ФИЛ СУРАСИ
Фил сураси 5 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Фил сураси машҳур фил воқеаси ҳақида сўз юритади.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
اَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِاَصْحَابِ الْف۪يلِۜ (١)
1. Эй Муҳаммад, Роббингиз фил эгаларини нима қилганини кўрмадингизми?
اَلَمْ يَجْعَلْ كَيْدَهُمْ ف۪ي تَضْل۪يلٍۙ (٢)
2. Аллоҳ уларнинг макрларини зое кетказмадими?!
وَاَرْسَلَ عَلَيْهِمْ طَيْرًا اَبَاب۪يلَۙ (٣)
3. Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди.
تَرْم۪يهِمْ بِحِجَارَةٍ مِنْ سِجّ۪يلٍۖۙ (٤)
4. Сопол тошлар билан уларга отар эди.
فَجَعَلَهُمْ كَعَصْفٍ مَأْكُولٍ (٥)
5. Шундай қилиб, уларни қурт еб ташлаган сомондек қилиб юборди.
Изоҳ: Фил воқеасининг қисқача баёни шундай иборатки, милодий 570-йили Яман ҳокими Абраҳа ўзи кофир-мушрик бўлгани етмагандек, Маккадаги Каъбани зиёрат қилинишига ҳасад қилиб, Яманда бир зиёратгоҳ қурдирган ва одамларни уни зиёрат қилишга ундаган. Бир гуруҳ зиёратчилар келиб, унинг ичига турли ахлатлар ташлаб, ифлос бир ҳолга келтириб кетишган. Буни кўрган Абраҳа дарғазаб бўлиб ўз қўшини олдига фили даммор, яъни иморатларни бузишда фойдаланиладиган филни солиб йўлга тушади. Каъбага яқин қолганда Аллоҳ таоло улар устига бир гала қушларни юборади. Уларнинг ҳар бири тумшуғига қизитилган тош билан Абраҳа қўшинлари устига ёпирилиб келиб тош ёғдирадилар. Шу тариқа уларнинг ҳаммаси ер билан яксон бўлади. Бу йилнинг номини Омул-фил – Фил йили деб номланган. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам шу йили таваллуд топганлар.

