Ҳамда у иймонли кимсалар сиз Муҳаммадга туширилган Қуръонга ва сиздан олдинги пайғамбарлар учун нозил қилинган китобларга ҳам иймон келтирадилар. Шунингдек, улар охират кунига ҳам аниқ ишонадилар.
Сиз қидирган أ خ ر масдар-ўзагидан ҳосил бўлган 250 та оят мавжуд.
va oxiratga ham, oxirat, oxiratni berib, oxiratda, oxiratda ham, boshqa, orqada qolsa, oxiratda (ham), va oxirat, boshqasiga
Қуйида ўша оятлар арабча матни ва ўзбекча таржимаси билан келтирилган.
Ҳамда у иймонли кимсалар сиз Муҳаммадга туширилган Қуръонга ва сиздан олдинги пайғамбарлар учун нозил қилинган китобларга ҳам иймон келтирадилар. Шунингдек, улар охират кунига ҳам аниқ ишонадилар.
Инсонлар орасида ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда ёлғондан, “Биз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик”, – дейдиган кимсалар ҳам бор.
Шубҳасиз, иймон келтирган кимсалар, яҳудий динида бўлганлар, насроний динида бўлганлар ҳамда собиийлар деб аталган эътиқодда бўлганлардан, кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бўлсалар, улар учун Роббилари тарафидан ажрлари бордир. Ундай зотлар учун охиратда ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.
Ана шундай золим кимсалар абадий охиратни унутиб, унинг ўрнига ўткинчи дунё ҳаётини сотиб олгандирлар. Модомики шундай экан, улардан азоб енгиллатилмайди ҳамда уларга охиратда жазодан қутулиш учун ёрдам берилмайди.
Эй Расулим, уларга: “Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри бўлган жаннат бошқа одамларга эмас, холис сиз учун хос бўлса, ҳамда сўзингизда ростгўйлардан бўлсангиз, қани, унда ўзингизга ўлимни бир орзу қилиб кўринглар-чи!” – деб айтинг.
Шунингдек, яҳудийлар Сулаймоннинг ҳукмронлиги ва кўрсатган мўъжизалари тўғрисида шайтонларнинг уйдирмаларига ва ўқиб берган сеҳр жодуларига эргашиб кетдилар. Сулаймон асло сеҳр қилиб куфр келтирмаган, аксинча, одамларга сеҳр-жодуни ҳамда Бобил шаҳридаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган илму амаллардан таълим берадиган шайтонлар ва жинлар куфр келтирганлар. Ҳолбуки, у икки фаришта: “Бизлар фақатгина сизлар учун бир синовмиз холос ва бу илм сабабли куфр келтириб қўйма”, – деб айтмагунларича ҳеч кимга у илмдан бирор нарсани ўргатмас эдилар. Бас, яҳудийлар Аллоҳнинг у икки фариштасидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган илму амалларни ўрганар эдилар. Лекин улар бу илм билан Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказувчи бўла олмасдилар. Аслида эса улар ўзларига зарар келтирадиган ва фойда бермайдиган нарсаларни ўрганар эдилар. Улар Аллоҳнинг китобини дунё манфаати учун сеҳр-жодуга алмашиб, уни сотган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқлигини жуда яхши билар эдилар. Охиратдаги улушларидан айрилиб, ўзларини нақадар бир ярамас нарсага сотганларини билсалар эди!
Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр қилинишига тўсқинлик қиладиган ва уларни хароб қилишга ҳаракат қиладиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми?! Аслида улар масжидларга қўрққан ҳолларида киришлари керак эди. Улар учун бу дунёда шармисорлик, охиратда эса улкан азоб бордир.
Ҳамда Иброҳимнинг: “Эй Роббим, бу Макка шаҳрини тинч-омон қилгин ҳамда унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчиларини турли хил мевалар билан ризқлантиргин”, – деганини эсланг. Шунда Аллоҳ таоло: “Куфр келтирганларни ҳам маълум бир вақт ризқдан озгина фойдалантириб, кейин дўзах азобига мубтало қиламан ва у нақадар ёмон жойдир”, – деди.
Ўз қадрини пастга урган кишигина Иброҳимнинг динидан юз ўгиради. Албатта, Биз дунёда Иброҳимни пайғамбар қилиб танлаб олдик ҳамда, шубҳасиз, у охиратда солиҳ бандалардандир.
Яхшилик ибодатларда тараф тортишиб юзингизни шарқ ёки ғарб томонга буришингиздан иборат эмас. Балки яхшиликнинг белгиси, Аллоҳга, охират кунига, малоикаларга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган ҳамда ўзи у молни яхши кўришига қарамай, мол-дунёсидан қариндошларига, етим-есирларга, мискинларга, мусофирларга, тиланчиларга ва қул озод қилиш учун берадиган, намозни тўлиқ адо этиб, закотни бериб юрадиган кимсаларда намоёндир. Шунингдек, яна яхшиликнинг намунаси аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, машаққатли ва дардли кунларда ҳамда жангу жадалдаги қийинчилик онларида сабр-тоқат қилувчи кимсаларда билинади. Ана шундай кимсалар иймонда содиқ бўлганлар ва айнан ўшалар Аллоҳдан қўрқувчи тақводорлардир.
Рамазон рўзаси саноқли кунларда бўлиб ўтади. Агар сизлардан бирингиз бемор ёки сафарда бўлса, рўза тутолмаган кунларининг сони миқдорича бошқа кунларда тутсин. Рўза тутишга мадори етмайдиганларнинг зиммасида эса бир мискиннинг бир кунлик таоми миқдорида фидя берсин. Кимда-ким фидяни кўнгилдан чиқариб ортиқроқ берса у ўзи учун яхшидир. Лекин агар билсангиз эди, сизлар учун рўза тутишингиз фидя бериб тутмаганингиздан кўра яхшироқдир.
Рамазон ойи шундай ойдирки, унда инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ҳақ ва ботилни айирувчи Фурқон ва ҳидоят манбаидан далиллар бўлган Қуръон нозил бўлгандир. Бас, агар сизлардан кимки бу ойга етишиб, шоҳид бўлса, албатта, рўзани тутсин. Агар сизлардан бирингиз бемор ёки сафарда бўлса, рўза тутолмаган кунларининг сони миқдорича бошқа кунларда тутсин. Аллоҳ сизларга осонликни хоҳлайди, қийинчилик бўлишни истамайди. Сизларга бу осонлик рўза кунларининг саноғини тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғлаб, такбир айтишингиз учундир. Шоядки, бу неъматларга шукр қилсангизлар.
Ҳаж арконларига доир ибодатларингизни адо этганингиздан кейин илгари ота-боболарингиз билан фахрланиб, уларни эсга олганингиздек, ҳатто улардан ҳам кучлироқ ҳолда Аллоҳни ёдга олинглар. Одамларнинг орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар: “Эй Роббимиз, бизларга, фақат шу дунёда бергин”, – дейди. Ундай кимсаларга охиратда насиба йўқдир.
Улардан шундай кимсалар борки, улар: “Эй Роббимиз, бизларга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизларни дўзах азобидан сақлагин”, – дейдилар.
Ҳаж асносидаги саноқли кунларда Аллоҳга такбир айтиб, кўп зикр қилинглар. Кимки икки кунда ҳаж арконларини тугатиб кетишга шошилса, унга гуноҳ бўлмайди. Шунингдек, кимки яна бир кун кечикиб, Минода қолса, унга ҳам гуноҳ бўлмайди. Ушбу тавсиялар Аллоҳдан қўрққанлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар ва шуни билингларки, сизлар барчангиз, албатта, қиёматда Унинг ҳузурига йиғиласизлар.
Эй Муҳаммад, сиздан уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишнинг ҳукми ҳақида сўрайдилар. Уларга: “У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир”, – деб жавоб беринг. Бироқ одамларни Аллоҳ йўлидан тўсиш, Уни инкор қилиш, одамларни Масжид ул-Ҳаромга боришига тўсқинлик қилиш ва аҳолисини у ердан қувиб чиқариш Аллоҳ наздида каттароқ гуноҳдир. Фитна чиқариш уруш қилишдан кўра каттароқ гуноҳдир. Кофирларнинг қўлидан келса эди, сизларни то ҳақ динингиздан қайтаргунча, жанг қилаверардилар. Борди-ю сизлардан кимки динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшаларнинг дунё ва охиратдаги амаллари беҳуда кетган бўлади. Улар дўзах эгаларидир ҳамда улар у ерда мангу қолувчилардир.
Дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади. Эй Муҳаммад, сиздан етимлар ҳақида сўрайдилар, уларга: “Уларни турмушларини яхшилаш хайрли ишдир”, – деб айтинг. Агар уларни орангизга қўшсангиз, улар сизнинг диндаги қардошларингиздир. Аллоҳ бузғунчи билан хайрсеварнинг фарқини билади. Аллоҳ агар истаса сизларни қийинчиликка солиб қўяр эди. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддати миқдорида ўзларини кузатиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар, Аллоҳ уларнинг бачадонларида яратган ҳомилани ёки ҳайз ҳолатини беркитишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари келишув қилиб, оилани тиклашни хоҳлаб қолсалар, шу муддат ичида уларни қайтариб яна никоҳларига олишга бутунлай ҳақлидирлар. Эркакларнинг аёллар устида ҳақлари бўлганидек, уларнинг ҳам эркаклар устида маълум бир ҳақлари бордир. Аммо эркакларга бу борада аёллардан бир даража юқори ҳақ бордир. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
Агар хотинларингизни талоқ қилсангиз ҳамда улар идда вақтиларига етиб келсалар, сўнгра яхшиликча ўзаро рози бўлишиб, келишиб олсалар, уларни эрларига қайта никоҳланишларига қаршилик қилманглар. Орангиздаги Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар мана бу ўгитлар билан насиҳат қилинади. Бу ишни қилиш сизлар учун энг хайрли ва покиза ишдир. Барчасини Аллоҳ билади, сиз бандалар эса билмайсизлар.
Эй иймон келтирганлар, эҳсон қиладиган молини одамлар кўрсин деб берадиган, аслида Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсаларга ўхшаб, садақаларингизни миннат ва озор бериш билан йўққа чиқарманглар. Ана шундай кишиларнинг мисоли худди, устида тупроқ бўлган қоятошга кучли жала келиб ювиб кетган, натижада, яна уни сип-силлиқ тош ҳолатига ташлаб қўйганга ўхшайди. Улар ишлаб топган ва риёкорлик қилиб берган бойликларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламайди.