СОФФАТ СУРАСИ

Соффат сураси 182 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Соффат сўзи “саф тортиб турувчилар” деган маънони беради. Аллоҳ бу сурани Аллоҳнинг амрини бажариш учун саф тортиб турган фаришталарга қасам билан бошлаган бўлиб, шу сўз сурага ном бўлиб қолган.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

وَالصَّٓافَّاتِ صَفًّاۙ (١)

1. Аллоҳ йўлида саф-саф тизилиб турувчи фаришталар билан қасам бўлсин.

فَالزَّاجِرَاتِ زَجْرًاۙ (٢)

2. Гуноҳ ишлардан тўсувчилар билан қасам бўлсин.

فَالتَّالِيَاتِ ذِكْرًاۙ (٣)

3. Аллоҳнинг каломини доимо тиловат қилувчи фаришталар ва инсонлардан иборат барча зотларга қасам бўлсин.

اِنَّ اِلٰهَكُمْ لَوَاحِدٌۜ (٤)

4. Албатта, Илоҳингиз ягонадир!

رَبُّ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا وَرَبُّ الْمَشَارِقِۜ (٥)

5. У осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларнинг Роббисидир. У яна кунчиқар томонларнинг Роббисидир.

اِنَّا زَيَّنَّا السَّمَٓاءَ الدُّنْيَا بِز۪ينَةٍۨ الْكَوَاكِبِۙ (٦)

6. Дарҳақиқат, Биз дунё осмонини юлдузлар билан зийнатлаб қўйдик.

وَحِفْظًا مِنْ كُلِّ شَيْطَانٍ مَارِدٍۚ (٧)

7. Осмонни ҳар бир итоатсиз шайтондан сақладик.

لَا يَسَّمَّعُونَ اِلَى الْمَلَاِ الْاَعْلٰى وَيُقْذَفُونَ مِنْ كُلِّ جَانِبٍۗ (٨)

8. Шайтонлар энг олий мавжудотлар бўлган фаришталарнинг сўзларини эшита олмайдилар, у ердан қувилиш учун ҳар томондан юлдузлар билан отиладилар.

دُحُورًا وَلَهُمْ عَذَابٌ وَاصِبٌۙ (٩)

9. Ҳайдалган ҳолда уларга доимий азоб бордир.

اِلَّا مَنْ خَطِفَ الْخَطْفَةَ فَاَتْبَعَهُ شِهَابٌ ثَاقِبٌ (١٠)

10. Агар ким бир сўзни илиб олса, унга ҳам куйдирувчи шуъла қувиб етади.

فَاسْتَفْتِهِمْ اَهُمْ اَشَدُّ خَلْقًا اَمْ مَنْ خَلَقْنَاۜ اِنَّا خَلَقْنَاهُمْ مِنْ ط۪ينٍ لَازِبٍ (١١)

11. Бас, эй Муҳаммад, Макка кофирларидан сўранг, уларни яратиш қийинроқми ёки Биз яратган нарсаларними?! Зотан, Биз уларни аввал ёпишқоқ лойдан яратганмиз.

بَلْ عَجِبْتَ وَيَسْخَرُونَۖ (١٢)

12. Балки сиз уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан ажаблангандурсиз, аммо улар охират ҳақидаги сўзларингизни масхара қиладилар.

وَاِذَا ذُكِّرُوا لَا يَذْكُرُونَۖ (١٣)

13. Агар улар Қуръон билан эслатма қилинсалар, эслатма олмайдилар.

وَاِذَا رَاَوْا اٰيَةً يَسْتَسْخِرُونَۖ (١٤)

14. Сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган бирор белги кўрсалар, иймон келтириш ўрнига янада қаттиқроқ масхара қиладилар.

وَقَالُٓوا اِنْ هٰذَٓا اِلَّا سِحْرٌ مُب۪ينٌۚ (١٥)

15. Бу оятлар фақат аниқ бир сеҳрдир, дейдилар.

ءَاِذَا مِتْنَا وَكُنَّا تُرَابًا وَعِظَامًا ءَاِنَّا لَمَبْعُوثُونَۙ (١٦)

16. Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетганимизда чиндан ҳам, яна қайта тирилувчи бўламизми?!

اَوَاٰبَٓاؤُ۬نَا الْاَوَّلُونَۜ (١٧)

17. Аввалги ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам тириладиларми?!

قُلْ نَعَمْ وَاَنْتُمْ دَاخِرُونَۚ (١٨)

18. Эй Муҳаммад, уларга: “Ҳа, сизлар қиёмат куни хор бўлган ҳолингизда, албатта, қайта тириласизлар”, – деб айтинг.

فَاِنَّمَا هِيَ زَجْرَةٌ وَاحِدَةٌ فَاِذَا هُمْ يَنْظُرُونَ (١٩)

19. Ваъда қилинган бу қайта тирилиш фақатгина Исрофилнинг сури билан чалинувчи бир қичқириқдир, холос. Бас, улар қайта тирилиб, Аллоҳнинг ҳукмига қараб турадилар.

وَقَالُوا يَا وَيْلَنَا هٰذَا يَوْمُ الدّ۪ينِ (٢٠)

20. Шунда улар: “Ҳолимизга вой! Бу ахир жазо куни-ку!” – деб қоладилар.

هٰذَا يَوْمُ الْفَصْلِ الَّذ۪ي كُنْتُمْ بِه۪ تُكَذِّبُونَ۟ (٢١)

21. Мана шу сизлар уни ёлғонга чиқарган ва ҳақ билан ботилни ажратиладиган кунидир.

اُحْشُرُوا الَّذ۪ينَ ظَلَمُوا وَاَزْوَاجَهُمْ وَمَا كَانُوا يَعْبُدُونَۙ (٢٢)

22. Эй фаришталар, зулм қилган кимсалар ва уларнинг жуфтларини ҳамда Аллоҳдан бошқага ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар.

مِنْ دُونِ اللّٰهِ فَاهْدُوهُمْ اِلٰى صِرَاطِ الْجَح۪يمِۙ (٢٣)

23. Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларини тўпланглар. Кейин уларни дўзах йўлига бошлаб боринглар.

وَقِفُوهُمْ اِنَّهُمْ مَسْؤُ۫لُونَۙ (٢٤)

24. Аллоҳдан буйруқ бўлгунча уларни дўзахга ташламай тўхтатиб туринглар. Чунки улар дунёдаги қилмишлари тўғрисида сўралувчидирлар.

مَا لَكُمْ لَا تَنَاصَرُونَ (٢٥)

25. Уларга: “Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсизлар?!” – дейилади.

بَلْ هُمُ الْيَوْمَ مُسْتَسْلِمُونَ (٢٦)

26. Йўқ, улар бу кунда ҳеч нарса қилолмай, Бизнинг ҳукмимизга таслим бўлувчидирлар!

وَاَقْبَلَ بَعْضُهُمْ عَلٰى بَعْضٍ يَتَسَٓاءَلُونَ (٢٧)

27. Улар савол бериб, бир-бирларига юзланадилар.

قَالُٓوا اِنَّكُمْ كُنْتُمْ تَأْتُونَنَا عَنِ الْيَم۪ينِ (٢٨)

28. Эргашганлар ўз раҳнамоларига: “Ҳақиқатан, сизлар биз ишониб яхшилик кутадиган ўнг томондан келар эдингиз”, – дейдилар.

قَالُوا بَلْ لَمْ تَكُونُوا مُؤْمِن۪ينَۚ (٢٩)

29. Раҳнамолари уларга: “Йўқ, ўзларингиз мўмин бўлмаган эдингизлар”, – дейдилар.

وَمَا كَانَ لَنَا عَلَيْكُمْ مِنْ سُلْطَانٍۚ بَلْ كُنْتُمْ قَوْمًا طَاغ۪ينَ (٣٠)

30. Ахир бизлар учун сизларнинг устингиздан дунёда ҳукмронлик йўқ эди-ку! Йўқ, сизлар ўзларингиз туғёнга кетган қавм эдингиз.

فَحَقَّ عَلَيْنَا قَوْلُ رَبِّنَاۗ اِنَّا لَذَٓائِقُونَ (٣١)

31. Бас, энди бизларга Роббимизнинг азоб ҳақидаги сўзи муқаррар бўлди. Энди, бизлар бу азобни тотувчилармиз.

فَاَغْوَيْنَاكُمْ اِنَّا كُنَّا غَاو۪ينَ (٣٢)

32. Чунки бизлар йўлдан озувчи бўлганимиз учун сизларни ҳам йўлдан урдик.

فَاِنَّهُمْ يَوْمَئِذٍ فِي الْعَذَابِ مُشْتَرِكُونَ (٣٣)

33. Бас, албатта, улар ўша кунда азобда шерикдирлар.

اِنَّا كَذٰلِكَ نَفْعَلُ بِالْمُجْرِم۪ينَ (٣٤)

34. Албатта, Биз гуноҳкорларни мана шундай азобга дучор қиламиз.

اِنَّهُمْ كَانُٓوا اِذَا ق۪يلَ لَهُمْ لَٓا اِلٰهَ اِلَّا اللّٰهُ يَسْتَكْبِرُونَۙ (٣٥)

35. Чунки уларга: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”,дейилганда, такаббурлик қилар эдилар.

وَيَقُولُونَ اَئِنَّا لَتَارِكُٓوا اٰلِهَتِنَا لِشَاعِرٍ مَجْنُونٍۜ (٣٦)

36. Мушриклар: “Нима, бизлар бир мажнун шоирни деб илоҳларимизни тарк қиламизми?” – деб айтардилар.

بَلْ جَٓاءَ بِالْحَقِّ وَصَدَّقَ الْمُرْسَل۪ينَ (٣٧)

37. Йўқ, Муҳаммад ҳақ динни олиб келди ва олдинги барча пайғамбарларни тасдиқ қилди.

اِنَّكُمْ لَذَٓائِقُوا الْعَذَابِ الْاَل۪يمِۚ (٣٨)

38. Эй жиноятчилар, сизлар, шак-шубҳасиз, аламли азобни тотувчидирсизлар!

وَمَا تُجْزَوْنَ اِلَّا مَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَۙ (٣٩)

39. Сизлар фақат қилиб ўтган гуноҳларингиз сабабли жазоланасизлар.

اِلَّا عِبَادَ اللّٰهِ الْمُخْلَص۪ينَ (٤٠)

40. Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандалари бундан мустаснодир.

اُو۬لٰٓئِكَ لَهُمْ رِزْقٌ مَعْلُومٌۙ (٤١)

41. Ана улар учун маълум ризқ бордир.

فَوَاكِهُۚ وَهُمْ مُكْرَمُونَۙ (٤٢)

42. Уларга жаннатда турли мевалар бўлади. Улар иззат-икромдадирлар,

ف۪ي جَنَّاتِ النَّع۪يمِۙ (٤٣)

43. Неъматланиш жаннатларида бўладилар.

عَلٰى سُرُرٍ مُتَقَابِل۪ينَ (٤٤)

44. Жаннатдаги сўрилар устида бир-бирларига рўбарў бўлиб ўтирадилар.

يُطَافُ عَلَيْهِمْ بِكَأْسٍ مِنْ مَع۪ينٍۙ (٤٥)

45. Уларга оқар чашмадан қадаҳлар айлантирилиб турилади.

بَيْضَٓاءَ لَذَّةٍ لِلشَّارِب۪ينَۚ (٤٦)

46. Бу қадаҳлардаги шароблар уни ичувчилар учун лаззатли ва оппоқдир.

لَا ف۪يهَا غَوْلٌ وَلَا هُمْ عَنْهَا يُنْزَفُونَ (٤٧)

47. У шаробда ақлдан оздирувчи нарса бўлмайди ва улар ундан маст бўлмайдилар.

وَعِنْدَهُمْ قَاصِرَاتُ الطَّرْفِ ع۪ينٌۙ (٤٨)

48. Яна уларнинг олдиларида нигоҳлари бегоналарга қарашдан тийилган, шаҳло кўзли ҳур қизлар бўлади.

كَاَنَّهُنَّ بَيْضٌ مَكْنُونٌ (٤٩)

49. Улар худди пардага ўралган оппоқ тухумдекдирлар.

فَاَقْبَلَ بَعْضُهُمْ عَلٰى بَعْضٍ يَتَسَٓاءَلُونَ (٥٠)

50. Бас, улар жаннатда бир-бирларига юзланиб савол-жавоб қиладилар.

قَالَ قَٓائِلٌ مِنْهُمْ اِنّ۪ي كَانَ ل۪ي قَر۪ينٌۙ (٥١)

51. Улардан бири: “Менинг дунёда бир дўстим бор эди”, – дейди.

يَقُولُ اَئِنَّكَ لَمِنَ الْمُصَدِّق۪ينَ (٥٢)

52. У менга: “Чиндан ҳам сен ўлганимиздан кейин яна қайта тирилишимизни тасдиқ қилувчиларданмисан?” – дер эди.

ءَاِذَا مِتْنَا وَكُنَّا تُرَابًا وَعِظَامًا ءَاِنَّا لَمَد۪ينُونَ (٥٣)

53. Ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан, ҳам қайта тирилиб жазоланувчимизми?, – деб айтарди.

قَالَ هَلْ اَنْتُمْ مُطَّلِعُونَ (٥٤)

54. Охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги воқеани айтиб берувчи сўзини тугатгач жаннатдагиларга: “Сизлар ҳам ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳолига қараяпсизларми?” – дейди.

فَاطَّلَعَ فَرَاٰهُ ف۪ي سَوَٓاءِ الْجَح۪يمِ (٥٥)

55. Кейин ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўради.

قَالَ تَاللّٰهِ اِنْ كِدْتَ لَتُرْد۪ينِۙ (٥٦)

56. Шундан кейин: “Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан”, – дейди.

وَلَوْلَا نِعْمَةُ رَبّ۪ي لَكُنْتُ مِنَ الْمُحْضَر۪ينَ (٥٧)

57. Агар Роббимнинг ҳидоят неъмати бўлмаганида эди, албатта, мен ҳам сен билан бирга дўзахга ҳозир қилинувчилардан бўлар эдим.

اَفَمَا نَحْنُ بِمَيِّت۪ينَۙ (٥٨)

58. Қани, энди айт-чи, бизлар ўлувчи эмас эканмизми?!

اِلَّا مَوْتَتَنَا الْاُو۫لٰى وَمَا نَحْنُ بِمُعَذَّب۪ينَ (٥٩)

59. Биринчи ўлимимиздан кейин азобланувчи ҳам эмас эканмизми?!

اِنَّ هٰذَا لَهُوَ الْفَوْزُ الْعَظ۪يمُ (٦٠)

60. Албатта, мана бу жаннат неъматлари улкан ютуқдир!

لِمِثْلِ هٰذَا فَلْيَعْمَلِ الْعَامِلُونَ (٦١)

61. Бас, амал қилувчилар мана шундай абадий саодат учун амал қилсинлар!

اَذٰلِكَ خَيْرٌ نُزُلًا اَمْ شَجَرَةُ الزَّقُّومِ (٦٢)

62. Мана шу жаннат яхши зиёфатми ёки дўзахдаги заққум дарахтими?

اِنَّا جَعَلْنَاهَا فِتْنَةً لِلظَّالِم۪ينَ (٦٣)

63. Ҳақиқатан, Биз бу заққум дарахтини золимлар учун фитна қилиб қўйдик.

Изоҳ: Заққум дўзахда ўсувчи бир дарахт бўлиб, у тўғридаги хабарни эшитган кофирлар оловда дарахт ўсишини ақлларига сиғдира олмаганлар. Бу билан Аллоҳ ўз бандалари Ўзининг чексиз қудратига қай даражада иймон келтиришларини синовдан ўтказмоқчи. Мўмин киши Аллоҳ ва Унинг расулидан келган ҳар қандай хабар ва маълумотларга, гарчи ақлига сиғмаса ҳам ҳеч иккиланмай ишонади ва иймон келтиради. Аллоҳнинг Ўзига ишонмайдиган кофир эса Унинг қудратига ҳам ишона олмайди.

اِنَّهَا شَجَرَةٌ تَخْرُجُ ف۪ٓي اَصْلِ الْجَح۪يمِۙ (٦٤)

64. Чиндан ҳам, у дўзах қаъридан ўсиб чиқадиган бир дарахтдир.

طَلْعُهَا كَاَنَّهُ رُؤُ۫سُ الشَّيَاط۪ينِ (٦٥)

65. Унинг бутоқларидаги мевалари худди шайтонларнинг бошларига ўхшаб хунукдир.

فَاِنَّهُمْ لَاٰكِلُونَ مِنْهَا فَمَالِؤُ۫نَ مِنْهَا الْبُطُونَۜ (٦٦)

66. Бас, дўзах аҳллари, албатта, ундан еювчи ва қоринларни у билан тўлдирувчидирлар.

ثُمَّ اِنَّ لَهُمْ عَلَيْهَا لَشَوْبًا مِنْ حَم۪يمٍۚ (٦٧)

67. Сўнгра, бунинг устига, уларга қайноқ сувдан аралаштириш ҳам бордир.

ثُمَّ اِنَّ مَرْجِعَهُمْ لَاِلَى الْجَح۪يمِ (٦٨)

68. Сўнгра уларнинг қайтар жойлари, албатта, дўзах томон бўлади.

اِنَّهُمْ اَلْفَوْا اٰبَٓاءَهُمْ ضَٓالّ۪ينَۙ (٦٩)

69. Албатта, улар ўзларининг ота-боболарини ҳақ йўлдан адашган ҳолда топдилар.

فَهُمْ عَلٰٓى اٰثَارِهِمْ يُهْرَعُونَ (٧٠)

70. Бас, ўзлари ҳам уларнинг изларидан югуриб бормоқдалар.

وَلَقَدْ ضَلَّ قَبْلَهُمْ اَكْثَرُ الْاَوَّل۪ينَۙ (٧١)

71. Улардан аввал ўтганларнинг кўпчиликлари ҳақ йўлдан адашган эдилар.

وَلَقَدْ اَرْسَلْنَا ف۪يهِمْ مُنْذِر۪ينَ (٧٢)

72. Ҳолбуки, Биз уларнинг орасига огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборган эдик.

فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُنْذَر۪ينَۙ (٧٣)

73. Бас, огоҳлантирилганларнинг оқибатлари қандай бўлганини мана кўринг!

اِلَّا عِبَادَ اللّٰهِ الْمُخْلَص۪ينَ۟ (٧٤)

74. Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандаларигина ҳалокатга дучор бўлмадилар.

وَلَقَدْ نَادٰينَا نُوحٌ فَلَنِعْمَ الْمُج۪يبُونَۚ (٧٥)

75. Қасам бўлсинки, Нуҳ пайғамбар қавмидан шикоят қилиб, Бизга нидо қилди. Бас, Биз дуоларни нақадар яхши ижобат қилувчимиз!

وَنَجَّيْنَاهُ وَاَهْلَهُ مِنَ الْكَرْبِ الْعَظ۪يمِۘ (٧٦)

76. Биз унга ва унинг аҳлига катта ташвишдан нажот бердик.

وَجَعَلْنَا ذُرِّيَّتَهُ هُمُ الْبَاق۪ينَۘ (٧٧)

77. Тўфондан кейин унинг зурриётини боқий қолувчи кишилар қилиб қўйдик.

وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْاٰخِر۪ينَۘ (٧٨)

78. Кейинги авлодлар орасида у ҳақида чиройли мақтовлар қолдирдик.

سَلَامٌ عَلٰى نُوحٍ فِي الْعَالَم۪ينَ (٧٩)

79. Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!

اِنَّا كَذٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِن۪ينَ (٨٠)

80. Биз яхши амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

اِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِن۪ينَ (٨١)

81. Албатта, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир!

ثُمَّ اَغْرَقْنَا الْاٰخَر۪ينَ (٨٢)

82. Сўнгра Нуҳга эргашганлардан бошқаларни тўфонда ғарқ қилиб юбордик.

وَاِنَّ مِنْ ش۪يعَتِه۪ لَاِبْرٰه۪يمَۢ (٨٣)

83. Ҳақиқатан, Иброҳим ҳам у Нуҳ пайғамбарнинг гуруҳидандир.

اِذْ جَٓاءَ رَبَّهُ بِقَلْبٍ سَل۪يمٍ (٨٤)

84. Ўшанда, Иброҳим Роббисига соғлом қалб билан келди.

اِذْ قَالَ لِاَب۪يهِ وَقَوْمِه۪ مَاذَا تَعْبُدُونَۚ (٨٥)

85. Ўшанда у отаси ва қавмига: “Нималарга ибодат қиляпсизлар?!” – деди.

اَئِفْكًا اٰلِهَةً دُونَ اللّٰهِ تُر۪يدُونَۜ (٨٦)

86. Аллоҳни қўйиб, уйдирма илоҳларга сиғинишни хоҳлайсизларми?!

فَمَا ظَنُّكُمْ بِرَبِّ الْعَالَم۪ينَ (٨٧)

87. У ҳолда бутун оламлар Роббисининг жазоси ҳақида нима гумонингиз бор?!”

فَنَظَرَ نَظْرَةً فِي النُّجُومِۙ (٨٨)

88. Кейин у юлдузларга бир назар солди.

فَقَالَ اِنّ۪ي سَق۪يمٌ (٨٩)

89. Сўнгра: “Ҳақиқатан, мен беморман”, – деди.

Изоҳ: Нақл қилинишича, ўша даврда кишилар ўртасида юлдузларга қараб фол очиш жуда кенг тарқалган эди. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом мушрикларнинг байрамини нишонлаш учун сайилгоҳга чиқиб кетаётган қавмидан ажралиб қолиш мақсадида Иброҳим алайҳиссалом гўё юлдузларга қараб билиб олгандек, уларга: “Мен вабога йўлиқар эканман”, – деди. Бу сўзни эшитгач вабо юқишидан қўрққан қавм ундан нари кетишган.

فَتَوَلَّوْا عَنْهُ مُدْبِر۪ينَ (٩٠)

90. Одамлар дарҳол ундан юз ўгириб, ортга қараб кетдилар

فَرَاغَ اِلٰٓى اٰلِهَتِهِمْ فَقَالَ اَلَا تَأْكُلُونَۚ (٩١)

91. Кейин Иброҳим уларнинг уйдирма илоҳлари олдига аста келиб: “Олдиларингизга қўйилган таомдан емайсизларми?” – деди.

مَا لَكُمْ لَا تَنْطِقُونَ (٩٢)

92. Сизларга нима бўлди, гапирмайсизлар?!

فَرَاغَ عَلَيْهِمْ ضَرْبًا بِالْيَم۪ينِ (٩٣)

93. Сўнгра уларга яқин келиб, ўнг қўлидаги болта билан урди.

فَاَقْبَلُٓوا اِلَيْهِ يَزِفُّونَ (٩٤)

94. Шунда, қавми унинг олдига бир-бирларини туртиб келдилар.

قَالَ اَتَعْبُدُونَ مَا تَنْحِتُونَۙ (٩٥)

95. Иброҳим уларга: “Ўзларингиз йўниб, ясаб олган нарсаларга ибодат қиласизларми?!” – деди.

وَاللّٰهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ (٩٦)

96. Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!

قَالُوا ابْنُوا لَهُ بُنْيَانًا فَاَلْقُوهُ فِي الْجَح۪يمِ (٩٧)

97. Улар бир-бирларига қараб: “У Иброҳим учун ичида олов ёнадиган бинолар қуриб, уни ўша олов ичига ташланглар”, – дедилар.

فَاَرَادُوا بِه۪ كَيْدًا فَجَعَلْنَاهُمُ الْاَسْفَل۪ينَ (٩٨)

98. Бас, улар Иброҳимга макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса уларни энг тубанлардан қилдик.

وَقَالَ اِنّ۪ي ذَاهِبٌ اِلٰى رَبّ۪ي سَيَهْد۪ينِ (٩٩)

99. Иброҳим олов ичидан саломат чиқиб: “Албатта, мен Роббим буюрган тарафга кетувчиман. Унинг Ўзи мени тўғри йўлга бошлайди”, – деди.

رَبِّ هَبْ ل۪ي مِنَ الصَّالِح۪ينَ (١٠٠)

100. Эй Роббим, менга солиҳ фарзандлардан ато қилгин.

فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَل۪يمٍ (١٠١)

101. Бас, Биз унга бир юмшоқкўнгил ўғилнинг хушхабарини бердик.

فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ اِنّ۪ٓي اَرٰى فِي الْمَنَامِ اَنّ۪ٓي اَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرٰىۜ قَالَ يَٓا اَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُۘ سَتَجِدُن۪ٓي اِنْ شَٓاءَ اللّٰهُ مِنَ الصَّابِر۪ينَ (١٠٢)

102. Бас, қачонки у бола отаси билан бирга юрадиган бўлгач, Иброҳим унга: “Эй ўғилчам, мен кўпинча тушимда сени қурбон қилиш учун сўяётганимни кўрмоқдаман. Ўйлаб қараб кўр, нима дейсан?” – деган эди. Ўғли Исмоил: “Эй отажон, сенга тушингда Аллоҳ томонидан нима буюрилган бўлса, ўша нарсани қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топасан”.

Изоҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларида берилган фармоннинг ўзи билан ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишга чоғландилар ва ўғиллари ҳам тўла розилик билан Аллоҳнинг амрига бўйсундилар. Ўшанда Исмоил эндигина ўн уч ёшга кирган.

فَلَمَّٓا اَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَب۪ينِۚ (١٠٣)

103. Бас, қачонки, икковлари ҳам Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, Исмоилни қурбонлик учун пешонаси билан ерга ётқизган эди.

وَنَادَيْنَاهُ اَنْ يَٓا اِبْرٰه۪يمُۙ (١٠٤)

104. Биз унга: “Эй Иброҳим тўхта!” – деб нидо қилдик.

قَدْ صَدَّقْتَ الرُّءْيَاۚ اِنَّا كَذٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِن۪ينَ (١٠٥)

105. Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқладинг. Албатта, Биз яхши иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.

اِنَّ هٰذَا لَهُوَ الْبَلٰٓؤُ۬ا الْمُب۪ينُ (١٠٦)

106. Албатта, бу қурбонликка амр қилишим аниқ бир синов эди.

وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظ۪يمٍ (١٠٧)

107. Биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан тушган катта бир қўчқор сўйишни эваз қилиб бердик.

وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْاٰخِر۪ينَ (١٠٨)

108. Кейинги авлодлар орасида у Иброҳим ҳақида яхши гапларни қолдирдик.

سَلَامٌ عَلٰٓى اِبْرٰه۪يمَ (١٠٩)

109. Иброҳимга салом бўлсин!

كَذٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِن۪ينَ (١١٠)

110. Биз яхши иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

اِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِن۪ينَ (١١١)

111. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

وَبَشَّرْنَاهُ بِاِسْحٰقَ نَبِيًّا مِنَ الصَّالِح۪ينَ (١١٢)

112. Яна, Биз унга солиҳлардан ва пайғамбар бўлган Исҳоқнинг хушхабарини бердик.

وَبَارَكْنَا عَلَيْهِ وَعَلٰٓى اِسْحٰقَۜ وَمِنْ ذُرِّيَّتِهِمَا مُحْسِنٌ وَظَالِمٌ لِنَفْسِه۪ مُب۪ينٌ۟ (١١٣)

113. Унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. У иккисининг зурриётидан яхши амал қилувчи ҳам, ўзига аниқ зулм қилувчи ҳам бўлади.

وَلَقَدْ مَنَنَّا عَلٰى مُوسٰى وَهٰرُونَۚ (١١٤)

114. Қасам бўлсинки, Биз Мусо ва Ҳорунга ҳам пайғамбарлик инъом қилдик.

وَنَجَّيْنَاهُمَا وَقَوْمَهُمَا مِنَ الْكَرْبِ الْعَظ۪يمِۚ (١١٥)

115. Биз иккисига ҳам уларнинг қавмига ҳам катта ташвишдан нажот бердик.

وَنَصَرْنَاهُمْ فَكَانُوا هُمُ الْغَالِب۪ينَۚ (١١٦)

116. Биз уларга мадад бердик, бас, улар фиръавн устидан ғолиб бўлдилар.

وَاٰتَيْنَاهُمَا الْكِتَابَ الْمُسْتَب۪ينَۚ (١١٧)

117. Биз у иккисига мукаммал баёнли Таврот китобини бердик.

وَهَدَيْنَاهُمَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَق۪يمَۚ (١١٨)

118. Шунингдек, уларни тўғри йўлга ҳидоят қилдик.

وَتَرَكْنَا عَلَيْهِمَا فِي الْاٰخِر۪ينَ (١١٩)

119. Кейинги авлодлар орасида у иккиси хусусида яхши гапларни қолдирдик.

سَلَامٌ عَلٰى مُوسٰى وَهٰرُونَ (١٢٠)

120. Мусо ва Ҳорунга салом бўлсин!

اِنَّا كَذٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِن۪ينَ (١٢١)

121. Биз яхши иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

اِنَّهُمَا مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِن۪ينَ (١٢٢)

122. Дарҳақиқат, у иккиси ҳам мўмин бандаларимиздандир.

وَاِنَّ اِلْيَاسَ لَمِنَ الْمُرْسَل۪ينَۜ (١٢٣)

123. Албатта, Илёс ҳам пайғамбарлардандир!

اِذْ قَالَ لِقَوْمِه۪ٓ اَلَا تَتَّقُونَ (١٢٤)

124. Ўшанда, у ўз қавмига: “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?!” – деган эди:.

اَتَدْعُونَ بَعْلًا وَتَذَرُونَ اَحْسَنَ الْخَالِق۪ينَۙ (١٢٥)

125. Сизлар яратувчиларнинг энг яхшисини қўйиб, олтиндан ясалган баъл номли бутга сиғинасизларми?!

اَللّٰهَ رَبَّكُمْ وَرَبَّ اٰبَٓائِكُمُ الْاَوَّل۪ينَ (١٢٦)

126. Сизларнинг Роббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Роббиси Аллоҳдан бошқага ибодат қиласизларми?!

فَكَذَّبُوهُ فَاِنَّهُمْ لَمُحْضَرُونَۙ (١٢٧)

127. Бас, қавми Илёсни ёлғончига чиқардилар. Сўнгра, албатта, улар дўзахга ҳозир қилинувчилардир.

اِلَّا عِبَادَ اللّٰهِ الْمُخْلَص۪ينَ (١٢٨)

128. Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандаларигина бундан мустаснодир.

وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْاٰخِر۪ينَ (١٢٩)

129. Биз кейинги авлодлар орасида у ҳақида чиройли мақтовлар қолдирдик.

سَلَامٌ عَلٰٓى اِلْ‌يَاس۪ينَ (١٣٠)

130. Илёсинга салом бўлсин!

Изоҳ: Мазкур оятда Илёс пайғамбарнинг номи Илёсин тарзида келган. Бу худди Сино ва Сийнин сўзларида бўлгани каби бир хил маънони ифодалайди.

اِنَّا كَذٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِن۪ينَ (١٣١)

131. Биз яхши амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

اِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِن۪ينَ (١٣٢)

132. Шубҳасиз, у мўмин бандаларимиздандир.

وَاِنَّ لُوطًا لَمِنَ الْمُرْسَل۪ينَۜ (١٣٣)

133. Лут ҳам, шубҳасиз, пайғамбарлардандир!

اِذْ نَجَّيْنَاهُ وَاَهْلَهُٓ اَجْمَع۪ينَۙ (١٣٤)

134. Ўшанда, Биз унга ва унинг барча аҳлига нажот берган эдик.

اِلَّا عَجُوزًا فِي الْغَابِر۪ينَ (١٣٥)

135. Лекин азобда қолувчилардан бўлган бир кампирга нажот бермадик.

Изоҳ: Оятдаги кампир бу Лут пайғамбарнинг итоатсиз ва осий хотинидир.

ثُمَّ دَمَّرْنَا الْاٰخَر۪ينَ (١٣٦)

136. Сўнгра қолганларини ҳалок қилдик.

وَاِنَّكُمْ لَتَمُرُّونَ عَلَيْهِمْ مُصْبِح۪ينَۙ (١٣٧)

137. Эй Макка аҳли, аниқки сизлар ҳалигача уларнинг устидан тонгда ўтиб турасизлар.

وَبِالَّيْلِۜ اَفَلَا تَعْقِلُونَ۟ (١٣٨)

138. Тунлари ҳам уларнинг устидан ўтасизлар. Ахир, Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқиб ақл юритмайсизларми?!

وَاِنَّ يُونُسَ لَمِنَ الْمُرْسَل۪ينَۜ (١٣٩)

139. Юнус ҳам, шубҳасиз, пайғамбарлардандир!

اِذْ اَبَقَ اِلَى الْفُلْكِ الْمَشْحُونِۙ (١٤٠)

140. Ўшанда у ўз қавмидан ғазабланиб ичи тўла юкли кемага қараб қочган эди.

فَسَاهَمَ فَكَانَ مِنَ الْمُدْحَض۪ينَۚ (١٤١)

141. Кейин кемадагилар билан қуръа ташлашди ва мағлуб бўлди.

Изоҳ: Қисса ҳақида шундай ривоят бор. Юнус алайҳиссалом ўз қавмининг қилмишларидан ғазабланиб, уларга ваъда қилинган жазо келавермагач, ўзлари бош олиб чиқиб кетиб, бир денгиз бўйига етиб борадилар. Жўнаб кетаётган бир кемага минганларида, денгиз ўртасига бориб, кема тўхтаб қолади. Кемачилар: “Йўловчиларимиз ичида ўз хожасидан қочган қул бўлса керак. агар уни кемадан тушириб юбормасак, ҳаммамиз ғарқ бўламиз” – деб қуръа ташлайдилар. Қуръада Юнус алайҳиссаломнинг номи чиққач, уни денгизга ташлаб юборадилар.

فَالْتَقَمَهُ الْحُوتُ وَهُوَ مُل۪يمٌ (١٤٢)

142. Сўнгра Юнусни денгизга улоқтиришди, уни маломатга қолган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди.

فَلَوْلَٓا اَنَّهُ كَانَ مِنَ الْمُسَبِّح۪ينَۙ (١٤٣)

143. Бас, агар у Аллоҳга доимо тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида

لَلَبِثَ ف۪ي بَطْنِه۪ٓ اِلٰى يَوْمِ يُبْعَثُونَ (١٤٤)

144. Аниқ, у балиқ қорнида, то қайта тириладиган қиёмат кунигача қолиб кетган бўлар эди.

فَنَبَذْنَاهُ بِالْعَرَٓاءِ وَهُوَ سَق۪يمٌۚ (١٤٥)

145. Кейин Биз уни хаста ҳолида қуруқликка улоқтирдик.

وَاَنْبَتْنَا عَلَيْهِ شَجَرَةً مِنْ يَقْط۪ينٍۚ (١٤٦)

146. Унинг устида соя ташлаб туриши учун бир қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.

وَاَرْسَلْنَاهُ اِلٰى مِائَةِ اَلْفٍ اَوْ يَز۪يدُونَۚ (١٤٧)

147. Биз уни юз минг, балки ундан ҳам кўпроқ одамларга пайғамбар қилиб юбордик.

فَاٰمَنُوا فَمَتَّعْنَاهُمْ اِلٰى ح۪ينٍۜ (١٤٨)

148. Бас, улар Аллоҳга иймон келтирдилар. Кейин уларни маълум бир муддатгача ҳаётдан баҳраманд қилдик.

فَاسْتَفْتِهِمْ اَلِرَبِّكَ الْبَنَاتُ وَلَهُمُ الْبَنُونَۙ (١٤٩)

149. Эй Муҳаммад, Макка кофирларидан сўранг-чи, қизлар Роббингизники-ю, ўғиллар уларникими?!

Изоҳ: Макка мушриклари фаришталарни “Аллоҳнинг қизлари” деган туҳмат гапни айтар эдилар.

اَمْ خَلَقْنَا الْمَلٰٓئِكَةَ اِنَاثًا وَهُمْ شَاهِدُونَ (١٥٠)

150. Ёки Биз фаришталарни уларнинг гувоҳликларида қиз қилиб яратдикми?!

اَلَٓا اِنَّهُمْ مِنْ اِفْكِهِمْ لَيَقُولُونَۙ (١٥١)

151. Огоҳ бўлинглар, улар уйдирмалари туфайли шундай дейдилар.

وَلَدَ اللّٰهُۙ وَاِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ (١٥٢)

152. Мушриклар: “Аллоҳ бола туғди”, деб бўҳтон қиладилар. Улар, аниқ ёлғончидирлар!

اَصْطَفَى الْبَنَاتِ عَلَى الْبَن۪ينَۜ (١٥٣)

153. Аллоҳ ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эканми?!

مَا لَكُمْ۠ كَيْفَ تَحْكُمُونَ (١٥٤)

154. Эй мушриклар, сизларга нима бўлди?! Қандай ноҳақ ҳукм чиқаряпсизлар?!

اَفَلَا تَذَكَّرُونَۚ (١٥٥)

155. Ахир ўйлаб кўрмайсизларми?!

اَمْ لَكُمْ سُلْطَانٌ مُب۪ينٌۙ (١٥٦)

156. Ёки сизлар учун Аллоҳнинг фарзанди бор экани ҳақида бирор аниқ ҳужжат борми?!

فَأْتُوا بِكِتَابِكُمْ اِنْ كُنْتُمْ صَادِق۪ينَ (١٥٧)

157. Бас, агар ростгўй бўлсангиз, мана шу даъволарингизни тасдиқловчи китобингизни келтиринглар-чи?!

وَجَعَلُوا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجِنَّةِ نَسَبًاۜ وَلَقَدْ عَلِمَتِ الْجِنَّةُ اِنَّهُمْ لَمُحْضَرُونَۙ (١٥٨)

158. Мушриклар У билан жинлар ўртасида насаб бор деб гумон қилдилар. Ҳолбуки, жинлар бу мушрикларнинг Аллоҳнинг азобига ҳозир қилинувчи эканларини билганлар.

سُبْحَانَ اللّٰهِ عَمَّا يَصِفُونَۙ (١٥٩)

159. Аллоҳ мушрикларнинг сифат бераётган нарсаларидан покдир.

اِلَّا عِبَادَ اللّٰهِ الْمُخْلَص۪ينَ (١٦٠)

160. Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандалари Аллоҳни тўғри сифатлайдилар.

فَاِنَّكُمْ وَمَا تَعْبُدُونَۙ (١٦١)

161. Эй мушриклар, шак-шубҳа йўқки, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам

مَٓا اَنْتُمْ عَلَيْهِ بِفَاتِن۪ينَۙ (١٦٢)

162. У Зотга қарши фитнага солувчи эмассизлар.

اِلَّا مَنْ هُوَ صَالِ الْجَح۪يمِ (١٦٣)

163. Фақат дўзахга кирувчи бўлган кимсаларнигина фитна қиласизлар.

وَمَا مِنَّٓا اِلَّا لَهُ مَقَامٌ مَعْلُومٌ (١٦٤)

164. Фаришталар: “Бизларнинг ҳар биримиз учун осмонларда маълум бир мақом бордир”, – дедилар.

وَاِنَّا لَنَحْنُ الصَّٓافُّونَۚ (١٦٥)

165. Албатта, бизлар Аллоҳнинг йўлида саф тортиб турувчилармиз.

وَاِنَّا لَنَحْنُ الْمُسَبِّحُونَ (١٦٦)

166. Ҳамда бизлар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтувчилардирмиз.

وَاِنْ كَانُوا لَيَقُولُونَۙ (١٦٧)

167. Дарвоқе Макка аҳли Қуръон нозил бўлишидан илгари айтар эдиларки

لَوْ اَنَّ عِنْدَنَا ذِكْرًا مِنَ الْاَوَّل۪ينَۙ (١٦٨)

168. “Кошки, бизнинг олдимизда ҳам аввалгиларнинг китобларидан бирор эслатма бўлса эди.

لَكُنَّا عِبَادَ اللّٰهِ الْمُخْلَص۪ينَ (١٦٩)

169. Шунда, албатта, бизлар ҳам Аллоҳнинг ихлосли бандалари бўлар эдик.

فَكَفَرُوا بِه۪ۚ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ (١٧٠)

170. Бас, Қуръон нозил бўлгач, уни инкор қилдилар. Бас, яқинда қилмишларининг оқибатини биладилар.

وَلَقَدْ سَبَقَتْ كَلِمَتُنَا لِعِبَادِنَا الْمُرْسَل۪ينَۚ (١٧١)

171. Пайғамбар қилиб юборилган бандаларимиз учун сўзимиз собит бўлган.

اِنَّهُمْ لَهُمُ الْمَنْصُورُونَۖ (١٧٢)

172. Сўзимиз, албатта, уларнинг нусрат топувчилар бўлишидир.

وَاِنَّ جُنْدَنَا لَهُمُ الْغَالِبُونَ (١٧٣)

173. Шубҳасиз, пайғамбарлар ва мўминлардан бўлган лашкарларимизулар ғолибдирлар.

فَتَوَلَّ عَنْهُمْ حَتّٰى ح۪ينٍۙ (١٧٤)

174. Бас, эй Муҳаммад, сиз улардан маълум бир вақтгача юз ўгириб туринг.

وَاَبْصِرْهُمْ فَسَوْفَ يُبْصِرُونَ (١٧٥)

175. Уларни мағлуб бўлганларида кўринг! Бас, яқинда улар куфрларининг оқибатини кўрадилар.

اَفَبِعَذَابِنَا يَسْتَعْجِلُونَ (١٧٦)

176. Ҳали улар азобимизга ошиқмоқдаларми?!

فَاِذَا نَزَلَ بِسَاحَتِهِمْ فَسَٓاءَ صَبَاحُ الْمُنْذَر۪ينَ (١٧٧)

177. Бас, қачонки, азобимиз уларнинг ҳовлиларига тушганида огоҳлантирилган кимсаларнинг тонглари жуда ёмон бўлади.

وَتَوَلَّ عَنْهُمْ حَتّٰى ح۪ينٍۙ (١٧٨)

178. Бас, эй Муҳаммад, сиз улардан маълум бир вақтгача юз ўгириб туринг.

وَاَبْصِرْ فَسَوْفَ يُبْصِرُونَ (١٧٩)

179. Уларни мағлуб бўлганларида кўринг! Бас, яқинда улар куфрларининг оқибатини кўрадилар.

سُبْحَانَ رَبِّكَ رَبِّ الْعِزَّةِ عَمَّا يَصِفُونَۚ (١٨٠)

180. Иззат эгаси бўлган Роббингиз улар сифатлаётган нуқсонлардан покдир.

وَسَلَامٌ عَلَى الْمُرْسَل۪ينَۚ (١٨١)

181. Ҳамда расулларга салом бўлсин!

وَالْحَمْدُ لِلّٰهِ رَبِّ الْعَالَم۪ينَ (١٨٢)

182. Барча оламларнинг РоббиАллоҳга ҳамд бўлсин!