ФАТҲ СУРАСИ

Фатҳ сураси 29 оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. Бу сурада пайғамбар алайҳиссалом билан Макка мушриклари ўртасида ҳижрий олтинчи санада бўлиб ўтган Ҳудайбия сулҳи ҳақида ва бу сулҳнинг орадан бир йил ўтгач рўй берадиган буюк Фатҳ, яъни Макка мушриклари устидан қозонилган ғалабанинг бошланиши бўлиб қолгани тўғрисида сўз боради. Суранинг “Фатҳ – Ғалаба”, деб номланишининг сабаби ҳам шудир.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

اِنَّا فَتَحْنَا لَكَ فَتْحًا مُب۪ينًاۙ (١)

1. Эй Муҳаммад, Биз сизга аниқ фатҳни бердик.

لِيَغْفِرَ لَكَ اللّٰهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَاَخَّرَ وَيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكَ وَيَهْدِيَكَ صِرَاطًا مُسْتَق۪يمًاۙ (٢)

2. Бу фатҳ Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни мағфират этиши, сизга Ўз неъматини мукаммал қилиб бериши ва сизни тўғри йўлга ҳидоят қилиши учундир.

وَيَنْصُرَكَ اللّٰهُ نَصْرًا عَز۪يزًا (٣)

3. Шунингдек, Аллоҳ сизга кучли нусрат бериши учундир.

Изоҳ: Сура мана шундай файзи илоҳий – олдинги ва кейинги барча гуноҳларни мағфират қилиш, илоҳий неъматларни комил қилиб бериш, тўғри йўлга ҳидоят, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган қудратли мадад ва очиқ-равшан ғалабани эълон қилиш билан бошланди. Шунинг учун ҳам пайғамбар алайҳиссалом ушбу сура нозил бўлганида “Бу кеча менга дунё ва ундаги бор нарсадан суюклироқ бўлган бир сура нозил қилинди”, деган эканлар. Хўш, мазкур ғалаба қандай ғалаба эди? Ислом тарихидан маълумки, Ҳижрий олтинчи сананинг охирида расулуллоҳ ўзларининг бир ярим мингга яқин саҳобалари билан Умра қилиш ниятида Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага қараб йўл оладилар. Улар уруш ниятида кетмаётганларини билдириш учун Маккага етиб борганларида қурбонлиқ қилиш учун олган чорва ҳайвонларини олдиларига солиб ҳайдаб борадилар. Лекин мусулмонлар Макка яқинидаги Ҳудайбия деб номланган бир водийга етиб келганларида мушриклар уларни Байтуллоҳга киришдан тўсадилар. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом мақсадлари Макка шаҳрини эгаллаб олиш эмас, балки Каъбатуллоҳни тавоф қилиб қайтиб чиқиб кетиш эканлигини етказиш учун Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ элчиларни Макка катталари олдига юборганларида улар Усмонни ҳибсга оладилар, лекин пайғамбар алайҳиссаломга мушриклар Усмонни қатл қилдилар, деган хабар боради. Шунда расулуллоҳ саҳобаларни Маккани фатҳ этиш учун байъат қилишга чақирганларида, уларнинг барчалари байъат қиладиларки, бу ҳақда сура давомида алоҳида ҳикоя қилинади.

Мусулмонларнинг қасамёдларини эшитиб даҳшатга тушиб қолган мушриклар ўз одамларини Ҳудайбияга жўнатиб, бу йил мусулмонларни Каъбатуллоҳга йўлатмасликларини ва агар рози бўлсалар, келгуси йилда ўзлари мусулмонларга бемалол зиёрат қилишлари учун Маккани бўшатиб беришларини билдириб, сулҳ таклиф қиладилар. Пайғамбаримиз бу таклифни қабул қиладилар ва бу сулҳ дини Ислом тарихидаги бурилиш нуқталаридан бири бўлиб қолади. Чунки бундан бор йўғи бир йил олдин мусулмонларни ер юзидан йўқ қилиб юбориш ниятида жуда катта лашкар билан Мадинага борган Макка мушриклари бугунга келиб уларга қарши урушиш у ёқда турсин, ўзлари яраш таклиф қилмоқда эдиларки, бу ўз моҳият эътибори билан Ислом динининг ҳақ ва ўлмайдиган бир дин эканлигини эътироф этиш эди. Бу сулҳнинг Маккадаги ва бошқа атрофдаги одамларга жуда катта таъсири бўлиб, мусулмонларнинг улар билан бевосита мулоқот қилишлари ва Исломга даъват этишлари натижасида минглаб кишилар бу ҳақ динга иймон келтирадилар.

هُوَ الَّذ۪ٓي اَنْزَلَ السَّك۪ينَةَ ف۪ي قُلُوبِ الْمُؤْمِن۪ينَ لِيَزْدَادُٓوا ا۪يمَانًا مَعَ ا۪يمَانِهِمْۜ وَلِلّٰهِ جُنُودُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۜ وَكَانَ اللّٰهُ عَل۪يمًا حَك۪يمًاۙ (٤)

4. У иймонларига яна иймон қўшилиши учун мўминларнинг қалбларига сокинлик туширган Зотдир. Осмонлар ва Ернинг фаришталар ва жонзотлардан иборат қўшинлари фақат Аллоҳникидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи ва ҳикматли Зотдир.

لِيُدْخِلَ الْمُؤْمِن۪ينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ جَنَّاتٍ تَجْر۪ي مِنْ تَحْتِهَا الْاَنْهَارُ خَالِد۪ينَ ف۪يهَا وَيُكَفِّرَ عَنْهُمْ سَيِّـَٔاتِهِمْۜ وَكَانَ ذٰلِكَ عِنْدَ اللّٰهِ فَوْزًا عَظ۪يمًاۙ (٥)

5. Аллоҳ мўмин ва мўминаларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, у ерда мангу қоладиган жаннатларга киритиш учун ва улардан гуноҳларини ўчириш учун шундай қилди. Мана бу Аллоҳ наздида улкан ютуқдир.

وَيُعَذِّبَ الْمُنَافِق۪ينَ وَالْمُنَافِقَاتِ وَالْمُشْرِك۪ينَ وَالْمُشْرِكَاتِ الظَّٓانّ۪ينَ بِاللّٰهِ ظَنَّ السَّوْءِۜ عَلَيْهِمْ دَٓائِرَةُ السَّوْءِۚ وَغَضِبَ اللّٰهُ عَلَيْهِمْ وَلَعَنَهُمْ وَاَعَدَّ لَهُمْ جَهَنَّمَۜ وَسَٓاءَتْ مَص۪يرًا (٦)

6. Шунингдек, мўминларга ғалаба йўқдир деб, Аллоҳ ҳақида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун мўминларни уларга қарши қўйди. Уларнинг устига ҳалокат балоси тушувчидир. Аллоҳ улардан ғазабланди ва уларни лаънатлади. Аллоҳ улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди ва у нақадар ёмон жойдир!

وَلِلّٰهِ جُنُودُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۜ وَكَانَ اللّٰهُ عَز۪يزًا حَك۪يمًا (٧)

7. Осмонлар ва Ернинг фаришталар ва жонзотлардан иборат қўшинлари фақат Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳаммадан улуғ ва ҳикматли Зотдир.

اِنَّٓا اَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذ۪يرًاۙ (٨)

8. Эй Муҳаммад, ҳақиқатан, Биз сизни қиёмат куни умматларга гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннатдан хушхабар берувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз.

لِتُؤْمِنُوا بِاللّٰهِ وَرَسُولِه۪ وَتُعَزِّرُوهُ وَتُوَقِّرُوهُۜ وَتُسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَاَص۪يلًا (٩)

9. Эй инсонлар, Биз Муҳаммадни Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтиришингиз ва у Пайғамбарни қўллаб-қуватлаб, иззат-икром қилишингиз ҳамда эрта-ю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтишингиз учун юбордик.

اِنَّ الَّذ۪ينَ يُبَايِعُونَكَ اِنَّمَا يُبَايِعُونَ اللّٰهَۜ يَدُ اللّٰهِ فَوْقَ اَيْد۪يهِمْۚ فَمَنْ نَكَثَ فَاِنَّمَا يَنْكُثُ عَلٰى نَفْسِه۪ۚ وَمَنْ اَوْفٰى بِمَا عَاهَدَ عَلَيْهُ اللّٰهَ فَسَيُؤْت۪يهِ اَجْرًا عَظ۪يمًا۟ (١٠)

10. Эй Муҳаммад, ҳақиқатан, сизга байъат қиладиганлар, албатта, Аллоҳга байъат қилган бўладилар. Аллоҳнинг қудрат қўли уларнинг қўллари узрадир. Бас, кимки ўз аҳдини бузса, бас, фақат ўз зарарига бузган бўлади. Кимки Аллоҳ билан аҳдлашган нарсасига вафо қилса, у ҳолда Аллоҳ унга улкан мукофот беради.

Изоҳ: Ҳудайбия водийсидаги бир туп дарахт остида бир ярим мингга яқин мусулмонлар Расулуллоҳга ҳар қандай шароитда содиқ бўлишлари ҳақида қасамёд қилганлар. Бу қасамёд “Байъат ур-ризвон”, яъни, Аллоҳ рози бўладиган қасамёд демакдир.

سَيَقُولُ لَكَ الْمُخَلَّفُونَ مِنَ الْاَعْرَابِ شَغَلَتْنَٓا اَمْوَالُنَا وَاَهْلُونَا فَاسْتَغْفِرْ لَنَاۚ يَقُولُونَ بِاَلْسِنَتِهِمْ مَا لَيْسَ ف۪ي قُلُوبِهِمْۜ قُلْ فَمَنْ يَمْلِكُ لَكُمْ مِنَ اللّٰهِ شَيْـًٔا اِنْ اَرَادَ بِكُمْ ضَرًّا اَوْ اَرَادَ بِكُمْ نَفْعًاۜ بَلْ كَانَ اللّٰهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَب۪يرًا (١١)

11. Эй Муҳаммад, ҳали Мадинага қайтганингизда сизга аъробийлардан жангга чиқмай, уйда қолган мунофиқлар: “Бизларни молларимиз ва аҳли оилаларимиз урушга чиқишдан машғул қилиб қўйди. Энди сен бизлар учун Аллоҳдан мағфират сўра”, – дейдилар. Улар дилларида бўлмаган нарсани тиллари билан айтадилар. Эй Расулим уларга: “Агар У Зот сизларга бирор зарар етказишни хоҳласа ёки сизларга бирор манфаат етказишни истаса, бас, ким сизлар учун Аллоҳ томонидан бўлган бирор нарсани даф қилишга қодир бўла олади?! Йўқ, Аллоҳ сизлар қилаётган амалларингиздан хабардордир”, – деб айтинг.

بَلْ ظَنَنْتُمْ اَنْ لَنْ يَنْقَلِبَ الرَّسُولُ وَالْمُؤْمِنُونَ اِلٰٓى اَهْل۪يهِمْ اَبَدًا وَزُيِّنَ ذٰلِكَ ف۪ي قُلُوبِكُمْ وَظَنَنْتُمْ ظَنَّ السَّوْءِۚ وَكُنْتُمْ قَوْمًا بُورًا (١٢)

12. Балки сизлар Пайғамбар ва мўминлар бу сафардан ўз аҳли оилаларига асло қайтиб келмайдилар, деб ўйлагандирсиз. Бу ўйлов дилларингизга чиройли кўрсатилиб, ёмон гумон қилдинглар ҳамда ҳалок бўлувчи қавм бўлдингиз.

وَمَنْ لَمْ يُؤْمِنْ بِاللّٰهِ وَرَسُولِه۪ فَاِنَّٓا اَعْتَدْنَا لِلْكَافِر۪ينَ سَع۪يرًا (١٣)

13. Кимки Аллоҳга ва унинг Пайғамбарига иймон келтирмаган бўлса, бас, албатта, Биз ундай кофирлар учун ловуллаган оловни тайёрлаб қўйганмиз.

وَلِلّٰهِ مُلْكُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۜ يَغْفِرُ لِمَنْ يَشَٓاءُ وَيُعَذِّبُ مَنْ يَشَٓاءُۜ وَكَانَ اللّٰهُ غَفُورًا رَح۪يمًا (١٤)

14. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги ёлғиз Аллоҳникидир. У хоҳлаган кишиларни мағфират қилади ва хоҳлаган кимсаларни азоблайди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.

سَيَقُولُ الْمُخَلَّفُونَ اِذَا انْطَلَقْتُمْ اِلٰى مَغَانِمَ لِتَأْخُذُوهَا ذَرُونَا نَتَّبِعْكُمْۚ يُر۪يدُونَ اَنْ يُبَدِّلُوا كَلَامَ اللّٰهِۜ قُلْ لَنْ تَتَّبِعُونَا كَذٰلِكُمْ قَالَ اللّٰهُ مِنْ قَبْلُۚ فَسَيَقُولُونَ بَلْ تَحْسُدُونَنَاۜ بَلْ كَانُوا لَا يَفْقَهُونَ اِلَّا قَل۪يلًا (١٥)

15. Ҳали сизлар Хайбар жангидаги ўлжаларни олиш учун кетаётган вақтингизда жангга чиқмай уйда қолган кимсалар: “Бизларга ҳам ўлжа олиш учун сизларга эргашишимизга йўл қўйинглар”, – дейдилар. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Эй Муҳаммад уларга: “Асло бизларга эргашмайсизлар. Аллоҳ аввал сизга буни айтган”, – деб айтинг. Бас, улар: “Балки, бизларга ҳасад қилаётгандирсизлар”, – дейдилар. Йўқ, улар жуда оз фаҳмлайдилар.

Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ саҳобалар Ҳудайбия сулҳидан қайтишгач, Ҳайбар воҳасидаги яҳудийларга қарши жанг қилиб, ғалаба қозонадилар ва катта ўлжаларни қўлга киритадилар. Бу ўлжалардан хабар топган мунофиқлар ўзлари жангдан қочган бўлсалар-да, ўлжадан умид қилганларида, мазкур оят орқали уларга кескин рад жавоби берилади ва Аллоҳ таоло бу ўлжаларни фақат Ҳудайбия сулҳида иштирок этган кишилар учун хос қилиб қўйгани баён этилади, ҳамда у мунофиқларнинг Аллоҳ буюрган ҳукмларидаги ҳикматни англай олмасликлари ҳам ошкор қилинади.

قُلْ لِلْمُخَلَّف۪ينَ مِنَ الْاَعْرَابِ سَتُدْعَوْنَ اِلٰى قَوْمٍ اُو۬ل۪ي بَأْسٍ شَد۪يدٍ تُقَاتِلُونَهُمْ اَوْ يُسْلِمُونَۚ فَاِنْ تُط۪يعُوا يُؤْتِكُمُ اللّٰهُ اَجْرًا حَسَنًاۚ وَاِنْ تَتَوَلَّوْا كَمَا تَوَلَّيْتُمْ مِنْ قَبْلُ يُعَذِّبْكُمْ عَذَابًا اَل۪يمًا (١٦)

16. Эй Расулим, аъробийлардан жангга чиқмай қолган мунофиқ кимсаларга: “Яқинда сизлар катта куч эгалари бўлмиш бир қавм билан жанг қилишга чақириласизлар. Ўшанда улар билан урушасизлар ёки улар жангсиз Исломга кирадилар. Бас, агар ўшанда Пайғамбарга итоат қилсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал мукофот ато қилади. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек юз ўгириб кетсангизлар, Аллоҳ сизларни аламли азоб билан азоблайди.

لَيْسَ عَلَى الْاَعْمٰى حَرَجٌ وَلَا عَلَى الْاَعْرَجِ حَرَجٌ وَلَا عَلَى الْمَر۪يضِ حَرَجٌۜ وَمَنْ يُطِعِ اللّٰهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْر۪ي مِنْ تَحْتِهَا الْاَنْهَارُۚ وَمَنْ يَتَوَلَّ يُعَذِّبْهُ عَذَابًا اَل۪يمًا۟ (١٧)

17. Жангда қатнашмасликда кўзи ожиз кишига танглик йўқ. Оёғи чўлоқ одамга ҳам танглик йўқ. Беморга ҳам танглик йўқ. Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат қилса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Кимки юз ўгириб кетса, Аллоҳ уни аламли азоб билан азоблайди.

لَقَدْ رَضِيَ اللّٰهُ عَنِ الْمُؤْمِن۪ينَ اِذْ يُبَايِعُونَكَ تَحْتَ الشَّجَرَةِ فَعَلِمَ مَا ف۪ي قُلُوبِهِمْ فَاَنْزَلَ السَّك۪ينَةَ عَلَيْهِمْ وَاَثَابَهُمْ فَتْحًا قَر۪يبًاۙ (١٨)

18. Эй Муҳаммад, дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. Бас, Аллоҳ уларнинг дилларидаги садоқатни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни Хайбар жангидаги яқин ғалаба билан мукофотлади.

وَمَغَانِمَ كَث۪يرَةً يَأْخُذُونَهَاۜ وَكَانَ اللّٰهُ عَز۪يزًا حَك۪يمًا (١٩)

19. Мусулмонларни оладиган кўплаб ўлжалар билан ҳам мукофотлади. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

وَعَدَكُمُ اللّٰهُ مَغَانِمَ كَث۪يرَةً تَأْخُذُونَهَا فَعَجَّلَ لَكُمْ هٰذِه۪ وَكَفَّ اَيْدِيَ النَّاسِ عَنْكُمْۚ وَلِتَكُونَ اٰيَةً لِلْمُؤْمِن۪ينَ وَيَهْدِيَكُمْ صِرَاطًا مُسْتَق۪يمًاۙ (٢٠)

20. Эй мўминлар, Аллоҳ сизларга ўзингиз оладиган кўпгина ўлжаларни ваъда қилди. Мана бу Хайбар жангидаги ўлжаларни эса тезлатиб берди ва душман одамларнинг қўлларини сизларга зиён беришдан тўсиб қўйди. Бўлиб ўтган воқеалар мўминларга ибрат бўлиши ва Аллоҳ сизларни тўғри йўлга ҳидоят қилиши учундур.

وَاُخْرٰى لَمْ تَقْدِرُوا عَلَيْهَا قَدْ اَحَاطَ اللّٰهُ بِهَاۜ وَكَانَ اللّٰهُ عَلٰى كُلِّ شَيْءٍ قَد۪يرًا (٢١)

21. Яна сизлар ҳали қодир бўлмаган бошқа ўлжалар ҳам борки, Аллоҳ уларни ўлжаларингиз эканини Ўз илми билан иҳота қилиб қўйгандир. Аллоҳ барча нарсага қодир Зотдир.

وَلَوْ قَاتَلَكُمُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَوَلَّوُا الْاَدْبَارَ ثُمَّ لَا يَجِدُونَ وَلِيًّا وَلَا نَص۪يرًا (٢٢)

22. Агар куфр келтирган кимсалар сулҳ тузиш ўрнига сизлар билан жанг қилганларида, албатта, улар ортларига қараб қочган бўлар эдилар. Сўнгра улар ўзларига дўст ҳам ёрдамчи топа олмас эдилар.

سُنَّةَ اللّٰهِ الَّت۪ي قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلُۚ وَلَنْ تَجِدَ لِسُنَّةِ اللّٰهِ تَبْد۪يلًا (٢٣)

23. Бу Аллоҳнинг аввалдан келаётган суннатидир. Аллоҳнинг йўлига эса ўзгартириш топа олмайсиз.

وَهُوَ الَّذ۪ي كَفَّ اَيْدِيَهُمْ عَنْكُمْ وَاَيْدِيَكُمْ عَنْهُمْ بِبَطْنِ مَكَّةَ مِنْ بَعْدِ اَنْ اَظْفَرَكُمْ عَلَيْهِمْۜ وَكَانَ اللّٰهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَص۪يرًا (٢٤)

24. У Зот Макканинг ичида сизларни у мушрикларининг устига ғолиб қилганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсиб, сулҳ қилдиргандир. Аллоҳ қилаётган барча ишларингизни кўриб турувчидир.

هُمُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا وَصَدُّوكُمْ عَنِ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَالْهَدْيَ مَعْكُوفًا اَنْ يَبْلُغَ مَحِلَّهُۜ وَلَوْلَا رِجَالٌ مُؤْمِنُونَ وَنِسَٓاءٌ مُؤْمِنَاتٌ لَمْ تَعْلَمُوهُمْ اَنْ تَطَؤُ۫هُمْ فَتُص۪يبَكُمْ مِنْهُمْ مَعَرَّةٌ بِغَيْرِ عِلْمٍۚ لِيُدْخِلَ اللّٰهُ ف۪ي رَحْمَتِه۪ مَنْ يَشَٓاءُۚ لَوْ تَزَيَّلُوا لَعَذَّبْنَا الَّذ۪ينَ كَفَرُوا مِنْهُمْ عَذَابًا اَل۪يمًا (٢٥)

25. Улар, куфр келтирган ва сизларни Масжид ул-Ҳаромдан қурбонлиқ қилиш учун олган ҳадяни ушланиб, ўз жойига етишидан тўсган кимсалардир. Агар Маккада сиз билмаган мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бўлмаса эди, уларни билмай мушриклардан деб ўйлаб бостириб ҳалок қилганингиз туфайли зиён етиши бўлмаганида, Аллоҳ сизларни Маккага юриш қилишдан тўсмаган бўлар эди. Аллоҳ хоҳлаганини Ўз раҳматига киритиши учун уларни мушриклар қаторида ҳалок бўлиб кетишларидан асраб сизларни жанг қилишдан тўсди. Агар мўминлар ажралиб олганларида, албатта улардан куфр келтирган кимсаларни аламли азоб билан азоблаган бўлар эдик.

اِذْ جَعَلَ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا ف۪ي قُلُوبِهِمُ الْحَمِيَّةَ حَمِيَّةَ الْجَاهِلِيَّةِ فَاَنْزَلَ اللّٰهُ سَك۪ينَتَهُ عَلٰى رَسُولِه۪ وَعَلَى الْمُؤْمِن۪ينَ وَاَلْزَمَهُمْ كَلِمَةَ التَّقْوٰى وَكَانُٓوا اَحَقَّ بِهَا وَاَهْلَهَاۜ وَكَانَ اللّٰهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَل۪يمًا۟ (٢٦)

26. Ўшанда куфр келтирган кимсалар қалбларига қизиққонликнижоҳилият қизиққонлигини жойлаганларида, Аллоҳ Ўз пайғамбарининг ва мўминларнинг устига хотиржамлигини туширди. Ҳамда уларга тақво калимасини лозим кўрди. Улар ўша тақво калимасига жуда ҳақли ва лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир.

لَقَدْ صَدَقَ اللّٰهُ رَسُولَهُ الرُّءْيَا بِالْحَقِّۚ لَتَدْخُلُنَّ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ اِنْ شَٓاءَ اللّٰهُ اٰمِن۪ينَۙ مُحَلِّق۪ينَ رُؤُ۫سَكُمْ وَمُقَصِّر۪ينَۙ لَا تَخَافُونَۜ فَعَلِمَ مَا لَمْ تَعْلَمُوا فَجَعَلَ مِنْ دُونِ ذٰلِكَ فَتْحًا قَر۪يبًا (٢٧)

27. Қасам бўлсинки, Аллоҳ Расулининг кўрган тушини ҳақ билан тасдиқлади. Эй мўминлар, иншоаллоҳ, албатта, сизлар Масжид ул-Ҳаромга омонликда, сочларингизни қирдирган ёки қисқартирган ҳолларингизда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, Аллоҳ сизлар билмаган нарсани билиб, Макка фатҳидан олдин яқин Хайбар ғалабасини насиб қилди.

Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбия сулҳидан олдин тушларида саҳобалар билан Маккага тинч ҳолатда кириб, Каъбани зиёрат қилганлар ва уларнинг баъзилари сочларини қирдирган, баъзилари эса сочини қисқартирган. Лекин ўша йили Маккага кира олмаганлар, балки Ҳудайбия билан сулҳ тузилган. Макка фатҳидан олдин яна бир ғалабани ваъда қилинишига биноан, бу фатҳ Хайбар фатҳи, навбатдагиси эса Макка фатҳи эканлиги маълум бўлади.

هُوَ الَّذ۪ٓي اَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدٰى وَد۪ينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدّ۪ينِ كُلِّه۪ۜ وَكَفٰى بِاللّٰهِ شَه۪يدًاۜ (٢٨)

28. У Ўз Пайғамбари Муҳаммадни ҳидоят ва ҳақ дин бўлган Ислом билан, уни барча динларга ғолиб қилиши учун юборган Зотдир. Аллоҳнинг Ўзи ушбу ваъданинг рўёбга чиқишига етарли гувоҳдир.

مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللّٰهِۜ وَالَّذ۪ينَ مَعَهُٓ اَشِدَّٓاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَٓاءُ بَيْنَهُمْ تَرٰيهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللّٰهِ وَرِضْوَانًاۘ س۪يمَاهُمْ ف۪ي وُجُوهِهِمْ مِنْ اَثَرِ السُّجُودِۜ ذٰلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرٰيةِۚۛ وَمَثَلُهُمْ فِي الْاِنْج۪يلِ۠ۛ كَزَرْعٍ اَخْرَجَ شَطْـَٔهُ۫ فَاٰزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوٰى عَلٰى سُوقِه۪ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغ۪يظَ بِهِمُ الْكُفَّارَۜ وَعَدَ اللّٰهُ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَاَجْرًا عَظ۪يمًا (٢٩)

29. Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлган мўминлар кофирларга қаттиқ, ўз ораларида мўминларга нисбатан раҳм-шафқатлидирлар. Уларни доимо Аллоҳдан фазл ва розилик истаб, руку ва сажда ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда изларидан қолган белгилар бордир. Мана шу сифатлар уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, гўё уруғини ёриб чиқиб, қувватга кирадиган, йўғонлашиб ўз новдасида тик турадиган ва деҳқонларни ҳайрон қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. Бу мўминларнинг кучайиши сабабли кофирларнинг жаҳлини чиқариш учундир. Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва улкан ажрни ваъда қилди.

Изоҳ: Бу зарбул-масал мусулмонларнинг дастлаб заиф, камчилик ва хор бўлганлари, кейинроқ эса равнақ топиб, кучайиб кетишини ифода этади.