ҚАЛАМ СУРАСИ
Қалам сураси 52 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Бу суранинг номи унинг биринчи оятидаги “қалам” сўзидан олинган. Аллоҳ таоло унда қалам билан қасам ичган.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
نٓ وَالْقَلَمِ وَمَا يَسْطُرُونَۙ (١)
1. Нун. Қаламга ва у билан сатрларга ёзадиган нарсаларга қасам бўлсин.
مَٓا اَنْتَ بِنِعْمَةِ رَبِّكَ بِمَجْنُونٍۚ (٢)
2. Эй Муҳаммад, сиз Роббингизнинг неъмати боис мажнун эмасдирсиз.
وَاِنَّ لَكَ لَاَجْرًا غَيْرَ مَمْنُونٍۚ (٣)
3. Албатта, сизга сабр қилганингиз учун битмас-туганмас мукофот бордир.
وَاِنَّكَ لَعَلٰى خُلُقٍ عَظ۪يمٍ (٤)
4. Албатта, сиз буюк хулқ устидасиз!
Изоҳ: Оятдаги “буюк хулқ”нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар бор. Аввало хулқ бу ерда ўзининг асл маъносида ишлатилгани маъқул. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: “Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар. Сийрат ва шамоилларга доир асарлардаги маълумотлар ҳам шунга далолат қилади. Хуллас, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам комил инсон, буюк хулқ эгаси деб аталишига лойиқ эканликларида ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.
فَسَتُبْصِرُ وَيُبْصِرُونَۙ (٥)
5. Ҳали яқинда барчасини кўрасиз ва улар ҳам кўрадилар.
بِاَيِّكُمُ الْمَفْتُونُ (٦)
6. Қайсиларингиз мажнун эканингизни кўрасизлар.
اِنَّ رَبَّكَ هُوَ اَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَب۪يلِه۪ۖ وَهُوَ اَعْلَمُ بِالْمُهْتَد۪ينَ (٧)
7. Албатта, Роббингиз Унинг йўлидан озган кимсаларни яхши билувчидир ва У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билувчидир.
فَلَا تُطِعِ الْمُكَذِّب۪ينَ (٨)
8. Бас, эй Муҳаммад, сизни ёлғонга чиқарувчиларга итоат қилманг!
وَدُّوا لَوْ تُدْهِنُ فَيُدْهِنُونَ (٩)
9. Агар сиз муроса қилсангиз, улар ҳам муроса қилишни истайдилар.
وَلَا تُطِعْ كُلَّ حَلَّافٍ مَه۪ينٍۙ (١٠)
10. Эй Муҳаммад, ҳар қандай ҳақир ва қасамхўрга итоат қилманг.
هَمَّازٍ مَشَّٓاءٍ بِنَم۪يمٍۙ (١١)
11. Шунингдек, одамларни айбловчи ва чақимчилик қилиб юрувчига ҳам итоат қилманг.
مَنَّاعٍ لِلْخَيْرِ مُعْتَدٍ اَث۪يمٍۙ (١٢)
12. Яхшиликни ман қилувчи зиқна, тажовузкор, гуноҳкорга ҳам.
عُتُلٍّ بَعْدَ ذٰلِكَ زَن۪يمٍۙ (١٣)
13. Қўпол ва булардан ташқари бенасаб ҳаромига ҳам итоат қилманг.
اَنْ كَانَ ذَا مَالٍ وَبَن۪ينَۜ (١٤)
14. У мол-мулк ва ўғилларга эга бўлгани учун шундай қилади.
اِذَا تُتْلٰى عَلَيْهِ اٰيَاتُنَا قَالَ اَسَاط۪يرُ الْاَوَّل۪ينَ (١٥)
15. Қачонки, унга оятларимиз тиловат қилинса: “Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!” – дейди.
سَنَسِمُهُ عَلَى الْخُرْطُومِ (١٦)
16. Яқинда унинг тумшуғига тамға босиб қўямиз.
Изоҳ: Оятлар кофир Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлган. У Қуръон оятларини аввалгилардан қолган афсоналар, дер ва Пайғамбаримизга мажнун, деб туҳмат қилар эди. Аллоҳ таоло унинг бир эмас, тўққиз иллатини фош қилади. Шунда у мазкур иллатлардан саккизтасини рад эта олмайди, аммо тўққизинчи, бенасаб деган номни кўтара олмайди. Чунки Аллоҳ таоло Ўз ояти билан уни ошкор қилмагунча Валид ўзининг ҳароми эканлигидан бехабар эди. Бу шармандаликни ўзидан даф қилиш учун туққан онасини сўроққа тутганида онаси ҳақиқатан унинг зинодан бўлган бола эканлигини тан олади. Саҳобалардан ибни Аббос розияллоҳу анҳумонинг гувоҳлик беришича, Аллоҳ таоло Ўзи ваъда қилганидек, Валид Бадр жангида “тумшуғидан тамғаланади”, яъни бурнидан қилич еб, ўлгунча шу чандиғи билан юради.
اِنَّا بَلَوْنَاهُمْ كَمَا بَلَوْنَٓا اَصْحَابَ الْجَنَّةِۚ اِذْ اَقْسَمُوا لَيَصْرِمُنَّهَا مُصْبِح۪ينَۙ (١٧)
17. Албатта, Биз Макка аҳлини аввал боғ эгаларини синаганимиздек синаб кўрдик. Ўшанда улар, албатта, бу боғ ҳосилини эрта тонгда узиб оламиз деб қасам ичган эдилар.
Изоҳ: Оятларда Аллоҳ таоло ато этган неъматларга ношукурлик қилганлари учун бутун Макка аҳли қаҳатчилик ва очарчиликка мубтало қилинганлари баён этилиб, илгари ҳам Аллоҳ таоло имтиҳон қилиш учун берган ноз-неъматлардан камбағал-бечораларнинг ҳақларини бермасдан бахиллик қилганлари сабабли бир боғнинг эгалари барча нарсаларидан маҳрум бўлганлари тўғрисидаги бир ибратли қисса айтиб ўтилади. Қисса шундай эди: Маккадан унча узоқ бўлмаган Яман диёрида жуда катта мевали боғ эгаси бўлган бир киши ўтган эди. У ҳар йили ҳосил пишганида ундан камбағал-мискинларнинг ҳақ-улушларини ажратиб берарди. Лекин у киши вафот этгач, фарзандлари бошқа йўлни тутадилар.
وَلَا يَسْتَثْنُونَ (١٨)
18. Лекин Худо хоҳласа деб, истисно қилмаган эдилар.
فَطَافَ عَلَيْهَا طَٓائِفٌ مِنْ رَبِّكَ وَهُمْ نَٓائِمُونَ (١٩)
19. Бас, тунда улар уйқуда бўлган чоғларида, у боғ устида Роббингиз томонидан бўлмиш айланувчи офат айланиб чиқди.
فَاَصْبَحَتْ كَالصَّر۪يمِ (٢٠)
20. Бас, у боғ худди меваси териб олинганга ўхшаб қолди.
فَتَنَادَوْا مُصْبِح۪ينَۙ (٢١)
21. Улар тонг саҳарда бир-бирларини мева териш учун чақирдилар.
اَنِ اغْدُوا عَلٰى حَرْثِكُمْ اِنْ كُنْتُمْ صَارِم۪ينَ (٢٢)
22. “Агар ҳосилни термоқчи бўлсангиз, экинзорингизга бора қолинглар”, – дедилар.
فَانْطَلَقُوا وَهُمْ يَتَخَافَتُونَۙ (٢٣)
23. Сўнгра, паст овоз билан гаплашиб, юриб кетдилар.
اَنْ لَا يَدْخُلَنَّهَا الْيَوْمَ عَلَيْكُمْ مِسْك۪ينٌ (٢٤)
24. “Бугун боғда ҳосил тераётган вақтда тепангизга бирор мискин кириб қолмасин-да”, – дер эдилар.
وَغَدَوْا عَلٰى حَرْدٍ قَادِر۪ينَ (٢٥)
25. Улар ўзларича бу мақсадга қодир бўлган ҳолларида эрталаб боққа бордилар.
فَلَمَّا رَاَوْهَا قَالُٓوا اِنَّا لَضَٓالُّونَۙ (٢٦)
26. Бас, қачонки, у боғни кулга айланган ҳолда кўрган пайтларида, аввал: “Чиндан ҳам, бизлар бошқа боққа келиб, йўлдан адашиб қолдик, – дедилар.
بَلْ نَحْنُ مَحْرُومُونَ (٢٧)
27. Сўнгра улар: “Йўқ, бизлар боғимиздан маҳрум бўлибмиз”, – дедилар.
قَالَ اَوْسَطُهُمْ اَلَمْ اَقُلْ لَكُمْ لَوْلَا تُسَبِّحُونَ (٢٨)
28. Шунда уларнинг ўртаҳоли: “Мен сизларга Аллоҳга тасбеҳ айтмайсизларми, демаганмидим?!” – деди.
قَالُوا سُبْحَانَ رَبِّنَٓا اِنَّا كُنَّا ظَالِم۪ينَ (٢٩)
29. Улар кеч бўлса-да: “Роббимизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар ўзимизга зулм қилувчилар бўлдик”, – дедилар.
فَاَقْبَلَ بَعْضُهُمْ عَلٰى بَعْضٍ يَتَلَاوَمُونَ (٣٠)
30. Сўнгра улар бир-бирларига қараб, маломат қила бошладилар.
قَالُوا يَا وَيْلَنَٓا اِنَّا كُنَّا طَاغ۪ينَ (٣١)
31. Улар: “Ҳолимизга вой бўлсин! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи бўлган эканмиз”, – дедилар.
عَسٰى رَبُّنَٓا اَنْ يُبْدِلَنَا خَيْرًا مِنْهَٓا اِنَّٓا اِلٰى رَبِّنَا رَاغِبُونَ (٣٢)
32. Шоядки, Роббимиз бизларга бу боғдан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар, албатта, Роббимиз томон интилувчидирмиз.
كَذٰلِكَ الْعَذَابُۜ وَلَعَذَابُ الْاٰخِرَةِ اَكْبَرُۢ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ۟ (٣٣)
33. Азоб мана шундай бўлади! Албатта улар агар билсалар, охират азоби янада каттароқдир.
اِنَّ لِلْمُتَّق۪ينَ عِنْدَ رَبِّهِمْ جَنَّاتِ النَّع۪يمِ (٣٤)
34. Албатта, тақводорлар учун Роббилари ҳузурида неъматланиш жаннатлари бордир.
اَفَنَجْعَلُ الْمُسْلِم۪ينَ كَالْمُجْرِم۪ينَۜ (٣٥)
35. Ахир, Биз мусулмонларни жиноятчиларга ўхшатиб қўярмидик?!
مَا لَكُمْ۠ كَيْفَ تَحْكُمُونَۚ (٣٦)
36. Эй мушриклар, сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?!
اَمْ لَكُمْ كِتَابٌ ف۪يهِ تَدْرُسُونَۙ (٣٧)
37. Ёки сизларнинг қўлингизда осмондан туширилган бирор китоб бўлиб, ундан ўрганяпсизларми?!
اِنَّ لَكُمْ ف۪يهِ لَمَا تَخَيَّرُونَۚ (٣٨)
38. Ёки унда сизлар учун ўзларингиз хоҳлаган нарса борми?!
اَمْ لَكُمْ اَيْمَانٌ عَلَيْنَا بَالِغَةٌ اِلٰى يَوْمِ الْقِيٰمَةِۙ اِنَّ لَكُمْ لَمَا تَحْكُمُونَۚ (٣٩)
39. Ёки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: “Ўзларингиз ҳукм қилган нарса сизларники бўлади”, – деган то қиёмат кунигача етадиган қасамлар борми?!
سَلْهُمْ اَيُّهُمْ بِذٰلِكَ زَع۪يمٌۚۛ (٤٠)
40. Эй Муҳаммад, улардан сўранг-чи, қайсилари бу беҳуда даъволарининг ҳақ эканлигига кафил бўла олар эканлар?!
اَمْ لَهُمْ شُرَكَٓاءُۚۛ فَلْيَأْتُوا بِشُرَكَٓائِهِمْ اِنْ كَانُوا صَادِق۪ينَ (٤١)
41. Ёки уларнинг бу даъволарини тасдиқлайдиган шериклари бордир?! У ҳолда ростгўй бўлсалар, ўша шерикларини олиб келсинлар!
يَوْمَ يُكْشَفُ عَنْ سَاقٍ وَيُدْعَوْنَ اِلَى السُّجُودِ فَلَا يَسْتَط۪يعُونَۙ (٤٢)
42. Болдирлар очилиб ишлар қийинлашадиган ва сажда қилишга чақирилганда, лекин саждага кучлари етмай қоладиган кунни эсланг!
خَاشِعَةً اَبْصَارُهُمْ تَرْهَقُهُمْ ذِلَّةٌۜ وَقَدْ كَانُوا يُدْعَوْنَ اِلَى السُّجُودِ وَهُمْ سَالِمُونَ (٤٣)
43. Ўшанда уларнинг кўзлари қўрқинчда ва уларни хорлик эгаллаган бўлади. Улар дунё ҳаётида соғлом бўлган ҳолларида сажда қилишга чақирилган эдилар.
فَذَرْن۪ي وَمَنْ يُكَذِّبُ بِهٰذَا الْحَد۪يثِۜ سَنَسْتَدْرِجُهُمْ مِنْ حَيْثُ لَا يَعْلَمُونَۙ (٤٤)
44. Бас, эй Муҳаммад, ушбу сўзни ёлғонга чиқарадиган кимсаларни Менга қўйиб беринг! Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган томондан аста-секин тутиб ҳалокатга дучор қиламиз.
وَاُمْل۪ي لَهُمْۜ اِنَّ كَيْد۪ي مَت۪ينٌ (٤٥)
45. Мен уларга гуноҳларини кўпайтиришлари учун муҳлат бериб тураман. Зеро, Менинг “макрим” жуда қаттиқдир.
اَمْ تَسْـَٔلُهُمْ اَجْرًا فَهُمْ مِنْ مَغْرَمٍ مُثْقَلُونَۚ (٤٦)
46. Эй Муҳаммад, ёки сиз улардан даъватингиз учун, ҳақ сўряпсиз-у, улар тўловдан қийналиб қолганларми?!
اَمْ عِنْدَهُمُ الْغَيْبُ فَهُمْ يَكْتُبُونَ (٤٧)
47. Ёки уларни олдиларида ғайб илми бор-у, улар айтаётган сўзларини ундан ёзиб оляптиларми?!
فَاصْبِرْ لِحُكْمِ رَبِّكَ وَلَا تَكُنْ كَصَاحِبِ الْحُوتِۢ اِذْ نَادٰى وَهُوَ مَكْظُومٌۜ (٤٨)
48. Бас, эй Муҳаммад, Роббингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва наҳанг балиғи соҳиби Юнус пайғамбар сингари бесабр бўлманг! Қайсики, у балиқ қорнида туриб ғамга тўлган ҳолда Роббисига нидо қилган эди.
لَوْلَٓا اَنْ تَدَارَكَهُ نِعْمَةٌ مِنْ رَبِّه۪ لَنُبِذَ بِالْعَرَٓاءِ وَهُوَ مَذْمُومٌ (٤٩)
49. Агар унга Роббиси томонидан неъмат етмаганида, албатта, мазамматга қолган ҳолида қуруқликка улоқтирилган бўлар эди.
فَاجْتَبٰيهُ رَبُّهُ فَجَعَلَهُ مِنَ الصَّالِح۪ينَ (٥٠)
50. Бас, Роббиси уни яна танлаб олди ва солиҳ пайғамбарлардан қилди.
وَاِنْ يَكَادُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَيُزْلِقُونَكَ بِاَبْصَارِهِمْ لَمَّا سَمِعُوا الذِّكْرَ وَيَقُولُونَ اِنَّهُ لَمَجْنُونٌۢ (٥١)
51. Албатта, куфр келтирган кимсалар эслатма бўлиб келган Қуръонни эшитган вақтларида, Сизни кўзлари билан йиқитишларига оз қолар эди ва “У аниқ мажнундир”, – дейдилар.
وَمَا هُوَ اِلَّا ذِكْرٌ لِلْعَالَم۪ينَ (٥٢)
52. Ҳолбуки, у Қуръон барча оламлар учун эслатмадир.

