ҲАЖ СУРАСИ
Ҳаж сураси 78 оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. Ушбу сура Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлиб, ҳажга даъват қилганларининг хабарини бергани учун ҳам “Ҳаж” номини олган. Шунингдек, унда ҳаж ибодатига оид масалалар ҳам баён қилинади.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْۚ اِنَّ زَلْزَلَةَ السَّاعَةِ شَيْءٌ عَظ۪يمٌ (١)
1. Эй инсонлар, Роббингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат соатининг даҳшатли зилзиласи улкан нарсадир.
يَوْمَ تَرَوْنَهَا تَذْهَلُ كُلُّ مُرْضِعَةٍ عَمَّٓا اَرْضَعَتْ وَتَضَعُ كُلُّ ذَاتِ حَمْلٍ حَمْلَهَا وَتَرَى النَّاسَ سُكَارٰى وَمَا هُمْ بِسُكَارٰى وَلٰكِنَّ عَذَابَ اللّٰهِ شَد۪يدٌ (٢)
2. Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизувчи она эмизиб турган боласини унутиб қочади ва қўрқувдан ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини тушириб юборади. Одамларни маст бўлмагани ҳолда уларни маст аҳволда кўрасиз. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يُجَادِلُ فِي اللّٰهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَيَتَّبِعُ كُلَّ شَيْطَانٍ مَر۪يدٍۙ (٣)
3. Одамлар орасида Аллоҳ ҳақида билмасдан тортишадиган ва ҳар қандай итоатсиз шайтонга эргашиб кетадиган кимсалар ҳам бор.
كُتِبَ عَلَيْهِ اَنَّهُ مَنْ تَوَلَّاهُ فَاَنَّهُ يُضِلُّهُ وَيَهْد۪يهِ اِلٰى عَذَابِ السَّع۪يرِ (٤)
4. Унга ўзини дўст тутган кимсани, албатта, тўғри йўлдан оздириш ва дўзах азобига бошлаш ёзиб қўйилган.
يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ اِنْ كُنْتُمْ ف۪ي رَيْبٍ مِنَ الْبَعْثِ فَاِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ مِنْ نُطْفَةٍ ثُمَّ مِنْ عَلَقَةٍ ثُمَّ مِنْ مُضْغَةٍ مُخَلَّقَةٍ وَغَيْرِ مُخَلَّقَةٍ لِنُبَيِّنَ لَكُمْۜ وَنُقِرُّ فِي الْاَرْحَامِ مَا نَشَٓاءُ اِلٰٓى اَجَلٍ مُسَمًّى ثُمَّ نُخْرِجُكُمْ طِفْلًا ثُمَّ لِتَبْلُغُٓوا اَشُدَّكُمْۚ وَمِنْكُمْ مَنْ يُتَوَفّٰى وَمِنْكُمْ مَنْ يُرَدُّ اِلٰٓى اَرْذَلِ الْعُمُرِ لِكَيْلَا يَعْلَمَ مِنْ بَعْدِ عِلْمٍ شَيْـًٔاۜ وَتَرَى الْاَرْضَ هَامِدَةً فَاِذَٓا اَنْزَلْنَا عَلَيْهَا الْمَٓاءَ اهْتَزَّتْ وَرَبَتْ وَاَنْبَتَتْ مِنْ كُلِّ زَوْجٍ بَه۪يجٍ (٥)
5. Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, унда қаранг, Биз сизларга Аллоҳнинг қудратини баён қилиш учун сизларнинг отангиз Одамни тупроқдан, сўнгра Одам наслини манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра шаклланиб битган ва битмаган бир парча гўштдан яратдик. Биз сизларни хоҳлаганимизча муайян вақтга бачадонларда қолдириб, кейин чақалоқ ҳолингизда дунёга чиқарамиз, сўнгра вояга етгунингизгача парвариш қиламиз. Сизлардан гўдаклик ва ёшликда вафот этадиганлар ва яна сизлардан кўп нарса билганидан кейин қариб ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етиб келадиганлар ҳам бор. Ерни сувсиз қақраб ётган ҳолда кўрасиз, агар қачон унга осмондан сув ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчийди. Кейин ҳар хил гўзал ўсимлик жуфтларини ундириб чиқаради.
ذٰلِكَ بِاَنَّ اللّٰهَ هُوَ الْحَقُّ وَاَنَّهُ يُحْيِ الْمَوْتٰى وَاَنَّهُ عَلٰى كُلِّ شَيْءٍ قَد۪يرٌۙ (٦)
6. Булар, Аллоҳ, албатта, ҳақ экани ва Унинг Ўзи қиёматда ўликларни қайта тирилтириши ҳамда У барча нарсага қодир эканидан далолатдир.
وَاَنَّ السَّاعَةَ اٰتِيَةٌ لَا رَيْبَ ف۪يهَاۙ وَاَنَّ اللّٰهَ يَبْعَثُ مَنْ فِي الْقُبُورِ (٧)
7. Албатта, қиёмат соати, шубҳасиз, келувчидир ва албатта, Аллоҳ қабрдагиларнинг барчасини тирилтиради.
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يُجَادِلُ فِي اللّٰهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَلَا هُدًى وَلَا كِتَابٍ مُن۪يرٍۙ (٨)
8. Одамлар орасида Аллоҳ ҳақида илмсиз, ҳидоятсиз ва бир нурли китобсиз ҳолда тортишадиганлари ҳам бор.
ثَانِيَ عِطْفِه۪ لِيُضِلَّ عَنْ سَب۪يلِ اللّٰهِۜ لَهُ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَنُذ۪يقُهُ يَوْمَ الْقِيٰمَةِ عَذَابَ الْحَر۪يقِ (٩)
9. Ҳақ йўлдан бўйин товлаб, бошқаларни ҳам Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун юрадиганлари ҳам бор. Ундайлар учун бу дунёда шармандалик бор, қиёмат кунида эса унга ёниш азобини тоттирамиз.
ذٰلِكَ بِمَا قَدَّمَتْ يَدَاكَ وَاَنَّ اللّٰهَ لَيْسَ بِظَلَّامٍ لِلْعَب۪يدِ۟ (١٠)
10. Бу азоб ўз қўлларинг билан қилган гуноҳинг сабабидандир. Зеро, Аллоҳ бандаларига асло зулм қилувчи эмасдир.
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَعْبُدُ اللّٰهَ عَلٰى حَرْفٍۚ فَاِنْ اَصَابَهُ خَيْرٌۨ اطْمَاَنَّ بِه۪ۚ وَاِنْ اَصَابَتْهُ فِتْنَةٌۨ انْقَلَبَ عَلٰى وَجْهِه۪۠ خَسِرَ الدُّنْيَا وَالْاٰخِرَةَۜ ذٰلِكَ هُوَ الْخُسْرَانُ الْمُب۪ينُ (١١)
11. Одамлар орасида Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиган кимсалар ҳам бор. Борди-ю унга бирор-бир яхшилик етса, у сабабли кўнгли хотиржам бўлади, агар бирор бало етса, диндан юз ўгириб кетади. У бу дунёда ҳам охиратда ҳам зиён кўрди. Мана бу эса очиқ-ойдин зиёндир.
يَدْعُوا مِنْ دُونِ اللّٰهِ مَا لَا يَضُرُّهُ وَمَا لَا يَنْفَعُهُۜ ذٰلِكَ هُوَ الضَّلَالُ الْبَع۪يدُ (١٢)
12. У, Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам бермайдиган, фойда ҳам келтирмайдиган нарсаларга илтижо қилар эди. Мана бу энг тубан залолатдир.
يَدْعُوا لَمَنْ ضَرُّهُٓ اَقْرَبُ مِنْ نَفْعِه۪ۜ لَبِئْسَ الْمَوْلٰى وَلَبِئْسَ الْعَش۪يرُ (١٣)
13. Ана улар фойдасидан кўра зарари яқинроқ бўлганга илтижо қиладилар. Улар қандай ҳам ёмон ёрдамчи ва қандай ҳам ёмон ҳамроҳ!
اِنَّ اللّٰهَ يُدْخِلُ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ جَنَّاتٍ تَجْر۪ي مِنْ تَحْتِهَا الْاَنْهَارُۜ اِنَّ اللّٰهَ يَفْعَلُ مَا يُر۪يدُ (١٤)
14. Албатта, Аллоҳ иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни тагидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Албатта, Аллоҳ нимани хоҳласа ўшани қилади.
مَنْ كَانَ يَظُنُّ اَنْ لَنْ يَنْصُرَهُ اللّٰهُ فِي الدُّنْيَا وَالْاٰخِرَةِ فَلْيَمْدُدْ بِسَبَبٍ اِلَى السَّمَٓاءِ ثُمَّ لْيَقْطَعْ فَلْيَنْظُرْ هَلْ يُذْهِبَنَّ كَيْدُهُ مَا يَغ۪يظُ (١٥)
15. Кимки дунё ва охиратда Аллоҳ ўз пайғамбарига асло ёрдам қилмайди, деб гумон қилса, бир арқон билан баландликка осилиб, сўнгра оёғини узсин. Кейин назар солиб кўрсинчи, унинг бу найрангги ғазабини кетказа оладими?!
Изоҳ: Оятнинг мазмуни: Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва Ислом динига ёрдам-ғалаба бермайди, деб ўйлаб юрадиган кимсалар яхшиси бир дор ясаб ўзларини осганлари маъқул. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган ғалабасини кўриб у кимсаларнинг бошлари қайғудан чиқмай қолиши мумкин.
وَكَذٰلِكَ اَنْزَلْنَاهُ اٰيَاتٍ بَيِّنَاتٍۙ وَاَنَّ اللّٰهَ يَهْد۪ي مَنْ يُر۪يدُ (١٦)
16. Биз бу Қуръонни мана шундай баён қилувчи оятлар билан нозил қилдик. Аллоҳ ўзи истаган кишиларни тўғри йўлга бошлайди.
اِنَّ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَالَّذ۪ينَ هَادُوا وَالصَّابِـ۪ٔينَ وَالنَّصَارٰى وَالْمَجُوسَ وَالَّذ۪ينَ اَشْرَكُواۗ اِنَّ اللّٰهَ يَفْصِلُ بَيْنَهُمْ يَوْمَ الْقِيٰمَةِۜ اِنَّ اللّٰهَ عَلٰى كُلِّ شَيْءٍ شَه۪يدٌ (١٧)
17. Шубҳасиз, Аллоҳ қиёмат кунида иймон келтирган кимсалар, яҳудий динида бўлганлар, собиийлар деб аталган эътиқодда бўлганлар, насроний динида бўлганлар, мажусий оташпарастлар ва ширк келтирганларнинг ораларида, албатта, ҳукм қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага шоҳиддир.
Изоҳ: Ушбу оятда келган собиийлар деб аталган тоифа ҳақида турли фикрлар мавжуд бўлиб, баъзилар уларни яҳудий ва насроний динларидан воз кечиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф динини давом эттирган тоифа деб аташган. Баъзилар эса уларни Яҳё пайғамбарга эргашганлар дейишган яна бошқалари эса, уларни юлдузларга сиғинувчилар деб аташган.
اَلَمْ تَرَ اَنَّ اللّٰهَ يَسْجُدُ لَهُ مَنْ فِي السَّمٰوَاتِ وَمَنْ فِي الْاَرْضِ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ وَالنُّجُومُ وَالْجِبَالُ وَالشَّجَرُ وَالدَّوَٓابُّ وَكَث۪يرٌ مِنَ النَّاسِۜ وَكَث۪يرٌ حَقَّ عَلَيْهِ الْعَذَابُۜ وَمَنْ يُهِنِ اللّٰهُ فَمَا لَهُ مِنْ مُكْرِمٍۜ اِنَّ اللّٰهَ يَفْعَلُ مَا يَشَٓاءُ (١٨)
18. Эй Расулим, осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар ва барча жониворлар ҳамда инсонларнинг кўпчилиги ёлғиз Аллоҳга сажда қилаётганини кўрмадингизми? Одамларнинг кўпчилигига эса куфр келтирганлари учун азоб ҳақ бўлган эди. Аллоҳ кимни хор қилса, бас, уни азиз қилувчи йўқдир. Албатта, Аллоҳ нимани хоҳласа ўшани қилади.
Изоҳ: Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир.
هٰذَانِ خَصْمَانِ اخْتَصَمُوا ف۪ي رَبِّهِمْۘ فَالَّذ۪ينَ كَفَرُوا قُطِّعَتْ لَهُمْ ثِيَابٌ مِنْ نَارٍۜ يُصَبُّ مِنْ فَوْقِ رُؤُ۫سِهِمُ الْحَم۪يمُۚ (١٩)
19. Мана шу икки рақиб бўлган мўмин ва кофир Роббиларининг дини хусусида тортишдилар. Бас, куфр келтирганлар учун қиёматда оловдан кийимлар бичилиб, бошлари устидан қайноқ сув тўкилади.
يُصْهَرُ بِه۪ مَا ف۪ي بُطُونِهِمْ وَالْجُلُودُۜ (٢٠)
20. Унинг қайноғидан уларнинг қоринларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилади.
وَلَهُمْ مَقَامِعُ مِنْ حَد۪يدٍ (٢١)
21. Улар учун дўзахда темирдан қамчилар бордир.
كُلَّمَٓا اَرَادُٓوا اَنْ يَخْرُجُوا مِنْهَا مِنْ غَمٍّ اُع۪يدُوا ف۪يهَا وَذُوقُوا عَذَابَ الْحَر۪يقِ۟ (٢٢)
22. Ҳар сафар улар дўзах ғамидан қочиб чиқмоқчи бўлсалар, қамчилар билан урилиб яна унга қайтариладилар ва уларга: “Ёнғин азобини тотинглар”, – дейилади.
اِنَّ اللّٰهَ يُدْخِلُ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ جَنَّاتٍ تَجْر۪ي مِنْ تَحْتِهَا الْاَنْهَارُ يُحَلَّوْنَ ف۪يهَا مِنْ اَسَاوِرَ مِنْ ذَهَبٍ وَلُؤْلُؤً۬اۜ وَلِبَاسُهُمْ ف۪يهَا حَر۪يرٌ (٢٣)
23. Албатта, Аллоҳ иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган кимсаларни тагидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Улар у ерда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безанадилар. У ердаги кийимлари эса ипакдан бўлади.
وَهُدُٓوا اِلَى الطَّيِّبِ مِنَ الْقَوْلِۗ وَهُدُٓوا اِلٰى صِرَاطِ الْحَم۪يدِ (٢٤)
24. Улар бу дунёда гўзал сўзга ҳидоят қилиндилар. Шунингдек, мақталган Зотнинг йўлига ҳам ҳидоят қилиндилар.
اِنَّ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا وَيَصُدُّونَ عَنْ سَب۪يلِ اللّٰهِ وَالْمَسْجِدِ الْحَرَامِ الَّذ۪ي جَعَلْنَاهُ لِلنَّاسِ سَوَٓاءًۨ الْعَاكِفُ ف۪يهِ وَالْبَادِۜ وَمَنْ يُرِدْ ف۪يهِ بِاِلْحَادٍ بِظُلْمٍ نُذِقْهُ مِنْ عَذَابٍ اَل۪يمٍ۟ (٢٥)
25. Албатта, куфр келтирган кимсаларга, Аллоҳнинг йўлидан ҳамда Биз Макка аҳли учун ҳам, ташқаридан келувчилар учун ҳам зиёрат қилишни баробар қилиб қўйган Масжид ул-Ҳаромдан тўсадиган кимсаларга ва у жойда зулм билан йўлдан чиқмоқчи бўлган кимсаларга аламли азобдан тоттириб қўямиз.
وَاِذْ بَوَّأْنَا لِاِبْرٰه۪يمَ مَكَانَ الْبَيْتِ اَنْ لَا تُشْرِكْ ب۪ي شَيْـًٔا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّٓائِف۪ينَ وَالْقَٓائِم۪ينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ (٢٦)
26. Эй Муҳаммад, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини белгилаб бериб: “Менга ҳеч нарсани шерик қилма ва Менинг уйимни тавоф қилувчилар, намозда қоим турувчилар, руку ва сажда қилувчилар учун поклагин”, деганимизни эсланг.
Изоҳ: Оятдаги “Байтуллоҳнинг ўрни”ни деганда: Одам алайҳиссалом жаннатдан ерга тушганларида Аллоҳ таолонинг амри билан биринчи бино қилган уйлари Байтуллоҳ бўлган экан.
وَاَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلٰى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْت۪ينَ مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَم۪يقٍۙ (٢٧)
27. Одамлар орасида юриб уларни ҳаж қилишга чақиргин. Улар сенга томон пиёда ҳам ҳар қандай туяда ҳам узоқ йўллардан келадилар.
لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللّٰهِ ف۪ٓي اَيَّامٍ مَعْلُومَاتٍ عَلٰى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَه۪يمَةِ الْاَنْعَامِۚ فَكُلُوا مِنْهَا وَاَطْعِمُوا الْبَٓائِسَ الْفَق۪يرَۘ (٢٨)
28. Улар ўзлари учун бўлган диний ва дунёвий манфаатларга гувоҳ бўлишлари учун ва Қурбон ҳайитидаги маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини қурбонлик учун сўйиш устида Аллоҳ номини зикр қилишлари учун келадилар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам тановул қилаверинглар, бечора, камбағалларга ҳам едиринглар.
Изоҳ: Оятда Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш ва уни маълум белгиланган кунларда сўйиш шартлиги айтилади. Унинг вақти ҳанафий мазҳабида қурбон ҳайит кунининг бомдод намозидан сўнг учинчи куннинг шом намози вақти киргунга қадар давом этади.
ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَت۪يقِ (٢٩)
29. Қурбонлик қилганларидан кейин эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийиб кирларини кетказсинлар. Назрларини адо қилсинлар ва “қадимги уй” бўлган Каъбани тавоф қилсинлар.
ذٰلِكَۗ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللّٰهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّه۪ۜ وَاُحِلَّتْ لَكُمُ الْاَنْعَامُ اِلَّا مَا يُتْلٰى عَلَيْكُمْ فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْاَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِۙ (٣٠)
30. Ана шундай, кимки Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни риоя қилган ҳолда уни эъзозласа бас, бу Роббиси наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун ҳаром эканлиги тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа барча чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат ифлосликдан узоқлашинг ва ёлғон сўздан ҳам четда бўлинглар.
حُنَفَٓاءَ لِلّٰهِ غَيْرَ مُشْرِك۪ينَ بِه۪ۜ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللّٰهِ فَكَاَنَّمَا خَرَّ مِنَ السَّمَٓاءِ فَتَخْطَفُهُ الطَّيْرُ اَوْ تَهْو۪ي بِهِ الرّ۪يحُ ف۪ي مَكَانٍ سَح۪يقٍ (٣١)
31. Бу амалларни Аллоҳга чин ихлос қилиб, Унга ширк келтирмаган ҳолингизда бажаринг. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у худди осмондан қулаган ва уни йиртқич қуш ўлжа қилиб тортиб кетган ёки уни кучли шамол олис жойларга учириб кетгандек бўлади.
ذٰلِكَۗ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَٓائِرَ اللّٰهِ فَاِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ (٣٢)
32. Мана шундай, кимки Аллоҳнинг қонунларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақводорлиги сабабидандир.
لَكُمْ ف۪يهَا مَنَافِعُ اِلٰٓى اَجَلٍ مُسَمًّى ثُمَّ مَحِلُّهَٓا اِلَى الْبَيْتِ الْعَت۪يقِ۟ (٣٣)
33. Сизлар учун уларда маълум вақтгача манфаатлар бор. Кейин уларнинг қурбонлик ери “қадимги уй”дир.
Изоҳ: Ушбу оятда қурбонлик учун келтирилган ҳайвонлардан қурбонлик қилиш вақти бўлгунича фойдаланиш мумкинлиги, уларни ҳаж пайтигача миниш, сутидан фойдаланиш ва қўзилатиш жоизлиги айтилмоқда.
وَلِكُلِّ اُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنْسَكًا لِيَذْكُرُوا اسْمَ اللّٰهِ عَلٰى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَه۪يمَةِ الْاَنْعَامِۜ فَاِلٰهُكُمْ اِلٰهٌ وَاحِدٌ فَلَهُٓ اَسْلِمُواۜ وَبَشِّرِ الْمُخْبِت۪ينَۙ (٣٤)
34. Олдинги барча умматларга, уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари устида Аллоҳнинг исмини зикр қилишлари учун, қурбонлик ибодатини жорий қилганмиз. Бас, илоҳингиз ягона илоҳдир. Бас, Унгагина таслим бўлинглар ва итоат қилувчиларга хушхабар беринг.
اَلَّذ۪ينَ اِذَا ذُكِرَ اللّٰهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَالصَّابِر۪ينَ عَلٰى مَٓا اَصَابَهُمْ وَالْمُق۪يمِي الصَّلٰوةِۙ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ (٣٥)
35. Улар Аллоҳ зикр қилинганида қалблари титрайдиган, ўзларига етган кулфатларга сабр қиладиган, номозни тўлиқ адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладиган кимсалардир.
وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَٓائِرِ اللّٰهِ لَكُمْ ف۪يهَا خَيْرٌۗ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللّٰهِ عَلَيْهَا صَوَٓافَّۚ فَاِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَاَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّۜ كَذٰلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ (٣٦)
36. Қурбон қилинадиган катта бош ҳайвонларни сизлар учун Аллоҳнинг нишоналаридан қилдик. Уларни қурбон қилишда сизлар учун яхшилик бордир. Бас, тизиб қўйилган ҳолларида уларнинг устида Аллоҳнинг номини зикр қилинглар. Қачон ёнбошлари билан тушиб жонлари чиққанда улардан ўзларингиз ҳам еяверинглар. Ундан қаноатли кишига ҳам ва муҳтож тиланчига ҳам едираверинглар. Шукр қилишингиз учун сизларга бу чорва ҳайвонларни бўйсундириб қўйдик.
لَنْ يَنَالَ اللّٰهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَٓاؤُ۬هَا وَلٰكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوٰى مِنْكُمْۜ كَذٰلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللّٰهَ عَلٰى مَا هَدٰيكُمْۜ وَبَشِّرِ الْمُحْسِن۪ينَ (٣٧)
37. Аллоҳга қилган қурбонликларингизнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормайди. Лекин Унга сизлардан тақво етиб боради. Сизларни ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Гўзал иш қилувчиларга хушхабар беринг.
اِنَّ اللّٰهَ يُدَافِعُ عَنِ الَّذ۪ينَ اٰمَنُواۜ اِنَّ اللّٰهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ خَوَّانٍ كَفُورٍ۟ (٣٨)
38. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни мушриклардан мудофаа қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ барча хоин ва ҳақни инкор қилувчиларни севмайди.
اُذِنَ لِلَّذ۪ينَ يُقَاتَلُونَ بِاَنَّهُمْ ظُلِمُواۜ وَاِنَّ اللّٰهَ عَلٰى نَصْرِهِمْ لَقَد۪يرٌۙ (٣٩)
39. Ҳужумга учраётган мусулмонларга зулм қилинганлари учун жанг қилишга изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир.
Изоҳ: Мазкур оятда Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада турган йиллари мушрик ва кофирлардан ҳар қанча азият чеккан, мусулмонлар турли тазйиқ ва зулму истибдодларга дучор бўлсалар ҳам куфр ва ширк аҳлига қарши жанг қилишга Аллоҳ рухсат бермаган, балки улар билан муросасозлик қилишга, сабр-қаноатли бўлишга буюргани ва ҳижратдан кейин эса қасос йўли билан, мусулмонлардан тортиб олинган мол-мулкларининг бир қисмини бўлсада қайтариб олишлари учун жанг қилишга изн берилгани баён қилинади.
اَلَّذ۪ينَ اُخْرِجُوا مِنْ دِيَارِهِمْ بِغَيْرِ حَقٍّ اِلَّٓا اَنْ يَقُولُوا رَبُّنَا اللّٰهُۜ وَلَوْلَا دَفْعُ اللّٰهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَهُدِّمَتْ صَوَامِعُ وَبِيَعٌ وَصَلَوَاتٌ وَمَسَاجِدُ يُذْكَرُ ف۪يهَا اسْمُ اللّٰهِ كَث۪يرًاۜ وَلَيَنْصُرَنَّ اللّٰهُ مَنْ يَنْصُرُهُۜ اِنَّ اللّٰهَ لَقَوِيٌّ عَز۪يزٌ (٤٠)
40. Улар ўз юртларидан фақатгина “Роббимиз Аллоҳ”, деганлари учун ҳайдаб чиқарилган эдилар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмас экан, албатта, Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган роҳибларнинг узлатгоҳлари, насронийларнинг канисалари, яҳудийларнинг ибодатхоналари ва мусулмонларнинг масжидлари вайрон қилинган бўлар эди. Албатта, Аллоҳ ўз динига ёрдам берадиганларга ёрдам беради. Шубҳасиз, Аллоҳ кучли ва иззатлидир.
Изоҳ: Оятда ўзга диндаги кишиларнинг ибодатхоналарини ҳам мусулмонларнинг масжидлари қаторида, ижобий маънода зикр қилинмоқда. Қуръонда масжидлар ўзга диндаги кишиларнинг ибодатхонларидан кейин – тўртинчи ўринда зикр қилинди. Бундан маълум бўладики, Мусулмонлар яшайдиган жамиятда ўзга дин аҳллари ҳам мусулмонлар билан баб-баробар ҳуқуққа эга бўлар эканлар. Мусулмонлар диёрида ғайрисломий ибодатхоналар бўлиб, уларда Аллоҳнинг зикри ёдланиб туриши табиий ҳол эканлиги айтиб ўтилган.
اَلَّذ۪ينَ اِنْ مَكَّنَّاهُمْ فِي الْاَرْضِ اَقَامُوا الصَّلٰوةَ وَاٰتَوُا الزَّكٰوةَ وَاَمَرُوا بِالْمَعْرُوفِ وَنَهَوْا عَنِ الْمُنْكَرِۜ وَلِلّٰهِ عَاقِبَةُ الْاُمُورِ (٤١)
41. Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўлиқ адо қиладилар, ҳақдорларга закотни берадилар, одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар. Барча ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир.
وَاِنْ يُكَذِّبُوكَ فَقَدْ كَذَّبَتْ قَبْلَهُمْ قَوْمُ نُوحٍ وَعَادٌ وَثَمُودُۙ (٤٢)
42. Эй Муҳаммад, агар улар сизни ёлғончига чиқарсалар, улардан олдин Нуҳнинг қавми, Од ва Самуд қабилалари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончига чиқарган эдилар.
وَقَوْمُ اِبْرٰه۪يمَ وَقَوْمُ لُوطٍۙ (٤٣)
43. Улар Иброҳимнинг қавми ва Лут пайғамбарнинг қавмини ҳам ёлғончига чиқарган эдилар.
وَاَصْحَابُ مَدْيَنَۚ وَكُذِّبَ مُوسٰى فَاَمْلَيْتُ لِلْكَافِر۪ينَ ثُمَّ اَخَذْتُهُمْۚ فَكَيْفَ كَانَ نَك۪يرِ (٤٤)
44. Мадян шаҳрининг аҳолиси ҳам Шуъайб пайғамбарни ёлғончига чиқарган эдилар. Мусо пайғамбар ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бериб қўйиб, кейин уларни ўз азобим билан тутдим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!
فَكَاَيِّنْ مِنْ قَرْيَةٍ اَهْلَكْنَاهَا وَهِيَ ظَالِمَةٌ فَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلٰى عُرُوشِهَا وَبِئْرٍ مُعَطَّلَةٍ وَقَصْرٍ مَش۪يدٍ (٤٥)
45. Қанчадан-қанча шаҳар ва қишлоқларни золим бўлган ҳолларида ҳалок қилдик. Бас, улар ҳозирда томлари қулаб ҳувуллаб қолган, ташландиқ қудуқлари бўлган ва кимсасиз баланд қасрлар ҳолатида турибди.
اَفَلَمْ يَس۪يرُوا فِي الْاَرْضِ فَتَكُونَ لَهُمْ قُلُوبٌ يَعْقِلُونَ بِهَٓا اَوْ اٰذَانٌ يَسْمَعُونَ بِهَاۚ فَاِنَّهَا لَا تَعْمَى الْاَبْصَارُ وَلٰكِنْ تَعْمَى الْقُلُوبُ الَّت۪ي فِي الصُّدُورِ (٤٦)
46. Ахир, Макка мушриклари ер юзида сайр қилмайдиларми?! Ана шунда улар учун ақл юритадиган қалблар, ҳақни эшитадиган қулоқлар бўлар эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмайди, аксинча, кўкраклардаги қалблар кўр бўлади.
وَيَسْتَعْجِلُونَكَ بِالْعَذَابِ وَلَنْ يُخْلِفَ اللّٰهُ وَعْدَهُۜ وَاِنَّ يَوْمًا عِنْدَ رَبِّكَ كَاَلْفِ سَنَةٍ مِمَّا تَعُدُّونَ (٤٧)
47. Улар сиздан азобнинг тезроқ келишини сўрайдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмайди. Дарвоқе, Роббингиз наздидаги бир кун сизлар ҳисоблаётган минг йил кабидир.
وَكَاَيِّنْ مِنْ قَرْيَةٍ اَمْلَيْتُ لَهَا وَهِيَ ظَالِمَةٌ ثُمَّ اَخَذْتُهَاۚ وَاِلَيَّ الْمَص۪يرُ۟ (٤٨)
48. Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларга золим бўлган ҳолларида ҳам муҳлат бердим. Кейин уларни азобим билан тутдим. Охир оқибат қайтиш, фақат Менгадир.
قُلْ يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ اِنَّمَٓا اَنَا۬ لَكُمْ نَذ۪يرٌ مُب۪ينٌۚ (٤٩)
49. Эй Муҳаммад уларга: “Эй инсонлар, мен сизлар учун, фақатгина аниқ огоҳлантирувчиман”, – деб айтинг.
فَالَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَر۪يمٌ (٥٠)
50. Бас, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун мағфират ва фаровон ризқ бордир.
وَالَّذ۪ينَ سَعَوْا ف۪ٓي اٰيَاتِنَا مُعَاجِز۪ينَ اُو۬لٰٓئِكَ اَصْحَابُ الْجَح۪يمِ (٥١)
51. Оятларимизни ўзларича ожиз қолдиришга ҳаракат қилган кимсалар эса, дўзах эгаларидир.
وَمَٓا اَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ مِنْ رَسُولٍ وَلَا نَبِيٍّ اِلَّٓا اِذَا تَمَنّٰٓى اَلْقَى الشَّيْطَانُ ف۪ٓي اُمْنِيَّتِه۪ۚ فَيَنْسَخُ اللّٰهُ مَا يُلْقِي الشَّيْطَانُ ثُمَّ يُحْكِمُ اللّٰهُ اٰيَاتِه۪ۜ وَاللّٰهُ عَل۪يمٌ حَك۪يمٌۙ (٥٢)
52. Эй Муҳаммад, Биз сиздан олдин юборган ҳар бир расул ва пайғамбар қачон ўзига нозил бўлган оятларни қироат қилса, шайтон унинг қироатига бошқа нарсаларни ташлаган. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсаларни ўчиради сўнгра, Аллоҳ ўз оятларини мустаҳкам қилади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
لِيَجْعَلَ مَا يُلْقِي الشَّيْطَانُ فِتْنَةً لِلَّذ۪ينَ ف۪ي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ وَالْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْۜ وَاِنَّ الظَّالِم۪ينَ لَف۪ي شِقَاقٍ بَع۪يدٍۙ (٥٣)
53. Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани қалбларида иллат бўлган мунофиқлар ва тошбағир кофирларни синаш учун қилди. Албатта, золимлар ҳақдан узоқ айрилиқдалар.
وَلِيَعْلَمَ الَّذ۪ينَ اُو۫تُوا الْعِلْمَ اَنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكَ فَيُؤْمِنُوا بِه۪ فَتُخْبِتَ لَهُ قُلُوبُهُمْۜ وَاِنَّ اللّٰهَ لَهَادِ الَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اِلٰى صِرَاطٍ مُسْتَق۪يمٍ (٥٤)
54. Шунингдек, илм берилган зотларни эса бу Қуръонни Роббингиз томонидан келган ҳақиқат эканини билиб кейин унга иймон келтиришлари ва диллари у билан ихлосли бўлиши учун қилди. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир.
وَلَا يَزَالُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا ف۪ي مِرْيَةٍ مِنْهُ حَتّٰى تَأْتِيَهُمُ السَّاعَةُ بَغْتَةً اَوْ يَأْتِيَهُمْ عَذَابُ يَوْمٍ عَق۪يمٍ (٥٥)
55. Куфр келтирган кимсалар уларга тўсатдан қиёмат келгунича ёки эртаси бўлмаган қисир куннинг азоби келгунича, ундан шак-шубҳададирлар.
اَلْمُلْكُ يَوْمَئِذٍ لِلّٰهِۜ يَحْكُمُ بَيْنَهُمْۜ فَالَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ ف۪ي جَنَّاتِ النَّع۪يمِ (٥٦)
56. У кунда ҳукмронлик ёлғиз Аллоҳ учундир. Аллоҳнинг Ўзи улар ўртасида ҳукм қилади. Бас, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган кимсалар неъматланиш жаннатларидалар.
وَالَّذ۪ينَ كَفَرُوا وَكَذَّبُوا بِاٰيَاتِنَا فَاُو۬لٰٓئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُه۪ينٌ (٥٧)
57. Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, ана улар учун хор қилувчи азоб бордир.
وَالَّذ۪ينَ هَاجَرُوا ف۪ي سَب۪يلِ اللّٰهِ ثُمَّ قُتِلُٓوا اَوْ مَاتُوا لَيَرْزُقَنَّهُمُ اللّٰهُ رِزْقًا حَسَنًاۜ وَاِنَّ اللّٰهَ لَهُوَ خَيْرُ الرَّازِق۪ينَ (٥٨)
58. Аллоҳ йўлида юртларидан ҳижрат қилган, кейин ўлдирилган ёки вафот этган зотларни, албатта, Аллоҳ жаннатда гўзал ризқ билан ризқлантиради. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир.
لَيُدْخِلَنَّهُمْ مُدْخَلًا يَرْضَوْنَهُۜ وَاِنَّ اللّٰهَ لَعَل۪يمٌ حَل۪يمٌ (٥٩)
59. Албатта, Аллоҳ уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим Зотдир.
ذٰلِكَۚ وَمَنْ عَاقَبَ بِمِثْلِ مَا عُوقِبَ بِه۪ ثُمَّ بُغِيَ عَلَيْهِ لَيَنْصُرَنَّهُ اللّٰهُۜ اِنَّ اللّٰهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ (٦٠)
60. Ҳа, шундай, ким ўзига берилган уқубат баробарида ўч олса, сўнгра яна унга зулм қилинса, албатта, Аллоҳ унга ёрдам қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Аъфув ва мағфирати кўп бўлган – Ғофур Зотдир.
ذٰلِكَ بِاَنَّ اللّٰهَ يُولِجُ الَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي الَّيْلِ وَاَنَّ اللّٰهَ سَم۪يعٌ بَص۪يرٌ (٦١)
61. Зеро Аллоҳ кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.
ذٰلِكَ بِاَنَّ اللّٰهَ هُوَ الْحَقُّ وَاَنَّ مَا يَدْعُونَ مِنْ دُونِه۪ هُوَ الْبَاطِلُ وَاَنَّ اللّٰهَ هُوَ الْعَلِيُّ الْكَب۪يرُ (٦٢)
62. Чунки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи ҳақдир. Ундан бошқага илтижо қилаётган нарсалари эса ботилдир. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи энг устун бўлган – Алий ва барчадан улуғ бўлган – Кабир Зотдир.
اَلَمْ تَرَ اَنَّ اللّٰهَ اَنْزَلَ مِنَ السَّمَٓاءِ مَٓاءًۘ فَتُصْبِحُ الْاَرْضُ مُخْضَرَّةًۜ اِنَّ اللّٰهَ لَط۪يفٌ خَب۪يرٌۚ (٦٣)
63. Аллоҳ осмондан сув туширгач, ернинг ям-яшил бўлиб қолишини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ нозик нарсаларни кўра олувчи – Латиф ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.
لَهُ مَا فِي السَّمٰوَاتِ وَمَا فِي الْاَرْضِۜ وَاِنَّ اللّٰهَ لَهُوَ الْغَنِيُّ الْحَم۪يدُ۟ (٦٤)
64. Осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир. Шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзи ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғани ва мақтовга сазовор – Ҳамид Зотдир.
اَلَمْ تَرَ اَنَّ اللّٰهَ سَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي الْاَرْضِ وَالْفُلْكَ تَجْر۪ي فِي الْبَحْرِ بِاَمْرِه۪ۜ وَيُمْسِكُ السَّمَٓاءَ اَنْ تَقَعَ عَلَى الْاَرْضِ اِلَّا بِاِذْنِه۪ۜ اِنَّ اللّٰهَ بِالنَّاسِ لَرَؤُ۫فٌ رَح۪يمٌ (٦٥)
65. Аллоҳ сизларга ердаги нарсаларни ва денгизда Унинг амри билан сузиб кетаётган кемаларни бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни Унинг изнисиз ерга қулаб тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Шубҳасиз, Аллоҳ одамларга шафқатли – Раъуф ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
وَهُوَ الَّذ۪ٓي اَحْيَاكُمْۘ ثُمَّ يُم۪يتُكُمْ ثُمَّ يُحْي۪يكُمْۜ اِنَّ الْاِنْسَانَ لَكَفُورٌ (٦٦)
66. У сизларга ҳаёт берган, сўнгра ажалларингиз етганида ўлим берадиган, кейин қиёматда сизга яна қайта ҳаёт берадиган Зотдир. Дарҳақиқат, инсон жуда ношукрдир.
لِكُلِّ اُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنْسَكًا هُمْ نَاسِكُوهُ فَلَا يُنَازِعُنَّكَ فِي الْاَمْرِ وَادْعُ اِلٰى رَبِّكَۜ اِنَّكَ لَعَلٰى هُدًى مُسْتَق۪يمٍ (٦٧)
67. Биз ҳар бир умматга ўзига хос шариат қилиб ибодат шаклини қилдик ва улар унга амал қилувчидирлар. Бас, эй Расулим, улар сиз билан бу ишда асло тортишмасинлар. Уларни Роббингизнинг йўлига даъват қилинг. Шубҳасиз, сиз тўғри йўлдасиз.
وَاِنْ جَادَلُوكَ فَقُلِ اللّٰهُ اَعْلَمُ بِمَا تَعْمَلُونَ (٦٨)
68. Агар сиз билан тортишсалар уларга: “Аллоҳ сизларнинг қилаётган барча ишларингизни жуда яхши билувчидир”, – деб айтинг.
اَللّٰهُ يَحْكُمُ بَيْنَكُمْ يَوْمَ الْقِيٰمَةِ ف۪يمَا كُنْتُمْ ف۪يهِ تَخْتَلِفُونَ (٦٩)
69. Аллоҳ сизлар ихтилоф қилган нарсалар ҳақида қиёмат куни орангизда ҳукм чиқаради.
اَلَمْ تَعْلَمْ اَنَّ اللّٰهَ يَعْلَمُ مَا فِي السَّمَٓاءِ وَالْاَرْضِۜ اِنَّ ذٰلِكَ ف۪ي كِتَابٍۜ اِنَّ ذٰلِكَ عَلَى اللّٰهِ يَس۪يرٌ (٧٠)
70. Эй Муҳаммад, Аллоҳ осмон ва Ердаги бор нарсани аниқ билишини билмадингизми?! Албатта, булар китобда ёзиб қўйилгандир. Шубҳасиз, бу иш Аллоҳга осондир.
Изоҳ: Оятда келган “китоб” Лавҳ ул-Маҳфуздир.
وَيَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللّٰهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِه۪ سُلْطَانًا وَمَا لَيْسَ لَهُمْ بِه۪ عِلْمٌۜ وَمَا لِلظَّالِم۪ينَ مِنْ نَص۪يرٍ (٧١)
71. Улар Аллоҳни қўйиб, унга бирор ҳужжат туширмаган ва ўзларида у ҳақида маълумот бўлмаган нарсаларга ибодат қиладилар. Золимлар учун ҳеч бир ёрдамчи йўқдир.
وَاِذَا تُتْلٰى عَلَيْهِمْ اٰيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ تَعْرِفُ ف۪ي وُجُوهِ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا الْمُنْكَرَۜ يَكَادُونَ يَسْطُونَ بِالَّذ۪ينَ يَتْلُونَ عَلَيْهِمْ اٰيَاتِنَاۜ قُلْ اَفَاُنَبِّئُكُمْ بِشَرٍّ مِنْ ذٰلِكُمْۜ اَلنَّارُۜ وَعَدَهَا اللّٰهُ الَّذ۪ينَ كَفَرُواۜ وَبِئْسَ الْمَص۪يرُ۟ (٧٢)
72. Қачонки, уларга аниқ оятларимиз тиловат қилинса, куфр келтирган кимсаларнинг юзларида эътироз аломатини кўрасиз. Улар, ўзларига оятларимизни тиловат қилаётган зотларга ҳужум қилишгача борадилар. Эй Расулим, уларга: “Энди, сизларга бундан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У дўзах бўлиб, Аллоҳ уни куфр келтирган кимсаларга ваъда қилган ва у нақадар ёмон борар жойдир”, – деб айтинг.
يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ ضُرِبَ مَثَلٌ فَاسْتَمِعُوا لَهُۜ اِنَّ الَّذ۪ينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللّٰهِ لَنْ يَخْلُقُوا ذُبَابًا وَلَوِ اجْتَمَعُوا لَهُۜ وَاِنْ يَسْلُبْهُمُ الذُّبَابُ شَيْـًٔا لَا يَسْتَنْقِذُوهُ مِنْهُۜ ضَعُفَ الطَّالِبُ وَالْمَطْلُوبُ (٧٣)
73. Эй инсонлар, сизга шундай масал айтилди, бас, унга қулоқ солинглар. Шубҳа йўқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингиз, агар ҳаммалари уни қилишга бирлашсалар ҳам бир пашшани ярата олмайдилар. Агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, ундан уни қутқариб қололмайдилар. Бутлардан ёрдам талаб қилувчи ҳам, ёрдам талаб қилинган бутлар ҳам ожиз бўлдилар.
مَا قَدَرُوا اللّٰهَ حَقَّ قَدْرِه۪ۜ اِنَّ اللّٰهَ لَقَوِيٌّ عَز۪يزٌ (٧٤)
74. Аллоҳнинг шаънини Унга лойиқ тарзда тўғри қадрламадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ кучли ва қудратлидир.
اَللّٰهُ يَصْطَف۪ي مِنَ الْمَلٰٓئِكَةِ رُسُلًا وَمِنَ النَّاسِۜ اِنَّ اللّٰهَ سَم۪يعٌ بَص۪يرٌۚ (٧٥)
75. Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан элчилар танлаб олади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.
يَعْلَمُ مَا بَيْنَ اَيْد۪يهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْۜ وَاِلَى اللّٰهِ تُرْجَعُ الْاُمُورُ (٧٦)
76. Аллоҳ уларнинг олдиларидаги ва орқаларидаги ҳамма нарсани билади. Шунингдек, барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилади.
يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا ارْكَعُوا وَاسْجُدُوا وَاعْبُدُوا رَبَّكُمْ وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَۚ (٧٧)
77. Эй иймон келтирганлар, руку ва сажда қилинглар ҳамда ёлғиз Роббингизга ибодат қилинглар. Ҳамда доимо яхшилик қилинглар, шоядки, нажот топсангиз.
Изоҳ: Оятдаги сажда қилишга қаратилган буйруқ ҳанафий мазҳаби бўйича намоздаги саждадир, тиловат саждаси эмас. Зеро, Исломнинг илк даврида мусулмонлар руку ва саждасиз намоз ўқир эдилар. “Руку ва сажда қилингиз” деган иборадан “Намоз ўқинглар”, – деган амрни англаш ҳам мумкин.
وَجَاهِدُوا فِي اللّٰهِ حَقَّ جِهَادِه۪ۜ هُوَ اجْتَبٰيكُمْ وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدّ۪ينِ مِنْ حَرَجٍۜ مِلَّةَ اَب۪يكُمْ اِبْرٰه۪يمَۜ هُوَ سَمّٰيكُمُ الْمُسْلِم۪ينَ مِنْ قَبْلُ وَف۪ي هٰذَا لِيَكُونَ الرَّسُولُ شَه۪يدًا عَلَيْكُمْ وَتَكُونُوا شُهَدَٓاءَ عَلَى النَّاسِۚ فَاَق۪يمُوا الصَّلٰوةَ وَاٰتُوا الزَّكٰوةَ وَاعْتَصِمُوا بِاللّٰهِۜ هُوَ مَوْلٰيكُمْۚ فَنِعْمَ الْمَوْلٰى وَنِعْمَ النَّص۪يرُ (٧٨)
78. Аллоҳ йўлида ҳаққоний жидду жаҳд қилинглар. У сизларни шу муқаддас дин учун танлаб олди ва динда сизларга бирор танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг дини бўлган Исломни маҳкам тутинглар. Токи қиёмат кунида пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши, сизлар эса қолган одамларга гувоҳ бўлишингиз учун Аллоҳнинг Ўзи сизларни олдинги самовий китобларда номлаганидек, мана бу Қуръонда ҳам мусулмонлар деб номлади. Бас, намозни тўлиқ адо қилинглар ва ҳақдорларга закотни беринглар ҳамда Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг Хожангиздир. Бас, У Зот қандай яхши Хожа ва қандай ҳам яхши ёрдам берувчидир!

