РАЪД СУРАСИ
Раъд сураси 43 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. “Раъд” сўзининг маъноси “момақалдироқ” дегани. Бу ном берилишига сабаб сурада барча мавжудот, ҳатто момақалдироқ ҳам Аллоҳнинг шаънини улуғлаб, Унга тасбеҳ айтиб туриши ҳақида оят борлигидир.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
الٓمٓرٰ۠ تِلْكَ اٰيَاتُ الْكِتَابِۜ وَالَّذ۪ٓي اُنْزِلَ اِلَيْكَ مِنْ رَبِّكَ الْحَقُّ وَلٰكِنَّ اَكْثَرَ النَّاسِ لَا يُؤْمِنُونَ (١)
1. Алиф, Лом, Мим, Ро. Булар муқаддас Китоб бўлган Қуръон оятларидир. Эй Муҳаммад, сизга нозил қилинган бу Қуръон айни ҳақиқатдир, лекин шунда ҳам одамларнинг кўпчилиги иймон келтирмайдилар.
Изоҳ: Қуръони Каримда бир неча сура мана шундай алоҳида ҳарфлар билан бошланади. Уламолар наздида ушбу ҳарфлар “Ҳуруфи муқаттаот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар ҳисобланиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир. Қуръонда ҳаммаси бўлиб 29 сура ана шундай ҳарфлар билан бошланган. Лекин баъзи тафсир олимлари ўз китобларида уларни изоҳлашга ҳаракат қилишган.
اَللّٰهُ الَّذ۪ي رَفَعَ السَّمٰوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا ثُمَّ اسْتَوٰى عَلَى الْعَرْشِ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَۜ كُلٌّ يَجْر۪ي لِاَجَلٍ مُسَمًّىۜ يُدَبِّرُ الْاَمْرَ يُفَصِّلُ الْاٰيَاتِ لَعَلَّكُمْ بِلِقَٓاءِ رَبِّكُمْ تُوقِنُونَ (٢)
2. Аллоҳ осмонларни уни кўриб турганингиздек устунсиз кўтариб қўйган, сўнгра Аршни эгаллаган ҳамда қуёш ва ойни Ўз амрига бўйсундирган Зотдир. Ҳар бири муайян муддат бўлган қиёмат кунигача юриб туради. Аллоҳ барча ишнинг тадбирини қилади ва оятларни батафсил баён қилади. Шоядки, сизлар қиёмат кунида Роббингизга рўбарў бўлишга аниқ ишонсангиз.
وَهُوَ الَّذ۪ي مَدَّ الْاَرْضَ وَجَعَلَ ف۪يهَا رَوَاسِيَ وَاَنْهَارًاۜ وَمِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ جَعَلَ ف۪يهَا زَوْجَيْنِ اثْنَيْنِ يُغْشِي الَّيْلَ النَّهَارَۜ اِنَّ ف۪ي ذٰلِكَ لَاٰيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ (٣)
3. У Зот Ерни ёйиб ва унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилгандир. У ердаги барча мевалардан иккитадан эркак-урғочи қилиб жуфт яратгандир. У тун билан кундузни қоплайди. Албатта, бу мисолларда фикр юритадиган қавм учун далиллар бордир.
Изоҳ: Аслида тафаккур қилиб кўрилса, бу оламда ҳамма нарса жуфт-жуфт қилиб яратилгани маълум бўлади: эркакнинг жуфти аёл, Қуёшнинг жуфти Ой, Ернинг жуфти осмон, куннинг жуфти тун, дунёнинг жуфти охират. Ушбу мантиқ тўғри бўлса, охиратнинг борлиги ҳам аниқдир. Ёлғизлик, фақат Аллоҳ таолога хосдир.
وَفِي الْاَرْضِ قِطَعٌ مُتَجَاوِرَاتٌ وَجَنَّاتٌ مِنْ اَعْنَابٍ وَزَرْعٌ وَنَخ۪يلٌ صِنْوَانٌ وَغَيْرُ صِنْوَانٍ يُسْقٰى بِمَٓاءٍ وَاحِدٍ۠ وَنُفَضِّلُ بَعْضَهَا عَلٰى بَعْضٍ فِي الْاُكُلِۜ اِنَّ ف۪ي ذٰلِكَ لَاٰيَاتٍ لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ (٤)
4. Ер юзида унумдор ва унумсиз бир-бирига қўшни тупроқ парчалари бор. Ҳамда узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган ва шохлаб кетмаган хурмолар бўлиб, барчаси бир сув билан суғорилади. Лекин бир хил сув билан суғорилса ҳам уларнинг емишларини таъмда баъзиларини баъзиларидан афзал қилиб қўямиз. Албатта, бунда ақл ишлатадиган қавм учун ибратлар бордир.
وَاِنْ تَعْجَبْ فَعَجَبٌ قَوْلُهُمْ ءَاِذَا كُنَّا تُرَابًا ءَاِنَّا لَف۪ي خَلْقٍ جَد۪يدٍۜ اُو۬لٰٓئِكَ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا بِرَبِّهِمْۚ وَاُو۬لٰٓئِكَ الْاَغْلَالُ ف۪ٓي اَعْنَاقِهِمْۚ وَاُو۬لٰٓئِكَ اَصْحَابُ النَّارِۚ هُمْ ف۪يهَا خَالِدُونَ (٥)
5. Эй Муҳаммад, агар бу ажойиб гўзалликлардан ҳайратга тушиб ажабланаётган бўлсангиз, унда у кофирларнинг: “Тупроқ бўлиб кетгач, янгидан яратиламизми?” – деган гаплари янада ажабланарлидир. Ана ўшалар Роббиларига куфр келтирганлардир. Қиёмат кунида ана уларнинг бўйинларида кишанлар бўлади. Ана ўшалар дўзах аҳли бўлиб, у ерда мангу қоладилар.
وَيَسْتَعْجِلُونَكَ بِالسَّيِّئَةِ قَبْلَ الْحَسَنَةِ وَقَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِمُ الْمَثُلَاتُۜ وَاِنَّ رَبَّكَ لَذُو مَغْفِرَةٍ لِلنَّاسِ عَلٰى ظُلْمِهِمْۚ وَاِنَّ رَبَّكَ لَشَد۪يدُ الْعِقَابِ (٦)
6. Эй Расулим, мушриклар ва мунофиқлар, сендан яхшиликдан олдин ёмонликни тезлаштиришни сўрайдилар. Ҳолбуки, улардан олдин ҳам ҳалокатга учраган қавмлар ҳақида кўплаб мисоллар ўтган. Лекин Роббинг уларнинг зулмига қарамай одамлар учун мағфират эгасидир. Шу билан бирга, шубҳасиз, Роббингиз азоби қаттиқ Зотдир.
Изоҳ: Оят Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломни масхаралаб: “Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Роббингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин” деганларидан кейин нозил бўлган. Одамлар ўзларидан кетиб ҳар қанча зулму ноҳақлик қилишга берилсалар ҳам, Аллоҳ уларни мағфират қилиши, яъни уларни азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин ғазабланиб азоблаганида, азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва улар ҳам қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисидаги масаллар ушбу оятда келтирилади.
وَيَقُولُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَوْلَٓا اُنْزِلَ عَلَيْهِ اٰيَةٌ مِنْ رَبِّه۪ۜ اِنَّمَٓا اَنْتَ مُنْذِرٌ وَلِكُلِّ قَوْمٍ هَادٍ۟ (٧)
7. Куфр келтирган кимсалар: “Унга Роббиси томонидан бирор мўъжиза туширилса эди”, – дейдилар. Эй Муҳаммад, сиз эса фақат уларни қиёмат азобидан огоҳлантирувчисиз. Ҳар бир қавм учун ҳидоятга етакловчиси бор.
اَللّٰهُ يَعْلَمُ مَا تَحْمِلُ كُلُّ اُنْثٰى وَمَا تَغ۪يضُ الْاَرْحَامُ وَمَا تَزْدَادُۜ وَكُلُّ شَيْءٍ عِنْدَهُ بِمِقْدَارٍ (٨)
8. Фақат Аллоҳ таологина ҳар бир аёлнинг ҳомиласини ўғилми-қизми, оқми-қорами нима кўтариб юрганини ва бачадонлар муддатидан илгари ташлайдиган болани ҳам, тўққиз ойдан ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билади. Унинг ҳузурида ҳар бир нарса ўлчов биландир.
Изоҳ: Она қорнида пайдо бўлган ҳомиланинг биринчи куниданоқ ўғил-қизлиги, шакл-шамойили, бўйи-басти ва бошқа хусусияти, фақатгина уни яратувчи Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир.
عَالِمُ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ الْكَب۪يرُ الْمُتَعَالِ (٩)
9. Аллоҳ махфий ва ошкора барча нарсани билувчи буюк ва юксак Зотдир.
سَوَٓاءٌ مِنْكُمْ مَنْ اَسَرَّ الْقَوْلَ وَمَنْ جَهَرَ بِه۪ وَمَنْ هُوَ مُسْتَخْفٍ بِالَّيْلِ وَسَارِبٌ بِالنَّهَارِ (١٠)
10. Сизлардан ким сўзини сир сақласа ёки уни ошкор қилса ва кечаси яширинган билан кундузи айланиб юрган ҳаммаси баробардир. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг илмидадир.
لَهُ مُعَقِّبَاتٌ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِه۪ يَحْفَظُونَهُ مِنْ اَمْرِ اللّٰهِۜ اِنَّ اللّٰهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتّٰى يُغَيِّرُوا مَا بِاَنْفُسِهِمْۜ وَاِذَٓا اَرَادَ اللّٰهُ بِقَوْمٍ سُٓوءًا فَلَا مَرَدَّ لَهُۚ وَمَا لَهُمْ مِنْ دُونِه۪ مِنْ وَالٍ (١١)
11. У инсоннинг олдида ҳам, орқасида ҳам таъқиб қилиб, кузатиб юрувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб турадилар. Шубҳасиз, бир қавм ўзидаги ҳолатни ўзгартирмагунча Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмайди. Агарда Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни раво кўрса, бас, уни орқага қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан Ўзга балодан сақлаб қолувчи ҳоким йўқдир.
Изоҳ: Ушбу оятда ислом ақидасидаги асосий рукнлардан бири ўз аксини топган: бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгариб, уларга синовлар берилаётган экан, бунга сабаб уларнинг бошидаги золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари ҳақ йўлидан тойиб, четга чиққанларидандир. Чунки ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозим эди. Ҳар бир қавм аввало ўзидаги камчилик ва нуқсонларни бартараф қилиши, ундан кейин Аллоҳдан яхшилик томонига ўзгаришни кутиши лозим. Охират мукофоти учун амали солиҳ керак бўлганидек, дунёвий бахт-саодатга эришиш учун ҳам унга сазовор бўлгудек саъй-ҳаракат ва покланиш даркор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадислари юқоридаги оятдаги масалага айнан мос келади: “Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга ҳам шундай ҳоким келур”.
هُوَ الَّذ۪ي يُر۪يكُمُ الْبَرْقَ خَوْفًا وَطَمَعًا وَيُنْشِئُ السَّحَابَ الثِّقَالَۚ (١٢)
12. Эй одамлар, У сизларга момоқалдироқнинг кучли овозидан хавф ва унинг натижасида ёмғир ёғишидан умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўрсатадиган ва оғир булутларни пайдо қиладиган Зотдир.
وَيُسَبِّحُ الرَّعْدُ بِحَمْدِه۪ وَالْمَلٰٓئِكَةُ مِنْ خ۪يفَتِه۪ۚ وَيُرْسِلُ الصَّوَاعِقَ فَيُص۪يبُ بِهَا مَنْ يَشَٓاءُ وَهُمْ يُجَادِلُونَ فِي اللّٰهِۚ وَهُوَ شَد۪يدُ الْمِحَالِۜ (١٣)
13. Момақалдироқ ҳам Унга ҳамд билан тасбеҳ айтади. Фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан тасбеҳ айтадилар. У Зот яшинларни юбориб, Ўзи хоҳлаган кишиларни улар Аллоҳ ҳақида талашиб-тортишиб турганларида у билан уради. Унинг азоб билан ушлаши қаттиқдир.
لَهُ دَعْوَةُ الْحَقِّۜ وَالَّذ۪ينَ يَدْعُونَ مِنْ دُونِه۪ لَا يَسْتَج۪يبُونَ لَهُمْ بِشَيْءٍ اِلَّا كَبَاسِطِ كَفَّيْهِ اِلَى الْمَٓاءِ لِيَبْلُغَ فَاهُ وَمَا هُوَ بِبَالِغِه۪ۜ وَمَا دُعَٓاءُ الْكَافِر۪ينَ اِلَّا ف۪ي ضَلَالٍ (١٤)
14. Ҳақиқий дуо, фақат Унга қилинади. Ундан бошқани қўйиб бутларига илтижо қилаётганларида у мушрикларнинг бирорта дуосини ижобат қилмайди. Улар худди икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етиб келишини кутиб турган одамга ўхшайдилар. Ваҳоланки, у сув унга етиб келувчи эмасдир. Кофирларнинг дуоси йўқотишдан бошқа нарса эмас.
وَلِلّٰهِ يَسْجُدُ مَنْ فِي السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ طَوْعًا وَكَرْهًا وَظِلَالُهُمْ بِالْغُدُوِّ وَالْاٰصَالِ (١٥)
15. Осмонлар ва Ердаги барча махлуқот ва уларнинг соялари ҳам хоҳ истасин, хоҳ истамасин эртаю кеч Аллоҳга сажда қилади.
Изоҳ: Мазкур оят сажда ояти ҳисобланади. Тирик бўлган ҳар бир инсоннинг сояси Аллоҳга сажда қилади. Мўминнинг сояси ўз хоҳиши билан, кофирники эса мажбуран сажда қилади. Оятда эртаю кеч жумласининг келтирилишига сабаби, соя эртадан кечгача бир қисқариб, бир узайиб туради. Шу ҳаракатлар Аллоҳга сажда маъносини беради.
قُلْ مَنْ رَبُّ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۜ قُلِ اللّٰهُۜ قُلْ اَفَاتَّخَذْتُمْ مِنْ دُونِه۪ٓ اَوْلِيَٓاءَ لَا يَمْلِكُونَ لِاَنْفُسِهِمْ نَفْعًا وَلَا ضَرًّاۜ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الْاَعْمٰى وَالْبَص۪يرُۙ اَمْ هَلْ تَسْتَوِي الظُّلُمَاتُ وَالنُّورُۚ اَمْ جَعَلُوا لِلّٰهِ شُرَكَٓاءَ خَلَقُوا كَخَلْقِه۪ فَتَشَابَهَ الْخَلْقُ عَلَيْهِمْۜ قُلِ اللّٰهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ وَهُوَ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ (١٦)
16. Эй Муҳаммад, уларга: “Осмонлар ва Ернинг Роббиси ким?” – деб айтинг. Кейин уларга: “Албатта, Аллоҳдир”, – деб жавоб беринг. Ҳамда уларга: “Бас, Уни қўйиб, ўзларига фойда ҳам зарар ҳам етказишга кучи етмайдиган бут ва санамларни дўстлар қилиб олдингизми?” – деб айтинг. Яна улардан: “Қалби кўр гумроҳ билан ҳидоят йўлини кўрувчи одам баробар бўладими? Ёки бўлмаса зулматлар билан нур баробар бўладими? Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У Зотга шерик қилиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар Аллоҳ томониданми ёки бут томониданми эканлиги номаълум бўлиб қолдими?” – деб айтинг. Эй Расулим, уларга: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У ёлғиз ва Ўз ишида ғолибдир”, – деб жавоб беринг.
اَنْزَلَ مِنَ السَّمَٓاءِ مَٓاءً فَسَالَتْ اَوْدِيَةٌ بِقَدَرِهَا فَاحْتَمَلَ السَّيْلُ زَبَدًا رَابِيًاۜ وَمِمَّا يُوقِدُونَ عَلَيْهِ فِي النَّارِ ابْتِغَٓاءَ حِلْيَةٍ اَوْ مَتَاعٍ زَبَدٌ مِثْلُهُۜ كَذٰلِكَ يَضْرِبُ اللّٰهُ الْحَقَّ وَالْبَاطِلَۜ فَاَمَّا الزَّبَدُ فَيَذْهَبُ جُفَٓاءًۚ وَاَمَّا مَا يَنْفَعُ النَّاسَ فَيَمْكُثُ فِي الْاَرْضِۜ كَذٰلِكَ يَضْرِبُ اللّٰهُ الْاَمْثَالَۜ (١٧)
17. Аллоҳ таоло осмондан сув ёғдиргач, водийларда ўз миқдорича сел оқиб тошади. Шунда сел ўз устига чиқиб қолган кўпикларни ҳам кўтариб келади. Одамлар зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун тоблаб ёқадиган оловлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик ва чиқинди пайдо бўлади. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай мисол билан баён қилади. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Одамларга фойда берадиган нарса эса ерда қолади. Аллоҳ ибратли мисолларни ана шу тарзда келтиради.
لِلَّذ۪ينَ اسْتَجَابُوا لِرَبِّهِمُ الْحُسْنٰىۜ وَالَّذ۪ينَ لَمْ يَسْتَج۪يبُوا لَهُ لَوْ اَنَّ لَهُمْ مَا فِي الْاَرْضِ جَم۪يعًا وَمِثْلَهُ مَعَهُ لَافْتَدَوْا بِه۪ۜ اُو۬لٰٓئِكَ لَهُمْ سُٓوءُ الْحِسَابِۙ وَمَأْوٰيهُمْ جَهَنَّمُۜ وَبِئْسَ الْمِهَادُ۟ (١٨)
18. Роббиларининг чақириғига лаббай деб жавоб берган кимсалар учун гўзал мукофот бўлган жаннат бордир. Бироқ Унга ижобат қилмаганлар эса, борди-ю Ер юзидаги барча нарса ҳатто у яна икки баробар кўпайиб уларники бўлса, уни Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун фидо қилган бўлар эдилар. Улар учун ҳисоб-китобнинг ёмони бўлади. Борар жойлари жаҳаннамдир ва у нақадар ёмон жойдир.
اَفَمَنْ يَعْلَمُ اَنَّمَٓا اُنْزِلَ اِلَيْكَ مِنْ رَبِّكَ الْحَقُّ كَمَنْ هُوَ اَعْمٰىۜ اِنَّمَا يَتَذَكَّرُ اُو۬لُوا الْاَلْبَابِۙ (١٩)
19. Эй Муҳаммад, сизга Роббингиздан нозил қилинган нарсанинг, шубҳасиз, ҳақ эканини биладиган кимса қалб кўзи кўр одам каби бўладими? Ундан фақатгина, ақл эгалари эслатма олади.
اَلَّذ۪ينَ يُوفُونَ بِعَهْدِ اللّٰهِ وَلَا يَنْقُضُونَ الْم۪يثَاقَۙ (٢٠)
20. Иймонли кимсалар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладилар ва Аллоҳ йўлида содиқ қолишга берган ваъдаларини бузмайдилар.
وَالَّذ۪ينَ يَصِلُونَ مَٓا اَمَرَ اللّٰهُ بِه۪ٓ اَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُٓوءَ الْحِسَابِۜ (٢١)
21. Улар Аллоҳнинг қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлашга доир буюрган ишларига амал қилиб ришталарни боғлайдилар, Роббиларидан қўрқадилар ва ҳисоб-китобнинг ёмон бўлишидан хавфсирайдилар.
وَالَّذ۪ينَ صَبَرُوا ابْتِغَٓاءَ وَجْهِ رَبِّهِمْ وَاَقَامُوا الصَّلٰوةَ وَاَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً وَيَدْرَؤُ۫نَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ اُو۬لٰٓئِكَ لَهُمْ عُقْبَى الدَّارِۙ (٢٢)
22. Улар Роббиларининг розилигини истаб турли машаққатларга сабр қиладиган, намозларини тўлиқ қоим қиладиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан билдирмай ва билдириб эҳсон қиладиган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган солиҳ кимсалардир. Айнан улар учун охират диёрининг гўзал оқибати бор.
جَنَّاتُ عَدْنٍ يَدْخُلُونَهَا وَمَنْ صَلَحَ مِنْ اٰبَٓائِهِمْ وَاَزْوَاجِهِمْ وَذُرِّيَّاتِهِمْ وَالْمَلٰٓئِكَةُ يَدْخُلُونَ عَلَيْهِمْ مِنْ كُلِّ بَابٍۚ (٢٣)
23. Бу охират диёри мангу Адн номли жаннатлари бўлиб унга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан бўлган мўмин ва солиҳ кимсалар билан кирадилар. Кейин уларнинг ҳузурларига ҳар бир эшикдан фаришталар кириб келадилар.
سَلَامٌ عَلَيْكُمْ بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِۜ (٢٤)
24. Аллоҳ йўлида ҳар қандай машаққатларга сабр қилиб ўтганларингиз учун энди бу ерда сизларга саломатлик бўлгай. Охират диёрининг оқибати нақадар яхши!
وَالَّذ۪ينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللّٰهِ مِنْ بَعْدِ م۪يثَاقِه۪ وَيَقْطَعُونَ مَٓا اَمَرَ اللّٰهُ بِه۪ٓ اَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْاَرْضِۙ اُو۬لٰٓئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُٓوءُ الدَّارِ (٢٥)
25. Аллоҳга берган ваъдасини мустаҳкамлаганидан кейин ҳақ ва яхшиликдан юз ўгириб уни бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига буюрган хайрли амалларни кесадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсаларга эса Аллоҳдан лаънат ва диёрнинг ёмони бўлган дўзах бордир.
اَللّٰهُ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَٓاءُ وَيَقْدِرُۜ وَفَرِحُوا بِالْحَيٰوةِ الدُّنْيَاۜ وَمَا الْحَيٰوةُ الدُّنْيَا فِي الْاٰخِرَةِ اِلَّا مَتَاعٌ۟ (٢٦)
26. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб қўяди ва хоҳлаган кишиларнинг ризқини тор қилиб қўяди. Мушриклар мана шу ўткинчи дунё ҳаёти билан хурсанд бўлиб юрдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаётининг хурсандчилиги охират олдида фақатгина бир арзимас матодир.
وَيَقُولُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَوْلَٓا اُنْزِلَ عَلَيْهِ اٰيَةٌ مِنْ رَبِّه۪ۜ قُلْ اِنَّ اللّٰهَ يُضِلُّ مَنْ يَشَٓاءُ وَيَهْد۪ٓي اِلَيْهِ مَنْ اَنَابَۚ (٢٧)
27. Куфр келтирган кимсалар: “У Муҳаммадга Роббиси томонидан бирор мўъжиза нозил қилинса эди”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни адаштиради ва Аллоҳга тавба қилиб қайтган кишиларни эса ҳидоят қилади”, – деб айтинг.
اَلَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللّٰهِۜ اَلَا بِذِكْرِ اللّٰهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُۜ (٢٨)
28. Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган кимсалардир. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором топади.
اَلَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ طُوبٰى لَهُمْ وَحُسْنُ مَاٰبٍ (٢٩)
29. Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун хушнудлик ва қайтиб бориладиган жойнинг энг гўзали – жаннат бордир.
كَذٰلِكَ اَرْسَلْنَاكَ ف۪ٓي اُمَّةٍ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهَٓا اُمَمٌ لِتَتْلُوَ۬ا عَلَيْهِمُ الَّذ۪ٓي اَوْحَيْنَٓا اِلَيْكَ وَهُمْ يَكْفُرُونَ بِالرَّحْمٰنِۜ قُلْ هُوَ رَبّ۪ي لَٓا اِلٰهَ اِلَّا هُوَۚ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَاِلَيْهِ مَتَابِ (٣٠)
30. Шундай қилиб, сизни ундан олдин ҳам кўплаб умматлар ўтган бир уммат ичига сизга ваҳий қилган Қуръонни тиловат қилиб беришингиз учун юбордик. Ҳолбуки, улар даъватга қулоқ тутмай Раҳмонни инкор қилар эдилар. Уларга: “У менинг Роббимдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Унинг Ўзига суяндим ва тавба қилишим ҳам ёлғиз Унгадир”, – деб айтинг.
وَلَوْ اَنَّ قُرْاٰنًا سُيِّرَتْ بِهِ الْجِبَالُ اَوْ قُطِّعَتْ بِهِ الْاَرْضُ اَوْ كُلِّمَ بِهِ الْمَوْتٰىۜ بَلْ لِلّٰهِ الْاَمْرُ جَم۪يعًاۜ اَفَلَمْ يَا۬يْـَٔسِ الَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اَنْ لَوْ يَشَٓاءُ اللّٰهُ لَهَدَى النَّاسَ جَم۪يعًاۜ وَلَا يَزَالُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا تُص۪يبُهُمْ بِمَا صَنَعُوا قَارِعَةٌ اَوْ تَحُلُّ قَر۪يبًا مِنْ دَارِهِمْ حَتّٰى يَأْتِيَ وَعْدُ اللّٰهِۜ اِنَّ اللّٰهَ لَا يُخْلِفُ الْم۪يعَادَ۟ (٣١)
31. Борди-ю бир Қуръон бўлиб унинг кучи билан тоғлар ўрнидан силжитилса ёки Ер парчаланадиган бўлса ёки бўлмаса ўликлар тирилиб тилга киритилса ҳам мана шу Қуръон бўлар эди. Аксинча, ишларнинг барчаси Аллоҳга хосдир. Наҳотки, ҳали ҳам иймон келтирганлар, агар Аллоҳ хоҳласа, барча одамларни ҳидоятга солар эди, деб тушунмаяптиларми? Кофир бўлганларга эса, Аллоҳнинг ваъдаси келгунча, қилган ишлари сабабли даҳшатли офат етиб тураверади ёки уларнинг юртлари яқинига фалокатлар тушиб кофирларни саросимага солиб туради. Шубҳасиз, Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмайди.
Изоҳ: Оят мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Агар ҳақиқий пайғамбар бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб уларнинг ўрнида дарё ва чашмалар пайдо қилгин. Ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин, улар тилга кириб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз”, – дея осийлик қилганларида нозил бўлган. Оят ичида келадиган қуйидаги жумлаларда: “Бирон мўъжиза кўрсатилса, мана шу мушриклар ҳам иймон келтирармиканлар”, – деб умидвор бўлган айрим саҳобаларга танбеҳ бериш мақсадида айтилади.
وَلَقَدِ اسْتُهْزِئَ بِرُسُلٍ مِنْ قَبْلِكَ فَاَمْلَيْتُ لِلَّذ۪ينَ كَفَرُوا ثُمَّ اَخَذْتُهُمْ۠ فَكَيْفَ كَانَ عِقَابِ (٣٢)
32. Эй Расулим, дарҳақиқат, сиздан олдинги пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилинганида, Мен пайғамбарларни ёлғончи қилиб куфр келтирган кимсаларга бир оз муҳлат бердим, кейин уларни азобим билан тутдим. Мана уларга берган жазоларим қандай бўлди?!
اَفَمَنْ هُوَ قَٓائِمٌ عَلٰى كُلِّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْۚ وَجَعَلُوا لِلّٰهِ شُرَكَٓاءَۜ قُلْ سَمُّوهُمْۜ اَمْ تُنَبِّؤُ۫نَهُ بِمَا لَا يَعْلَمُ فِي الْاَرْضِ اَمْ بِظَاهِرٍ مِنَ الْقَوْلِۜ بَلْ زُيِّنَ لِلَّذ۪ينَ كَفَرُوا مَكْرُهُمْ وَصُدُّوا عَنِ السَّب۪يلِۜ وَمَنْ يُضْلِلِ اللّٰهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ (٣٣)
33. Ҳар бир жон эгасининг қилаётган ишини кузатиб турувчи Зотни ҳеч нарсага қодир бўлмаган махлуқлар билан тенглаштириш мумкинми? Улар турли нарсаларни Аллоҳга шерик қилиб олдилар. Эй Расулим, уларга: “Қани, у бутларнинг номларини ва қила оладиган ишларини айтинглар-чи? Ёки Унга Ер юзидаги билмайдиган бирон нарсасининг хабарини берасизларми?! Ёки, фақат юзаки гап билан сўзларига ишониб, сиғиниб кетаверасизларми?” – деб айтинг. Аксинча, куфр келтирган кимсаларга ўзларининг макрлари чиройли кўрсатилди ва улар ҳақ йўлдан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан адаштирса, унинг учун бирор ҳидоят қилувчи йўқдир.
لَهُمْ عَذَابٌ فِي الْحَيٰوةِ الدُّنْيَا وَلَعَذَابُ الْاٰخِرَةِ اَشَقُّۚ وَمَا لَهُمْ مِنَ اللّٰهِ مِنْ وَاقٍ (٣٤)
34. Улар учун бу дунё ҳаётида азоб бордир. Охират азоби эса машаққатлироқдир. Уларни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қолувчи ҳеч қандай куч йўқдир.
مَثَلُ الْجَنَّةِ الَّت۪ي وُعِدَ الْمُتَّقُونَۜ تَجْر۪ي مِنْ تَحْتِهَا الْاَنْهَارُۜ اُكُلُهَا دَٓائِمٌ وَظِلُّهَاۜ تِلْكَ عُقْبَى الَّذ۪ينَ اتَّقَوْاۗ وَعُقْبَى الْكَافِر۪ينَ النَّارُ (٣٥)
35. Тақводор кишилар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли унинг тагидан анҳорлар оқиб туради, мевалари ва соялари доимийдир. Мана бу тақво қилган кимсаларнинг чиройли оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса мангу дўзахдир.
وَالَّذ۪ينَ اٰتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَفْرَحُونَ بِمَٓا اُنْزِلَ اِلَيْكَ وَمِنَ الْاَحْزَابِ مَنْ يُنْكِرُ بَعْضَهُۜ قُلْ اِنَّمَٓا اُمِرْتُ اَنْ اَعْبُدَ اللّٰهَ وَلَٓا اُشْرِكَ بِه۪ۜ اِلَيْهِ اَدْعُوا وَاِلَيْهِ مَاٰبِ (٣٦)
36. Биз Таврот ва Инжил Китобини берган кимсалар сизга нозил қилинган Қуръон сабабли хурсанд бўладилар. Бироқ яҳудий ва насронийлардан иборат гуруҳлар орасида Қуръоннинг баъзи бир қисмини инкор қиладиганлар ҳам бор. Эй Муҳаммад, уларга: “Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрилдим. Фақат ёлғиз Унга қул бўлишга даъват қиламан ва охири қайтар жойим ҳам Унинг ҳузуригадир”, – деб айтинг.
Изоҳ: Айрим ривоятларга кўра, яҳудий ва насронийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Нажоший каби кишилар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил бўлганидан хабар топишгач, ўзларининг китоблари Таврот ва Инжилдаги Аллоҳ таоло ўзининг охирги пайғамбарини юбориш ҳақида берган ваъдаси амалга ошганидан шодланишиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган.
وَكَذٰلِكَ اَنْزَلْنَاهُ حُكْمًا عَرَبِيًّاۜ وَلَئِنِ اتَّبَعْتَ اَهْوَٓاءَهُمْ بَعْدَ مَا جَٓاءَكَ مِنَ الْعِلْمِۙ مَا لَكَ مِنَ اللّٰهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا وَاقٍ۟ (٣٧)
37. Шунингдек, Биз бу Қуръонни олдин ўтган элчиларимизга ўз тилларида ваҳий қилганимиздек, арабий ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасам бўлсинки, агар сизга келган шу билимдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи истакларига эргашсангиз, сизга Аллоҳ томонидан бирор дўст ҳам, ҳимоячи ҳам йўқдир.
وَلَقَدْ اَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ وَجَعَلْنَا لَهُمْ اَزْوَاجًا وَذُرِّيَّةًۜ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ اَنْ يَأْتِيَ بِاٰيَةٍ اِلَّا بِاِذْنِ اللّٰهِۜ لِكُلِّ اَجَلٍ كِتَابٌ (٣٨)
38. Дарҳақиқат, сиздан аввал ҳам кўплаб пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз. Ҳеч бир пайғамбар учун Аллоҳнинг изнисиз бирор мўъжиза келтириш мумкин эмас. Ҳар бир вақт учун муносиб Китоб бордир.
يَمْحُوا اللّٰهُ مَا يَشَٓاءُ وَيُثْبِتُۚ وَعِنْدَهُٓ اُمُّ الْكِتَابِ (٣٩)
39. Аллоҳ нимани хоҳласа, унинг ҳукмини бекор қилади ва нимани хоҳласа, уни собит қилади. Китобнинг онаси бўлган Лавҳ ул-Маҳфуз Унинг ҳузуридадир.
وَاِنْ مَا نُرِيَنَّكَ بَعْضَ الَّذ۪ي نَعِدُهُمْ اَوْ نَتَوَفَّيَنَّكَ فَاِنَّمَا عَلَيْكَ الْبَلَاغُ وَعَلَيْنَا الْحِسَابُ (٤٠)
40. Эй Расулим, агар сизга у кофирларга ваъда қилганларимизнинг баъзиларини кўрсатсак ҳам ёки сизни бундан олдинроқ вафот эттирсак ҳам, албатта, сизнинг зиммангизда Исломни одамларга тўлиқ етказиш бордир. Бизнинг зиммамизда эса қиёмат куни ҳисоб-китоб қилиш бор.
اَوَلَمْ يَرَوْا اَنَّا نَأْتِي الْاَرْضَ نَنْقُصُهَا مِنْ اَطْرَافِهَاۜ وَاللّٰهُ يَحْكُمُ لَا مُعَقِّبَ لِحُكْمِه۪ۜ وَهُوَ سَر۪يعُ الْحِسَابِ (٤١)
41. Макка мушриклари Биз ерларига келиб, мусулмонларнинг аста-секин фатҳ қилиб келаётганлари сабабли уни атрофларидан қисқартириб бораётганимизни кўрмадиларми?! Аллоҳ Ўзи хоҳлаганича ҳукм қилади. Унинг ҳукмини кузатиб, таъқиб қилиб борувчи йўқ. У тез ҳисоб-китоб қилувчидир.
Изоҳ: Оятдаги “Ернинг атрофларидан қисқартириб бораётганимиз” жумласини баъзи бир замондош муфассир ва Исломни илмий тадқиқот қилувчилар Ер сайёрасининг қутблари йил сайин торайиб бораётгани билан изоҳлашган. Агарда бу илмий изланиш ҳақиқат бўладиган бўлса, Қуръоннинг яна бир мўъжизаси ўртага чиққан бўлади. Энг тўғриси, албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзига аён.
وَقَدْ مَكَرَ الَّذ۪ينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَلِلّٰهِ الْمَكْرُ جَم۪يعًاۜ يَعْلَمُ مَا تَكْسِبُ كُلُّ نَفْسٍۜ وَسَيَعْلَمُ الْكُفَّارُ لِمَنْ عُقْبَى الدَّارِ (٤٢)
42. Улардан аввалги яшаб ўтган кимсалар ҳам пайғамбарларига қарши макр қилганлар. Бироқ барча макрлар Аллоҳнинг измидадир. У Зот ҳар бир жон эгасининг қилаётган ишини билиб туради. Яқинда кофирлар охират диёрининг оқибати кимники эканини билиб оладилар.
Изоҳ: Бу ерда Аллоҳ таолога нисбатан макр сифатини нисбат бериш мажозий маънода бўлиб, уларнинг макрига жавобан бериладиган жазо ёки кўриладиган тадбир деб тушуниш лозим бўлади.
وَيَقُولُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَسْتَ مُرْسَلًاۜ قُلْ كَفٰى بِاللّٰهِ شَه۪يدًا بَيْن۪ي وَبَيْنَكُمْۙ وَمَنْ عِنْدَهُ عِلْمُ الْكِتَابِ (٤٣)
43. Куфр келтирган кимсалар сизга: “Сен Аллоҳ томонидан юборилган элчи эмассан”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Мен билан сизнинг орангизда Аллоҳнинг гувоҳлиги ва уларда Таврот, Инжил ва Қуръон китобининг илми бор кишилар гувоҳлиги кифоядир”, – деб айтинг.

