Эй мўминлар, сизларга ноҳақ ва қасддан ўлдирилган кишилар хусусида озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Борди-ю ўлдирилганнинг туғишган биродари томонидан товон тўлаш эвазига рози бўлиниб у афв қилинса, унда маъқул томонга эргашиш ва унга хунини чиройлик тарзда тўлаб бериши керак. Бу ҳукм Роббингиз томонидан сизларга енгиллик ва раҳматдир. Агар кимда-ким шундай енгиллик ва раҳматдан кейин ҳам ҳаддидан ошадиган бўлса, унга аламли азоб бордир.

