ЗУХРУФ СУРАСИ
Зухруф сураси 89 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Зухруф “безак”, “зийнат” деган маъноларни англатади. Суранинг оятларидан бирида бу дунё ҳаётининг бор-йўқ матоҳи “зухруф”га – беҳуда безак, зебу зийнатга ўхшатилади. Суранинг номи ўша оятдан олинган.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
حٰمٓۜ (١)
1. Ҳа, Мим.
Изоҳ: Қуръони Каримда бир неча сура мана шундай алоҳида ҳарфлар билан бошланади. Уламолар наздида ушбу ҳарфлар “Ҳуруфи муқаттаот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар ҳисобланиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир. Қуръонда ҳаммаси бўлиб 29 сура ана шундай ҳарфлар билан бошланган. Лекин баъзи тафсир олимлари ўз китобларида уларни изоҳлашга ҳаракат қилишган. Қуръони Каримда “Ҳа Мим” билан бошланувчи сураларнинг адади еттитадир.
وَالْكِتَابِ الْمُب۪ينِۙ (٢)
2. Очиқ-ойдин китоб бўлган Қуръонга қасамки,
اِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْءٰنًا عَرَبِيًّا لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَۚ (٣)
3. Албатта, Биз уни сизлар тушунишингиз учун арабий тилда Қуръон нозил қилдик.
وَاِنَّهُ ف۪ٓي اُمِّ الْكِتَابِ لَدَيْنَا لَعَلِيٌّ حَك۪يمٌۜ (٤)
4. Дарҳақиқат, ушбу Қуръон даргоҳимиздаги она китобдадир. Унинг қадри олий мартабали ва ҳикматлидир.
اَفَنَضْرِبُ عَنْكُمُ الذِّكْرَ صَفْحًا اَنْ كُنْتُمْ قَوْمًا مُسْرِف۪ينَ (٥)
5. Наҳотки, ҳаддидан ошган қавм бўлганингиз учун сиздан юз ўгириб, эслатмани буриб юборсак?!
وَكَمْ اَرْسَلْنَا مِنْ نَبِيٍّ فِي الْاَوَّل۪ينَ (٦)
6. Сизлардан аввалги қавмларга ҳам қанчадан-қанча пайғамбар юборганмиз.
وَمَا يَأْت۪يهِمْ مِنْ نَبِيٍّ اِلَّا كَانُوا بِه۪ يَسْتَهْزِؤُ۫نَ (٧)
7. Улар ҳам ўзларига келган пайғамбарни фақат истеҳзо қилган эдилар.
فَاَهْلَكْنَٓا اَشَدَّ مِنْهُمْ بَطْشًا وَمَضٰى مَثَلُ الْاَوَّل۪ينَ (٨)
8. Бас, у Макка кофирларидан ҳам кучлироқларни ҳалок қилганмиз. Қуръонда аввалгиларнинг мисоли ўтган.
وَلَئِنْ سَاَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضَ لَيَقُولُنَّ خَلَقَهُنَّ الْعَز۪يزُ الْعَل۪يمُۙ (٩)
9. Эй Муҳаммад, қасам бўлсинки, агар улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” – деб сўрасангиз, албатта улар: “Уларни қудратли ва ўта билувчи Аллоҳ яратган”, – дейдилар.
اَلَّذ۪ي جَعَلَ لَكُمُ الْاَرْضَ مَهْدًا وَجَعَلَ لَكُمْ ف۪يهَا سُبُلًا لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَۚ (١٠)
10. Ўша Зот сизлар учун ерни бешик қилиб қўйган ва сафарларингизда кўзлаган манзилларингизга йўл топишингиз учун унда турли йўлларни пайдо қилди.
وَالَّذ۪ي نَزَّلَ مِنَ السَّمَٓاءِ مَٓاءً بِقَدَرٍۚ فَاَنْشَرْنَا بِه۪ بَلْدَةً مَيْتًاۚ كَذٰلِكَ تُخْرَجُونَ (١١)
11. У Зот осмондан аниқ ўлчов билан сув ёғдирди. Бас, Биз бу сув билан сувсизликдан ўлган шаҳарларни тирилтирдик. Сизлар ҳам қиёмат кунида қабрларингиздан мана шу тарзда чиқариласизлар.
وَالَّذ۪ي خَلَقَ الْاَزْوَاجَ كُلَّهَا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنَ الْفُلْكِ وَالْاَنْعَامِ مَا تَرْكَبُونَۙ (١٢)
12. У Зот мавжудотлардан барча жуфтларни яратди ва сизлар учун кемалар ва чорва ҳайвонларидан сизлар минадиган нарсаларни пайдо қилди.
لِتَسْتَوُ۫ا عَلٰى ظُهُورِه۪ ثُمَّ تَذْكُرُوا نِعْمَةَ رَبِّكُمْ اِذَا اسْتَوَيْتُمْ عَلَيْهِ وَتَقُولُوا سُبْحَانَ الَّذ۪ي سَخَّرَ لَنَا هٰذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِن۪ينَۙ (١٣)
13. Токи сизлар уларнинг устига ўрнашиб олиб минасизлар. Кейин унга ўрнашиб олгач, Роббингиз неъматини эслаб: “Бизларга бу уловни бўйсундириб қўйган Зот айб ва нуқсонлардан покдир. Ваҳоланки, бизлар бунга қодир эмас эдик”, – дейсизлар.
وَاِنَّٓا اِلٰى رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ (١٤)
14. Албатта, бизлар барчамиз қиёматда Роббимиз ҳузурига қайтувчилармиз.
وَجَعَلُوا لَهُ مِنْ عِبَادِه۪ جُزْءًاۜ اِنَّ الْاِنْسَانَ لَكَفُورٌ مُب۪ينٌۜ (١٥)
15. Мушриклар Унга бандаларидан айримларини бўлак қилдилар. Дарҳақиқат, инсон аниқ ношукурдир.
اَمِ اتَّخَذَ مِمَّا يَخْلُقُ بَنَاتٍ وَاَصْفٰيكُمْ بِالْبَن۪ينَ۟ (١٦)
16. Ёки Аллоҳ Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб, сизларга ўғилларни танлаб бердими?!
وَاِذَا بُشِّرَ اَحَدُهُمْ بِمَا ضَرَبَ لِلرَّحْمٰنِ مَثَلًا ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظ۪يمٌ (١٧)
17. Қачонки, уларнинг бирортасига Раҳмонга мисол қилиб айтган қиз туғилгани ҳақидаги хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзи қорайиб кетади.
اَوَمَنْ يُنَشَّؤُ۬ا فِي الْحِلْيَةِ وَهُوَ فِي الْخِصَامِ غَيْرُ مُب۪ينٍ (١٨)
18. Ҳали зеб-зийнат ичида парвариш қилинадиган, мунозарада ўз фикрини очиқ баён қилиб бера олмайдиган заифа бир қизними?!
وَجَعَلُوا الْمَلٰٓئِكَةَ الَّذ۪ينَ هُمْ عِبَادُ الرَّحْمٰنِ اِنَاثًاۜ اَشَهِدُوا خَلْقَهُمْۜ سَتُكْتَبُ شَهَادَتُهُمْ وَيُسْـَٔلُونَ (١٩)
19. Раҳмоннинг бандалари бўлган фаришталарни мушриклар қизлар дедилар. Ёки мушриклар уларнинг яратилишига гувоҳ бўлганмидилар?! Ундай бўлса уларнинг бу гувоҳликлари, албатта, ёзиб қўйилади ва улар қиёмат кунида сўроқ қилинадилар.
وَقَالُوا لَوْ شَٓاءَ الرَّحْمٰنُ مَا عَبَدْنَاهُمْۜ مَا لَهُمْ بِذٰلِكَ مِنْ عِلْمٍۗ اِنْ هُمْ اِلَّا يَخْرُصُونَۜ (٢٠)
20. Мушриклар: “Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга ибодат қилмаган бўлар эдик”, – дейдилар. Улар учун бунга ҳеч қандай маълумот йўқдир. Улар фақат ёлғон гапиряптилар.
اَمْ اٰتَيْنَاهُمْ كِتَابًا مِنْ قَبْلِه۪ فَهُمْ بِه۪ مُسْتَمْسِكُونَ (٢١)
21. Ёки уларга бу Қуръондан олдин бирор китоб берганмиз-у, улар уни маҳкам тутиб олувчи бўлдиларми?!
بَلْ قَالُٓوا اِنَّا وَجَدْنَٓا اٰبَٓاءَنَا عَلٰٓى اُمَّةٍ وَاِنَّا عَلٰٓى اٰثَارِهِمْ مُهْتَدُونَ (٢٢)
22. Аксинча мушриклар: “Бизлар ота-боболаримизни бир дин устида топганмиз ва албатта, бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топувчилармиз”, – дедилар.
وَكَذٰلِكَ مَٓا اَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ ف۪ي قَرْيَةٍ مِنْ نَذ۪يرٍ اِلَّا قَالَ مُتْرَفُوهَٓاۙ اِنَّا وَجَدْنَٓا اٰبَٓاءَنَا عَلٰٓى اُمَّةٍ وَاِنَّا عَلٰٓى اٰثَارِهِمْ مُقْتَدُونَ (٢٣)
23. Эй Муҳаммад, шунингдек, сиздан аввал қайси бир шаҳарга огоҳлантирувчи пайғамбар юборсак у жойнинг маишатпарастлари: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир миллат устида топганмиз ва албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашувчилармиз”, – деб айтганлар.
قَالَ اَوَلَوْ جِئْتُكُمْ بِاَهْدٰى مِمَّا وَجَدْتُمْ عَلَيْهِ اٰبَٓاءَكُمْۜ قَالُٓوا اِنَّا بِمَٓا اُرْسِلْتُمْ بِه۪ كَافِرُونَ (٢٤)
24. Пайғамбар уларга: “Агар мен сизларга ота-боболарингизни унинг устида топган диндан тўғрироқ бир динни келтирган бўлсам-чи?” – деганида, улар: “Албатта, бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динни инкор қилувчилармиз”, – дедилар.
فَانْتَقَمْنَا مِنْهُمْ فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّب۪ينَ۟ (٢٥)
25. Бас, улардан интиқом олдик. Мана энди пайғамбарларни ёлғончи қилганларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг.
وَاِذْ قَالَ اِبْرٰه۪يمُ لِاَب۪يهِ وَقَوْمِه۪ٓ اِنَّن۪ي بَرَٓاءٌ مِمَّا تَعْبُدُونَۙ (٢٦)
26. Иброҳим отасига ва қавмига қараб: “Мен сизлар ибодат қилаётган маъбудалардан безорман”, – деганини эсланг.
اِلَّا الَّذ۪ي فَطَرَن۪ي فَاِنَّهُ سَيَهْد۪ينِ (٢٧)
27. Мен фақат мени яратган Зотга ибодат қиламан. Бас, У мени ҳақ динга ҳидоят қилади.
وَجَعَلَهَا كَلِمَةً بَاقِيَةً ف۪ي عَقِبِه۪ لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ (٢٨)
28. Иброҳим бу насиҳатни зора ҳаққа қайтсалар деб, ўз ортидан зурриётига боқий қолувчи сўз қилди.
بَلْ مَتَّعْتُ هٰٓؤُ۬لَٓاءِ وَاٰبَٓاءَهُمْ حَتّٰى جَٓاءَهُمُ الْحَقُّ وَرَسُولٌ مُب۪ينٌ (٢٩)
29. Мен эса Иброҳим қолдирган сўзга итоат этмаган ана у Макка аҳолисини ҳам, уларнинг ота-боболарини ҳам то уларга ҳақ Қуръон ва аниқ пайғамбар бўлган Муҳаммад келгунча, ҳаётдан фойдалантириб турдим.
وَلَمَّا جَٓاءَهُمُ الْحَقُّ قَالُوا هٰذَا سِحْرٌ وَاِنَّا بِه۪ كَافِرُونَ (٣٠)
30. Лекин уларга ҳақ Қуръон келган пайтда: “Бу сеҳрдир, бизлар уни инкор қилувчилармиз кофирдирмиз”, – дедилар.
وَقَالُوا لَوْلَا نُزِّلَ هٰذَا الْقُرْاٰنُ عَلٰى رَجُلٍ مِنَ الْقَرْيَتَيْنِ عَظ۪يمٍ (٣١)
31. Яна улар: “Бу Қуръон икки шаҳарнинг биридан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди”, – дедилар.
Изоҳ: Икки қишлоқ Макка ва Тоиф шаҳарлари. Макка мушриклари ўзларининг бузуқ эътиқодларича, агар Қуръон ҳақиқатан Аллоҳ томонидан нозил бўлганида эди маккалик Валид ибн Муғира ёки тоифлик Урва ибн Маъуд ас-Сақафий каби бой-бадавлат, машҳур зодагонлардан бирига нозил қилинган бўлар эди, дер эдилар.
اَهُمْ يَقْسِمُونَ رَحْمَتَ رَبِّكَۜ نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُمْ مَع۪يشَتَهُمْ فِي الْحَيٰوةِ الدُّنْيَا وَرَفَعْنَا بَعْضَهُمْ فَوْقَ بَعْضٍ دَرَجَاتٍ لِيَتَّخِذَ بَعْضُهُمْ بَعْضًا سُخْرِيًّاۜ وَرَحْمَتُ رَبِّكَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ (٣٢)
32. Эй Муҳаммад, Роббингизнинг раҳмати бўлган пайғамбарликни улар тақсим қиладиларми?! Дунё ҳаётида уларнинг ораларида маишатларини Биз тақсимладик ва баъзилари баъзиларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйдик. Роббингизнинг раҳмати эса улар йиғиб борадиган бойликларидан яхшироқдир.
وَلَوْلَٓا اَنْ يَكُونَ النَّاسُ اُمَّةً وَاحِدَةً لَجَعَلْنَا لِمَنْ يَكْفُرُ بِالرَّحْمٰنِ لِبُيُوتِهِمْ سُقُفًا مِنْ فِضَّةٍ وَمَعَارِجَ عَلَيْهَا يَظْهَرُونَۙ (٣٣)
33. Агар иймонсизларнинг тўқ яшаётганларини кўриб одамлар бир миллат бўлиб қолиш хавфлари бўлмаганида Раҳмонга куфр келтирадиганларнинг уйларининг томини ва унга чиқадиган зиналарини ҳам кумушдан қилиб қўяр эдик.
وَلِبُيُوتِهِمْ اَبْوَابًا وَسُرُرًا عَلَيْهَا يَتَّكِؤُ۫نَۙ (٣٤)
34. Яна уйларининг эшикларини ҳам, устида ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлар эдик.
وَزُخْرُفًاۜ وَاِنْ كُلُّ ذٰلِكَ لَمَّا مَتَاعُ الْحَيٰوةِ الدُّنْيَاۜ وَالْاٰخِرَةُ عِنْدَ رَبِّكَ لِلْمُتَّق۪ينَ۟ (٣٥)
35. Шунингдек, кўплаб зеб-зийнатларни ҳам қилиб қўяр эдик. Зеро, буларнинг барчаси фақат ўткинчи дунё ҳаётининг матоҳларидир. Охират эса, Роббингиз наздида, тақводорлар учундир.
وَمَنْ يَعْشُ عَنْ ذِكْرِ الرَّحْمٰنِ نُقَيِّضْ لَهُ شَيْطَانًا فَهُوَ لَهُ قَر۪ينٌ (٣٦)
36. Кимки Раҳмоннинг зикри бўлган Қуръон насиҳатларидан кўр бўлиб, юз ўгирса, унга шайтонни бириктириб қўярмиз, бас, у унга яқин ҳамроҳдир.
وَاِنَّهُمْ لَيَصُدُّونَهُمْ عَنِ السَّب۪يلِ وَيَحْسَبُونَ اَنَّهُمْ مُهْتَدُونَ (٣٧)
37. Албатта, бу шайтонлар уларни йўлдан тўсадилар, бунинг устига ўзларини аниқ ҳидоят топувчилар, деб ҳисоблайдилар.
حَتّٰٓى اِذَا جَٓاءَنَا قَالَ يَا لَيْتَ بَيْن۪ي وَبَيْنَكَ بُعْدَ الْمَشْرِقَيْنِ فَبِئْسَ الْقَر۪ينُ (٣٨)
38. Улар ҳузуримизга келганда: “Қани энди мен билан сенинг оранг ғарб билан шарқ ўртасидаги узоқлик каби бўлса эди. Бас сен, нақадар ёмон ҳамроҳсан”, – дейди.
وَلَنْ يَنْفَعَكُمُ الْيَوْمَ اِذْ ظَلَمْتُمْ اَنَّكُمْ فِي الْعَذَابِ مُشْتَرِكُونَ (٣٩)
39. Куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга зулм қилганларингиз сабабли бу кунда азобда шерик эканингиз сизларга асло фойда бермайди.
اَفَاَنْتَ تُسْمِعُ الصُّمَّ اَوْ تَهْدِي الْعُمْيَ وَمَنْ كَانَ ف۪ي ضَلَالٍ مُب۪ينٍ (٤٠)
40. Бас, эй Муҳаммад, сиз карларга эшиттира олармидингиз, ёки кўрлар ва аниқ залолатдаги кимсаларни тўғри йўлга бошлай олармидингиз?!
فَاِمَّا نَذْهَبَنَّ بِكَ فَاِنَّا مِنْهُمْ مُنْتَقِمُونَۙ (٤١)
41. Бас, агар Биз сизни дунёдан кетказиб вафот эттирсак ҳам, албатта, улардан охиратда интиқом олувчимиз.
اَوْ نُرِيَنَّكَ الَّذ۪ي وَعَدْنَاهُمْ فَاِنَّا عَلَيْهِمْ مُقْتَدِرُونَ (٤٢)
42. Ёки Биз уларга ваъда қилган азобни ҳаётлик чоғингиздаёқ сизга кўрсатамиз. Шубҳасиз, Биз уларга азоб беришга қодирмиз.
فَاسْتَمْسِكْ بِالَّذ۪ٓي اُو۫حِيَ اِلَيْكَۚ اِنَّكَ عَلٰى صِرَاطٍ مُسْتَق۪يمٍ (٤٣)
43. Бас, ўзингизга ваҳий қилинган Қуръонни маҳкам тутинг. Албатта, сиз тўғри йўлдасиз!
وَاِنَّهُ لَذِكْرٌ لَكَ وَلِقَوْمِكَۚ وَسَوْفَ تُسْـَٔلُونَ (٤٤)
44. Албатта, бу Қуръон сиз учун ҳам, қавмингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда неъмат хусусида сўраласизлар.
وَسْـَٔلْ مَنْ اَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ مِنْ رُسُلِنَاۗ اَجَعَلْنَا مِنْ دُونِ الرَّحْمٰنِ اٰلِهَةً يُعْبَدُونَ۟ (٤٥)
45. Эй Муҳаммад, сиздан илгари юборган расулларимиздан сўраб кўринг-чи, Раҳмондан бошқа ибодат қилинадиган илоҳлар қилган эканмизми?!
وَلَقَدْ اَرْسَلْنَا مُوسٰى بِاٰيَاتِنَٓا اِلٰى فِرْعَوْنَ وَمَلَا۬ئِه۪ فَقَالَ اِنّ۪ي رَسُولُ رَبِّ الْعَالَم۪ينَ (٤٦)
46. Биз Мусони мўъжизаларимиз билан фиръавн ва унинг зодагонларига пайғамбар қилиб юбордик. Бас, Мусо: “Мен барча оламлар Роббисининг пайғамбариман”, – деди.
فَلَمَّا جَٓاءَهُمْ بِاٰيَاتِنَٓا اِذَا هُمْ مِنْهَا يَضْحَكُونَ (٤٧)
47. Бас, қачонки, Мусо мўъжизаларимиз билан уларга келганида, улар бирданига бу мўъжизалардан кула бошладилар.
وَمَا نُر۪يهِمْ مِنْ اٰيَةٍ اِلَّا هِيَ اَكْبَرُ مِنْ اُخْتِهَاۘ وَاَخَذْنَاهُمْ بِالْعَذَابِ لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ (٤٨)
48. Биз уларга қайси бир мўъжизани кўрсатсак, албатта, у ўзидан олдинги шеригидан каттароқ бўлар эди. Шояд куфрдан иймонга қайтсалар, деб уларни азобга тутдик.
وَقَالُوا يَٓا اَيُّهَ السَّاحِرُ ادْعُ لَنَا رَبَّكَ بِمَا عَهِدَ عِنْدَكَ اِنَّنَا لَمُهْتَدُونَ (٤٩)
49. Улар мўъжизаларни кўрганларида: “Эй сеҳргар, дуойингни қабул қилиши хусусидаги сенга берган аҳдига биноан Роббингга бизлар учун дуо қил бизларни азобдан халос қилсин, шунда биз албатта, ҳидоят топувчилардан бўламиз”, – дедилар.
فَلَمَّا كَشَفْنَا عَنْهُمُ الْعَذَابَ اِذَا هُمْ يَنْكُثُونَ (٥٠)
50. Бас, қачонки, Мусонинг дуоси шарофати билан улардан азобни аритсак, бирдан улар ўз аҳдларини буза бошлар эдилар.
وَنَادٰى فِرْعَوْنُ ف۪ي قَوْمِه۪ قَالَ يَا قَوْمِ اَلَيْسَ ل۪ي مُلْكُ مِصْرَ وَهٰذِهِ الْاَنْهَارُ تَجْر۪ي مِنْ تَحْت۪يۚ اَفَلَا تُبْصِرُونَۜ (٥١)
51. Фиръавн қавмига нидо қилиб: “Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар меники эмасми?! Ахир, кўрмаяпсизларми?!” – деди.
اَمْ اَنَا۬ خَيْرٌ مِنْ هٰذَا الَّذ۪ي هُوَ مَه۪ينٌ وَلَا يَكَادُ يُب۪ينُ (٥٢)
52. Ёки мана бу ҳақир ва нутқини аниқ баён қила олмайдиган кимсадан мен яхшироқ эмасманми?!
Изоҳ: Мусо алайҳиссаломнинг тиллари чучук бўлиб, гапиришда бироз тутилиб сўзлар эдилар.
فَلَوْلَٓا اُلْقِيَ عَلَيْهِ اَسْوِرَةٌ مِنْ ذَهَبٍ اَوْ جَٓاءَ مَعَهُ الْمَلٰٓئِكَةُ مُقْتَرِن۪ينَ (٥٣)
53. Бас, унга олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди пайғамбарлигига ишонардик.
فَاسْتَخَفَّ قَوْمَهُ فَاَطَاعُوهُۜ اِنَّهُمْ كَانُوا قَوْمًا فَاسِق۪ينَ (٥٤)
54. Бас, фиръавн қавмини ерга урди ва улар унга итоат қилдилар. Дарҳақиқат, улар фосиқлар қавми эдилар.
فَلَمَّٓا اٰسَفُونَا انْتَقَمْنَا مِنْهُمْ فَاَغْرَقْنَاهُمْ اَجْمَع۪ينَۙ (٥٥)
55. Бас, қачонки, фиръавн ва унинг қавми ғазабимизни келтиришгач, Биз улардан интиқом олдик ва барчаларини денгизга ғарқ қилиб юбордик.
فَجَعَلْنَاهُمْ سَلَفًا وَمَثَلًا لِلْاٰخِر۪ينَ۟ (٥٦)
56. Бас, уларни ўтмишга айлантириб қўйдик ва кейингиларга мисол қилиб қўйдик.
وَلَمَّا ضُرِبَ ابْنُ مَرْيَمَ مَثَلًا اِذَا قَوْمُكَ مِنْهُ يَصِدُّونَ (٥٧)
57. Эй Муҳаммад, агар Марям ўғли Исо мисол келтирилса, бирданига қавмингиз бундан хурсанд бўлиб қичқира бошлайдилар.
وَقَالُٓوا ءَاٰلِهَتُنَا خَيْرٌ اَمْ هُوَۜ مَا ضَرَبُوهُ لَكَ اِلَّا جَدَلًاۜ بَلْ هُمْ قَوْمٌ خَصِمُونَ (٥٨)
58. Улар: “Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми?!” – дейдилар. Улар сизга бу мисолни фақатгина тортишиш учун келтирадилар. Аслида улар хусуматчи қавмдирлар.
Изоҳ: Бу оятлар мушриклар Исо пайғамбарни мисол қилиб, Пайғамбаримизни мулзам қилмоқчи бўлганликлари хусусидадир. Пайғамбар алайҳиссалом қурайшликларга: “Эй мушриклар, сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир”, деган оятни тиловат қилганларида, мушриклар ғазабланиб: “бу фақат бизларга тегишлими ёки барча миллатларгами?” – деб сўрашади, Расулуллоҳ уларга: “Бу оят барча замонлардаги мушриклар ва улар сиғинадиган нарсаларга тегишлидир”, – деб жавоб берадилар. Шунда улар: “Ахир сен Исони Аллоҳнинг пайғамбари деб айтасан. Ҳолбуки насронийлар уни худо деб сиғинадилар. Бас, агар насронийлар уни худо қилиб олганлари сабабли дўзахга тушадиган бўлса, бизлар ҳам ўз худоларимиз билан дўзахга тушишга розимиз. Қани бизларга айтгин-чи, бизларнинг худоларимиз яхшироқми ёки Исоми?!” – деган эдилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, Исо пайғамбар вафот этиб кетгандан кейин насронийлар у зотни худо қилиб олганлари учун у киши айбдор эмасликлари, бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учунгина шундай бехуда мисолларни келтиришлари баён қилинади.
اِنْ هُوَ اِلَّا عَبْدٌ اَنْعَمْنَا عَلَيْهِ وَجَعَلْنَاهُ مَثَلًا لِبَن۪ٓي اِسْرَٓاء۪يلَۜ (٥٩)
59. У фақатгина Биз пайғамбарлик инъом этган бир бандадир. Биз уни отасиз дунёга келтириш билан бани Исроил авлоди учун бир мисол қилдик.
وَلَوْ نَشَٓاءُ لَجَعَلْنَا مِنْكُمْ مَلٰٓئِكَةً فِي الْاَرْضِ يَخْلُفُونَ (٦٠)
60. Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар пайдо қилиб қўяр эдик.
Изоҳ: Бу оятда Аллоҳ таоло учун нафақат Исо пайғамбарни отасиз яратиш, балки ер юзидаги барча одамларни йўқ қилиб, уларнинг ўрнига фаришталарни ўринбосар қилиб қўйиш ҳам жуда осон иш эканлиги таъкидланади.
وَاِنَّهُ لَعِلْمٌ لِلسَّاعَةِ فَلَا تَمْتَرُنَّ بِهَا وَاتَّبِعُونِۜ هٰذَا صِرَاطٌ مُسْتَق۪يمٌ (٦١)
61. Албатта, Исо қиёмат соати келиши учун бир аломатдир. Бас, сизлар у қиёмат ҳақида асло шубҳа қилманглар. Эй Муҳаммад, Макка аҳлига: “Менга эргашинглар! Мана шу тўғри йўлдир”, – деб айтинг.
Изоҳ: Ислом ақидасида Исо алайҳиссаломнинг қиёмат қоим бўлиши арафасида осмондан Ер юзига нозил бўлиши ва қирқ йил Ислом шариати бўйича ҳукм қилиши тўғрисида алоҳида бир банд бор. Бу ақиданинг далили сифатида ушбу оят ва бошқа ҳадиси шарифларни келтирганлар. Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос ва Қатододан қиёмат қоим бўлиши олдидан Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни дунёга тушириб, бутун ер юзида Ислом ҳукмини юргизишлари ҳақида ривоят қилинган. Шунинг учун ушбу оят Исо – қиёмат аломатидир дейилди.
وَلَا يَصُدَّنَّكُمُ الشَّيْطَانُۚ اِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُب۪ينٌ (٦٢)
62. Шайтон сизларни Аллоҳнинг динидан асло тўсмасин! Албатта, у сизларга очиқ душмандир.
وَلَمَّا جَٓاءَ ع۪يسٰى بِالْبَيِّنَاتِ قَالَ قَدْ جِئْتُكُمْ بِالْحِكْمَةِ وَلِاُبَيِّنَ لَكُمْ بَعْضَ الَّذ۪ي تَخْتَلِفُونَ ف۪يهِۚ فَاتَّقُوا اللّٰهَ وَاَط۪يعُونِ (٦٣)
63. Исо очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келган пайтда: “Шубҳасиз, мен сизларга ҳикмат билан ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар”, – деди.
اِنَّ اللّٰهَ هُوَ رَبّ۪ي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُۜ هٰذَا صِرَاطٌ مُسْتَق۪يمٌ (٦٤)
64. Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Мана шу тўғри йўлдир.
فَاخْتَلَفَ الْاَحْزَابُ مِنْ بَيْنِهِمْۚ فَوَيْلٌ لِلَّذ۪ينَ ظَلَمُوا مِنْ عَذَابِ يَوْمٍ اَل۪يمٍ (٦٥)
65. Сўнгра насронийлар ичидан чиққан гуруҳлар Исо хусусида ўзаро ихтилоф қилдилар. Зулм қилганларнинг ҳолига аламли кун азобидан вой бўлсин!
هَلْ يَنْظُرُونَ اِلَّا السَّاعَةَ اَنْ تَأْتِيَهُمْ بَغْتَةً وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ (٦٦)
66. Улар фақат ўзлари сезмаган ҳолларида қиёмат соати тўсатдан келиб қолишини кутиб ўтирибдилар, холос.
اَلْاَخِلَّٓاءُ يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ اِلَّا الْمُتَّق۪ينَۜ۟ (٦٧)
67. Ўша қиёмат кунида тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир.
يَا عِبَادِ لَا خَوْفٌ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ وَلَٓا اَنْتُمْ تَحْزَنُونَۚ (٦٨)
68. У кунда Аллоҳдан қўрққанларга: “Эй бандаларим, бу кунда сизларга хавфу хатар йўқдир ва сизлар асло ғам чекмайсизлар”, – дейилади.
اَلَّذ۪ينَ اٰمَنُوا بِاٰيَاتِنَا وَكَانُوا مُسْلِم۪ينَۚ (٦٩)
69. Сизлар оятларимизга иймон келтирган ва мусулмонлардан бўлгансиз.
اُدْخُلُوا الْجَنَّةَ اَنْتُمْ وَاَزْوَاجُكُمْ تُحْبَرُونَ (٧٠)
70. Жуфтларингиз билан бирга хурсанд бўлган ҳолингизда жаннатга киринглар.
يُطَافُ عَلَيْهِمْ بِصِحَافٍ مِنْ ذَهَبٍ وَاَكْوَابٍۚ وَف۪يهَا مَا تَشْتَه۪يهِ الْاَنْفُسُ وَتَلَذُّ الْاَعْيُنُۚ وَاَنْتُمْ ف۪يهَا خَالِدُونَۚ (٧١)
71. Уларга олтиндан бўлган лаганларда егуликлар ва қадаҳларда шароблар айлантириб турилади. У ерда нафслар тусайдиган ва кўзлар лаззатланадиган барча нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолувчисизлар.
وَتِلْكَ الْجَنَّةُ الَّت۪ٓي اُو۫رِثْتُمُوهَا بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ (٧٢)
72. Мана шу дунёда қилиб ўтган амалларингиз сабабли у сизга мерос қилиб берилган жаннатдир.
لَكُمْ ف۪يهَا فَاكِهَةٌ كَث۪يرَةٌ مِنْهَا تَأْكُلُونَ (٧٣)
73. Сизлар учун у жойда кўплаб мевалар бўлиб, сизлар улардан тановул қиласизлар.
اِنَّ الْمُجْرِم۪ينَ ف۪ي عَذَابِ جَهَنَّمَ خَالِدُونَۚ (٧٤)
74. Лекин жиноятчи кофирлар албатта, жаҳаннам азобида мангу қолувчидирлар.
لَا يُفَتَّرُ عَنْهُمْ وَهُمْ ف۪يهِ مُبْلِسُونَۚ (٧٥)
75. Улардан жаҳаннамдаги азоб енгиллатилмайди ва улар ундан бутунлай умидсиздирлар.
وَمَا ظَلَمْنَاهُمْ وَلٰكِنْ كَانُوا هُمُ الظَّالِم۪ينَ (٧٦)
76. Биз уларга зулм қилмадик, лекин ўзлари нафсларига зулм қилувчи бўлдилар.
وَنَادَوْا يَا مَالِكُ لِيَقْضِ عَلَيْنَا رَبُّكَۜ قَالَ اِنَّكُمْ مَاكِثُونَ (٧٧)
77. Улар дўзах фариштасига: “Эй Молик, Роббинг бизларга ҳукмини қилиб, жонимизни олсин”, – деб нидо қиладилар. Шунда қўриқчи фаришта: “Сизлар бу ерда мангу қолувчисиз”, – дейди.
لَقَدْ جِئْنَاكُمْ بِالْحَقِّ وَلٰكِنَّ اَكْثَرَكُمْ لِلْحَقِّ كَارِهُونَ (٧٨)
78. Биз сизларга ҳақ Қуръонни келтирдик, лекин аксариятингиз ҳақни ёмон кўрувчи кимсаларсиз.
اَمْ اَبْرَمُٓوا اَمْرًا فَاِنَّا مُبْرِمُونَۚ (٧٩)
79. Ёки Макка мушриклари зулм қилиш учун бирор ишга қарор қилдиларми?! Бас, албатта, Биз ҳам қарор қилувчимиз.
اَمْ يَحْسَبُونَ اَنَّا لَا نَسْمَعُ سِرَّهُمْ وَنَجْوٰيهُمْۜ بَلٰى وَرُسُلُنَا لَدَيْهِمْ يَكْتُبُونَ (٨٠)
80. Балки улар Биз уларнинг сирларини ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмаймиз, деб ўйлайдиларми?! Йўқ! Бизнинг элчи фаришталаримиз уларнинг олдиларида бўлиб, қилган барча ишларини ёзиб бормоқдалар.
قُلْ اِنْ كَانَ لِلرَّحْمٰنِ وَلَدٌۗ فَاَنَا۬ اَوَّلُ الْعَابِد۪ينَ (٨١)
81. Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг боласи бор деб айтаётган мушрикларга: “Агар Раҳмоннинг фарзанди бўлганида мен унга ибодат қилувчиларнинг биринчиси бўлар эдим”, – деб айтинг.
سُبْحَانَ رَبِّ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ رَبِّ الْعَرْشِ عَمَّا يَصِفُونَ (٨٢)
82. Осмонлар ва Ернинг Роббиси ва Арш эгаси бўлган Аллоҳ улар сифатлаётган айбу нуқсонлардан покдир.
فَذَرْهُمْ يَخُوضُوا وَيَلْعَبُوا حَتّٰى يُلَاقُوا يَوْمَهُمُ الَّذ۪ي يُوعَدُونَ (٨٣)
83. Бас, эй Расулим, ҳозирча уларни ўз ҳолига қўйиб тарк қилинг. Улар, то ўзларига ваъда қилинган қиёмат кунга дуч келгунларича, гуноҳга ботиб, ўз дунёларида ўйнаб юраверсинлар.
وَهُوَ الَّذ۪ي فِي السَّمَٓاءِ اِلٰهٌ وَفِي الْاَرْضِ اِلٰهٌۜ وَهُوَ الْحَك۪يمُ الْعَل۪يمُ (٨٤)
84. У осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳ бўлган Зотдир. У ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.
وَتَبَارَكَ الَّذ۪ي لَهُ مُلْكُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَاۚ وَعِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِۚ وَاِلَيْهِ تُرْجَعُونَ (٨٥)
85. Осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларнинг ҳукмронлигига эга бўлган Зот баракатлидир. Қиёмат соати ҳақидаги илми ҳам ёлғиз Унинг ҳузуридадир ва барчангиз Унгагина қайтариласизлар.
وَلَا يَمْلِكُ الَّذ۪ينَ يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ الشَّفَاعَةَ اِلَّا مَنْ شَهِدَ بِالْحَقِّ وَهُمْ يَعْلَمُونَ (٨٦)
86. Аллоҳни қўйиб сиғинаётган нарсалари қиёмат куни шафоат қилишга эга бўла олмайдилар. Фақат ўзлари билган ҳолларида ҳақ билан гувоҳлик берган кишиларгина шафоат қилишга изн оладилар.
وَلَئِنْ سَاَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَهُمْ لَيَقُولُنَّ اللّٰهُ فَاَنّٰى يُؤْفَكُونَۙ (٨٧)
87. Эй Муҳаммад, қасам бўлсинки, агар улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта, улар: “Аллоҳ”, – дейдилар. Бас, шундай экан, ҳақ йўлдан қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!
وَق۪يلِه۪ يَا رَبِّ اِنَّ هٰٓؤُ۬لَٓاءِ قَوْمٌ لَا يُؤْمِنُونَۢ (٨٨)
88. Аллоҳ ўз расули Муҳаммаднинг: “Эй Роббим, ҳақиқатан, ана улар иймон келтирмайдиган қавмдир”, – деган гапини ҳам билади.
فَاصْفَحْ عَنْهُمْ وَقُلْ سَلَامٌۜ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ (٨٩)
89. Бас, Эй Муҳаммад, улардан юз ўгиринг ва “Саломат бўлинг” деб қўйинг. Бас, улар яқинда барча ҳақиқатни билиб оладилар.

