АЛАҚ СУРАСИ

Алақ сураси 19 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу суранинг номи ўзининг иккинчи оятидаги “алақ” сўзидан олинган. Алақ сўзи “Лахта қон”, “Қотиб қолган қон” деган маъноларни англатади.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

اِقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذ۪ي خَلَقَۚ (١)

1. Эй Муҳаммад, бутун борлиқни яратган Роббингиз номи билан ўқинг!

خَلَقَ الْاِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍۚ (٢)

2. У инсонни лахта қондан яратди.

اِقْرَأْ وَرَبُّكَ الْاَكْرَمُۙ (٣)

3. Ўқинг! Роббингиз эса энг карамли Зотдир.

اَلَّذ۪ي عَلَّمَ بِالْقَلَمِۙ (٤)

4. У инсонга қалам билан ёзишни ўргатган Зотдир.

عَلَّمَ الْاِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْۜ (٥)

5. У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди.

كَلَّٓا اِنَّ الْاِنْسَانَ لَيَطْغٰىۙ (٦)

6. Албатта, инсон туғёнга кетади.

اَنْ رَاٰهُ اسْتَغْنٰىۜ (٧)

7. Бунга сабаб ўзини бой деб санашидир.

اِنَّ اِلٰى رَبِّكَ الرُّجْعٰىۜ (٨)

8. Эй инсон, албатта, қайтишинг Роббинг ҳузуригадир.

اَرَاَيْتَ الَّذ۪ي يَنْهٰىۙ (٩)

9. Эй инсон, намоздан тўсаётган кимсани кўрдингми?

عَبْدًا اِذَا صَلّٰىۜ (١٠)

10. Бандани намоз ўқиётганида?!

اَرَاَيْتَ اِنْ كَانَ عَلَى الْهُدٰىۙ (١١)

11. Айтинг-чи, агар у намоз ўқувчи ўзи тўғри йўлда бўлса.

اَوْ اَمَرَ بِالتَّقْوٰىۜ (١٢)

12. Ёки ўзгаларни Аллоҳдан қўрқишга буюрса?!

اَرَاَيْتَ اِنْ كَذَّبَ وَتَوَلّٰىۜ (١٣)

13. Айтинг-чи, агар у намоздан тўсувчи кимса ҳақни инкор қилса ва у иймон келтиришдан юз ўгирса.

اَلَمْ يَعْلَمْ بِاَنَّ اللّٰهَ يَرٰىۜ (١٤)

14. Албатта, Аллоҳ унинг бу қилмишларини кўриб туришини билмайдими?!

Изоҳ: Оятлар кофир Абу Жаҳл хусусида нозил қилинган. У Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламга азият ва зарар етказишни ўз олдига олий мақсад қилиб қўйган бўлиб, ҳақ таоло бу танбеҳлар билан уни огоҳлантирган.

كَلَّا لَئِنْ لَمْ يَنْتَهِ۬ لَنَسْفَعًا بِالنَّاصِيَةِۙ (١٥)

15. Йўқ! Қасам бўлсинки, агар у бу йўлидан қайтмаса, албатта, Биз унинг пешона сочидан тутамиз.

نَاصِيَةٍ كَاذِبَةٍ خَاطِئَةٍۚ (١٦)

16. Ўша ёлғончи, хатокор кимсанинг пешона сочидан тутиб жаҳаннамга ташлаймиз!

فَلْيَدْعُ نَادِيَهُۙ (١٧)

17. Бас, у ўзининг жамоасини ёрдамга чақираверсин!

سَنَدْعُ الزَّبَانِيَةَۙ (١٨)

18. Биз эса азоб фаришталарини чақирамиз!

كَلَّاۜ لَا تُطِعْهُ وَاسْجُدْ وَاقْتَرِبْ (١٩)

19. Йўқ! Эй Муҳаммад, сиз унга итоат қилманг ва ёлғиз Аллоҳга сажда қилиб, Унга яқин бўлинг!

Изоҳ: Сажда ояти.