Осмонлару Ерни яратган, қоронғиликлар ва ёруғликни пайдо қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Шундан кейин ҳам куфр келтирган кимсалар Роббиларига бошқаларни тенглаштирмоқдалар.
An'om сураси
Makkaда нозил бўлган.
7-жуз,6-сура,165 оятдан иборатMakkaда нозил бўлган.
7-жуз,6-сура,165 оятдан иборатРаҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳ номи билан бошлайман.
Осмонлару Ерни яратган, қоронғиликлар ва ёруғликни пайдо қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Шундан кейин ҳам куфр келтирган кимсалар Роббиларига бошқаларни тенглаштирмоқдалар.
У бандаларининг устидан мутлақ ҳукмрондир. У ҳикмат эгаси – Ҳаким ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.
Ҳамда улар: “Ҳаётимиз фақат шу дунёдан иборатдир ва бизлар қайта тирилтирилмаймиз”, – дер эдилар.
Бироқ оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсаларни эса, фосиқлик қилганлари учун азоб келиб тутади.
Гуноҳкорларнинг йўли маълум бўлсин деб, шу йўсинда оятлармизни батафсил баён қилмоқдамиз.
Ҳар бир хабарнинг қарор топадиган вақти ва ўрни бордир. Яқинда ҳаммасини билиб оласизлар.
Ҳамда бизларга “Намозни тўлиқ адо этинг ва Унинг Ўзидан қўрқинглар”, – деб, амр қилинган. Сизлар У Зотнинг ҳузурига тўпланасизлар.
Шунингдек, Яҳё, Исо ва Илёсни ҳам ҳидоятга йўлладик. Барчалари солиҳ кимсалардан эди.
Ҳамда Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лут пайғамбарларни ҳам ҳидоятга йўлладик. Барчаларини бутун оламлар узра афзал қилдик.
Шунингдек, уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва ака-укаларидан кўпларини афзал қилдик. Уларни одамлар орасидан танлаб олиб, тўғри йўлга етакладик.
Шундай қилиб, золимларнинг қилган ёмон касблари туфайли бирини бирига боғлаб дўст қилиб қўямиз.
Ҳар кимнинг қилган амалларига кўра даражалар бордир. Роббингиз уларнинг қилаётган ишларидан бехабар эмасдир.
Сизларга ваъда қилинаётган нарсалар, албатта, келувчидир. Сизлар бўладиган ишларда Аллоҳни ожиз қила олмайсизлар.
Унинг асло шериги йўқдир. Мен мана шунга буюрилганман ва мен Аллоҳга таслим бўлганларнинг аввалиман.
У сизларни бошида лойдан яратган кейин эса ўлим вақтини тайин қилган Зотдир. Ҳамда белгиланган яна бир ажал замони Унинг ҳузуридадир. Сизлар шундан кейин ҳам шубҳа қилмоқдасизлар.
У кўкларда ҳам Ерда ҳам бир бўлган Аллоҳдир. Сизларни беркитган ва ошкора ишларингизни ҳамда барча қилаётган ишларингизни билиб турибди.
У кофир ва мушрикларга Роббиларининг далилларидан қачон бир оят келса, ундан юз ўгирувчи бўлдилар.
Улар ўзларига ҳақ билан келган Қуръонни ёлғонга чиқардилар. Яқинда уларга ўзлари истеҳзо қилиб юрган оятларнинг ҳақлиги ҳақидаги хабарлар келади.
Улардан аввал қанча-қанча наслларни ҳалок қилганимизни кўрмайдиларми? Ер юзида уларга ҳали сизларга бермаган имкониятларни берган эдик. Уларнинг устидан шовиллаб ёққан ёмғирларни ёғдириб ва тагларидан эса анҳорларни оқизиб қўйдик. Сўнгра уларни қилган гуноҳлари туфайли ҳалок қилдик, кейин уларнинг ўрнига бошқа насллар яратдик.
Эй Муҳаммад, агар сизга қоғоз устига ёзилган бир китоб нозил қилиб, уни қўллари билан ушлаб кўрсалар ҳам, куфр келтирган кимсалар, албатта: “Бу аниқ сеҳрдан бошқа нарса эмас”, – деб инкор қилар эдилар.
Яна улар: “Уни ёнига бир фаришта ҳам туширилса эди”, – дейдилар. Агарда фаришта туширганимизда эди сизнинг ишингиз аллақачон битирилган бўлар эди. Сўнгра уларга тавбалари учун муҳлат ҳам бериб ўтирилмас эди.
Агарда пайғамбарни бир фаришта қилиб юборсак ҳам, уни эркак суратида қилар эдик. Шунда ҳам кофирларни шубҳа қилаётган хусусларида чалкаштириб қўяр эдик.
Эй Муҳаммад, сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам мазах қилинган эди. Сўнгра улар билан масхара қилган кимсаларни шу мазах қилган ҳақиқатлари қамраб олиб ҳалок қилди.
Эй Расулим, уларга: “Ер юзини кезиб чиқиб, пайғамбарларни ёлғонга чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар”, – деб айтинг.
Эй Расулим, уларга: “Осмонлар ва Ер юзидаги барча нарса кимнинг мулкидир?” – деб айтинг. Кейин эса: “Барчаси Аллоҳникидир”, – денг. Аллоҳ Ўзига махлуқотлари учун марҳамат қилишни ёзди. У сизларни шак-шубҳасиз бўладиган қиёмат кунида тўплайди. Фақат ўзларига зиён қилган кимсалар иймон келтирмайдилар.
Кечанинг қоронғилигида ва кундузнинг ойдинлигида бўлиб турган барча мавжудот Уникидир. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.
Эй Расулим, уларга: “Осмонлару Ерни йўқдан бор қилиб, бандаларини едирган Ўзи эса емоқдан холи бўлган Аллоҳдан бошқасини дўст тутайми?” – деб айтинг. Уларга: “Менга, албатта, Аллоҳга энг аввал бўйин эгувчи кимсалардан бўлиш буюрилган ва асло мушриклардан бўлманг дейилган”, – деб айтинг.
Яна: “Агар мен Роббимга итоатсизлик қилсам, улуғ кун бўлган қиёматдаги азобдан қўрқаман”, – деб айтинг.
Кимки ўша қиёмат кунидаги азобдан қайтарилса, чиндан ҳам унга Аллоҳ марҳамат қилибди. Мана бу очиқ-ойдин ютуқдир.
Агар сизга Аллоҳ бирор бир зарар етказса, у мусибатни Ўзидан бошқа олиб ташловчи йўқдир. Шунингдек, сизга бирор яхшилик етказса, билингки, У ҳар нарсага кучи етадиган Зотдир.
Эй Муҳаммад, уларга: “Гувоҳликка энг катта бўлган нарса нимадир?” – деб сўранг. Уларга жавобан яна: “Аллоҳ мен билан сизларнинг орамизда гувоҳдир. Бу Қуръон сизларни ва сиздан кейин етиб келган барчани у билан огоҳлантиришим учун менга ваҳий қилинди. Қани, сизлар, албатта, Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар ҳам бор, деб гувоҳлик бера оласизларми?” – деб айтинг. Кейин яна: “Мен ундай деб гувоҳлик бермайман”, – денг. Уларга: “Албатта, У ягона илоҳдир. Мен эса, сизлар ширк келтираётган нарсалардан узоқман”, – деб айтинг.
Биз китоб берган яҳудий ва насронийлар у Муҳаммаднинг пайғамбар эканлигини худди ўз ўғилларини танигандек билардилар. Фақат ўзларига зиён қилган кимсалар иймон келтирмайдилар.
Аллоҳнинг шаънига нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ киши борми?! Шубҳасиз, золимлар нажот топмайдилар.
Биз у кунда уларнинг барчасини йиғиб кейин ширк келтирган кимсаларга қарата: “Илоҳ деб ҳисоблаб юрган шерикларингиз қани?” – деймиз.
Кейин улар: “Роббимиз Аллоҳга қасам бўлсинки, мушриклардан бўлмаган эдик”, – дейдиган, фитнадан бошқа чоралари бўлмайди.
Эй Расулим, ўзларини қандай алдаганликларини ва тўқиб олган нарсаларининг ўзларидан йўқ бўлиб кетишини кўринг.
Уларнинг орасидан сиз Қуръон ўқиётганингизда уни гўёки тинглайдиган кимсалар ҳам бор. Ҳолбуки, биз уни англамасликлари учун қалбларига тўсиқлар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйганмиз. Агар улар ҳар қандай мўъжиза кўрсалар ҳам, иймон келтирмайдилар. Ҳатто сиз билан тортишгани олдингизга келган вақтда куфр келтирган кимсалар: “Булар аввалгилардан қолган афсоналардир, холос”, – дейдилар.
Улар ҳам ўзларини пайғамбардан қайтаришга ҳаракат қиладилар, ҳам ўзлари ундан узоқлашадилар. Улар сезмаган ҳолларида фақат ўзларини ҳалок қилмоқдалар.
Улар дўзах тепасида тўхтатиб турилиб: “Эҳ, кошки, дунёга қайтарилсак-да Роббимизнинг оятларини ёлғонга чиқармасак ва мўминлардан бўлсак эди”, – деб айтишларини кўрганингизда эди!
Йўқ, ундай эмас! Уларнинг олдиндан яшириб юрган қилмишлари фош бўлиб қолди. Борди-ю улар яна бу дунёга қайтарилсалар ҳам, ман қилинган ишларга қайтган бўлар эдилар. Улар, албатта, ёлғон айтувчилардир.
Эй Расулим, Вақтики, Роббилари ҳузурида тўхтатиб турилганда Аллоҳ уларга: “Мана бу қайта тирилиш ҳақ эмас эканми?!” – деганини кўрсанг эди. Улар: “Роббимизга қасамки, ҳа, ҳақ экан”, – дейдилар. Шунда Аллоҳ: “Ундай бўлса, куфр келтирганингиз сабабли шу азобни тотинглар”, – дейди.
Аллоҳга рўбарў келишни ёлғон деганлар чиндан ҳам зиён кўрдилар. Ниҳоят қиёмат соати уларнинг бошларига бирданига келиб қолганда улар гуноҳларини орқаларига ортиб: “У ерда қилган нуқсонларимиз учун бизларга афсус ва надоматлар бўлсин”, – дейдилар. Мана улар нақадар ёмон юкни орқалаб юрадилар.
Бу дунёнинг ҳаёти ўйин-кулгу ва беҳуда ишлардан иборатдир. Аллоҳдан қўрқадиган кимсалар учун эса охират диёри яхшироқдир. Ақл ишлатсангиз, бўлмайдими?!
Эй Расулим, уларнинг айтаётган гаплари, албатта, сизни хафа қилаётганини билиб турибмиз. Улар аслида сизни ёлғончига чиқармаяптилар, лекин бу золимлар Аллоҳнинг оятларига қарши чиқмоқдалар.
Сиздан бурунги пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилган эдилар. Уларга ёрдамимиз келгунга қадар ёлғончига чиқарилганларига ва берилган азиятларга сабр қилдилар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи кимса йўқ. Албатта, сизга Аллоҳ томонидан пайғамбарларнинг хабарларидан бир қисми келгандир.
Эй Расулим, агарда уларнинг эътирозлари сизга оғир ботаётган бўлса, унда уларга мўъжиза кўрсатиш учун кучингиз етса, ердан тешик очиб ёки осмонга нарвон қўйишни истаб чиқиб кетинг. Агар Аллоҳ хоҳлаганда эди, албатта, уларни ҳидоят устида жамлаган бўлар эди. Шундай экан, асло жоҳиллардан бўлманг.
Сизни, фақат чин дилдан эшитадиганлар қабул қиладилар. Қалби ўлик кофирларни эса Аллоҳ, албатта, тирилтиради ва Унинг ҳузурига қайтариладилар.
Кофирлар: “Унга Роббидан бирор бир мўъжиза туширилса эди”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ мўъжиза туширишга қодир бўлган Зотдир”, – деб айтинг. Аммо уларнинг кўпчилиги мўъжизани инкор қилиш оқибатлари ҳақида билмайдилар.
Ер юзида судралиб юрувчи ҳайвонлар ва самода икки қаноти билан учаётган қушлар ҳам худди сизлар каби бир гуруҳ махлуқдирлар. Биз Лавҳ ул-Маҳфуздаги китобда ҳамма нарсани бенуқсон қилиб ёзиб қўйдик. Охирида эса барчалари Роббилари ҳузурида тўпланадилар.
Оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар зулматлар тубида маънан кардирлар – эшитмайдилар, соқовдирлар – гапира олмайдилар. Аллоҳ хоҳлаган кишини адаштиради ва хоҳлаган кишини тўғри йўлда барқарор қилиб қўяди.
Эй Расулим, уларга: “Агарда гапингизда ростгўйлардан бўлсангиз, хабар беринглар-чи, борди-ю сизларга Аллоҳнинг азоби келиб қолса ёки қиёмат вақти келиб қолса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қилган бўлармидинглар?!” – деб айтинг.
Йўқ, Унинг ўзигагина илтижо қилган бўлардинглар. Аллоҳ хоҳласа, балодан қўрқиб илтижо қилаётганингизни даф қилади. Сизлар эса ширк келтириб юрганларингизни унутиб юборасизлар.
Эй Расулим, дарҳақиқат, сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Кейин шояд, тавба-тазарру қилсалар деб, уларни қийинчилик ва мусибатлар билан синовга тутганмиз.
Кошки, уларга мусибатларимиз келганида тазарру қилсалар эди. Лекин уларнинг қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган амалларини чиройли қилиб кўрсатиб қўйди.
Улар эслатма қилиб берилган ўгитларни унутганларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб кенгчилик қилиб қўйдик. Токи уларга берилган неъматлар билан хурсанд бўлиб турганларида бирданига уларни азобимиз билан тутдик. Ўша пайт улар умиддан маҳрум бўлиб қолдилар.
Шундай қилиб, зулм қилган қавмларнинг кети қирқилди. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Эй Расулим, уларга: “Қани, айтинглар-чи, агар Аллоҳ қулоқларингизни эшитмайдиган, кўзларингизни кўрмайдиган қилиб олиб қўйса ҳамда қалбларингизга тамға уриб қўйса, Аллоҳдан бошқа уни сизга қайтариб берадиган илоҳ ким экан?” – деб айтинг. Қаранг, оятларни қандай қилиб баён этмоқдамиз, улар шундан кейин ҳам ҳақдан юз ўгирмоқдалар.
Эй Расулим, яна уларга: “Қани, менга хабар беринглар-чи, Аллоҳнинг азоби бирдан ёки очиқчасига келиб қолса, золим қавмлардан бошқаси ҳалок қилинармиди?!” – деб айтинг.
Биз пайғамбарларни фақат жаннат билан хушхабар берувчи ва дўзахдан огоҳлантирувчи қилиб юборамиз. Агарда ким иймон келтириб, ўзини ўнгласа охират кунида уларга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.
Эй Муҳаммад, уларга: “Сизларга менда Аллоҳнинг хазиналари бор, демайман, ғайбни ҳам билмайман, “мен фариштаман”, ҳам демайман, мен фақат ўзимга ваҳий қилинганга эргашаман”, – деб айтинг. Яна уларга: “Кўрадиган одам билан кўрмайдиган тенг бўладими? Тафаккур қилмайсизларми ахир?!” – денг.
Эй Расулим, Роббилари ҳузурига келиб жам бўлишдан қўрқадиган кимсаларни бу Қуръон билан огоҳлантиринг. Чунки уларнинг Ундан бошқа дўсти ҳам ҳимоячиси ҳам йўқдир. Шояд, улар тақво қилсалар.
Эй Расулим, Роббиларининг ризолик юзини истаб эртаю кеч дуода бўлаётган кимсаларни ёнингиздан ҳайдаманг. Уларнинг қилган амалларининг ҳисоботи хусусида сизнинг зиммангизда ҳеч нарса йўқ. Шунингдек, сизнинг қилган амалингиз ҳисоботи хусусида уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Уларни ҳайдаб, золим кимсалардан бўлиб қолманг.
Шундай қилиб, Биз уларни “Келиб келиб ичимиздан Аллоҳ анавиларга неъмат берибдими?!” – деб айтишлари учун баъзиларини бошқалари билан имтиҳон қилдик. Ахир шукр қилувчиларнинг ким эканини Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?
Эй Расулим, агар сизнинг ёнингизга оятларимизга иймон келтирадиган кимсалар келсалар уларга: “Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўзига махлуқотлари учун марҳамат қилишни ёзди. Сизлардан кимки билмай туриб бирон бир ёмон ишни қилиб қўйса ва уни орқасидан тавба қилиб ўзини тузатса, шак-шубҳасиз, У гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Эй Расулим, уларга: “Мен Аллоҳдан бошқа сизлар илтижо қилаётганингизга ибодат қилишдан қайтарилганман”, – деб айтинг. Яна уларга: “Сизларнинг ҳавойи нафсларингизга эргашмайман. Унда мен ҳам сизлардек тўғри йўлдан адашган бўламан ва ҳидоят топганлардан бўлмай қоламан”, – деб айтинг.
Эй Расулим, уларга қарата: “Мен, албатта, Роббимдан келган аниқ ҳужжатга эгадирман. Сизлар эса уни ёлғонга чиқардингиз. Сизлар тез бўлишни хоҳлаётган азобнинг ҳукми менда эмас. Ҳукм фақат Аллоҳ учун хосдир. У фақат ҳақиқатни баён қилиб беради. У ҳақ ва ботил орасини энг яхши айирувчидир.
Эй Расулим, уларга: “Агар сизлар тез бўлишни хоҳлаётган азобнинг ҳукми менда бўлганда эди, унда мен билан сизнинг орангиздаги иш аллақачон ниҳоясига етарди”, – деб айтинг. Аллоҳ золим кимсаларнинг қилмишларини яхшироқ билувчидир.
Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузуридадир. Ундан бошқаси уларни билмайди. У Зот қуруқлик ва денгиздаги барча нарсаларни билади. Бирор бир барг узилиб тушса ҳам, уни билади. Ҳатто Ер қаъридаги қоронғиликларда бир уруғ ҳам, хўлу қуруқ – барча мавжудотлар ҳам аниқ китоб бўлган Лавҳ ул-Маҳфузда ёзиб қўйилгандир.
У тунлари сизларни вафот эттириб ухлатадиган ва кундузлари нималар қилганингизни биладиган Зотдир. Сўнгра белгиланган умр муддати адо қилиниши учун сизларни ундан яна тирилтириб уйғотади. Охирида қайтишингиз яна Унинг ҳузуригадир. Кейин сизларга бу дунёда қилган амалларингизнинг хабарини беради.
У бандаларининг устидан мутлақ ҳукмрондир. Устингизга қилган амалларингизни сақлаб борувчи фаришталарни юборади. Сизлардан бирингизга ўлим они келган пайтда элчиларимиз унинг жонини оладилар. Улар вазифаларини бенуқсон бажарадилар.
Кейин бандалар ҳақиқий эгалари бўлган Аллоҳнинг ҳузурига қайтариладилар. Огоҳ бўлинглар, ҳукм қилиш, фақат Унинг Ўзигагина хосдир ва У энг тез ҳисоб-китоб қилувчидир.
Эй Муҳаммад, уларга: “Қуруқлик ва денгиз зулматининг офатларидан сизларни ким қутқаради? Ўшанда сизлар устингизда ё ичингизда Унга: “Эй Роббимиз, агар бизни бу фалокатлардан қутқарсанг, албатта, шукр қилувчилардан бўламиз”, – деб дуо қилар эдингиз”, – деб айтинг.
Эй Расулим, “Сизларни у балолардан ва барча ташвишлардан, фақат Аллоҳ қутқаради. Шундан кейин ҳам сизлар яна ширк келтириб юраверасизлар”, – деб айтинг.
Эй Расулим, уларга қарата: “У сизларнинг устингиздан ёки оёқларингиз остидан азоб юборишга ёхуд сизларни турли гуруҳларга аралаштириб, бир-бирингизнинг машаққатингизни тоттиришга ҳам қодир бўлган Зотдир”, – деб айтинг. Қаранг, фаҳмлай олсинлар деб, оятларни қандай қилиб баён этмоқдамиз.
Эй Муҳаммад, қавмингиз бу Қуръоннинг ҳақлигини билгани ҳолда, ёлғонга чиқарди. Уларга: “Мен сизларга кафил эмасман”, – деб айтинг.
Эй Расулим, оятларимизга масхара қилиб шўнғиётган кимсаларни кўрсангиз, то бундан тийилиб бошқа суҳбатга шўнғимагунларича, улардан юз ўгиринг. Агар шайтон сизни юз ўгиришдан унуттириб қўйса, эслагандан кейин золим қавмлар билан бирга ўтирманг.
Аллоҳдан қўрқувчи кимсалар зиммасида кофирлар амалининг ҳисоботи хусусида ҳеч нарса йўқдир. Балки Аллоҳдан қўрқарлар, деб эслатма бериш бор, холос.
Эй Расулим, ўткинчи дунё ҳаёти уларни алдаб қўйиб, динларини ўйин-кулгу ва бекорчи нарса қилиб олганларни тарк қилинг. Ҳар бир нафс қилган ёмон ишлари сабабли ҳалокатга учрамасликлари учун бу Қуръон билан эслатиб, насиҳат қилинг. Унга қиёмат кунида Аллоҳдан ўзга бирор дўст ҳам, шафоатчи ҳам бўлмайди. Агар бор нарсани фидо қилиб берса ҳам, ундан қабул қилинмайди. Ана ўшалар қилган ишлари туфайли ҳалокатга учрагандирлар. Куфр келтирганлари учун уларга дўзахда қайноқ сув ва аламли азоб берилади.
Эй Расулим, уларга: “Аллоҳни қўйиб, бизга фойда ҳам бермайдиган, зарар ҳам етказа олмайдиган бутларга илтижо қиламизми? Аллоҳ бизларга ҳидоят берганидан кейин ҳам ортимизга қайтариламизми?! Унда гўё шайтонлар уни чалиб кетиб, ерда довдираб юрганида, дўстлари унга “Ҳей, бизнинг ёнимизга кел”, – деб, адашган йўлидан тўғри йўлга чақирган кимсага ўхшаб қоламиз-ку?!” – деб айтинг. Ҳамда уларга: “Энг тўғри йўл бу – Аллоҳнинг ҳидоятидир ва бизлар оламлар Роббисига бўйин эгишга буюрилганмиз”, – деб айтинг.
У осмонлар ва Ерни барҳақ яратган Зотдир. У Зот “Бўл!” – деган куни барчаси муҳайё бўлади. Унинг сўзи ҳақдир. Қиёмат кунидаги сурга пуфланадиган кунда бутун ҳукмронлик Унинг қўлидадир. Аллоҳ яширин ва ошкора барча нарсаларни билувчи Зотдир. У ҳикмат эгаси – Ҳаким ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.
Эй Расулим, Иброҳим отаси Озарга: “Бут-санамларни илоҳ қилиб оляпсанми? Мен сени ва қавмингни аниқ залолатда эканини кўряпман”, – деб айтганини эсланг.
Шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлар ва Ернинг улкан салтанатини кўрсатамиз.
Вақтики тун уни қоплаганда бир юлдузни кўриб: “Балки, мана шу менинг Роббимдир”, – деди. Юлдуз ботиб кетгач, у: “Мен ботиб кетувчиларни севмайман”, – деди.
Чиқаётган ойни кўриб: “Балки, мана шу менинг Роббимдир”, – деди. Ой ҳам ботиб кетгач: “Агар Роббим мени Ўзи тўғри йўлга бошламаса, унда, албатта, адашган қавмлардан бўлиб қоламан”, – деди.
Чиқаётган қуёшни кўриб: “Балки мана шу менинг Роббимдир, ахир бу каттароқ-ку”, – деди. Қуёш ҳам ботиб кетгач: “Эй қавмим, ҳеч шак-шубҳасиз мен сизлар ширк келтираётган нарсалардан холиман”, – деди.
Мен юзимни ҳақ йўлдан тоймайдиган ҳаниф бўлиб, осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилган Зотга бурдим ҳамда мен мушриклардан эмасман.
Қавми у билан баҳслашганда Иброҳим уларга қарата: “Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми? Шубҳасиз, У мени тўғри йўлга бошлагандир. Мен сизлар Аллоҳга ширк келтираётган нарсаларингиздан қўрқмайман. Фақат Роббим бирор нарсани қилишни хоҳласа, у бўлади. Роббимнинг илми барча нарсани қамраб олган. Эслаб ибрат олсангизлар, бўлмайдими?” – деди.
Сизларга у ҳақда ҳеч қандай далил туширилмаган ҳолда Аллоҳга ширк келтиришдан қўрқмайсизлар-да, қандай қилиб мен сизлар ширк келтирган нарсалардан қўрқай? Агар билсангиз, айтинглар-чи, бу икки тоифанинг қайси бири хотиржам бўлишга ҳақлироқдир?
Иймон келтирган ва иймонларини зулм билан аралаштирмаган кимсалар ана ўшалар учун ҳақиқий омонлик бор, ҳамда улар тўғри йўлни топганлардир.
Ана ўшалар ўз қавмига қарши Иброҳим учун берган ҳужжатларимиздир. Биз хоҳлаган бандамизни юқори даражаларга кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикмат эгаси – Ҳаким ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.
Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни ато этдик. Барчаларини ҳидоятга йўлладик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоятга йўллаган эдик. Ҳамда унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорун пайғамбарларни ҳам ҳидоят қилган эдик. Эзгу амалларни қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.
Бу Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, у билан хоҳлаган бандаларини тўғри йўлга солади. Агарда ширк келтирганларида эди, бутун қилган амаллари беҳуда кетган бўлар эди.
Ана улар, биз уларга китоб, ҳикмат илми ва пайғамбарлик берган зотлардир. Буларни анави мушриклар инкор қилсалар, у ҳолда уларни инкор этмайдиган қавмни унга вакил қилиб қўйганмиз.
Ана у пайғамбарларнинг барчалари Аллоҳ ҳидоятга бошлаган зотлардир, сиз ҳам уларнинг йўлларига эргашинг. Эй Муҳаммад, уларга: “Мен сизлардан бу даъватим учун бирон бир ҳақ талаб қилмайман. Бу Қуръон бутун оламлар учун фақат бир эслатмадир холос”, – деб айтинг.
Яҳудийлар: “Аллоҳ инсон зотига ҳеч нарса нозил қилмаган”, – деб Аллоҳнинг шаънини Унга лойиқ тарзда тўғри қадрламадилар. Эй Расулим, уларга: “Унда сизлар у китобни алоҳида қоғоз саҳифалар ҳолида қилиб олиб, баъзиларини маълум қилган, аксариятини эса яширган, илгари ота-боболарингиз ҳам сизлар ҳам билмаган маълумотлар сизларга билдирилган ҳамда одамларга нур ва ҳидоят бўлиб Мусо келтирган китобни ким нозил қилди?” – деб айтинг. Уларга жавобан: “Уларни Аллоҳ нозил қилди”, – денг. Шундан кейин уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйинг, ботқоқларида чалғиб юраверсинлар.
Бу Қуръон ўзидан аввалги китобларни тасдиқловчи, у билан шаҳарлар онаси бўлган Макка ва унинг атрофидаги одамларни огоҳлантиришингиз учун Биз нозил қилган муборак китобдир. Охиратга ишонадиган кимсалар унга иймон келтирадилар. Ҳамда улар намозларини муҳофаза қиладилар.
Аллоҳнинг шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмагани ҳолда: “Менга ҳам ваҳий қилинди”, – дейдиган ҳамда “Аллоҳ нозил қилганга ўхшаганни мен ҳам нозил қиламан”, – деб даъво қилган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Эй Расулим, сиз ўшанда у золимларни ўлим талвасасида ҳамда ажал фаришталари қўлларини чўзиб: “Жонларингизни чиқаринглар, бугун сизлар Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганларингиз ва оятларидан юз ўгириб такаббурлик қилганларингиз учун хорлик азоби билан жазога тортиласизлар”, – деб айтаётганларини кўрсангиз эди!
Дунёда сизларга берган мол-дунёларни орқангизда тарк қилиб, сизларни биринчи марта қандай яратган бўлсак, яна шундай ёлғиз ҳолда Бизнинг ҳузуримизга келдингиз. Ўз орангизда улар, албатта, Аллоҳга “шерикдирлар”, – деб гумон қилган ҳимоячиларингизни ҳам ёнингизда кўрмаяпмиз. Улар билан ўрталарингиздаги алоқа узилиб қолди ва уларни илоҳ деб гумон қилганларингиз бирдан йўқ бўлиб қолди.
Шубҳасиз, Аллоҳ дон ва уруғларни ёриб чиқарувчидир. У ўликдан тирикни чиқаради ва тирикдан ўликни чиқаради. Ана ўша Зот Аллоҳдир. Шундай экан, ҳақдан қандай қилиб бурилиб кетяпсизлар?
Аллоҳ тонгни оттирувчидир. Тунни сукунат, қуёш ва ойни эса бир ҳисоблаш василаси қилди. Бу иззати улуғ – Азиз ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотнинг ўлчовидир.
У сизларга қуруқлик ва денгиз қоронғиликларида адашмай йўл топишингиз учун юлдузларни яратган Зотдир. Ҳақиқатан, биладиган қавмлар учун оятларни батафсил баён қилиб бердик.
У сизларни бир жондан вужудга келтирди. Охират – қароргоҳ бу дунё эса омонатгоҳдир. Фаҳмлайдиган қавмлар учун оятларни батафсил баён қилиб бердик.
У осмондан сув ёғдириб туширган Зотдир. Бу сув билан ҳар турли набототларни ундириб чиқардик. Бу набототлардан яшил экинларни чиқардик. Бу экинлардан эса уюм-уюм донларни чиқарамиз. Хурмо дарахтининг новдаларидан эса ерга яқин бўлиб тегай деб турган мевали шодалар ундирдик. Ҳамда анвойи узум боғлари, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган турли зайтун ва анорларни чиқарамиз. Уларнинг секин-аста етишаётган ғўр ҳосилига ва мевасининг пишиб етилишига бир назар солинглар. Шубҳасиз, мана буларда иймон келтирган қавмлар учун аломатлар бордир.
Мушриклар Аллоҳга жинларни шерик қилдилар. Ваҳоланки, у жинларни ҳам Аллоҳ яратгандир. Ҳамда нодонларча Унга ўғил ва қизларни ҳам тўқиб олдилар. Субҳаналлоҳ, Аллоҳ улар сифатлаётган нарсалардан муназзаҳ ва улуғ Зотдир.
Аллоҳ осмонлару Ернинг яратувчисидир. Унинг рафиқаси бўлмай туриб, боласи қандай бўлсин?! У барча махлуқотни яратди. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи Зотдир.
Мана шу Роббингиз бўлган Аллоҳдир. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. У барча нарсанинг яратувчисидир, демак, фақат Унга ибодат қилинглар. У ҳар нарсанинг устида вакилдир.
Кўзлар Уни идрок қила олмайди, У эса кўзларни идрок қила олади. У нозик нарсаларни кўра олувчи – Латиф ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.
Роббингиздан сизларга равшан далиллар келган. Кимки ибрат билан кўра олса, бу ўзининг фойдасигадир. Кимки ҳақиқатга кўр бўлса, ўзининг зараригадир. Эй Расулим, уларга: “Мен тепангизда қўриқчи эмасман”, – деб айтинг.
Уларни яхши дарс олибсан дейишлари ва фаҳмлайдиган қавмларга баён қилиш учун оятларни мана шу тариқа бўлиб-бўлиб айтиб бермоқдамиз.
Эй Муҳаммад, Роббингиздан сизга ваҳий қилинган оятларга эргашинг. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. Мушриклардан эса юз ўгиринг.
Эй Расулим, Агар Аллоҳ хоҳласа эди, улар ширк келтирмаган бўлардилар. Сизни эса уларнинг тепасига қўриқчи қилиб қўймаганмиз ҳамда сиз уларга вакил эмассиз.
Аллоҳдан бошқага сиғинадиганларни сўкиб юрманглар. Акс ҳолда, улар ҳам ҳаддан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкиб юборадилар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга қилаётган ишларини ўзига чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик. Кейин охирида барчаларининг борадиган жойлари Роббилари ҳузуригадир. Сўнгра уларга қилган ишларининг хабарини беради.
Агар уларга бирон бир оят келса, албатта, иймон келтиришларига доир жон-жаҳд билан Аллоҳга қасам ичадилар. Эй Расулим, уларга: “Шубҳасиз, оятлар Аллоҳнинг ҳузуридадир”, – деб айтинг. Уларга оят ва мўъжизалар келганда ҳам иймонга келмасликларини сезмаяпсизми?
Биринчи марта берилган мўъжизаларга иймон келтирмаганларидек уларнинг қалбларини ва кўзларини тескари қилиб қўямиз ва туғёнларида тентираган ҳолларида ташлаб қўямиз.
Борди-ю Биз уларга осмондан фаришталарни туширсак ҳам, ўликлар тирилиб келиб уларга гапирсалар ҳам ва барча нарсани гувоҳлик учун жамлаб кўз ўнгларида қўйсак ҳам, Аллоҳ хоҳламаса, иймон келтирмаган бўлар эдилар. Лекин уларнинг аксарияти жоҳиллик қилмоқдалар.
Ана шундай қилиб, ҳар бир пайғамбарга инсон ва жинлардан бўлган шайтонларни душман қилиб қўйдик. Баъзилари баъзиларини алдаш учун усти ялтироқ сўзлар билан пичирлаб васваса қиладилар. Агар Роббингиз хоҳласа, улар бундай қилолмас эдилар. Уларни тўқиётган ёлғонлари билан ўз ҳолларига ташлаб қўйинг.
Шайтонлар у ялтироқ гапларга охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг кўнгиллари мойил бўлиб оғиши, у сўзлардан рози бўлиб, қиладиган гуноҳларида давом этишлари учун васваса қиладилар.
Эй Расулим, уларга: “Аллоҳдан ўзгани истаб ҳакам қилиб олайми? Ахир У сизларга бу китобни батафсил қилиб нозил қилган Зотдир”, – деб айтинг. Биз китоб берган яҳудий ва насроний бўлган кимсалар аслида, албатта, бу Қуръоннинг, ҳақиқатан, Роббингиз тарафидан нозил қилинганлигини биладилар. Бас, шундай экан, асло шубҳа қилувчилардан бўлманг.
Роббингизнинг сўзи тўғрилик ва адолат жиҳатида камолига етгандир. Унинг сўзларини асло ўзгартирувчи йўқдир. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.
Эй Расулим, Ер юзидаги кўп жоҳил кимсалар сўзига итоат қиладиган бўлсангиз, улар сизни Аллоҳнинг йўлидан урадилар. Улар фақат гумонларга эргашадилар ва фақат алдоқчилик қиладилар.
Шубҳасиз, Роббингиз Ўз йўлидан адашган кимсани ҳам яхши билувчи ва У ҳидоят йўлида юрганларни ҳам жуда яхши билувчи Зотдир.
Агар Унинг оятларига иймон келтирган бўлсангизлар, Аллоҳнинг номи айтилиб сўйилган ҳалол нарсалардан тановул қилаверинглар.
Сизларга нима бўлдики, унинг устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсалардан емайсизлар?! Ваҳоланки, У сизларга мажбур бўлганингиздан ташқари барча ҳаром қилган нарсаларни батафсил баён қилиб берган эди. Албатта, кўпчилик маълумотга эга бўлмай туриб, ҳавойи нафслари билан одамларни адаштирадилар. Шубҳасиз, Роббингиз ҳаддидан ошганларни жуда яхши билувчи Зотдир.
Гуноҳ ишларнинг очиқчасини ҳам, яширинчасини ҳам тарк қилинглар. Гуноҳ ишларни касб қилган кимсалар, албатта, қилмишларига яраша жазо оладилар.
Аллоҳнинг номи айтилмай сўйилган нарсалардан еманглар, чунки у фосиқликдир. Шайтонлар ўз дўстларини сизлар билан жанжаллашиш учун васваса қилади. Агар уларга итоат қиладиган бўлсангизлар, у ҳолда, шубҳасиз, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар.
Қалби ўлик эканлигида Биз берган иймон нури билан одамлар орасида юрадиган кимса зулматларда қолиб ундан чиқолмайдиган кимсанинг аҳволи каби бўла оладими? Шунингдек, кофирларга ўз қилаётган ишлари чиройли қилиб қўйилди.
Шунингдек, ҳар бир шаҳар ва қишлоқларда у ерда найранг қилишлари учун эътибори катта одамларни жиноятчилар қилиб қўйдик. Улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларига найранг қилмоқдалар.
Уларга бир оят келган пайтда: “Аллоҳнинг Расулларига берилган мўъжизаларга ўхшаш нарсалар бизга ҳам берилмагунча асло иймон келтирмаймиз”, – дейдилар. Аллоҳ пайғамбарликни қаерга ва қандай қилиб беришни жуда яхши билади. Яқинда жиноят қилган кимсаларга амалга оширган макрлари туфайли Аллоҳнинг ҳузурида хорлик ва шиддатли азоб етади.
Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни хоҳласа унинг кўнглини Ислом учун кенг қилиб очиб қўяди. Агарда кимни тўғри йўлдан адаштиришни хоҳласа, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётган одамдек тор ва сиқилган қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга ёмонликни раво қилиб қўяди.
Мана шу Роббингизнинг тўғри йўлидир. Эслатма олувчи қавмлар учун оятларни батафсил баён қилдик.
Улар учун Роббилари ҳузурида омонлик диёри бордир. У Зот мўминларнинг қилган яхши амаллари учун уларга дўстдир.
Аллоҳ қиёмат кунида уларнинг барчасини тўплаб: “Эй жинлар жамоаси, инсонлардан ўзингизга оғганини кўпайтирдингиз”, – дейди. Шунда уларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: “Эй Роббимиз, бизлар ўткинчи дунёда биримиз биримиздан фойдаланган эди. Энди эса Ўзинг бизларга тайин қилган ажалимизга етиб келдик”, – дейди. Аллоҳ уларга: “Сизларнинг жойингиз дўзах, энди у ерда қоласизлар. Фақат Аллоҳ хоҳлагани бундан мустаснодир”, – дейди. Албатта, Аллоҳ ҳикмат эгаси – Ҳаким ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.
Эй жинлар ва инсонлар жамоаси! Сизларга ичингиздан оятларимни сўзлаб берадиган, йўлиқадиган бу кунингиз ҳақида сизларни огоҳлантирган элчиларимиз келмаганмиди? Улар: “Ўзимизга қарши гувоҳлик берамиз”, – дейдилар. Ўткинчи дунё ҳаёти уларни алдаб қўйди ва кофир эканликларига доир ўзларига қарши ўзлари гувоҳлик бердилар.
Чунки бу Роббингизнинг аҳолиси огоҳлантиришдан бехабар бўлган ўлкаларни зулм билан ҳалок қилувчи эмаслигидир.
Роббингиз ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган раҳмат эгасидир. Худди сизларни бошқа қавмнинг зурриётидан яратганидек, истаса, сизларни ҳам кетказиб, ортингиздан Ўзи истаган бошқа қавмни ўринбосар қилади.
Эй Расулим, уларга: “Эй қавмим, қўлингиздан келган имкониятга қараб, бузуқ ақидангизга кўра амал қилаверинглар. Мен ҳам ўзимга буюрилгандек амал қилувчиман. Охират диёрининг чиройли оқибати кимга насиб қилишини яқинда билиб оласизлар. Чунки золимлар, албатта, нажот топмайди”, – деб айтинг.
Мушриклар Аллоҳ яратган экин-тикин ва ҳайвонлардан Аллоҳга бир ҳисса айириб, ўзларича: “Бу Аллоҳ учун, бу эса шерик қилган бутларимиз учун”, – дер эдилар. Шериклари учун бўлгани Аллоҳга етиб бормас экан, лекин Аллоҳ учун айирганлари бутларига етиб борар экан. Нақадар ёмон ҳукм чиқаряптилар.
Шундай қилиб, шерик қилган бутлари мушриклардан кўпини ҳалокатга учратиш ва динларини чалкаштириб юборишлари учун болаларини бутлари учун қурбон қилишдек жирканч ишни чиройли қилиб кўрсатиб қўйди. Агар Аллоҳ хоҳласа бундай қилолмас эдилар. Эй Расулим, уларни қилаётган бу бўҳтонларида ўз ҳолига ташлаб қўйинг.
Улар яна ўзларича: “Бу ҳайвонлар ва экинларнинг истеъмоли ман қилингандир. Уни фақат биз истаганлар ейиши мумкин. Ҳамда ҳайвонларнинг устига миниш ҳаром қилингандир. Баъзи ҳайвонлар сўйилаётганда уларга Аллоҳнинг номи айтилмайди”, – деб, У Зотнинг шаънига бўҳтон тўқийдилар. Аллоҳ қилаётган туҳматлари учун яқинда уларни жазолайди.
Мушриклар яна: “Бу ҳайвонларнинг қорнидагилар тирик туғилса, фақат эркакларимизга хос бўлиб, хотинларимизга эса ҳаромдир. Агар ўлик бўлиб туғилса, у ҳолда улар унга шерикдирлар”, – дейдилар. Аллоҳ уларнинг бундай хулосалари учун яқинда жазо беради. Албатта, У ҳикмат эгаси – Ҳаким ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.
Ўз фарзандларини аҳмоқлик қилиб жоҳиллик билан ўлдирган, Аллоҳга бўҳтон қилиб Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган ҳайвонларни ҳаромга чиқарган кимсалар, ҳақиқатан, ўзларига зиён қилдилар ҳамда улар ҳидоятга эришганлардан бўлмадилар.
У ишкомларга кўтарилиб қўйиладиган ва кўтарилмай ерда етишадиган боғларни яратган Зотдир. Ҳамда мазаси турли бўлган хурмо ва экинларни, бир-бирига ўхшайдиган ва ўхшамайдиган зайтун ва анорлар дарахтларини яратди. Пишиб етилганда, меваларидан енглар ва ҳосил йиғими кунида ҳақини адо этинглар. Исрофгарчилик қилманглар, албатта, У исроф қилувчиларни севмайди.
Ҳайвонлардан эса, юк ташийдиган ва ётқизиб сўйиладиганларини яратди. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар. Шайтоннинг изларидан эргашманглар, албатта, у сизларга аниқ душмандир.
Уй ҳайвонлари саккиз жуфт бўлиб улар, қўйдан эркак ва урғочи икки жуфт ва эчкидан эркак ва урғочи икки жуфтдир. Эй Расулим, уни ўзларича ҳаром деб олганларга: “Икки эркакни ҳаром қилдими ёки икки урғочиними? Ёки бўлмаса икки урғочининг қорнидаги ҳомиланими? Агар ростгўй бўлсангиз, менга ҳужжат билан хабар беринг”, – деб айтинг.
Ҳамда туядан эркак ва урғочи икки жуфт ва қорамолдан эркак ва урғочи икки жуфтдир. Эй Расулим, уни ўзларича ҳаром деб олганларга: “Улардан икки эркакни ҳаром қилдими ёки икки урғочиними? Ёки бўлмаса икки урғочининг ичидаги ҳомиланими? Ёки Аллоҳ бу ҳақида сизларга ҳукм тавсия қилаётганида гувоҳ бўлиб турганмидингиз? Маълумотга эга бўлмаган ҳолда одамларни йўлдан адаштириш учун Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ бўлган ким бор?” – деб айтинг. Аллоҳ, албатта, золим қавмларни тўғри йўлга бошламайди.
Эй Муҳаммад, уларга: “Менга ваҳий қилинган Қуръонда сизлар айтган нарсаларни тановул қилувчига ҳаром қилинган деб топмаяпман. Фақатгина унда ўлимтик, тўкилган қон, чўчқа гўшти, чунки у ифлосдир ёки фосиқлик билан Аллоҳдан бошқасига атаб сўйилганлар бор”, – деб айтинг. Борди-ю кимда-ким ночор ҳолда улардан ейишга мажбур қолса, ҳаддан ва меъёрдан ошмай озгина еса, гуноҳ бўлмайди. Чунки Роббингиз, албатта, гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Яҳудий бўлган кимсаларга махсус барча тирноқли ҳайвонларни ҳаром қилдик. Уларга мол ва қўйларнинг ёғларини ҳам ҳаром қилдик. Фақат бу ҳайвонларнинг биқинлари, ичаклари ва суякларига ёпишган ёғлари ҳалол эди. Ҳаддиларидан ошганликлари сабабли уларни шундай жазоладик. Албатта, Биз рост айтувчимиз.
Эй Расулим, агар сизни ёлғончига чиқарсалар уларга: “Роббингиз раҳмати кенг Зотдир. Бироқ унинг гуноҳкор қавмларга берадиган азоби орқага қайтарилмайди”, – деб айтинг.
Эй Расулим, яқин орада ширк келтирган кимсалар: “Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмаган ва бирор нарсани ҳаром қилмаган бўлар эдик”, – дейдилар. Улардан бурунгилар ҳам, то азобимизни тотиб кўрмагунларича пайғамбарларни худди шу каби ёлғончига чиқарган эдилар. Эй Расулим, уларга: “Сизларда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон бир илмдан далил борми? Сизлар фақатгина гумонларга эргашяпсизлар. Ҳамда сизлар фақат ёлғон айтмоқдасизлар”, – деб айтинг.
Эй Расулим, уларга: “Қатъий етук далил фақат Аллоҳникидир. Агар У хоҳлаганда эди, барчангизни ҳидоят қилган бўлар эди”, – деб айтинг.
Эй Расулим, уларга: “Мана буларни Аллоҳ ҳаром қилганлигига доир гувоҳлик берувчи шоҳидларингизни келтиринглар”, – деб айтинг. Агар улар гувоҳлик берсалар ҳам, сиз улар билан бирга гувоҳлик берманг. Ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг. Улар Роббиларига бошқаларни тенглаштириб ширк келтиряптилар.
Эй Расулим, уларга: “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб бераман. У Зотга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар. Камбағалликдан қўрқиб фарзандларингизни ўлдирманглар. Биз сизларга ҳам, уларга ризқ берамиз. Бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, ундаги яширинчасига ҳам яқинлашманглар. Аллоҳ ўлдиришни ман қилган жонни ноҳақ ўлдирманглар. Шояд, ақл юритсангиз, деб Аллоҳ сизларга буларни тавсия қилди”, – деб айтинг.
Шунингдек, етимнинг молига то вояга етгунча унга фойда бўладиган энг чиройли йўлдан бошқа тарзда яқинлашманглар. Ўлчов ва тарозини адолат билан бажаринглар. Ҳеч қайси бир жонга кучи етмайдиган нарсани таклиф қилмаймиз. Агар гувоҳ бўлиб сўзласангиз, гарчи қариндошингиз бўлса ҳам, адолатли бўлинглар. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинглар. Шояд, ўгит оларсизлар деб, Аллоҳ сизларга буларни тавсия қилди.
Шубҳасиз, мана шу Менинг тўғри йўлимдир, бас, унга эргашинглар. Бошқа йўлларга эргашманглар, акс ҳолда, улар сизларни Унинг ҳақ йўлидан айирадилар.
Сўнгра бани Исроил авлодларидан яхшилик қилганларга неъматимизни батамом бериш, ҳар бир нарсани батафсил баён қилиш учун ҳидоят ва раҳмат қилиб Мусо пайғамбарга Таврот китобни бердик. Шояд, улар Роббиларига рўбарў келишга иймон келтирсалар.
Мана бу Қуръон – Биз нозил қилган муборак китобдир. Унга эргашинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шояд, раҳм қилинасизлар.
Китоб фақат бизлардан олдинги яҳудий ва насроний бўлган икки тоифага туширилган эди. Бизлар эса уларнинг ўқиётганларидан бехабар эдик, – деб баҳона айтмаслигингиз учун уни нозил қилди.
Ёки бўлмаса “Агар бизга ҳам китоб туширилганда эди, албатта, биз улардан кўра тўғрироқ йўлда бўлар эдик”, – деб айтмаслигингиз учун ҳам уни нозил қилди. Шубҳасиз, сизларга Роббингиздан далил, ҳидоят ва раҳмат келгандир. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва ундан юз ўгиргандан ҳам золимроқ кимса борми? Оятларимиздан юз ўгирган кимсаларни яқинда юз ўгириб юрганлари учун ёмон азоб билан жазолаймиз.
Улар фақат ажал фаришталари келишига, Роббингдан азоб келишига ёки Роббингиздан баъзи бир ишоратлар келишига қараб ўтирибдилар. Роббингнинг баъзи аломатлари келган кунда ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймон келтирган тақдирда ҳам иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони фойда бермайди. Эй Расулим, уларга: “Кутиб ўтираверинглар бизлар ҳам кутиб турувчимиз”, – деб айтинг.
Динларини айириб гуруҳ бўлиб олган кимсалар борасида сизнинг улар билан ҳеч нарсада алоқангиз йўқдир. Уларнинг иши фақат Аллоҳга ҳавола бўлгандир. Кейин уларга қилган ишларининг хабарини беради.
Кимки Аллоҳнинг ҳузурига бир яхши амал билан келса, унга унинг ўн мисли савоб берилади, кимки бир ёмон амал билан келса, унга фақат унинг бир мислича жазо берилади ва уларга ноҳақлик қилинмайди.
Эй Муҳаммад, уларга: “Шубҳасиз, Роббим мени тўғри йўлга, ҳақ динга, ҳақ йўлдан тоймаган Иброҳимнинг ҳаниф динига йўллаб қўйган, у мушриклардан эмас эди”, – деб айтинг.
Эй Муҳаммад, уларга: “Намозим, ибодатим, ҳаётим ва мамотим, албатта, оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ учундир”, – деб айтинг.
Эй Расулим, уларга: “У барча нарсанинг Роббиси бўлгани ҳолда, мен Аллоҳдан бошқа бир робни излайми?” – деб айтинг. Ҳар бир нафснинг қилган ёмонлиги ўзининг зараригадир. Ҳеч бир гуноҳ кўтариб юрувчи бошқасининг юкини кўтармайди. Охирида қайтар жойингиз Роббингиз ҳузуригадир. Ана ўшанда сизларга тортишаётган нарсаларингиз ҳақида хабар беради.
У сизларни Ер юзининг халифалари қилиб, берган неъматларида сизларни синаш учун баъзингизни баъзингиздан юқори даражаларга кўтарган Зотдир. Албатта, Роббинг жазоси тез бўлган Зотдир. Ҳамда У гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.