Эй иймон келтирганлар, намоз ўқишга турмоқчи бўлсангизлар, олдин юзларингизни ювинглар. Кейин қўлларингизни тирсакларигача ювинглар. Сўнгра бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқларигача ювинглар. Агарда жунуб ҳолда ювуқсиз бўлсангиз, унда ғусл қилиб чўмилинглар. Агар бемор ё сафарда бўлиб ёки сизлардан бирингиз ҳожатхонадан қайтиб, ёхуд аёлларга яқинлик қилгандан кейин сув топа олмасангиз, у ҳолда тоза тупроқ жинсидан бўлган нарсаларни ният қилиб, таяммум қилинглар. У тупроқ билан юзларингиз ва қўлларингизга суртиб масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик қилишни хоҳламайди, аксинча, сизларни поклаш ва шукр қилишингиз учун сизларга Ўз неъматини тўла-тўкис қилиб беришни истайди.

