ВОҚЕА СУРАСИ
Воқеа сураси 96 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Воқеа қиёматнинг номларидан бири бўлиб, бу сўз ушбу суранинг биринчи оятида тилга олинган ва унга исм бўлиб қолган.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
اِذَا وَقَعَتِ الْوَاقِعَةُۙ (١)
1. Вақтики, қиёмат қоим воқе бўлганда.
لَيْسَ لِوَقْعَتِهَا كَاذِبَةٌۢ (٢)
2. Унинг воқе бўлишини ёлғонга чиқарувчи йўқдир.
خَافِضَةٌ رَافِعَةٌۙ (٣)
3. Қиёмат одамларни остин-устун этувчидир.
اِذَا رُجَّتِ الْاَرْضُ رَجًّاۙ (٤)
4. Қачонки ер қаттиқ ларзага келтирилганда.
وَبُسَّتِ الْجِبَالُ بَسًّاۙ (٥)
5. Тоғлар майдаланиб тўзилганда.
فَكَانَتْ هَبَٓاءً مُنْبَثًّاۙ (٦)
6. Бас, тоғлар тарқалган чанг-тўзонга айланган бўлади.
وَكُنْتُمْ اَزْوَاجًا ثَلٰثَةًۜ (٧)
7. Сизлар эса уч тоифа бўласизлар.
فَاَصْحَابُ الْمَيْمَنَةِ مَٓا اَصْحَابُ الْمَيْمَنَةِۜ (٨)
8. Бас, у уч тоифанинг биринчиси ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари бўлмоқ қандай саодатдир!
وَاَصْحَابُ الْمَشْـَٔمَةِ مَٓا اَصْحَابُ الْمَشْـَٔمَةِۜ (٩)
9. Иккинчи тоифа чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари бўлмоқ қандай бахтсизликдир!
Изоҳ: Бу дунёда қилган яхши-ёмон амаллари ёзилган номаи аъмоллари қиёмат куни қайси тарафидан берилишига қараб тақдири маълум бўлади китоби ўнг томондан берилса, бу унинг бахтли эканига далолат. Агар чап томонидан ёки орқа томонидан берилса, унинг бахтсиз эканлигига ишорадир.
وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَۙ (١٠)
10. Учинчи тоифа яхши амалларда ўзиб кетган зотлардир.
اُو۬لٰٓئِكَ الْمُقَرَّبُونَۚ (١١)
11. Айнан ўшалар неъмат боғларида Аллоҳга яқин бўлган зотлардир.
ف۪ي جَنَّاتِ النَّع۪يمِ (١٢)
12. Ноз-неъмат боғларида бўладилар.
ثُلَّةٌ مِنَ الْاَوَّل۪ينَۙ (١٣)
13. Ўзиб кетганлар аввалги умматлардан кўпчиликдир.
Изоҳ: Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача, ўтган барча пайғамбарларга иймон келтирган ва уларнинг ёнларида туриб Аллоҳ таоло буюрган динга даъват қилишда ёрдамчи бўлган аввалги умматлар орасидаги пешқадам зотларнинг саноқларига нисбатан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари ўртасидаги пешқадам зотларнинг сонлари оздир.
وَقَل۪يلٌ مِنَ الْاٰخِر۪ينَۜ (١٤)
14. Муҳаммад умматларидан бўлган кейингилар эса озчиликдир.
عَلٰى سُرُرٍ مَوْضُونَةٍۙ (١٥)
15. Улар олтиндан тўқилган сўриларда ўтирадилар.
مُتَّكِـ۪ٔينَ عَلَيْهَا مُتَقَابِل۪ينَ (١٦)
16. Ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб ўтирадилар.
يَطُوفُ عَلَيْهِمْ وِلْدَانٌ مُخَلَّدُونَۙ (١٧)
17. Атрофларида эса мангу ёш йигитлар айланиб юрадилар.
بِاَكْوَابٍ وَاَبَار۪يقَ وَكَأْسٍ مِنْ مَع۪ينٍۙ (١٨)
18. Оқар чашмадан олинган шаробли қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан.
لَا يُصَدَّعُونَ عَنْهَا وَلَا يُنْزِفُونَۙ (١٩)
19. У майлардан уларнинг бошлари ҳам оғримайди, маст ҳам бўлмайдилар.
وَفَاكِهَةٍ مِمَّا يَتَخَيَّرُونَۙ (٢٠)
20. Яна ўзлари хоҳлаган мевалардан ейдилар.
وَلَحْمِ طَيْرٍ مِمَّا يَشْتَهُونَۜ (٢١)
21. Иштаҳалари тусаган қуш гўштлари билан ҳам айланиб турадилар.
وَحُورٌ ع۪ينٌۙ (٢٢)
22. Яна жаннат аҳли учун кўзлари катта ва тиниқ ҳурлар ҳам бордир.
كَاَمْثَالِ اللُّؤْلُؤِ۬ الْمَكْنُونِۚ (٢٣)
23. Улар худди яширилган дур кабидирлар.
جَزَٓاءً بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (٢٤)
24. Бу уларга дунёда қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.
لَا يَسْمَعُونَ ف۪يهَا لَغْوًا وَلَا تَأْث۪يمًاۙ (٢٥)
25. Жаннат аҳллари у ерда беҳуда ва гуноҳ сўзларни эшитмайдилар,
اِلَّا ق۪يلًا سَلَامًا سَلَامًا (٢٦)
26. Фақат “Салом-салом”, деган сўзини эшитадилар.
وَاَصْحَابُ الْيَم۪ينِ مَٓا اَصْحَابُ الْيَم۪ينِۜ (٢٧)
27. Ўнг томон эгалари – ўнг томон эгалари бўлмоқ қандай саодатдир!
ف۪ي سِدْرٍ مَخْضُودٍۙ (٢٨)
28. Улар тикансиз бутазорларда бўладилар.
وَطَلْحٍ مَنْضُودٍۙ (٢٩)
29. Мевалари тизилган бананзорларда бўладилар.
وَظِلٍّ مَمْدُودٍۙ (٣٠)
30. Ёйилган соя остида ўтирадилар.
وَمَٓاءٍ مَسْكُوبٍۙ (٣١)
31. Оқизиб қўйилган сув бўйида бўладилар.
وَفَاكِهَةٍ كَث۪يرَةٍۙ (٣٢)
32. Кўплаб мевалар орасидадирлар.
لَا مَقْطُوعَةٍ وَلَا مَمْنُوعَةٍۙ (٣٣)
33. Мевалар туганмас ва ейишдан ман қилинмагандир.
وَفُرُشٍ مَرْفُوعَةٍۜ (٣٤)
34. Шунингдек, улар баланд тўшалган кўрпачалар устидадирлар.
اِنَّٓا اَنْشَأْنَاهُنَّ اِنْشَٓاءًۙ (٣٥)
35. Биз у ҳурларни дафъатан махсус пайдо қилдик.
فَجَعَلْنَاهُنَّ اَبْكَارًاۙ (٣٦)
36. Кейин уларни бокира қизлар қилдик.
عُرُبًا اَتْرَابًاۙ (٣٧)
37. Улар ҳуснда жозибали ва ёшда тенгқурдирлар.
لِاَصْحَابِ الْيَم۪ينِۜ۟ (٣٨)
38. Мана булар ўнг томон эгалари бўлган жаннат аҳли учундир.
ثُلَّةٌ مِنَ الْاَوَّل۪ينَۙ (٣٩)
39. Ўнг томон эгалари аввалги умматлардан кўпчиликни ташкил қилади.
وَثُلَّةٌ مِنَ الْاٰخِر۪ينَۜ (٤٠)
40. Кейингиларидан ҳам кўпчилик жаннат аҳли бўлади.
وَاَصْحَابُ الشِّمَالِۙ مَٓا اَصْحَابُ الشِّمَالِۜ (٤١)
41. Чап томон эгалари – чап томон эгалари бўлмоқ қандай бахтсизликдир!
ف۪ي سَمُومٍ وَحَم۪يمٍۙ (٤٢)
42. Улар Самум шамоли ва қайноқ сув ичида бўладилар.
Изоҳ: Самум – жаҳаннамнинг иссиқ шамолидир.
وَظِلٍّ مِنْ يَحْمُومٍۙ (٤٣)
43. Қоп-қора тутун сояси остида бўладилар.
لَا بَارِدٍ وَلَا كَر۪يمٍ (٤٤)
44. У совуқ ҳам эмас ёқимли ҳам эмасдир.
اِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذٰلِكَ مُتْرَف۪ينَۚ (٤٥)
45. Шубҳасиз, улар бундан олдин дунёда маишатпараст эдилар.
وَكَانُوا يُصِرُّونَ عَلَى الْحِنْثِ الْعَظ۪يمِۚ (٤٦)
46. Бунинг устига катта гуноҳ қилишда оёқ тираб турар эдилар.
وَكَانُوا يَقُولُونَ اَئِذَا مِتْنَا وَكُنَّا تُرَابًا وَعِظَامًا ءَاِنَّا لَمَبْعُوثُونَۙ (٤٧)
47. Яна улар: “Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилтирилувчимизми?!” – дер эдилар.
اَوَاٰبَٓاؤُ۬نَا الْاَوَّلُونَ (٤٨)
48. Аввалги ота-боболаримиз ҳам тириладиларми?!
قُلْ اِنَّ الْاَوَّل۪ينَ وَالْاٰخِر۪ينَۙ (٤٩)
49. Эй Муҳаммад, уларга: “Албатта, аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам қайта тириладилар”, – деб айтинг.
لَمَجْمُوعُونَ اِلٰى م۪يقَاتِ يَوْمٍ مَعْلُومٍ (٥٠)
50. Маълум кундаги белгиланган вақтда, албатта, барчалари тўпланувчидирлар.
ثُمَّ اِنَّكُمْ اَيُّهَا الضَّٓالُّونَ الْمُكَذِّبُونَۙ (٥١)
51. Сўнгра сиз, эй адашганлар ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчилар!
لَاٰكِلُونَ مِنْ شَجَرٍ مِنْ زَقُّومٍۙ (٥٢)
52. Албатта, жаҳаннамдаги заққум дарахтидан егувчилар,
فَمَالِؤُ۫نَ مِنْهَا الْبُطُونَۚ (٥٣)
53. Ундан қоринларни тўлдирувчидирлар.
فَشَارِبُونَ عَلَيْهِ مِنَ الْحَم۪يمِۚ (٥٤)
54. Кейин унинг устига қайноқ сувдан ичувчилар.
فَشَارِبُونَ شُرْبَ الْه۪يمِۜ (٥٥)
55. Ичганда ҳам ташна туялар каби ичувчидирлар.
هٰذَا نُزُلُهُمْ يَوْمَ الدّ۪ينِۜ (٥٦)
56. Мана шу жазо кунидаги уларнинг “зиёфат”идир.
نَحْنُ خَلَقْنَاكُمْ فَلَوْلَا تُصَدِّقُونَ۟ (٥٧)
57. Эй инсонлар, сизларни ахир Биз яратдик-ку! Бас, яна қайта ярата олишимизга ишонмайсизларми?!
اَفَرَاَيْتُمْ مَا تُمْنُونَۜ (٥٨)
58. Сизлар хотинларингиз бачадонига тўкадиган маний ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
ءَاَنْتُمْ تَخْلُقُونَهُٓ اَمْ نَحْنُ الْخَالِقُونَ (٥٩)
59. Уни сизлар инсон қилиб яратасизларми ёки Биз яратувчимизми?!
Изоҳ: Инсон кўз ўнгида доимо такрорланиб турганлиги сабабли эътибор берилмайдиган буюк бир мўъжизадир. Наҳотки киши баданидан ажралиб чиқиб турадиган тер, кўз ёши каби бўлган бир томчи сувдан, яъни манийдан озгина муддат ўтгач, ўз-ўзидан эркак ё аёл жинсига мансуб, эшитувчи, кўрувчи бир инсон пайдо бўлиб қолса. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу иш қандай содир бўлди? Ахир бу инсон ўзининг суяклари, гўшти ва териси билан томирлари-ю, соч ва тирноқлари билан ҳамда фақат ўзигагина хос бўлган хулқи-табиати билан қаерга яшириниб олган эди?! Қайси бир доно одам бир томчи сув ўз-ўзидан мана шундай инсонга айланган дея олади? Ҳеч ким! Чунки маний она бачадонига тушиши биланоқ эр-хотиннинг иш-амали битган ҳисобланади. Улар ўша бир томчи сувдан ҳомила пайдо бўладими ёки йўқми билишга қодир эмаслар. Бу ёғи эса ёлғиз Яратганнинг хоҳишига ҳавола. Агар У Зот хоҳласа, Ўз қудрати билан бир хил хужайрадан иборат бўлган ўша манийдан инсоннинг жамийки аъзоларининг ҳар бири ўзига хос бўлган минг-минглаб ҳужайраларини пайдо қилади ва ҳар бир аъзонинг ҳужайрасига ўз вазифасини пайдо қилади ва унга жон киритади. Дарҳақиқат, бу илоҳий мўъжизада ақл юритувчи кишилар учун етарли ибратлар бордир.
نَحْنُ قَدَّرْنَا بَيْنَكُمُ الْمَوْتَ وَمَا نَحْنُ بِمَسْبُوق۪ينَۙ (٦٠)
60. Сизларнинг орангиздаги ўлимни ҳам Биз белгилаб қўйганмиз. Биздан асло ўзиб кетилмайди.
عَلٰٓى اَنْ نُبَدِّلَ اَمْثَالَكُمْ وَنُنْشِئَكُمْ ف۪ي مَا لَا تَعْلَمُونَ (٦١)
61. Биз ўрнингизга сизларга ўхшаганларни алмаштириб қўйишга ҳамда сизларни ўзларингиз билмайдиган ҳолатда қайта пайдо қилишга ҳам қодирмиз.
وَلَقَدْ عَلِمْتُمُ النَّشْاَةَ الْاُو۫لٰى فَلَوْلَا تَذَكَّرُونَ (٦٢)
62. Сизлар илк бор қандай пайдо бўлганингизни билдингиз-ку! Бас, ундан эслатма олмайсизларми?!
اَفَرَاَيْتُمْ مَا تَحْرُثُونَۜ (٦٣)
63. Сизлар экаётган экинларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!
ءَاَنْتُمْ تَزْرَعُونَهُٓ اَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ (٦٤)
64. Уни сизлар ундирасизларми ёки Биз ундирувчимизми?!
لَوْ نَشَٓاءُ لَجَعَلْنَاهُ حُطَامًا فَظَلْتُمْ تَفَكَّهُونَ (٦٥)
65. Агар Биз хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлар эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверган бўлар эдингиз.
اِنَّا لَمُغْرَمُونَۙ (٦٦)
66. “Бизлар зиён кўрувчилармиз”, – дер эдингиз.
بَلْ نَحْنُ مَحْرُومُونَ (٦٧)
67. Балки, бизлар ризқимиздан маҳрумдирмиз”, – деб надоматда қолар эдингиз.
اَفَرَاَيْتُمُ الْمَٓاءَ الَّذ۪ي تَشْرَبُونَۜ (٦٨)
68. Ўзингиз ичаётган сувни ўйлаб кўрдингизми?!
ءَاَنْتُمْ اَنْزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ اَمْ نَحْنُ الْمُنْزِلُونَ (٦٩)
69. Уни ёмғирли булутлардан сизлар туширдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?!
لَوْ نَشَٓاءُ جَعَلْنَاهُ اُجَاجًا فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ (٧٠)
70. Агар Биз хоҳласак, уни ичилмайдиган шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?!
اَفَرَاَيْتُمُ النَّارَ الَّت۪ي تُورُونَۜ (٧١)
71. Ўзингиз ёқаётган оловни ўйлаб кўрдингизми?!
ءَاَنْتُمْ اَنْشَأْتُمْ شَجَرَتَهَٓا اَمْ نَحْنُ الْمُنْشِؤُ۫نَ (٧٢)
72. Унинг дарахтини сизлар пайдо қилдингизми ёки Биз пайдо қилувчимизми?!
نَحْنُ جَعَلْنَاهَا تَذْكِرَةً وَمَتَاعًا لِلْمُقْو۪ينَۚ (٧٣)
73. Биз уни жаҳаннам ҳақида бир эслатма ва йўловчилар учун фойдаланадиган нарса қилиб қўйдик.
فَسَبِّحْ بِاسْمِ رَبِّكَ الْعَظ۪يمِ۟ (٧٤)
74. Бас, Эй Муҳаммад, улуғ Роббингиз номини поклаб тасбеҳ айтинг.
فَلَٓا اُقْسِمُ بِمَوَاقِعِ النُّجُومِۙ (٧٥)
75. Юлдузларнинг манзиллари билан қасамёд қиламан.
وَاِنَّهُ لَقَسَمٌ لَوْ تَعْلَمُونَ عَظ۪يمٌۙ (٧٦)
76. Агар билсангизлар, албатта бу буюк қасамдир.
اِنَّهُ لَقُرْاٰنٌ كَر۪يمٌۙ (٧٧)
77. Албатта, у Аллоҳ томонидан нозил бўлган Қуръони Каримдир.
ف۪ي كِتَابٍ مَكْنُونٍۙ (٧٨)
78. У Лавҳ ул-Маҳфуздаги сақланган китобдадир.
لَا يَمَسُّهُٓ اِلَّا الْمُطَهَّرُونَۜ (٧٩)
79. Бу Қуръонни фақат таҳоратли, пок кишиларгина ушлайдилар.
تَنْز۪يلٌ مِنْ رَبِّ الْعَالَم۪ينَ (٨٠)
80. У оламлар Роббиси томонидан нозил қилингандир.
اَفَبِهٰذَا الْحَد۪يثِ اَنْتُمْ مُدْهِنُونَۙ (٨١)
81. Бас, сизлар шу сўзга бепарволик қиляпсизларми?!
وَتَجْعَلُونَ رِزْقَكُمْ اَنَّكُمْ تُكَذِّبُونَ (٨٢)
82. Қуръонни ёлғонга чиқаришингизни ўз ризқингиз қилиб оляпсизларми?!
فَلَوْلَٓا اِذَا بَلَغَتِ الْحُلْقُومَۙ (٨٣)
83. Бас, қачонки, кишининг жони ҳалқумга етганида,
وَاَنْتُمْ ح۪ينَئِذٍ تَنْظُرُونَۙ (٨٤)
84. Ҳолбуки, ўша вақтда сизлар қараб турган бўласизлар.
وَنَحْنُ اَقْرَبُ اِلَيْهِ مِنْكُمْ وَلٰكِنْ لَا تُبْصِرُونَ (٨٥)
85. Биз эса унга сизлардан кўра яқинроқмиз, лекин сизлар буни кўрмайсизлар.
فَلَوْلَٓا اِنْ كُنْتُمْ غَيْرَ مَد۪ين۪ينَۙ (٨٦)
86. Бас, қани энди, сизлар қиёматда жазоланмайдиган бўлсангизлар,
تَرْجِعُونَهَٓا اِنْ كُنْتُمْ صَادِق۪ينَ (٨٧)
87. Қани, ростгўй бўлсангизлару, ўша жонни қайтара олсангизлар!
فَاَمَّٓا اِنْ كَانَ مِنَ الْمُقَرَّب۪ينَۙ (٨٨)
88. Бас, аммо ўша вафот этган кимса Аллоҳга яқинлардан бўлса,
فَرَوْحٌ وَرَيْحَانٌ وَجَنَّتُ نَع۪يمٍ (٨٩)
89. Унинг учун роҳат, райҳон хидлари ва неъматланиш жаннати бордир.
وَاَمَّٓا اِنْ كَانَ مِنْ اَصْحَابِ الْيَم۪ينِۙ (٩٠)
90. Энди, агар у ўнг томон эгаларидан бўлса,
فَسَلَامٌ لَكَ مِنْ اَصْحَابِ الْيَم۪ينِ (٩١)
91. Бас, эй саодатли банда, сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлсин!
وَاَمَّٓا اِنْ كَانَ مِنَ الْمُكَذِّب۪ينَ الضَّٓالّ۪ينَۙ (٩٢)
92. Лекин у динни ёлғонга чиқарувчи адашганлардан бўлса,
فَنُزُلٌ مِنْ حَم۪يمٍۙ (٩٣)
93. Бас, унга қайноқ сувдан иборат “зиёфат” бўлади.
وَتَصْلِيَةُ جَح۪يمٍۙ (٩٤)
94. Яна дўзахнинг тоблаши ҳам бордир.
اِنَّ هٰذَا لَهُوَ حَقُّ الْيَق۪ينِۚ (٩٥)
95. Албатта, бу зикр қилинган нарсалар айни ҳақиқатнинг ўзидир.
فَسَبِّحْ بِاسْمِ رَبِّكَ الْعَظ۪يمِ (٩٦)
96. Бас, улуғ Роббингизнинг номи билан тасбеҳ айтинг!

