ДУХОН СУРАСИ

Духон сураси 59 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Суранинг номи бўлган “духон” сўзи “тутун” деган маънони англатади. Сурадаги оятларда тутун бўладиган кун ҳақида баёнлар борлиги учун мана шу номни олган.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

حٰمٓۜ (١)

1. Ҳа, Мим.

Изоҳ: Қуръони Каримда бир неча сура мана шундай алоҳида ҳарфлар билан бошланади. Уламолар наздида ушбу ҳарфлар “Ҳуруфи муқаттаот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар ҳисобланиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир. Қуръонда ҳаммаси бўлиб 29 сура ана шундай ҳарфлар билан бошланган. Лекин баъзи тафсир олимлари ўз китобларида уларни изоҳлашга ҳаракат қилишган. Қуръони Каримда “Ҳа Мим” билан бошланувчи сураларнинг адади еттитадир.

وَالْكِتَابِ الْمُب۪ينِۙ (٢)

2. Аниқ китоб бўлган Қуръонга қасам бўлсин.

اِنَّٓا اَنْزَلْنَاهُ ف۪ي لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ اِنَّا كُنَّا مُنْذِر۪ينَ (٣)

3. Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз ушбу Қуръон билан охират азобидан огоҳлантирувчи бўлдик.

Изоҳ: Муборак кеча бу – Лайлатул-қадр кечаси. Ҳадисларда келган маълумотларга қараганда, “Қадр кечаси” Рамазон ойининг 26-дан 27-га ўтар кечаси эканлиги маълум бўлади. Ушбу суранинг 4-оятида ва Қадр сурасининг 4-оятида берилган илоҳий башоратларга қараганда, шу қадр кечасида келгуси йилнинг шу кечасига қадар юз берадиган барча ишлар ўлчаб-ҳисобланиб қўйилар экан.

ف۪يهَا يُفْرَقُ كُلُّ اَمْرٍ حَك۪يمٍۜ (٤)

4. Ўша кечада ҳар бир ҳикматли ишлар ажратилади.

اَمْرًا مِنْ عِنْدِنَاۜ اِنَّا كُنَّا مُرْسِل۪ينَۚ (٥)

5. У ишлар Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Албатта, Биз пайғамбар юборувчидирмиз.

رَحْمَةً مِنْ رَبِّكَۜ اِنَّهُ هُوَ السَّم۪يعُ الْعَل۪يمُۙ (٦)

6. Бу Роббингиз томонидан раҳматдир. Албатта, У ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.

رَبِّ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَاۢ اِنْ كُنْتُمْ مُوقِن۪ينَ (٧)

7. Агар ҳақиқатан ишонувчи бўлсангизлар, Роббингиз осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Роббисидир.

لَٓا اِلٰهَ اِلَّا هُوَ يُحْي۪ وَيُم۪يتُۜ رَبُّكُمْ وَرَبُّ اٰبَٓائِكُمُ الْاَوَّل۪ينَ (٨)

8. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ўлдиради ва тирилтиради. У сизнинг ҳам Роббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Роббидир.

بَلْ هُمْ ف۪ي شَكٍّ يَلْعَبُونَ (٩)

9. Йўқ, улар ҳали ҳам қайта тирилиш хусусида шак-шубҳа ичида ўйнаб юрибдилар.

فَارْتَقِبْ يَوْمَ تَأْتِي السَّمَٓاءُ بِدُخَانٍ مُب۪ينٍۙ (١٠)

10. Бас, эй Муҳаммад, осмон барчага кўринадиган очиқ-ойдин тутунни олиб келтирадиган кунга кўз тутиб туринг.

يَغْشَى النَّاسَۜ هٰذَا عَذَابٌ اَل۪يمٌ (١١)

11. У тутун барча одамларни ўраб олади. Бу аламли азобдир.

Изоҳ: Оятдаги тутундан мурод, Имом ал-Бухорий ривоятларига қараганда, Макка мушрикларининг ёвуз қилмишлари эвазига қаҳатчилик ва қурғоқчилик бўлиб, ердан кўтарилувчи чанг-тўзон бамисоли тутун бўлиб кўриниши ҳақида огоҳлантириш, демакдир. Ҳақиқатан, хабар берилган нарса рўй бергани тўғрисида ҳадис ва сийрат китобларида ёзилган.

رَبَّنَا اكْشِفْ عَنَّا الْعَذَابَ اِنَّا مُؤْمِنُونَ (١٢)

12. Эй Роббимиз, бизлардан бу азобни кўтаргин. Албатта, бизлар иймон келтирувчилармиз.

اَنّٰى لَهُمُ الذِّكْرٰى وَقَدْ جَٓاءَهُمْ رَسُولٌ مُب۪ينٌۙ (١٣)

13. Уларда қаёқдан ҳам эслатма олиш бўлсин, ҳолбуки, уларга аниқ пайғамбар келган эди.

ثُمَّ تَوَلَّوْا عَنْهُ وَقَالُوا مُعَلَّمٌ مَجْنُونٌۢ (١٤)

14. Сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: “Муҳаммадга Қуръон бировлар томонидан ўргатиб қўйилган мажнундир”, – дедилар.

اِنَّا كَاشِفُوا الْعَذَابِ قَل۪يلًا اِنَّكُمْ عَٓائِدُونَۢ (١٥)

15. Биз бу азобни сизлардан бироз аритувчимиз, сизлар эса албатта, яна куфрга қайтувчисизлар.

يَوْمَ نَبْطِشُ الْبَطْشَةَ الْكُبْرٰىۚ اِنَّا مُنْتَقِمُونَ (١٦)

16. Даҳшатли ушлаш билан тутадиган қиёмат кунида Биз улардан интиқом олувчимиз.

وَلَقَدْ فَتَنَّا قَبْلَهُمْ قَوْمَ فِرْعَوْنَ وَجَٓاءَهُمْ رَسُولٌ كَر۪يمٌۙ (١٧)

17. Биз улардан олдин фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз ва уларга бир шарофатли пайғамбар келган эди.

اَنْ اَدُّٓوا اِلَيَّ عِبَادَ اللّٰهِۜ اِنّ۪ي لَكُمْ رَسُولٌ اَم۪ينٌۙ (١٨)

18. Мусо уларга: “Сизлар менга Аллоҳнинг бандалари бўлган бани Исроил авлодларини топширинглар. Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбарман”, – деган эди.

Изоҳ: Маълумки, фиръавн ва унинг қавми бўлган Қибтийлар бани Исроил қавмини мустамлака қилиб, уларга кўп зулм қилар эдилар. Мусо пайғамбар Аллоҳ таолонинг амри билан фиръавннинг олдига бориб, ундан бани Исроил қавмини озод қилиб юборишни талаб қилади.

وَاَنْ لَا تَعْلُوا عَلَى اللّٰهِۚ اِنّ۪ٓي اٰت۪يكُمْ بِسُلْطَانٍ مُب۪ينٍۚ (١٩)

19. Аллоҳга кибр қилманглар. Мен сизларга пайғамбар эканлигимга доир аниқ ҳужжат келтираман.

وَاِنّ۪ي عُذْتُ بِرَبّ۪ي وَرَبِّكُمْ اَنْ تَرْجُمُونِۘ (٢٠)

20. Мен Роббим ва Роббингиздан мени тошбўрон қилишларингиздан паноҳ сўрадим.

وَاِنْ لَمْ تُؤْمِنُوا ل۪ي فَاعْتَزِلُونِ (٢١)

21. Агар менга иймон келтирмасангизлар, у ҳолда мендан узоқ туринглар.

فَدَعَا رَبَّهُٓ اَنَّ هٰٓؤُ۬لَٓاءِ قَوْمٌ مُجْرِمُونَ (٢٢)

22. Бас, Мусо Роббисига: “Улар жиноятчи қавмлардир”, – деб дуо қилди.

فَاَسْرِ بِعِبَاد۪ي لَيْلًا اِنَّكُمْ مُتَّبَعُونَۙ (٢٣)

23. Бас, Мусога ваҳий қилиб: Бандаларим билан тунда йўлга чиққин. Албатта, сизлар фиръавн лашкарлари томонидан таъқиб қилинувчисизлар”, – дедик.

وَاتْرُكِ الْبَحْرَ رَهْوًاۜ اِنَّهُمْ جُنْدٌ مُغْرَقُونَ (٢٤)

24. Иккига айрилган денгизни очиқ ҳолда қўявер. Улар ғарқ қилинувчи қўшиндир.

كَمْ تَرَكُوا مِنْ جَنَّاتٍ وَعُيُونٍۙ (٢٥)

25. Улар орқаларида қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, қолдириб кетдилар.

وَزُرُوعٍ وَمَقَامٍ كَر۪يمٍۙ (٢٦)

26. Яна кўплаб экинзорларни ва сўлим жойларни қолдириб ғарқ бўлиб кетдилар.

وَنَعْمَةٍ كَانُوا ف۪يهَا فَاكِه۪ينَۙ (٢٧)

27. Яна қанчадан-қанча у ерда баҳраманд бўлган неъматларни қолдириб кетдилар.

كَذٰلِكَ۠ وَاَوْرَثْنَاهَا قَوْمًا اٰخَر۪ينَ (٢٨)

28. Мана шундай қилиб, Биз у неъматларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик.

فَمَا بَكَتْ عَلَيْهِمُ السَّمَٓاءُ وَالْاَرْضُ وَمَا كَانُوا مُنْظَر۪ينَ۟ (٢٩)

29. Бас, осмон ҳам Ер ҳам уларга ачиниб йиғлагани йўқ. Шунингдек, улар тавба қилиш учун муҳлат берилганлардан ҳам бўлмадилар.

وَلَقَدْ نَجَّيْنَا بَن۪ٓي اِسْرَٓاء۪يلَ مِنَ الْعَذَابِ الْمُه۪ينِۙ (٣٠)

30. Дарҳақиқат, Биз бани Исроил авлодига фиръавннинг хор қилувчи азобидан нажот бердик.

مِنْ فِرْعَوْنَۜ اِنَّهُ كَانَ عَالِيًا مِنَ الْمُسْرِف۪ينَ (٣١)

31. Уларни фиръавннинг зулмидан халос қилдик. У, ҳақиқатан, мутакаббир ва ҳаддан ошувчилардан эди.

وَلَقَدِ اخْتَرْنَاهُمْ عَلٰى عِلْمٍ عَلَى الْعَالَم۪ينَۚ (٣٢)

32. Дарҳақиқат, Биз бани Исроил авлодини билган ҳолимизда ўз замонларидаги барча оламлардан танлаб олган эдик.

وَاٰتَيْنَاهُمْ مِنَ الْاٰيَاتِ مَا ف۪يهِ بَلٰٓؤٌا مُب۪ينٌ (٣٣)

33. Яна уларга турли мўъжизалардан тафаккур қилишлари учун унда аниқ синов бор нарсаларни бердик.

اِنَّ هٰٓؤُ۬لَٓاءِ لَيَقُولُونَۙ (٣٤)

34. Албатта, ана улар шундай деб, айтар эдилар.

اِنْ هِيَ اِلَّا مَوْتَتُنَا الْاُو۫لٰى وَمَا نَحْنُ بِمُنْشَر۪ينَ (٣٥)

35. “Ўлим фақат мана шу дунёдаги биринчи ўлимимиздир ва бизлар қайта тирилувчи эмасмиз.

فَأْتُوا بِاٰبَٓائِنَٓا اِنْ كُنْتُمْ صَادِق۪ينَ (٣٦)

36. Бас, агар қайта тирилиш ҳақидаги сўзингизда ростгўйлардан бўлсангизлар, ота-боболаримизни қайта тирилтириб келтиринглар-чи?” – дейдилар.

اَهُمْ خَيْرٌ اَمْ قَوْمُ تُبَّعٍۙ وَالَّذ۪ينَ مِنْ قَبْلِهِمْۜ اَهْلَكْنَاهُمْۘ اِنَّهُمْ كَانُوا مُجْرِم۪ينَ (٣٧)

37. Улар куч-қувватда яхшироқми ёки Туббаъ қавми ва улардан аввалги кимсаларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Чунки, улар гуноҳкор қавм эдилар.

Изоҳ: Туббаъ қавми деганда қадимда Мадина атрофида яшаб ўтган Туббаъ исмли бир солиҳ подшонинг фуқаролари тушунилади. Улар жуда бақувват ва баҳайбат бўлишларига қарамай ўз подшоҳларига итоат этмаганларидан кейин Аллоҳ таоло у қавмни ҳалок қилиб юборган. Макка аҳлининг итоатсизлиги туфайли шу каби ҳалокатга дучор бўлишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.

وَمَا خَلَقْنَا السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا لَاعِب۪ينَ (٣٨)

38. Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни беҳудага ўйнаб яратмаганмиз.

مَا خَلَقْنَاهُمَٓا اِلَّا بِالْحَقِّ وَلٰكِنَّ اَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ (٣٩)

39. Биз уларни фақат ҳақ ҳикмат билан яратганмиз. Лекин уларнинг аксарияти билмайдилар.

اِنَّ يَوْمَ الْفَصْلِ م۪يقَاتُهُمْ اَجْمَع۪ينَۙ (٤٠)

40. Ҳақ билан ботилнинг ажрим кунидаги қиёмат, барчалари учун белгиланган вақтдир.

يَوْمَ لَا يُغْن۪ي مَوْلًى عَنْ مَوْلًى شَيْـًٔا وَلَا هُمْ يُنْصَرُونَۙ (٤١)

41. У кунда дўст дўстга бирор нарсада асқотмайди ва уларга азобдан қутулиш учун ёрдам ҳам берилмайди.

اِلَّا مَنْ رَحِمَ اللّٰهُۜ اِنَّهُ هُوَ الْعَز۪يزُ الرَّح۪يمُ۟ (٤٢)

42. Бироқ Аллоҳ раҳмат қилган кишиларгагина ёрдам берилади. Шубҳасиз, У иззати улуғ – Азиз ва марҳамати чексиз бўлган – Раҳим Зотдир.

اِنَّ شَجَرَتَ الزَّقُّومِۙ (٤٣)

43. Албатта, дўзахнинг ўртасида ўсадиган Заққум дарахти бор.

طَعَامُ الْاَث۪يمِۚۛ (٤٤)

44. У гуноҳкорнинг таомидир.

كَالْمُهْلِۚۛ يَغْل۪ي فِي الْبُطُونِۙ (٤٥)

45. У худди эритилган маъдан каби қоринларда қайнайди.

كَغَلْيِ الْحَم۪يمِ (٤٦)

46. Гўё қайноқ сувнинг қайнашидек.

خُذُوهُ فَاعْتِلُوهُ اِلٰى سَوَٓاءِ الْجَح۪يمِۚ (٤٧)

47. Дўзах фаришталарига: “У гуноҳкорни тутиб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар”, – дейилади.

ثُمَّ صُبُّوا فَوْقَ رَأْسِه۪ مِنْ عَذَابِ الْحَم۪يمِۜ (٤٨)

48. Кейин бошидан қайноқ сув азобидан қуйинглар.

ذُقْۚۙ اِنَّكَ اَنْتَ الْعَز۪يزُ الْكَر۪يمُ (٤٩)

49. Ана энди бу азобни тотиб кўргин. Дарҳақиқат, сениззат ва икром қилинган”сан.

اِنَّ هٰذَا مَا كُنْتُمْ بِه۪ تَمْتَرُونَ (٥٠)

50. Дарвоқе, бу азоб сизлар шубҳа қилиб юрган нарсангиздир.

اِنَّ الْمُتَّق۪ينَ ف۪ي مَقَامٍ اَم۪ينٍۙ (٥١)

51. Албатта, тақволи зотлар у кунда осойишта жойда бўладилар.

ف۪ي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍۚ (٥٢)

52. Боғлар ва чашмалар орасида бўладилар.

يَلْبَسُونَ مِنْ سُنْدُسٍ وَاِسْتَبْرَقٍ مُتَقَابِل۪ينَۚ (٥٣)

53. Улар бир-бирларига юзланган ҳолларида бўлиб, қалин ва юпқа шойидан либослар киядилар.

كَذٰلِكَ۠ وَزَوَّجْنَاهُمْ بِحُورٍ ع۪ينٍۜ (٥٤)

54. Мана шундай қилиб, уларни шаҳлокўзли ҳурларга жуфтлаб берамиз.

يَدْعُونَ ف۪يهَا بِكُلِّ فَاكِهَةٍ اٰمِن۪ينَۙ (٥٥)

55. Улар у жойда хотиржам бўлган ҳолларида ҳар турли мевани ҳузурларига чақирадилар.

لَا يَذُوقُونَ ف۪يهَا الْمَوْتَ اِلَّا الْمَوْتَةَ الْاُو۫لٰىۚ وَوَقٰيهُمْ عَذَابَ الْجَح۪يمِۙ (٥٦)

56. Улар жаннатда дунёдаги биринчи ўлимдан бошқа ўлимни тотмайдилар. Аллоҳ уларни дўзах азобидан сақлайди.

فَضْلًا مِنْ رَبِّكَۜ ذٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظ۪يمُ (٥٧)

57. Бу Роббингиз томонидан бўлган фазлдир. Мана шу катта ютуқдир.

فَاِنَّمَا يَسَّرْنَاهُ بِلِسَانِكَ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ (٥٨)

58. Бас, эй Муҳаммад, дарҳақиқат, эслатма олишлари учун Биз бу Қуръонни сизнинг тилингиз билан осон қилиб бердик.

فَارْتَقِبْ اِنَّهُمْ مُرْتَقِبُونَ (٥٩)

59. Бас, энди сиз кофирларнинг ҳоли нима бўлишини кузатиб туринг. Шубҳасиз, улар ҳам қилмишларига кўз тутувчидирлар.