Эй Муҳаммад, Биз сизга аниқ фатҳни бердик.
Fath сураси
Madinaда нозил бўлган.
26-жуз,48-сура,29 оятдан иборатMadinaда нозил бўлган.
26-жуз,48-сура,29 оятдан иборатРаҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳ номи билан бошлайман.
Эй Муҳаммад, Биз сизга аниқ фатҳни бердик.
Бу фатҳ Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни мағфират этиши, сизга Ўз неъматини мукаммал қилиб бериши ва сизни тўғри йўлга ҳидоят қилиши учундир.
Шунингдек, Аллоҳ сизга кучли нусрат бериши учундир.
Эй Муҳаммад, ҳақиқатан, Биз сизни қиёмат куни умматларга гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннатдан хушхабар берувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз.
Мусулмонларни оладиган кўплаб ўлжалар билан ҳам мукофотлади. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
У иймонларига яна иймон қўшилиши учун мўминларнинг қалбларига сокинлик туширган Зотдир. Осмонлар ва Ернинг фаришталар ва жонзотлардан иборат қўшинлари фақат Аллоҳникидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи ва ҳикматли Зотдир.
Аллоҳ мўмин ва мўминаларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, у ерда мангу қоладиган жаннатларга киритиш учун ва улардан гуноҳларини ўчириш учун шундай қилди. Мана бу Аллоҳ наздида улкан ютуқдир.
Шунингдек, мўминларга ғалаба йўқдир деб, Аллоҳ ҳақида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун мўминларни уларга қарши қўйди. Уларнинг устига ҳалокат балоси тушувчидир. Аллоҳ улардан ғазабланди ва уларни лаънатлади. Аллоҳ улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди ва у нақадар ёмон жойдир!
Осмонлар ва Ернинг фаришталар ва жонзотлардан иборат қўшинлари фақат Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳаммадан улуғ ва ҳикматли Зотдир.
Эй инсонлар, Биз Муҳаммадни Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтиришингиз ва у Пайғамбарни қўллаб-қуватлаб, иззат-икром қилишингиз ҳамда эрта-ю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтишингиз учун юбордик.
Эй Муҳаммад, ҳақиқатан, сизга байъат қиладиганлар, албатта, Аллоҳга байъат қилган бўладилар. Аллоҳнинг қудрат қўли уларнинг қўллари узрадир. Бас, кимки ўз аҳдини бузса, бас, фақат ўз зарарига бузган бўлади. Кимки Аллоҳ билан аҳдлашган нарсасига вафо қилса, у ҳолда Аллоҳ унга улкан мукофот беради.
Эй Муҳаммад, ҳали Мадинага қайтганингизда сизга аъробийлардан жангга чиқмай, уйда қолган мунофиқлар: “Бизларни молларимиз ва аҳли оилаларимиз урушга чиқишдан машғул қилиб қўйди. Энди сен бизлар учун Аллоҳдан мағфират сўра”, – дейдилар. Улар дилларида бўлмаган нарсани тиллари билан айтадилар. Эй Расулим уларга: “Агар У Зот сизларга бирор зарар етказишни хоҳласа ёки сизларга бирор манфаат етказишни истаса, бас, ким сизлар учун Аллоҳ томонидан бўлган бирор нарсани даф қилишга қодир бўла олади?! Йўқ, Аллоҳ сизлар қилаётган амалларингиздан хабардордир”, – деб айтинг.
Балки сизлар Пайғамбар ва мўминлар бу сафардан ўз аҳли оилаларига асло қайтиб келмайдилар, деб ўйлагандирсиз. Бу ўйлов дилларингизга чиройли кўрсатилиб, ёмон гумон қилдинглар ҳамда ҳалок бўлувчи қавм бўлдингиз.
Кимки Аллоҳга ва унинг Пайғамбарига иймон келтирмаган бўлса, бас, албатта, Биз ундай кофирлар учун ловуллаган оловни тайёрлаб қўйганмиз.
Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги ёлғиз Аллоҳникидир. У хоҳлаган кишиларни мағфират қилади ва хоҳлаган кимсаларни азоблайди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.
Ҳали сизлар Хайбар жангидаги ўлжаларни олиш учун кетаётган вақтингизда жангга чиқмай уйда қолган кимсалар: “Бизларга ҳам ўлжа олиш учун сизларга эргашишимизга йўл қўйинглар”, – дейдилар. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Эй Муҳаммад уларга: “Асло бизларга эргашмайсизлар. Аллоҳ аввал сизга буни айтган”, – деб айтинг. Бас, улар: “Балки, бизларга ҳасад қилаётгандирсизлар”, – дейдилар. Йўқ, улар жуда оз фаҳмлайдилар.
Эй Расулим, аъробийлардан жангга чиқмай қолган мунофиқ кимсаларга: “Яқинда сизлар катта куч эгалари бўлмиш бир қавм билан жанг қилишга чақириласизлар. Ўшанда улар билан урушасизлар ёки улар жангсиз Исломга кирадилар. Бас, агар ўшанда Пайғамбарга итоат қилсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал мукофот ато қилади. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек юз ўгириб кетсангизлар, Аллоҳ сизларни аламли азоб билан азоблайди.
Жангда қатнашмасликда кўзи ожиз кишига танглик йўқ. Оёғи чўлоқ одамга ҳам танглик йўқ. Беморга ҳам танглик йўқ. Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат қилса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Кимки юз ўгириб кетса, Аллоҳ уни аламли азоб билан азоблайди.
Эй Муҳаммад, дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. Бас, Аллоҳ уларнинг дилларидаги садоқатни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни Хайбар жангидаги яқин ғалаба билан мукофотлади.
Эй мўминлар, Аллоҳ сизларга ўзингиз оладиган кўпгина ўлжаларни ваъда қилди. Мана бу Хайбар жангидаги ўлжаларни эса тезлатиб берди ва душман одамларнинг қўлларини сизларга зиён беришдан тўсиб қўйди. Бўлиб ўтган воқеалар мўминларга ибрат бўлиши ва Аллоҳ сизларни тўғри йўлга ҳидоят қилиши учундур.
Яна сизлар ҳали қодир бўлмаган бошқа ўлжалар ҳам борки, Аллоҳ уларни ўлжаларингиз эканини Ўз илми билан иҳота қилиб қўйгандир. Аллоҳ барча нарсага қодир Зотдир.
Агар куфр келтирган кимсалар сулҳ тузиш ўрнига сизлар билан жанг қилганларида, албатта, улар ортларига қараб қочган бўлар эдилар. Сўнгра улар ўзларига дўст ҳам ёрдамчи топа олмас эдилар.
Бу Аллоҳнинг аввалдан келаётган суннатидир. Аллоҳнинг йўлига эса ўзгартириш топа олмайсиз.
У Зот Макканинг ичида сизларни у мушрикларининг устига ғолиб қилганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсиб, сулҳ қилдиргандир. Аллоҳ қилаётган барча ишларингизни кўриб турувчидир.
Улар, куфр келтирган ва сизларни Масжид ул-Ҳаромдан қурбонлиқ қилиш учун олган ҳадяни ушланиб, ўз жойига етишидан тўсган кимсалардир. Агар Маккада сиз билмаган мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бўлмаса эди, уларни билмай мушриклардан деб ўйлаб бостириб ҳалок қилганингиз туфайли зиён етиши бўлмаганида, Аллоҳ сизларни Маккага юриш қилишдан тўсмаган бўлар эди. Аллоҳ хоҳлаганини Ўз раҳматига киритиши учун уларни мушриклар қаторида ҳалок бўлиб кетишларидан асраб сизларни жанг қилишдан тўсди. Агар мўминлар ажралиб олганларида, албатта улардан куфр келтирган кимсаларни аламли азоб билан азоблаган бўлар эдик.
Ўшанда куфр келтирган кимсалар қалбларига қизиққонликни – жоҳилият қизиққонлигини жойлаганларида, Аллоҳ Ўз пайғамбарининг ва мўминларнинг устига хотиржамлигини туширди. Ҳамда уларга тақво калимасини лозим кўрди. Улар ўша тақво калимасига жуда ҳақли ва лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир.
Қасам бўлсинки, Аллоҳ Расулининг кўрган тушини ҳақ билан тасдиқлади. Эй мўминлар, иншоаллоҳ, албатта, сизлар Масжид ул-Ҳаромга омонликда, сочларингизни қирдирган ёки қисқартирган ҳолларингизда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, Аллоҳ сизлар билмаган нарсани билиб, Макка фатҳидан олдин яқин Хайбар ғалабасини насиб қилди.
У Ўз Пайғамбари Муҳаммадни ҳидоят ва ҳақ дин бўлган Ислом билан, уни барча динларга ғолиб қилиши учун юборган Зотдир. Аллоҳнинг Ўзи ушбу ваъданинг рўёбга чиқишига етарли гувоҳдир.
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлган мўминлар кофирларга қаттиқ, ўз ораларида мўминларга нисбатан раҳм-шафқатлидирлар. Уларни доимо Аллоҳдан фазл ва розилик истаб, руку ва сажда ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда изларидан қолган белгилар бордир. Мана шу сифатлар уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, гўё уруғини ёриб чиқиб, қувватга кирадиган, йўғонлашиб ўз новдасида тик турадиган ва деҳқонларни ҳайрон қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. Бу мўминларнинг кучайиши сабабли кофирларнинг жаҳлини чиқариш учундир. Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва улкан ажрни ваъда қилди.