ФОТИР СУРАСИ
Фотир сураси 45 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Сурада “Фотир” сўзи Аллоҳ таолонинг сифати бўлиб келган. Бу сўз “йўқдан бор қилувчи”, “илк яратувчи”, деган маъноларни англатади.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
اَلْحَمْدُ لِلّٰهِ فَاطِرِ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِ جَاعِلِ الْمَلٰٓئِكَةِ رُسُلًا اُو۬ل۪ٓي اَجْنِحَةٍ مَثْنٰى وَثُلٰثَ وَرُبَاعَۜ يَز۪يدُ فِي الْخَلْقِ مَا يَشَٓاءُۜ اِنَّ اللّٰهَ عَلٰى كُلِّ شَيْءٍ قَد۪يرٌ (١)
1. Ҳамд осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилган ҳамда фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳгадир. У яратган нарсаларида нимани хоҳласа ўшани зиёда қилади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир.
مَا يَفْتَحِ اللّٰهُ لِلنَّاسِ مِنْ رَحْمَةٍ فَلَا مُمْسِكَ لَهَاۚ وَمَا يُمْسِكْۙ فَلَا مُرْسِلَ لَهُ مِنْ بَعْدِه۪ۜ وَهُوَ الْعَز۪يزُ الْحَك۪يمُ (٢)
2. Аллоҳ одамлар учун нимаики раҳматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи йўқдир. Агар У зот ушлаб қолганидан сўнг у нарсани бандаларга бирон юборувчи ҳам йўқдир. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ اذْكُرُوا نِعْمَتَ اللّٰهِ عَلَيْكُمْۜ هَلْ مِنْ خَالِقٍ غَيْرُ اللّٰهِ يَرْزُقُكُمْ مِنَ السَّمَٓاءِ وَالْاَرْضِۜ لَٓا اِلٰهَ اِلَّا هُوَۘ فَاَنّٰى تُؤْفَكُونَ (٣)
3. Эй инсонлар, сизларга Аллоҳнинг ато этган неъматини ёдга олинглар! Сизларга осмону ердан ризқ берадиган Аллоҳдан бошқа яратувчи борми?! Ундан ўзга илоҳ йўқ! Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
وَاِنْ يُكَذِّبُوكَ فَقَدْ كُذِّبَتْ رُسُلٌ مِنْ قَبْلِكَۜ وَاِلَى اللّٰهِ تُرْجَعُ الْاُمُورُ (٤)
4. Эй Муҳаммад, агар мушриклар сизнинг пайғамбар эканлигингизни инкор қилсалар, бас, билингки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам қавмлари томонидан инкор қилинганлар. Албатта, барча ишлар Аллоҳга қайтарилади.
يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ اِنَّ وَعْدَ اللّٰهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيٰوةُ الدُّنْيَا۠ وَلَا يَغُرَّنَّكُمْ بِاللّٰهِ الْغَرُورُ (٥)
5. Эй инсонлар, албатта, Аллоҳнинг қиёмат ҳақидаги ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти асло алдаб қўймасин! Яна асло сизларни алдоқчи шайтон Аллоҳ “гуноҳларни кечиради”, деган гап билан алдаб қўймасин!
Изоҳ: Яъни сизларга шайтон Аллоҳ номидан ваъда қилиб: “Гуноҳ ишларни қилаверингиз, тоат-ибодат шарт эмас, Аллоҳ кечирувчи” каби сўзлар билан алдаб қўймасин!
اِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّاۜ اِنَّمَا يَدْعُوا حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ اَصْحَابِ السَّع۪يرِۜ (٦)
6. Шайтон сизларга аниқ душмандир, бас, уни душман тутинглар! У ўзига эргашган фирқасини дўзах аҳли бўлишга чақиради.
اَلَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَهُمْ عَذَابٌ شَد۪يدٌۜ وَالَّذ۪ينَ اٰمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَاَجْرٌ كَب۪يرٌ۟ (٧)
7. Куфр келтирган кимсалар учун жаҳаннамда қаттиқ азоб бордир. Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун эса мағфират ва улкан мукофот бордир.
اَفَمَنْ زُيِّنَ لَهُ سُٓوءُ عَمَلِه۪ فَرَاٰهُ حَسَنًاۜ فَاِنَّ اللّٰهَ يُضِلُّ مَنْ يَشَٓاءُ وَيَهْد۪ي مَنْ يَشَٓاءُۘ فَلَا تَذْهَبْ نَفْسُكَ عَلَيْهِمْ حَسَرَاتٍۜ اِنَّ اللّٰهَ عَل۪يمٌ بِمَا يَصْنَعُونَ (٨)
8. Ахир қилган ёмон амали ўзига чиройли кўрсатилиб, уни яхши иш деб ўйлаган кимсадан яхшилик чиқармиди?! Шубҳасиз, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздиради ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилади. Бас, эй Расулим, уларнинг иймон келтирмаганларига ҳасрат-надоматлар қилиб жонингиз ачиниб кетмасин. Албатта, Аллоҳ уларнинг нима ҳунар қилаётганларини билувчи Зотдир.
وَاللّٰهُ الَّذ۪ٓي اَرْسَلَ الرِّيَاحَ فَتُث۪يرُ سَحَابًا فَسُقْنَاهُ اِلٰى بَلَدٍ مَيِّتٍ فَاَحْيَيْنَا بِهِ الْاَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَاۜ كَذٰلِكَ النُّشُورُ (٩)
9. Аллоҳ шамолларни юбориб, булутни қўзғатади. Биз уни “ўлик” шаҳарга ҳайдаб, у билан сувсизликдан ўлган ерни тирилтирдик. Қиёматда қайта тирилиш ҳам шунга ўхшашдир.
مَنْ كَانَ يُر۪يدُ الْعِزَّةَ فَلِلّٰهِ الْعِزَّةُ جَم۪يعًاۜ اِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ وَالْعَمَلُ الصَّالِحُ يَرْفَعُهُۜ وَالَّذ۪ينَ يَمْكُرُونَ السَّيِّـَٔاتِ لَهُمْ عَذَابٌ شَد۪يدٌۜ وَمَكْرُ اُو۬لٰٓئِكَ هُوَ يَبُورُ (١٠)
10. Кимки иззат истайдиган бўлса, бас, барча қудрат Аллоҳникидир. Ҳар бир чиройли калима У томон чиқади. Солиҳ амални эса, Аллоҳ Ўз даргоҳига кўтаради. Ёмонликлар билан макр қиладиганлар учун қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари беҳуда кетиб, ҳам ҳалок бўлади.
وَاللّٰهُ خَلَقَكُمْ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ مِنْ نُطْفَةٍ ثُمَّ جَعَلَكُمْ اَزْوَاجًاۜ وَمَا تَحْمِلُ مِنْ اُنْثٰى وَلَا تَضَعُ اِلَّا بِعِلْمِه۪ۜ وَمَا يُعَمَّرُ مِنْ مُعَمَّرٍ وَلَا يُنْقَصُ مِنْ عُمُرِه۪ٓ اِلَّا ف۪ي كِتَابٍۜ اِنَّ ذٰلِكَ عَلَى اللّٰهِ يَس۪يرٌ (١١)
11. Аллоҳ сизларни аввал тупроқдан, сўнгра унинг наслини бир томчи нутфадан яратиб, кейин сизларни эркак ва аёл қилиб жуфтлар қилди. Ҳар бир аёл нимага ҳомиладор бўлса ва нимани туғса, фақат Унинг илми билан бўлади. Бирор узоқ умр кўрувчининг умри узайтирилган бўлса ёки умридан камайтирилган бўлса, албатта, у китобда ёзилган бўлади. Албатта, бу ишлар Аллоҳга осондир.
Изоҳ: Китоб бу Лавҳ ул-Маҳфуз.
وَمَا يَسْتَوِي الْبَحْرَانِۗ هٰذَا عَذْبٌ فُرَاتٌ سَٓائِغٌ شَرَابُهُ وَهٰذَا مِلْحٌ اُجَاجٌۜ وَمِنْ كُلٍّ تَأْكُلُونَ لَحْمًا طَرِيًّا وَتَسْتَخْرِجُونَ حِلْيَةً تَلْبَسُونَهَاۚ وَتَرَى الْفُلْكَ ف۪يهِ مَوَاخِرَ لِتَبْتَغُوا مِنْ فَضْلِه۪ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ (١٢)
12. Икки денгиз тенг бўлмайди. Буниси ширин-тотли ва ютумли, униси эса шўр-нордондир. Сизлар уларнинг ҳар биридан янги балиқ гўштини тутиб ейсизлар ва тақадиган зеб-зийнат чиқариб оласизлар. Аллоҳнинг фазлидан исташларингиз учун сувни ёриб кетаётган кемаларни кўрасизлар. Шояд, буларга шукр қилсангизлар.
يُولِجُ الَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي الَّيْلِۙ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَۘ كُلٌّ يَجْر۪ي لِاَجَلٍ مُسَمًّىۜ ذٰلِكُمُ اللّٰهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُۜ وَالَّذ۪ينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِه۪ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْم۪يرٍۜ (١٣)
13. Аллоҳ кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. У қуёшни ва ойни сизларнинг манфаатингиз учун хизматкор қилиб қўйган. Ҳар бири муайян муддатгача юриб боради. Ана шу сизларнинг Роббингиз – Аллоҳдир, подшоҳлик фақат Уникидир. Эй мушриклар, сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган нарсаларингиз эса, данак пўстлоғича ҳам нарсага эга эмаслар.
اِنْ تَدْعُوهُمْ لَا يَسْمَعُوا دُعَٓاءَكُمْۚ وَلَوْ سَمِعُوا مَا اسْتَجَابُوا لَكُمْۜ وَيَوْمَ الْقِيٰمَةِ يَكْفُرُونَ بِشِرْكِكُمْۜ وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَب۪يرٍ۟ (١٤)
14. Агар сизлар уларни чақирсангиз, чақириғингизни ҳам эшитмайдилар. Агар эшитсалар ҳам сизларга жавоб бера олмайдилар ва қиёмат кунида уларни Аллоҳга шерик қилганларингизни инкор қиладилар. Эй Муҳаммад, дунё ва охират ҳақида сизга хабардор Зот Аллоҳдек ҳеч ким хабар бера олмайди.
يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ اَنْتُمُ الْفُقَرَٓاءُ اِلَى اللّٰهِۚ وَاللّٰهُ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَم۪يدُ (١٥)
15. Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳ эса ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга сазовар – Ҳамид Зотдир.
اِنْ يَشَأْ يُذْهِبْكُمْ وَيَأْتِ بِخَلْقٍ جَد۪يدٍۚ (١٦)
16. Агар У хоҳласа, сизларни ер юзидан кетказиб, ўрнингизга бошқа янги бир халқни келтиради.
وَمَا ذٰلِكَ عَلَى اللّٰهِ بِعَز۪يزٍ (١٧)
17. Буларни қилиш Аллоҳга қийин эмасдир.
وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ اُخْرٰىۜ وَاِنْ تَدْعُ مُثْقَلَةٌ اِلٰى حِمْلِهَا لَا يُحْمَلْ مِنْهُ شَيْءٌ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبٰىۜ اِنَّمَا تُنْذِرُ الَّذ۪ينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ بِالْغَيْبِ وَاَقَامُوا الصَّلٰوةَۜ وَمَنْ تَزَكّٰى فَاِنَّمَا يَتَزَكّٰى لِنَفْسِه۪ۜ وَاِلَى اللّٰهِ الْمَص۪يرُ (١٨)
18. Қиёмат кунида ҳеч бир гуноҳ юкини кўтарувчи ўзга кишининг юкини кўтармайди. Агар гуноҳ юки оғир эгаси ўз юкини кўтаришга бировни чақирса ҳам, гарчи чақирилувчи унинг қариндоши бўлса-да, у гуноҳдан бирор нарса юклатилмайди. Эй Муҳаммад, сиз фақат Роббиларидан ғойибона қўрқадиган ва намозни тўлиқ адо этган зотларнигина огоҳлантира оласиз. Кимки покланса, у фақат ўзи учун покланган бўлади. Охир оқибат қайтиш фақат Аллоҳнинг ҳузуригадир.
وَمَا يَسْتَوِي الْاَعْمٰى وَالْبَص۪يرُۙ (١٩)
19. Қалб кўзи кўр бўлган кофир билан ҳақни кўрувчи мўмин ҳеч қачон баробар бўлмайди.
وَلَا الظُّلُمَاتُ وَلَا النُّورُۙ (٢٠)
20. Зулматлар билан иймон нури ҳам тенг бўлмайди.
وَلَا الظِّلُّ وَلَا الْحَرُورُۚ (٢١)
21. Соя билан жазирама ҳам баробар бўлмайди.
وَمَا يَسْتَوِي الْاَحْيَٓاءُ وَلَا الْاَمْوَاتُۜ اِنَّ اللّٰهَ يُسْمِعُ مَنْ يَشَٓاءُۚ وَمَٓا اَنْتَ بِمُسْمِعٍ مَنْ فِي الْقُبُورِ (٢٢)
22. Тириклар билан ўликлар ҳам баробар бўлмайди. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳақни эшиттиради. Эй Муҳаммад, сиз қабрлардаги ўлик кимсаларга эшиттира олувчи эмассиз.
اِنْ اَنْتَ اِلَّا نَذ۪يرٌ (٢٣)
23. Сиз фақат охират азобидан огоҳлантирувчисиз.
اِنَّٓا اَرْسَلْنَاكَ بِالْحَقِّ بَش۪يرًا وَنَذ۪يرًاۜ وَاِنْ مِنْ اُمَّةٍ اِلَّا خَلَا ف۪يهَا نَذ۪يرٌ (٢٤)
24. Албатта, Биз сизни ҳақ дин билан, хушхабар берувчи ва жаҳаннам азобидан огоҳлантирувчи пайғамбар қилиб юбордик. Ҳар бир уммат ичида ҳам, албатта, бир огоҳлантирувчи пайғамбар бўлиб ўтган.
وَاِنْ يُكَذِّبُوكَ فَقَدْ كَذَّبَ الَّذ۪ينَ مِنْ قَبْلِهِمْۚ جَٓاءَتْهُمْ رُسُلُهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ وَبِالزُّبُرِ وَبِالْكِتَابِ الْمُن۪يرِ (٢٥)
25. Агар мушриклар сизнинг пайғамбар эканингизни инкор қилсалар, бас, билингки, улардан аввалгилар ҳам пайғамбарларни ёлғончига чиқарганлар. Ҳолбуки, пайғамбарлари уларга аниқ мўъжизалар, илоҳий саҳифалар ва нурли китоб келтирган эдилар.
ثُمَّ اَخَذْتُ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا فَكَيْفَ كَانَ نَك۪يرِ۟ (٢٦)
26. Сўнгра куфр келтирган кимсаларни исёнлари туфайли азобим билан тутдим. Ана, Менинг инкорим қандай бўлди?!
اَلَمْ تَرَ اَنَّ اللّٰهَ اَنْزَلَ مِنَ السَّمَٓاءِ مَٓاءًۚ فَاَخْرَجْنَا بِه۪ ثَمَرَاتٍ مُخْتَلِفًا اَلْوَانُهَاۜ وَمِنَ الْجِبَالِ جُدَدٌ ب۪يضٌ وَحُمْرٌ مُخْتَلِفٌ اَلْوَانُهَا وَغَرَاب۪يبُ سُودٌ (٢٧)
27. Аллоҳ осмондан сув ёғдириб, у билан ранглари турли хил бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Ҳамда тоғлардан оқ, қизил ҳамда турли йўлларни пайдо қилдик. Улардан тим қоралари ҳам бор.
وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَٓابِّ وَالْاَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ اَلْوَانُهُ كَذٰلِكَۜ اِنَّمَا يَخْشَى اللّٰهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمٰٓؤُ۬اۜ اِنَّ اللّٰهَ عَز۪يزٌ غَفُورٌ (٢٨)
28. Шунингдек, одамлар, ҳайвонлар ва чорвалар орасида ҳам турли ранглилари бордир. Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина қўрқадилар. Шубҳасиз Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва гуноҳларни кечирувчи – Ғофур Зотдир.
Изоҳ: Юқоридаги бу икки оятда оламдаги барча мавжудотнинг яратувчиси ёлғиз Аллоҳ таоло эканлиги таъкидланмоқда. Дарҳақиқат илм-маърифат эгаси бўлган ҳар бир инсон осмондан ёғилган бир хил рангдаги сув сабабли қора ердан униб чиқадиган ранглари турли бўлган наботот оламига, усти кўриниши ҳам, остида яширган хазиналари ҳам ранг баранг тоғу-тошларга ва ер юзининг ости ва устида тарқалиб, ўзларига юкланган вазифаларни бош тортмасдан бажариб юрган ҳайвонот оламининг ранг-баранглигига ва ниҳоят мана шу барча мавжудотдан фойдаланиб, уларни бошқаришни ўз зиммасига олган инсонларнинг рангу рўйлари ҳам, феъли атвор ва удум-анъаналари ҳам турли эканлигига тафаккур ва ибрат назари билан боқса, Аллоҳнинг қудратига ҳамд айтмасдан қолмайди. Шунинг учун ҳам мазкур оятда Аллоҳдан, фақат ҳақиқий илм-маърифат эгалари қўрқишлари уқтириб ўтилди.
اِنَّ الَّذ۪ينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللّٰهِ وَاَقَامُوا الصَّلٰوةَ وَاَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَۙ (٢٩)
29. Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни тўлиқ адо қиладиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар асло касод бўлмайдиган тижоратдан умидвор бўладилар.
لِيُوَفِّيَهُمْ اُجُورَهُمْ وَيَز۪يدَهُمْ مِنْ فَضْلِه۪ۜ اِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ (٣٠)
30. Аллоҳ уларга ажрларини тўлиқ қилиб беради ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилади. Албатта, У мағфиратли ва кўп савоб берувчидир.
وَالَّذ۪ٓي اَوْحَيْنَٓا اِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ هُوَ الْحَقُّ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيْهِۜ اِنَّ اللّٰهَ بِعِبَادِه۪ لَخَب۪يرٌ بَص۪يرٌ (٣١)
31. Эй Муҳаммад, Биз сизга ваҳий қилган китоб ўзидан аввалги илоҳий китобларни тасдиқловчи бўлган ҳақ китобдир. Албатта, Аллоҳ Ўз бандаларининг барча ишларидан хабардор ва ҳаммасини кўриб турувчи Зотдир.
ثُمَّ اَوْرَثْنَا الْكِتَابَ الَّذ۪ينَ اصْطَفَيْنَا مِنْ عِبَادِنَاۚ فَمِنْهُمْ ظَالِمٌ لِنَفْسِه۪ۚ وَمِنْهُمْ مُقْتَصِدٌۚ وَمِنْهُمْ سَابِقٌ بِالْخَيْرَاتِ بِاِذْنِ اللّٰهِۜ ذٰلِكَ هُوَ الْفَضْلُ الْكَب۪يرُۜ (٣٢)
32. Сўнгра Биз бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, уларнинг орасида унга амал қилмай ўз нафсига зулм қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изни билан яхшиликларда ўзиб кетувчилар ҳам бор. Қуръонга ворис бўлиш бу – Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир.
جَنَّاتُ عَدْنٍ يَدْخُلُونَهَا يُحَلَّوْنَ ف۪يهَا مِنْ اَسَاوِرَ مِنْ ذَهَبٍ وَلُؤْلُؤً۬اۚ وَلِبَاسُهُمْ ف۪يهَا حَر۪يرٌ (٣٣)
33. Улар у ерда абадий қолинадиган Адн жаннатларга кирадилар ва олтин билакузуклар ва марваридлар билан безатиладилар. У жойда уларнинг либослари ипакдан бўлади.
وَقَالُوا الْحَمْدُ لِلّٰهِ الَّذ۪ٓي اَذْهَبَ عَنَّا الْحَزَنَۜ اِنَّ رَبَّنَا لَغَفُورٌ شَكُورٌۙ (٣٤)
34. Жаннатга кирган пайтларида: “Бизлардан ғам-қайғуни кетказган Зот – Аллоҳга ҳамд бўлсин! Дарҳақиқат, Роббимиз мағфиратли ва кўп савоб берувчидир”, – дейдилар.
اَلَّذ۪ٓي اَحَلَّنَا دَارَ الْمُقَامَةِ مِنْ فَضْلِه۪ۚ لَا يَمَسُّنَا ف۪يهَا نَصَبٌ وَلَا يَمَسُّنَا ف۪يهَا لُغُوبٌ (٣٥)
35. У Ўз фазли билан бизларни абадий турадиган диёрга туширдики, бу ерда бизларга машаққат ҳам чарчоқ ҳам етмайди.
وَالَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَهُمْ نَارُ جَهَنَّمَۚ لَا يُقْضٰى عَلَيْهِمْ فَيَمُوتُوا وَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمْ مِنْ عَذَابِهَاۜ كَذٰلِكَ نَجْز۪ي كُلَّ كَفُورٍۚ (٣٦)
36. Куфр келтирган кимсаларга эса жаҳаннам оташи бордир. Уларга яна бир бор ўлишлари учун ҳукм қилинмайдики ўлсалар. Шу билан бирга, улардан дўзах азоби ҳам енгиллатилмайди. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолаймиз.
وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ ف۪يهَاۚ رَبَّنَٓا اَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذ۪ي كُنَّا نَعْمَلُۜ اَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ ف۪يهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَٓاءَكُمُ النَّذ۪يرُۜ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِم۪ينَ مِنْ نَص۪يرٍ۟ (٣٧)
37. Улар у жойда: “Эй Роббимиз, бизларни дўзахдан чиқаргин, қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши ишларни қиламиз”, – деб фарёд қиладилар. Ахир, дунё ҳаётида Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермадикми?! Сизларга огоҳлантирувчи пайғамбарлар ҳам келган эди-ку! Бас, энди амалларингизга яраша азобларингизни тотаверинглар! Золим кимсалар учун ёрдамчи бўлмайди.
اِنَّ اللّٰهَ عَالِمُ غَيْبِ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۜ اِنَّهُ عَل۪يمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ (٣٨)
38. Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ернинг ғайб сирларини билувчидир. Шубҳасиз, У кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.
هُوَ الَّذ۪ي جَعَلَكُمْ خَلَٓائِفَ فِي الْاَرْضِۜ فَمَنْ كَفَرَ فَعَلَيْهِ كُفْرُهُۜ وَلَا يَز۪يدُ الْكَافِر۪ينَ كُفْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ اِلَّا مَقْتًاۚ وَلَا يَز۪يدُ الْكَافِر۪ينَ كُفْرُهُمْ اِلَّا خَسَارًا (٣٩)
39. У сизларни Ер юзида халифалар қилиб қўйган Зотдир. Бас, кимки Аллоҳга куфр келтирса, куфри фақат ўзининг зараригадир. Кофирларнинг куфри уларга Роббилари ҳузурида фақат ғазабни орттиради. Кофир бўлганларнинг куфри уларга зиёндан бошқа нарсани орттирмайди.
قُلْ اَرَاَيْتُمْ شُرَكَٓاءَكُمُ الَّذ۪ينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللّٰهِۜ اَرُون۪ي مَاذَا خَلَقُوا مِنَ الْاَرْضِ اَمْ لَهُمْ شِرْكٌ فِي السَّمٰوَاتِۚ اَمْ اٰتَيْنَاهُمْ كِتَابًا فَهُمْ عَلٰى بَيِّنَتٍ مِنْهُۚ بَلْ اِنْ يَعِدُ الظَّالِمُونَ بَعْضُهُمْ بَعْضًا اِلَّا غُرُورًا (٤٠)
40. Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Менга Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринг-чи?! Менга кўрсатинглар-чи, улар ер юзида нимани яратдилар?! Ёки уларнинг осмонларни яратишда шерикликлари борми?! Ёхуд уларга бирор китоб берганмидик, унда шерик эканликлари ҳақида бирон ҳужжат бўлсин?!” – деб айтинг. Йўқ, золимлар бир-бирига фақат ёлғонни ваъда қиладилар.
اِنَّ اللّٰهَ يُمْسِكُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضَ اَنْ تَزُولَاۚ وَلَئِنْ زَالَتَٓا اِنْ اَمْسَكَهُمَا مِنْ اَحَدٍ مِنْ بَعْدِه۪ۜ اِنَّهُ كَانَ حَل۪يمًا غَفُورًا (٤١)
41. Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ерни қулаб тушишидан сақлаб ушлаб туради. Агарда улар қулаб тушса У Зотдан кейин ҳеч ким уларни ушлаб тура олмайди. У бандаларига меҳрибон – Ҳалим ва мағфиратли бўлган Ғофур Зотдир.
وَاَقْسَمُوا بِاللّٰهِ جَهْدَ اَيْمَانِهِمْ لَئِنْ جَٓاءَهُمْ نَذ۪يرٌ لَيَكُونُنَّ اَهْدٰى مِنْ اِحْدَى الْاُمَمِۚ فَلَمَّا جَٓاءَهُمْ نَذ۪يرٌ مَا زَادَهُمْ اِلَّا نُفُورًاۙ (٤٢)
42. Макка кофирлари агар уларга бирор огоҳлантирувчи пайғамбар келса, албатта, унга иймон келтириб ҳар қандай умматлардан кўра ҳидоятлироқ бўлишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан қасам ичган эдилар. Вақтики, уларга огоҳлантирувчи пайғамбар келгач, бу уларни ҳидоятдан янада узоқлаштирди.
اِسْتِكْبَارًا فِي الْاَرْضِ وَمَكْرَ السَّيِّئِۜ وَلَا يَح۪يقُ الْمَكْرُ السَّيِّئُ اِلَّا بِاَهْلِه۪ۜ فَهَلْ يَنْظُرُونَ اِلَّا سُنَّتَ الْاَوَّل۪ينَۚ فَلَنْ تَجِدَ لِسُنَّتِ اللّٰهِ تَبْد۪يلًاۚ وَلَنْ تَجِدَ لِسُنَّتِ اللّٰهِ تَحْو۪يلًا (٤٣)
43. Улар ер юзида такаббурлик қилган ва пайғамбарга қарши ёмон макр қилган ҳолларида ҳидоятдан узоқлашдилар. Ёмон макр эса, фақат ўз эгаларини қуршаб олади. Бас, улар фақат аввалги умматларнинг йўлларига кўз тутмоқдалар. Бас, Аллоҳнинг суннатига асло ўзгартириш ҳам топмайсиз, Аллоҳнинг суннатида ҳаргиз алмаштириш топмайсиз.
Изоҳ: Кофирлар олдин ўтган қавмларнинг бошларига тушган азобларга кўз тикиб ўтирмоқдалар. Уларга ҳам аввалгиларнинг куни келади. Бу эса Аллоҳнинг ёзган қонунидир. Унда ҳеч қандай ўзгарииш ёки алмаштирилиш бўлмайди.
اَوَلَمْ يَس۪يرُوا فِي الْاَرْضِ فَيَنْظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذ۪ينَ مِنْ قَبْلِهِمْ وَكَانُٓوا اَشَدَّ مِنْهُمْ قُوَّةًۜ وَمَا كَانَ اللّٰهُ لِيُعْجِزَهُ مِنْ شَيْءٍ فِي السَّمٰوَاتِ وَلَا فِي الْاَرْضِۜ اِنَّهُ كَانَ عَل۪يمًا قَد۪يرًا (٤٤)
44. Ахир, улар ер юзида сайр қилиб, ўзларидан олдинги иймонсизларнинг оқибати қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки, олдингилар булардан кўра қувватлироқ эдилар. На осмонларда ва на Ерда Аллоҳни ожиз қолдирувчи ҳеч нарса йўқдир. Шубҳасиз, У ҳамма нарсани билувчи, қодир Зотдир.
وَلَوْ يُؤَاخِذُ اللّٰهُ النَّاسَ بِمَا كَسَبُوا مَا تَرَكَ عَلٰى ظَهْرِهَا مِنْ دَٓابَّةٍ وَلٰكِنْ يُؤَخِّرُهُمْ اِلٰٓى اَجَلٍ مُسَمًّىۚ فَاِذَا جَٓاءَ اَجَلُهُمْ فَاِنَّ اللّٰهَ كَانَ بِعِبَادِه۪ بَص۪يرًا (٤٥)
45. Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, Ер устида бирор жониворни тирик қўймаган бўлар эди. Лекин Аллоҳ уларни жазолашни белгиланган қиёмат кунидаги муддатгача кечиктиради. Бас, белгиланган муддатлари келгач эса уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган яхши ёки ёмон амалларининг мукофот ва жазосини беради. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчи Зотдир.

