МУЛК СУРАСИ
Мулк сураси 30 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу сура ўзининг биринчи оятида келган “Мулк”, яъни “подшоҳлик” сўзи билан номланган. Кўпчилик уни ўзининг биринчи сўзи билан номлаб, Таборак сураси деб ҳам атайдилар.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
تَبَارَكَ الَّذ۪ي بِيَدِهِ الْمُلْكُۘ وَهُوَ عَلٰى كُلِّ شَيْءٍ قَد۪يرٌۙ (١)
1. Мутлақ ҳукмронлик Унинг қудрат қўлида бўлган Зот – Аллоҳ буюкдир ва У ҳар нарсага қодирдир.
اَلَّذ۪ي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيٰوةَ لِيَبْلُوَكُمْ اَيُّكُمْ اَحْسَنُ عَمَلًاۜ وَهُوَ الْعَز۪يزُ الْغَفُورُۙ (٢)
2. У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун яратган Зотдир. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва гуноҳларни кечирувчи – Ғофур Зотдир.
اَلَّذ۪ي خَلَقَ سَبْعَ سَمٰوَاتٍ طِبَاقًاۜ مَا تَرٰى ف۪ي خَلْقِ الرَّحْمٰنِ مِنْ تَفَاوُتٍۜ فَارْجِعِ الْبَصَرَۙ هَلْ تَرٰى مِنْ فُطُورٍ (٣)
3. У етти осмонни қаватма-қават қилиб яратган Зотдир. Сиз Раҳмоннинг яратишида бирор тафовут ва нуқсонни кўрмайсиз. Бас, кўзингизни яна осмонга қайтариб кўринг-чи, бирор камчилик кўрармикансиз?
ثُمَّ ارْجِعِ الْبَصَرَ كَرَّتَيْنِ يَنْقَلِبْ اِلَيْكَ الْبَصَرُ خَاسِئًا وَهُوَ حَس۪يرٌ (٤)
4. Сўнгра кўзингизни қайта-қайта осмонга қаратинг, кўзингиз сизга хориб, чарчаган ҳолда қайтади.
وَلَقَدْ زَيَّنَّا السَّمَٓاءَ الدُّنْيَا بِمَصَاب۪يحَ وَجَعَلْنَاهَا رُجُومًا لِلشَّيَاط۪ينِ وَاَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابَ السَّع۪يرِ (٥)
5. Ҳақиқатан, Биз дунёга яқин осмонни юлдузли чироқлар билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Яна шайтонлар учун охиратда дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйганмиз.
وَلِلَّذ۪ينَ كَفَرُوا بِرَبِّهِمْ عَذَابُ جَهَنَّمَۜ وَبِئْسَ الْمَص۪يرُ (٦)
6. Роббиларига куфр келтирган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. У қандай ёмон борар жой!
اِذَٓا اُلْقُوا ف۪يهَا سَمِعُوا لَهَا شَه۪يقًا وَهِيَ تَفُورُۙ (٧)
7. Қачонки, улар жаҳаннамга улоқтирилганларида, қайнаб турган жаҳаннамнинг ўкирик фарёдини эшитадилар.
تَكَادُ تَمَيَّزُ مِنَ الْغَيْظِۜ كُلَّمَٓا اُلْقِيَ ف۪يهَا فَوْجٌ سَاَلَهُمْ خَزَنَتُهَٓا اَلَمْ يَأْتِكُمْ نَذ۪يرٌ (٨)
8. У ғазабдан ёрилиб кетгудек бўлади. Ҳар гал унга бир тўда кофир ташланганида, унинг қўриқчилари улардан: “Сизларга дунёда бирор огоҳлантирувчи пайғамбар келмаганмиди?” – деб сўрайдилар.
قَالُوا بَلٰى قَدْ جَٓاءَنَا نَذ۪يرٌ فَكَذَّبْنَا وَقُلْنَا مَا نَزَّلَ اللّٰهُ مِنْ شَيْءٍۚ اِنْ اَنْتُمْ اِلَّا ف۪ي ضَلَالٍ كَب۪يرٍ (٩)
9. Улар: “Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бизларга огоҳлантирувчи келган эди, лекин бизлар уни ёлғончига чиқарганмиз”, – дейдилар. Ҳамда: “Аллоҳ ҳеч кимга ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта адашувдасизлар”, – деганмиз.
وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ اَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا ف۪ٓي اَصْحَابِ السَّع۪يرِ (١٠)
10. Кофирлар яна: “Агар бизлар пайғамбар сўзларини тинглаб, ақл ишлатувчи бўлганимизда, дўзах эгалари бўлмас эдик”, – дейдилар.
فَاعْتَرَفُوا بِذَنْبِهِمْۚ فَسُحْقًا لِاَصْحَابِ السَّع۪يرِ (١١)
11. Бас, улар ўз гуноҳларини шу тарзда эътироф қиладилар. Энди, дўзах эгаларига ҳалокат бўлгай!
اِنَّ الَّذ۪ينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ بِالْغَيْبِ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَاَجْرٌ كَب۪يرٌ (١٢)
12. Роббиларидан ғойибона қўрқадиган кимсалар учун мағфират ва катта мукофот бордир.
وَاَسِرُّوا قَوْلَكُمْ اَوِ اجْهَرُوا بِه۪ۜ اِنَّهُ عَل۪يمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ (١٣)
13. Эй инсонлар, сизлар сўзларингизни яширинглар ёки уни ошкора қилинглар, барибир, У диллардаги сирларни ҳам билувчидир.
اَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَۜ وَهُوَ اللَّط۪يفُ الْخَب۪يرُ۟ (١٤)
14. Ахир яратган зот Ўзи яратган нарсаларини билмайдими?! У нозик нарсаларни кўра олувчи – Латиф ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.
هُوَ الَّذ۪ي جَعَلَ لَكُمُ الْاَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا ف۪ي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِه۪ۜ وَاِلَيْهِ النُّشُورُ (١٥)
15. У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, у Ернинг ҳар томонида кезиб юраверинглар ва Аллоҳнинг берган ризқидан енглар. Қиёматда тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир.
ءَاَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَٓاءِ اَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الْاَرْضَ فَاِذَا هِيَ تَمُورُۙ (١٦)
16. Эй Макка кофирлари, ёки сизлар осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан хотиржам бўлдингизми?
اَمْ اَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَٓاءِ اَنْ يُرْسِلَ عَلَيْكُمْ حَاصِبًاۜ فَسَتَعْلَمُونَ كَيْفَ نَذ۪يرِ (١٧)
17. Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали азоб келганда, Менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб оласизлар!
وَلَقَدْ كَذَّبَ الَّذ۪ينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَكَيْفَ كَانَ نَك۪يرِ (١٨)
18. Дарвоқе, улардан аввалги кимсалар ҳам ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқарган эдилар. Бас, Менинг уларга инкорим қандай бўлди?!
اَوَلَمْ يَرَوْا اِلَى الطَّيْرِ فَوْقَهُمْ صَٓافَّاتٍ وَيَقْبِضْنَۜ مَا يُمْسِكُهُنَّ اِلَّا الرَّحْمٰنُۜ اِنَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ بَص۪يرٌ (١٩)
19. Улар устиларида қанотларини ёйиб ва йиғиб учиб юрган қушларни кўрмадиларми?! У қушларни ёлғиз Раҳмон ҳавода тутиб туради. Албатта, У барча нарсани кўриб турувчидир.
اَمَّنْ هٰذَا الَّذ۪ي هُوَ جُنْدٌ لَكُمْ يَنْصُرُكُمْ مِنْ دُونِ الرَّحْمٰنِۜ اِنِ الْكَافِرُونَ اِلَّا ف۪ي غُرُورٍۚ (٢٠)
20. Раҳмондан бошқа сизларга ёрдам берадиган лашкарларингиз ким ўзи?! Кофирлар эса фақат алданишдалар.
اَمَّنْ هٰذَا الَّذ۪ي يَرْزُقُكُمْ اِنْ اَمْسَكَ رِزْقَهُۚ بَلْ لَجُّوا ف۪ي عُتُوٍّ وَنُفُورٍ (٢١)
21. Ёки Раҳмон Ўз ризқини тортиб қўйса, сизларга ризқ берадиган ўша ким ўзи?! Йўқ, кофирлар қайсарликда ва ҳақдан қочишда бардавом бўлдилар.
اَفَمَنْ يَمْش۪ي مُكِبًّا عَلٰى وَجْهِه۪ٓ اَهْدٰٓى اَمَّنْ يَمْش۪ي سَوِيًّا عَلٰى صِرَاطٍ مُسْتَق۪يمٍ (٢٢)
22. Ахир, юзтубан, ерга қараб юрадиган кимса тўғри йўлни топувчироқми ёки тўғри йўлдан қоматини тик тутиб борадиган кишими?!
قُلْ هُوَ الَّذ۪ٓي اَنْشَاَكُمْ وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْاَبْصَارَ وَالْاَفْـِٔدَةَۜ قَل۪يلًا مَا تَشْكُرُونَ (٢٣)
23. Эй Муҳаммад, кофирларга: “У Аллоҳ сизларни йўқдан бор қилган ва сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни ато қилган Зотдир. Сизлар эса жуда оз шукр қиласизлар”, – деб айтинг.
قُلْ هُوَ الَّذ۪ي ذَرَاَكُمْ فِي الْاَرْضِ وَاِلَيْهِ تُحْشَرُونَ (٢٤)
24. Яна уларга: “У сизларни Ер юзида яратиб кўпайтирган Зотдир. Сизлар қиёматда Унинг ҳузурига тўпланасизлар”, – деб айтинг.
وَيَقُولُونَ مَتٰى هٰذَا الْوَعْدُ اِنْ كُنْتُمْ صَادِق۪ينَ (٢٥)
25. Улар: “Агар ростгўй бўлсангизлар, қани айтинглар-чи шу ваъда қилинган қиёмат қачон бўлади?” – дейдилар.
قُلْ اِنَّمَا الْعِلْمُ عِنْدَ اللّٰهِۖ وَاِنَّمَٓا اَنَا۬ نَذ۪يرٌ مُب۪ينٌ (٢٦)
26. Эй Муҳаммад, уларга: “Қиёмат ҳақидаги билим, фақатгина, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат аниқ огоҳлантирувчиман, холос”, – деб айтинг.
فَلَمَّا رَاَوْهُ زُلْفَةً س۪ٓيـَٔتْ وُجُوهُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا وَق۪يلَ هٰذَا الَّذ۪ي كُنْتُمْ بِه۪ تَدَّعُونَ (٢٧)
27. Бас, қачонки, улар қиёмат азобини яқиндан кўрганларида, кофирларнинг юзлари қора бўлади ва уларга: “Мана шу сизлар сўраган нарса”, – дейилади.
قُلْ اَرَاَيْتُمْ اِنْ اَهْلَكَنِيَ اللّٰهُ وَمَنْ مَعِيَ اَوْ رَحِمَنَاۙ فَمَنْ يُج۪يرُ الْكَافِر۪ينَ مِنْ عَذَابٍ اَل۪يمٍ (٢٨)
28. Эй Расулим, кофирларга: “Қани, айтинглар-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки ҳалок қилмай бизларга раҳм қилса Ўзининг ихтиёридадир, лекин кофирларни аламли азобдан ким қутқариб қолади?!
قُلْ هُوَ الرَّحْمٰنُ اٰمَنَّا بِه۪ وَعَلَيْهِ تَوَكَّلْنَاۚ فَسَتَعْلَمُونَ مَنْ هُوَ ف۪ي ضَلَالٍ مُب۪ينٍ (٢٩)
29. Эй Расулим уларга: “У Раҳмон меҳрибондир. Биз Унга иймон келтирдик ва Унгагина таваккул қилдик. Ҳали сизлар ким аниқ залолатда эканини билиб оласизлар” – деб айтинг.
قُلْ اَرَاَيْتُمْ اِنْ اَصْبَحَ مَٓاؤُ۬كُمْ غَوْرًا فَمَنْ يَأْت۪يكُمْ بِمَٓاءٍ مَع۪ينٍ (٣٠)
30. Эй Муҳаммад яна уларга: “Қани, айтинглар-чи, агар сувингиз ер тагига сингиб кетса, бас, энди ким сизларга оқар сувни келтира олади?!” – деб айтинг.

