Сизлар учун денгизни иккига айириб, ғарқ бўлишдан қутқарганимизни ҳамда фиръавннинг хонадони ва издошларини кўзингиз билан кўриб турганингизда сувга чўктириб юборганимизни ҳам эсга олинглар.
Сиз қидирган ب ح ر масдар-ўзагидан ҳосил бўлган 42 та оят мавжуд.
dengizni, dengizda, dengiz, "bahira", va dengizda bo'lgan, va dengizning, dengizdan, va dengizda, ikki dengizning, dengizning
Қуйида ўша оятлар арабча матни ва ўзбекча таржимаси билан келтирилган.
Сизлар учун денгизни иккига айириб, ғарқ бўлишдан қутқарганимизни ҳамда фиръавннинг хонадони ва издошларини кўзингиз билан кўриб турганингизда сувга чўктириб юборганимизни ҳам эсга олинглар.
Шубҳасиз, осмонлар ва Ернинг мукаммал ҳолда яратилишида, кеча ва кундузнинг вақти-вақти билан алмашиб туришида, одамларга нафи тегадиган фойдали нарсаларини ташиб кетаётган денгиздаги кемаларнинг сузишида, Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик бўлиб ётган қуруқ ерга ҳаёт берган ҳаётбахш сувда ва Ерда ҳар хил жонзотларни тарқатиб қўйишида, шамолларни йўналтиришида, осмону Ер ўртасидаги Яратганнинг амрига итоатда шай турган булутларда ақл юритувчи қавмлар учун Аллоҳнинг қудратига доир аниқ далиллар бордир.
Эҳромда бўлсангизлар, ҳам сизлар ва йўловчилар учун фойда бўлиши учун денгиз маҳсулотларининг ови ва егуликлари ҳалол қилинди. Бироқ сизлар эҳромдалик чоғингизда қуруқликдаги ов ҳаром қилинди. Унинг ҳузурига тўпланадиган Аллоҳдан қўрқинглар.
Аллоҳ “баҳийра, соиба, васийла, ҳом”, – деб аталган ҳайвонлар хусусида бирор амр қилмаган. Лекин куфр келтирган кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқияптилар. Чунки уларнинг кўпчилиги ақл ишлатмайдилар.
Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузуридадир. Ундан бошқаси уларни билмайди. У Зот қуруқлик ва денгиздаги барча нарсаларни билади. Бирор бир барг узилиб тушса ҳам, уни билади. Ҳатто Ер қаъридаги қоронғиликларда бир уруғ ҳам, хўлу қуруқ – барча мавжудотлар ҳам аниқ китоб бўлган Лавҳ ул-Маҳфузда ёзиб қўйилгандир.
Эй Муҳаммад, уларга: “Қуруқлик ва денгиз зулматининг офатларидан сизларни ким қутқаради? Ўшанда сизлар устингизда ё ичингизда Унга: “Эй Роббимиз, агар бизни бу фалокатлардан қутқарсанг, албатта, шукр қилувчилардан бўламиз”, – деб дуо қилар эдингиз”, – деб айтинг.
У сизларга қуруқлик ва денгиз қоронғиликларида адашмай йўл топишингиз учун юлдузларни яратган Зотдир. Ҳақиқатан, биладиган қавмлар учун оятларни батафсил баён қилиб бердик.
Бани Исроил авлодларини денгиздан соғ-омон ўтказиб қўйганимизда улар ўзлари учун ясаб олган бут-санамларга сиғинаётган қавмга дуч келиб қолдилар. Шунда қавм Мусога қарата: “Эй Мусо, уларнинг илоҳлари каби бизга ҳам сиғиниш учун илоҳ ясаб бер”, – дедилар. Мусо уларга: “Сизлар чиндан ҳам жоҳиллик қилувчи қавм экансиз”, – деди.
Эй Муҳаммад, сиз яҳудийлардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ аҳли воқеаси ҳақида сўраб кўринг. Улар шанба куни Аллоҳнинг балиқ овлашга доир қўйган тақиқини ҳаддан ошиб бузар эдилар. Чунки уларга шанба куни балиқлар сув устида очиқ кўриниб келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса, балиқлар келмас эди. Бузғунчилик қилганлари учун шу тарзда уларни синовга тутар эдик.
У сизларни қуруқлик ва денгизда сайр қилдирадиган Зотдир. Сизлар кемада бўлган чоғингизда ва майин шамоллар билан у йўловчиларни олиб кетарди. Ҳамда улар бу сайр билан хурсанд бўлиб турганларида бирдан қаттиқ шамол эсиб, уларга ҳар тарафдан тўлқин уриб келиб, ўзларини у тўлқин билан қуршовда қолганларини сезиб, Аллоҳга динни холис қилган ҳолларида: “Агар бизни мана шундан халос қилсанг, албатта, шукр қилувчи бандалардан бўламиз”, – дея илтижо қиладилар.
Биз бани Исроил авлодларини денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулм ва душманлик қилиш учун фиръавн ва унинг лашкари ортларидан қувиб етди. Энди унга денгизда ғарқ бўлиш вақти етганида фиръавн: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақатгина бани Исроил авлодлари иймон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим ҳамда мен мусулмонларданман”, – деди.
Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув ёғдириб, кейин у туфайли сизларга ризқ бўладиган меваларни ундириб чиқарган Зотдир. Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун сизларга кемаларни хизматкор қилиб қўйган. Ҳамда сувларидан фойдаланишингиз учун дарёларни ҳам сизларга беминнат бўйсундирган.
У шундай Зотки, ундан барра балиқ гўшти овлаб ейишингиз, уни зебу зийнат қилиб тақадиган садаф, марварид каби тошларни чиқариб олишингиз учун денгизни ҳам бўйсундириб қўйди. Унда яна сувни ёриб кетаётган кемаларни кўрасиз. Унинг фазлидан талаб этишингиз ва шояд, неъматларига шукр қилишингиз учун уларни беминнат хизматкор қилиб қўйди.
Эй инсонлар, Роббингиз Ўз фазлидан ризқ излашларингиз учун сизларга денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. Албатта, У сизларга меҳрибондир.
Денгизда сизларга бирор мусибат етса, илтижо қиладиган маъбудаларингиз йўқ бўлиб қолади, фақат Унинг Ўзи қолади. Сизларга нажот бериб, яна қуруқликка омон чиқариб қўйгач эса Ундан юз ўгирасиз. Ҳақиқатан, инсон ношукрдир.
Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда улов ва кемаларга миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп махлуқотлардан афзал қилиб қўйдик.
Бир замонлар Мусо ўзининг хизматкор йигити Юшога: “То икки денгиз бирлашган жойга етмагунимча, ҳатто кўп йиллар ўтиб кетса ҳам, юравераман”, – деган эди.
Улар йўлга тушиб, қачонки, икки денгиз қўшиладиган ерга етиб боришгач балиқларини у ерда унутиб қолдирдилар. Шундан кейин балиқ денгизда йўлини топиб сузиб кетди.
Шунда йигит: “Буни қаранг, биз денгиз соҳилидаги қояга жойлашиб дам олган пайтимизда, мен балиқни унутиб қолдирибман. Уни сизга эслатишимни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. Балиқ эса денгизга ажойиб тарзда йўлини топиб сузиб кетибди.
Хўш, кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган камбағалларники эди. Бас, мен уни нуқсонли қилиб қўймоқчи бўлдим. Сабаби уларнинг ортида барча бенуқсон кемаларни талон-торож қилиб тортиб олаётган бир золим подшоҳ бор эди.