БАЛАД СУРАСИ

Балад сураси 20 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу суранинг ҳам биринчи оятидаги сўз унга ном бўлиб қолган. “Балад” сўзи “юрт”, “ўлка”, “шаҳар” деган маъноларни англатади. Ушбу оятдаги “Балад”дан мурод эса Маккаи Мукаррама шаҳридир.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

لَٓا اُقْسِمُ بِهٰذَا الْبَلَدِۙ (١)

1. Эй Муҳаммад, мана шу шаҳар билан қасам ичаман.

وَاَنْتَ حِلٌّ بِهٰذَا الْبَلَدِۙ (٢)

2. Ҳолбуки, сиз шу шаҳарда муқим тургандирсиз.

وَوَالِدٍ وَمَا وَلَدَۙ (٣)

3. Ҳамда ота ва болаларга қасамёд қиламан.

لَقَدْ خَلَقْنَا الْاِنْسَانَ ف۪ي كَبَدٍۜ (٤)

4. Ҳақиқатан, инсонни машаққатга яратдик.

اَيَحْسَبُ اَنْ لَنْ يَقْدِرَ عَلَيْهِ اَحَدٌۢ (٥)

5. У ўзига ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйлайдими?!

يَقُولُ اَهْلَكْتُ مَالًا لُبَدًاۜ (٦)

6. У мақтаниб: “Жуда кўп мол-дунёни сарфлаб йўқ қилдим”, – дейди.

اَيَحْسَبُ اَنْ لَمْ يَرَهُٓ اَحَدٌۜ (٧)

7. Уни ҳеч ким кўрмаган, деб ўйлайдими?!

اَلَمْ نَجْعَلْ لَهُ عَيْنَيْنِۙ (٨)

8. Ахир, у учун икки кўз қилмадикми?!

وَلِسَانًا وَشَفَتَيْنِۙ (٩)

9. Тил ва икки лаб ато қилмадикми?!

وَهَدَيْنَاهُ النَّجْدَيْنِۚ (١٠)

10. Яна уни икки баландликка йўллаб қўйдик-ку!

Изоҳ: Оятдаги икки баландликдан мурод икки йўл. Яъни, ҳидоят ва залолат йўллари.

فَلَا اقْتَحَمَ الْعَقَبَةَۘ (١١)

11. Бас, у бирор яхши довонни ошиб ўтмади.

وَمَٓا اَدْرٰيكَ مَا الْعَقَبَةُۜ (١٢)

12. Эй Муҳаммад, довон ошиш нима эканини сизга нима билдирди?

فَكُّ رَقَبَةٍۙ (١٣)

13. У қул озод қилишдир.

اَوْ اِطْعَامٌ ف۪ي يَوْمٍ ذ۪ي مَسْغَبَةٍۙ (١٤)

14. Ёки очарчилик кунида муҳтожга таом беришдир.

يَت۪يمًا ذَا مَقْرَبَةٍۙ (١٥)

15. Хоҳ у қариндош етим бўлсин.

اَوْ مِسْك۪ينًا ذَا مَتْرَبَةٍۜ (١٦)

16. Хоҳ тупроққа қорилган бечора мискин бўлсин.

ثُمَّ كَانَ مِنَ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ وَتَوَاصَوْا بِالْمَرْحَمَةِۜ (١٧)

17. Сўнгра мазкур инсон иймон келтирган ва бир-бирларини сабр қилишга тавсия қилган, бир-бирларини марҳаматли бўлишга ундаган кимсалардан бўлди.

اُو۬لٰٓئِكَ اَصْحَابُ الْمَيْمَنَةِۜ (١٨)

18. Ана ўша фазилатларга эга бўлган кимсалар ўнг томон эгаларидир.

وَالَّذ۪ينَ كَفَرُوا بِاٰيَاتِنَا هُمْ اَصْحَابُ الْمَشْـَٔمَةِۜ (١٩)

19. Оятларимизга куфр келтирган кимсалар эса, чап томон эгаларидир.

عَلَيْهِمْ نَارٌ مُؤْصَدَةٌ (٢٠)

20. Уларнинг устиларида қоплаб турган олов бордир.