1.Ҳамд осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилган ҳамда фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳгадир. У яратган нарсаларида нимани хоҳласа ўшани зиёда қилади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир.
Fotir сураси
Makkaда нозил бўлган.
22-жуз,35-сура,45 оятдан иборат2.Аллоҳ одамлар учун нимаики раҳматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи йўқдир. Агар У зот ушлаб қолганидан сўнг у нарсани бандаларга бирон юборувчи ҳам йўқдир. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
3.Эй инсонлар, сизларга Аллоҳнинг ато этган неъматини ёдга олинглар! Сизларга осмону ердан ризқ берадиган Аллоҳдан бошқа яратувчи борми?! Ундан ўзга илоҳ йўқ! Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
4.Эй Муҳаммад, агар мушриклар сизнинг пайғамбар эканлигингизни инкор қилсалар, бас, билингки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам қавмлари томонидан инкор қилинганлар. Албатта, барча ишлар Аллоҳга қайтарилади.
5.Эй инсонлар, албатта, Аллоҳнинг қиёмат ҳақидаги ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти асло алдаб қўймасин! Яна асло сизларни алдоқчи шайтон Аллоҳ “гуноҳларни кечиради”, деган гап билан алдаб қўймасин!
6.Шайтон сизларга аниқ душмандир, бас, уни душман тутинглар! У ўзига эргашган фирқасини дўзах аҳли бўлишга чақиради.
7.Куфр келтирган кимсалар учун жаҳаннамда қаттиқ азоб бордир. Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун эса мағфират ва улкан мукофот бордир.
8.Ахир қилган ёмон амали ўзига чиройли кўрсатилиб, уни яхши иш деб ўйлаган кимсадан яхшилик чиқармиди?! Шубҳасиз, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздиради ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилади. Бас, эй Расулим, уларнинг иймон келтирмаганларига ҳасрат-надоматлар қилиб жонингиз ачиниб кетмасин. Албатта, Аллоҳ уларнинг нима ҳунар қилаётганларини билувчи Зотдир.
9.Аллоҳ шамолларни юбориб, булутни қўзғатади. Биз уни “ўлик” шаҳарга ҳайдаб, у билан сувсизликдан ўлган ерни тирилтирдик. Қиёматда қайта тирилиш ҳам шунга ўхшашдир.
10.Кимки иззат истайдиган бўлса, бас, барча қудрат Аллоҳникидир. Ҳар бир чиройли калима У томон чиқади. Солиҳ амални эса, Аллоҳ Ўз даргоҳига кўтаради. Ёмонликлар билан макр қиладиганлар учун қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари беҳуда кетиб, ҳам ҳалок бўлади.
11.Аллоҳ сизларни аввал тупроқдан, сўнгра унинг наслини бир томчи нутфадан яратиб, кейин сизларни эркак ва аёл қилиб жуфтлар қилди. Ҳар бир аёл нимага ҳомиладор бўлса ва нимани туғса, фақат Унинг илми билан бўлади. Бирор узоқ умр кўрувчининг умри узайтирилган бўлса ёки умридан камайтирилган бўлса, албатта, у китобда ёзилган бўлади. Албатта, бу ишлар Аллоҳга осондир.
12.Икки денгиз тенг бўлмайди. Буниси ширин-тотли ва ютумли, униси эса шўр-нордондир. Сизлар уларнинг ҳар биридан янги балиқ гўштини тутиб ейсизлар ва тақадиган зеб-зийнат чиқариб оласизлар. Аллоҳнинг фазлидан исташларингиз учун сувни ёриб кетаётган кемаларни кўрасизлар. Шояд, буларга шукр қилсангизлар.
13.Аллоҳ кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. У қуёшни ва ойни сизларнинг манфаатингиз учун хизматкор қилиб қўйган. Ҳар бири муайян муддатгача юриб боради. Ана шу сизларнинг Роббингиз – Аллоҳдир, подшоҳлик фақат Уникидир. Эй мушриклар, сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган нарсаларингиз эса, данак пўстлоғича ҳам нарсага эга эмаслар.
14.Агар сизлар уларни чақирсангиз, чақириғингизни ҳам эшитмайдилар. Агар эшитсалар ҳам сизларга жавоб бера олмайдилар ва қиёмат кунида уларни Аллоҳга шерик қилганларингизни инкор қиладилар. Эй Муҳаммад, дунё ва охират ҳақида сизга хабардор Зот Аллоҳдек ҳеч ким хабар бера олмайди.
15.Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳ эса ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга сазовар – Ҳамид Зотдир.
16.Агар У хоҳласа, сизларни ер юзидан кетказиб, ўрнингизга бошқа янги бир халқни келтиради.
17.Буларни қилиш Аллоҳга қийин эмасдир.
18.Қиёмат кунида ҳеч бир гуноҳ юкини кўтарувчи ўзга кишининг юкини кўтармайди. Агар гуноҳ юки оғир эгаси ўз юкини кўтаришга бировни чақирса ҳам, гарчи чақирилувчи унинг қариндоши бўлса-да, у гуноҳдан бирор нарса юклатилмайди. Эй Муҳаммад, сиз фақат Роббиларидан ғойибона қўрқадиган ва намозни тўлиқ адо этган зотларнигина огоҳлантира оласиз. Кимки покланса, у фақат ўзи учун покланган бўлади. Охир оқибат қайтиш фақат Аллоҳнинг ҳузуригадир.
19.Қалб кўзи кўр бўлган кофир билан ҳақни кўрувчи мўмин ҳеч қачон баробар бўлмайди.
20.Зулматлар билан иймон нури ҳам тенг бўлмайди.
21.Соя билан жазирама ҳам баробар бўлмайди.
22.Тириклар билан ўликлар ҳам баробар бўлмайди. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳақни эшиттиради. Эй Муҳаммад, сиз қабрлардаги ўлик кимсаларга эшиттира олувчи эмассиз.
23.Сиз фақат охират азобидан огоҳлантирувчисиз.
24.Албатта, Биз сизни ҳақ дин билан, хушхабар берувчи ва жаҳаннам азобидан огоҳлантирувчи пайғамбар қилиб юбордик. Ҳар бир уммат ичида ҳам, албатта, бир огоҳлантирувчи пайғамбар бўлиб ўтган.
25.Агар мушриклар сизнинг пайғамбар эканингизни инкор қилсалар, бас, билингки, улардан аввалгилар ҳам пайғамбарларни ёлғончига чиқарганлар. Ҳолбуки, пайғамбарлари уларга аниқ мўъжизалар, илоҳий саҳифалар ва нурли китоб келтирган эдилар.
26.Сўнгра куфр келтирган кимсаларни исёнлари туфайли азобим билан тутдим. Ана, Менинг инкорим қандай бўлди?!
27.Аллоҳ осмондан сув ёғдириб, у билан ранглари турли хил бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Ҳамда тоғлардан оқ, қизил ҳамда турли йўлларни пайдо қилдик. Улардан тим қоралари ҳам бор.
28.Шунингдек, одамлар, ҳайвонлар ва чорвалар орасида ҳам турли ранглилари бордир. Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина қўрқадилар. Шубҳасиз Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва гуноҳларни кечирувчи – Ғофур Зотдир.
29.Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни тўлиқ адо қиладиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар асло касод бўлмайдиган тижоратдан умидвор бўладилар.
30.Аллоҳ уларга ажрларини тўлиқ қилиб беради ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилади. Албатта, У мағфиратли ва кўп савоб берувчидир.
31.Эй Муҳаммад, Биз сизга ваҳий қилган китоб ўзидан аввалги илоҳий китобларни тасдиқловчи бўлган ҳақ китобдир. Албатта, Аллоҳ Ўз бандаларининг барча ишларидан хабардор ва ҳаммасини кўриб турувчи Зотдир.
32.Сўнгра Биз бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, уларнинг орасида унга амал қилмай ўз нафсига зулм қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изни билан яхшиликларда ўзиб кетувчилар ҳам бор. Қуръонга ворис бўлиш бу – Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир.
33.Улар у ерда абадий қолинадиган Адн жаннатларга кирадилар ва олтин билакузуклар ва марваридлар билан безатиладилар. У жойда уларнинг либослари ипакдан бўлади.
34.Жаннатга кирган пайтларида: “Бизлардан ғам-қайғуни кетказган Зот – Аллоҳга ҳамд бўлсин! Дарҳақиқат, Роббимиз мағфиратли ва кўп савоб берувчидир”, – дейдилар.
35.У Ўз фазли билан бизларни абадий турадиган диёрга туширдики, бу ерда бизларга машаққат ҳам чарчоқ ҳам етмайди.
36.Куфр келтирган кимсаларга эса жаҳаннам оташи бордир. Уларга яна бир бор ўлишлари учун ҳукм қилинмайдики ўлсалар. Шу билан бирга, улардан дўзах азоби ҳам енгиллатилмайди. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолаймиз.
37.Улар у жойда: “Эй Роббимиз, бизларни дўзахдан чиқаргин, қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши ишларни қиламиз”, – деб фарёд қиладилар. Ахир, дунё ҳаётида Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермадикми?! Сизларга огоҳлантирувчи пайғамбарлар ҳам келган эди-ку! Бас, энди амалларингизга яраша азобларингизни тотаверинглар! Золим кимсалар учун ёрдамчи бўлмайди.
38.Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ернинг ғайб сирларини билувчидир. Шубҳасиз, У кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.
39.У сизларни Ер юзида халифалар қилиб қўйган Зотдир. Бас, кимки Аллоҳга куфр келтирса, куфри фақат ўзининг зараригадир. Кофирларнинг куфри уларга Роббилари ҳузурида фақат ғазабни орттиради. Кофир бўлганларнинг куфри уларга зиёндан бошқа нарсани орттирмайди.
40.Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Менга Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринг-чи?! Менга кўрсатинглар-чи, улар ер юзида нимани яратдилар?! Ёки уларнинг осмонларни яратишда шерикликлари борми?! Ёхуд уларга бирор китоб берганмидик, унда шерик эканликлари ҳақида бирон ҳужжат бўлсин?!” – деб айтинг. Йўқ, золимлар бир-бирига фақат ёлғонни ваъда қиладилар.
41.Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ерни қулаб тушишидан сақлаб ушлаб туради. Агарда улар қулаб тушса У Зотдан кейин ҳеч ким уларни ушлаб тура олмайди. У бандаларига меҳрибон – Ҳалим ва мағфиратли бўлган Ғофур Зотдир.
42.Макка кофирлари агар уларга бирор огоҳлантирувчи пайғамбар келса, албатта, унга иймон келтириб ҳар қандай умматлардан кўра ҳидоятлироқ бўлишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан қасам ичган эдилар. Вақтики, уларга огоҳлантирувчи пайғамбар келгач, бу уларни ҳидоятдан янада узоқлаштирди.
43.Улар ер юзида такаббурлик қилган ва пайғамбарга қарши ёмон макр қилган ҳолларида ҳидоятдан узоқлашдилар. Ёмон макр эса, фақат ўз эгаларини қуршаб олади. Бас, улар фақат аввалги умматларнинг йўлларига кўз тутмоқдалар. Бас, Аллоҳнинг суннатига асло ўзгартириш ҳам топмайсиз, Аллоҳнинг суннатида ҳаргиз алмаштириш топмайсиз.
44.Ахир, улар ер юзида сайр қилиб, ўзларидан олдинги иймонсизларнинг оқибати қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки, олдингилар булардан кўра қувватлироқ эдилар. На осмонларда ва на Ерда Аллоҳни ожиз қолдирувчи ҳеч нарса йўқдир. Шубҳасиз, У ҳамма нарсани билувчи, қодир Зотдир.
45.Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, Ер устида бирор жониворни тирик қўймаган бўлар эди. Лекин Аллоҳ уларни жазолашни белгиланган қиёмат кунидаги муддатгача кечиктиради. Бас, белгиланган муддатлари келгач эса уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган яхши ёки ёмон амалларининг мукофот ва жазосини беради. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчи Зотдир.

