КАВСАР СУРАСИ
Кавсар сураси 3 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу суранинг номи ўзининг биринчи оятидаги “кавсар” сўзидан олинган. “Кавсар” сўзи луғатда “кўп яхшилик”, деган маъноларни англатади. Арабларда сони жиҳатидан, қадр-қиймати жиҳатидан ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага “кавсар” дейилади.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
اِنَّٓا اَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَۜ (١)
1. Эй Муҳаммад, албатта, Биз сизга Кавсарни ато қилдик.
Изоҳ: Кавсар сўзининг дарё ва ҳовуздан бошқа маънолари ҳам мавжуд эканлиги тафсирларда баён этилган. Масалан, Кавсар – бу касир сўзининг муболаға сийғаси, яъни жуда кўп яхши нарсалар, яхшиликларни ато этдик, деган маънони ҳам англатади.
فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْۜ (٢)
2. Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйиб қурбонлик қилинг!
اِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْاَبْتَرُ (٣)
3. Албатта, сизни ёмонловчининг ўзи барча яхшиликлардан узилгандир.
Изоҳ: Сура охирида Аллоҳ таоло Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг душманларини таърифлаб, уларни “абтар”, дейди. Абтар сўзининг ҳам бир неча тафсирлари мавжуд. Масалан абтар – барча яхшиликлардан маҳрум; номи ўчадиган; насл-насаби қурийдиган; сулоласи қирқилган ва ҳоказо. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан мушриклар бу сўзни қўллаб, ундан ўғил фарзанд қолмади, демак унинг номи ҳам, зурриёти ҳам қирқилди, деб таъна қилганларида, Аллоҳ таоло шу қисқа сура орқали уларга раддия берди.

