МАРЯМ СУРАСИ

Марям сураси 98 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Сура Биби Марям шарафларига “Марям” деб номланган бўлиб, сурада Марям ва унинг фарзанди Исо алайҳиссаломнинг қиссалари алоҳида баён қилинган.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

كٓهٰيٰعٓصٓۜ (١)

1. Каф, Ҳа, Йа, Айн, Сод.

Изоҳ: Қуръони Каримда бир неча сура мана шундай алоҳида ҳарфлар билан бошланади. Уламолар наздида ушбу ҳарфлар “Ҳуруфи муқаттаот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар ҳисобланиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир. Қуръонда ҳаммаси бўлиб 29 сура ана шундай ҳарфлар билан бошланган. Лекин баъзи тафсир олимлари ўз китобларида уларни изоҳлашга ҳаракат қилишган.

ذِكْرُ رَحْمَتِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّاۚ (٢)

2. Эй Расулим, бу Роббингизнинг бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикридир.

اِذْ نَادٰى رَبَّهُ نِدَٓاءً خَفِيًّا (٣)

3. Ўша пайт Закариё Роббисига хуфёна дуо қилди.

قَالَ رَبِّ اِنّ۪ي وَهَنَ الْعَظْمُ مِنّ۪ي وَاشْتَعَلَ الرَّأْسُ شَيْبًا وَلَمْ اَكُنْ بِدُعَٓائِكَ رَبِّ شَقِيًّا (٤)

4. Закариё дуосида: “Эй Роббим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошга оқ туташди. Эй Роббим, мен сенга дуо қилиб ҳеч қачон бахтсиз бўлмаганман”, – деди.

وَاِنّ۪ي خِفْتُ الْمَوَالِيَ مِنْ وَرَٓاء۪ي وَكَانَتِ امْرَاَت۪ي عَاقِرًا فَهَبْ ل۪ي مِنْ لَدُنْكَ وَلِيًّاۚ (٥)

5. Менинг ортимда қоладиган қариндошларимнинг динга даъватни тўхтатиб қўйишларидан қўрқаман. Хотиним эса туғмас бўлиб қолган. Энди, Сен Ўз даргоҳингдан менга ёрдамчи бўлган бир фарзанд бер.

يَرِثُن۪ي وَيَرِثُ مِنْ اٰلِ يَعْقُوبَۗ وَاجْعَلْهُ رَبِّ رَضِيًّا (٦)

6. У фарзанд менга ва бобом Яъқуб хонадонига меросхўр бўлсин, уни Ўз наздингда рози бўлинадиган солиҳ кишилардан қилгин.

يَا زَكَرِيَّٓا اِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَامٍۨ اسْمُهُ يَحْيٰىۙ لَمْ نَجْعَلْ لَهُ مِنْ قَبْلُ سَمِيًّا (٧)

7. Аллоҳ унга: “Эй Закариё, Биз сенга бир бола хушхабарини берамиз. Унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга ҳеч кимни исмдош қилмаганмиз”, – деб ваҳий қилди.

قَالَ رَبِّ اَنّٰى يَكُونُ ل۪ي غُلَامٌ وَكَانَتِ امْرَاَت۪ي عَاقِرًا وَقَدْ بَلَغْتُ مِنَ الْكِبَرِ عِتِيًّا (٨)

8. Шунда Закариё: “Эй Роббим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг поёнига етиб қолган бўлсам, менда фарзанд қаёқдан бўлсин?” – деди.

قَالَ كَذٰلِكَۚ قَالَ رَبُّكَ هُوَ عَلَيَّ هَيِّنٌ وَقَدْ خَلَقْتُكَ مِنْ قَبْلُ وَلَمْ تَكُ شَيْـًٔا (٩)

9. Фаришталар унга: “Ҳа, шундай, Роббинг бу иш Менга осон, ахир сени илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда ҳам яратган эдим-ку, – деб айтмоқда”, – деди.

قَالَ رَبِّ اجْعَلْ ل۪ٓي اٰيَةًۜ قَالَ اٰيَتُكَ اَلَّا تُكَلِّمَ النَّاسَ ثَلٰثَ لَيَالٍ سَوِيًّا (١٠)

10. Кейин Закариё: “Эй Роббим, менга кампирим ҳомилали бўлганига доир бир белги қилгин”, – деди. Аллоҳ унга: “Сенинг белгинг шуки, соғ бўла туриб, уч кеча ва кундузгача тилинг тутилиб одамларга гапира олмайсан”, – деди.

فَخَرَجَ عَلٰى قَوْمِه۪ مِنَ الْمِحْرَابِ فَاَوْحٰٓى اِلَيْهِمْ اَنْ سَبِّحُوا بُكْرَةً وَعَشِيًّا (١١)

11. Кейин Закариё меҳробдан қавмининг олдига чиқиб, уларга эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтишни ишора қилди.

Изоҳ: Аллоҳдан Закариёга бир ваҳий келди ва у туғмас хотини ҳомиладор бўлишини билди. Ваҳий келгандан кейин Закарё пайғамбарнинг тили Таврот ўқиш, тасбеҳ айтишдан бошқаси сўзни айтолмай одамлар билан, фақат имо-ишора орқали гаплашдилар. Вақти келиб Яҳё алайҳиссалом дунёга келдилар. Аллоҳ унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юбориб, илму ҳикмат соҳибига айлантирди.

يَا يَحْيٰى خُذِ الْكِتَابَ بِقُوَّةٍۜ وَاٰتَيْنَاهُ الْحُكْمَ صَبِيًّاۙ (١٢)

12. Биз унга: “Эй Яҳё, Таврот китобини маҳкам тутгин”, – дедик. Ҳамда унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат ва илм ато қилдик.

وَحَنَانًا مِنْ لَدُنَّا وَزَكٰوةًۜ وَكَانَ تَقِيًّاۙ (١٣)

13. Шунингдек, унга Ўз даргоҳимиздан меҳрибонлик ҳамда поклик ато қилдик ва у тақводор бўлди.

وَبَرًّا بِوَالِدَيْهِ وَلَمْ يَكُنْ جَبَّارًا عَصِيًّا (١٤)

14. У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр қилувчи, осий бўлмади.

وَسَلَامٌ عَلَيْهِ يَوْمَ وُلِدَ وَيَوْمَ يَمُوتُ وَيَوْمَ يُبْعَثُ حَيًّا۟ (١٥)

15. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган қиёмат кунида ҳам салом бўлсин.

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مَرْيَمَۢ اِذِ انْتَبَذَتْ مِنْ اَهْلِهَا مَكَانًا شَرْقِيًّاۙ (١٦)

16. Эй Муҳаммад, бу китобда Марямни ёдга олинг. У ўз оиласидан четга, шарқ томонга чекилди.

فَاتَّخَذَتْ مِنْ دُونِهِمْ حِجَابًا فَاَرْسَلْنَٓا اِلَيْهَا رُوحَنَا فَتَمَثَّلَ لَهَا بَشَرًا سَوِيًّا (١٧)

17. Улардан пардага беркиниб олган пайтида, Биз унга руҳимиз Жаброилни юбордик. Бас, у Марямга ҳақиқий одам бўлиб кўринди.

قَالَتْ اِنّ۪ٓي اَعُوذُ بِالرَّحْمٰنِ مِنْكَ اِنْ كُنْتَ تَقِيًّا (١٨)

18. Марям унга: “Мен Раҳмонга илтижо қилиб, сендан паноҳ беришини сўрайман. Агар Аллоҳдан қўрқувчи бўлсанг, менга яқинлашма”, – деди.

قَالَ اِنَّمَٓا اَنَا۬ رَسُولُ رَبِّكِۗ لِاَهَبَ لَكِ غُلَامًا زَكِيًّا (١٩)

19. Жаброил унга: “Қўрқма сенга зарар бермайман, мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун келган Роббингдан элчиман, холос”, – деди.

قَالَتْ اَنّٰى يَكُونُ ل۪ي غُلَامٌ وَلَمْ يَمْسَسْن۪ي بَشَرٌ وَلَمْ اَكُ بَغِيًّا (٢٠)

20. Марям унга: “Менга ҳали одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл ҳам бўлмасам, менга қаёқдан фарзанд бўлсин?!” – деди.

قَالَ كَذٰلِكِۚ قَالَ رَبُّكِ هُوَ عَلَيَّ هَيِّنٌۚ وَلِنَجْعَلَهُٓ اٰيَةً لِلنَّاسِ وَرَحْمَةً مِنَّاۚ وَكَانَ اَمْرًا مَقْضِيًّا (٢١)

21. Жаброил Марямга: “Ҳа, шундай, Роббинг айтдики, бу иш Менга осондир. Биз у болани одамлар учун мўъжиза ва Ўз томонимиздан раҳмат манбаи қиламиз. Бу битган ишдир”, – деди.

فَحَمَلَتْهُ فَانْتَبَذَتْ بِه۪ مَكَانًا قَصِيًّا (٢٢)

22. Кейин Марям унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга чекка бир жойга кетди.

فَاَجَٓاءَهَا الْمَخَاضُ اِلٰى جِذْعِ النَّخْلَةِۚ قَالَتْ يَا لَيْتَن۪ي مِتُّ قَبْلَ هٰذَا وَكُنْتُ نَسْيًا مَنْسِيًّا (٢٣)

23. Шундан кейин, тўлғоқ дарди уни бир хурмо дарахти шохига олиб борди кейин Марям: “Кошки эди, мана бундай кундан олдин ўлиб, бутунлай унутилиб кетсайдим”, – деди.

فَنَادٰيهَا مِنْ تَحْتِهَٓا اَلَّا تَحْزَن۪ي قَدْ جَعَلَ رَبُّكِ تَحْتَكِ سَرِيًّا (٢٤)

24. Шунда хурмо дарахтининг остидан Жаброил: “Ғамгин бўлма, Роббинг оёқ остингдан бир оқар сув қилиб қўйди”, – деб нидо қилди.

وَهُزّ۪ٓي اِلَيْكِ بِجِذْعِ النَّخْلَةِ تُسَاقِطْ عَلَيْكِ رُطَبًا جَنِيًّاۘ (٢٥)

25. Мана шу қуриб қолган хурмо шохини ўзингга силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини тўкади.

فَكُل۪ي وَاشْرَب۪ي وَقَرّ۪ي عَيْنًاۚ فَاِمَّا تَرَيِنَّ مِنَ الْبَشَرِ اَحَدًاۙ فَقُول۪ٓي اِنّ۪ي نَذَرْتُ لِلرَّحْمٰنِ صَوْمًا فَلَنْ اُكَلِّمَ الْيَوْمَ اِنْسِيًّاۚ (٢٦)

26. Энди, еб-ичгин ва кўзинг қувонсин. Бас, агар одамзотдан бирортасини кўриб қолсанг ва у сендан савол сўраса унга: “Мен Раҳмон розилиги учун рўза тутишни назр қилганман, бас, бугун бирор инсон билан гаплашмайман”, – деб айтгин.

فَاَتَتْ بِه۪ قَوْمَهَا تَحْمِلُهُۜ قَالُوا يَا مَرْيَمُ لَقَدْ جِئْتِ شَيْـًٔا فَرِيًّا (٢٧)

27. Сўнг Марям боласини кўтарган ҳолда қавмига келди. Улар: “Эй Марям, сен қизиқ иш қилибсан-ку!” – дедилар.

يَٓا اُخْتَ هٰرُونَ مَا كَانَ اَبُوكِ امْرَاَ سَوْءٍ وَمَا كَانَتْ اُمُّكِ بَغِيًّاۚ (٢٨)

28. Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша бўлмаган эди-ку!” – дедилар.

فَاَشَارَتْ اِلَيْهِ۠ قَالُوا كَيْفَ نُكَلِّمُ مَنْ كَانَ فِي الْمَهْدِ صَبِيًّا (٢٩)

29. Шунда Марям ўзи гапирмай, боласига ишора қилди. Улар: “Бешикда бўлган гўдак билан қандай гаплашамиз”, – дедилар.

قَالَ اِنّ۪ي عَبْدُ اللّٰهِ۠ اٰتَانِيَ الْكِتَابَ وَجَعَلَن۪ي نَبِيًّاۙ (٣٠)

30. Шунда гўдак тилга кириб: “Мен Аллоҳнинг бандасидирман. Аллоҳ менга китоб берди ва мени пайғамбар қилди”, – деб гапириб юборди.

وَجَعَلَن۪ي مُبَارَكًا اَيْنَ مَا كُنْتُۖ وَاَوْصَان۪ي بِالصَّلٰوةِ وَالزَّكٰوةِ مَا دُمْتُ حَيًّاۖ (٣١)

31. Ҳамда мени қаерда бўлсам ҳам баракатли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намоз ва закотни адо қилишимни буюрди.

وَبَرًّا بِوَالِدَت۪يۘ وَلَمْ يَجْعَلْن۪ي جَبَّارًا شَقِيًّا (٣٢)

32. Шунингдек, мени онамга меҳрибон қилди ва мени такаббур, бадбахт қилмади.

وَالسَّلَامُ عَلَيَّ يَوْمَ وُلِدْتُ وَيَوْمَ اَمُوتُ وَيَوْمَ اُبْعَثُ حَيًّا (٣٣)

33. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам салом бўлгай.

ذٰلِكَ ع۪يسَى ابْنُ مَرْيَمَۚ قَوْلَ الْحَقِّ الَّذ۪ي ف۪يهِ يَمْتَرُونَ (٣٤)

34. Мана шу яҳудий ва насронийлар шубҳа қилишаётган Марям ўғли Исо Масиҳ тўғрисидаги ҳақ сўздир.

Изоҳ: Аввал келган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Исо бинни Марям Аллоҳ таолонинг “Бўл!” деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканликлари тўғрисидаги ҳақ таолонинг сўзи баён қилинади ва Исо ҳақидаги “валади зино” дея буҳтон сўзларни айтадиган яҳудийларнинг сўзи ҳам, “худонинг ўғли” дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам мутлақо ёлғон сўзлар эканлиги баён қилинади.

مَا كَانَ لِلّٰهِ اَنْ يَتَّخِذَ مِنْ وَلَدٍۙ سُبْحَانَهُۜ اِذَا قَضٰٓى اَمْرًا فَاِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُنْ فَيَكُونُۜ (٣٥)

35. Аллоҳга ҳеч қандай фарзанд тутиш мумкин эмасдир. У бундай нуқсондан покдир. У бирор ишни қилишни истаса, фақат унгаБўл!” – дейди, бас, ўша иш дарҳол бўлади.

وَاِنَّ اللّٰهَ رَبّ۪ي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُۜ هٰذَا صِرَاطٌ مُسْتَق۪يمٌ (٣٦)

36. Исо ўз қавмига: “Албатта, Аллоҳ Роббим ва Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Мана шу тўғри йўлдир”, – деди.

فَاخْتَلَفَ الْاَحْزَابُ مِنْ بَيْنِهِمْۚ فَوَيْلٌ لِلَّذ۪ينَ كَفَرُوا مِنْ مَشْهَدِ يَوْمٍ عَظ۪يمٍ (٣٧)

37. Сўнгра гуруҳлар Исо пайғамбар хусусида ораларида ихтилоф қилдилар. Бас, улуғ кун бўлган қиёмат манзарасидан куфр келтирган кимсаларнинг ҳолига вой бўлсин!

اَسْمِعْ بِهِمْ وَاَبْصِرْۙ يَوْمَ يَأْتُونَنَاۚ لٰكِنِ الظَّالِمُونَ الْيَوْمَ ف۪ي ضَلَالٍ مُب۪ينٍ (٣٨)

38. Улар Бизга келадиган кунда жуда тиниқ кўрадиган ва аниқ эшитадиган бўлиб қоладилар. Лекин золимлар бугун аниқ адашишдалар.

وَاَنْذِرْهُمْ يَوْمَ الْحَسْرَةِ اِذْ قُضِيَ الْاَمْرُۚ وَهُمْ ف۪ي غَفْلَةٍ وَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ (٣٩)

39. Эй Муҳаммад, у мушрикларни барча иш битирилган ҳасрат куни бўлмиш қиёматдан огоҳлантиринг. Улар бугун ғафлатдадирлар, шунинг учун улар иймон келтирмайдилар.

اِنَّا نَحْنُ نَرِثُ الْاَرْضَ وَمَنْ عَلَيْهَا وَاِلَيْنَا يُرْجَعُونَ۟ (٤٠)

40. Албатта, Биз Ўзимиз бу Ерни ва ундаги бор жонзотни мерос қилиб оламиз ва барчалари Бизнинг ҳузуримизга қайтариладилар.

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ اِبْرٰه۪يمَۜ اِنَّهُ كَانَ صِدّ۪يقًا نَبِيًّا (٤١)

41. Эй Муҳаммад, ушбу китобда Иброҳим пайғамбарнинг қиссасини ҳам ёдга олинг. Шубҳасиз, у жуда садоқатли пайғамбар эди.

اِذْ قَالَ لِاَب۪يهِ يَٓا اَبَتِ لِمَ تَعْبُدُ مَا لَا يَسْمَعُ وَلَا يُبْصِرُ وَلَا يُغْن۪ي عَنْكَ شَيْـًٔا (٤٢)

42. Вақтики, у отасига: “Эй отажон, нега сен ҳеч нарсани эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирор фойда етказа олмайдиган нарсага ибодат қиласан?” – деди.

يَٓا اَبَتِ اِنّ۪ي قَدْ جَٓاءَن۪ي مِنَ الْعِلْمِ مَا لَمْ يَأْتِكَ فَاتَّبِعْن۪ٓي اَهْدِكَ صِرَاطًا سَوِيًّا (٤٣)

43. Эй отажон, дарҳақиқат, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргашгин, сени тўғри йўлга ҳидоят қиламан.

يَٓا اَبَتِ لَا تَعْبُدِ الشَّيْطَانَۜ اِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلرَّحْمٰنِ عَصِيًّا (٤٤)

44. Эй отажон, асло шайтонга ибодат қилма! Чунки шайтон Раҳмонга итоатсиз бўлган эди.

يَٓا اَبَتِ اِنّ۪ٓي اَخَافُ اَنْ يَمَسَّكَ عَذَابٌ مِنَ الرَّحْمٰنِ فَتَكُونَ لِلشَّيْطَانِ وَلِيًّا (٤٥)

45. Эй отажон, ростдан ҳам, мен сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, дўзахда шайтонга яқин бўлиб қолишингдан қўрқаман”, – деди.

قَالَ اَرَاغِبٌ اَنْتَ عَنْ اٰلِهَت۪ي يَٓا اِبْرٰه۪يمُۚ لَئِنْ لَمْ تَنْتَهِ۬ لَاَرْجُمَنَّكَ وَاهْجُرْن۪ي مَلِيًّا (٤٦)

46. Отаси унга: “Эй Иброҳим, сен менинг илоҳларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасам бўлсинки, агар сен бу гапларингдан тийилмасанг, албатта, сени тошбўрон қиламан ва ёки бўлмаса мени бутунлай тарк эт!” – деди.

قَالَ سَلَامٌ عَلَيْكَۚ سَاَسْتَغْفِرُ لَكَ رَبّ۪يۜ اِنَّهُ كَانَ ب۪ي حَفِيًّا (٤٧)

47. Иброҳим отасига: “Омон бўл, энди Роббимдан сен учун мағфират сўрайман. Албатта, У менга меҳрибон Зотдир.

وَاَعْتَزِلُكُمْ وَمَا تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللّٰهِ وَاَدْعُوا رَبّ۪يۘ عَسٰٓى اَلَّٓا اَكُونَ بِدُعَٓاءِ رَبّ۪ي شَقِيًّا (٤٨)

48. Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланаман ва ёлғиз Роббимга илтижо қиламан. Шояд, Роббимга илтижо қилиш билан сиз каби бахтсиз бўлиб қолмайман, деб умид қиламан.

فَلَمَّا اعْتَزَلَهُمْ وَمَا يَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللّٰهِۙ وَهَبْنَا لَهُٓ اِسْحٰقَ وَيَعْقُوبَۜ وَكُلًّا جَعَلْنَا نَبِيًّا (٤٩)

49. Бас, Иброҳим улардан ва Аллоҳдан бошқага сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга фарзанд қилиб Исҳоқни ва набира қилиб Яъқубни бердик ҳамда барчаларини пайғамбар қилдик.

وَوَهَبْنَا لَهُمْ مِنْ رَحْمَتِنَا وَجَعَلْنَا لَهُمْ لِسَانَ صِدْقٍ عَلِيًّا۟ (٥٠)

50. Шунингдек, уларга Ўз раҳматимиздан неъматлар инъом этдик ва улар учун доимо олий мақтовларни қилдик.

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مُوسٰىۘ اِنَّهُ كَانَ مُخْلَصًا وَكَانَ رَسُولًا نَبِيًّا (٥١)

51. Эй Муҳаммад, ушбу китобда Мусо пайғамбар қиссасини ҳам ёдга олинг. Ҳақиқатан, у танлаб олинган расул ва пайғамбар эди.

وَنَادَيْنَاهُ مِنْ جَانِبِ الطُّورِ الْاَيْمَنِ وَقَرَّبْنَاهُ نَجِيًّا (٥٢)

52. Биз унга Тур тоғининг ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот учун Ўзимизга яқин қилдик.

Изоҳ: Ровийларнинг айтишича, Мусо алайҳиссалом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга тушиб, Аллоҳ таолога муножот қилиб кетаётган эканлар, шунда ўнг томонларидаги Тур тоғидаги бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашадилар.

وَوَهَبْنَا لَهُ مِنْ رَحْمَتِنَٓا اَخَاهُ هٰرُونَ نَبِيًّا (٥٣)

53. Биз унга Ўз раҳматимиз билан биродари Ҳорунни пайғамбар қилиб бердик.

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ اِسْمٰع۪يلَۘ اِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولًا نَبِيًّاۚ (٥٤)

54. Эй Муҳаммад, бу китобда Исмоил пайғамбар қиссасини ҳам ёдга олинг. Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи ҳамда расул ва пайғамбар эди.

وَكَانَ يَأْمُرُ اَهْلَهُ بِالصَّلٰوةِ وَالزَّكٰوةِۖ وَكَانَ عِنْدَ رَبِّه۪ مَرْضِيًّا (٥٥)

55. У ўз аҳлини намоз ва рўзага буюрар эди. У Роббиси наздида рози бўлинган киши эди.

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ اِدْر۪يسَۘ اِنَّهُ كَانَ صِدّ۪يقًا نَبِيًّاۗ (٥٦)

56. Яна бу китобда Идрис пайғамбар қиссасини ҳам ёдга олинг. Дарҳақиқат, у ростгўй пайғамбар эди.

وَرَفَعْنَاهُ مَكَانًا عَلِيًّا (٥٧)

57. Биз уни олий мақомга кўтардик.

Изоҳ: Бу оятда Идрис алайҳиссаломнинг олий мақомга кўтарилишларини баъзи олимлар “пайғамбарлик мақоми ёки тўртинчи осмонга чиқиб кетганликлари” десалар, бошқалари “жаннатга кўтарилиб кетганлари” дейдилар. Меърожга тааллуқли ҳадисда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўртинчи осмонда Идрис алайҳиссаломни кўрганликлари нақл қилинган. Мадорик тафсирида шундай дейилади: Ҳасан Басрий айтадиларки, Идрис алайҳиссалом ибодатга шунчалик берилиб кетган эканларки, барча фаришталар уни яхши кўриб қолган эканлар. Ўлим фариштаси Аллоҳдан изн сўраб унинг зиёратига борган экан. Бориб ўзини танитгач, Идрис алайҳиссалом унга: “Менга бир ўлим аччиғини тоттиргин”, – дебдилар. У рози бўлибди. Қайта тирилгач, энди бир дўзахга ҳам солиб-чиқар дебдилар. Фаришта бу илтимосларини ҳам бажарибди. “Энди, жаннатга ҳам бир олиб кир”, – дебдилар. Киргач, қайтиб чиқишдан бош тортибдилар. Фаришта қистаб чиқармоқчи бўлганида, айтибдилар: “Ўлимни тотдим, дўзахга кириб чиқдим. Жаннатга кирганлар эса қайта чиқарилмагайлар”, – дебдилар. Фаришта бу ҳолатдан Аллоҳга арз қилган экан, У: “Бу ишлар ҳаммаси Менинг изним билан бўлди. Қўй, қўзғама уни, жаннатда қолаверсин”, – деган экан.

اُو۬لٰٓئِكَ الَّذ۪ينَ اَنْعَمَ اللّٰهُ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيّ۪نَ مِنْ ذُرِّيَّةِ اٰدَمَ وَمِمَّنْ حَمَلْنَا مَعَ نُوحٍۘ وَمِنْ ذُرِّيَّةِ اِبْرٰه۪يمَ وَاِسْرَٓاء۪يلَ وَمِمَّنْ هَدَيْنَا وَاجْتَبَيْنَاۜ اِذَا تُتْلٰى عَلَيْهِمْ اٰيَاتُ الرَّحْمٰنِ خَرُّوا سُجَّدًا وَبُكِيًّا (٥٨)

58. Айнан ўшалар Одам Ато зурриётидан, Биз Нуҳ пайғамбар билан бирга кемада кўтарган ва тўфон балосидан нажот берган кишилардан, Иброҳим зурриётидан, Исроил ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлмиш Аллоҳ инъом этган пайғамбарлардир. Қачонки уларга Раҳмоннинг оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқиладилар.

Изоҳ: Ушбу оятдаги Одам зурриётидан бўлган пайғамбарларга Идрис, Нуҳ ва тўфонгача бўлган пайғамбарлар, Нуҳнинг зурриётидан Иброҳим алайҳиссаломгача бўлганлар, Иброҳимдан эса Исмоил, Исҳоқ ва Яъқуб пайғамбарлар, Исроил, яъни Яъқуб алайҳиссаломдан эса Юсуф, Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Исо каби барча яҳудий пайғамбарлар киради. Мазкур оят ҳам сажда ояти бўлиб, уни тиловат қилувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир.

فَخَلَفَ مِنْ بَعْدِهِمْ خَلْفٌ اَضَاعُوا الصَّلٰوةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّاۙ (٥٩)

59. Кейин уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмон жазога йўлиқадилар.

اِلَّا مَنْ تَابَ وَاٰمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَاُو۬لٰٓئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْـًٔاۙ (٦٠)

60. Фақат иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган кишиларгина бундан холи бўлиб жазога тортилмайдилар. Бас, улар абадий жаннатга кирадилар ва уларга ҳеч нарсада зулм қилинмайди.

جَنَّاتِ عَدْنٍۨ الَّت۪ي وَعَدَ الرَّحْمٰنُ عِبَادَهُ بِالْغَيْبِۜ اِنَّهُ كَانَ وَعْدُهُ مَأْتِيًّا (٦١)

61. Улар Раҳмоннинг бандаларига ғайбдан ваъда қилган Адн номли абадий қолинадиган жаннатларга кирадилар. Албатта, Унинг ваъдаси ўз вақтида келувчидир.

لَا يَسْمَعُونَ ف۪يهَا لَغْوًا اِلَّا سَلَامًاۜ وَلَهُمْ رِزْقُهُمْ ف۪يهَا بُكْرَةً وَعَشِيًّا (٦٢)

62. У жойда улар беҳуда сўз эшитмайдилар. Аксинча, фақат салом деган сўзни эшитадилар. Ҳамда улар учун эртаю кеч у ерда ризқлари ҳозирдир.

تِلْكَ الْجَنَّةُ الَّت۪ي نُورِثُ مِنْ عِبَادِنَا مَنْ كَانَ تَقِيًّا (٦٣)

63. Бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга Биз мерос қилиб берадиган жаннат мана будир.

وَمَا نَتَنَزَّلُ اِلَّا بِاَمْرِ رَبِّكَۚ لَهُ مَا بَيْنَ اَيْد۪ينَا وَمَا خَلْفَنَا وَمَا بَيْنَ ذٰلِكَۚ وَمَا كَانَ رَبُّكَ نَسِيًّاۚ (٦٤)

64. Жаброил: “Биз фаришталар фақат Роббингизнинг амри билан тушамиз. Олдимиздаги охират ҳам, ортимиздаги дунё ҳам, иккиси ўртасидаги барча ишлар ҳам, фақат Унинг измидадир. Роббингиз унутувчи бўлмаган”, – дейди.

رَبُّ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا فَاعْبُدْهُ وَاصْطَبِرْ لِعِبَادَتِه۪ۜ هَلْ تَعْلَمُ لَهُ سَمِيًّا۟ (٦٥)

65. Аллоҳ осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Роббисидир. Бас, Унга ибодат қилинг ва ибодатида бардошли бўлинг. Ахир Унга тенг бирор исмни биласизми?!

Изоҳ: Бу оятлар Жаброил алайҳиссаломнинг сўзларидир. Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг Жаброил келганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Нега келмай қолдингиз?” – деб сўраганларида, у Аллоҳнинг амри билан юқоридаги сўзларни айтган экан.

وَيَقُولُ الْاِنْسَانُ ءَاِذَا مَا مِتُّ لَسَوْفَ اُخْرَجُ حَيًّا (٦٦)

66. Иймонсиз одам: “Ўлганимдан кейин яна тирик ҳолда қабримдан чиқариламанми?” – дейди.

اَوَلَا يَذْكُرُ الْاِنْسَانُ اَنَّا خَلَقْنَاهُ مِنْ قَبْلُ وَلَمْ يَكُ شَيْـًٔا (٦٧)

67. Ахир, ўша инсон Биз уни олдин ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни эсламайдими?!

فَوَرَبِّكَ لَنَحْشُرَنَّهُمْ وَالشَّيَاط۪ينَ ثُمَّ لَنُحْضِرَنَّهُمْ حَوْلَ جَهَنَّمَ جِثِيًّاۚ (٦٨)

68. Эй Муҳаммад, бас, Роббингизга қасамки, албатта, Биз уларни йўлдан оздирган шайтонлари билан бирга қиёматда жамлаймиз, сўнгра барчаларини жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз.

ثُمَّ لَنَنْزِعَنَّ مِنْ كُلِّ ش۪يعَةٍ اَيُّهُمْ اَشَدُّ عَلَى الرَّحْمٰنِ عِتِيًّاۚ (٦٩)

69. Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси бирлари Раҳмонга ашаддийроқ осий бўлса, ўшани суғуриб оламиз ва жаҳаннамга ташлаймиз.

Изоҳ: Уламоларнинг айтишича, “Раҳмонга ашаддийроқ осий бўлган” кимсалар одамларни ҳақ йўлидан оздириб, боши берк кўчаларга бошлаган кишилардир.

ثُمَّ لَنَحْنُ اَعْلَمُ بِالَّذ۪ينَ هُمْ اَوْلٰى بِهَا صِلِيًّا (٧٠)

70. Кейин албатта, Биз унга киришга лойиқроқ кимсаларни энг яхши билувчимиз.

وَاِنْ مِنْكُمْ اِلَّا وَارِدُهَاۚ كَانَ عَلٰى رَبِّكَ حَتْمًا مَقْضِيًّاۚ (٧١)

71. Эй одамлар, сизларнинг ичингиздан дўзахнинг даҳшатли манзарасини кўриш ва Сирот кўпригидан ўтиш учун унга яқин келмайдиган биронта одам йўқ. Бу Роббингиз наздида, албатта, бажариладиган фармондир.

ثُمَّ نُنَجِّي الَّذ۪ينَ اتَّقَوْا وَنَذَرُ الظَّالِم۪ينَ ف۪يهَا جِثِيًّا (٧٢)

72. Ана ундан кейин тақводор бўлган кимсаларга дўзахдан нажот берамиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида у ерда қолдирамиз.

وَاِذَا تُتْلٰى عَلَيْهِمْ اٰيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ قَالَ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لِلَّذ۪ينَ اٰمَنُٓواۙ اَيُّ الْفَر۪يقَيْنِ خَيْرٌ مَقَامًا وَاَحْسَنُ نَدِيًّا (٧٣)

73. Қачонки уларга аниқ оятларимиз тиловат қилинса, куфр келтирганлар кибрланиб иймон келтирганларга: “Икки гуруҳнинг қайси бири дунёдаги мақом ва мавқе жиҳатидан яхшироқдир?” – дедилар.

وَكَمْ اَهْلَكْنَا قَبْلَهُمْ مِنْ قَرْنٍ هُمْ اَحْسَنُ اَثَاثًا وَرِءْيًا (٧٤)

74. Ҳолбуки, улардан олдин уй анжомлари ва кўриниш жиҳатидан яхшироқ бўлган қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганмиз.

قُلْ مَنْ كَانَ فِي الضَّلَالَةِ فَلْيَمْدُدْ لَهُ الرَّحْمٰنُ مَدًّاۚ حَتّٰٓى اِذَا رَاَوْا مَا يُوعَدُونَ اِمَّا الْعَذَابَ وَاِمَّا السَّاعَةَۜ فَسَيَعْلَمُونَ مَنْ هُوَ شَرٌّ مَكَانًا وَاَضْعَفُ جُنْدًا (٧٥)

75. Эй Муҳаммад, уларга: “Ким залолатда бўлса, бас, Раҳмон унинг муддатини узайтирсин, токи ўзларига ваъда қилинган дунё азобини ёки қиёматни кўрганларида, албатта, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари заифроқ эканини биладилар”, – деб айтинг.

وَيَز۪يدُ اللّٰهُ الَّذ۪ينَ اهْتَدَوْا هُدًىۜ وَالْبَاقِيَاتُ الصَّالِحَاتُ خَيْرٌ عِنْدَ رَبِّكَ ثَوَابًا وَخَيْرٌ مَرَدًّا (٧٦)

76. Аллоҳ тўғри йўлдаги кишиларга ҳидоятни янада зиёда қилади. Роббингиз наздида боқий қолувчи солиҳ амаллар савоби яхшироқ ва оқибати хайрлидир.

اَفَرَاَيْتَ الَّذ۪ي كَفَرَ بِاٰيَاتِنَا وَقَالَ لَاُوتَيَنَّ مَالًا وَوَلَدًاۜ (٧٧)

77. Эй Муҳаммад, оятларимизга куфр келтирган ва: “Охиратда, албатта, менга мол-мулк ва фарзанд берилади”, – деган кимсани кўрдингизми?

اَطَّلَعَ الْغَيْبَ اَمِ اتَّخَذَ عِنْدَ الرَّحْمٰنِ عَهْدًاۙ (٧٨)

78. Нима, у ғойибдан хабардор бўлибдими ёки Раҳмон даргоҳидан аҳд олганми?!

كَلَّاۜ سَنَكْتُبُ مَا يَقُولُ وَنَمُدُّ لَهُ مِنَ الْعَذَابِ مَدًّاۙ (٧٩)

79. Йўқ, ундай эмас, албатта, Биз унинг айтаётган сўзини ёзиб қўямиз ҳамда унга азобни узайтириб қўямиз.

وَنَرِثُهُ مَا يَقُولُ وَيَأْت۪ينَا فَرْدًا (٨٠)

80. У айтаётган мол-мулкни Биз мерос қилиб оламиз ва у Бизнинг ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келади.

وَاتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللّٰهِ اٰلِهَةً لِيَكُونُوا لَهُمْ عِزًّاۙ (٨١)

81. Мушриклари Аллоҳдан бошқа, ўзларига мадад бўлиши учун илоҳлар қилиб олдилар.

كَلَّاۜ سَيَكْفُرُونَ بِعِبَادَتِهِمْ وَيَكُونُونَ عَلَيْهِمْ ضِدًّا۟ (٨٢)

82. Йўқ, аксинча, қиёматда бутлари уларнинг қилган ибодатларини инкор қиладилар ва уларга қарши бўладилар.

اَلَمْ تَرَ اَنَّٓا اَرْسَلْنَا الشَّيَاط۪ينَ عَلَى الْكَافِر۪ينَ تَؤُزُّهُمْ اَزًّاۙ (٨٣)

83. Эй Муҳаммад, Биз кофирларга гуноҳ ишлар учун уларни қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?!

فَلَا تَعْجَلْ عَلَيْهِمْۜ اِنَّمَا نَعُدُّ لَهُمْ عَدًّاۚ (٨٤)

84. Бас, сиз уларга қарши чиқишга шошилманг. Албатта, Биз уларнинг қилган ишларини аниқ ҳисоблаб боряпмиз.

يَوْمَ نَحْشُرُ الْمُتَّق۪ينَ اِلَى الرَّحْمٰنِ وَفْدًاۙ (٨٥)

85. У кунда тақводорларни Раҳмон ҳузурига ҳайъат ҳолида тўплаб борамиз.

Изоҳ: Бу оят Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, яъни тақво йўлини тутганлар тилла туяларга миндирилиб, Аллоҳнинг ҳузурига олиб борилиши тўғрисидаги оятдир.

وَنَسُوقُ الْمُجْرِم۪ينَ اِلٰى جَهَنَّمَ وِرْدًاۢ (٨٦)

86. Гуноҳкорларни эса ташна ҳолларида жаҳаннамга ҳайдаймиз.

لَا يَمْلِكُونَ الشَّفَاعَةَ اِلَّا مَنِ اتَّخَذَ عِنْدَ الرَّحْمٰنِ عَهْدًاۢ (٨٧)

87. У кунда фақат Раҳмон наздида аҳд олган холис кишиларгина шафоатга эга бўладилар.

Изоҳ: Оятда Аллоҳга иймон келтириб, уни ягона билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган холис бандалар шафоатга эришиши баён қилинади.

وَقَالُوا اتَّخَذَ الرَّحْمٰنُ وَلَدًاۜ (٨٨)

88. Мушриклар Аллоҳга туҳмат қилиб: “Раҳмон бола тутди”, – дедилар.

لَقَدْ جِئْتُمْ شَيْـًٔا اِدًّاۙ (٨٩)

89. Эй мушриклар, чиндан ҳам бу гапингиз билан жуда оғир нарса келтирдингиз.

تَكَادُ السَّمٰوَاتُ يَتَفَطَّرْنَ مِنْهُ وَتَنْشَقُّ الْاَرْضُ وَتَخِرُّ الْجِبَالُ هَدًّاۙ (٩٠)

90. Унинг оғирлигидан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар қулаб парчаланиб кетишига оз қолди.

اَنْ دَعَوْا لِلرَّحْمٰنِ وَلَدًاۚ (٩١)

91. Бунинг сабаби, Раҳмонга фарзанд даъво қилишларидир.

وَمَا يَنْبَغ۪ي لِلرَّحْمٰنِ اَنْ يَتَّخِذَ وَلَدًاۜ (٩٢)

92. Раҳмон учун фарзанд тутиш лойиқ эмас. Чунки ҳамма унга қулдир.

اِنْ كُلُّ مَنْ فِي السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ اِلَّٓا اٰتِي الرَّحْمٰنِ عَبْدًاۜ (٩٣)

93. Осмонлар ва Ердаги барча жонзот қиёмат кунида Раҳмон ҳузурига қул бўлган ҳолда келади.

لَقَدْ اَحْصٰيهُمْ وَعَدَّهُمْ عَدًّاۜ (٩٤)

94. Албатта, Аллоҳ уларни қамраб олган ва ададини санаб қўйгандир.

وَكُلُّهُمْ اٰت۪يهِ يَوْمَ الْقِيٰمَةِ فَرْدًا (٩٥)

95. Уларнинг барчаси қиёмат куни Унинг ҳузурига ёлғиз ҳолда келувчидир.

اِنَّ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَيَجْعَلُ لَهُمُ الرَّحْمٰنُ وُدًّا (٩٦)

96. Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун яқинда Раҳмон муҳаббат пайдо қилади.

فَاِنَّمَا يَسَّرْنَاهُ بِلِسَانِكَ لِتُبَشِّرَ بِهِ الْمُتَّق۪ينَ وَتُنْذِرَ بِه۪ قَوْمًا لُدًّا (٩٧)

97. Эй Муҳаммад, албатта, Биз бу Қуръонни тақводорларга жаннат билан хушхабар беришингиз ва қайсар қавмни жаҳаннам билан огоҳлантиришингиз учун уни сизнинг тилингизга осон қилиб қўйдик.

وَكَمْ اَهْلَكْنَا قَبْلَهُمْ مِنْ قَرْنٍۜ هَلْ تُحِسُّ مِنْهُمْ مِنْ اَحَدٍ اَوْ تَسْمَعُ لَهُمْ رِكْزًا (٩٨)

98. Биз улардан олдин ҳам қанчалаб осий наслларни ҳалок қилганмиз. Сиз улардан тирик қолган бирортасини сезяпсизми ёки уларнинг шивирлашини эшитяпсизми?!