Шунингдек, сизнинг қўлингизда урушда асирга тушиб мулк бўлган жориялардан ташқари, эри бўлган аёлларни ҳам никоҳингизга олиш ҳаром қилинди. Бу сизларга Аллоҳнинг ёзган ҳукмларидир. Мана шу зикр қилинганлардан бошқа аёлларга ориятли бўлиб, зинокор бўлмаган ҳолингизда молларингиздан маҳр бериб уларни никоҳга олишни исташингиз сизлар учун ҳалол қилинди. Шундай экан, агар никоҳингизга олиб улардан фойдаланган бўлсангиз, белгиланган маҳрларини берингиз. Белгиланган маҳрдан кейин ўзаро келишсангиз, ҳамда хотин ўз маҳридан воз кечса у ҳолда сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.

