1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Tag'obun сураси

Madinaда нозил бўлган.

28-жуз,64-сура,18 оятдан иборат

1.Осмонлардаги ва Ердаги барча нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. Ҳукмронлик фақат Уникидир ва ҳамд ёлғиз Унга хосдир. У ҳар нарсага қодир Зотдир.

2.У сизларни яратган Зотдир. Бас, сизлардан баъзиларингиз кофир ва сизлардан баъзиларингиз мўминдир. Аллоҳ барча қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.

3.У осмонлар ва Ерни ҳақ ҳикмат билан яратди ва сизларга сурат берди шу билан бирга суратларингизни гўзал қилди. Қайтиш фақат Унинг ҳузуригадир.

4.У осмонлар ва Ердаги барча нарсани билади. Аллоҳ кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.

5.Эй Макка кофирлари, сизларга олдин куфр келтириб, сўнг шу дунёдаёқ ўз ишларининг зиёнини тотган кимсаларнинг хабари келмадими?! Яна уларга охиратда аламли азоб ҳам бордир.

6.Бунга сабаб, уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатларни келтирганларида, улар: “Бизларни ўзимизга ўхшаган башар фарзандлари ҳидоят қиладиларми?!” – деб, куфр келтирганликлари ва иймондан юз ўгириб кетганларидир. Шунда Аллоҳ беҳожат эканини кўрсатди. Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга лойиқ – Ҳамид Зотдир.

7.Куфр келтирган кимсалар ўзларини ҳеч қачон қайта тирилмаймиз, деб гумон қилдилар. Эй Муҳаммад, уларга: “Йўқ! Роббимга қасамки, албатта, қайта тирилтириласизлар, сўнгра, албатта, сизларга қилган барча амалларингизнинг хабари берилади. Бу иш Аллоҳга осондир”, – деб айтинг.

8.Бас, сизлар Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва Биз нозил қилган нурга иймон келтиринглар. Аллоҳ барча қилаётган амалларингиздан хабардордир.

9.Аллоҳ сизларни тўплайдиганжамланиш кунини эсланглар! Бу одамлар ўзаро алданиб қоладиган кундир. Кимки Аллоҳга иймон келтирган ва яхши амал қилган бўлса, Аллоҳ унинг ёмонликларини ўчиради ва уни остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий қолинадиган жаннатларга киритади. Бу эса улкан мукофотдир.

10.Куфр келтирган ва оятларимизни инкор қилган кимсаларана ўшалар дўзах аҳли бўлиб, у ерда мангу қолувчидирлар. У қандай ҳам ёмон борар жойдир.

11.Инсонга бирор мусибат етган бўлса, албатта, у Аллоҳнинг изни билан етади. Кимки иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилади. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.

12.Аллоҳга итоат қилинглар ва Пайғамбарга бўйсунинглар. Бас, агар итоатдан юз ўгирсангиз, у ҳолда билингки, Бизнинг пайғамбар зиммасида фақат ваҳийларимизни сизларга аниқ етказиш бор, холос.

13.АллоҳУндан ўзга илоҳ йўқдир. Бас, мўминлар фақат Аллоҳга таваккул қилсинлар.

14.Эй иймон келтирганлар, албатта, хотинларингиз ва фарзандларингиздан сизларга душман чиқадиганлари ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар! Агар сизлар уларни афв қилсангизлар, хуш муомала қилсангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ ҳам мағфиратли ва раҳмлидир.

15.Мол-давлатларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир. Аллоҳнинг ҳузурида эса улкан ажр бордир.

16.Бас, қўлингиздан келганича Аллоҳга тақво қилинглар, насиҳатга қулоқ тутинг, итоат қилинг ва муҳтожларга эҳсон қилинглар. Мана шу ўзингиз учун яхшироқдир. Кимки ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, бас, айнан ўшалар зафар топувчилардир.

17.Агар сизлар Аллоҳ йўлига муҳтожларга “қарзи ҳасанаберсангиз, У сизларга уни бир неча баробар қилиб қайтаради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ кўплаб савоб берувчи – Шакур ва бандаларига меҳрибон – Ҳалим Зотдир.

18.Аллоҳ махфий ва ошкора ишларни билувчи, қудрат ва ҳикмат соҳибидир.