АБАСА СУРАСИ

Абаса сураси 42 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. “Абаса” сўзи “Юз буриштирди” деган маънони билдиради. Суранинг аввалида кўзи ожиз саҳобий Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг қиссалари келтирилади.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

عَبَسَ وَتَوَلّٰىۙ (١)

1. У юзини буриштирди ва юз ўгирди.

اَنْ جَٓاءَهُ الْاَعْمٰىۜ (٢)

2. Зеро, унинг ҳузурига кўзи ожиз одам келган эди.

Изоҳ: Келган одам Абдуллоҳ ибн Умми Мактум исмли кўзи ожиз киши эди. У Расулуллоҳнинг банд эканликларини сезмай ўзининг саволларига жавоб олишга ҳаракат қилади. Ундан малолланган Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари буришди ва саволларига жавоб ҳам бермадилар. Бу муомала ҳақ таолога хуш келмади ва мазкур оятлар билан танбеҳ берди. Танбеҳни ҳам: “Юзингни буриштирдинг” демасдан, “Юзини буриштирди”, – деб учинчи шахсда айтди. Бу эса унча қаттиқ ботмайди. Расулуллоҳнинг ўзлари олий хулқ эгаси бўлатуриб, бир кўзи ожиз одамга шундай хунук муомала қилдиларми, деган савол туғилиши мумкин. Йўқ, асло! Биринчидан, ўзлари Макка зодагонларини ҳидоят сари йўналтира оламанмикан, деб умид билан ҳаракат қилиб турганларида биров келиб ишидан чалғитган ҳолатни тасаввур қилиб кўринг. Бошқа ҳар қандай одам ул зотнинг ўрнида бўлганида ҳам уни жеркиб ташлаган бўлар эди. Лекин Расул соллоллоҳу алайҳи васаллам юзларини буриштириш билан кифояландилар. Буни у ожиз киши пайқагани ҳам йўқ. Лекин улуғларнинг озгина саҳву хатоси ҳам бошқаларга нисбатан катта ҳисобланади. Бинобарин, Аллоҳ таоло Ўз ҳабибини огоҳлантириб қўйди.

وَمَا يُدْر۪يكَ لَعَلَّهُ يَزَّكّٰىۙ (٣)

3. Эй Муҳаммад, сиз қаердан ҳам биласиз, эҳтимол, у сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан покланар.

اَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنْفَعَهُ الذِّكْرٰىۜ (٤)

4. Ёки эслатма олар ва бу эслатма унга фойда берар?!

اَمَّا مَنِ اسْتَغْنٰىۙ (٥)

5. Аммо бой кимсага эса,

فَاَنْتَ لَهُ تَصَدّٰىۜ (٦)

6. Бас, сиз эътибор бериб у томонга интиляпсиз.

وَمَا عَلَيْكَ اَلَّا يَزَّكّٰىۜ (٧)

7. Ҳолбуки, унинг ўз куфридан покланмаслиги сизга зарарли эмас эди.

وَاَمَّا مَنْ جَٓاءَكَ يَسْعٰىۙ (٨)

8. Аммо олдингизга шошилиб келган,

وَهُوَ يَخْشٰىۙ (٩)

9. Ҳамда у Аллоҳдан қўрққан ҳолида келган киши эди.

فَاَنْتَ عَنْهُ تَلَهّٰىۚ (١٠)

10. Бас, сиз ундан чалғимоқдасиз.

كَلَّٓا اِنَّهَا تَذْكِرَةٌۚ (١١)

11. Йўқ, бундай қилманг! Албатта, бу Қуръон оятлари эслатмадир.

فَمَنْ شَٓاءَ ذَكَرَهُۢ (١٢)

12. Бас, ким хоҳласа, уни зикр қилади.

ف۪ي صُحُفٍ مُكَرَّمَةٍۙ (١٣)

13. У оятлар Аллоҳ наздида мукаррам саҳифалардадир.

مَرْفُوعَةٍ مُطَهَّرَةٍۙ (١٤)

14. Қадри баланд, покиза саҳифалардадир.

بِاَيْد۪ي سَفَرَةٍۙ (١٥)

15. Котиб фаришталар қўлларидадир.

كِرَامٍ بَرَرَةٍۜ (١٦)

16. Улар ҳурматланган ва яхшилардир.

قُتِلَ الْاِنْسَانُ مَٓا اَكْفَرَهُۜ (١٧)

17. Ҳалок бўлгур инсон бунчалар кофир бўлмаса!

مِنْ اَيِّ شَيْءٍ خَلَقَهُۜ (١٨)

18. Аллоҳ уни қайси нарсадан яратди?!

مِنْ نُطْفَةٍۜ خَلَقَهُ فَقَدَّرَهُۙ (١٩)

19. Бир ҳақир нутфадан яратиб, сўнг унинг туғилиш вақтини белгилаб қўйди.

ثُمَّ السَّب۪يلَ يَسَّرَهُۙ (٢٠)

20. Сўнгра унга туғилишда она қорнидан чиқиш йўлини осон қилди.

ثُمَّ اَمَاتَهُ فَاَقْبَرَهُۙ (٢١)

21. Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киргизди.

ثُمَّ اِذَا شَٓاءَ اَنْشَرَهُ (٢٢)

22. Сўнгра Ўзи хоҳлаганда, уни яна қайта тирилтиради.

كَلَّا لَمَّا يَقْضِ مَٓا اَمَرَهُۙ (٢٣)

23. Йўқ, инсон Аллоҳ унга буюрган нарсани ҳануз адо қилмади.

فَلْيَنْظُرِ الْاِنْسَانُ اِلٰى طَعَامِه۪ۙ (٢٤)

24. Энди инсон ўзининг таомига ибрат кўзи билан назар солсин!

اَنَّا صَبَبْنَا الْمَٓاءَ صَبًّاۙ (٢٥)

25. Биз осмондан сувни мўл-кўл қилиб ёғдирдик.

ثُمَّ شَقَقْنَا الْاَرْضَ شَقًّاۙ (٢٦)

26. Сўнгра ерни ўзига хос қилиб ёрдик.

فَاَنْبَتْنَا ف۪يهَا حَبًّاۙ (٢٧)

27. Сўнгра унда донларни ундирдик.

وَعِنَبًا وَقَضْبًاۙ (٢٨)

28. Узум ва кўкатларни ўстирдик.

وَزَيْتُونًا وَنَخْلًاۙ (٢٩)

29. Зайтун ва хурмоларни ҳам ўстирдик.

وَحَدَٓائِقَ غُلْبًاۙ (٣٠)

30. Қалин дарахтзорли боғларни пайдо қилдик.

وَفَاكِهَةً وَاَبًّاۙ (٣١)

31. Мева-чева ва ўт-ўланларни ундирдик.

مَتَاعًا لَكُمْ وَلِاَنْعَامِكُمْۜ (٣٢)

32. Булар сизларга ва чорва ҳайвонларингизга фойда бўлиши учун.

فَاِذَا جَٓاءَتِ الصَّٓاخَّةُۘ (٣٣)

33. Бас, қачонки, қулоқларни кар қилувчи қичқириқ келганда,

يَوْمَ يَفِرُّ الْمَرْءُ مِنْ اَخ۪يهِۙ (٣٤)

34. Ўша кунда киши ўз ака-укасидан қочади.

وَاُمِّهِ وَاَب۪يهِۙ (٣٥)

35. Яна онаси ва отасидан ҳам қочади,

وَصَاحِبَتِه۪ وَبَن۪يهِۜ (٣٦)

36. Хотини ва ўғилларидан ҳам қочади.

لِكُلِّ امْرِئٍ مِنْهُمْ يَوْمَئِذٍ شَأْنٌ يُغْن۪يهِۜ (٣٧)

37. Чунки у кунда улардан ҳар бир кишини овора қилувчи ўз иши бўлади.

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ مُسْفِرَةٌۙ (٣٨)

38. У кунда баъзи юзлар ёруғ бўлади.

ضَاحِكَةٌ مُسْتَبْشِرَةٌۚ (٣٩)

39. Кулувчи ва хурсанд бўлади.

وَوُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ عَلَيْهَا غَبَرَةٌۙ (٤٠)

40. У кунда ғубор босган юзлар ҳам бўлади.

تَرْهَقُهَا قَتَرَةٌۜ (٤١)

41. У юзларни қаролик қоплагандир.

اُو۬لٰٓئِكَ هُمُ الْكَفَرَةُ الْفَجَرَةُ (٤٢)

42. Ана улар фисқу фужур қилувчи кофирларнинг ўзидир.