Ёки яна бошқа бир киши ҳақидаги хабарни билмайсизми? У кимса томлари босиб вайронага айланган ва ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтиб кетаётганда ўзига ўзи: “Аллоҳ харобага айланиб ўлгандан кейин бу қишлоқ аҳолисини қандай қилиб қайта тирилтираркин-а?!” – деди. Шунда Аллоҳ уни ўлдириб, юз йил муддатга шу ҳолда ташлаб қўйди. Юз йилдан кейин уни қайта тирилтириб: “Неча йил шу ўлик ҳолда ётдинг?” – деди. У эса: “Бир кун ёки ярим кун”, – деб жавоб берди. Аллоҳ унга: “Йўқ, сен юз йил ўлик ҳолда ётдинг. Ана таоминг ва ичимлигингга қарагин, бузилиб ўзгармаган. Энди эшагингга қара, чириб ётибди. Бундай ҳодисани кўрсатишдан мақсад сени инсонларга ибрат қилиб кўрсатишдир. Бу суякларни қандай қилиб тиклаб, кейин уларга гўшт қоплаб, кийдиришимизни кўргин”, – деди. Унга Аллоҳдан бўлган мўъжиза очиқ-ойдин маълум бўлгач: “Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага кучи етадиган Зот эканини биламан”, – деди.

