Барча арконларига амал қилган ҳолда бошлаган ҳаж ва умра ибодатини Аллоҳ учун тўлиқ адо этинглар. Агарда бетоблик, қароқчиларга йўлиқиш ёки шунга ўхшаш узрли сабаблар билан йўлингиз тўсилиб қолса, у ҳолда қурбингиз етган бирор бир жонлиқдан қурбонлик учун ҳадя қилиб жўнатинг. Бошдаги сочларингизни эса ҳадянгиз ўз жойига етиб бормагунча олмай туринглар. Борди-ю сизлардан кимдир ўша пайт бемор бўлса ёки бошидан сочини олдирмаган тақдирда азият бўладиган бир сабаб бўлса, у ҳолда сочини олдириши мумкин. Лекин бу ишни қилган кимсага рўза тутиш, садақа бериш ёки қурбонлик сўйишдан бирортасини фидя қилиб тўлаши керак бўлади. Агар ҳаж қилишга тўсқинлик қилган ҳолатлардан қутулсангиз ва кимки ҳажгача умра ибодатидан фойдаланса, яъни эҳромдан вақтинча чиқиб, яна ҳажда қайта эҳромга кирадиган бўлса, у қурби етган қурбонликдан бирор жонлиқ сўйиши керак. Кимки бунга имкон топа олмаса, унда уч кун ҳажда ва етти кун ҳаждан қайтганингиздан кейин рўза тутиш керак бўлади. Ана ўшанда бу тўлиқ ўн кун бўлади. Бу ҳукмлар аҳли-оиласининг яшаш жойи Масжид ул-Ҳаромда бўлмаганлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар ва билиб олинглар, албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ бўлган Зотдир.

