НОЗИОТ СУРАСИ

Нозиот сураси 46 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Суранинг номи ўзининг биринчи сўзидан олингандир. “Нозиот” сўзи луғатда “суғуриб олувчилар”, деган маънони билдиради. Ушбу оятда эса бу сўз “Жонни суғуриб олувчи фаришталар”, деган маънони ифодалайди.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

وَالنَّازِعَاتِ غَرْقًاۙ (١)

1. Кофирларнинг жонларини баданлари қаъридан суғуриб оладиган фаришталарга қасам бўлсин.

وَالنَّاشِطَاتِ نَشْطًاۙ (٢)

2. Мўминларнинг жонларини осонлик билан чиқариб оладиган фаришталарга қасам бўлсин.

وَالسَّابِحَاتِ سَبْحًاۙ (٣)

3. Осмондан сузиб тушувчиларга қасам бўлсин.

فَالسَّابِقَاتِ سَبْقًاۙ (٤)

4. Ўз вазифаларини адо қилишда ўзиб юрувчиларга қасам бўлсин.

فَالْمُدَبِّرَاتِ اَمْرًاۢ (٥)

5. Аллоҳ буюрган барча иш тадбирини тузиб турувчи фаришталарга қасам бўлсинки, албатта, қайта тирилиб, ҳисобот берасизлар!

يَوْمَ تَرْجُفُ الرَّاجِفَةُۙ (٦)

6. У кунда сур биринчи марта чалиниши билан ларзага келувчи ер титрайди.

تَتْبَعُهَا الرَّادِفَةُۜ (٧)

7. Ортидан эргашувчи иккинчи бор сур овози эргашади.

قُلُوبٌ يَوْمَئِذٍ وَاجِفَةٌۙ (٨)

8. У кунда қалблар қўрқувга тушувчидир.

اَبْصَارُهَا خَاشِعَةٌۢ (٩)

9. Уларнинг кўзлари даҳшатдан қўрқувчидир.

يَقُولُونَ ءَاِنَّا لَمَرْدُودُونَ فِي الْحَافِرَةِۜ (١٠)

10. Улар бу дунёда: “Ҳақиқатан ҳам бизлар ўлгач аввалги ҳолатимизга қайтарилувчимизми?” – дер эдилар.

ءَاِذَا كُنَّا عِظَامًا نَخِرَةًۜ (١١)

11. Чирик суякларга айланиб қолган вақтимизда ҳамми?!

قَالُوا تِلْكَ اِذًا كَرَّةٌ خَاسِرَةٌۢ (١٢)

12. Улар истеҳзо билан: “Ундай бўлса, бу бизлар учун роса зиён қилувчи қайтиш-ку!” – дер эдилар.

فَاِنَّمَا هِيَ زَجْرَةٌ وَاحِدَةٌۙ (١٣)

13. Бас, у қайтиш фақат биргина қичқириқдир, холос.

فَاِذَا هُمْ بِالسَّاهِرَةِۜ (١٤)

14. Сўнгра улар бирдан тирилиб ер устида бўлиб қоладилар.

هَلْ اَتٰيكَ حَد۪يثُ مُوسٰىۢ (١٥)

15. Эй Муҳаммад, сизга Мусонинг хабари келдими?

اِذْ نَادٰيهُ رَبُّهُ بِالْوَادِ الْمُقَدَّسِ طُوًىۚ (١٦)

16. Ўшанда, Роббиси унга муқаддас Туво водийсида шундай нидо қилган эди:

اِذْهَبْ اِلٰى فِرْعَوْنَ اِنَّهُ طَغٰىۘ (١٧)

17. Эй Мусо, фиръавннинг олдига бор, албатта, у туғёнга кетди.

فَقُلْ هَلْ لَكَ اِلٰٓى اَنْ تَزَكّٰىۙ (١٨)

18. Бас, фиръавнга: “Сенинг куфрдан покланишга хоҳишинг борми?” – деб айтгин.

وَاَهْدِيَكَ اِلٰى رَبِّكَ فَتَخْشٰىۚ (١٩)

19. Мен сени Роббинг йўлига ҳидоят қилсам, шоядки, сен У зотдан қўрқсанг.

فَاَرٰيهُ الْاٰيَةَ الْكُبْرٰىۘ (٢٠)

20. Сўнг Мусо унга катта бир мўъжиза кўрсатди.

فَكَذَّبَ وَعَصٰىۘ (٢١)

21. Фиръавн уни ёлғонга чиқарди ва Аллоҳга осийлик қилди.

ثُمَّ اَدْبَرَ يَسْعٰىۘ (٢٢)

22. Сўнгра шошганча Мусодан юз ўгириб кетди.

فَحَشَرَ فَنَادٰىۘ (٢٣)

23. Сўнгра ўз одамларини тўплади ва жар солди:

فَقَالَ اَنَا۬ رَبُّكُمُ الْاَعْلٰىۘ (٢٤)

24. “Мен сизларнинг олий роббингизман”, – деди.

فَاَخَذَهُ اللّٰهُ نَكَالَ الْاٰخِرَةِ وَالْاُو۫لٰىۜ (٢٥)

25. Бас, Аллоҳ уни охират ва дунё азоби билан ушлади.

Изоҳ: Дунёдаги азоби унинг денгизга ғарқ қилиниши, охиратдагиси эса мангу дўзах азобидан иборатдир.

اِنَّ ف۪ي ذٰلِكَ لَعِبْرَةً لِمَنْ يَخْشٰىۜ۟ (٢٦)

26. Албатта, бу қиссада Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун катта ибрат бордир.

ءَاَنْتُمْ اَشَدُّ خَلْقًا اَمِ السَّمَٓاءُۜ بَنٰيهَا۠ (٢٧)

27. Эй мушриклар, сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! Албатта, Аллоҳ уни бино қилди.

رَفَعَ سَمْكَهَا فَسَوّٰيهَاۙ (٢٨)

28. Шифтини баланд қилиб, тиклади.

وَاَغْطَشَ لَيْلَهَا وَاَخْرَجَ ضُحٰيهَاۖ (٢٩)

29. Ҳамда у осмоннинг тунини қоронғи қилиб, ундан кундузини чиқарди.

وَالْاَرْضَ بَعْدَ ذٰلِكَ دَحٰيهَاۜ (٣٠)

30. Шундан кейин Ерни туяқуш тухуми шаклида ёйиб, текис қилди.

اَخْرَجَ مِنْهَا مَٓاءَهَا وَمَرْعٰيهَاۖ (٣١)

31. Ундан сувини ва ўт-ўланларини чиқарди.

وَالْجِبَالَ اَرْسٰيهَاۙ (٣٢)

32. Тоғларни эса мустаҳкам ўрнаштирди.

مَتَاعًا لَكُمْ وَلِاَنْعَامِكُمْۜ (٣٣)

33. Буларнинг барчаси сизларга ва чорва ҳайвонларингизга фойда бўлсин деб яратилган.

فَاِذَا جَٓاءَتِ الطَّٓامَّةُ الْكُبْرٰىۘ (٣٤)

34. Бас, қачон катта офат келганида,

يَوْمَ يَتَذَكَّرُ الْاِنْسَانُ مَا سَعٰىۙ (٣٥)

35. У кунда инсон ўз қилмишини эслаб қолади.

وَبُرِّزَتِ الْجَح۪يمُ لِمَنْ يَرٰى (٣٦)

36. Дўзах ҳар бир кўрадиган кишига кўрсатилади.

فَاَمَّا مَنْ طَغٰىۙ (٣٧)

37. Аммо кимки дунёда туғёнга кетган бўлса,

وَاٰثَرَ الْحَيٰوةَ الدُّنْيَاۙ (٣٨)

38. Ўткинчи дунё ҳаётини охиратдан устун қўйган бўлса,

فَاِنَّ الْجَح۪يمَ هِيَ الْمَأْوٰىۜ (٣٩)

39. Бас, у ҳолда, албатта, жаҳаннам унга жой бўлади!

وَاَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّه۪ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوٰىۙ (٤٠)

40. Аммо кимки Роббисининг ҳузурида туриши ва ҳисоб беришидан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса,

فَاِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوٰىۜ (٤١)

41. Бас, албатта, жаннат унга жой бўлади.

يَسْـَٔلُونَكَ عَنِ السَّاعَةِ اَيَّانَ مُرْسٰيهَاۜ (٤٢)

42. Эй Муҳаммад, мушриклар сиздан қиёмат қачон қоим бўлиши ҳақида сўрарлар.

ف۪يمَ اَنْتَ مِنْ ذِكْرٰيهَاۜ (٤٣)

43. Унинг зикрини сиз қаёқдан билардингиз?!

اِلٰى رَبِّكَ مُنْتَهٰيهَاۜ (٤٤)

44. Унинг интиҳоси фақат Роббингизга бориб тўхтайди.

اِنَّمَٓا اَنْتَ مُنْذِرُ مَنْ يَخْشٰيهَاۜ (٤٥)

45. Сиз фақат ундан қўрқадиган кишиларни огоҳлантирувчисиз.

كَاَنَّهُمْ يَوْمَ يَرَوْنَهَا لَمْ يَلْبَثُٓوا اِلَّا عَشِيَّةً اَوْ ضُحٰيهَا (٤٦)

46. Улар у қиёматни кўрган кунда бу дунёда худди бир оқшом ёки чошгоҳ пайтичалик тургандек бўладилар.