МАСАД СУРАСИ
Масад сураси 5 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Бу сурага ўзининг охирги “Масад” сўзи ном бўлиб қолган. Суранинг иккинчи исми “Лаҳаб”дир. “Масад” сўзининг маъноси “арқон”дир. Сурада Абу Лаҳабнинг хотини бўйнида арқон билан дўзахга кириши таъкидланган.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
تَبَّتْ يَدَٓا اَب۪ي لَهَبٍ وَتَبَّۜ (١)
1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуриб ҳалок бўлсин! Ҳалок бўлди ҳам.
مَٓا اَغْنٰى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَۜ (٢)
2. Мол-мулки ва касб қилган нарсалари фойда бермади.
سَيَصْلٰى نَارًا ذَاتَ لَهَبٍۚ (٣)
3. У яқинда алангали ўтга кириб, куяди.
وَامْرَاَتُهُۜ حَمَّالَةَ الْحَطَبِۚ (٤)
4. Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам.
ف۪ي ج۪يدِهَا حَبْلٌ مِنْ مَسَدٍ (٥)
5. Бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлади.
Изоҳ: Абу Лаҳабнинг асл номи Абдул-Уззо бўлган. Маъноси Уззо деган бутнинг қули демакдир. Аллоҳ таоло ўз қулини бут қули деб аташдан ор қилиб, уни Абу Лаҳаб – алангали, деб лақаблади. Бу ердаги аланга икки нарсага далолат қилади. Бири унинг юзи доимо қизариб, ловуллаб турганлигидан шу лақаб берилган бўлса, иккинчидан охиратда дўзах алангасида ёниши муқаррар эканлигига далолат қилсин деб Аллоҳ таоло шу ном билан атади. Абу Лаҳаб билан унинг хотини Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга энг кўп азият етказган кофирлардан ҳисобланади. Бу бетавфиқ хотин тиканли ўтинларни териб келиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юрадиган йўлларига ташлар экан. Сурада унинг бўйнида ўтин боғлаб юрган арқони боғлиқ ҳолда эри билан бирга жаҳаннамга тушажаги тўғрисида хабар берилган.

