усулда қўйиб юбориш керак бўлади. Уларга берган маҳрингиздан бирор нарсани олиб қолиш сизларга ҳалол бўлмайди. Лекин эр ва хотин иккови ҳам оила давом этган тақдирда Аллоҳнинг белгилаган ҳудудларини ўрнига қўёлмасликдан қўрқсалар, ҳамда хотин эри билан яшаб кетишига кўзи етмай, эридан талоқ қилишни сўраса ва бу талоқ учун маълум миқдорда эваз тўлашини айтса, эр ҳам бу таклифни қабул қилса, уларга гуноҳ бўлмайди. Булар Аллоҳнинг белгилаб қўйган шаръий ҳудудларидир, бас, уларни поймол қилманглар. Ким Аллоҳнинг белгилаб қўйган шаръий ҳудудларини босиб ўтса, ана ўшалар Золим кимсалардир.

