1.Бандаси Муҳаммадга ҳикмат тўла китобни нозил қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уни одамларни шубҳа остига қўядиган заррача зиддият ва эгрилик қилмади.
Kahf сураси
Makkaда нозил бўлган.
15-жуз,18-сура,110 оятдан иборат2.Қуръон ҳақ ва тўғридир. Ўз ҳузуридан келадиган қаттиқ азоб билан огоҳлантириш ва яхши ишларни қиладиган мўминларга чиройли мукофот хушхабарини бериш учун нозил бўлган.
3.Мўминлар у ерда абадий қолувчилардир.
4.Шунингдек, “Аллоҳнинг боласи бор” деганларни огоҳлантириш учун ҳам китобни нозил қилди.
5. Зотан, мушрикларнинг ўзларида ҳам ота-боболарида ҳам у ҳақида ҳеч қандай илм йўқдир. Оғизларидан чиқаётган бу сўз жуда оғирдир. Улар фақат ёлғон сўзни айтяптилар.
6.Эй Муҳаммад, улар ушбу Аллоҳдан нозил бўлган сўзга иймон келтирмасалар, эҳтимол, сиз уларнинг ортидан, афсуслик билан ўзингизни ҳалок қилмоқчи бўларсиз?!
7.Албатта, Биз одамлардан қайси бирлари чиройлироқ амал қилишларини синаш учун Ер юзидаги бор нарсани унга зийнат қилиб қўйдик.
8.Агар Биз хоҳласак, албатта, Ернинг устини зийнатсиз ҳолда сип-силлиқ ва қуп-қуруқ тупроқ қилиб ҳам қўювчидирмиз.
9.Балки, сиз ғор ва уларнинг қиссалари ёзилган битик эгалари ҳақидаги ривоятдан хабардор бўлгач, бу Бизнинг охират рост эканлиги тўғрисидаги оятларимизнинг энг ажойиби, – деб ўйлагандирсиз?
10.Қачонки, йигитлар ғорга паноҳ истаб бориб: “Эй Роббимиз, бизларга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва мақсадимизга эришишимиз учун бу ишимизни бизларга осон қилгин”, – дедилар.
11.Бас, Биз уларни ўша ғорда “қулоқларига уриб” узоқ йиллар давом этадиган уйқуга кетказиб қўйдик.
12.Сўнгра уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини тўғри ҳисоблаганини билиш учун уларни қайта уйғотдик.
13.Эй Расулим, Биз сизга уларнинг хабарини рўй-рост айтиб берамиз. Дарҳақиқат, улар Роббиларига иймон келтирган ва Биз уларга ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир.
14.Биз уларнинг қалбларини иймон билан қувватлантирдик. Ўшанда улар золим шоҳ қаршисида туриб: “Бизнинг Роббимиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Ундан бошқа Илоҳга асло илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўламиз”, – дедилар.
15.Ана у қавмимиз эса Ундан бошқаларни илоҳ қилиб олдилар. Қани, у бутларга илоҳ экани ҳақида бирор аниқ ҳужжат келтира олармикинлар?! Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон уйдирган одамдан ҳам золимроқ ким бор?!
16.Уларга: “Модомики мушриклардан ва Аллоҳдан бошқага сиғинаётган нарсаларидан узоқлашмоқчи экансизлар, унда ғорга қочиб, паноҳ изланглар. Шунда Роббингиз сизларга Ўз раҳматини ёяди ва сизга ишингизда осонлик яратади”, – деб айтилди.
17.Йигитлар ухлаб ётганларида қуёш чиқишда уларнинг уйқуларига азият бермаслик учун ғорларининг ўнг тарафидан ўтиб кетганини, ботишда эса уларнинг чап томони бўйлаб йироқлашиб кетганини ва улар эса ҳамон унинг кенг жойида ётганларини кўрасиз. Бу ҳам Аллоҳнинг мўъжизаларидан биридир. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, у ҳидоят топувчидир. Кимни адаштирса, бас, унга тўғри йўл кўрсатувчи ва на бир дўст топа олмайсиз.
18.Улар уйқуда бўлсалар ҳам, кўзлари очиқ ва ҳаракатланиб турганлари учун сен уларни уйғоқ, деб ўйлайсан. Биз уларни баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун ўнг томон ва чап томонга айлантириб турар эдик. Уларнинг итлари эса олд оёқларини остонага узатиб ётар эди. Агар бирдан уларнинг устидан чиқиб қолсанг, даҳшатга тушиб, улардан юз ўгириб қочган бўлар эдинг.
19.Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун уларни қандай ухлатиб қўйган бўлсак ана шундай уйғотдик. Улардан бири: “Қанча муддат уйқуда қолдингиз?, – деди. Уларнинг айримлари: “Бир кун ёки ярим кун”, – дедилар. Баъзилари эса: “Қанча ухлаб қолганимизни фақат Роббингиз тўғри билувчироқ, энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга юборинглар у энг покиза таомларни қараб ундан сизларга озуқа олиб келсин. У диққатли бўлсин ва сизларни бировга сездириб қўймасин”, – дедилар.
20.Агарда у шаҳар аҳллари сизлардан хабардор бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қиладилар ёки сизларни ўз динларига қайтарадилар ва ундай бўлса, ҳеч қачон нажот топа олмайсизлар.
21.Шундай қилиб, уларга Аллоҳнинг қайта тирилтириш ҳақидаги ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соатининг келиши, шубҳасиз эканини билишлари учун ғор эгалари воқеасидан одамларни хабардор қилдик. Улар вафот этган пайтда одамлар ўзаро уларнинг ишлари ҳақида тортиша бошладилар. Баъзи кишилар: “Бас, уларнинг устига хотира учун бинолар қуринглар. Роббилари уларни яхши билувчидир”, – дедилар. Ишлари юзасидан уларга устун келганлари эса: “Аксинча, биз, албатта, уларнинг устига бир масжид қуриб оламиз”, – дедилар.
22.Ҳали яҳудий ва насронийларнинг айримлари ўша Асҳоб ул-Каҳфнинг адади ҳақида: “Улар уч киши эди, тўртинчилари итларидир”, – дейдилар. Яна бошқалари: “Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир”, – дея тахмин гап айтиб, ғайбга тош отадилар. Шунингдек, яна: “Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир”, – дейишади. Эй Муҳаммад: “Уларнинг саноғини Роббим энг яхши билувчидир. Уларни жуда оз киши билади”, – деб айтинг. Бас, улар хусусида тортишманг, фақат ваҳий асосида очиқ мунозара қилинг. Ҳамда Асҳоби Каҳф ҳақида уларнинг бирортасидан фатво сўраманг.
23.Шунингдек, бирон нарса ҳақида: “Буни эртага, албатта, қилувчиман”, – дея асло айтманг.
24.Фақат “Иншоаллоҳ, Аллоҳ хоҳласа”, – деб айтинг. Агар бу сўзни унутган пайтингизда, ёдингизга келган заҳоти Роббингизни зикр қилинг. Ҳамда: “Шояд, Роббим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят қилса”, – деб айтинг.
25.Йигитлар ғорларида уч юз йил уйқуда қолдилар. Айримлар унга яна тўққиз йилни зиёда қилдилар.
26.Эй Муҳаммад, уларга: “Уларнинг қанча муддат ғорда қолганларини Аллоҳ энг яхши билувчидир. Осмонлар ва Ернинг сирлари фақат Унга оиддир. У нақадар мукаммал кўрувчи ва эшитувчидир! Ўша одамлар учун Ундан ўзга бирор дўст йўқдир. Аллоҳ Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди”, – деб айтинг.
27.Эй Муҳаммад, сизга ваҳий қилинган Роббингизнинг китобини тиловат қилинг. Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ. Ундан бошқа асло ҳеч қандай паноҳни топа олмайсиз.
28.Сиз ўзингизни эртаю кеч Унинг юзини ирода қилиб, Роббиларига илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг. Ўткинчи дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингизни бурманг. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилманг.
29.Эй Расулим, уларга: “Бу Қуръон Роббингиз томонидан келган ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин”, – деб айтинг. Албатта, Биз золимлар учун деворлари уларни ўраб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйганмиз. Агар улар ташналикка чидолмай сув деб ёрдам сўрасалар, юзларни куйдирувчи, эритилган ёғга ўхшаш сув билан ёрдам бериладилар. У нақадар ёмон ичимлик ва нақадар ёмон бошпана.
30.Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган кимсалар ҳақида эса, албатта, Биз яхши амалларни қилган кишиларнинг мукофотини йўққа чиқармаймиз.
31.Айнан улар учун остиларидан анҳорлар оқиб турадиган мангу Адн номли жаннатлар бор бўлиб, улар у ерда олтин билакузуклар билан безанадилар ҳамда юпқа ва қалин ипакдан яшил либослар кийиб сўриларда суяниб ўтирадилар. У нақадар яхши мукофот ва нақадар чиройли бўлган маскан.
32.Эй Муҳаммад, уларга икки киши ҳақидаги мисолни келтиринг. Улардан бири учун икки узумзор боғ қилиб берган эдик. У икки боғни хурмозор билан ўраб ва ўртасини экинзор қилган эдик.
33.Ўша икки боғ ҳеч нарсани қолдирмай ҳосилини бекам-кўст берар, уларнинг ўртасидан анҳор оқизиб қўйган эдик.
34.Яна унинг бошқа бойлиги ҳам бор эди. Бас, у ўртоғи билан суҳбат қураётиб: “Менинг бойлигим сеникидан кўпроқ ва одамларим саноғи ҳам кучлироқ”, – деди мақтаниб.
35.У ўз нафсига зулм қилган ҳолда, боғига кириб: “Бу бойлигим ҳеч қачон йўқ бўлиб кетади деб ўйламайман”, – деди.
36.“Ҳамда қиёмат ҳам қоим бўлади – деб ўйламайман. Борди-ю агар қиёмат бўлиб Роббимга қайтарилсам ҳам, албатта, бундан-да яхшироқ оқибатни топаман”, – деди.
37.У билан суҳбатлашиб турган ўртоғи унга: “Сени тупроқдан, сўнг бир томчи сувдан яратиб, кейин инсон қилиб ростлаган Зотга куфр келтирдингми?!” – деди.
38.Лекин мен: “У Аллоҳ менинг Роббимдир ва Роббимга ҳеч кимни шерик қилмайман”, – деб айтаман.
39.Сен боғингга кирганингда: “Бу Аллоҳнинг иродаси, куч-қувват фақат Аллоҳ биландир”, – деганингда эди, дуруст бўларди. Агарда сен мени мол-дунё ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг.
40.Ажаб эмас, Роббим менга сенинг боғингдан кўра яхшироқ боғ ато этар ва сенинг боғингга осмондан офат юборар, натижада, у силлиқ ерга айланиб қолар.
41.Ёки унинг суви ер қаърига сингиб кетиб, сен уни излаб ҳам топа олмай қоласан.
42.Дарҳақиқат, унинг боғидаги мевалари офат билан қуршаб олинди. У эса қулаб ётган ишкомларни кўриб ва уларга қилган харажатларни ўйлаб, чапак чалганича қолди. Сўнг пушаймон қилиб: “Кошки эди, мен ҳам Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!” – деб қолаверди.
43.Шунингдек, унга Аллоҳдан бошқа на бир ёрдам берадиган жамоа бўлди ва на ўзи ўзига ёрдам бера олувчи бўлди.
44.Ана, ўша жойда мадад фақат ҳақ Аллоҳга хосдир. У мукофоти яхши ва оқибати хайрли Зотдир.
45.Эй Расулим, уларга дунё ҳаётининг мисолини келтириб ўтинг. У худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, у сабабли баҳорда ер ўсимликлари бир-бирига аралашиб ўсиб кетади. Сўнгра куз фаслида шамоллар уни учириб кетадиган хас-чўпга айланиб қолади. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир.
46.Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Боқий қолувчи солиҳ амаллар эса Роббингиз наздида савоб ва орзу жиҳатидан яхшироқдир.
47.Қиёматда тоғларни ўрнидан қўзғатиб юрғизадиган ва сиз ерни теп-текис ҳолда кўрадиган кунни эсланг! У кунда Биз улардан бирортасини қўймай тўплаган бўламиз.
48.Улар саф тортган ҳолларида Роббингизга рўбарў қилиндилар. Биз уларга: “Сизларни илк бор қандай яланғоч ҳолингизда яратган бўлсак, яна шундай Бизнинг ҳузуримизга келдингиз. Балки, сизларга ваъда қилган қиёматни қила олмаслигимизни ўйлагандирсиз?!
49.Сўнг ҳар бир кишининг номаи аъмоли битилган китоби ўз қўлига келтириб қўйилади. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги ёзилган нарсалардан қўрқувга тушиб: “Ҳолимизга вой бўлсин! Бу қандай китобдирки, на кичик ва на катта гуноҳни қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди”, – дейишларини кўрасиз. Улар қилган неки амаллари бўлса, барчасини ҳозир ҳолда топадилар. Роббингиз ҳеч кимга зулм қилмайди.
50.Вақтики, фаришталарга Одамга сажда қилинг, – дейишимиз билан барчалари сажда қилдилар. Фақат иблис сажда қилмади. У жинлардан эди. Бас, иблис Роббисининг амридан ташқарига чиқди. Эй Одам болалари, Мени қўйиб, у иблисни ва зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ахир улар сизларга душман-ку! Аллоҳни қўйиб ва шайтонни дўст тутиш золимлар учун қандай ёмон алмашишдир.
51.Мен уларни осмонлар ва Ернинг яратилишига ҳам ўзларининг яратилишига ҳам гувоҳ қилмаганман. Шунингдек, бу йўлдан оздирувчиларни Ўзимга ёрдамчи ҳам қилиб олмаганман.
52.Қиёмат кунида Аллоҳ: “Сизлар Менинг шерикларим деб ўйлаган бутларингизни чақиринглар”, – дейди. Бас, уларни чақирадилар, лекин уларга жавоб бермайдилар. Чунки Биз уларнинг ўрталарига ҳалокатли чуқурлик қилиб қўйганмиз.
53.Гуноҳкорлар дўзахни кўриб, ўзларининг унга тушувчи эканликларини биладилар ва ундан қочишга жой топмайдилар.
54.Ҳақиқатан, Биз бу Қуръонда одамларга турли мисоллардан баён қилдик. Дарҳақиқат, инсон ҳар нарсада жуда тортишувчи бўлган эди.
55.Одамларни уларга ҳидоят келганида иймон келтиришларидан ва Роббиларидан мағфират сўрашларидан фақатгина аввалги умматларнинг бошига тушган ҳалокатли йўлининг келиши ёки уларга очиқчасига азоб келишини кутишлари тўсди, холос.
56.Биз пайғамбарларни фақат жаннатдан хушхабар берувчи ва дўзахдан огоҳлантирувчилар қилиб юборамиз. Куфр келтирганлар эса ботил ҳужжатлар билан тортишадилар. У билан ҳақиқатни енгмоқчи бўладилар ҳамда оятларимни ва ўзлари огоҳлантирилган охират азобини масхара қилиб оладилар.
57.Роббисининг оятлари билан эслатилиб насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган ва ўзи қилиб ўтган гуноҳларини унутиб қўйган кимсадан ҳам золимроқ киши борми?! Дарҳақиқат, Биз бу Қуръонни англамасликлари учун уларнинг қалбларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Демак, агар уларни ҳидоятга чақирсангиз ҳам ҳеч қачон тўғри йўлда юрмайдилар.
58.Роббингиз мағфиратли ва раҳмат эгасидир. Агар уларни қилган гуноҳлари сабабли ҳалокатлар билан тутганида эди, уларга азобни тезлаштирган бўлар эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган қиёмат вақти бор ва у, албатта, келади. Ундан ўзга бирор паноҳ асло топа олмайдилар.
59.Ўтмишдаги ана у шаҳарлар аҳолисини зулм қилганларида, уларни ҳалок қилганмиз ва уларнинг ҳалокатларига ваъда қилинган вақтни белгилаб қўйганмиз.
60.Бир замонлар Мусо ўзининг хизматкор йигити Юшога: “То икки денгиз бирлашган жойга етмагунимча, ҳатто кўп йиллар ўтиб кетса ҳам, юравераман”, – деган эди.
61.Улар йўлга тушиб, қачонки, икки денгиз қўшиладиган ерга етиб боришгач балиқларини у ерда унутиб қолдирдилар. Шундан кейин балиқ денгизда йўлини топиб сузиб кетди.
62.Икки денгизнинг туташган жойидан ўтганларида, Мусо йигитига: “Бизга тушлигимизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, – деди.
63.Шунда йигит: “Буни қаранг, биз денгиз соҳилидаги қояга жойлашиб дам олган пайтимизда, мен балиқни унутиб қолдирибман. Уни сизга эслатишимни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. Балиқ эса денгизга ажойиб тарзда йўлини топиб сузиб кетибди.
64.Мусо унга: “Мана шу биз истаган нарса эди”, – деди. Дарҳол Хизрни қидириб, изларига қайтдилар.
65.Кейин у ерда бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато қилган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик.
66.Мусо Хизр билан кўришгач, унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни ўргатишинг учун сенга эргашсам майлими?” – деди.
67.Хизр Мусо пайғамбарга: “Аниқки, сен мен билан бу йўлда сабр қила олмайсан”, – деди.
68.Ахир ўзинг эгаллаб хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қила оласан?!
69.Мусо унга: “Аллоҳ хоҳласа, сен менинг сабрли эканимни кўрасан. Мен сенга бирор ишда итоатсизлик қилмайман”, – деди.
70.Хизр Мусога: “Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга ундан эслатма айтмагунимча, бирор нарса ҳақида мендан савол сўрамагин”, – деди.
71.Кейин иккиси йўлга тушдилар. Бир кемага минганларида Хизр кемани тешиб қўйди. Мусо бундан ҳайратланиб: “Кема аҳлини чўктириб юбориш учун уни тешиб қўйдингми?! Ҳақиқатан, жуда ғалати нарса қилдинг-ку!” – деди.
72.Хизр Мусога: “Мен билан бирга сабр қилишга асло тоқатинг етмайди, демаганмидим?!” – деди.
73.Мусо унга: “Мени унутиб қилган ишим учун айблама ҳамда илм ўрганишдаги ишимда мени қийинчиликка солма”, – деди.
74.Кейин улар яна йўлга тушдилар. Ниҳоят, бир болани учратганларида, Хизр уни ўлдирди. Мусо Хизрга қараб: “Ҳеч кимни ўлдирмаган покиза жонни ўлдирасанми?! Ҳақиқатан, жуда хунук нарса қилдинг-ку?!” – деди.
75.Хизр Мусога: “Мен билан бирга сабр қилишга асло тоқатинг етмайди, – деб сенга айтмаганмидим?!” – деди.
76.Шунда Мусо: “Агар бундан кейин ҳам сендан бирор нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. Чунки мен томондан узрда меъёрга етган бўласан”, – деди.
77.Кейин улар яна йўлга тушдилар. Бир шаҳар аҳлининг олдига келиб, улардан егулик сўраган эдилар, аҳоли уларни меҳмон қилишдан бош тортди. Сўнг ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўриб қолишди Хизр уни қайта тиклаб қўйди. Мусо Хизрга: “Агар хоҳласанг, бу ишинг учун хизмат ҳақи олишинг мумкин эди”, – деди.
78.Хизр Мусога: “Мана шу сен ва менинг орамдаги айрилишдир. Энди сенга сабр қилишга тоқатинг унга етмаган нарсаларнинг таъвилидан хабардор қиламан”, – деди.
79.Хўш, кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган камбағалларники эди. Бас, мен уни нуқсонли қилиб қўймоқчи бўлдим. Сабаби уларнинг ортида барча бенуқсон кемаларни талон-торож қилиб тортиб олаётган бир золим подшоҳ бор эди.
80.Ҳалиги ўлдирилган боланинг эса, ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у бола келажакда туғён ва куфр йўлида юриб уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик.
81.Шу сабабдан, уларга Роббилари покизаликда ундан яхшироқ ва янада меҳрибон бошқа бир болани ўрнига беришини истадик.
82.Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина кўмилган эди. Уларнинг марҳум отаси солиҳ киши эди. Бас, Роббинг улар вояга етишгач, Роббингдан раҳмат бўлиб хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу ишларни ўзимча қилганим йўқ. Мана шу унга сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир.
83.Эй Муҳаммад, яна сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Уларга: “Энди сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилиб бераман”, – деб айтинг.
84.Дарҳақиқат, Биз Зулқарнайнга Ерда улкан имкон бердик. Ҳамда барча истаган нарсасига эришиш сабабини ҳам ато қилдик.
85.Бас, аввал у ғарбга қараб йўл олди.
86.Ниҳоят йўлида кетаётиб қуёш ботадиган жойга етгач, унинг лойқа булоқ томон ботаётганини кўрди ва унинг олдида туғёнга кетган бир қавмга дуч келди. Биз унга ваҳий қилиб: “Эй Зулқарнайн, ё уларни азоблайсан ёки уларга жазо бермай яхшилик қиласан”, – дедик.
87.Зулқарнайн: “Бироқ ким зулм қилган бўлса, тезда уни азоблаймиз, сўнгра у Роббисига қайтарилади бас, У Зот ҳам уни даҳшатли азоб билан азоблайди”, – деди.
88.Аммо ким иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, унга гўзал мукофот бордир. Биз ҳам унга ишимиздан осонларини буюрамиз.
89.Сўнгра, у шарққа томон йўл олди.
90.Ниҳоят йўлида кетаётиб қуёш чиқадиган жойга етгач, у қуёшнинг бир қавм устида кўтарилаётганини кўрди. Биз у қавм учун қуёш ҳароратидан сақланадиган бирор тўсиқ қилмаган эдик.
91.Зулқарнайн ана шундай қудратли ҳукмдор эди. Биз ундаги барча ишларини илм билан қамраб олган эдик.
92.Сўнгра, у яна йўл олди.
93.Ниҳоят, йўлида кетаётиб икки тоғ ўртасига етиб келгач, у тоғлар ортида гапни сира тушунмайдиган бошқа бир қавмни учратди.
94.Улар: “Эй Зулқарнайн, албатта, шу тоғлар ортидаги Яъжуж ва Маъжуж қабилалари Ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир миқдор ҳақ тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир девор қилиб берасанми?” – дедилар.
95.Зулқарнайн уларга: “Роббимнинг менга ато этгани сизлар берадиган мол-дунёдан яхшироқдир. Бас, сизлар менга ишчи кучи билан ёрдам беринг, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир тўсиқ қилиб бераман”, – деди.
96.Менга темир бўлакларини олиб келинглар. Темир бўлаклари иккала тоғ ёнбағирлари билан баробар бўлгач, Зулқарнайн: “Босқонлар билан дам уринглар”, – деди. Бас, қачонки у темир-терсакларни қиздириб олов ҳолига келтиргач: “Менга эритилган мисни келтиринглар, у темир парчаларининг устидан тўкаман”, – деди.
97.Энди, Яъжуж ва Маъжуж қабиласи у тўсиқнинг устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам кучлари етмайди.
98.Зулқарнайн уларга: “Бу Роббим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачонки, Роббимнинг қиёматдан олдин Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши ҳақидаги ваъда қилган вақти келганида уни теп-текис қилиб қўяди. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир”, – деди.
99.У кунда Яъжуж ва Маъжуж қабиласини бир-бирларига аралаштириб ташлаймиз. Кейин сурга пуфлангач, уларнинг барчаларини тўплаймиз.
100.У кунда кофирларга жаҳаннамни очиқ қилиб кўрсатамиз.
101.Уларнинг кўзлари дунёда Менинг эслатмаларимдан тўсилган эди. Улар насиҳатларни эшитишга ҳам қодир эмас эдилар.
102.Ёки куфр келтирганлар Мени қўйиб, бандаларимни ўзларига дўстлар қилиб олишни ўйлайдиларми?! Ҳақиқатан, Биз жаҳаннамни кофирлар учун тушадиган жой қилиб тайёрлаганмиз.
103.Эй Муҳаммад, уларга: “Сизга амаллари юзасидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?!” – деб айтинг.
104.Кофир бўлганлари сабабли уларнинг қилган саъй-ҳаракатлари шу дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган, аммо жоҳилликлари сабабли ўзларини чиройли иш қилаётган кишилар, – деб ҳисоблайдиган кимсалардир!.
105.Улар Роббиларининг оятларини ва У Зот билан мулоқотда бўлишни инкор этган кимсалардир. Бас, уларнинг қилган ишлари беҳуда кетгандир. Демак, Биз қиёмат кунида уларнинг амаллари учун ҳеч қандай вазнни қоим қилмаймиз.
106.Куфр келтирганлари ҳамда оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир!
107.Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилган зотлар учун Фирдавс жаннати манзил бўлади.
108.Улар, у ерда абадий қолувчидирлар, ундан бошқа жойга кўчишни истамайдилар.
109.Эй Расулим, уларга: “Агар денгиз суви Роббимнинг илму ҳикмат сўзларини ёзиш учун сиёҳ бўлса ва ҳатто яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Роббимнинг сўзлари тугашидан олдин, денгиз сувлари тугаб қолар эди”, – деб айтинг.
110.Эй Муҳаммад, одамларга: “Албатта, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. Фақат менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий қилинмоқда. Бас, кимки қиёматда Роббисига дуч келишидан мулоқотда умидвор бўлса, у ҳолда солиҳ амал қилсин ва Роббисига ибодат қилишда ҳеч кимни Унга шерик қилмасин!” – деб айтинг.

