1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Hadid сураси

Madinaда нозил бўлган.

27-жуз,57-сура,29 оятдан иборат

1.Осмонлар ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

2.Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Уникидир. У тирилтиради ва ўлдиради. У барча нарсага қодир Зотдир.

3.У Аввал, Охир, Зоҳир ва Ботиндир. У барча нарсани билувчидир.

4.У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз илми ва қудрати билан Аршни эгаллаган Зотдир. У ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган яхши амал ва дуоларни ҳам билади. Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ барча қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.

5.Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Уникидир. Барча ишлар фақат Аллоҳга қайтарилади!

6.У кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. У кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.

7.Эй инсонлар, Аллоҳга ва унинг пайғамбари Муҳаммадга иймон келтиринглар ҳамда У сизларни вақтинча халифа қилиб қўйган бойликларингиздан эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилган кимсалар учун катта мукофот бордир.

8. Агар сизлар иймон келтирувчи бўлсангизҳолбуки, пайғамбар сизларни Роббингизга иймон келтиришга чақириб турибди, аҳду паймонингизни олгач, нима учун сизлар Аллоҳга иймон келтирмаяпсизлар?!

9.У Ўз бандаси Муҳаммадга сизларни жаҳолат зулматларидан иймон нурига олиб чиқиши учун аниқ оятларни нозил қиладиган Зотдир. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларига шафқатли Раъуф ва марҳамати кенг бўлган Раҳим Зотдир.

10.Нима учун сизлар Аллоҳ йўлида эҳсон қилмаяпсизлар?! Ҳолбуки, осмонлар ва Ернинг мероси ёлғиз Аллоҳникидир! Сизлардан Макка фатҳ бўлишидан аввал эҳсон қилган ва кофирларга қарши урушган кишилар фатҳдан кейин эҳсон қилган ва урушганлар билан баробар бўлмайди. Улар кейин эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал жаннат ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган барча амалларингиздан хабардордир.

11.Аллоҳга Унинг йўлида “қарзи ҳасана” эҳсон қиладиган киши борми?! Аллоҳ ўша кишига бир неча марта кўпайтириб қайтаради. Унинг учун яна шарафли мукофот ҳам бордир.

12.Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида қилган яхши амал нурлари йўлларини ёритиб кетаётганини кўрадиган кунни эсланг! Ўша кунда уларга: “Сизлар учун бугунги хушхабаростидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу қолинадиган жаннатлардир. Ана шу катта ютуқдир!” – дейилади.

13.У кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган кимсаларга қараб: “Тўхтаб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик”, – десалар, уларга: “Ортингизга қайтиб нур истанглар”, – дейилади. Кейин улар билан мўминлар ўртасида дарвозали бир девор урилади. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида эса азоб бўлади.

14.Улар мўминларга: “Биз дунёда сизлар билан бирга эмасмидик”, – деб нидо қилганларида, мўминлар: “Ҳа, лекин сизлар ўзларингизни фитнага солдинглар ва бизларга мусибат етишига кўз тутдинглар ҳамда динимиз тўғрисида гумонда бўлдинглар ва Аллоҳнинг амри бўлган ўлим келгунча хомхаёллар сизларни алдаб юрди. Сизларни Аллоҳ ҳақида ёлғончи шайтон ҳам алдаб қўйди” – дейдилар.

15.Мана бугун сиз мунофиқлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам азобдан қутулишларингиз учун тўлов олинмайди. Жойларингиз дўзахдир! У сизларнинг муносиб жойингиздир! У қандай ҳам ёмон борар жой!

16.Иймон келтирган кимсалар учун қалблари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ Қуръонга мойил бўлиш вақти келмадими?! Яна улар учун илгари китоб берилган, сўнг улар билан пайғамбарлари ўртасидаги муддат узайиб кетгач, диллари қотиб кетган яҳудий ва насронийлар каби бўлиб қолмаслик вақти келмадими?! Улардан кўплари фосиқдирлар!

17.Эй мўминлар, билингларки, албатта, Аллоҳ сувсизликдан қақраб ётган ерни ўлимидан кейин тирилтиради. Ақл юритишингиз учун сизларга қудратимизга далолат қиладиган оятларни батафсил баён қилдик.

18.Албатта, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар ҳамда Аллоҳгақарзи ҳасанаберганлар учун савоблари бир неча баробар кўп қилиб қайтарилади ва улар учун яна шарафли мукофот бордир.

19.Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтирган кишилар ана ўшалар сиддиқлардир ва Робблари ҳузуридаги шоҳидлардир. Улар учун охиратда мукофотлари ва йўлларини ёритувчи нурлари бўлади. Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар эса – улар дўзах эгаларидир.

20.Эй инсонлар, билингларки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. У бамисоли бир ёмғирки, унинг сабабидан униб чиққан гиёҳ кофирларни таажжубга солади. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у хас-чўпга айланиб қолади. Охиратда эса ким учундир қаттиқ азоб, ким учундир Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матосидир.

21.Эй инсонлар, Роббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган кимсалар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилинглар! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато қилади. Аллоҳ буюк фазл соҳибидир.

22.Ер юзида ёки ўзларингизда бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари китобда ёзилган бўлади. Албатта, бу Аллоҳга осондир.

23.Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага ачинмайсизлар ва Аллоҳ берган нарса билан шодланиб кетмайсизлар. Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни севмайди.

24.Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахилликка буюрадиган кимсалардир. Ким бахиллик қилиб эҳсон қилишдан юз ўгирса, бас, Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга сазовар – Ҳамид Зотдир.

25.Биз пайғамбарларимизни далиллар билан юбордик ва улар билан бирга китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Яна, Биз темирни туширдик унда катта куч ва одамлар учун кўплаб манфаатлар бордир. Аллоҳ Ўзига ва пайғамбарларига Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан ғойибона ёрдам берадиган кишиларни билиш учун ҳам темирни яратди. Албатта, Аллоҳ ҳаммадан кучли бўлган – Қовий ва иззати улуғ – Азиз Зотдир.

26.Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва китобни ҳам икковининг зурриётларига ато қилдик. Бас, уларнинг орасида ҳидоят топувчи кишилар ҳам бор, аммо уларнинг орасида аксарияти фосиқлардир.

27.Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Марям ўғли Исони ҳам уларнинг ортидан юбордик ва унга Инжилни бердик ҳамда унга эргашган кимсаларнинг қалбларида меҳрибонлик ва шафқат пайдо қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз бу роҳибликни уларга ёзмаган эдик. Лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб роҳиблик қилдилар-у, сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирган кимсаларга мукофотларни ато қилдик. Аммо уларнинг орасида аксарияти фосиқдирлар.

28.Эй Исога иймон келтирган кимсалар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг пайғамбари Муҳаммадга ҳам иймон келтиринглар. Шунда У зот сизларга Ўз раҳматидан икки баробар ато этади ва сизларга қиёматда олдингизда юрадиган бир нур пайдо қилади ҳамда сизларни мағфират қилади. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи Ғофур ва марҳамати кенг бўлган Раҳим Зотдир.

29.Аҳли китоблар ўзлари Аллоҳнинг фазлидан бирор нарсага етишга қодир бўла олмасликларини ва фазл Аллоҳнингқўлида бўлиб, уни фақат Ўзи хоҳлаган кишиларга ато қилишини билишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир.