Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, унда қаранг, Биз сизларга Аллоҳнинг қудратини баён қилиш учун сизларнинг отангиз Одамни тупроқдан, сўнгра Одам наслини манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра шаклланиб битган ва битмаган бир парча гўштдан яратдик. Биз сизларни хоҳлаганимизча муайян вақтга бачадонларда қолдириб, кейин чақалоқ ҳолингизда дунёга чиқарамиз, сўнгра вояга етгунингизгача парвариш қиламиз. Сизлардан гўдаклик ва ёшликда вафот этадиганлар ва яна сизлардан кўп нарса билганидан кейин қариб ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етиб келадиганлар ҳам бор. Ерни сувсиз қақраб ётган ҳолда кўрасиз, агар қачон унга осмондан сув ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчийди. Кейин ҳар хил гўзал ўсимлик жуфтларини ундириб чиқаради.

