МУЖОДАЛА СУРАСИ

Мужодала сураси 22 оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. Араб тилида “мужодала” деб, “тортишув”га айтилади. Сура аввалида Хавла бинти Саълаба исмли бир аёл ўз эрининг қилмиши тўғрисида шикоят қилиб, пайғамбар алайҳиссалом билан мунозара қилгани бу сура “мужодала” деб номланган.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

قَدْ سَمِعَ اللّٰهُ قَوْلَ الَّت۪ي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَك۪ٓي اِلَى اللّٰهِۗ وَاللّٰهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَاۜ اِنَّ اللّٰهَ سَم۪يعٌ بَص۪يرٌ (١)

1. Эй Муҳаммад, Аллоҳ сиз билан эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг суҳбатингизни эшитади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.

Изоҳ: Саҳобий Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинт Саълаба Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламга келиб, эри “зиҳор” қилганини айтади. Зиҳор ўз хотинига: “Сен менга онамнинг қорни ёки бадани кабисан”, дейишидир. Бу билан талоқ тушган ҳисобланар эди. Лекин бу тўғрида шаръий ҳукм ҳали нозил бўлмаган эди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам талоқ тушганлигини айтганларида, аёлга бу маъқул бўлмайди. Шу аснода янги оят нозил бўлиб талоқ тушмаслиги, лекин жаримасига бир қул озод қилиш вожиблиги билдирилади.

اَلَّذ۪ينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَٓائِهِمْ مَا هُنَّ اُمَّهَاتِهِمْۜ اِنْ اُمَّهَاتُهُمْ اِلَّا الّٰٓـ۪ٔي وَلَدْنَهُمْۜ وَاِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًاۜ وَاِنَّ اللّٰهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ (٢)

2. Ораларингиздаги ўз хотинларинизиҳорқиладиган кимсалар учун хотинлари оналари эмасдир. Уларнинг ҳақиқий оналари уларни туққан аёллардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтадилар. Лекин Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчидир.

وَالَّذ۪ينَ يُظَاهِرُونَ مِنْ نِسَٓائِهِمْ ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا قَالُوا فَتَحْر۪يرُ رَقَبَةٍ مِنْ قَبْلِ اَنْ يَتَمَٓاسَّاۜ ذٰلِكُمْ تُوعَظُونَ بِه۪ۜ وَاللّٰهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَب۪يرٌ (٣)

3. Ўз хотинларинизиҳорқилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсаларнинг зиммасида аёлларига қўшилишларидан олдин бир қул озод қилиш керак. Бу сизларга қилинадиган насиҳатдир. Аллоҳ қилаётган барча амалларингиздан хабардордир.

فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ مِنْ قَبْلِ اَنْ يَتَمَٓاسَّاۚ فَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَاِطْعَامُ سِتّ۪ينَ مِسْك۪ينًاۜ ذٰلِكَ لِتُؤْمِنُوا بِاللّٰهِ وَرَسُولِه۪ۜ وَتِلْكَ حُدُودُ اللّٰهِۜ وَلِلْكَافِر۪ينَ عَذَابٌ اَل۪يمٌ (٤)

4. Бас, кимки озод қилишга қул топа олмаса, аёлларга қўшилишларидан олдин зиммасида кетма-кет икки ой рўза тутиш керак. Бас, ким рўза тутишга ҳам қодир бўлмаса, унинг зиммасида олтмишта мискинга таом бериш лозим. Бу ҳукмлар сизлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учундир. Булар Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларидир. Бу қонунларни инкор қилувчи кофирлар учун эса аламли азоб бордир.

اِنَّ الَّذ۪ينَ يُحَٓادُّونَ اللّٰهَ وَرَسُولَهُ كُبِتُوا كَمَا كُبِتَ الَّذ۪ينَ مِنْ قَبْلِهِمْ وَقَدْ اَنْزَلْنَٓا اٰيَاتٍ بَيِّنَاتٍۜ وَلِلْكَافِر۪ينَ عَذَابٌ مُه۪ينٌۚ (٥)

5. Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қаршилик қилувчи кимсалар худди ўзларидан аввалгилар ҳалок қилингани каби ҳалок қилинадилар. Дарвоқе, Биз аниқ оятларни нозил қилдик. Уларни инкор қилувчи кофирларга хор қилувчи азоб бордир.

يَوْمَ يَبْعَثُهُمُ اللّٰهُ جَم۪يعًا فَيُنَبِّئُهُمْ بِمَا عَمِلُواۜ اَحْصٰيهُ اللّٰهُ وَنَسُوهُۜ وَاللّٰهُ عَلٰى كُلِّ شَيْءٍ شَه۪يدٌ۟ (٦)

6. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, дунёда қилган амалларининг хабарини беради. У амалларни Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Одамлар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир.

اَلَمْ تَرَ اَنَّ اللّٰهَ يَعْلَمُ مَا فِي السَّمٰوَاتِ وَمَا فِي الْاَرْضِۜ مَا يَكُونُ مِنْ نَجْوٰى ثَلٰثَةٍ اِلَّا هُوَ رَابِعُهُمْ وَلَا خَمْسَةٍ اِلَّا هُوَ سَادِسُهُمْ وَلَٓا اَدْنٰى مِنْ ذٰلِكَ وَلَٓا اَكْثَرَ اِلَّا هُوَ مَعَهُمْ اَيْنَ مَا كَانُواۚ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا عَمِلُوا يَوْمَ الْقِيٰمَةِۜ اِنَّ اللّٰهَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَل۪يمٌ (٧)

7. Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги барча нарсани албатта, билишини кўрмадингизми?! Уч кишининг ўзаро шивирлашлари бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси У Зотдир, беш кишининг ҳам махфий суҳбати бўлса, албатта, олтинчиси яна У Зотдир. Бундан оз бўладими ё кўп бўладими, қаерда бўлсалар ҳам, албатта, У улар билан биргадир. Сўнгра қиёмат куни уларга қилган амалларининг хабарини беради. Албатта, Аллоҳ барча нарсани билувчидир.

اَلَمْ تَرَ اِلَى الَّذ۪ينَ نُهُوا عَنِ النَّجْوٰى ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا نُهُوا عَنْهُ وَيَتَنَاجَوْنَ بِالْاِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَمَعْصِيَتِ الرَّسُولِۘ وَاِذَا جَٓاؤُ۫كَ حَيَّوْكَ بِمَا لَمْ يُحَيِّكَ بِهِ اللّٰهُۙ وَيَقُولُونَ ف۪ٓي اَنْفُسِهِمْ لَوْلَا يُعَذِّبُنَا اللّٰهُ بِمَا نَقُولُۜ حَسْبُهُمْ جَهَنَّمُۚ يَصْلَوْنَهَاۚ فَبِئْسَ الْمَص۪يرُ (٨)

8. Эй Муҳаммад, ўзаро шивирлашишдан қайтарилганларидан сўнг яна тақиқланган нарсага қайтадиган ҳамда гуноҳ, адоват ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро махфий суҳбатлашадиган кимсаларни кўрмадингизми?! Қачонки, улар сизнинг олдингизга келсалар, Аллоҳ сизга ўша сўз билан салом бермаган ибора билан сизга салом берадилар. Яна улар ўзларича: “Айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаса бўлгани?!” – дейдилар. Уларга ўзлари кириб тобланадиган жаҳаннам бас келади. У қандай ҳам ёмон жой!

Изоҳ: Залолатга кетган мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуч келиб қолсалар, “Ассому алайкум”, яъни “Сизга ўлим бўлсин”, – дер эдилар. Ваҳоланки, уларнинг қора нияти Аллоҳга ва Расулига маълум эди.

يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اِذَا تَنَاجَيْتُمْ فَلَا تَتَنَاجَوْا بِالْاِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَمَعْصِيَتِ الرَّسُولِ وَتَنَاجَوْا بِالْبِرِّ وَالتَّقْوٰىۜ وَاتَّقُوا اللّٰهَ الَّذ۪ٓي اِلَيْهِ تُحْشَرُونَ (٩)

9. Эй мўминлар, сизлар ўзаро махфий суҳбат қилганингизда гуноҳ, адоват ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида шивирлашманглар, балки яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашинглар ҳамда сизлар Унинг ҳузурига тўпланадиган Зот бўлган Аллоҳдан қўрқинглар!

اِنَّمَا النَّجْوٰى مِنَ الشَّيْطَانِ لِيَحْزُنَ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَلَيْسَ بِضَٓارِّهِمْ شَيْـًٔا اِلَّا بِاِذْنِ اللّٰهِۜ وَعَلَى اللّٰهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ (١٠)

10. Ўзаро махфий суҳбат фақат шайтон томонидан бўлиб, иймон келтирган кимсаларни ғамгин қилиш учундир. Лекин у Аллоҳнинг изнисиз уларга зарар етказа олувчи эмасдир. Бас, мўминлар фақат Аллоҳга суянсинлар.

يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اِذَا ق۪يلَ لَكُمْ تَفَسَّحُوا فِي الْمَجَالِسِ فَافْسَحُوا يَفْسَحِ اللّٰهُ لَكُمْۚ وَاِذَا ق۪يلَ انْشُزُوا فَانْشُزُوا يَرْفَعِ اللّٰهُ الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا مِنْكُمْۙ وَالَّذ۪ينَ اُو۫تُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍۜ وَاللّٰهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَب۪يرٌ (١١)

11. Эй мўминлар, қачонки, сизларга мажлисларда: “Жой беринглар”, – дейилса, дарҳол жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам хоҳлаган ерингиздан жой беради. Яна, қачонки, ўрнингиздан “туринглардейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни юксак даражаларга кўтаради. Аллоҳ барча қилаётган амалларингиздан хабардордир.

Изоҳ: Оят мўминларга мажлис одоблари ҳақида таълим берди ва уларни бағрикенгликка, яъни мажлисларига келиб қўшилмоқни истаган дўстларига ёнларидан жой беришга ва агар ҳамма жойлар банд бўлса, кейин келганларга ўз ўринларини бўшатиб беришга ундалди.

يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اِذَا نَاجَيْتُمُ الرَّسُولَ فَقَدِّمُوا بَيْنَ يَدَيْ نَجْوٰيكُمْ صَدَقَةًۜ ذٰلِكَ خَيْرٌ لَكُمْ وَاَطْهَرُۜ فَاِنْ لَمْ تَجِدُوا فَاِنَّ اللّٰهَ غَفُورٌ رَح۪يمٌ (١٢)

12. Эй иймон келтирганлар, қачонки, сизлар Пайғамбар билан ўзаро суҳбатлашишни истасангизлар, суҳбатларингиз олдидан камбағал ва мискинларга садақа беринглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва покизароқдир. Бас, агар садақага бирор нарса топа олмасангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмли Зотдир.

ءَاَشْفَقْتُمْ اَنْ تُقَدِّمُوا بَيْنَ يَدَيْ نَجْوٰيكُمْ صَدَقَاتٍۜ فَاِذْ لَمْ تَفْعَلُوا وَتَابَ اللّٰهُ عَلَيْكُمْ فَاَق۪يمُوا الصَّلٰوةَ وَاٰتُوا الزَّكٰوةَ وَاَط۪يعُوا اللّٰهَ وَرَسُولَهُۜ وَاللّٰهُ خَب۪يرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ۟ (١٣)

13. Суҳбатларингиз олдидан садақалар берсангиз камбағал бўлиб қоламиз деб қўрқдингизларми? Бас, сизлар садақа қилмасаларингиз ҳам Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилган. Энди намозни тўлиқ адо қилинглар ва ҳақдорларга закот беринглар ҳамда Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига итоат этинглар! Аллоҳ барча қилаётган амалларингиздан хабардордир.

اَلَمْ تَرَ اِلَى الَّذ۪ينَ تَوَلَّوْا قَوْمًا غَضِبَ اللّٰهُ عَلَيْهِمْۜ مَا هُمْ مِنْكُمْ وَلَا مِنْهُمْۙ وَيَحْلِفُونَ عَلَى الْكَذِبِ وَهُمْ يَعْلَمُونَ (١٤)

14. Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни дўст тутган мунофиқларни кўрмайсизми?! У мунофиқлар сизлардан ҳам, мана бу яҳудийлардан ҳам эмасдирлар. Яна улар ўзларининг мунофиқ эканликларини билиб туриб: “Биз мусулмонмиз”, – деб ёлғондан қасам ҳам ичадилар.

اَعَدَّ اللّٰهُ لَهُمْ عَذَابًا شَد۪يدًاۜ اِنَّهُمْ سَٓاءَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (١٥)

15. Аллоҳ улар учун жаҳаннамда қаттиқ азобни тайёрлаб қўйган. Дарҳақиқат, уларнинг қилган ишлари нақадар ёмондир!

اِتَّخَذُٓوا اَيْمَانَهُمْ جُنَّةً فَصَدُّوا عَنْ سَب۪يلِ اللّٰهِ فَلَهُمْ عَذَابٌ مُه۪ينٌ (١٦)

16. Улар ўзларининг ёлғон қасамларини қалқон қилиб олиб, одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун хор қилувчи азоб бордир.

لَنْ تُغْنِيَ عَنْهُمْ اَمْوَالُهُمْ وَلَٓا اَوْلَادُهُمْ مِنَ اللّٰهِ شَيْـًٔاۜ اُو۬لٰٓئِكَ اَصْحَابُ النَّارِۚ هُمْ ف۪يهَا خَالِدُونَ (١٧)

17. Уларнинг моллари ҳам, фарзандлари ҳам Аллоҳ томонидан келадиган азобни улардан қайтара олмайди. Улар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангу қолувчидирлар.

يَوْمَ يَبْعَثُهُمُ اللّٰهُ جَم۪يعًا فَيَحْلِفُونَ لَهُ كَمَا يَحْلِفُونَ لَكُمْ وَيَحْسَبُونَ اَنَّهُمْ عَلٰى شَيْءٍۜ اَلَٓا اِنَّهُمْ هُمُ الْكَاذِبُونَ (١٨)

18. Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирадиган кунда улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У Зотга ҳам қасам ичадилар. Улар қасамлари сабабли бирор нарсага эришамиз, деб ўйлайдилар. Огоҳ бўлингларки, албатта, улар аниқ ёлғончилардир!

اِسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ فَاَنْسٰيهُمْ ذِكْرَ اللّٰهِۜ اُو۬لٰٓئِكَ حِزْبُ الشَّيْطَانِۜ اَلَٓا اِنَّ حِزْبَ الشَّيْطَانِ هُمُ الْخَاسِرُونَ (١٩)

19. Уларни шайтон эгаллаб олган ва Аллоҳнинг зикрини унуттирган. Ана улар шайтон гуруҳидирлар. Огоҳ бўлингларки, албатта, шайтоннинг гуруҳи зиён кўрувчилардир!

اِنَّ الَّذ۪ينَ يُحَٓادُّونَ اللّٰهَ وَرَسُولَهُٓ اُو۬لٰٓئِكَ فِي الْاَذَلّ۪ينَ (٢٠)

20. Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қаршилик қилганлар, айнан, ўшалар энг хор кимсалар қаторида бўладилар.

كَتَبَ اللّٰهُ لَاَغْلِبَنَّ اَنَا۬ وَرُسُل۪يۜ اِنَّ اللّٰهَ قَوِيٌّ عَز۪يزٌ (٢١)

21. Аллоҳ Лавҳ ул-Маҳфузда: “Албатта, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўламан”, – деб ёзиб қўйган. Албатта, Аллоҳ барча нарсага кучи етувчи – Қовий ва иззати улуғ бўлган – Азиз Зотдир.

لَا تَجِدُ قَوْمًا يُؤْمِنُونَ بِاللّٰهِ وَالْيَوْمِ الْاٰخِرِ يُوَٓادُّونَ مَنْ حَٓادَّ اللّٰهَ وَرَسُولَهُ وَلَوْ كَانُٓوا اٰبَٓاءَهُمْ اَوْ اَبْنَٓاءَهُمْ اَوْ اِخْوَانَهُمْ اَوْ عَش۪يرَتَهُمْۜ اُو۬لٰٓئِكَ كَتَبَ ف۪ي قُلُوبِهِمُ الْا۪يمَانَ وَاَيَّدَهُمْ بِرُوحٍ مِنْهُۜ وَيُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْر۪ي مِنْ تَحْتِهَا الْاَنْهَارُ خَالِد۪ينَ ف۪يهَاۜ رَضِيَ اللّٰهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُۜ اُو۬لٰٓئِكَ حِزْبُ اللّٰهِۜ اَلَٓا اِنَّ حِزْبَ اللّٰهِ هُمُ الْمُفْلِحُونَ (٢٢)

22. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилувчилар билан дўстлашганларини топмайсиз. Ҳатто улар ўз оталари, ёки фарзандлари, ёки ака-укалари, ёки қариндош уруғлари бўлса ҳам. Айнан уларнинг қалбларига Аллоҳ иймонни битиб қўйган ва уларни ўз томонидан бўлган руҳ билан қувватлантирган. Аллоҳ уларни тагларидан анҳорлар оқиб турадиган ва у ерда мангу қоладиган жаннатларга киритади. Аллоҳ улардан рози бўлади ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўладилар. Айнан улар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингларки, албатта, Аллоҳнинг ҳизбигина нажот топувчилардир!