ЗУҲО СУРАСИ

Зуҳо сураси 11 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу сурага ҳам ўзининг биринчи сўзи ном бўлиб қолган. “Зуҳо” чошгоҳ пайти деган маънони англатади

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

وَالضُّحٰىۙ (١)

1. Чошгоҳ вақтига қасам бўлсин.

وَالَّيْلِ اِذَا سَجٰىۙ (٢)

2. Ўз зулмати билан атрофни қоплаб олган тунга қасам бўлсин.

مَا وَدَّعَكَ رَبُّكَ وَمَا قَلٰىۜ (٣)

3. Эй Муҳаммад, Роббингиз сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ғазаб ҳам қилгани йўқ!

وَلَلْاٰخِرَةُ خَيْرٌ لَكَ مِنَ الْاُو۫لٰىۜ (٤)

4. Албатта, сиз учун охират дунёдан яхшироқдир.

وَلَسَوْفَ يُعْط۪يكَ رَبُّكَ فَتَرْضٰىۜ (٥)

5. Яқинда Роббингиз сизга шундай неъматлар ато қиладики, сиз, албатта, ундан рози бўласиз.

اَلَمْ يَجِدْكَ يَت۪يمًا فَاٰوٰىۖ (٦)

6. Эй Муҳаммад, Роббингиз сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!

Изоҳ: Оятдаги бошпана бергани Пайғамбар алайҳиссалом етим қолганларида боболари Абдулмутталиб, сўнгра амакилари Абу Толиб уни ўз қарамоғларига олганларига ишоратдир.

وَوَجَدَكَ ضَٓالًّا فَهَدٰىۖ (٧)

7. Яна сизни ҳайрон ҳолда топиб, ҳақ йўлига ҳидоят қилиб қўймадими?!

وَوَجَدَكَ عَٓائِلًا فَاَغْنٰىۜ (٨)

8. Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?!

فَاَمَّا الْيَت۪يمَ فَلَا تَقْهَرْۜ (٩)

9. Бас, энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг!

وَاَمَّا السَّٓائِلَ فَلَا تَنْهَرْۜ (١٠)

10. Бас, сиздан ёрдам сўровчини эса малол олиб жеркиманг!

وَاَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ (١١)

11. Роббингизнинг сизга ато қилган барча неъмати ҳақида эса одамларга сўзлаб беринг!