Эй Муҳаммад, уларга: “Осмонлар ва Ернинг Роббиси ким?” – деб айтинг. Кейин уларга: “Албатта, Аллоҳдир”, – деб жавоб беринг. Ҳамда уларга: “Бас, Уни қўйиб, ўзларига фойда ҳам зарар ҳам етказишга кучи етмайдиган бут ва санамларни дўстлар қилиб олдингизми?” – деб айтинг. Яна улардан: “Қалби кўр гумроҳ билан ҳидоят йўлини кўрувчи одам баробар бўладими? Ёки бўлмаса зулматлар билан нур баробар бўладими? Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У Зотга шерик қилиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар Аллоҳ томониданми ёки бут томониданми эканлиги номаълум бўлиб қолдими?” – деб айтинг. Эй Расулим, уларга: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У ёлғиз ва Ўз ишида ғолибдир”, – деб жавоб беринг.

