ФОТИҲА СУРАСИ

Фотиҳа сураси 7 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган.

Қуръони Каримда сураларнинг жойлашиш тартиби бўйича биринчи бўлиб келгани учун “Фотиҳа”, яъни “Очувчи” маъносини билдиради.

Қуръондаги сураларнинг жойлашиш тартибида аввалги ўринда тургани ва қисқа бўлишига қарамасдан Қуръоннинг асосий маъно-моҳиятини ўзида мужассам этгани учун ҳам у “Очувчи”, – деб номланган. Бу сурада ягона Аллоҳга бўлган эътиқод, Унинг ўзигагина ибодат қилиш, охират куни борлигига ишониш, ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад-ёрдам сўраш, ҳақ дин ва тўғри йўлни Унинг ўзигина кўрсата олишига иймон келтириш каби Ислом динининг асосий талаблари ўз аксини топган. Шунинг учун бу сурани “Уммул Қуръон” – “Қуръоннинг онаси”, – деб ҳам атайдилар.

Фотиҳа сураси жуда ҳам фазилатли сура бўлиб, бу ҳақда бир қанча ривоятлар келтирилган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади:

Убай ибн Каъб Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида Фотиҳа сурасини ўқидилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда ҳам бунга ўхшаш нозил қилинмаган”, – дедилар.

Шу ўринда ўқувчи яхшироқ англаб олиши учун оят ва сура сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари билан танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Оят” сўзининг бир неча луғавий маъноси бор, улар: мўъжиза, белги-аломат, далил, ибрат, ажойиб иш, бурҳон, жамоат.

“Сура” сўзи луғатда “қўрғон”, “манзил” ва “шараф”, – деган маъноларни англатади. Қуръон оятларининг қўрғон билан ўралгандек бир тоифасига сура дейилади.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ (١)

1. Раҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳ номи билан бошлайман.

اَلْحَمْدُ لِلّٰهِ رَبِّ الْعَالَم۪ينَۙ (٢)

2. Барча ҳамд ва сано оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ таолога хосдир.

اَلرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِۙ (٣)

3. Аллоҳ таоло дунёда барча қулларига меҳрибон бўлган – Раҳмон, охиратда эса мўминларга марҳаматли бўлган – Раҳим Зотдир.

مَالِكِ يَوْمِ الدّ۪ينِۜ (٤)

4. У қиёматда яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо бериладиган куннинг Эгасидир.

اِيَّاكَ نَعْبُدُ وَاِيَّاكَ نَسْتَع۪ينُۜ (٥)

5. Биз, фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва доимо Сендангина мадад сўраймиз.

اِهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَق۪يمَۙ (٦)

6. Эй Аллоҳ, бизларни тўғри йўлга бошлагин.

صِرَاطَ الَّذ۪ينَ اَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْۙ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّٓالّ۪ينَ (٧)

7. У шундай йўлдирки, уни солиҳ бандаларингга инъом этгансан. Бу тўғри йўл ҳаддан ошганлари учун ғазабга дучор бўлганларнинг ва ширк келтириб адашганларники ҳам эмас.

Изоҳ: Ушбу оятдаги “ғазабга дучор бўлганлар” – Мусо пайғамбарнинг итоатсиз қавмидир”, “адашганлар” эса Исо пайғамбарнинг “Аллоҳнинг фарзанди бор”, – деб туҳмат қилганлардир.