Эй мўминлар, бу Аллоҳ ва Унинг элчиси томонидан уришмаслик учун сизлар билан аҳднома қилган мушрик кимсаларга ора очиқлиги ҳақидаги эълондир.
Tavba сураси
Madinaда нозил бўлган.
10-жуз,9-сура,129 оятдан иборатMadinaда нозил бўлган.
10-жуз,9-сура,129 оятдан иборатЭй мўминлар, бу Аллоҳ ва Унинг элчиси томонидан уришмаслик учун сизлар билан аҳднома қилган мушрик кимсаларга ора очиқлиги ҳақидаги эълондир.
Эй мушриклар, уруш ҳаром қилинган тўрт ой ичида Ер юзида сайр қилиб юраверинглар. Шунингдек, сизлар Аллоҳни ожиз қилувчи эмаслигингизни билиб қўйинглар. Аллоҳ, албатта, кофирларни хору зор қилувчидир.
Улар бирон мўмин киши хусусида на аҳдга ва на шартга риоя қиладилар. Ана ўшалар ҳаддан ошган кимсалардир.
Энди улар бу баҳоналари ва қилмишларининг жазоси учун бу дунёда оз кулсинлар, охиратда эса кўп йиғласинлар!
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинг ва доимо содиқлар билан бирга бўлинг!
Ҳамда бу одамларга Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан “Ҳажжул Акбар” бўлган Қурбон ҳайити кунидаги билдиргисидир. Албатта, Аллоҳ ва Расулининг мушриклар билан ораси очиқдир. Борди-ю тавба қилсангиз, у ўзингиз учун яхши ишдир. Агар иймондан юз ўгирсангиз, у ҳолда Аллоҳни ожиз қилувчи эмаслигингизни билиб қўйинглар. Эй Расулим, куфр келтирган кимсаларга аламли азоб ҳақида “хушхабар” беринг.
Лекин мушриклар ичидан сизлар аҳдлашганингиздан кейин ҳеч нарсани бузмаган бўлсалар ва сизларнинг зиддингизга ҳеч кимга ёрдам бермаганларнинг аҳдларини белгиланган муддатларигача тўлиқ етказинглар. Албатта, Аллоҳ тақводор кимсаларни яхши кўради.
Уруш ҳаром қилинган ойлар чиққач эса мушрикларни учратган жойларингизда ўлдиринглар. Уларни асир тутиб олинглар ва қамал қилинглар. Ҳамда уларни барча кузатув жойларида пойлаб ўтиринглар. Агарда тавба қилсалар, намозни мукаммал адо этиб, закот берсалар унда уларни йўлларига холи қўйинглар. Чунки албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Эй Расулим, агар мушриклардан бирортаси сиздан омонлик сўраса, уни ҳимоянгизга олинг. Токи улар Аллоҳнинг каломини эшитсинлар, балки, ибрат оларлар. Ундан кейин уни тинч жойига етказиб қўйинг. Мана бу уларнинг ҳақиқатни билмайдиган қавм эканликларидир.
Ахир қандай қилиб Аллоҳ наздида ва Унинг Расули ҳузурида мушриклар учун аҳду паймон бўлади?! Лекин Масжид ул-Ҳаром олдида сизлар билан аҳдлашган кимсалар агар сизларга нисбатан сўзларида турсалар, унда сизлар ҳам улар учун аҳдингизда тўғри туринглар. Албатта, Аллоҳ тақводор кимсаларни яхши кўради.
Дарвоқе, қандай қилиб аҳд бўлсинки, агар улар сизнинг устингизга ғалаба қилсалар, на яқинлик жиҳатдан ва на мажбурият жиҳатдан сизларга риоя қиладилар. Улар фақат сизларни оғизлари билан рози қиладилар-у, лекин кўнгиллари хуш кўрмайди. Уларнинг кўпчилиги фосиқ кимсалардир.
Улар Аллоҳнинг оятларини озгина баҳога сотиб, Унинг ҳақ йўлидан одамларни тўсадилар. Дарҳақиқат, уларнинг қилаётган амаллари нақадар ёмон бўлган ишдир.
Агар тавба қилиб иймонга келсалар, намозни тўлиқ адо қилсалар ва закот берсалар, у ҳолда улар сизларнинг диндаги биродарларингиздир. Биз ҳақни биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилиб берамиз.
Агар аҳдлашганларидан кейин ҳам қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга таъна тошини отсалар, у ҳолда бу қилмишларидан воз кечишлари учун куфр етакчиларига қарши жанг қилинглар. Зеро, улар учун қасамларда вафо йўқдир. Шояд, шундан ибрат олиб ёмонликлардан тийилсалар.
Эй мўминлар, аҳдларини бузган, пайғамбарни юртидан чиқариб юборишга қасд қилган ва сизларга қарши биринчи бўлиб уруш бошлаган қавм билан жанг қилмайсизларми?! Ёки улардан қўрқасизларми?! Агар чинакам мўмин бўлсангиз, қўрқишингизга ҳақли бўлган Зот, фақат Аллоҳдир!
Улар билан жанг қилинглар, шунда Аллоҳ сизларнинг қўлларингиз билан уларни азоблайди. Ҳамда уларни шарманда қилади, сизларни уларнинг устидан сизларга нусрат ато этиб, иймон келтирган қавмнинг дилларига шифо беради.
Шунингдек, кофирлардан азият чеккан қалбларининг аламларини кетказади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
Эй мўминлар, Аллоҳ сизларнинг орангиздан ҳақ йўлида жиҳод қилган кимсаларни ҳамда Аллоҳдан, Расулидан ва мўминлардан бошқасини дўст тутмаган ва садоқатда бардавом бўлган кишиларни имтиҳон қилиб, билмай туриб, ўз ҳолингизга ташлаб қўйиласизлар деб ҳисоблайсизми? Аллоҳ барча қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир.
Аллоҳга ширк келтирганлар ўзларининг куфр йўлида эканликларига гувоҳ бўлиб турган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари мумкин эмасдир. Ана уларнинг бу йўлда қилган барча амаллари беҳуда кетган ҳисобланади. Ҳамда улар дўзахда мангу қоладилар.
Аллоҳнинг масжидларини, фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўлиқ адо этган, закотни эгаларига берган ҳамда фақатгина ёлғиз Аллоҳдан қўрқадиган кишиларгина обод қила олади. Ажаб эмаски, ана ўшалар тўғри йўлни топувчи кимсалардан бўлсалар.
Каъбани зиёрат қилиш учун келган ҳожиларга сув тарқатиш ва Масжид ул-Ҳаромни обод қилиш ишларини бажараётган мушрикларни Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, Аллоҳ йўлида жанг қилганлар билан тенг қилдингизми?! Аксинча, Аллоҳ наздида улар тенг эмасдирлар. Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоятга бошламайди.
Аллоҳга иймон келтирган, Маккадан Мадинага кўчиб ўтган ва Аллоҳнинг розилиги йўлида моллари ва жонлари билан жанг қилган кимсаларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари энг баланддир. Ана ўшалар ажрга сазовордирлар.
Роббилари уларга Ўз тарафидан бўлган раҳмат, розилик ва улар учун ичида тайёрлаб қўйилган доимий неъматлар бўлган жаннатлар ҳақида хушхабар беради.
Улар у ерда абадий қоладилар. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улкан ажр бордир.
Эй иймон келтирганлар! Агар ота-онангиз ва ака-укаларингиз бўлса ҳам, куфрни иймондан устун кўрсалар, у ҳолда уларни дўст деб тутмангизлар. Сизлардан кимки шундай ҳолда ҳам уларни дўст тутса, демак, улар золим кимсалар қаторидадир.
Эй Расулим, мўминларга: “Агар ота-оналарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, аёлларингиз, қавму қариндошларингиз, қўлга киритган молларингиз, касодга учрашидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз сизга Аллоҳдан ва Унинг Расулидан ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилишдан севимлироқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз азоб амрини келтиргунча кутиб туринглар”, – деб айтинг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмайди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга олдин ҳам кўп жойларда нусрат берди. Хусусан, Макка билан Тоиф ўртасидаги водийдаги Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизларни саноқ ва куч жиҳатдан кўп эканлигингиз ғурурлантириб қўйган эди, аммо у сизларни ҳеч нарсадан қутқариб беҳожат қила олмади. Сизларга кенг бўлган ер торлик қилиб қолди, кейин эса юз ўгирган ҳолингизда тарқалиб чекиндингиз.
Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамликни туширди. Шунингдек, сизлар уни кўрмаган, яъни фаришталардан бўлган лашкарларни нозил қилди. Ҳамда куфр келтирган кимсаларни йўқ қилиб азоблади. Мана бу кофирларнинг жазосидир.
Мана шу жангдан кейин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсасининг тавбасини қабул қилади. Ҳамда Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Эй иймон келтирганлар, албатта, Аллоҳга ширк келтирганлар нопок кимсалардир, бас, энди улар бу йилларидан кейин Масжид ул-Ҳаромга яқинлашмасинлар. Агарда сизлар мушрикларнинг ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа тижоратга оид нарсалар тўхтаб қолиши сабабли камбағалликдан қўрқсангизлар, Бас, агар Аллоҳ хоҳласа Ўз фазли билан тезда сизларни бой-бадавлат қилиб қўяди.
Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган, ҳақ дин бўлмиш Исломни дин деб қабул қилмайдиган аҳли китоб берилган яҳудий ва насронийлар токи бўйсунган ҳолларида ўз қўллари билан жизя бермагунларича, жанг қилинглар.
Яҳудийлар: “Узайр пайғамбар Аллоҳнинг ўғлидир”, – дедилар. Насронийлар эса: “Исо Масиҳ Аллоҳнинг ўғли”, – дедилар. Бу уларнинг ҳеч қандай далилсиз оғизлари билан айтган гапларидир. Улар бу гапни бундан олдинги куфр келтирган кимсаларнинг сўзларига тақлид қилиб ўхшатмоқдалар. Аллоҳ уларни лаънатласин. Қай томонга ўгирилиб кетмоқдалар?!
Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандлари ва роҳибларини худолар қилиб олдилар. Марям ўғли Исо Масиҳни ҳам худо деб билдилар. Ваҳоланки, фақат ягона Илоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, фақат ёлғиз Унинг Ўзи бордир. У Зот уларнинг шерик қилаётганларидан муназзаҳ ва покдир.
Мушриклар Аллоҳнинг нури бўлган Исломни беҳуда гаплар айтиб, оғизлари билан сўндирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар хушламасалар ҳам, Ўз нурини батамом ҳар тарафга ёймасдан қўймайди.
У Зот гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Расули Муҳаммадни ҳидоят ва ҳақ дин билан, барча динлардан уни устун қилиш учун юборгандир.
Эй иймон келтирганлар, шубҳасиз, ўша яҳудий ва насронийларнинг донишманд ва роҳибларидан аксарияти одамларнинг молларини ноҳақ йўл билан ейдилар. Ҳамда Аллоҳнинг йўлидан кишиларни тўсадилар. Эй Муҳаммад, олтин ва кумушларни йиғиб, уни Аллоҳ йўлида эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб борлиги ҳақида хушхабар беринг.
Қиёмат кунида ўша жамғарган олтин ва кумушлари билан жаҳаннам ўтида қиздирилади. Ҳамда улар билан пешоналари, ёнлари ва орқаларига босилиб: “Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди эса йиққан хазиналарингизнинг мазасини тотиб кўринглар”, – дейилади.
Шубҳасиз, Аллоҳнинг наздида ойларнинг сони осмонлару Ерни яратган кунидаги Аллоҳнинг битигига кўра ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси уруш ҳаром қилинган ойлардир. Мана бу ҳақ диндаги ҳукмдир. Шундай экан, бу ойларда нафсингизга зулм қилманглар. Улар бу тўрт ой ичида сизларга ёппасига уруш қилганларидек, сизлар ҳам мушрикларга ёппасига уруш қилинглар. Ҳамда билиб қўйинглар, шубҳасиз, Аллоҳ тақво қилувчилар билан биргадир.
Шубҳасиз, ҳаром ойларни атайин олдинга ёки ортга суриш куфр устига зиёда бўлган куфрдир. У билан куфр келтирганларни адаштирадилар. Аллоҳ ҳаром қилган ойларни саноғига мослаб олиш учун уни бир йил ҳалол, бошқа бир йил ҳаром қилиб оладилар. Шу тарзда улар Аллоҳ ҳаром қилганни ўзларича ҳалоллаб оладилар. Уларга бу ёмон ишлари чиройли бўлиб кўринди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламайди.
Эй иймон келтирганлар, сизларга нима ҳам бўлдики, агарда Аллоҳ йўлида душманга қарши қўзғалинглар дейилса, ерга қаттиқ ёпишиб олдингиз. Охират ҳаётидан кўра дунё ҳаётига рози бўлдингизми? Ахир, дунё ҳаётидаги неъматлар охиратдагидан кўра жуда оз нарса-ку?!
Агар ёвга қарши жангга қўзғалмасангизлар, у ҳолда Аллоҳ сизларни аламли азоб билан азоблайди. Ўрнингизга эса сизлардан бошқа бир итоатли қавмни келтиради. Сизлар эса бу қилмишларингиз билан унга ҳеч қандай зарар бера олмайсизлар. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган – Қодир Зотдир.
Агар сизлар Муҳаммад пайғамбарга ёрдам қилмасангиз ҳам, дарҳақиқат, Аллоҳ унга ёрдам қилган. Ўшанда куфр келтирганлар уни бир ҳамроҳи билан, яъни икки кишининг бири бўлган ҳолида уни юртлари бўлган Маккадан чиқарганларида, икковлари ғорда туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамроҳи Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: “Ташвишланма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!” – деб айтган эди. Кейин Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва сизлар уни кўрмаган лашкарлар билан уни қўллади. Шунингдек, куфр келтирганларнинг ботил сўзини тубан қилди. Аллоҳнинг сўзи эса, у энг олийдир. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
Эй иймон келтирганлар, сизларга оғир келса ҳам, енгил келса ҳам, жангга чиқинглар. Аллоҳ йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилинглар. Агар билсангиз эди, мана шу ишингиз сиз учун яхшироқдир.
Эй Расулим, агар чақириғингиз улар учун яқин дунё манфаати ва машаққатсиз ўртача бир сафар бўлганида, сизга аниқ эргашар эдилар. Лекин уларга масофа узоқ кўриниб сафарга чиқмадилар. Яқинда мунофиқлар: “Агар кучимиз етганида, албатта, сизлар билан йўлга чиқар эдик”, – деб, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ҳам ичадилар. Шу тариқа улар ўзларини ҳам ҳалок қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни аниқ ёлғончи эканликларини билиб турибди.
Эй Расулим, Аллоҳ сизни афв қилсин. Бироқ Табук сафарига бормаслик учун сиздан рухсат сўраганларнинг то ростгўйлари аниқ бўлмай туриб ҳамда ёлғончиларни билмасдан, уларга нега изн бердингиз?
Зеро, Аллоҳга ва охират кунига ишонган кимсалар молу жонлари билан жиҳод қилишдан ортда қолиш учун сиздан изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи Зотдир.
Фақатгина Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгиллари гумонда бўлганларгина сиздан жангга бормаслик учун изн сўрайдилар. Чунки улар ўз гумонларида доимо иккиланиб юрадилар.
Агар улар чиндан ҳам жангга чиқишни хоҳлаганларида, унинг учун тайёргарлик қилиб қўйган бўлар эдилар. Лекин Аллоҳ жиҳодга чиқишларини хушламай, уларни дангаса қилиб қўйди. Ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан: “Аёллар, ёш болалар ва қариялар каби ўтириб қолганлар билан ўтираверинглар”, – дейилди.
Агар улар сизларнинг ичингизда жангга чиққан тақдирларида ҳам, сизларга фақат бузғунчиликни зиёда қилар, сизларни фитнага дучор қилиб, ораларингизга раҳна солган бўлардилар. Шунингдек, ичингизда уларга қулоқ соладиганлар ҳам бор. Аллоҳ золим кимсаларнинг ҳолатини билувчи Зотдир.
Дарҳақиқат, аввал ҳам фитна чиқариш учун фурсат ахтарган эдилар. Ҳамда улар ёқтирмаган ҳолларида то ҳақ ғолиб келиб, Аллоҳнинг амри устун бўлгунча ҳам макр-ҳийла қилиб, ишларингизни остин-устун қилган эдилар.
Уларнинг орасида: “Менга жангдан қолиш учун изн бергин, урушга юбориб мени фитнага дучор қилмагин”, – дейдиган кимсалар ҳам бордир. Огоҳ бўлинглар, шундоқ ҳам улар жангдан қолиб фитнага тушиб қолгандирлар. Шубҳасиз, жаҳаннам кофирларни ўраб олувчидир.
Борди-ю сизга ғалаба ёки ўлжа каби бирор яхшилик етиб қолса, бу уларни хафа қилади. Мабодо сизга бирор бир мусибат етса, – “Яхши ҳамки, ишимизнинг олдини олибмиз”, – деб хурсанд бўлган ҳолларида юз ўгириб кетадилар.
Уларга: “Бизга Аллоҳнинг ёзиб қўйганидан бошқа нарса етмайди. У бизнинг хожамиздир”, – деб айтинг. Шундай экан, Аллоҳга, фақат мўминлар таваккул қилсинлар.
Эй Расулим, уларга: “Сизлар бизни жангда ё шаҳид, ё ғолиб бўлишдек икки хайрли ишдан бирининг бўлишини кутмоқдасиз. Бизлар эса сизларни Аллоҳ Ўз даргоҳидан ёки бизнинг қўлимиз билан сизларга азоб етишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар, албатта, биз ҳам сизлар билан бирга кутувчимиз”, – деб айтинг.
Мунофиқларга: “Истаб ё истамай эҳсон қилаверинглар. Барибир қилган садақаларингиз сиздан асло қабул қилинмайди. Чунки сизлар фосиқлар қавми бўлгансизлар”,– деб айтинг.
Қилган эҳсонларини қабул қилинишидан тўсган нарсанинг сабаби: уларнинг Аллоҳга ва Расулига куфр келтирганлари, намозга фақат дангасалик ҳолда келишлари ва садақани фақат ёқтирмаган ҳолларида беришларидир.
Бас, эй Расулим, уларнинг мол-дунёлари ҳам, фарзандлари ҳам сизни ажаблантирмасин. Чунки Аллоҳ ўшалар сабабли дунё ҳаётида уларни азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини хоҳлайди.
Мунофиқлар: “Шубҳасиз, сизларданмиз”, – деб Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Ваҳоланки, улар сизлардан эмасдирлар. Аксинча, улар қўрқадиган қавмдирлар.
Агар улар бирон бошпана излаб беркиниб оладиган ғорлар ёки кириб оладиган бирон тешикни топсалар эди, югурганларича ўшанга қараб кетган бўлар эдилар.
Эй Расулим, уларнинг орасидан тарқатиладиган садақалар хусусида сени айблайдиганлари ҳам бор. У садақалардан кўп миқдорда берилса, рози бўладилар. Борди-ю улардан хоҳлаганларидек берилмаса, бирдан аччиқланадилар.
Агар улар Аллоҳ ва пайғамбари уларга берган нарсага рози бўлиб: “Аллоҳ биз учун кифоя қилади. Яқинда Аллоҳ ва пайғамбари бизга ўз фазлу карамидан беради, шубҳасиз, биз Аллоҳга интилувчи кишилармиз”, – деганларида ўзлари учун яхши бўлар эди.
Садақалар ва закотларни фақатгина фақирлар, мискинлар, садақа йиғишда ишловчилар, кўнгиллари исломга ошно қилинувчи кишилар, ҳақ тўлаб озод этилувчи қуллар, қарздорлар, Аллоҳ йўлидагилар ҳамда йўловчиларга бериш Аллоҳ томонидан фарз қилинди. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
Уларнинг орасида пайғамбарга азият берадиган ва у ҳар нарсани эшитаверадиган “қулоқдир”, – дейдиганлар ҳам бор. Уларга: “У сизлар учун ҳақни эшитувчи яхшилик қулоғидир. Аллоҳга иймон келтирувчи, мўминларга ишонувчи ва сизлардан иймон келтирганларингиз учун раҳмат манбаидир”, – деб айтинг. Аллоҳнинг Расулига азият берувчилар учун аламли азоб бордир.
Эй мўминлар, у мунофиқлар: “Cизларни рози қилиш учун пайғамбарга озор бермадик”,- деб Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Ҳолбуки, агар иймонли бўлганларида, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини рози қилишлари энг лойиқ иш эди.
Кимки Аллоҳ ва Расулининг белгилаган чегараларидан ошса, албатта, унинг учун у ерда мангу қолувчи жаҳаннам оташи бўлишини билмадиларми?! Мана бу катта шармандаликдир.
Мунофиқлар дилларидаги мунофиқликни ўзларига фош қиладиган Қуръондан сура нозил қилинишидан қўрқиб турадилар. Эй Расулим, уларга: “Масхара қилаверинглар, албатта, Аллоҳ барибир сиз қўрқаётган ўша нарсани юзага чиқарувчидир”, – деб айтинг.
Қасам бўлсинки, агар улардан: “Нима учун масхара қиляпсиз?”- деб сўрасангиз, улар: “Биз фақатгина баҳсга шўнғиб, ҳазиллашяпмиз”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизми?!” – деб айтинг.
Узр айтманглар, дарҳақиқат, сизлар иймон келтирганингиздан кейин яна куфр келтирдингиз. Агар сизлардан бир тоифани кўнгилдан тавба қилганлари учун афв қилсак ҳам, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганлари учун азоблаймиз.
Мунофиқ эркаклар ҳам, мунофиқ аёллар ҳам куфрда ҳаммаси бирдирлар. Улар ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтарадилар. Эҳсон қилмай, қўлларини қаттиқ тутадилар. Улар Аллоҳни унутдилар, бас, шунинг учун Аллоҳ ҳам уларни раҳматидан узоқлаштириб унутди. Шубҳасизки, мунофиқлар аниқ фосиқ кимсалардир.
Аллоҳ мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёлларга ҳамда барча кофирларга унда мангу қолинадиган жаҳаннам оташини ваъда қилди. Жазо ўлароқ бу уларга етарлидир. Шунингдек, Аллоҳ уларни лаънатлади ҳамда улар учун дўзахда доимий азоб бордир.
Эй мунофиқлар, сизлар ҳам худди сизлардан олдинги мунофиқлар кабисизлар. Улар сизлардан кўра қуввати кўпроқ, мол-дунё ва бола-чақалари ҳам ортиқроқ эдилар. Бас, насибаларини еб мазза қилиб фойдаландилар. Сизлар ҳам, олдингилар каби насибаларингиздан фойдаландингизлар. Ҳамда ғафлатга ботиб кетганларидек сизлар ҳам куфрга шўнғиб кетдингиз. Ана у мунофиқларнинг барча қилган амаллари дунё ва охиратда беҳуда кетгандир. Айнан улар зиён кўрувчилардир.
Уларга ўзларидан олдингиларнинг, яъни Нуҳ, Од, Самуд қавмлари ва Иброҳимнинг қавми, Мадян шаҳрининг аҳолиси бўлган Шуъайб қавми ҳамда остин-устун бўлиб кетган Лут қавми шаҳарларининг хабарлари етиб келмаганмиди?! Уларга пайғамбарлари илоҳий далилларни келтирган эдилар. Шундай экан, Аллоҳ уларга зулм қилмоқчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар.
Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар инсонларни доимо яхшиликка буюрадилар ва ёмонликдан қайтарадилар, намозларни тўла-тўкис адо этадилар, нисобга етган молларидан закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва Расулига итоат қиладилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ тезда марҳамат кўрсатади. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
Аллоҳ мўмин ва мўминаларга тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларни ҳамда у ерда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидаги покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса барчасидан улуғроқдир. Мана шу улкан ютуқдир.
Эй Набий, кофирлар ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг. Уларнинг борар жойи жаҳаннамдир. У нақадар ёмон борар жойдир.
Мунофиқлар пайғамбарга нисбатан айтилган ҳақорат сўзларни айтмаганликларига доир ёлғон қасам ичадилар. Ваҳоланки, мунофиқлар бу куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан кейин яна куфр йўлига қайтган эдилар. Шунингдек, пайғамбарга суиқасд қилишдек етолмаган нарсаларига қасд қилган эдилар. Мунофиқлар Аллоҳ ва Унинг Расули уларни фақат Ўз фазлу карамидан бой-бадавлат қилиб қўйгани учунгина Аллоҳ ва Унинг Расулини ёмон кўрдилар. Бас, энди агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлар эди. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунё ва охиратда аламли азоб билан азоблайди. Ҳамда улар учун Ер юзида бирон дўст ҳам ёрдамчи ҳам бўлмайди.
У мунофиқларнинг орасида: “Қасам бўлсинки, агар Аллоҳ бизга Ўз фазлу карамидан мол-давлат ато қилса, албатта, биз камбағалларга садақалар қиламиз ва солиҳ кимсалардан бўламиз”, – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бўлган.
Вақтики, Аллоҳ уларга фазлидан ато қилгач, унга бахиллик қилдилар ва юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетдилар.
Шундай қилиб, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғончилик қилганлари сабабли, уларга то Уни учратадиган қиёмат кунигача қалбларига нифоқ иллатини солиб қўйди.
Мунофиқлар Аллоҳ уларнинг сирларини ҳам, яширин суҳбатларини ҳам, албатта, билишини билмасмидилар?! Дарҳақиқат, Аллоҳ ғайбларни ўта яхши билувчи Зотдир.
Мўминлардан садақаларни кўнгилли қилиб берадиган ва эҳсон учун кучлари етганини базўр топиб берадиган кимсаларни масхара қилувчиларни Аллоҳ ҳам масхара қилади. Ҳамда уларга азоб бордир.
Эй Расулим, улар учун хоҳ мағфират сўранг, хоҳ мағфират сўраманг бефойдадир. Агар улар учун етмиш бора мағфират тиласангиз ҳам, Аллоҳ уларни асло кечирмайди. Бунинг сабаби, шубҳасиз, уларнинг Аллоҳ ва Расулига куфр келтирганларидир. Аллоҳ эса фосиқ қавмларни ҳидоят қилмайди.
Аллоҳнинг Расулига хилоф қилиб, сохта узрлари билан жангга чиқмай, уйларида ўтириб ортда қолганлар ўтиришларидан ўзлари хурсанд бўлдилар. Ҳамда Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилишни хуш кўрмадилар. Кейин эса: “Кун иссиқда жангга чиқманглар!” – деб айтишди. Эй Расулим, уларга: “Дўзах оловининг иссиғи янада шиддатлироқдир”, – деб айтинг. Кошки, улар буни тушунсалар эди.
Бас, агар Аллоҳ сизни бу сафардан саломат чиқариб яна бошқа тоифа билан тўқнашиш учун қайтарганда сиздан жангга чиқиш учун изн сўрасалар, уларга: “Энди мен билан асло жангга чиқмайсизлар ва мен билан бирга душманга қарши уруш ҳам қилмайсизлар. Чунки сизлар аввалги гал жангга чиқмай ўтиришга рози бўлдингиз. Шундай экан, яна ортда қолувчилар билан ўтираверингизлар!” – деб айтинг.
Эй Расулим, асло улардан ўлган бирор кишига жаноза намозини ўқиманг ва дуо қилиш учун қабри бошида ҳам турманг! Чунки улар дунё ҳаётида Аллоҳга ва Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар.
Уларнинг мол-мулклари ва фарзандларининг кўплиги сизни ажаблантирмасин. Чунки Аллоҳ уларни бу неъматлар билан бу дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини ирода қилади, холос.
Агарда “Аллоҳга иймон келтиринг ҳамда Унинг Расули билан бирга жиҳод қилинглар”, – деган мазмундаги сура нозил қилинса, уларнинг ичидаги қўллари узун бадавлатлари сиздан изн истаб: “Бизни тек қўйгин, ўтирувчилар билан бирга бўла қолайлик!” – дейдилар.
Улар жангга чиқишдан қўрқиб ортда қолувчи аёл ва болалар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Қалбларига эса тамға уриб қўйилди. Бас, улар жиҳоднинг ҳақиқатини англамайдилар.
Лекин Расул ва у билан бирга ҳақиқий иймон келтирганлар жонлари ва моллари билан жиҳод қилдилар. Яхшиликлар ана шулар учундир ҳамда улар зафар қучувчилардир.
Аллоҳ уларнинг бу амаллари учун остидан анҳорлар оқиб турадиган, унда абадий қолинадиган жаннат боғларини тайёрлаб қўйгандир. Ана ўша – улкан ютуқдир.
Чўлларда кўчманчи ҳаёт кечирадиган Аъробийлардан бўлганлар уларга рухсат берилиши учун узр айтувчилар келди. Шундай қилиб, Аллоҳга ва Расулига ёлғон гапирганлар жангда қатнашмай уйларида ўтирдилар. Улардан кофир бўлганларига яқинда аламли азоб мусибати етади.
Кексалик ёки ногиронлик каби сабабларга кўра танаси заиф бўлганлар, урушга бора олмайдиган касаллар ва жанговар асбоб-ускуналар учун сарф-харажат қила олмайдиган камбағалларга урушда қатнашмаганликлари учун жавобгарлик йўқ. Токи улар ўзларининг бошқа вазифа ва масъулиятларини оқсатмай, Аллоҳ ва Расулига ихлосли бўлсалар, бўлгани. Яхшилик қилувчиларни айблашга ҳеч қандай йўл йўқ. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Шунингдек, сизнинг ҳузурингизга уларни жангда қатнашишда уловли қилиб қўйишингиз учун келганларида: “Сизларни миндиргани ҳеч нарса топа олмайман”, – дедингиз. Улар эса сарф-харажат қилишга ҳеч нарса топа олмаганлари учун хафа бўлиб, кўзларидан ёш оқиб ортга қайтиб кетдилар. Уларга ҳам таъна-дашном йўқдир.
Таъна учун йўл фақат жангга кириш учун кучи етса ҳам, урушдан қочиш учун сиздан рухсат сўраган бойларгагина тегишлидир. Чунки улар Аллоҳ йўлида жанг қилиш ва Унинг розилигини қозонишдан кўра, орқада қолган аёллар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Шунинг учун Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб қўйди. Улар энди ўзларини қандай офат кутаётганини билмайдилар.
Сафардан уларнинг ёнларига қайтганингизда сизларга узрларини айтадилар. Уларга: “Узр сўраманглар! Биз сизларга асло ишонмаймиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ бизларга ҳали йўлда эканимизда сиз ҳақингиздаги хабарларни билдирди. Яқинда Аллоҳ ва Унинг Расули бундан кейин қандай амал қилишингизни кўради. Кейин эса, ғойиб ва ошкора ишларни билувчи Зот бўлган Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласизлар. Ана ўшанда сизларга барча қилган ишларингизнинг хабарини беради”, – деб айт.
Сизлар жангдан ғолиб бўлиб уларнинг олдига қайтиб, келганингизда, уларни жазолашдан тўхтаб, қўйиб юборишингиз учун Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Майли, улардан юз ўгиринг. Чунки улар ниятлари ва хатти-ҳаракатлари жиҳатидан покиза эмасдирлар. Қилган ёмон ишларининг жазоси сифатида жойлари дўзах бўлади.
Улардан рози бўлишингиз учун сизларга ёлғондан қасам ичадилар. Борди-ю сизлар улардан рози бўлсангиз ҳам, Аллоҳ фосиқ қавмлардан асло рози бўлмайди.
Одатда Мадина атрофидаги чўлларда кўчманчи ҳаёт кечирадиган бадавийлар ўтроқ ҳаёт кечирадиган шаҳарликларга қараганда инкор ва мунофиқликда ашаддийроқ ҳамда Аллоҳ Расулига нозил қилган нарсалар ҳудудини билмасликлари аниқроқдир. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
Аъробийлардан баъзилари қилган садақасини зўраки ёки ортиқча чиқим деб биладиган ва сизларга айланиб келадиган мусибатларни пойлаб турадилар. Уларнинг ўзларига айланиб келадиган ёмон мусибатлар бўлсин! Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.
Лекин аъробийлар ичида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган, қилган хайру эҳсонларини Аллоҳ ҳузурида яқинлик ва Расулнинг хайр дуолари деб тутадиганлари ҳам бор. Албатта, у улар учун Аллоҳга яқинлик бордир. Яқинда Аллоҳ уларни, қилган эзгу амаллари учун Ўз раҳмати билан жаннатига киргизади. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Муҳожирлар ва ансорлардан аввалги пешқадамлари ҳамда орқаларидан уларга эзгулик билан эргашганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна улар учун тагида анҳорлар оқиб турувчи ва у ерда абадий қолинадиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Ана ўша энг катта ютуқдир.
Атрофингиздаги аъробийлардан ҳам ва Мадина аҳолиси ичидан ҳам мунофиқлар бордир. Улар нифоққа одатланиб кетганлар. Уларни сиз билмайсиз, уларни Биз биламиз. Албатта, уларни икки карра азоблаймиз. Сўнгра қиёматда ҳақиқий жазо олишлари учун катта азобга қайтариладилар.
Яна бошқалари эса, гуноҳларини эътироф қилдилар. Улар солиҳ амални бошқа ёмонига аралаштириб юборган эдилар. Шояд, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилар. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Эй Расулим, уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан ва тозалайсан. Уларнинг ҳақига дуо қил. Чунки албатта, дуонгиз уларнинг қалбига таскин ва тасаллидир. Зеро, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.
Ёки улар Аллоҳнинг, албатта, бандалари томонидан чин кўнгилдан қилинадиган тавбани қабул қилишини ва садақаларни олишини ҳамда Аллоҳ тавбаларини қабул қилувчи ва марҳаматли Зот эканини билмасмидилар?!
Эй Муҳаммад, уларга: “Амалларингизни қилаверинглар! Бас, яқинда Аллоҳ ва Унинг Расули ҳамда мўминлар ишларингизни кўрадилар. Тез орада яширин ва ошкора ишларни билувчи Зот ҳузурига қайтариласизлар. Кейин сизларга қилган ишларингизнинг хабарини беради”, – деб айтинг.
Шунингдек, улар орасида Аллоҳнинг амрига ҳавола қилинган бошқалар ҳам бор. Аллоҳ уларни ё азоблайди, ёки тавбаларини қабул қилади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
Эй Расулим, яна шундай кимсалар ҳам борки, улар сизларга зарар етказиш, куфр ва нифоқни орттириш, мўминлар орасини ажратиш ва олдин Аллоҳ ва Расулига қарши уруш очган кимсани кутиб олиш учун масжид қуриб олганлар. Бунинг устига улар: “Биз бундан фақат яхшиликни хоҳлаган эдик”, – деб қасам ҳам ичадилар. Сиз уларга ишонманг, уларнинг аниқ ёлғончилардан эканлигига Аллоҳ гувоҳлик беради.
Эй Муҳаммад, ҳеч қачон у ерда намоз ўқиш учун турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган у ердаги масжидда туришингиз маҳбуброқдир. У ерда покланишни ёқтирадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса покланувчиларни севади.
Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва розилик асосида қурган киши яхшироқми ёки биноларига қулаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб олган ҳамда у билан жаҳаннам ўтига қулаган киши яхшими?! Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди.
Қурган бинолари бузилиб, ўлим шиддати билан то юраклари ёрилгунгача қалбларида гумонда бўлиб қолаверади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
Шубҳасиз, Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини сотиб олди. Албатта, унинг эвазига улар учун жаннатни беради. Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ўлдирадилар ва ёки ўлдириладилар. Бу Тавротда ҳам Инжилда ҳам Қуръонда ҳам Унинг зиммасидаги ҳақ бўлган ваъдадир. Аллоҳдан кўра аҳдига вафодорроқ ким бор?! Шундай экан, эй мўминлар, бу келишган савдоларингиздан хурсанд бўлинглар. Ана шунинг ўзи катта ютуқдир.
Улар қилган гуноҳларига тавба қилувчилар, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилувчилар, доимо ҳамду сано айтувчилар, рўза тутувчилар, руку ва сажда қилувчилар, одамларни яхшиликка буюрувчилар ва ёмонликдан қайтарувчилар ҳамда Аллоҳнинг тайин қилган ҳудудлари ва буйруқларига риоя қилувчилардир. Эй Расулим, мўмин бандаларга хушхабар беринг!
На пайғамбарга ва на иймон келтирган кимсаларга кофир ҳолда ўлиб, уларнинг дўзах аҳллари эканлиги маълум бўлгандан кейин мушриклар учун гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам, гуноҳларининг кечирилиши учун истиғфор сўрашлари жоиз эмас.
Иброҳимнинг ўз отаси учун истиғфор сўраши эса фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди. Унга отасининг, шубҳасиз, Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ бўлгандан кейин ундан воз кечди. Албатта, Иброҳим нола урувчи қалби юмшоқ инсондир.
Аллоҳ бир қавмни тўғри йўлга ҳидоят қилгандан кейин уларнинг қайси хатти-ҳаракатлари номақбул эканини ва нималардан сақланиш кераклигини баён қилмагунча, тўғри йўлдан адаштирувчи бўлмаган. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир нарсани батафсил билувчидир.
Албатта, осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга хосдир. У тирилтиради ва ўлдиради. Сизлар учун Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ пайғамбарнинг ҳамда муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳининг қалблари тойиб кетай деганидан кейин ҳам қийинчилик соатида унга эргашдилар, кейин эса уларни кечирди. Чунки У Зот уларга ўта шафқатли ва раҳмлидир.
Шунингдек, жангга чиқмай ортда қолган уч кишининг ҳам тавбаларини қабул қилди. Уларга шунча кенг бўлган Ер ҳам торлик қилиб қолди ва юраклари сиқилиб кетди. Аллоҳдан қочиб, ўзга жойдан паноҳ йўқлигини билишди. Сўнг бутунлай тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди. Шубҳасиз, Аллоҳ кўплаб тавбаларни қабул қилувчи – Таввоб ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
Мадина аҳолиси ва уларнинг атрофидаги аъробийлар учун Расулуллоҳдан ортда қолишлари ва ундан кечиб ўзларини ундан устун қўйишлари тўғри иш эмас эди. Шундай бўлиш кераклигининг боиси уларга Аллоҳ йўлида бирор бир ташналик, машаққат ёки очлик етса-да ҳамда кофирларни аччиқлантирадиган қадам боссалар ва душманга қарши бирор мусибат етказиб зафар қучсалар, албатта, уларга шу сабабли солиҳ амал ёзилади. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг мукофотини зое қилмайди.
Агар улар Аллоҳ йўлида оз ёки кўп инфоқ-эҳсон қилсалар ва жангда бирор водийни кесиб ўтсалар, Аллоҳ уларни қилган энг яхши амаллари туфайли мукофотлаши учун, албатта, уларга ажр ёзади.
Мўминларнинг ҳаммаси ёппасига жангга чиқишлари шарт эмас. Кошки, ҳар бир гуруҳдан бир нафар тоифа бўлса-ю, сафарга чиқмай динни чуқур ўргансалар ва қавмларига жангдан қайтиб келган вақтларида уларга панд-насиҳат қилиб огоҳлантирсалар.
Эй иймон келтирганлар! Сизлар яқинингиздаги кофирларга қарши жанг қилинг! Албатта, улар сизлардаги матонат ва шиддатни кўрсинлар. Яна шуни билиб қўйингларки, албатта, Аллоҳ тақводор кимсалар билан биргадир.
Қачонки бирор бир сура нозил қилинса, улар ичидан: “Бу сура қай бирингизда иймонни орттирди?” – дейдиган мунофиқлар ҳам бор. Аммо бу сура мўминлардаги иймонни зиёда қилди ва улар хурсанд бўлар эдилар.
Аммо қалбларида касаллик бўлганларга эса, ифлосликлари устига яна ифлослик қўшилади, шундай қилиб, улар кофир ҳолларида ўлиб кетадилар.
Улар ҳар йили бир ёки икки марта синовга дучор бўлаётганликларини кўрмайдиларми?! Шундан кейин ҳам улар тавба қилмайдилар ва эслатма олмайдилар.
Бирор бир сура нозил қилинса, улар: “Сизларни биров кўрмаяптими?” – деб бир-бирларига қараб қўядилар. Кейин билдирмасдан ортларига қайтиб кетадилар. Ҳеч нарсани фаҳмламайдиган қавм бўлганлари учун Аллоҳ уларнинг қалбларини ҳақдан буриб қўйган.
Ҳақиқатан, сизларга ўз орангиздан дунё ва охиратда бошингиздан кечирадиган қийинчиликларингизга ғам чекадиган ва сизларни ардоқлайдиган ҳамда мўминларга раҳм шафқатли бўлган бир Расул келгандир.
Эй Муҳаммад, агар улар ана шулардан кейин ҳам ҳақдан юз ўгирсалар, уларга: “Менга ёлғиз Аллоҳ кифоядир. Ундан ўзга илоҳ йўқ ва мен Унга суяндим. У буюк Аршнинг Роббисидир!” – деб айтинг.