Агар хотинларингизни талоқ қилсангиз ва улар идда вақтиларига етиб келсалар, унда уларни яхшилик билан ушлаб қолинглар ёки чиройли бир тарзда қўйиб юборинглар. Аммо уларни қийнаш учун зарар берган ҳолда мажбуран ушлаб турманглар. Кимда-ким шундай иш қиладиган бўлса, шубҳасиз, у ўзига зулм қилган бўлади. Аллоҳнинг оятларини эрмак қилманглар. Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматини ва сизларга ваъз-насиҳат бўлсин деб нозил қилган китоб ва ҳикматни ёдингизда тутинглар. Аллоҳдан қўрқинглар ҳамда, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи – Аълим Зот эканини билинглар.

