ҚОСОС СУРАСИ

Қосос сураси 88 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Бу сурада Аллоҳ таолонинг суюкли пайғамбарларидан Мусо алайҳиссаломнинг туғилишларидан тортиб, қандай пайғамбар бўлганлари ва кўрган-кечирган ибратли саргузаштлари бошқа сураларга нисбатан муфассал ва мукаммал баён қилингани сабабли уни “Қосос”, яъни қисса деб аталгандир.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

طٰسٓمٓۜ (١)

1. То, Син, Мим.

Изоҳ: Қуръони Каримда бир неча сура мана шундай алоҳида ҳарфлар билан бошланади. Уламолар наздида ушбу ҳарфлар “Ҳуруфи муқаттаот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар ҳисобланиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир. Қуръонда ҳаммаси бўлиб 29 сура ана шундай ҳарфлар билан бошланган. Лекин баъзи тафсир олимлари ўз китобларида уларни изоҳлашга ҳаракат қилишган.

تِلْكَ اٰيَاتُ الْكِتَابِ الْمُب۪ينِ (٢)

2. Булар очиқ-ойдин китобнинг оятларидир.

نَتْلُوا عَلَيْكَ مِنْ نَبَاِ مُوسٰى وَفِرْعَوْنَ بِالْحَقِّ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ (٣)

3. Эй Расулим, Аллоҳга иймон келтирадиган қавм учун сизга Мусо ва фиръавннинг хабаридан ҳақиқатни тиловат қилиб берамиз.

اِنَّ فِرْعَوْنَ عَلَا فِي الْاَرْضِ وَجَعَلَ اَهْلَهَا شِيَعًا يَسْتَضْعِفُ طَٓائِفَةً مِنْهُمْ يُذَبِّحُ اَبْنَٓاءَهُمْ وَيَسْتَحْي۪ نِسَٓاءَهُمْۜ اِنَّهُ كَانَ مِنَ الْمُفْسِد۪ينَ (٤)

4. Дарҳақиқат, фиръавн Миср ерида туғёнга кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бани Исроил авлоди гуруҳини хорлаб, ўғилларини қатл қилар, аёлларини бузуқ ниятда фойдаланиш учун ўлдирмай тирик қўяр эди. Албатта, у бузғунчилардан эди.

وَنُر۪يدُ اَنْ نَمُنَّ عَلَى الَّذ۪ينَ اسْتُضْعِفُوا فِي الْاَرْضِ وَنَجْعَلَهُمْ اَئِمَّةً وَنَجْعَلَهُمُ الْوَارِث۪ينَۙ (٥)

5. Биз эса у ерда хорланган кишиларга беминнат неъмат беришни, уларни хорликдан чиқариб, йўлбошчи зотларга айлантиришни ва уларни фиръавн мулкига меросхўр қилишни истаймиз.

وَنُمَكِّنَ لَهُمْ فِي الْاَرْضِ وَنُرِيَ فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَجُنُودَهُمَا مِنْهُمْ مَا كَانُوا يَحْذَرُونَ (٦)

6. Яна уларга ер юзида имкониятлар бериб, фиръавн ва унинг вазири Ҳомон ҳамда лашкарларига давлатларидан айрилиб, бани Исроил қўлига ўтишдан хавотирланаётган нарсани кўрсатиб қўйишни хоҳлаймиз.

Изоҳ: Оятдаги “хавотирланаётган нарса”лари мол-мулк мероси ва ҳукмронлик Исроил авлоди қўлига ўтиб кетиши бўлиб, улар шундан чўчир эдилар.

وَاَوْحَيْنَٓا اِلٰٓى اُمِّ مُوسٰٓى اَنْ اَرْضِع۪يهِۚ فَاِذَا خِفْتِ عَلَيْهِ فَاَلْق۪يهِ فِي الْيَمِّ وَلَا تَخَاف۪ي وَلَا تَحْزَن۪يۚ اِنَّا رَٓادُّوهُ اِلَيْكِ وَجَاعِلُوهُ مِنَ الْمُرْسَل۪ينَ (٧)

7. Биз Мусонинг онасига уни туғгач фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида ваҳий қилиб: “Уни эмизиб туравер, агар Мусони ўлдириб юборишларидан қўрқсанг, уни дарёга ташла. Ҳамда бу ишингдан қўрқмагин ва қайғурмагин. Албатта, Биз уни сенга қайтарувчимиз ва уни пайғамбарлардан қилувчимиз”, – дедик.

فَالْتَقَطَهُٓ اٰلُ فِرْعَوْنَ لِيَكُونَ لَهُمْ عَدُوًّا وَحَزَنًاۜ اِنَّ فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَجُنُودَهُمَا كَانُوا خَاطِـ۪ٔينَ (٨)

8. Бас, Мусонинг онаси уни дарёга ташлагач, фиръавн хонадони уни улғайганда ўзларига душман ва ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилувчи бўлган эдилар.

وَقَالَتِ امْرَاَتُ فِرْعَوْنَ قُرَّتُ عَيْنٍ ل۪ي وَلَكَۜ لَا تَقْتُلُوهُۗ عَسٰٓى اَنْ يَنْفَعَنَٓا اَوْ نَتَّخِذَهُ وَلَدًا وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ (٩)

9. Фиръавннинг хотини унга: “Бу гўдак мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар, шоядки, унинг бизларга фойдаси тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак”, – деди. Ваҳоланки, улар ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак туфайли эканини сезмас эдилар.

وَاَصْبَحَ فُؤٰادُ اُمِّ مُوسٰى فَارِغًاۜ اِنْ كَادَتْ لَتُبْد۪ي بِه۪ لَوْلَٓا اَنْ رَبَطْنَا عَلٰى قَلْبِهَا لِتَكُونَ مِنَ الْمُؤْمِن۪ينَ (١٠)

10. Мусонинг онаси ўғлининг дарёда оқиб кетганини кўргач қалби бўшашиб қолди. Агар "Биз уни сенга қайтарамиз”, деган ваъдамизга иймон келтирувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, уни ўз ўғли эканини билдириб қўйган бўлар эди.

وَقَالَتْ لِاُخْتِه۪ قُصّ۪يهِۘ فَبَصُرَتْ بِه۪ عَنْ جُنُبٍ وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَۙ (١١)

11. Мусонинг онаси унинг опасига: “Унинг изидан бор”, – деди. Опаси Мусонинг кетидан тушди ва улар сезмаган ҳолларида уни бир четдан кузатиб турди.

وَحَرَّمْنَا عَلَيْهِ الْمَرَاضِعَ مِنْ قَبْلُ فَقَالَتْ هَلْ اَدُلُّكُمْ عَلٰٓى اَهْلِ بَيْتٍ يَكْفُلُونَهُ لَكُمْ وَهُمْ لَهُ نَاصِحُونَ (١٢)

12. Биз бундан олдин унга барча эмизувчи аёлларни тақиқладик Мусо ҳеч бир аёлни эммади. Шунда унинг опаси келиб: “Мен сизларга унга кафил бўлиб эмизадиган ва унга насиҳатгўй бўлувчи бир оилани далолат қилайми?” – деб айтди.

فَرَدَدْنَاهُ اِلٰٓى اُمِّه۪ كَيْ تَقَرَّ عَيْنُهَا وَلَا تَحْزَنَ وَلِتَعْلَمَ اَنَّ وَعْدَ اللّٰهِ حَقٌّ وَلٰكِنَّ اَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ۟ (١٣)

13. Шундай қилиб, Биз Мусонинг онасининг кўзлари қувониши ва ташвиш чекмаслиги ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни яна онасига қайтардик. Лекин одамларнинг кўпчилиги Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билмайдилар.

وَلَمَّا بَلَغَ اَشُدَّهُ وَاسْتَوٰٓى اٰتَيْنَاهُ حُكْمًا وَعِلْمًاۜ وَكَذٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِن۪ينَ (١٤)

14. Қачонки, у вояга етиб, камол топганида, унга ҳикмат ва билим бердик. Биз яхши иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.

وَدَخَلَ الْمَد۪ينَةَ عَلٰى ح۪ينِ غَفْلَةٍ مِنْ اَهْلِهَا فَوَجَدَ ف۪يهَا رَجُلَيْنِ يَقْتَتِلَانِۘ هٰذَا مِنْ ش۪يعَتِه۪ وَهٰذَا مِنْ عَدُوِّه۪ۚ فَاسْتَغَاثَهُ الَّذ۪ي مِنْ ش۪يعَتِه۪ عَلَى الَّذ۪ي مِنْ عَدُوِّه۪ۙ فَوَكَزَهُ مُوسٰى فَقَضٰى عَلَيْهِۘ قَالَ هٰذَا مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِۜ اِنَّهُ عَدُوٌّ مُضِلٌّ مُب۪ينٌ (١٥)

15. Кунларнинг бирида Мусо пешин вақтида аҳолиси ғафлатда бўлган пайтда шаҳарга кирган эди. У ерда икки кишини ўзаро урушаётганини кўрди. Улардан бири Мусонинг ўз гуруҳидан ва униси эса душман томонидан бўлган қибтий кимса эди. Шунда Мусонинг гуруҳидан бўлган киши ундан душманига қарши ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб, ўлдириб қўйди. Сўнг қилиб қўйган ишидан афсус қилиб: “Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта, у аниқ йўлдан адаштирувчи душмандир”, – деди.

قَالَ رَبِّ اِنّ۪ي ظَلَمْتُ نَفْس۪ي فَاغْفِرْ ل۪ي فَغَفَرَ لَهُۜ اِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّح۪يمُ (١٦)

16. Кейин Аллоҳга дуо қилиб: “Эй Роббим, ҳақиқатан, мен ўзимга зулм қилиб қўйдим. Бас, мени мағфират қил”, – деди. Аллоҳ уни мағфират қилди. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

قَالَ رَبِّ بِمَٓا اَنْعَمْتَ عَلَيَّ فَلَنْ اَكُونَ ظَه۪يرًا لِلْمُجْرِم۪ينَ (١٧)

17. Мусо яна: “Эй Роббим, менга инъом қилганинг ҳаққи энди асло жиноятчиларга ёрдам берувчи бўлмайман”, – деди.

فَاَصْبَحَ فِي الْمَد۪ينَةِ خَٓائِفًا يَتَرَقَّبُ فَاِذَا الَّذِي اسْتَنْصَرَهُ بِالْاَمْسِ يَسْتَصْرِخُهُۜ قَالَ لَهُ مُوسٰٓى اِنَّكَ لَغَوِيٌّ مُب۪ينٌ (١٨)

18. Мусо эртаси куни қўрққан ҳолида атрофга аланглаб кетаётган эди. Кеча ундан ёрдам сўраган кимса яна уни ёрдамга чақирар эди. Мусо унга: “Чиндан ҳам сен аниқ гумроҳсан!” – деди.

فَلَمَّٓا اَنْ اَرَادَ اَنْ يَبْطِشَ بِالَّذ۪ي هُوَ عَدُوٌّ لَهُمَاۙ قَالَ يَا مُوسٰٓى اَتُر۪يدُ اَنْ تَقْتُلَن۪ي كَمَا قَتَلْتَ نَفْسًا بِالْاَمْسِۗ اِنْ تُر۪يدُ اِلَّٓا اَنْ تَكُونَ جَبَّارًا فِي الْاَرْضِ وَمَا تُر۪يدُ اَنْ تَكُونَ مِنَ الْمُصْلِح۪ينَ (١٩)

19. Шунда ҳам Мусо икковига душман бўлган у қибтий кимсани ажратиб олмоқчи бўлганида бани Исроиллик одам бақириб: “Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби бугун мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен фақат ер юзида жабр қилувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилувчилардан бўлишни хоҳламайсан”, – деди.

Изоҳ: Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссалом ўртага тушиб қибтий билан яҳудийни ажратиб қўйгач, бир кун илгари ўлдирилган қабиладошининг қотили Мусо эканидан хабар топган қибтий бориб фиръавн ва унинг одамларига бу ҳақда сўзлаб беради. Шунда фиръавн Мусо алайҳиссаломни қатл қилишга амр қилиб, уни топиб келиши учун одамларни юборади. Лекин қибтийлар орасидаги бир диёнатли киши келиб, Мусони бу ҳақда огоҳлантириб қўяди.

وَجَٓاءَ رَجُلٌ مِنْ اَقْصَا الْمَد۪ينَةِ يَسْعٰىۘ قَالَ يَا مُوسٰٓى اِنَّ الْمَلَاَ يَأْتَمِرُونَ بِكَ لِيَقْتُلُوكَ فَاخْرُجْ اِنّ۪ي لَكَ مِنَ النَّاصِح۪ينَ (٢٠)

20. Шаҳар чеккасидан бир киши шошганча келиб: “Эй Мусо, фиръавннинг зодагонлари сени ўлдириш учун тил бириктиряптилар. Бас, бу шаҳардан чиқиб кетгин. Албатта, мен сенга насиҳатгўй кишиларданман”, – деди.

فَخَرَجَ مِنْهَا خَٓائِفًا يَتَرَقَّبُۘ قَالَ رَبِّ نَجِّن۪ي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِم۪ينَ۟ (٢١)

21. Бас, у қўрқувга тушиб, атрофни аланглаган ҳолда у ердан чиқиб кетди. Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Роббим, менга бу золим қавмлардан нажот бергин”, – деди.

وَلَمَّا تَوَجَّهَ تِلْقَٓاءَ مَدْيَنَ قَالَ عَسٰى رَبّ۪ٓي اَنْ يَهْدِيَن۪ي سَوَٓاءَ السَّب۪يلِ (٢٢)

22. Вақтики, Мусо Мадян шаҳри томонга равона бўлгач: “Шояд, Роббим мени тўғри йўлга бошласа”, – деди.

وَلَمَّا وَرَدَ مَٓاءَ مَدْيَنَ وَجَدَ عَلَيْهِ اُمَّةً مِنَ النَّاسِ يَسْقُونَۘ وَوَجَدَ مِنْ دُونِهِمُ امْرَاَتَيْنِ تَذُودَانِۚ قَالَ مَا خَطْبُكُمَاۜ قَالَتَا لَا نَسْق۪ي حَتّٰى يُصْدِرَ الرِّعَٓاءُ وَاَبُونَا شَيْخٌ كَب۪يرٌ (٢٣)

23. Қачонки, Мадян қудуғидаги сув олдига келганда у жойда бир гала одамлар ҳайвонларини суғораётганини кўрди. Улардан нарироқда икки аёл қўйларини суғоришдан тортиниб турганини кўрди. Мусо уларга: “Сизларга нима бўлди, нега қўйларни суғормаяпсиз?” – деди. Улар: “Биз, то подачилар молларини суғориб қайтармагунча, суғора олмаймиз. Отамиз эса қари бир чол”, – дедилар.

فَسَقٰى لَهُمَا ثُمَّ تَوَلّٰٓى اِلَى الظِّلِّ فَقَالَ رَبِّ اِنّ۪ي لِمَٓا اَنْزَلْتَ اِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَق۪يرٌ (٢٤)

24. Шунда Мусо уларга қўйларини суғориб берди. Кейин бир четдаги сояга бориб ўтирди ва: “Эй Роббим, мен учун нима яхшилик ризқ туширсанг, ўшанга муҳтожман”, – деди.

Изоҳ: Муфассирларнинг ёзишларича, Мусо алайҳиссалом фиръавн қавмидан ёлғиз, оч ва даҳшатга тушган ҳолда қочиб чиққанларида: “Роббим, ёлғизман, хастаман, бечораман!” – дейди. Шунда у кишига: “Эй Мусо! Мендек дўсти бўлмаган киши ёлғиздир, Мендек табиби бўлмаган одам хастадир, Мен билан алоқасини узган кимса бечорадир”, деб жавоб қилинди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўз дўстларини ёлғизлатиб қўймаслиги ҳақида қуйидаги оятларда ҳикоя қилинади. Мусо алайҳиссалом қўйларини суғориб берган икки қиз Шуъайб пайғамбарнинг қизлари эди. Кексайиб қолган Шуъайб алайҳиссалом қизларининг ҳар кунги одатларидан эртароқ қайтиб келганларидан ҳайрон бўлиб, бунинг сабабини сўраганларида, улар бир нотаниш йигит қўйларини суғориб берганини айтадилар.

فَجَٓاءَتْهُ اِحْدٰيهُمَا تَمْش۪ي عَلَى اسْتِحْيَٓاءٍۘ قَالَتْ اِنَّ اَب۪ي يَدْعُوكَ لِيَجْزِيَكَ اَجْرَ مَا سَقَيْتَ لَنَاۜ فَلَمَّا جَٓاءَهُ وَقَصَّ عَلَيْهِ الْقَصَصَۙ قَالَ لَا تَخَفْ۠ نَجَوْتَ مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِم۪ينَ (٢٥)

25. Кейин, қизлардан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам бизларга қўйларимизни суғориб берганинг ҳақини бериш учун сени чақирмоқда”, – деди. Сўнгра, Мусо Шуъайб пайғамбарнинг ҳузурига келиб, унга ўз қиссасини, сўзлаб берди. Шуъайб Мусога “Энди, қўрқма, сен золимлар қавмидан қутулдинг”, – деди.

قَالَتْ اِحْدٰيهُمَا يَٓا اَبَتِ اسْتَأْجِرْهُۘ اِنَّ خَيْرَ مَنِ اسْتَأْجَرْتَ الْقَوِيُّ الْاَم۪ينُ (٢٦)

26. Қизлардан бири: “Эй отажон, уни ишга ёллагин. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кишидир”, – деди.

قَالَ اِنّ۪ٓي اُر۪يدُ اَنْ اُنْكِحَكَ اِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلٰٓى اَنْ تَأْجُرَن۪ي ثَمَانِيَ حِجَجٍۚ فَاِنْ اَتْمَمْتَ عَشْرًا فَمِنْ عِنْدِكَۚ وَمَٓا اُر۪يدُ اَنْ اَشُقَّ عَلَيْكَۜ سَتَجِدُن۪ٓي اِنْ شَٓاءَ اللّٰهُ مِنَ الصَّالِح۪ينَ (٢٧)

27. Шуъайб пайғамбар Мусога: “Агар рози бўлсанг, менга саккиз йил ишлаб беришинг эвазига сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Агар ўн йилни ишлаб битирсанг, бу сендан бизга яхшиликдир. Мен сени машаққатга солишни истамайман. Агар Аллоҳ хоҳласа менинг солиҳ кишилардан эканимни биласан”, – деди.

قَالَ ذٰلِكَ بَيْن۪ي وَبَيْنَكَۜ اَيَّمَا الْاَجَلَيْنِ قَضَيْتُ فَلَا عُدْوَانَ عَلَيَّۜ وَاللّٰهُ عَلٰى مَا نَقُولُ وَك۪يلٌ۟ (٢٨)

28. Мусо унга: “Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги келишувдир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам бас, менга ноҳақлик қилинмайди. Аллоҳ айтаётган сўзимизга вакилдир”, – деди.

فَلَمَّا قَضٰى مُوسَى الْاَجَلَ وَسَارَ بِاَهْلِه۪ٓ اٰنَسَ مِنْ جَانِبِ الطُّورِ نَارًاۚ قَالَ لِاَهْلِهِ امْكُثُٓوا اِنّ۪ٓي اٰنَسْتُ نَارًا لَعَلّ۪ٓي اٰت۪يكُمْ مِنْهَا بِخَبَرٍ اَوْ جَذْوَةٍ مِنَ النَّارِ لَعَلَّكُمْ تَصْطَلُونَ (٢٩)

29. Бас, қачонки, Мусо келишилган муддатни тугатиб, оиласи билан Миср томон йўлга тушди. Кечки пайт Тур тоғи тарафидан бир оловни кўриб қолди ва оиласига: “Сизлар шу жойда кутиб туринглар. Мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд, сизларга ундан бирор хабар ёки исиниб олишингиз учун оловдан бир чўғ олиб келсам”, – деди.

فَلَمَّٓا اَتٰيهَا نُودِيَ مِنْ شَاطِئِ الْوَادِ الْاَيْمَنِ فِي الْبُقْعَةِ الْمُبَارَكَةِ مِنَ الشَّجَرَةِ اَنْ يَا مُوسٰٓى اِنّ۪ٓي اَنَا۬ اللّٰهُ رَبُّ الْعَالَم۪ينَۙ (٣٠)

30. Бас, қачонки, унинг олдига етиб боргач, у муборак жойда водийнинг ўнг тарафидаги дарахтдан унга: “Эй Мусо, Мен барча оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳман!” – деб нидо қилинди.

وَاَنْ اَلْقِ عَصَاكَۜ فَلَمَّا رَاٰهَا تَهْتَزُّ كَاَنَّهَا جَٓانٌّ وَلّٰى مُدْبِرًا وَلَمْ يُعَقِّبْۜ يَا مُوسٰٓى اَقْبِلْ وَلَا تَخَفْ۠ اِنَّكَ مِنَ الْاٰمِن۪ينَ (٣١)

31. Асонгни ерга ташла! Бас, қачонки, Мусо уни илондек қимирлаётганини кўргач, орқасига қарамай қочди. Унга: “Эй Мусо, орқангга қайт ва қўрқма, албатта, сен хавфдан омонда бўлган кишилардансан!” – дейилди.

اُسْلُكْ يَدَكَ ف۪ي جَيْبِكَ تَخْرُجْ بَيْضَٓاءَ مِنْ غَيْرِ سُٓوءٍۘ وَاضْمُمْ اِلَيْكَ جَنَاحَكَ مِنَ الرَّهْبِ فَذَانِكَ بُرْهَانَانِ مِنْ رَبِّكَ اِلٰى فِرْعَوْنَ وَمَلَا۬ئِه۪ۜ اِنَّهُمْ كَانُوا قَوْمًا فَاسِق۪ينَ (٣٢)

32. Қўлингни ёқангнинг ичига сол, қорамтир бўлган ранги ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Қўл-қанотингни бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг, қўлтиғингга қисиб ол у яна ўз ҳолига қайтади. Мана бу икки асо ва қўл мўъжизаси Роббинг томонидан фиръавн ва унинг зодагонларига икки далилдир. Ҳақиқатан, улар фосиқлар қавми эди.

قَالَ رَبِّ اِنّ۪ي قَتَلْتُ مِنْهُمْ نَفْسًا فَاَخَافُ اَنْ يَقْتُلُونِ (٣٣)

33. Мусо: “Эй Роббим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Энди, мени ўлдиришларидан қўрқаман”, – деди.

وَاَخ۪ي هٰرُونُ هُوَ اَفْصَحُ مِنّ۪ي لِسَانًا فَاَرْسِلْهُ مَعِيَ رِدْءًا يُصَدِّقُن۪يۘ اِنّ۪ٓي اَخَافُ اَنْ يُكَذِّبُونِ (٣٤)

34. Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ. Бас, уни ҳам мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки фиръавн ва унинг аъёнлари мени ёлғончи қилишларидан қўрқаман.

قَالَ سَنَشُدُّ عَضُدَكَ بِاَخ۪يكَ وَنَجْعَلُ لَكُمَا سُلْطَانًا فَلَا يَصِلُونَ اِلَيْكُمَا بِاٰيَاتِنَاۚ اَنْتُمَا وَمَنِ اتَّبَعَكُمَا الْغَالِبُونَ (٣٥)

35. Аллоҳ Мусога: “Биз биродаринг билан билагингни қувватлаймиз ва иккингизга салтанат ато қиламиз. Бас, улар мўъжизаларимиз сабабли сизларга бирор зиён етказа олмайдилар. Сизлар ҳам, сизларга эргашганлар ҳам, албатта, ғолиб бўлувчидирлар”, – деди.

فَلَمَّا جَٓاءَهُمْ مُوسٰى بِاٰيَاتِنَا بَيِّنَاتٍ قَالُوا مَا هٰذَٓا اِلَّا سِحْرٌ مُفْتَرًى وَمَا سَمِعْنَا بِهٰذَا ف۪ٓي اٰبَٓائِنَا الْاَوَّل۪ينَ (٣٦)

36. Бас, қачонки, Мусо уларга аниқ мўъжизаларимиз билан келгач, улар: “Бу тўқима сеҳрдан бошқа нарса эмас. Бу нарсани аввалги ота-боболаримиз замонида рўй берганини эшитган эмасмиз”, – дедилар.

وَقَالَ مُوسٰى رَبّ۪ٓي اَعْلَمُ بِمَنْ جَٓاءَ بِالْهُدٰى مِنْ عِنْدِه۪ وَمَنْ تَكُونُ لَهُ عَاقِبَةُ الدَّارِۜ اِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ (٣٧)

37. Мусо: “Роббим Ўзининг ҳузуридан кимга ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёридаги оқибат кимга бўлишини ҳам жуда яхши билувчидир. Албатта, золимлар зафар топмайдилар”, – деди.

وَقَالَ فِرْعَوْنُ يَٓا اَيُّهَا الْمَلَاُ مَا عَلِمْتُ لَكُمْ مِنْ اِلٰهٍ غَيْر۪يۚ فَاَوْقِدْ ل۪ي يَا هَامَانُ عَلَى الطّ۪ينِ فَاجْعَلْ ل۪ي صَرْحًا لَعَلّ۪ٓي اَطَّلِعُ اِلٰٓى اِلٰهِ مُوسٰىۙ وَاِنّ۪ي لَاَظُنُّهُ مِنَ الْكَاذِب۪ينَ (٣٨)

38. Фиръавн: “Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирор илоҳ борлигини билмайман. Бас, Эй Ҳомон, мен учун лойни пишириб, ғишт қуй ва бир баланд қаср бино қил, шоядки, мен қаср устига чиқиб Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни аниқ ёлғончилардан деб ўйлайман”, – деди.

وَاسْتَكْبَرَ هُوَ وَجُنُودُهُ فِي الْاَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَظَنُّٓوا اَنَّهُمْ اِلَيْنَا لَا يُرْجَعُونَ (٣٩)

39. У ва унинг лашкарлари ер юзида иймон келтирмай ноҳақ такаббурлик қилдилар ва ўзларини охиратда Бизга қайтарилмайдилар, деб ўйладилар.

فَاَخَذْنَاهُ وَجُنُودَهُ فَنَبَذْنَاهُمْ فِي الْيَمِّۚ فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الظَّالِم۪ينَ (٤٠)

40. Бас, Биз уни ва лашкарларини азоб билан тутдик, кейин денгизга ғарқ бўлишлари учун ташладик. Мана, золимларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.

وَجَعَلْنَاهُمْ اَئِمَّةً يَدْعُونَ اِلَى النَّارِۚ وَيَوْمَ الْقِيٰمَةِ لَا يُنْصَرُونَ (٤١)

41. Уларни дўзахга чорлайдиган йўлбошчилар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмайди.

وَاَتْبَعْنَاهُمْ ف۪ي هٰذِهِ الدُّنْيَا لَعْنَةًۚ وَيَوْمَ الْقِيٰمَةِ هُمْ مِنَ الْمَقْبُوح۪ينَ۟ (٤٢)

42. Биз бу дунёда ҳам уларга лаънатни эргаштириб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам улар қабиҳ кимсалардандир.

وَلَقَدْ اٰتَيْنَا مُوسَى الْكِتَابَ مِنْ بَعْدِ مَٓا اَهْلَكْنَا الْقُرُونَ الْاُو۫لٰى بَصَٓائِرَ لِلنَّاسِ وَهُدًى وَرَحْمَةً لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ (٤٣)

43. Биз аввалги авлодларни кофир бўлганлари учун ҳалок қилганимиздан кейин Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат манбаи бўлган китоб бердик. Шояд, улар бундан эслатма олсалар!

وَمَا كُنْتَ بِجَانِبِ الْغَرْبِيِّ اِذْ قَضَيْنَٓا اِلٰى مُوسَى الْاَمْرَ وَمَا كُنْتَ مِنَ الشَّاهِد۪ينَۙ (٤٤)

44. Эй Расулим, Мусога пайғамбарлик ишини ҳукм қилган пайтда сиз Тур тоғининг Биз Мусо билан ваъдалашган ғарб томонида бўлмагансиз ва бунга гувоҳлардан эмас эдингиз.

وَلٰكِنَّٓا اَنْشَأْنَا قُرُونًا فَتَطَاوَلَ عَلَيْهِمُ الْعُمُرُۚ وَمَا كُنْتَ ثَاوِيًا ف۪ٓي اَهْلِ مَدْيَنَ تَتْلُوا عَلَيْهِمْ اٰيَاتِنَاۙ وَلٰكِنَّا كُنَّا مُرْسِل۪ينَ (٤٥)

45. Лекин Биз Мусодан кейин, кўп авлодларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилиб кетди ва улар Мусога юборилган ҳукмларни унутиб юбордилар. Сиз Мадян аҳли орасида туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганингиз йўқ. Лекин Биз ҳукмларимизни одамларга етказишингиз учун сизни пайғамбар қилиб юборувчи бўлдик.

وَمَا كُنْتَ بِجَانِبِ الطُّورِ اِذْ نَادَيْنَا وَلٰكِنْ رَحْمَةً مِنْ رَبِّكَ لِتُنْذِرَ قَوْمًا مَٓا اَتٰيهُمْ مِنْ نَذ۪يرٍ مِنْ قَبْلِكَ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ (٤٦)

46. Биз Мусога нидо қилган пайтда сиз Тур тоғининг ёнида бўлмагансиз. Лекин Роббингиз томонидан раҳмат бўлиб, сиздан олдин бирор огоҳлантирувчи келмаган бир қавмни охиратдан огоҳлантириш учун пайғамбар бўлдингиз. Шоядки, улар бундан эслатма олсалар.

وَلَوْلَٓا اَنْ تُص۪يبَهُمْ مُص۪يبَةٌ بِمَا قَدَّمَتْ اَيْد۪يهِمْ فَيَقُولُوا رَبَّنَا لَوْلَٓا اَرْسَلْتَ اِلَيْنَا رَسُولًا فَنَتَّبِعَ اٰيَاتِكَ وَنَكُونَ مِنَ الْمُؤْمِن۪ينَ (٤٧)

47. Токи уларга ўз қилмишлари сабабли бирор мусибат етганида: “Эй Роббимиз, агарда бизларга пайғамбар юборганингда эди, оятларингга эргашар ва иймон келтирувчилардан бўлар эдик”, – деб баҳона айтмасинлар.

فَلَمَّا جَٓاءَهُمُ الْحَقُّ مِنْ عِنْدِنَا قَالُوا لَوْلَٓا اُو۫تِيَ مِثْلَ مَٓا اُو۫تِيَ مُوسٰىۜ اَوَلَمْ يَكْفُرُوا بِمَٓا اُو۫تِيَ مُوسٰى مِنْ قَبْلُۚ قَالُوا سِحْرَانِ تَظَاهَرَا۠ وَقَالُٓوا اِنَّا بِكُلٍّ كَافِرُونَ (٤٨)

48. Бас, қачонки, уларга ҳузуримиздан ҳақ пайғамбар келгач эса, улар: “Муҳаммадга ҳам Мусога берилган мўъжизавий нарсалар берилганида эди бизлар унга эргашган бўлардик”, – дедилар. Ахир, улар илгари Мусога берилган нарсани ҳам инкор қилмаганмидилар?! Улар: “Таврот ва Қуръон бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган икки сеҳрдир, биз уларнинг ҳаммасини инкор қилувчилармиз”, – дедилар.

قُلْ فَأْتُوا بِكِتَابٍ مِنْ عِنْدِ اللّٰهِ هُوَ اَهْدٰى مِنْهُمَٓا اَتَّبِعْهُ اِنْ كُنْتُمْ صَادِق۪ينَ (٤٩)

49. Эй Муҳаммад уларга: “Агар ростгўй бўлсангиз, Аллоҳ ҳузуридан у икки китобдан кўра тўғрироқ бўлган бирор китоб келтиринглар, мен унга эргашай”, – деб айтинг.

فَاِنْ لَمْ يَسْتَج۪يبُوا لَكَ فَاعْلَمْ اَنَّمَا يَتَّبِعُونَ اَهْوَٓاءَهُمْۜ وَمَنْ اَضَلُّ مِمَّنِ اتَّبَعَ هَوٰيهُ بِغَيْرِ هُدًى مِنَ اللّٰهِۜ اِنَّ اللّٰهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِم۪ينَ (٥٠)

50. Бас, агар сизга жавоб бера олмасалар, унда билингки, улар фақатгина ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар. Аллоҳ томонидан ҳидоят топмай ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам адашганроқ одам борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди.

وَلَقَدْ وَصَّلْنَا لَهُمُ الْقَوْلَ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَۜ۟ (٥١)

51. Шояд, эслатма оладилар деб, уларга бу Қуръон сўзини кетма-кет қилиб нозил қилдик.

اَلَّذ۪ينَ اٰتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِه۪ هُمْ بِه۪ يُؤْمِنُونَ (٥٢)

52. Биз Қуръондан илгари китоб берган яҳудий ва насронийларнинг мўминлари унга иймон келтирадилар.

وَاِذَا يُتْلٰى عَلَيْهِمْ قَالُٓوا اٰمَنَّا بِه۪ٓ اِنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّنَٓا اِنَّا كُنَّا مِنْ قَبْلِه۪ مُسْلِم۪ينَ (٥٣)

53. Қачонки, уларга Қуръон тиловат қилинса: “Биз унга иймон келтирдик. Албатта, бу китоб Роббимиз томонидан келган ҳақиқатдир. Бизлар Қуръон нозил бўлишидан олдин ҳам мусулмон эдик”, – дейдилар.

اُو۬لٰٓئِكَ يُؤْتَوْنَ اَجْرَهُمْ مَرَّتَيْنِ بِمَا صَبَرُوا وَيَدْرَؤُ۫نَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ (٥٤)

54. Ана уларга иймон йўлида сабр қилганлари учун мукофотлари икки баробар қилиб берилади. Улар ёмонликни яхшилик билан даф қиладилар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладилар.

وَاِذَا سَمِعُوا اللَّغْوَ اَعْرَضُوا عَنْهُ وَقَالُوا لَنَٓا اَعْمَالُنَا وَلَكُمْ اَعْمَالُكُمْۘ سَلَامٌ عَلَيْكُمْۘ لَا نَبْتَغِي الْجَاهِل۪ينَ (٥٥)

55. Агарда беҳуда сўзни эшитсалар, ундан юз ўгирадилар ва: “Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизнинг амалларингиз эса, ўзингиз учун. Саломат бўлинглар, биз жоҳиллар билан бирга бўлишни хоҳламаймиз”, – дейдилар.

اِنَّكَ لَا تَهْد۪ي مَنْ اَحْبَبْتَ وَلٰكِنَّ اللّٰهَ يَهْد۪ي مَنْ يَشَٓاءُۚ وَهُوَ اَعْلَمُ بِالْمُهْتَد۪ينَ (٥٦)

56. Эй Расулим, сиз ўзингиз севган кишиларни ҳаққа ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилади. У ҳидоят топувчиларни яхши билувчидир.

Изоҳ: Оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлган. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни болалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб то умрининг охиригача ҳам у зотга ҳомийлик қилган бўлса-да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидан ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг учун ҳам унга ўлим соати яқинлашганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: “Эй амаки, “Ла илаҳа иллаллоҳ” денг, мен қиёмат кунида сизни мўмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай”, деганларида, у: “Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: “Абу Толиб ўлимдан қўрқиб иймон келтирди”, дейишларини хоҳламайман”, деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган пайғамбарига Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.

وَقَالُٓوا اِنْ نَتَّبِعِ الْهُدٰى مَعَكَ نُتَخَطَّفْ مِنْ اَرْضِنَاۜ اَوَلَمْ نُمَكِّنْ لَهُمْ حَرَمًا اٰمِنًا يُجْبٰٓى اِلَيْهِ ثَمَرَاتُ كُلِّ شَيْءٍ رِزْقًا مِنْ لَدُنَّا وَلٰكِنَّ اَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ (٥٧)

57. Қурайш кофирлари: “Эй Муҳаммад, агар бизлар сен билан бирга тўғри йўлга эргашсак, еримиздан тортиб олинамиз”, – дейдилар. Ахир, Биз уларга осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ бўлиб у ерга йиғилади-ку! Лекин одамларнинг кўпчилиги бу ҳақиқатни билмайдилар.

وَكَمْ اَهْلَكْنَا مِنْ قَرْيَةٍ بَطِرَتْ مَع۪يشَتَهَاۚ فَتِلْكَ مَسَاكِنُهُمْ لَمْ تُسْكَنْ مِنْ بَعْدِهِمْ اِلَّا قَل۪يلًاۜ وَكُنَّا نَحْنُ الْوَارِث۪ينَ (٥٨)

58. Биз маишатларида ҳаддан ошган қанчадан-қанча ўлкаларни ҳалок қилдик. Улардан кейин ўша масканларида жуда озчилик истиқомат қилди. Уларнинг юртларига Биз ворис бўлдик.

وَمَا كَانَ رَبُّكَ مُهْلِكَ الْقُرٰى حَتّٰى يَبْعَثَ ف۪ٓي اُمِّهَا رَسُولًا يَتْلُوا عَلَيْهِمْ اٰيَاتِنَاۚ وَمَا كُنَّا مُهْلِكِي الْقُرٰٓى اِلَّا وَاَهْلُهَا ظَالِمُونَ (٥٩)

59. Роббингиз шаҳар ва қишлоқларнинг она марказларига уларга оятларимизни тиловат қиладиган бир пайғамбар юбормагунича, уларни ҳалок қилувчи бўлмади. Лекин юртларнинг аҳолиси золимлардан бўлганда ҳалок қилувчи бўлдик.

وَمَٓا اُو۫ت۪يتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَمَتَاعُ الْحَيٰوةِ الدُّنْيَا وَز۪ينَتُهَاۚ وَمَا عِنْدَ اللّٰهِ خَيْرٌ وَاَبْقٰىۜ اَفَلَا تَعْقِلُونَ۟ (٦٠)

60. Сизларга нима берилган бўлса, фақат ўткинчи дунё ҳаётининг матоҳи ва зийнатидир. Аллоҳ ҳузуридаги ажр эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ҳали ҳам ақл ишлатмайсизларми?!

اَفَمَنْ وَعَدْنَاهُ وَعْدًا حَسَنًا فَهُوَ لَاق۪يهِ كَمَنْ مَتَّعْنَاهُ مَتَاعَ الْحَيٰوةِ الدُّنْيَا ثُمَّ هُوَ يَوْمَ الْقِيٰمَةِ مِنَ الْمُحْضَر۪ينَ (٦١)

61. Ахир, Биз унга гўзал жаннат ваъдасини ваъда қилган ва унга эришган киши, ўткинчи дунё ҳаёти матоҳидан уни озгина фойдалантириб, сўнгра қиёмат кунида мангу азобга ҳозир қилинувчи кимса каби бўлардими?!

وَيَوْمَ يُنَاد۪يهِمْ فَيَقُولُ اَيْنَ شُرَكَٓاءِيَ الَّذ۪ينَ كُنْتُمْ تَزْعُمُونَ (٦٢)

62. Аллоҳ қиёмат куни уларга: “Сизлар худо деб ўйлаб юрган шерикларим қани?!” – деб нидо қилади.

قَالَ الَّذ۪ينَ حَقَّ عَلَيْهِمُ الْقَوْلُ رَبَّنَا هٰٓؤُ۬لَٓاءِ الَّذ۪ينَ اَغْوَيْنَاۚ اَغْوَيْنَاهُمْ كَمَا غَوَيْنَاۚ تَبَرَّأْنَٓا اِلَيْكَۘ مَا كَانُٓوا اِيَّانَا يَعْبُدُونَ (٦٣)

63. Устиларига азоб ҳақидаги сўз муқаррар бўлган кимсалар: “Эй Роббимиз, ана у биз йўлдан оздирган кимсаларни ҳам худди ўзимиз озган каби йўлдан оздирганмиз. Энди, Сени олдингда ўзимизни оқлаяпмиз. Улар аслида бизга ибодат қилмаган эдилар”, – дейдилар.

وَق۪يلَ ادْعُوا شُرَكَٓاءَكُمْ فَدَعَوْهُمْ فَلَمْ يَسْتَج۪يبُوا لَهُمْ وَرَاَوُا الْعَذَابَۚ لَوْ اَنَّهُمْ كَانُوا يَهْتَدُونَ (٦٤)

64. Уларга: “Шерикларингизни ёрдамга чақиринглар”, – дейилади. Улар сохта худоларни ёрдамга чақирадилар, лекин уларга жавоб бермайдилар ва даҳшатли азобни кўрадилар. Кошки, улар ҳидоят топган бўлганларида эди.

وَيَوْمَ يُنَاد۪يهِمْ فَيَقُولُ مَاذَٓا اَجَبْتُمُ الْمُرْسَل۪ينَ (٦٥)

65. У кунда Аллоҳ уларга нидо қилиб: “Даъватлари учун пайғамбарларга нима деб жавоб қилган эдингиз?” – дейди.

فَعَمِيَتْ عَلَيْهِمُ الْاَنْبَٓاءُ يَوْمَئِذٍ فَهُمْ لَا يَتَسَٓاءَلُونَ (٦٦)

66. У кунда уларга хабарлар кўринмай қолади, бас, қўрқувдан бир-бирларидан савол ҳам сўролмай қоладилар.

فَاَمَّا مَنْ تَابَ وَاٰمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَعَسٰٓى اَنْ يَكُونَ مِنَ الْمُفْلِح۪ينَ (٦٧)

67. Бас, ким гуноҳларидан тавба қилиб, иймон келтирса ва солиҳ амал қилган бўлса, шоядки у азобдан қутулувчилардан бўлса.

وَرَبُّكَ يَخْلُقُ مَا يَشَٓاءُ وَيَخْتَارُۜ مَا كَانَ لَهُمُ الْخِيَرَةُۜ سُبْحَانَ اللّٰهِ وَتَعَالٰى عَمَّا يُشْرِكُونَ (٦٨)

68. Роббингиз хоҳлаган нарсани яратади ва хоҳлаган ишни танлайди. Уларда ихтиёр йўқдир! Аллоҳ уларнинг ширк келтираётган нарсаларидан пок ва олийдир!

وَرَبُّكَ يَعْلَمُ مَا تُكِنُّ صُدُورُهُمْ وَمَا يُعْلِنُونَ (٦٩)

69. Роббингиз уларнинг диллари яшираётган нарсаларини ҳам, ошкор қилаётган нарсаларини ҳам билади.

وَهُوَ اللّٰهُ لَٓا اِلٰهَ اِلَّا هُوَۜ لَهُ الْحَمْدُ فِي الْاُو۫لٰى وَالْاٰخِرَةِۘ وَلَهُ الْحُكْمُ وَاِلَيْهِ تُرْجَعُونَ (٧٠)

70. У ягона Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Дунёда ҳам охиратда ҳам ҳамд, фақат Унга хосдир. Ҳукм қилиш ҳам ёлғиз Унгадир ва барчангиз Унинг ҳузурига қайтариласизлар.

قُلْ اَرَاَيْتُمْ اِنْ جَعَلَ اللّٰهُ عَلَيْكُمُ الَّيْلَ سَرْمَدًا اِلٰى يَوْمِ الْقِيٰمَةِ مَنْ اِلٰهٌ غَيْرُ اللّٰهِ يَأْت۪يكُمْ بِضِيَٓاءٍۜ اَفَلَا تَسْمَعُونَ (٧١)

71. Эй Муҳаммад, уларга: “Қани, айтингчи, агар Аллоҳ кечани сизларга қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизларга бирор ёруғликни келтира олади? Ахир, ибрат олиб эшитмайсизларми?!” – деб айтинг.

قُلْ اَرَاَيْتُمْ اِنْ جَعَلَ اللّٰهُ عَلَيْكُمُ النَّهَارَ سَرْمَدًا اِلٰى يَوْمِ الْقِيٰمَةِ مَنْ اِلٰهٌ غَيْرُ اللّٰهِ يَأْت۪يكُمْ بِلَيْلٍ تَسْكُنُونَ ف۪يهِۜ اَفَلَا تُبْصِرُونَ (٧٢)

72. Яна уларга: “Қани, айтингчи, агар Аллоҳ кундузни сизларга қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олади? Ахир, тафаккур қилиб кўрмайсизларми?!” – деб айтинг.

وَمِنْ رَحْمَتِه۪ جَعَلَ لَكُمُ الَّيْلَ وَالنَّهَارَ لِتَسْكُنُوا ف۪يهِ وَلِتَبْتَغُوا مِنْ فَضْلِه۪ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ (٧٣)

73. Аллоҳ сизлар учун кечани ором олишингиз, кундузни эса унда Унинг фазлидан ризқ исташингиз учун яратди. Шоядки, сизлар бу неъматларга шукр қилсангизлар.

وَيَوْمَ يُنَاد۪يهِمْ فَيَقُولُ اَيْنَ شُرَكَٓاءِيَ الَّذ۪ينَ كُنْتُمْ تَزْعُمُونَ (٧٤)

74. Аллоҳ қиёмат куни уларга: “Сизлар худо деб ўйлаб юрган шерикларим қани?!” – деб нидо қилади.

وَنَزَعْنَا مِنْ كُلِّ اُمَّةٍ شَه۪يدًا فَقُلْنَا هَاتُوا بُرْهَانَكُمْ فَعَلِمُٓوا اَنَّ الْحَقَّ لِلّٰهِ وَضَلَّ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَفْتَرُونَ۟ (٧٥)

75. Биз у кунда ҳар бир умматдан бир пайғамбарни гувоҳ қилиб чиқарамиз. Кейин уларга: “Келтирган ширкингиз учун далилларингизни олиб келинг”, – деймиз. Бас, улар ҳақиқат Аллоҳ учун эканини биладилар ва тўқиб олган сохта илоҳлари эса улардан ғойиб бўлади.

اِنَّ قَارُونَ كَانَ مِنْ قَوْمِ مُوسٰى فَبَغٰى عَلَيْهِمْۖ وَاٰتَيْنَاهُ مِنَ الْكُنُوزِ مَٓا اِنَّ مَفَاتِحَهُ لَتَنُٓواُ بِالْعُصْبَةِ اُ۬ولِي الْقُوَّةِۗ اِذْ قَالَ لَهُ قَوْمُهُ لَا تَفْرَحْ اِنَّ اللّٰهَ لَا يُحِبُّ الْفَرِح۪ينَ (٧٦)

76. Албатта, Қорун Мусо пайғамбарнинг қавмидан эди. Бас, у қавмларга такаббурлик қилди. Биз унга калитларини кўтариб юришда бир гуруҳ бақувват одамларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга: “Жуда ҳовлиқиб кетма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққан кимсаларни севмайди”, – деди.

وَابْتَغِ ف۪يمَٓا اٰتٰيكَ اللّٰهُ الدَّارَ الْاٰخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَص۪يبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَاَحْسِنْ كَمَٓا اَحْسَنَ اللّٰهُ اِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْاَرْضِۜ اِنَّ اللّٰهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِد۪ينَ (٧٧)

77. Аллоҳ сенга берган нарса билан аввало охират савобини истагин шунингдек, дунёдан бўлган насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам ночорларга эҳсон қил. Ер юзида зўравонлик билан бузғунчилик қилишни ўйлама. Чунки Аллоҳ бузғунчиларни севмайди.

قَالَ اِنَّمَٓا اُو۫ت۪يتُهُ عَلٰى عِلْمٍ عِنْد۪يۜ اَوَلَمْ يَعْلَمْ اَنَّ اللّٰهَ قَدْ اَهْلَكَ مِنْ قَبْلِه۪ مِنَ الْقُرُونِ مَنْ هُوَ اَشَدُّ مِنْهُ قُوَّةً وَاَكْثَرُ جَمْعًاۜ وَلَا يُسْـَٔلُ عَنْ ذُنُوبِهِمُ الْمُجْرِمُونَ (٧٨)

78. Қорун ўз қавмига: “Мен бу бойликларга фақат ўзимдаги билимга кўра эришдим”, – деди. Ахир, у ўзидан илгари Аллоҳнинг ундан кўра қувватлироқ ва тўплаган бойлиги ҳам кўпроқ қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганини билмас эдими?! Жиноятчилардан гуноҳлари тўғрисида сўраб ўтирилмайди.

فَخَرَجَ عَلٰى قَوْمِه۪ ف۪ي ز۪ينَتِه۪ۜ قَالَ الَّذ۪ينَ يُر۪يدُونَ الْحَيٰوةَ الدُّنْيَا يَا لَيْتَ لَنَا مِثْلَ مَٓا اُو۫تِيَ قَارُونُۙ اِنَّهُ لَذُو حَظٍّ عَظ۪يمٍ (٧٩)

79. Кейин Қорун қавмининг олдига зебу зийнати билан чиқиб келди. Ўткинчи дунё ҳаётини истайдиган кимсалар: “Эҳ, қани, энди бизларга ҳам Қорунга берилган нарсалар берилса эди. Ростдан ҳам у улкан насиба эгасидир”, – дедилар.

وَقَالَ الَّذ۪ينَ اُو۫تُوا الْعِلْمَ وَيْلَكُمْ ثَوَابُ اللّٰهِ خَيْرٌ لِمَنْ اٰمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًاۚ وَلَا يُلَقّٰيهَٓا اِلَّا الصَّابِرُونَ (٨٠)

80. Илм берилган кишилар эса: “Сизларнинг ҳолингизга вой бўлсин! Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқдир. Унга фақат сабрли кишилар эришадилар”, – дедилар.

فَخَسَفْنَا بِه۪ وَبِدَارِهِ الْاَرْضَ فَمَا كَانَ لَهُ مِنْ فِئَةٍ يَنْصُرُونَهُ مِنْ دُونِ اللّٰهِۗ وَمَا كَانَ مِنَ الْمُنْتَصِر۪ينَ (٨١)

81. Бас, Биз уни ҳам, жойларини ҳам ерга юттирдик. Кейин унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирор жамоа ҳам бўлмади ва ўзи ҳам нусратга эришувчилардан бўлмади.

وَاَصْبَحَ الَّذ۪ينَ تَمَنَّوْا مَكَانَهُ بِالْاَمْسِ يَقُولُونَ وَيْكَاَنَّ اللّٰهَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَٓاءُ مِنْ عِبَادِه۪ وَيَقْدِرُۚ لَوْلَٓا اَنْ مَنَّ اللّٰهُ عَلَيْنَا لَخَسَفَ بِنَاۜ وَيْكَاَنَّهُ لَا يُفْلِحُ الْكَافِرُونَ۟ (٨٢)

82. Кечагина унинг ўрнини орзу қилганлар: “Во ажаб, Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб, хоҳлаганининг ризқини тор қилиб қўяр экан-да! Агар Аллоҳ бизларга лутф қилмаганида, бизларни ҳам ерга юттирган бўлар эди. Во ажаб, кофирлар нажот топмас экан-да!” – деб қолдилар.

تِلْكَ الدَّارُ الْاٰخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذ۪ينَ لَا يُر۪يدُونَ عُلُوًّا فِي الْاَرْضِ وَلَا فَسَادًاۜ وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّق۪ينَ (٨٣)

83. Биз ўша охират диёрини ер юзида кибр ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун яратамиз. Оқибат эса, тақводор кимсаларникидир!

مَنْ جَٓاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ خَيْرٌ مِنْهَاۚ وَمَنْ جَٓاءَ بِالسَّيِّئَةِ فَلَا يُجْزَى الَّذ۪ينَ عَمِلُوا السَّيِّـَٔاتِ اِلَّا مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (٨٤)

84. Ким Унинг ҳузурига яхшилик билан келса, бас, унга ундан яхшироқ мукофот берилади. Ким бир ёмонлик билан келса, ёмонлик қилганлар фақат қилганларига яраша жазо оладилар.

اِنَّ الَّذ۪ي فَرَضَ عَلَيْكَ الْقُرْاٰنَ لَرَٓادُّكَ اِلٰى مَعَادٍۜ قُلْ رَبّ۪ٓي اَعْلَمُ مَنْ جَٓاءَ بِالْهُدٰى وَمَنْ هُوَ ف۪ي ضَلَالٍ مُب۪ينٍ (٨٥)

85. Эй Муҳаммад, албатта, сизга ушбу Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, сизни яна Маккадаги қайтиб бориладиган жойга ҳам қайтарувчидир. Эй Расулим уларга: “Роббим ҳидоят билан келган кимсани ҳам ва очиқ-ойдин залолатдаги кимсани ҳам жуда яхши билувчидир”, деб айтинг.

Изоҳ: Ушбу оят Пайғамбаримизга Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, йўлда Жуҳфа деган жойга қўниб, ўзлари ташлаб чиқиб кетаётган ватанлари Маккани қўмсаган вақтларида нозил бўлган.

وَمَا كُنْتَ تَرْجُٓوا اَنْ يُلْقٰٓى اِلَيْكَ الْكِتَابُ اِلَّا رَحْمَةً مِنْ رَبِّكَ فَلَا تَكُونَنَّ ظَه۪يرًا لِلْكَافِر۪ينَۘ (٨٦)

86. Сиз ўзингизга китоб туширилишидан умидвор ҳам эмасдингиз. Фақат Роббингиз томонидан раҳмат бўлиб у нозил қилинди. Бас, асло кофирларга ёрдамчи бўлманг.

وَلَا يَصُدُّنَّكَ عَنْ اٰيَاتِ اللّٰهِ بَعْدَ اِذْ اُنْزِلَتْ اِلَيْكَ وَادْعُ اِلٰى رَبِّكَ وَلَا تَكُونَنَّ مِنَ الْمُشْرِك۪ينَۚ (٨٧)

87. Сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан кейин асло сизни унга амал қилишдан тўсмасинлар. Сиз одамларни Роббингизга ибодат қилишга чақиринг ва ҳаргиз мушриклардан бўлманг.

وَلَا تَدْعُ مَعَ اللّٰهِ اِلٰهًا اٰخَرَۢ لَٓا اِلٰهَ اِلَّا هُوَ۠ كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ اِلَّا وَجْهَهُۜ لَهُ الْحُكْمُ وَاِلَيْهِ تُرْجَعُونَ (٨٨)

88. Аллоҳ билан бирга бошқа сохта илоҳга илтижо қилманг. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг Зотидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм қилиш, фақат Унга хосдир ва Унинг ҳузурига қайтариласизлар.