ШАМС СУРАСИ

Шамс сураси 15 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу суранинг номи ўзининг биринчи оятидан олингандир. “Шамс” қуёш деганидир. Аллоҳ таоло ушбу сурани қуёш билан қасам ичиб бошлаган. Ана шу қасам сўзида ишлатилган “шамс” калимаси сурага ном бўлиб қолган.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

وَالشَّمْسِ وَضُحٰيهَاۙۖ (١)

1. Қуёш ва унинг зиёсига қасам бўлсин.

وَالْقَمَرِ اِذَا تَلٰيهَاۙۖ (٢)

2. У қуёшнинг ортидан келган ойга қасам бўлсин.

وَالنَّهَارِ اِذَا جَلّٰيهَاۙۖ (٣)

3. У қуёшни оламга равшан кўрсатган кундузга қасам бўлсин.

وَالَّيْلِ اِذَا يَغْشٰيهَاۙۖ (٤)

4. У қуёшни зулмати билан ўраган тунга қасам бўлсин.

وَالسَّمَٓاءِ وَمَا بَنٰيهَاۙۖ (٥)

5. Осмонга ва унинг бино қилинишига қасам бўлсин.

وَالْاَرْضِ وَمَا طَحٰيهَاۙۖ (٦)

6. Ерга ва уни ёйиб қўйилишига қасам бўлсин.

وَنَفْسٍ وَمَا سَوّٰيهَاۙۖ (٧)

7. Нафсга ва унинг бекам-кўст қилинишига қасам бўлсин.

فَاَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوٰيهَاۙۖ (٨)

8. Нафсга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилди.

قَدْ اَفْلَحَ مَنْ زَكّٰيهَاۙۖ (٩)

9. Ҳақиқатан, уни иймон билан поклаган киши нажот топди.

وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسّٰيهَاۜ (١٠)

10. Лекин у нафсни гуноҳ билан кўмиб, булғаган кимса эса ноумид бўлди.

كَذَّبَتْ ثَمُودُ بِطَغْوٰيهَاۙۖ (١١)

11. Самуд қабиласи ҳаддан ошгани туфайли пайғамбарларини ёлғончига чиқарди.

اِذِ انْبَعَثَ اَشْقٰيهَاۙۖ (١٢)

12. Қайсики, уларнинг энг бадбахти туяни сўйиш учун шошилиб турди.

فَقَالَ لَهُمْ رَسُولُ اللّٰهِ نَاقَةَ اللّٰهِ وَسُقْيٰيهَا۠ (١٣)

13. Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ уларга: “Аллоҳнинг туясини сўйишдан ва уни суғоришга тўсиқ бўлишдан сақланинглар!” – деди.

فَكَذَّبُوهُ فَعَقَرُوهَاۙۖ فَدَمْدَمَ عَلَيْهِمْ رَبُّهُمْ بِذَنْبِهِمْ فَسَوّٰيهَاۙۖ (١٤)

14. Бас, улар пайғамбарни ёлғончи қилиб, у туяни сўйиб юбордилар. Бас, Роббилари уларнинг гуноҳлари сабабли устиларига қирғин юбориб, уни барчаларига баробар қилди.

وَلَا يَخَافُ عُقْبٰيهَا (١٥)

15. Аллоҳ ўз ишининг оқибатидан қўрқмайди.