1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Baqara сураси

Madinaда нозил бўлган.

1-жуз,2-сура,286 оятдан иборат

1.Алиф, Лом, Мим.

2.Ҳақ эканлигида унда ҳеч қандай шубҳа бўлмаган ушбу китоб, Аллоҳдан қўрқувчи тақводор кимсалар учун тўғри йўлга бошловчи ҳидоят манбаидир.

3.У тақводор кимсалар ғойибдан келган хабарларга иймон келтирадиган ва барча намозларни тўлиқ адо этадиган ҳамда Биз уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан муҳтож одамларга нафақа, эҳсон ва садақа қиладиган кимсалардир.

4.Ҳамда у иймонли кимсалар сиз Муҳаммадга туширилган Қуръонга ва сиздан олдинги пайғамбарлар учун нозил қилинган китобларга ҳам иймон келтирадилар. Шунингдек, улар охират кунига ҳам аниқ ишонадилар.

5.Ана ўша иймонли кимсалар Роббилари тарафидан берилган ҳидоят йўлидалар ва айнан уларгина охиратда нажот топувчилардир.

6.Эй Расулим, албатта, куфр келтирган кимсаларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирсангиз ҳам ёки огоҳлантирмасангиз ҳам уларга барибир фойдаси йўқ, улар шунда ҳам иймон келтирмайдилар.

7.Аллоҳ кофирларнинг қалблари ва қулоқларига инкор қилганлари туфайли муҳр уриб қўйган. Ҳамда кўзларига ғафлат пардаси тортилган бўлиб, ҳақиқатни кўра олмайдилар. Қиёматда улар учун улкан азоб тайёрлаб қўйилгандир.

8.Инсонлар орасида ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда ёлғондан, “Биз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик”, – дейдиган кимсалар ҳам бор.

9.Мунофиқлар бу сўзлари билан Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Лекин сезмаган ҳолларида фақатгина ўзларини алдайдилар.

10.Уларнинг қалбларида мунофиқлик иллати бўлган маънавий касаллик бордир. Аллоҳ эса мунофиқларнинг қилмишларига яраша бу касалликни янада орттирди. Иймон келтирдик деб, ёлғон айтаётганлари туфайли охиратда уларга аламли азоб тайёрлаб қўйилгандир.

11.Агарда у мунофиқларга: “Ер юзида бузғунчилик қилманглар!” – деб айтилса, мунофиқлар: “Бизлар, фақат одамлар орасини тузатувчи кимсалармиз”, – дейдилар.

12.Огоҳ бўлинг, эй мўминлар, айнан уларнинг ўзлари фасод тарқатувчи кимсалардир. Лекин ўзлари бузғунчи эканликларини сезмайдилар.

13.Қачонки уларга: “Одамлар иймон келтирганидек сизлар ҳам иймон келтиринглар”, – деб айтилса, улар: “Биз ақли паст кимсалар иймон келтирганига ўхшаб иймон келтирамизми?” – деб айтадилар. Яна бир бор огоҳ бўлингизки, айнан уларнинг ўзлари калтафаҳм кимсалардир. Лекин аҳмоқ эканликларини ўзлари билмайдилар.

14.Улар қачонки иймон келтирган кимсаларга дуч келсалар: “Биз ҳам иймон келтирдик”, – дейдилар. Борди-ю шайтонлари бўлган мунофиқ йўлбошчилари билан бирга холи қолган чоғларида: “Биз сизлар билан биргамиз, иймон масаласига келсак, фақатгина биз мўминларнинг устидан кулиб, мазах қилувчилармиз”, – дейдилар.

15.Аксинча, Аллоҳ уларнинг бу қилмишлари туфайли истеҳзо қилади. Ҳамда бу дунёда уларни ҳаддан ошишлари ва туғёнларида тентираб юришларига бир муддат қўйиб беради.

16.Ана у мунофиқлар ҳидоят ўрнига залолат йўлини сотиб олган кимсалардир. Шундай экан, уларнинг бу беҳуда олди-бердилари фойда келтирмади ва улар тўғри йўлни топувчи ҳам бўлмадилар.

17.У мунофиқларнинг мисоли худди тунда олов ёққан одамга ўхшайди. Олов энди унинг атрофини ёрита бошлагач, Аллоҳ бирдан ўтни ўчириб, ёруғлигини кетказади. Шундан сўнг уларни зулматларда ҳеч нарсани кўролмайдиган ҳолатга ташлаб қўяди.

18.Улар маънавий жиҳатдан кардирлар ҳақни эшитмайдилар, соқовдирлар ҳақиқатни гапира олмайдилар ва кўрдирлар очиқ далилларни кўрмайдилар. Энди улар ҳидоят йўлига қайтмайдилар.

19.Ёки уларнинг ҳолати бамисоли даҳшатли чақмоқ, момақалдироқ ва қоронғиликлар ичра осмондан шаррос ёққан ёмғирга дуч келиб қолган одамга ўхшайди. Ўлим қўрқуви сабабли яшиннинг гулдурос овозини эшитмаслик учун бармоқларини қулоқларига тиқиб оладилар. Аллоҳ эса Ўз илми билан кофирларни ҳар томондан ўраб олувчидир.

20.Чақмоқ гўё мунофиқларнинг кўзларини олиб қўйгудек эди. Қачонки чақмоқ уларга бир дам атрофни ёритса, у ерда бироз илдамланишар, такрор уларнинг тепаларини зулмат қопласа, жойларида тўхтаб туришарди. Агар Аллоҳ хоҳласа эди уларнинг қулоқ ва кўзларини чақмоқ туфайли йўқ қилиб кетказиб қўяр эди. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган – Қодир Зотдир.

21.Эй одамлар, сизларни ҳам сизлардан олдинги қавмларни ҳам яратган Роббингизга ибодат қилинглар. Шояд, шунда Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилсангизлар.

22.У сизларга ҳаёт кечиришингиз учун Ерни тўшак, осмонни том каби бино қилган ҳамда осмондан сув ёғдирган, кейин у сув туфайли сизларга ризқ бўлсин деб турли мевалар ундириб чиқарган Зотдир. Шундай экан, бас, сизлар билиб туриб бошқа сохта маъбудларни Аллоҳга тенг қилманглар.

23.Агар қулимиз Муҳаммадга Биз нозил қилган Қуръондан гумонда бўлсангиз, қани, унда сиз ҳам унга ўхшаш бирор бир сура келтириб кўринг. Бунинг учун Аллоҳдан ўзга шоҳидларингизни ҳам ёрдамга чақираверинглар. Агар чиндан ҳам ростгўйлардан бўлсангиз, шундай қилиб кўринглар-чи?!

24.Борди-ю қилолмасангиз, шундоқ ҳам ҳеч қачон қилолмайсизлар-да, у ҳолда дўзах оловидан қўрқинглар. Дўзахнинг ёқилғиси одамлар ва тошлардан ясалган бутлар билан тўла бўлиб, кофирлар учун тайёрлаб қўйилгандир.

25.Эй Муҳаммад, иймон келтирган, яхши амаллар қилган кимсалар учун ҳақиқатан, тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлар муҳайё экани ҳақида хушхабар беринг. Ҳар гал у ердан бир мева уларга ризқ қилиб берилса: “Ахир дунёда бундай ризқ бизга олдин ҳам берилган эди-ку?” – дейдилар. Уларга, фақатгина у меванинг кўриниши ўхшаш қилиб берилган холос. Ҳамда у жаннат аҳллари учун у ерда покиза жуфтлар бордир ва улар жаннатда мангу қоладилар.

26.Аллоҳ чивин ёки яратилиш жиҳатдан ундан-да устунроқ нарсаларни мисол тариқасида келтиришдан уялиб, тортиниб ўтирмайди. Албатта, иймон келтирган кимсалар бу оятларни Роббиларидан ҳақ бўлиб келган деб биладилар. Аммо куфр келтирган кимсалар эса гумроҳлик қилиб: Аллоҳ бу мисол билан нима дейишни хоҳлайди?” дейдилар. Аллоҳ бу масалларни келтириш билан иймон келтирмаганлари учун кўпчиликни адаштириб залолатга кетказади ҳамда кўпчиликни шу сабаб билан тўғри йўлга етаклайди. Лекин Аллоҳ бу мисоллар билан фақат фосиқ кишиларни йўлдан адаштиради.

27.У фосиқлар шундай кимсаларки, Аллоҳга берган аҳдини қатъий иқрордан кейин бузадилар, Аллоҳ боғланишига буюрган исломий-ахлоқий, қариндош-уруғчилик, дўстлик каби ришталарни узадилар ва Ер юзида фасод тарқатиб юрадилар. Ана шундай кимсалар зиён кўрувчилардир.

28.Сизлар олдин йўқ бўлиб, ўлик эканлигингизда сизга ҳаёт ато этган, сўнгра яна жонингизни олиб, вафотингиздан кейин қайта тирилтирадиган, сўнгра яна Унинг ҳузурига қайтариладиган Аллоҳни қандай қилиб инкор қиласизлар?!

29.У Ер юзидаги барча нарсаларни сиз инсонлар учун яратган, сўнгра самога юзланиб, уларни етти қават осмон қилиб тиклаган Зотдир. У барча нарсани ҳикматини билиб турувчи Зотдир.

30.Эй Расулим, Роббингиз фаришталарга қарата: “Мен Ер юзида Одамни халифа қилмоқчиман”, – деганида, фаришталар: “У ерда бузғунчилик қиладиган, ноҳақ қон тўкадиган кимсаларни халифа қилиб яратасанми? Шундоқ ҳам биз Сенга ҳамд ва саноинг билан тасбеҳ айтиб ва Сени муқаддас деб биламизку”, – деб айтганлар. Шунда Аллоҳ: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан”, – деди.

31.Аллоҳ Одамни яратгач, унга барча нарса номларини ва хусусиятларини ўргатди. Сўнгра у нарсаларни фаришталарга кўрсатиб: “Модомики, ростгўй бўлсангиз, қани, мана бу нарсаларнинг исмлари ва хусусиятларини менга айтиб беринглар-чи?” – деди.

32.Фаришталар: “Эй барча нуқсонлардан пок Зот, биз фаришталарда Сен ўргатгандан бошқа илм йўқдир”, – деб айтдилар. Албатта, Сен ҳамма нарсани билувчиАълим ва ҳикмат соҳиби бўлган – Ҳаким Зотсан.

33.Шундан кейин Аллоҳ: “Эй Одам, қани, фаришталарга у нарсаларнинг номларини бирма-бир айтиб бер-чи!” – деди. Одам фаришталарга уларнинг исмлари ҳақида хабар бергач, Аллоҳ фаришталарга қарата: “Албатта, Мен осмонлару Ернинг барча сир-асрорини биламан ҳамда сизлар ошкора қилган ва ичингизда яширган нарсаларингизни ҳам биламан, демаганмидим?” – деди.

34.Эй Муҳаммад, Биз фаришталарга қарата: “Одамга сажда қилинглар”, – деганимизда фаришталар дарҳол сажда қилганларини эсланг. Фақат иблис сажда қилмай бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди.

35.Шундан кейин: “Эй Одам, энди сен ва жуфтинг Ҳавво билан жаннатга жойлашинглар ва у неъматлардан хоҳлаган жойингиздан бемалол тановул қилаверинглар. Фақат мана бу дарахтга яқинлаша кўрманг ва унинг мевасидан еб қўйманглар, акс ҳолда, нафсингизга зулм қилганлардан бўлиб қоласизлар”, – дедик.

36.Бироқ шайтон Одам ва Ҳавво икковини васваса қилиб, ундан тойдирди ҳамда бўлиб турган жойлари жаннатдан чиқарди. Шунда Биз: “Энди бир-бирингизга душман бўлган ҳолда жаннатдан пастга тушинглар. Ер юзида сиз учун ажалингиз келгунча маълум бир вақтгача қароргоҳ, ҳаёт ва манфаат бордир”, – деб айтдик.

37.Шундан сўнг, Одам Роббидан тавба ва итоатга доир сўзларни ва буйруқларни қабул қилиб олди. Аллоҳ эса уни кечирди. Дарҳақиқат, У тавбаларни қабул қилувчи – Таввоб ва бандаларига марҳаматли бўлган – Раҳим Зотдир.

38.Биз: “Энди ҳаммангиз жаннатдан тушинглар. Қачонки сизларга Мен тарафдан ҳидоят бўлмиш дин, китоб ёки пайғамбар келгач, ким юборган ҳидоятимга эргашса, демак, қиёмат кунида уларга ҳеч қандай хавфу хатар бўлмайди ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар”, – дедик.

39.Бироқ куфр келтирган ҳамда оятларимизни инкор қилиб, ёлғонга чиқарган кимсалар эса, дўзах эгалари бўлиб, улар у ерда мангу қолувчилардир.

40.Эй бани Исроил авлодлари, сизларга авваллари инъом этган неъматимни эсга олинглар. Менга берган аҳдга вафо қилинглар, шунда Мен ҳам сизга берган аҳдга вафо қиламан. Ҳамда ёлғиз Мендангина қўрқинглар.

41.Сизларнинг олдингиздаги Таврот ва Инжилни тасдиқловчи қилиб туширганим Қуръонга иймон келтиринглар. Энг биринчилардан бўлиб, унга ишонмасдан куфр келтирувчи бўлманглар. Ҳамда оятларимни ўткинчи дунё манфаати деб, арзимас баҳога алмаштириб сотманглар ва фақат Мендангина қўрқинглар.ни ботилга аралаштирманглар ва ўзингиз уни Аллоҳдан эканлигини билиб турган ҳолда ҳақиқатни одамлардан яширманглар.

42. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва ўзингиз уни Аллоҳдан эканлигини билиб турган ҳолда ҳақиқатни одамлардан яширманглар.

43.Намозни тўлиқ адо қилинглар, закот беринглар ва руку қилувчи мўминлар билан бирга Аллоҳга руку қилинглар.

44.Сизларга нозил қилинган Таврот ва Инжил китобини ўқиб туриб, одамларни яхшиликка чорлайсизлар-у, ўзингизни эсдан чиқарасизларми?! Наҳотки ақлни ишлатмайсизлар?!

45.Аллоҳдан ҳар қандоқ ҳолда ҳам сабр қилиб ва намоз ўқиш билан ёрдам сўранглар. Албатта, у намозни тўлиқ адо этиш қийин бир амалдир. Бироқ намоз ўқиш ёлғиз Аллоҳдан қўрқувчи кимсаларгагина машаққатли иш эмасдир.

46.Сабр ва намозда бардавом кимсалар, албатта, бир кун Роббиларига юзма-юз келишни ва шубҳасиз, яна Унинг ҳузурига қайтиб борувчи эканликларини биладилар.

47.Эй бани Исроил авлодлари, сизларга инъом этган неъматларимни ва бир пайтлар сизларни бошқа қавмларга кўра оламларга устун қилиб қўйганимни ёдга олинглар!

48.Бир нафс эгаси бошқаси учун ҳеч нарса тўлаб беролмайдиган, ҳеч кимдан шафоат қабул қилинмайдиган, қилган гуноҳлари учун бадал олиниб, эвазига озод қилинмайдиган, биров томонидан улар учун ёрдам берилмайдиган қиёмат кунидан қўрқинглар.

49.Эй бани Исроил авлодлари, сизларга бир пайтлар ёмон азобларни раво кўрган, ўғил болаларингизни сўйиб, аёл-қизларингизни бузуқ ниятда фойдаланиш учун ўлдирмай тирик қўйиб юборган золим фиръавн хонадонидан қутқарганимизни эсланглар. Ана ўша пайтдаги бўлиб ўтган ҳодисаларда сизларга Роббингиз томонидан катта бир имтиҳон бўлган эди.

50.Сизлар учун денгизни иккига айириб, ғарқ бўлишдан қутқарганимизни ҳамда фиръавннинг хонадони ва издошларини кўзингиз билан кўриб турганингизда сувга чўктириб юборганимизни ҳам эсга олинглар.

51.Таврот китобини бериш учун Мусо пайғамбар билан Тур деб аталган тоғда қирқ кеча учун ваъдалашганимизни эсланглар. Ундан кейин ўзингизга зулм қилган ҳолда бир бузоқни ибодат қилиш учун илоҳ қилиб олган эдингизлар.

52.Сўнгра ўша ёмон ишлардан кейин ҳам, балки, Менга шукр қиларсизлар деб, сизларни афв этган эдик.

53.Кейин шояд, ҳидоят топасизлар деб, Мусога Таврот китобини ва ҳақ билан ботилни айирувчи Фурқонни ҳам берганимизни эсланглар.

54.Шундан сўнг Мусо ўз қавмига қарата: “Сизлар бир бузоқни илоҳ қилиб олиб, унга сиғиниш билан ўзингизга ўзингиз қаттиқ зулм қилдингизлар. Энди Яратганингизга тавба қилиб, ўз-ўзингизни ўлдиринглар. Бу ишни амалга оширишингиз сизларни йўқдан бор қилувчи Борий Зот наздида яхшироқ бўлар эди”, – деганини ҳам ёдга олинглар. Шундан сўнг, Аллоҳ яна тавбангизни қабул қилиб сизларни кечирди. Албатта, У кечирувчи – Таввоб ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

55.Бўлиб ўтган ҳодисаларга қарамай яна: “Эй Мусо, биз Аллоҳни айнан кўз билан кўрмагунимизча сенга асло ишонмаймиз”, – деганингизни ёдга олинглар. Бу гапни айтишингиз билан кўз ўнгингизда сизларни ҳалок қилувчи яшин урган эди.

56.Балки, энди шукр қиласизлар деб, яшин таъсиридан ўлганингиздан кейин ҳам сизларни яна қайта тирилтирдик.

57.Сизлар жазирама иссиқдан сақланишингиз учун булутни устингизга соябон қилдик. Осмондан сизларга ширинлик ва беданалар тушириб: “Ризқ қилиб берган тоза нарсаларимиздан енглар”, – дедик. Бани Исроил авлодлари Бизга зулм қилмадилар, балки, ўзларига зулм қилган эдилар.

58.Ўшанда Биз: “Байт ул-Мақдисдаги шу қишлоққа кириб боринглар ва у ердаги хоҳлаган нарсалардан бемалол тановул қилаверинглар. Дарвозадан эса сажда қилган ҳолда киринглар ва кириб боришда “Ҳитта – Роббим бизни афв эт”, – деб айтинглар, шунда хатоларингизни кечирамиз ва яхшилик қилувчи муҳсин кимсаларга неъматларимизни зиёда қилиб берамиз”, – деганимизни ҳам эсланглар.

59.Аммо нафсларига зулм қилган кимсалар уларга айтилган сўзни бошқачасига алмаштириб айтдилар. Шундан сўнг золим кимсалар устига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан даҳшатли бало ёғдирдик.

60.Эй бани Исроил авлодлари, Мусо ўз қавми учун сув талабида бўлганида, “асонг билан тошга ургин”, – деганимизни эсга олинглар. Ўшанда ундан ўн иккита булоқ отилиб чиққан эди. Шундан сўнг ўн икки қабиланинг ҳар бир одамлари ўзларининг сув ичадиган жойларини билиб олдилар. Аллоҳ ато этган ризқидан еб-ичинглар ва Ер юзида фасод тарқатувчилардан бўлиб, бузғунчилик қилманглар.

61.Шунча мўъжизаларга қарамай Мусога қарата: “Эй Мусо, фақат бир хил таомга сабр қилиб, тоқат қилолмаймиз. Биз учун Роббингга дуо қилиб сўра, энди У бизга Ер ундириб чиқарадиган нарсалардан ҳам, яъни сабзавот, бодринг, саримсоқ, мош, пиёз кабиларни чиқариб берсин”, – деганларингизни эсланглар. Шунда Мусо қавмига қараб: “Хайрли бўлган нарсани паст нарсага алмаштиришни хоҳлайсизларми?! Унда, ҳар қандай бир шаҳарга тушинг у ерда шундоқ ҳам сиз сўраган нарсаларингиз бор!” – деган эди. Бани Исрол авлодларининг бу қилмишлари учун уларга хорлик ва зорлик тамғаси урилди ҳамда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга эса, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари сабаб бўлди. Яна бир сабаби эса, уларнинг исён қилганлари ва ҳаддан ошганлари эди.

62.Шубҳасиз, иймон келтирган кимсалар, яҳудий динида бўлганлар, насроний динида бўлганлар ҳамда собиийлар деб аталган эътиқодда бўлганлардан, кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бўлсалар, улар учун Роббилари тарафидан ажрлари бордир. Ундай зотлар учун охиратда ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.

63.Эй бани Исроил авлодлари, Биз сиздан аҳду паймонингизни олган ва устингизда Тур тоғини муаллақ кўтариб туриб: “Келтирган Таврот китобимизни амал қилган ҳолда қаттиқ ушланглар ва ундаги бор ҳукмларни ёдингизда тутинглар, шояд, шунда Аллоҳдан қўрқсангизлар”, – деганимизни эсланглар.

64.Сизлар эса шундан кейин ҳам аҳдингиздан юз ўгириб кетдингиз. Агарда сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда эди, шубҳасиз, зиён кўрувчилардан бўлиб қолар эдингиз.

65.Эй бани Исроил авлодлари, дарҳақиқат, сизлардан шанба кунида имтиҳон тариқасида берилган синовларга қарши чиқиб ҳаддан ошганлар аҳволини ҳам яхши билгансизлар. Шунда Биз уларга: “Хору зор маймунларга айланиб қолинглар”, – деган эдик.

66.Биз бу маймунга айланиш ҳодисасини ўша вақтдаги замондошларига ва келажакдаги келувчи умматларга ибратомуз бир жазо ҳамда Аллоҳдан қўрқувчи кимсалар учун ваъз-насиҳат манбаи қилдик.

67.Мусо ўз қавмига қарата: “Аллоҳ сизларга бир сигирни сўйишни амр қилмоқда”, – деганини эсланглар. Шунда Мусо пайғамбарнинг қавми: “Нима, бизни мазах қиляпсанми?!” – дегандилар. Мусо эса уларга жавобан: “Жоҳил кимсалардан бўлиб қолишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, – деб айтган эди.

68.Кейин улар: “Роббингга дуо қилиб сўра, у сигирнинг қандайлигини бизларга баён қилсин”, – дедилар. Шунда Мусо: “У Зотнинг амр қилишича, сигир на қари ва на жуда ёш, шу иккиси оралиғидаги ўртача бир сигир бўлсин”, – деб айтди. Сўнгра Мусо: “Бас, энди сизга амр қилинган ишни қила қолинглар”, – деди.

69.Улар яна савол беришда давом этиб: “Роббингга дуо қилиб сўра, у сигирнинг ранги қандай эканини бизларга баён қилсин”, – дедилар. Мусо эса: “У Зотнинг айтишича, у сигир сап-сариқ ва кўрганларни кўзини қувонтирадиган, ялтироқ рангли бўлсин”, – деб айтди.

70.Улар яна саволларида давом этган ҳолда: “Роббингга дуо қилиб сўра, у сигирнинг яна қандай эканини бизларга яхшилаб баён қилсин. Бизлар учун бу каби сигирлар бир-бирига ўхшаш бўлиб кетяпти. Сигирнинг қандайлиги ҳақида аниқ тушунолмадик”, – дедилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, шундан кейин биз, албатта, бу ишни қилишда тўғри йўлни топганлардан бўламиз.

71.Охири Мусо ўз қавмига қарата: “У Зотнинг амр қилишича сигир, ер ҳайдаш, сув ташиб экин суғориш учун бўйнига арқон тортилиб эгилмаган, бенуқсон ва танасида доғи бўлмаган бир сигир бўлсин”, – деди. Шундан сўнггина у ердаги қавм ночор: “Ана энди барча маълумотни тўғрисини келтирдинг”, – деб айтдилар. Бундай сифатга эга сигирни базўр топиб, уни сўйдилар. Оз қолса, бу ишни қила олмас эдилар.

72.Эй бани Исроил авлодлари, ичингиздан бир шахсни ўлдириб қўйиб, у ҳақида тортишганингизни эслаб кўринглар. Аллоҳ эса, беркитиб юрганларингизни ўртага чиқарувчи Зотдир.

73.Кейин Биз: “Энди сўйилган у сигирнинг бирор бир бўлаги билан ўлдирилган жасадга уринглар”, – дедик. Жасадга жон кириб, қотил ким эканлигини айтди. Худди шу каби, Аллоҳ ўликларни қайта тирилтиради ва сизларга ақл юритишингиз учун мўъжиза ва оятларини кўрсатмоқда.

74.Мана шу мўъжизаларни кўргандан кейин ҳам қалбларингиз қаттиқ бўлди. У кўнгилларингиз тошдек ҳатто ундан ҳам қаттиқроқдир. Чунки тошлардан шундайлари борки, ундан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари ҳам борки, ёрилиб ундан сув чиқади ва яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан думалаб юқоридан пастга қулайди. Аллоҳ сизлар қилаётган ишларингиздан бехабар эмасдир.

75.Эй мусулмонлар, бани Исроил авлодларини сизларга ишонишига умид қиляпсизларми?! Дарҳақиқат, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшита туриб, уни фаҳмлаб олганларидан кейин ҳам, ўзлари билиб туриб, атайин уни ўзгартирар эдилар.

76.Агарда яҳудийлар иймон келтирган кимсаларга дуч келиб қолсалар: “Биз ҳам иймон келтирдик”, – деб айтадилар. Борди-ю бир-бирлари билан ёлғиз қолсалар: “Аллоҳ сизларга Тавротда Муҳаммаднинг пайғамбарлиги ҳақида маълум қилиб, очиб қўйган ҳақиқатларни Роббингиз ҳузурида у далиллар билан сизларга қарши ҳужжат келтиришлари учун мусулмонлар билан гаплашяпсизларми?! Ахир озгина ақл ишлатмайсизларми?” – дейдилар.

77.Ахир Аллоҳ уларнинг пинҳона ва ошкора қилган ишларини аниқ билувчи Зот эканини билмайдиларми?

78.Уларнинг орасида Таврот китобини билмайдиган, фақат хомхаёллар қиладиган саводсизлари ҳам бор. Улар гумонларга кўра ҳаракат қиладилар холос.

79.Ўткинчи дунё манфаатига алданиб арзимас баҳоларга сотиш учун ўз қўллари билан китоб ёзиб олиб, кейин эса уни “Бу китоб Аллоҳ томонидан нозил бўлган”, – дейдиган кимсаларнинг ҳолига вой бўлсин. Ўз қўллари билан ёзган китоблари ҳам, бундай жирканч касбдан топган фойдалари оқибати ҳам ўзларига ҳалокатдир.

80.Яҳудийлар: “Бизларга дўзах азоби саноқли кунлардагина тегади”, – дейдилар. Эй Муҳаммад, уларга: “Нима, сиз Аллоҳ тарафидан бу ҳақда қандайдир аҳд-паймон олганмисиз?!” – деб айтинг. Зеро, Аллоҳ аҳдига сира хилоф қилмайди. Ёки сизлар Аллоҳ шаънига ўзингиз билмайдиган нарсаларни гапиряпсизларми?!

81.Йўқ, асло ундай эмас! Кимда-ким ёмонликни ўзига касб қилса ва қилаётган хатолари уни ҳар томондан қамраб олса, ана ўша кимсалар дўзах эгаларидир. Улар у ерда мангу қолувчилардир.

82.Аммо иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган кимсалар эса, айнан ўшалар жаннат эгаларидир. Ҳамда улар у ерда абадий қолувчилардир.

83.Бир пайтлар бани Исроил авлодларидан, “Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайсиз, ота-онага, қавм-қариндошга, етим-есирларга ва мискинларга яхшилик қиласизлар ҳамда одамларга мулойим бўлиб, чиройли гаплар айтасизлар, намозни тўлиқ адо этасизлар, закот берасизлар”, – деб аҳд олган эдик. Сиз бу аҳдлашувдан кейин юз ўгириб кетдингиз, фақат сиздан озгина қисмингиз аҳдига вафо қилди. Сизлар ҳалигача ҳақиқатдан юз ўгирувчи кимсаларсиз.

84.Шу билан бирга, бани Исроил авлодларидан, “Ноҳақ қонингизни тўкмайсиз, бир-бирингизни юртларингиздан қувиб чиқармайсиз”, – деб аҳду паймонингизни олганимизни ёдга олинглар. Кейин эса ўзингиз бу аҳдга гувоҳлик бериб, унга иқрор бўлган эдингиз.

85.Кейин эй бани Исроил авлодлари, сизлар шундай кимсаларсизки, бир-бирингизни ўлдирасизлар, ўзингиздан бўлган бир гуруҳни юртларидан ҳайдаб чиқариб юборасизлар ва уларга қарши гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қиласизлар. Борди-ю у гуруҳдагилар сизга асир тушиб келсалар, улардан товон олиб қўйиб юборасизлар. Ваҳоланки, уларни ҳайдаб чиқариш сизларга ҳаром қилинган эди. Ёки сиз Таврот китобининг баъзи бир қисмига ишониб, баъзи бир қисмига ишонмай куфр келтирасизларми?! Сизлардан бу ишни қилган кимсанинг жазоси дунё ҳаётида, фақат расволик кўришдир. Қиёмат кунида эса энг шиддатли азобга дучор қилингайдирлар. Аллоҳ сиз қилаётган ишлардан бехабар ғофил эмасдир.

86.Ана шундай золим кимсалар абадий охиратни унутиб, унинг ўрнига ўткинчи дунё ҳаётини сотиб олгандирлар. Модомики шундай экан, улардан азоб енгиллатилмайди ҳамда уларга охиратда жазодан қутулиш учун ёрдам берилмайди.

87.Ҳақиқатан, Биз Мусога Таврот китобини бердик ва унинг ортидан кетма-кет пайғамбарларни юбордик. Марям ўғли Исога очиқ-ойдин мўъжизалар, ҳужжатлар бердик ҳамда уни Руҳ ул-Қудус бўлган Жаброил билан қўлладик. Эй бани Исроил авлодлари, ҳар гал сизларга бир пайғамбар нафсингиз истамаган амрларни олиб келса, такаббурлик қилиб уларнинг бир қисмини ёлғончига чиқариб, яна бир қисмини ўлдираверасизларми?!

88.Яҳудийлар: “Қалбларимиз Ислом учун тўсиб қўйилган”, – дейдилар. Йўқ, ундай эмас, аксинча, Аллоҳ уларнинг куфрлари сабабли лаънатлагандир. Улардан, фақат озчилик иймон келтиради.

89.Вақтики, уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги Тавротни тасдиқловчи бўлган китоб келганида, чунончи ўзлари олдин кофирларга қарши шу Қуръон василаси билан ёрдам сўраб юрардилар. Уларга ўзлари таниган зот бўлмиш Муҳаммад келганида эса, инкор қилиб куфр келтирдилар. Бас, шундай экан, кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!

90.Аллоҳ фазлу карами билан ўз қулларидан истаганига ваҳийни нозил қилганига ҳасад қилиб ва Аллоҳ туширган китобни инкор этишлари билан ўзларини энг ёмон нарса эвазига сотдилар. Шундай қилиб, улар ғазаб устига ғазабга дучор бўлдилар. Кофирлар учун эса хор қилувчи азоб бордир.

91.Агарда яҳудийларга: “Аллоҳ туширган китобга иймон келтиринглар”, – дейилса, Улар: “Биз ўзимизга туширилган Тавротга иймон келтирамиз”, – дейдилар. Уларнинг ёнларидаги Тавротни тасдиқловчи бўлиб келган, кейинги ҳақ китоб бўлмиш Қуръонни эса инкор қиладилар. Эй Муҳаммад, уларга: “Агар Тавротга иймон келтирган бўлсангизлар, унда нега илгари Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирар эдингизлар?” – деб айтинг.

92.Ҳақиқатан, Мусо сизларга очиқ ойдин далил ва оятлар билан келган эди. Аммо сизлар шундан кейин ҳам нафсингизга зулм қилувчи бўлиб, Мусо Тур тоғига кетгандан кейин бузоқ ҳайкалини ўзингизга илоҳ қилиб олдингизлар.

93.Эй бани Исроил авлодлари, Биз сиздан ўша пайт аҳдингизни олгач, устингизда Тур тоғини муаллақ кўтариб туриб: “Биз келтирган Тавротни маҳкам ушланглар ва қулоқ тутинглар”, – деганимизда, улар: “Эшитдик ва исён қилдик”, – деганларини эсланглар. Уларнинг инкорлари сабабли кўнгилларига олтин бузоққа сиғиниш ҳаваси сингдирилди. Эй Муҳаммад, уларга: “Агар сиз шундай иймонли бўлсангиз, унда иймонингиз сизларни нақадар ёмон нарсаларга буюради?” – деб айтинг.

94.Эй Расулим, уларга: “Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри бўлган жаннат бошқа одамларга эмас, холис сиз учун хос бўлса, ҳамда сўзингизда ростгўйлардан бўлсангиз, қани, унда ўзингизга ўлимни бир орзу қилиб кўринглар-чи!” – деб айтинг.

95.Олдин ўз қўллари билан қилган ёмонликлари сабабидан ҳеч қачон у ўлимни орзу қилолмайдилар. Аллоҳ золимларнинг қилмишини билиб турувчи Зотдир.

96.Яҳудийларни очкўзлик борасида ўткинчи ҳаётга мушриклардан ҳам баттар ҳирс қўйган одамлар эканини кўрасиз. Уларнинг баъзи бирлари иложи бўлса, минг йил умр кўришни хоҳлайдилар. Ваҳоланки, у узун умр кўриш билан уни азобдан узоқлаштирувчи эмасдир. Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини кўриб турувчи Зотдир.

97.Эй Муҳаммад, уларга: “Ким Аллоҳнинг фариштаси Жаброилга душман бўлса, у Аллоҳга ҳам душмандир”, – деб айтинг. Албатта, шуни билиб олсинларки, у Жаброил ўзидан аввалги келган китобларни тасдиқловчи, шунингдек, мўминларга ҳидоят манбаи ва хушхабар бўлган Қуръонни Аллоҳнинг изни билан қалбингизга нозил қилгандир.

98.Кимки, Аллоҳга, фаришталарига, пайғамбарларига ҳамда Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, шуни билсинки, Аллоҳ ҳам, албатта, бундай кофирларга душмандир.

99.Эй Расулим, ҳақиқатан, сизга очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик. У оятларни ҳақ эканини, фақат фосиқ кимсаларгина инкор қиладилар.

100.Яҳудийлар қачон бирор бир аҳдлашув устида келишсалар, улардан бир гуруҳ чиқиб у аҳдни бузмадими? Ҳақиқат шуки, уларнинг кўпчилиги иймонга келмайдилар.

101.Қачонки, уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги Тавротни тасдиқловчи Расул келса, китоб берилган кимсалардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китоби Қуръонни гўё ҳеч нарса билмагандек қабул қилмасдан орқаларига улоқтирдилар.

102.Шунингдек, яҳудийлар Сулаймоннинг ҳукмронлиги ва кўрсатган мўъжизалари тўғрисида шайтонларнинг уйдирмаларига ва ўқиб берган сеҳр жодуларига эргашиб кетдилар. Сулаймон асло сеҳр қилиб куфр келтирмаган, аксинча, одамларга сеҳр-жодуни ҳамда Бобил шаҳридаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган илму амаллардан таълим берадиган шайтонлар ва жинлар куфр келтирганлар. Ҳолбуки, у икки фаришта: “Бизлар фақатгина сизлар учун бир синовмиз холос ва бу илм сабабли куфр келтириб қўйма”, – деб айтмагунларича ҳеч кимга у илмдан бирор нарсани ўргатмас эдилар. Бас, яҳудийлар Аллоҳнинг у икки фариштасидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган илму амалларни ўрганар эдилар. Лекин улар бу илм билан Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказувчи бўла олмасдилар. Аслида эса улар ўзларига зарар келтирадиган ва фойда бермайдиган нарсаларни ўрганар эдилар. Улар Аллоҳнинг китобини дунё манфаати учун сеҳр-жодуга алмашиб, уни сотган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқлигини жуда яхши билар эдилар. Охиратдаги улушларидан айрилиб, ўзларини нақадар бир ярамас нарсага сотганларини билсалар эди!

103.Агар чиндан ҳам улар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрққанларида, Аллоҳ тарафидан келадиган савоб ўзлари учун яхшироқ бўларди. Кошки, улар буни билсалар эди.

104.Эй иймон келтирганлар, “роиноэмас, “унзурно”, – деб айтинглар. Ҳамда сизга айтилаётганларга қулоқ солинглар. Кофирлар учун эса аламли азоб бордир.

105.Аҳли китоблардан бўлган яҳудий ёки насронийларнинг кофирлари ҳам, мушриклари ҳам Роббингиз тарафидан сиз мусулмонларга бирор бир яхшилик тушишини хуш кўрмайдилар. Аллоҳ эса раҳматини ўзи хоҳлаган бандасига хос қилиб беради. Аллоҳ буюк фазлу карам эгасидир.

106.Эй Расулим, борди-ю бирор оятни ҳукмини бекор қилсак ёки уни орқага суриб унуттирсак, албатта, унинг ўрнига ундан яхшироғини ёки ҳукмда унга тенг бўлган бошқа оятни келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қудрати етадиган Зот эканини билмадингизми?!

107.Осмонлар ва Ернинг бошқаруви, шубҳасиз, Аллоҳга оид эканини билмадингизми?! Шуни билиб қўйинглар, сизларга Аллоҳдан ўзга бирор бир дўст ва бир ёрдамчи йўқдир.

108.Эй мўминлар ёки сизлар ҳам худди илгари яҳудийлар тарафидан Мусо пайғамбар сўроққа тутилганидек пайғамбарингизни бўлмағур саволларга тутишни хоҳлайсизларми? Билиб қўйинг, ким иймонни куфрга алмаштирса, шубҳасиз, у тўғри йўлдан адашган бўлади.

109.Аҳли китобдан бўлганларнинг кўпчилиги ўзларига ҳақиқат аниқ маълум бўлгандан кейин нафсларида ўрнашган ҳасад туфайли иймон келтирганингиздан кейин сизларни яна куфр ҳолингизга қайтаришни орзу қиладилар. Сизлар эса Аллоҳнинг булар ҳақида амри келгунча кечиринглар ва хатоларидан ўтиб муомала қилиб туринглар. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган Зотдир.

110.Намозни тўлиқ адо этинглар ва закотни беринглар. Ўзингиз учун яхши ишлардан нимаики қилган бўлсангизлар, албатта, унинг натижасини Аллоҳнинг ҳузурида топасизлар. Албатта, Аллоҳ қилаётган ҳар бир ишингизни кўриб турувчи Зотдир.

111.Улар: “Жаннатга, фақат яҳудий ёки насроний динида бўлганларгина кирадилар”, – дейдилар. Бу эса уларнинг хомхаёлларидир. Эй Муҳаммад, уларга: “Агар чиндан ҳам ростгўйлардан бўлсангиз, унда далилингизни келтиринглар”, – деб айтинг.

112.Йўқ, кимда-ким эзгулик қилган ҳолида ўзини Аллоҳга таслим қилса, унинг учун Роббиси ҳузурида мукофоти бордир. Ҳамда уларга охират кунида ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.

113.Яҳудийлар: “Насронийлар динларида ҳақ бўлган нарсада эмаслар”, – деганлар. Худди шунингдек, насронийлар ҳам: “Яҳудийлар динларида ҳақ бўлган нарсада эмаслар”, – деганлар. Ваҳоланки, улар аниқ ҳақиқатни Таврот ва Инжил китобидан тиловат қилар эдилар. Китобдан хабари йўқ, жоҳил, билмайдиган кимсалар ҳам, уларнинг гапига ўхшаш гапни айтганлар. Аллоҳ улар тортишаётган нарсалари ҳақида қиёмат куни ораларида ҳукм қилади.

114.Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр қилинишига тўсқинлик қиладиган ва уларни хароб қилишга ҳаракат қиладиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми?! Аслида улар масжидларга қўрққан ҳолларида киришлари керак эди. Улар учун бу дунёда шармисорлик, охиратда эса улкан азоб бордир.

115.Кунчиқар томон бўлган шарқ ҳам, кунботар томон бўлган ғарб ҳам Аллоҳникидир. Демак, қайси тарафга юзингизни бурсангиз, Аллоҳнинг юзи ўша ердадир. Албатта, Аллоҳ фазли карами кенг – Восиъ ва ҳамма нарсани билувчи – Аълим Зотдир.

116.Яҳудийлар ва насронийлар: “Аллоҳнинг ўғли бор”, – дедилар. Субҳаналлоҳ, Аллоҳ бундай сифатдан покдир. Аксинча, кўклардаги ва Ер юзидаги ҳамма нарса Унинг мулкидир. Барча махлуқотлар Унга қуллик қилиб, бўйин эгувчидир.

117.У осмонлару Ерни йўқдан бор қилувчи Зотдир. Агар бирор ишни қиладиган бўлса, унга, фақат “Бўл!” деса бас, албатта, у бўлади.

118.Билмайдиган нодон кимсалар: “Аллоҳ бизларга тўғридан-тўғри гапирса ёки бизга бирор-бир аломат келса эди”, – дейдилар. Улардан бурунгилар ҳам худди уларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтгандилар. Уларнинг фикру хаёллари, қалблари бир-бирлариникига ўхшайди. Биз барча аломат ва оятларни тўлиқ ишонадиган одамлар учун баён қилиб берганмиз.

119.Эй Расулим, шубҳасиз, Биз сизни ҳақ бўлган дин билан жаннат билан хушхабар берувчи ва охират азобидан огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ҳамда сиз дўзах аҳлининг қилмишлари учун масъул бўлмайсиз.

120.Эй Расулим, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уларнинг динларига, тобе бўлмагунингизча, сиздан асло рози бўлмайдилар. Уларга: “Шубҳасиз, фақатгина Аллоҳнинг ҳидояти тўғри йўлдир”, – деб айтинг. Қасам бўлсинки, борди-ю сизга етиб келган ҳақ маълумотдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам берувчи бўлмайди.

121.Биз уларга берган Таврот ва Инжил китобини бузмай, уни тўғри тиловат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ана ўша зотлар унга, яъни Қуръон ва Муҳаммадга иймон келтирадилар. Кимда-ким уни инкор қилса, демак, ана ўшалар зиён кўрувчилардир.

122.Эй бани Исроил авлодлари, бир пайтлар сизларга берган неъматларимни ва сизларни оламдаги умматлар узра афзал қилиб қўйганимни ёдга олинглар.

123.Ҳеч ким бошқаси учун бирор нарса тўлаб беролмайдиган, қилган гуноҳлари учун ундан бадал олиниб, эвазига озод қилинмайдиган, унга шафоат ҳам фойда бермайдиган, ҳеч ким томонидан уларга ёрдам берилмайдиган кун бўлмиш қиёматдан қўрқинглар.

124.Бир пайтлар Иброҳимни Роббиси бир неча сўзлар ва буйруқлар билан имтиҳон қилганида, уларни батамом адо этганини эсланг. Шунда Аллоҳ: “Албатта, Мен сени одамларга йўлбошчи, имом қилмоқчиман”, – деди. Иброҳим эса: “Зурриётимдан ҳам қиласанми?” – деб сўради. Аллоҳ: “Менинг аҳдим зурриётинг орасидаги золим кимсаларгагина етиб бормайди”, – деди.

125.Эсланг, Аллоҳнинг уйи – Каъбани одамлар учун зиёратгоҳ ва омонлик макони қилиб, Иброҳимнинг турган жойидан намозгоҳ қилиб олинг, дедик. Иброҳим ва Исмоилга: “Менинг уйимни тавоф қилувчилар, эътикофда бўлиб ибодат қилувчилар, руку ва сажда қилувчилар учун покиза тутинглар”, – деб амр қилдик.

126.Ҳамда Иброҳимнинг: “Эй Роббим, бу Макка шаҳрини тинч-омон қилгин ҳамда унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчиларини турли хил мевалар билан ризқлантиргин”, – деганини эсланг. Шунда Аллоҳ таоло: “Куфр келтирганларни ҳам маълум бир вақт ризқдан озгина фойдалантириб, кейин дўзах азобига мубтало қиламан ва у нақадар ёмон жойдир”, – деди.

127.Иброҳим ўғли Исмоил билан биргаликда Аллоҳ уйидан саналмиш Каъбанинг пойдеворини кўтараётиб: “Эй Роббимиз, биздан бу қилаётган амалимизни қабул қилгин. Шубҳасиз, сен ҳамма нарсани эшитувчи – Самиъ ва билувчи – Аълим Зотсан”, – деб айтганларини эсланг.

128.Эй Роббимиз, иккимизни ҳам Сенинг буйруқларингга бўйин эгадиган мусулмонлардан қил ва наслимиздан Сенга таслим бўладиган мусулмон бир уммат чиқар. Бизга Каъбадаги ибодат усулларимизни кўрсат ҳамда тавбамизни қабул айла. Албатта, Сен тавбаларни қабул қилувчи – Таввоб ва марҳаматли бўлган – Раҳим Зотсан.

129.Эй Роббимиз, у умматларнинг орасидан оятларингни ўқиб берадиган, уларга китоб ва ҳикматни ўргатадиган ҳамда уларни гуноҳлардан тозалайдиган бир элчини юбор. Шубҳасиз, Сен иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотсан.

130.Ўз қадрини пастга урган кишигина Иброҳимнинг динидан юз ўгиради. Албатта, Биз дунёда Иброҳимни пайғамбар қилиб танлаб олдик ҳамда, шубҳасиз, у охиратда солиҳ бандалардандир.

131.Вақтики, Роббиси унга: “Аллоҳга таслим бўл!” – деганида, Иброҳим: “Барча оламлар Роббисига таслим бўлдим”, – деганини, хотирланг.

132.Иброҳим пайғамбар ўғилларига, ундан кейин келган Яъқуб пайғамбар ҳам фарзандларига бу динни васият қилиб: “Эй ўғилларим, шубҳасиз, Аллоҳ сизлар учун бу динни танлади. Шундай экан, сизлар дунёдан, фақат мусулмон бўлган ҳолда ўтинглар!” – деган эди.

133.Эй бани Исроил авлодлари, нима ёки сизлар Яъқуб пайғамбарга ўлим они яқин келгач у ўғилларига қарата: “Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?” – деганида, улар: “Сенинг ва боболаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи бўлмиш ёлғиз Илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз, фақат Унинг Ўзига таслим бўлувчилармиз”, – деб жавоб берганларига гувоҳ бўлганмисизлар?

134.Улар аллақачон ўтиб кетган умматлардир. Уларнинг қилган яхшию ёмон ишлари ўзларига, сизнинг ҳам қилган ишларингиз ўзингизгадир. Сизлар уларнинг қилган амаллари бўйича масъул эмассизлар.

135.Улар сизга: “Яҳудий ёки насроний динида бўлинглар, шунда ҳидоят топасизлар”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Йўқ, аксинча, биз ҳаниф, ҳақ йўлдан тоймаган Иброҳимнинг динига эргашамиз ва у мушриклардан эмас эди”, – деб айтинг.

136.Эй мўминлар: “Аллоҳга, бизга нозил қилинган китобга, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва унинг авлодларига нозил қилинганларга ҳамда Мусо ва Исога берилган китобларга ва бутун пайғамбарлар учун Роббилари тарафидан берилганларга иймон келтирдик. Биз у пайғамбарлардан бирортасининг орасини ажратмаймиз ва биз Унинг буйруқларига таслим бўлувчилармиз”, – деб айтинглар.

137.Агар улар ҳам сизлар иймон келтиргандек иймон келтирсалар, унда чиндан ҳам ҳидоят йўлини топибдилар. Борди-ю ундан юз ўгирсалар, у ҳолда, шубҳасиз, сизларга нисбатан қаршилик ва адоват ичидадирлар. Эй Расулим, бас, сизни улардан ҳимоя қилишга Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади. Албатта, У ҳамма нарсани эшитувчи – Самиъ ва ҳар бир нарсани билувчи – Аълим Зотдир.

138.Аллоҳнинг маънавий бўёғи бўлган динида собит бўлингиз. Ахир кимда Аллоҳдан яхшироқ дин кўркини берувчи бўёқ бор? Бизлар, фақат ёлғиз Унга ибодат қилувчилармиз.

139.Эй Расулим, уларга: “У сизу бизнинг Роббимиз бўлгани ҳолда, Аллоҳ ҳақида биз билан тортишасизларми? Дарҳақиқат, бизнинг қилган амалимиз ўзимизга, шунингдек, сизнинг ҳам қилган амалингиз ўзингизга. Биз Унга чин дилдан ихлос қилувчилармиз”, – деб айтинг.

140.Эй бани Исроил авлодлари, ёки сизлар: “Чиндан ҳам Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг болалари яҳудий ёки насроний динида бўлганлар”, – деб айтасизларми? Эй Муҳаммад, уларга: “Уларнинг динлари ҳақида сизларми ёки Аллоҳ яхши билувчироқми? Аллоҳ тарафидан бўлган ўзидаги гувоҳликни яширгандан ҳам золимроқ кимса борми?! Аллоҳ қилаётган ишларингиздан асло бехабар эмас”, – деб айтинг.

141.Улар аллақачон ўтиб кетган умматлардир. Уларнинг қилган яхшию ёмон ишлари ўзларига, сизларнинг ҳам қилган ишларингиз ўзингизгадир. Сизлар улар қилган ишлар бўйича сўралмайсизлар.

142.Одамлар орасидан баъзи нодонлари мусулмонларга қарата: “Уларни олдин, унга юзланиб ибодат қилган қиблаларидан воз кечишларига нима сабаб бўлди экан?” – дейдилар. Эй Расулим, сиз уларга: “Ер юзининг шарқи ҳам ғарби ҳам Аллоҳ таолоникидир. У Ўзи хоҳлаган кимсаларни тўғри йўлга етаклайди”, – деб айтинг.

143.Шундай қилиб, Биз сиз мусулмонларни инсониятга шоҳид ва ўрнак бўлишингиз ҳамда пайғамбар ҳам сизлар учун гувоҳ бўлиши учун мўътадил, ўрта бир уммат қилдик. Сиз илгари унга юзланиб ибодат қилган қиблани ўзгартиришимиз эса, ким пайғамбарга эргашишини, ким итоат қилмай орқасига қараб қайтиб кетишини билиш учун синов қилганмиз, холос. Шубҳасиз, бу қибланинг ўзгариши Аллоҳ ҳидоят берганларидан бошқалари учун оғир бир ишдир. Аллоҳ аввалги қиблага қараб қилган ибодатдаги иймонларингизни, зое қилмоқчи эмас. Шубҳасиз, Аллоҳ одамларга ўта шафқатли – Раъуф ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

144.Эй Расулим, гоҳида ваҳий умидида юзингизни осмонга қараб ўгирилганини кўрамиз. Энди албатта, юзингизни сиз ўзингиз рози бўлган қибла бўлмиш Каъбага ўгиртирамиз. Юзингизни Масжид ул-Ҳаром томонига буринг. Эй мўминлар, энди қаерда бўлсангизлар ҳам, юзларингизни ўша Каъба томонига буринглар. Ўзларига китоб берилганлар, албатта, бу амрни Роббиларидан келган ҳақ фармон деб биладилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларидан бехабар эмасдир.

145.Қасам бўлсинки, китоб берилган яҳудий ва насронийларга барча далилларни келтирсангиз ҳам, улар барибир қиблангизга юзланиб эргашмайдилар. Сиз шундоқ ҳам уларнинг қиблаларига тобе эмассиз. Яҳудийлар ва насронийлар ҳам ўзаро бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар. Агар сизга етиб келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашиб кетсангиз, у ҳолда, шубҳасиз, зулм қилганлардан бўлиб қоласиз.

146.Биз китоб берган яҳудий ва насронийлар у Муҳаммадни пайғамбар эканлигини худди ўз ўғилларини танигандек билардилар. Шубҳасиз, улардан бир гуруҳи ўз китобларидан унинг сифатини ўқиб туриб, билган ҳолларида ҳақиқатни яширадилар.

147.Эй Расулим, энг тўғри ҳақиқат Роббингдан келган Қуръондир. Шундай экан, асло шубҳа қилувчилардан бўлманг.

148.Ҳар кимнинг унга қараб юзланадиган ўз жиҳати бордир. Эй мўминлар, сизлар хайрли ишларни қилишда шошилинглар. Дунёнинг қаерида бўлсангизлар ҳам, бир кун Аллоҳ ҳаммангизни ҳисоб-китоб учун маҳшарда тўплаб келтиради. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган Зотдир.

149.Эй Расулим, энди қайси томондан йўлга чиқсангиз ҳам, намозда юзингизни Масжид ул-Ҳаром томонига буринг. Шубҳасиз, бу Роббингиздан келган ҳақ амрдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан бехабар эмасдир.

150.Ҳа, шундай, эй Расулим, қайси томондан йўлга чиқсангиз ҳам, намозда юзингизни Масжид ул-Ҳаром томонига буринг. Сизлар ҳам эй мўминлар, юзларингизни қибла томони бўлган Каъбага буринглар. Токи қиблага юзланмаслигингиз баъзи одамлар наздида сизларга қарши далил ва ҳужжат бўлиб қолмасин. Шунингдек, у инсонлар орасида зулм қилганлар ҳам бор бўлиб, улардан асло қўрқманглар, фақат Мендан қўрқинглар. Токи сизларга неъматимни тўла-тўкис қилиб берайин, шояд, шундай қилиб, ҳидоят топсангизлар.

151.Шунингдек, орангиздан сизларга оятларимизни тиловат қилиб, ўқиб берадиган, сизларни гуноҳлардан тозалайдиган, китоб ва ҳикматдан таълим берадиган ҳамда билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган бир пайғамбар юбордик.

152.Шундай экан, Мени кўп зикр қилинглар, шунда сизларни раҳматим ва мағфиратим билан ёдга оламан. Ҳамда Менга шукр қилинглар ва асло куфр келтирманглар.

153.Эй мўминлар, мусибатларга сабр қилиш ва намоз ўқиш билан Мендан ёрдам истанглар. Шубҳасиз, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир.

154.Аллоҳ йўлида ўлдирилган шаҳидларниўликдирлар”, – деб айтманглар. Аксинча, улар тирикдирлар, лекин сизлар уларни тирик эканлигини сезмайсизлар.

155.Албатта, Биз сизларни бироз қўрқув солиш, очлик ҳамда мол-мулк, жон ва мева-чевалардан ҳосилини камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қилиб кўрамиз. Эй Расулим, шу синовларга сабр қилганларга хушхабар беринг.

156.Уларга бирор мусибат келганида: “Албатта, биз Аллоҳга оид қуллармиз, ҳеч шак-шубҳасиз, вафот этгандан кейин яна Унга қайтувчилармиз”, – дейдилар.

157.Ана ўшаларнинг устига Роббилари тарафидан саловотлар ва раҳмат ёғади. Ҳамда айнан ўшалар ҳидоят йўлини топганлардир.

158.Албатта, Сафо ва Марва тепаликлари Аллоҳнинг инсонлар учун қилган шиорларидандир. Агарда кимда-ким Аллоҳнинг уйини ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилиб юришининг гуноҳи йўқдир. Ҳамда ким кўнгилдан нафл тариқасида бир хайр қилса, савобини олади ва албатта, Аллоҳ шукрни қабул қилувчи – Шокир ва ҳамма нарсани билувчи – Аълим Зотдир.

159.Биз нозил қилган далиллар ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлиги тўғрисидаги ҳидоятдан иборат бўлганларни одамларга Таврот китобида аниқ қилиб берганимиздан кейин ҳам уларни яширган кимсаларни, албатта, Аллоҳ лаънатлайди. Шунингдек, уларга лаънатловчи малоика ва мўминлар ҳам лаънат айтадилар.

160.Фақат тавба қилиб, хатоларини тузатган ва одамларга ҳақиқатни баён қилган кимсаларнинг тавбасини қабул қиламан. Шубҳасиз, Мен тавбаларни кўп қабул қилувчи – Таввоб ва марҳамати зиёда бўлган – Раҳим Зотдирман.

161.Куфр келтирган ва кофир ҳолида ўлиб кетган кимсаларга эса, албатта, Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлгай.

162.Кофирлар лаънат ва дўзах ичида мангу қоладилар. Улардан азоб енгиллатилмайди ва уларнинг юзларига назар ҳам қилинмайди.

163.Сизларни яратган Илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ўта меҳрибон бўлган Раҳмон ва марҳаматли бўлган – Раҳим Зотдир.

164.Шубҳасиз, осмонлар ва Ернинг мукаммал ҳолда яратилишида, кеча ва кундузнинг вақти-вақти билан алмашиб туришида, одамларга нафи тегадиган фойдали нарсаларини ташиб кетаётган денгиздаги кемаларнинг сузишида, Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик бўлиб ётган қуруқ ерга ҳаёт берган ҳаётбахш сувда ва Ерда ҳар хил жонзотларни тарқатиб қўйишида, шамолларни йўналтиришида, осмону Ер ўртасидаги Яратганнинг амрига итоатда шай турган булутларда ақл юритувчи қавмлар учун Аллоҳнинг қудратига доир аниқ далиллар бордир.

165.Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар Аллоҳдан бошқаларни Унга тенг қилиб, худди Аллоҳни севгандек у сохта маъбудаларни севадилар. Иймон келтирган кимсаларнинг Аллоҳга бўлган ҳақиқий муҳаббатлари эса уларникидан кўра кучлироқдир. Ўз нафсига зулм қилган кимсалар азобга дучор бўладиган қиёмат кунида барча куч-қудрат Аллоҳга хослигини ва Аллоҳнинг азоби ҳақиқатан, шиддатли эканини билсалар эди?!

166.Орқасидан одамларни эргаштириб юрувчи кимсалар ҳисоб-китоб кунидаги қаттиқ азобни кўргач ўзларига эргашган кимсалардан тонадилар ҳамда уларни бу дунёда бирлаштириб турган барча сабаб ва алоқалар узилади.

167.Ўшанда ортидан эргашган кимсалар: “Кошки, бизга яна бир карра дунёга қайтишнинг имкони бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак”, – дейдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат ва пушаймонлар қилиб кўрсатади ва улар дўзахдан қутулиб чиқувчи бўлмайдилар.

168.Эй одамлар, Ер юзидаги нарсалардан ҳалол ва покиза бўлганларини енглар, шайтоннинг изидан эргашманглар. Шубҳасиз, у сизларга очиқ-ойдин душмандир.

169.Шубҳасиз, шайтон сизларни ёмон ва бузуқ ишларга ҳамда Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтишга буюради.

170.Агарда у мушрикларга: “Аллоҳ туширган ҳукмларга эргашинглар”, – дейилса, улар: “Йўқ, бизлар ота-боболаримизни нимага ибодат қилганларини кўрган бўлсак, ўша йўлга эргашамиз”, – деб айтишади. Борди-ю ота-боболари ҳеч нарсага ақллари етмаган ва тўғри йўлни топмаган бўлсалар ҳамми?!

171.Аллоҳга куфр келтирганларнинг мисоли, худди бақириқ-чақириқдан бошқа ҳеч нарсани эшитмайдиган ҳайвонларга ҳайқираётган чўпоннинг ҳолатига ўхшайди. Улар маънан кардирлар – насиҳат эшитмайдилар, соқовдирлар – ҳақни гапира олмайдилар, кўрдирлар – оятларни кўролмайдилар. Демак, улар ақл ишлата олмайдилар.

172.Эй иймон келтирганлар, Биз сизлар учун ризқ қилиб берган неъматларимиздан ҳалол ва покизаларини танлаб енглар. Агарда ёлғиз Унгагина қуллик қилувчи бўлсангизлар, унда Аллоҳга шукр қилинглар.

173.Аллоҳ сизларга ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ҳамда Аллоҳдан бошқасига атаб сўйилган жонлиқларни қатъий ҳаром қилди. Борди-ю кимда-ким ночор ҳолда улардан ейишга мажбур қолса, ҳаддан ва меъёрдан ошмай озгина еса унга гуноҳ бўлмайди. Дарҳақиқат, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳаматли бўлган – Раҳим Зотдир.

174.Шубҳасиз, Аллоҳ нозил қилган Таврот китобидаги Муҳаммаднинг сифатини қасддан яширадиган ва уни дунё манфаати учун арзимас баҳога сотадиганлар, қоринларига, фақат дўзах оташини еган бўладилар. Аллоҳ уларга қиёмат кунида гапирмайди ва уларни гуноҳлардан тозаламайди. Шунингдек, уларга аламли азоб берилади.

175.Ана ўша кимсалар ҳидоят ўрнига залолатни, мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсалардир. Воажаб, дўзах ўтига нақадар чидамли бўлмасалар!

176.Уларга берилган бу жазо Аллоҳ китобни, ҳақиқатан, нозил қилгани сабабидандир. Китобнинг ҳақлиги тўғрисида қаршилик қилган кимсалар, албатта, ҳақдан узоқ бўлган тортишув ичидадирлар.

177.Яхшилик ибодатларда тараф тортишиб юзингизни шарқ ёки ғарб томонга буришингиздан иборат эмас. Балки яхшиликнинг белгиси, Аллоҳга, охират кунига, малоикаларга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган ҳамда ўзи у молни яхши кўришига қарамай, мол-дунёсидан қариндошларига, етим-есирларга, мискинларга, мусофирларга, тиланчиларга ва қул озод қилиш учун берадиган, намозни тўлиқ адо этиб, закотни бериб юрадиган кимсаларда намоёндир. Шунингдек, яна яхшиликнинг намунаси аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, машаққатли ва дардли кунларда ҳамда жангу жадалдаги қийинчилик онларида сабр-тоқат қилувчи кимсаларда билинади. Ана шундай кимсалар иймонда содиқ бўлганлар ва айнан ўшалар Аллоҳдан қўрқувчи тақводорлардир.

178.Эй мўминлар, сизларга ноҳақ ва қасддан ўлдирилган кишилар хусусида озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Борди-ю ўлдирилганнинг туғишган биродари томонидан товон тўлаш эвазига рози бўлиниб у афв қилинса, унда маъқул томонга эргашиш ва унга хунини чиройлик тарзда тўлаб бериши керак. Бу ҳукм Роббингиз томонидан сизларга енгиллик ва раҳматдир. Агар кимда-ким шундай енгиллик ва раҳматдан кейин ҳам ҳаддидан ошадиган бўлса, унга аламли азоб бордир.

179.Эй ақл эгалари, сизлар учун қасос олиш ҳукмида ҳаётни сақлаб қолиш бордир. Шояд, бу ҳукм сабабли қотиллик қилишдан қўрқсангизлар.

180.Сизлардан бирингизга ўлим они яқинлашганда, орқасидан бир хайр, яъни бойлик қолдираётган бўлса, ота-она ва қариндошларга яхшилик билан васият қилиш тақводорлар зиммасидаги бурч ўлароқ фарз қилинди.

181.Кимки, васиятни эшитиб олгандан кейин уни ўзгартирса, гуноҳи уни ўзгартирганга бўлади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.

182.Агарда кимки, васият қилувчининг бирор бир хатога ёки гуноҳга мойил бўлишидан қўрқиб, васият қилувчи ва меросхўрлар орасини тузатиб қўйса унга гуноҳ бўлмайди. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

183.Эй иймон келтирганлар, сизлардан аввалги умматларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шояд, бу рўза сабабидан Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилсангизлар.

184.Рамазон рўзаси саноқли кунларда бўлиб ўтади. Агар сизлардан бирингиз бемор ёки сафарда бўлса, рўза тутолмаган кунларининг сони миқдорича бошқа кунларда тутсин. Рўза тутишга мадори етмайдиганларнинг зиммасида эса бир мискиннинг бир кунлик таоми миқдорида фидя берсин. Кимда-ким фидяни кўнгилдан чиқариб ортиқроқ берса у ўзи учун яхшидир. Лекин агар билсангиз эди, сизлар учун рўза тутишингиз фидя бериб тутмаганингиздан кўра яхшироқдир.

185.Рамазон ойи шундай ойдирки, унда инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ҳақ ва ботилни айирувчи Фурқон ва ҳидоят манбаидан далиллар бўлган Қуръон нозил бўлгандир. Бас, агар сизлардан кимки бу ойга етишиб, шоҳид бўлса, албатта, рўзани тутсин. Агар сизлардан бирингиз бемор ёки сафарда бўлса, рўза тутолмаган кунларининг сони миқдорича бошқа кунларда тутсин. Аллоҳ сизларга осонликни хоҳлайди, қийинчилик бўлишни истамайди. Сизларга бу осонлик рўза кунларининг саноғини тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғлаб, такбир айтишингиз учундир. Шоядки, бу неъматларга шукр қилсангизлар.

186.Эй Расулим, бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар шуни билсинларки, албатта, Мен уларга жуда яқинман. Менга дуо қилган пайт, дуо қилувчининг дуосини ижобат қиламан. Бас, менинг ҳам чақириқларимга жавоб бериб, амрларимга итоат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шояд, шунда тўғри йўлни топиб кетсалар.

187.Сизларга рўза ойининг тунларида хотинларингиз билан қўшилиш ҳалол қилинди. Аёллар сизлар учун, сизлар ҳам улар учун гуноҳлардан сақланишга ёпинчиқ каби либосдирсизлар. Аллоҳ сизларни кечалари нафсингизга хиёнат қилаётганингизни билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан рўзанинг тунларида бемалол қўшилиб, Аллоҳ сизлар учун битган фарзанд неъматини умид қилаверинглар. Тонг пайтидан бошлаб оқ ип қора ипдан ажралиб, маълум бўладиган вақтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра рўзани кечгача мукаммал қилиб тутинглар. Масжидларда эътикофни ният қилиб ўтирган пайтларингизда эса хотинларингиз билан қўшилманглар. Мана бу ҳукмлар Аллоҳнинг сизларга белгилаб қўйган чегараларидир. Аллоҳ ман қилган ишларга яқинлашманглар. Аллоҳ ўз оятларини одамлар гуноҳ ишлардан сақланишлари учун мана шундай очиқ-ойдин баён қилади.

188.Ораларингизда мол-мулкларингизни ноҳақлик билан еманглар. Шунингдек, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида била туриб, у молдан бир миқдорини ҳокимларга пора сифатида узатманглар.

189.Сиздан янги чиққан ойлар ҳақида сўрашади. Уларга: “У ой одамлар учун йил ҳисоблари ва ҳаж вақтини белгилашга ўлчовдир”, – деб айтинг. Каъба зиёратидан қайтишда уйларингизнинг орқа томонидан кириб келишингиз яхши иш эмас, ким Аллоҳдан қўрқса ўша яхши ишдир. Демак, уйларга эшикларидан кириб боринглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Шояд, шунда нажот топсангизлар.

190.Сизларга уруш очганлар билан сизлар ҳам Аллоҳ йўлида уларга қарши уруш очинглар, лекин тажовузкор бўлманглар. Зеро, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди.

191.Мушрикларни қаерда тутсангиз ҳам ўлдиринглар. Сизларни ҳайдаб чиқарган жойлари Маккадан уларни ҳам қувиб чиқаринглар. Фитна-фасод чиқариш ўлдиришдан ҳам ёмонроқдир. Душманларингиз сизларга қарши уруш очмагунларича Масжид ул-Ҳаром ёнида улар билан уришманглар. Борди-ю агар сизларга уруш бошласалар, у ҳолда сизлар ҳам улар билан уришинглар. Кофирларнинг жазоси ана шундай бўлади.

192.Агар куфрдан кечиб, Исломга кирсалар ва урушдан тийилсалар, шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

193.Кофирлар билан то фитна-фасод тамоман тугаб, дин ёлғиз Аллоҳ учун бўлгунча жанг қилинглар. Агар куфрдан воз кечиб, урушни тўхтатсалар, унда сизлар ҳам тўхтатинглар. Чунки душманлик, фақат золимларга қарши бўлади.

194.Уруш ман қилинган ҳаром ойнинг бадали, ҳаром қилинган ой биландир. Ҳурмат қилиниши керак бўлган шартлар бузилса, унда, қасос қоидасига амал қилиш бор. Агар ким сизга тажовузкорона бостириб келса, сизлар ҳам улар қандай бостириб келган бўлсалар, уларга шундай бостириб боринглар. Шунингдек, Аллоҳдан қўрқинглар ва билиб қўйингларки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.

195.Аллоҳ йўлида мол-дунёнгизни сарфланглар ва бахиллик қилиб, ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанглар. Ҳамда чиройли амаллар қилинглар, шубҳасиз, Аллоҳ эҳсон қилувчи кимсаларни севади.

196.Барча арконларига амал қилган ҳолда бошлаган ҳаж ва умра ибодатини Аллоҳ учун тўлиқ адо этинглар. Агарда бетоблик, қароқчиларга йўлиқиш ёки шунга ўхшаш узрли сабаблар билан йўлингиз тўсилиб қолса, у ҳолда қурбингиз етган бирор бир жонлиқдан қурбонлик учун ҳадя қилиб жўнатинг. Бошдаги сочларингизни эса ҳадянгиз ўз жойига етиб бормагунча олмай туринглар. Борди-ю сизлардан кимдир ўша пайт бемор бўлса ёки бошидан сочини олдирмаган тақдирда азият бўладиган бир сабаб бўлса, у ҳолда сочини олдириши мумкин. Лекин бу ишни қилган кимсага рўза тутиш, садақа бериш ёки қурбонлик сўйишдан бирортасини фидя қилиб тўлаши керак бўлади. Агар ҳаж қилишга тўсқинлик қилган ҳолатлардан қутулсангиз ва кимки ҳажгача умра ибодатидан фойдаланса, яъни эҳромдан вақтинча чиқиб, яна ҳажда қайта эҳромга кирадиган бўлса, у қурби етган қурбонликдан бирор жонлиқ сўйиши керак. Кимки бунга имкон топа олмаса, унда уч кун ҳажда ва етти кун ҳаждан қайтганингиздан кейин рўза тутиш керак бўлади. Ана ўшанда бу тўлиқ ўн кун бўлади. Бу ҳукмлар аҳли-оиласининг яшаш жойи Масжид ул-Ҳаромда бўлмаганлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар ва билиб олинглар, албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ бўлган Зотдир.

197.Ҳаж маълум ойларда адо этилади. Ким у ойларда ҳажни ният қилиб уни ўзига фарз қилса, ҳаж ибодатида аёлига яқинлик қилиш, фисқ-фужур ишлар ва жанжал-тўполон қилиши мумкин эмас. Яхшилик туридан нимаики қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Эй мўминлар, охират ҳаёти учун озуқа ғамланглар. Шубҳасиз, озуқанинг энг яхшиси – бу тақводир. Эй ақл эгалари, фақатгина Мендан қўрқинглар.

198.Ҳаж мавсумида Роббингиздан фазлу баракат тилаб, тижорат қилишингизда сизларга ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Арофатдан тўп-тўп бўлиб Муздалифага тушганингизда Машъар ул-Ҳаром деган жойда Аллоҳни зикр қилинглар. Сизларни тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Уни эсланглар. Гарчи Исломдан аввал тўғри йўлдан адашиб юрган эдингизлар.

199.Сўнгра одамлар тўпланиб тушиб борган томондан тушинглар ва Аллоҳдан мағфират тиланглар. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

200.Ҳаж арконларига доир ибодатларингизни адо этганингиздан кейин илгари ота-боболарингиз билан фахрланиб, уларни эсга олганингиздек, ҳатто улардан ҳам кучлироқ ҳолда Аллоҳни ёдга олинглар. Одамларнинг орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар: “Эй Роббимиз, бизларга, фақат шу дунёда бергин”, – дейди. Ундай кимсаларга охиратда насиба йўқдир.

201.Улардан шундай кимсалар борки, улар: “Эй Роббимиз, бизларга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизларни дўзах азобидан сақлагин”, – дейдилар.

202.Ана ўшаларга қилган солиҳ ишлари сабабидан икки дунёда ҳам насиба бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир.

203.Ҳаж асносидаги саноқли кунларда Аллоҳга такбир айтиб, кўп зикр қилинглар. Кимки икки кунда ҳаж арконларини тугатиб кетишга шошилса, унга гуноҳ бўлмайди. Шунингдек, кимки яна бир кун кечикиб, Минода қолса, унга ҳам гуноҳ бўлмайди. Ушбу тавсиялар Аллоҳдан қўрққанлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар ва шуни билингларки, сизлар барчангиз, албатта, қиёматда Унинг ҳузурига йиғиласизлар.

204.Эй Расулим, одамлардан шундай тоифалар борки, уларнинг дунё ҳаётидаги баландпарвоз гап-сўзлари сизни таажжубга солади. У Исломга ашаддий душман бўлгани ҳолда мунофиқларча дилидаги сохта иймонини пеш қилиб Аллоҳни гувоҳ қилади.

205.Сизнинг олдингиздан айрилгач эса, Ер юзида фисқу фасод тарқатиш ишлари билан шуғулланади. Ҳамда экин-тикин, наботот олами, ҳайвонот ва одамзот наслини ҳалокатга учратиш пайида бўлади. Аллоҳ эса фисқу фасодни севмайди.

206.Агар унга бузғунчиликдан воз кечиб, “Аллоҳдан қўрққин”, –дейилса, ғурури йўл қўймай, яна гуноҳ томонга бошлайди. Унга жаҳаннам бас, келадир. У нақадар даҳшатли жой.

207.Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар Аллоҳнинг розилигини истаб ўз жонларини фидо қиладилар. Аллоҳ бандаларига шафқатли бўлган – Раъуф Зотдир.

208.Эй иймон келтирганлар, ҳаммангиз бирдан тинчлик ва омонлик дини бўлган Исломга киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар. Шубҳасиз, у сизларга очиқ-ойдин душмандир.

209.Сизларга аниқ далиллар келгандан кейин ҳам йўлдан адашсангиз, унда билиб қўйинглар, Аллоҳ жуда қудратли – Азиз ва ҳукм эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

210.Ёки ҳақни инкор қилувчилар Аллоҳнинг азобини фаришталар билан булутлар сояси орасидан уларга чиқиб келиб, бериладиган жазо амри бўлишини кутиб ўтирибдиларми? Охирида барча ишлар, албатта, Аллоҳга қайтарилади.

211.Эй Муҳаммад, бани Исроил авлодларидан, уларга олдин қанчадан-қанча очиқ-ойдин оят ва мўъжизалар берганимизни сўранг. Кимки Аллоҳнинг неъмати келганидан кейин уни куфрга ўзгартирса, бас, шубҳасиз, Аллоҳ жазоси қаттиқ бўлган Зотдир.

212.Куфр йўлида юрганларга ўткинчи дунё ҳаёти чиройли қилиб кўрсатиб қўйилган ва улар иймон келтирганларнинг устидан масхара қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳдан қўрққан кимсаларнинг қиёмат кунидаги даражалари улардан кўра устундир. Аллоҳ Ўзи истаган кимсага беҳисоб ризқ беради.

213.Одамлар олдин бир уммат эдилар, кейин ихтилофга тушиб айрилиб кетдилар. Шундан сўнг Аллоҳ жаннат билан хушхабар берувчи ва охират азобидан огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди. Улар билан бирга инсонлар ихтилофга тушган ҳолларида ораларида адолат билан ҳукм қилиши учун ҳақ бўлган китобни нозил қилди. Очиқ-ойдин далиллар келганидан кейин эса, китоб берилган қавмлар ўзаро ҳасад қилиб у ҳақида тортишдилар. Аллоҳ иймон келтирганларни эса Ўз изни билан улар тортишган ва эриша олмаган ҳақ йўлга ҳидоят қилди. Аллоҳ Ўзи истаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қилади.

214.Эй мўминлар, нима ёки сиздан олдинги ўтганларнинг бошларига келган ибратли воқеалар сизларга ҳам келмай туриб жаннатга бемалол кириб кетамиз деб ўйладингларми?! Уларга ташвиш ва мусибатлар ёғилиб келиб, шундай титраган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва у билан бўлган иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон келаркин-а?” – деб юборишар эди. Огоҳ бўлинглар, шубҳасиз, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир.

215.Эй Муҳаммад, сиздан нималарни ва кимларга эҳсон қилишни сўрайдилар. Уларга: “Нимаики эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етим-есирлар, мискинлар ва мусофирларга қилинглар. Яхши ишлардан нимаики қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билиб турувчидир”, – деб айтинг.

216.Эй мўминлар, сизларга у ёқмаса ҳам, душман билан жанг қилиш фарз қилинди. Сизлар ёқтирмаган нарсангиз балки, сизларга бошқа тарафдан яхшилик келтирар. Шунингдек, бирор нарсани севишингиз эса у сизга ёмонлик олиб келар. Ҳамма нарсани аслини Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар.

217.Эй Муҳаммад, сиздан уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишнинг ҳукми ҳақида сўрайдилар. Уларга: “У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир”, – деб жавоб беринг. Бироқ одамларни Аллоҳ йўлидан тўсиш, Уни инкор қилиш, одамларни Масжид ул-Ҳаромга боришига тўсқинлик қилиш ва аҳолисини у ердан қувиб чиқариш Аллоҳ наздида каттароқ гуноҳдир. Фитна чиқариш уруш қилишдан кўра каттароқ гуноҳдир. Кофирларнинг қўлидан келса эди, сизларни то ҳақ динингиздан қайтаргунча, жанг қилаверардилар. Борди-ю сизлардан кимки динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшаларнинг дунё ва охиратдаги амаллари беҳуда кетган бўлади. Улар дўзах эгаларидир ҳамда улар у ерда мангу қолувчилардир.

218.Албатта, иймон келтирган, Маккадан Мадинага ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилган ана шундай кимсалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўладилар. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

219.Эй Расулим, сиздан маст қилувчи ичкилик ва қимор ўйнаш ҳақида сўрайдилар. Уларга: “У икки нарсада катта гуноҳ ва шу билан бирга, одамлар учун баъзи манфаатлар ҳам бор. Лекин у иккисининг гуноҳи фойдасидан кўра каттароқдир”, – деб айтинг. Сиздан яна нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Уларга: “Эҳтиёжингиздан ортганини эҳсон қилинг”, – деб жавоб беринг. Шу тариқа, Аллоҳ сизларга дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Ўз оятларини баён қилиб боради.

220.Дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади. Эй Муҳаммад, сиздан етимлар ҳақида сўрайдилар, уларга: “Уларни турмушларини яхшилаш хайрли ишдир”, – деб айтинг. Агар уларни орангизга қўшсангиз, улар сизнинг диндаги қардошларингиздир. Аллоҳ бузғунчи билан хайрсеварнинг фарқини билади. Аллоҳ агар истаса сизларни қийинчиликка солиб қўяр эди. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.

221.Эй мўминлар, ширк келтирган мушрика аёлларни то иймон келтурмагунларича никоҳингизга олманглар. Билиб қўйинглар, иймон келтирган бир чўри қиз, сизлар ёқтирган ҳур, мушрика аёлдан кўра яхшироқдир. Шунингдек, то иймон келтурмагунларича ширк келтирган, ҳур мушрик кишига қизларингизни никоҳлаб берманглар. Иймонли бир эркак қул, сизларга ёққан ўша озод, мушрик эркакдан кўра яхшироқдир. У мушриклар сизларни дўзахга даъват қиладилар. Аллоҳ таоло эса сизларни Ўз изни иродаси билан жаннатга ва мағфиратга даъват қилади. Ҳамда инсонларга шояд, булардан эслатма оладилар деб, Ўз оятларини баён қилиб боради.

222.Эй Расулим, сиздан аёлларнинг ҳайз ҳолати тўғрисида сўрайдилар. Уларга: “У ҳолат эр ва хотин учун кўнгилсизлик ва азиятдир”, – деб айтинг. Демак, ҳайз ҳолатида аёлларингиздан узоқ туринглар ва покланмагунларича уларга жинсий алоқада бўлиб яқинлашманглар. Вақти келиб тоза бўлганларидан кейин Аллоҳ сизга амр қилиб, ҳалол қилган тарафдан уларга яқин келаверинглар. Албатта, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни ва покликда бардавом бўлганларни ёқтиради.

223.Аёлларингиз сизларга фарзанд етиштириш учун бир экинзордир. Бас, у экинзорга ҳалол тарафдан қандай хоҳласангиз, шундай келаверинглар. Келажакка ўзингиз учун яхши амалларни тақдим қилинглар. Ҳамда Аллоҳдан қўрқинглар ва албатта, сизлар охиратда Унга рўбарў келувчи эканингизни билиб қўйинглар. Эй Расулим, мўминларга жаннат ҳақидаги хушхабарни беринг.

224.Эзгу ишлар қилиш, тақводор бўлиш, инсонлар орасини тузатиш каби ишларни қилмасликка доир ичган қасамларингизда Аллоҳни рўкач қилаверманглар. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.

225.Аллоҳ сизларни тил учида айтган беҳуда қасамларингиз учун жавобгар тутмайди. Лекин сизларни қалбдан билиб туриб ва хоҳлаб қилган қасамларингиз туфайли жавобгар қилади. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим Зотдир.

226.Хотинларидан бир муддат узоқлашишга доир қасам ичган кимсалар учун тўрт ой кутиш муҳлати бордир. Борди-ю улар бу муддат ичида фикрларидан қайтсалар, никоҳлари давом этади. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

227.Агарда улар талоқ қилишга қарор қилган бўлсалар, у ҳолда Аллоҳ, албатта, ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.

228.Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддати миқдорида ўзларини кузатиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар, Аллоҳ уларнинг бачадонларида яратган ҳомилани ёки ҳайз ҳолатини беркитишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари келишув қилиб, оилани тиклашни хоҳлаб қолсалар, шу муддат ичида уларни қайтариб яна никоҳларига олишга бутунлай ҳақлидирлар. Эркакларнинг аёллар устида ҳақлари бўлганидек, уларнинг ҳам эркаклар устида маълум бир ҳақлари бордир. Аммо эркакларга бу борада аёллардан бир даража юқори ҳақ бордир. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.

229.Эрнинг афсус қилиб қайта никоҳига олиш имконини берадиган талоқ икки мартадир. Бундан кейин энди уни талоқ қилмасдан яхшилик билан ушлаб қолиш ёки учинчи марта талоқ қилса ҳам, чиройли бир усулда қўйиб юбориш керак бўлади. Уларга берган маҳрингиздан бирор нарсани олиб қолиш сизларга ҳалол бўлмайди. Лекин эр ва хотин иккови ҳам оила давом этган тақдирда Аллоҳнинг белгилаган ҳудудларини ўрнига қўёлмасликдан қўрқсалар, ҳамда хотин эри билан яшаб кетишига кўзи етмай, эридан талоқ қилишни сўраса ва бу талоқ учун маълум миқдорда эваз тўлашини айтса, эр ҳам бу таклифни қабул қилса, уларга гуноҳ бўлмайди. Булар Аллоҳнинг белгилаб қўйган шаръий ҳудудларидир, бас, уларни поймол қилманглар. Ким Аллоҳнинг белгилаб қўйган шаръий ҳудудларини босиб ўтса, ана ўшалар Золим кимсалардир.

230.Агар эр уни учинчи марта талоқ қилса, аёл то бошқа эр билан никоҳланмагунча унга ҳалол бўлмайди. Агарда кейинги эр ҳам уни талоқ қилса, аввалги эр ва хотин энди бу сафар Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳудудларини ўз жойига қўйишларига кўзлари етса, у ҳолда қайтиб яна никоҳланишларида гуноҳ йўқдир. Мана булар Аллоҳнинг қўйган ҳудудларидир. Уларни фаҳмлайдиган қавмлар учун баён қилади.

231.Агар хотинларингизни талоқ қилсангиз ва улар идда вақтиларига етиб келсалар, унда уларни яхшилик билан ушлаб қолинглар ёки чиройли бир тарзда қўйиб юборинглар. Аммо уларни қийнаш учун зарар берган ҳолда мажбуран ушлаб турманглар. Кимда-ким шундай иш қиладиган бўлса, шубҳасиз, у ўзига зулм қилган бўлади. Аллоҳнинг оятларини эрмак қилманглар. Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматини ва сизларга ваъз-насиҳат бўлсин деб нозил қилган китоб ва ҳикматни ёдингизда тутинглар. Аллоҳдан қўрқинглар ҳамда, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи – Аълим Зот эканини билинглар.

232.Агар хотинларингизни талоқ қилсангиз ҳамда улар идда вақтиларига етиб келсалар, сўнгра яхшиликча ўзаро рози бўлишиб, келишиб олсалар, уларни эрларига қайта никоҳланишларига қаршилик қилманглар. Орангиздаги Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар мана бу ўгитлар билан насиҳат қилинади. Бу ишни қилиш сизлар учун энг хайрли ва покиза ишдир. Барчасини Аллоҳ билади, сиз бандалар эса билмайсизлар.

233.Оналар болаларини тўлиқ икки йил эмизадилар. Бу ҳукм эмизишни охиригача батамом қилмоқчи бўлган кимсалар учундир. У оналарни уйғун ва маъқул тарзда едириб-ичириш ва кийим-кечак билан таъминлаш отанинг бўйнидадир. Ҳеч кимга имкониятидан ташқари вазифа юклатилмайди. Она ҳам, ота ҳам ўз боласи туфайли зарар кўрмасликлари керак. Агарда ота ўлиб қолса, унинг меросхўри зиммасида ҳам худди шу масъулиятлар бордир. Агар ота-она иккови ораларида розилик ва маслаҳат билан болани сутдан ажратишни хоҳласалар, уларга гуноҳ бўлмайди. Шунингдек, болаларингизни энагага эмиздирмоқчи бўлсангиз ва унга берадиган ҳақни мос ва чиройли тарзда топшириб турсангиз ҳам сизларга гуноҳ бўлмайди. Аллоҳдан қўрқинглар ва билиб қўйингларки, шубҳасиз, Аллоҳ қилаётган барча ишларингизни кўриб турувчи Зотдир.

234.Сизлардан вафот этиб, орқаларида жуфтларини қолдирганларнинг бева аёллари тўрт ой-у ўн кун ўзларини кузатиб, идда сақлаб ўтирадилар. Агарда идда муддатлари охирига етса, ўзларининг кейинги ҳаётлари ҳақида яхшилик истаб қилган ишларида сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган барча ишларингиздан хабардордир.

235.Сизлар учун эрлари вафот этиб, идда сақлаб турган аёлларга совчи қўйиш ҳақида ишора қилиш ёки кўнглингизда совчи қўйиш ҳақида пинҳона ўйлаб юришингизда гуноҳ йўқ. Зеро, Аллоҳ сизларни у аёллар ҳақида ўйлаб юрганингизни билди. Лекин улар билан пинҳона ваъдалашманглар. Фақат яхши гап гапиришингиз мумкин бўлади. То идда муддати тугамагунча никоҳ ақдини тузишга қарор қилманглар. Ҳамда билиб қўйинглар, шубҳасиз, Аллоҳ ичингиздаги ҳамма нарсани билади. Шунингдек, Унга исён қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Ҳамда Аллоҳ, албатта, гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим Зот эканини ҳам билинглар.

236.Никоҳингизга олган аёлларни агар уларга ҳали қўл теккизмай туриб ёки маҳрни тайинламай туриб, талоқ қилишингизда ҳам гуноҳ йўқ. Бундай ҳолларда уларни никоҳга олиб ажрашган одам бой бўлса, имкони борича яхшилаб, агар камбағал бўлса, қурби етганча чиройли қилиб моддий жиҳатдан баҳраманд қилсин. Бундай қилиш яхшилик қилувчи муҳсин кимсалар устидаги бурчдир.

237.Борди-ю уларнинг маҳрини белгилаб қўйган бўлсангиз, лекин ҳали қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз, у ҳолда белгиланган маҳрнинг ярмини беришингиз керак бўлади. Агарда аёл томон уни кечиб юборса ёки никоҳ ақди қўлида бўлган эр қолган ярмидан кечиб юбориб, ҳаммасини тўлаб берса ҳам, бўлаверади. Лекин эр томони кечиб юбориб, ҳаммасини тўлаб беришингиз тақво жиҳатига энг яқинидир. Орангиздаги инсоний фазилатни унутманглар. Шубҳасиз, Аллоҳ қилаётган ҳамма ишларингизни кўриб турувчи Зотдир.

238.Эй мўминлар, барча намозларга ва хусусан ўрта намозга аҳамият қилиб, муҳофаза қилинглар. Ҳамда Аллоҳга итоаткор ҳолда туринглар.

239.Агарда душманнинг ҳамласи ёки бошқа хатарлардан қўрқсангиз, у ҳолда пиёда ёки уловда кетаётган бўлсангиз ҳам, намозни адо этаверинглар. Бу хавф-хатарлардан фориғ бўлгач, сизларга билмаганингизни қандай ўргатган бўлса, шундай қилиб Аллоҳни намозда зикр қилинглар.

240.Сизлардан вафот этаётиб, орқаларида аёлларни қолдираётган кимсалар хотинларига бир йилгача эрининг уйидан чиқарилмаган ҳолда ҳаёт кечириб, таъминланишлари учун васият қолдириб кетсинлар. Агар улар ўз розиликлари билан уйдан чиқиб кетиб, ўзларининг кейинги ҳаётлари ҳақида яхшилик истаб қилган ишларида сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.

241.Талоғи берилиб иддасини кутиб ўтирган аёлларга яхшилик билан маълум бир миқдорда моддий таъминот бериб туриш эса, тақводор эрлар зиммасидаги бурчдир.

242.Аллоҳ ақл юритишингиз учун шу йўсинда сизларга оятларини баён қилиб боради.

243.Эй Расулум, уларнинг саноқлари минглаб бўлишига қарамай, ўлим қўрқувидан юртларини ташлаб чиққанларнинг аҳволини кўрмадингизми? Аллоҳ уларгаўлинглар”, – деди, кейин эса уларни яна тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазл ва марҳамат Эгасидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.

244.Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ва албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зот эканини билинглар.

245.Ўзига бир неча баробар кўп қилиб қайтарилиши эвазига Аллоҳ йўлига чиройли қарз берадиган ким бор? Ҳолбуки, ризқни торайтирадиган ҳам, кенгайтирадиган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир ҳамда сизлар, шубҳасиз, Унинг ҳузурига қайтариласизлар.

246.Эй Расулим, бани Исроил авлодларининг Мусо пайғамбардан кейинги нуфузли жамоаси ҳақидаги хабарларини эшитиб кўрмадингизми? Ўшанда улар пайғамбарларига қарата: “Бизларга бир подшоҳ тайин қилиб юборгин ва биз у билан бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, – деган эдилар. Пайғамбар уларга: “Балки, сизларга уруш фарз қилиниб ёзилса, жангга чиқиб уруш қила олмассиз”, – деган эди. Улар: “Юртимиздан ҳайдаб чиқарилган ва фарзандларимиздан ажралиб қолганмиз-ку, нима учун Аллоҳ йўлида жанг қилмас эканмиз?” – деб айтганлар. Вақтики, уларга уруш фарз қилингач оз киши мустасно, қолганлари бу ишдан юз ўгирдилар. Аллоҳ золим кимсаларни билиб турувчи Зотдир.

247.Шундан сўнг пайғамбарлари уларга: “Аллоҳ сизларга Толут исмли кишини подшоҳ тайин қилиб юборди”, – деди. Улар эса: “У бизнинг устимизга қандай қилиб ҳукмрон бўла олади? Ваҳоланки, подшоҳликка ундан кўра биз ҳақлироқмиз. Унинг устига Толутга мол-давлатдан мўл-кўл берилмаган бўлса?!” – деб айтдилар. Пайғамбар уларга: “Шубҳасиз, Аллоҳ уни сизларнинг устингизга подшоҳ қилиб танлади ҳамда унинг илмий ва жисмоний томондан қувватини орттирди”, – деб жавоб қайтарди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кимсага беради. Шунингдек, Аллоҳ фазлу карами кенг бўлган – Восиъ ва барча нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.

248.Пайғамбарлари уларга: “Толутнинг подшоҳ эканлигининг белгиси, сизларга бир сандиқ келишидадир. У сандиқда сизга Роббингиздан таскин ҳамда Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг оилаларидан қолган ёдгорлик мавжуд бўлиб, у сандиқни фаришталар кўтариб турадилар. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангизлар, шубҳасиз, бундай ҳодисада сизлар учун, албатта, улкан аломат бордир”, – деб айтди.

249.Подшоҳликни қўлга олган Толут ўз аскарлари билан шаҳардан айрилгач, уларга қарата: “Аллоҳ сизларни қаршингизга чиққан бир дарё билан синаб кўради. Синовга кўра ким ундан ичса демак, у менга эргашганлардан эмас, кимки у сувдан тотиб кўрмаса, албатта, у менга эргашганлардандир. Лекин ким қўли билан бир ҳовуч ботириб олиб ичса, рухсат бордир”, – деди Шундан кейин кўпчилик синовдан ўтолмай ундан ичди, фақат улардан оз киши ичмади. Толут иймон келтирган кишилар билан бирга дарёни кечиб ўтгач, аскарлар унга: “Бугун бизда душман Жолут ва унинг лашкари билан жанг қилишга тоқат йўқ”, – дедилар. Шунда Аллоҳга қиёмат кунида юзма-юз келишларига ишонадиган иймонли кимсалар: “Қанчадан-қанча кам сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳлар устидан ғалаба қозонгандирлар. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, – деб айтдилар.

250.Улар Жолут ва унинг аскарларига тўқнаш келганларида: “Эй Роббимиз, устимизга сабр-тоқатни ёғдиргин, қадамларимизни собит қил ва кофир бўлган қавмлар устидан бизга ғалаба ато эт”, – дедилар.

251.Шундай қилиб, Аллоҳнинг изни билан уларнинг қўшинларини тор-мор қилдилар, Довуд эса Жолутни ўлдирди. Сўнгра Аллоҳ Довудга подшоҳлик ва ҳикмат берди ҳамда Ўзи хоҳлаган илмлардан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб туриши бўлмаса эди, шубҳасиз, Ер юзи фитна-фасодга тўлиб кетарди. Лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам Эгасидир.

252.Эй Расулим, булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни сизга рўйирост тиловат қилмоқдамиз. Сиз, шубҳасиз, пайғамбарлардансиз.

253.Башариятга юборилган ана шу пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улар орасидан Аллоҳ бевосита гаплашгани ва айримларининг даражасини юқори кўтаргани ҳам бор. Марям ўғли Исо пайғамбарга мўъжизалар бердик ва уни Руҳ ул-Қудус бўлган Жаброил билан қўллаб-қувватладик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, уларга очиқ-ойдин далиллар келгандан кейин уларнинг орқасидан келган умматлар бир-бирлари билан жанг қилмас эдилар. Лекин улар турли ихтилофларга тушдилар, улардан иймон келтирган ҳам, инкор қилган ҳам бўлди. Агар Аллоҳ истамаса эди, улар бир-бирларини ўлдирмас эдилар. Лекин Аллоҳ Ўзи истаганини қилади.

254.Эй иймон келтирганлар, олди-сотди, дўст-биродарлик ва шафоат қилиб бўлмайдиган кун келмасидан бурун сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан хайру эҳсон қилинглар. Кофирлар эса, улар золимлардир.

255.Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, фақатгина Унинг Ўзи бордир. У ҳамиша тирик бўлган – Ҳай ва абадий бор бўлиб турувчи – Қайюм Зотдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам тутмайди. Осмонлар ва Ер юзидаги барча нарса Унга оиддир. Унинг изни бўлмай туриб, ҳузурида ким ҳам бошқа бировни шафоат қила олади?! У барча бандаларнинг ўтмиши ва келажагини билади. У бандалар эса Унинг илмидан агар Ўзи хоҳламаса, ҳеч бир нарсани билиб, қамрай олмайдилар. У Зотнинг курсиси осмонлару Ерни қамраб олгандир. Осмон ва Ердаги барча нарсаларни муҳофаза қилиш, уларни бошқариш Унга оғир келмайди. Аллоҳ қудрати кенг – Аълий ва барчадан улуғ бўлган – Азим Зотдир.

256.Динда мажбурлаш йўқдир. Дарҳақиқат, тўғри йўл эгри йўлдан ажраб маълум бўлган. Агар ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, демак, у ҳеч қачон узилмайдиган мустаҳкам Ислом ҳалқасини тутибди. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.

257.Аллоҳ иймон келтирганларнинг ёрдамчиси ва дўстидир. Уларни зулмат қаъридан нур томонга чиқаради. Куфр келтирганларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Шайтонлар эса уларни нурдан зулматга чиқариб ташлайдилар. Ана ўша кофирлар дўзах эгаларидир ва улар у ерда мангу қолувчидирлар.

258.Аллоҳ унга салтанат берганидан мағрурланиб, Иброҳим пайғамбар билан унинг Роббиси ҳақида талашиб, тортишган кимсанинг аҳволини кўрмадингизми?! Золим кимса билан баҳслашган Иброҳим пайғамбар: “Роббим истаганига ҳаёт беради ва истаганини ўлдиради”, – деган эди. У подшоҳ эса: “Мен ҳам ҳаёт бериб, ўлдира оламан”, – деб айтди. Кейин Иброҳим эса: “Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқариб кўрчи?!” – деб айтган. Ана ўшанда у куфр келтирган одам эсанкираб қолган. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга бошламайди.

259.Ёки яна бошқа бир киши ҳақидаги хабарни билмайсизми? У кимса томлари босиб вайронага айланган ва ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтиб кетаётганда ўзига ўзи: “Аллоҳ харобага айланиб ўлгандан кейин бу қишлоқ аҳолисини қандай қилиб қайта тирилтираркин-а?!” – деди. Шунда Аллоҳ уни ўлдириб, юз йил муддатга шу ҳолда ташлаб қўйди. Юз йилдан кейин уни қайта тирилтириб: “Неча йил шу ўлик ҳолда ётдинг?” – деди. У эса: “Бир кун ёки ярим кун”, – деб жавоб берди. Аллоҳ унга: “Йўқ, сен юз йил ўлик ҳолда ётдинг. Ана таоминг ва ичимлигингга қарагин, бузилиб ўзгармаган. Энди эшагингга қара, чириб ётибди. Бундай ҳодисани кўрсатишдан мақсад сени инсонларга ибрат қилиб кўрсатишдир. Бу суякларни қандай қилиб тиклаб, кейин уларга гўшт қоплаб, кийдиришимизни кўргин”, – деди. Унга Аллоҳдан бўлган мўъжиза очиқ-ойдин маълум бўлгач: “Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага кучи етадиган Зот эканини биламан”, – деди.

260.Эй Муҳаммад, “Бир замонлар Иброҳим пайғамбарнинг Роббим менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат”, – деганини эсланг. Ўшанда Аллоҳ: “Нима, тирилтиришимга ишонмайсанми?” – деган. Кейин Иброҳим: “Йўқ, албатта, ишонаман, лекин қалбим янада хотиржам бўлиши учун сўрадим”, – деб айтган. Аллоҳ унга: “Ундай бўлса, қушлардан тўрт хилини ушлайсан ва уларни ўзингга ўргатиб, кейин кесиб майдалайсан. Сўнгра улардан бирор бўлакни ҳар бир тоғ бошига алоҳида қўйиб чиқиб, ёнингга чақиргин. Ана ўшанда қушлар тирик ҳолда, сенга ҳаракатланиб келади. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зот эканини билгин”, – деди.

261.Аллоҳ йўлида мол-дунёларини эҳсон қиладиган кимсаларнинг мисоли, худди бир дона буғдой донининг еттита бошоқ ўстириб чиқиши ҳамда ҳар бир бошоқда эса юз дона дон жойлашгани кабидир. Аллоҳ истаган кишиларига ажрини бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ фазлу карами кенг бўлган – Восиъ ва барча нарсани билиб турвчи – Аълим Зотдир.

262.Мол-дунёларини Аллоҳ йўлида эҳсон қилиб, орқасидан қилган ишларини миннат қилмайдиган ва кишиларга озор ҳам бермайдиган кимсалар учун Роббилари ҳузурида ажр-мукофотлари бордир. Охират кунида уларга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.

263.Чиройли, яхши сўз ва ўзаро кечиримли бўлиш орқасидан миннат қилиб, озор берган садақадан кўра яхшироқдир. Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим Зотдир.

264.Эй иймон келтирганлар, эҳсон қиладиган молини одамлар кўрсин деб берадиган, аслида Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсаларга ўхшаб, садақаларингизни миннат ва озор бериш билан йўққа чиқарманглар. Ана шундай кишиларнинг мисоли худди, устида тупроқ бўлган қоятошга кучли жала келиб ювиб кетган, натижада, яна уни сип-силлиқ тош ҳолатига ташлаб қўйганга ўхшайди. Улар ишлаб топган ва риёкорлик қилиб берган бойликларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламайди.

265.Мол-дунёларини Аллоҳнинг розилигини истаб, қалбларидаги иймонни янада мустаҳкамлаш учун хайру эҳсон қиладиганларнинг мисоли худди тепаликдаги бир боғ кабидир. Агарда боққа шаррос ёмғир қуйса, ҳосилини икки баробар беради. Борди-ю кучли ёмғир ёғмай, бироз шивиллаб ёққан ёмғир бўлса ҳам, ўзига яраша ҳосил бўлаверади. Аллоҳ ҳар бир қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир.

266.Сизлардан бирортангиз тагидан анҳорлар оқиб турган, хурмою узумлар ва анвойи мевали боғи бор одамнинг ёши улғайиб, норасида болалари билан қолган пайтида боғини оловли бўрон уриб, ёниб кул бўлишини хоҳлайдими? Аллоҳ шояд, тафаккур қиласизлар деб, оятларни сизларга шундай баён қилади.

267.Эй иймон келтирганлар, касбу корингиздан топганларингизни ва Биз сизлар учун Ердан ундириб чиқарган ҳосиллардан сифати яхшиларини хайру эҳсон қилинглар. Ўзингизга берилганда уни, фақат ёқтирмай кўз юмиб оладиган даражадаги ёмон ва сифатсизларидан беришни кўзламанглар. Шубҳасиз, Аллоҳ мақтовга сазовор – Ҳамид ва ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний Зот эканини билинглар.

268.Шайтон сизларни агар хайру эҳсон қилсангизлар, камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва бузуқ ишларга буюради. Аллоҳ эса қилган эҳсонлар туфайли Ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам ваъда қилади. Аллоҳ фазлу карами кенг бўлган – Восиъ ва барча нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.

269.Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига ҳикмат ато этади. Кимга ҳикмат ато этилган бўлса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан, фақат ақл эгаларигина эслатма ва ибрат оладилар.

270.Хайру эҳсондан нимаики қилган бўлсангиз ва атаган ҳар бир назрингизни Аллоҳ, албатта, билиб туради. Эҳсон қилмайдиган, назрларини бажармайдиган ва золим кимсалар учун охиратда ёрдам берувчилар бўлмайди.

271.Агар садақаларни ошкора тарзда қилсангиз, жуда яхшидир. Борди-ю уни камбағалларга яширинча берсангиз, бу ўзингиз учун хайрлидир. Бу ишларингиз туфайли Аллоҳ қилган ёмонликларингизни беркитади. Аллоҳ қилаётган ҳар бир ишингиздан хабардордир.

272.Эй Расулим, уларнинг ҳидоят топишлари сизнинг зиммангизда эмасдир. Яхшиликдан нимаики эҳсон қилган бўлсангизлар, ўзингиз учундир. Зеро, қилаётган эҳсонларингизни, фақат Аллоҳнинг юзини истаб қиласизлар. Қилган ҳар бир яхшилигингизнинг мукофоти охиратда сизларга тўлиқ қайтарилади ва ноҳақликка учрамайсизлар.

273.Садақа ва эҳсонлар ўзларини Аллоҳ йўлида банд қилиб, Ер юзида ризқ териб юришга кучлари етмайдиган ва иффат ва тортинчоқликлари сабабидан билмаган одам уларни бой деб ўйлайдиганлар учун берилади. Сиз уларнинг ҳолатларини сиймоларидан таниб оласиз. Шунингдек, улар уялмай, хиралик билан тиланиб турмайдилар. Агар яхшиликдан нимаики қилсангиз, Аллоҳ, албатта, уни билади.

274.Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ёки ошкора эҳсон қиладиган кимсаларнинг Роббилари ҳузурида ажр-мукофотлари бордир. Ҳамда уларга охиратда ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.

275.Рибо ейдиган, судхўрлик қиладиган кимсалар қиёматда қабрларидан худди шайтон чалиб, жинни бўлган одамдек қайта тириладилар. Бу жазо уларгасавдо-сотиқ ҳам худди судхўрлик кабидир”, – деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, судхўрликни эса ҳаром қилган. Бас, агар кимга Роббидан унинг ҳаромлигига доир ваъз-насиҳат етиб келиб, судхўрликдан тўхтаса, у ҳолда олдинги бўлиб ўтган судхўрликдаги фойдалари ўзига қолади ва унинг иши Аллоҳга ҳавола қилинади. Агар шундан кейин ҳам яна судхўрликка қайтадиган бўлса, демак, улар дўзах эгаларидир. Ҳамда улар у ерда мангу қолувчи бўладилар.

276.Аллоҳ судхўрликдаги фоизни йўқ қилади, садақалардаги баракатни орттиради. Аллоҳ судхўрлик қиладиган ҳар бир кофир ва гуноҳкорни севмайди.)

277.Иймон келтирган, яхши амаллар қилган, намозларни мукаммал адо этган ва закотларни берган кимсаларнинг Роббилари ҳузурида уларга ажр-мукофотлари бордир. Ҳамда уларга охиратда ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.

278.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар агарда ҳақиқий мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларни тарк қилинглар.

279.Агарда шундан кейин ҳам итоат қилмасангиз, унда Аллоҳ ва Расули томонидан сизларга қарши уруш очилишини эшитиб қўйинглар. Шояд, тавба қилсангизлар, у ҳолда аввалги сармояларингиз ўзингизга қолади. Шунда сиз зулм ҳам қилмаган ва адолатсизликка ҳам учрамаган бўласиз.

280.Агарда қарздор ночор аҳволда бўлса, шароити яхшиланиб бойигунча кутиш керак. Агар билсангиз эди, берган қарзларингизни кечиб, садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.

281.Ҳаммангиз унда Аллоҳга қайтариладиган қиёмат кунидан қўрқингар. Сўнгра у ерда ҳар бир жонга қилган иши учун тўлиқ жазо ёки мукофот берилади ва уларга ноҳақлик қилинмайди.

282.Эй мўминлар, маълум бир муддатга бир-бирларингиз билан қарз олди-берди муомаласини қилсангиз, уни ёзиб қўйинглар. Ораларингиздаги бир котиб адолат билан тўғри қилиб ёзсин. Ҳеч қайси бир котиб Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, қандай бўлса, шундай ёзсин. Зиммасида қарзи бўлган киши айтиб туриб ёздирсин ҳамда Роббиси бўлган Аллоҳдан қўрқсин ва олган қарзидан бирор нарса камайтириб ёздирмасин. Борди-ю бўйнида қарзи бўлган одам ақли норасо, ёш ёки жуда кексалиги боис ожиз ҳамда карлиги, соқовлиги ва тил билмаслиги туфайли айтиб туришга қодир бўлмаса, у ҳолда унинг вакили адолат билан айтиб турсин. Шунингдек, эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинглар. Агарда икки эркак бўлмаса, сизлар рози бўладиган гувоҳлардан бир эркак киши ва икки аёлни гувоҳ қилингларки, бири унутиб адашганда иккинчиси эслатиб туради. Гувоҳлар гувоҳлик учун чақирилганда келишдан бош тортмасинлар. Қарз хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин муддатигача ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида энг адолатли, шоҳидлик учун энг дуруст ва гумон қилмаслик учун энг яқин бўлган ҳукмдир. Лекин ораларингизда айлантириб турган нақд савдо муомалангиз бўлса, уни ёзмасликда сизларга гуноҳ бўлмайди. Ўзаро олди-берди қилганингизда ҳам гувоҳ келтиринглар. Агар харажатлари бўлса, ёзган одам ҳам, гувоҳ ҳам зарар қилмасинлар. Агар уларга зарар қилсангиз, шубҳасиз, бу сизнинг фосиқлигингиздир. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ сизларга шу тариқа таълим беради. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир.

283.Агар ўша пайт сафарда бўлиб, ёзувчи одам топа олмасангиз, унда қўл билан ушланадиган бир гаров берилсин. Борди-ю бир-бирингизга ишониб омонат қўйсангиз, унда омонати қўйилган одам уни вақтида адо этсин. Роббиси бўлган – Аллоҳдан қўрқсин ва шоҳидликни асло беркитмасин. Кимда-ким уни яширса демак, шубҳасиз, унинг қалби гуноҳкордир. Аллоҳ қилаётган барча ишларингизни билиб турувчидир.

284.Осмонлар ва Ер юзидаги барча нарсалар Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинглар хоҳ беркитинглар Аллоҳ сизларни шу билан ҳисоб-китоб қилади. Кейин хоҳлаганини кечиради, хоҳлаганига азоб беради. Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган – Қодир Зотдир.

285.Аллоҳнинг Расули бўлган Муҳаммад ўзига Роббидан нозил қилинган Қуръонга иймон келтирди ва мўминлар ҳам иймон келтирдилар. Уларнинг барчалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларигаАллоҳнинг Расулларини бир-биридан ажратмаймиз”, – деб иймон келтирганлар. Ҳамда улар: “Эшитдик ва итоат қилдик, эй Роббимиз, бизларни мағфират қил ва охирги борадиган жой Ўзинггадир”, – дедилар.

286.Аллоҳ ҳеч қайси бир жонга кучи етмайдиган нарсани таклиф қилмайди. Ҳар кимнинг қилган яхши амали ҳам, ёмон амали ҳам унинг ўзигадир. Эй Роббимиз, борди-ю унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни бу сабабдан жавобгар тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдинги умматларга юклаганинг каби бизга ҳам оғир юк юкламагин. Эй Роббимиз, кучимиз етмайдиган масъулиятларни бизларга юклаб ташламагин. Бизларни афв этгин, гуноҳларимизни кечиргин ва бизларга раҳм қилгин. Сен бизнинг ёлғиз Эгамиздирсан ва кофир қавмлар устидан бизларга нусрат бергин.