1.Алиф, Лом, Ро. Эй Муҳаммад, бу Қуръон Роббиларининг изни билан одамларни зулматлардан нурга – иззатли ва мақталган Зотнинг йўлига олиб чиқишингиз учун сизга нозил қилган Китобимиздир.
Ibrohim сураси
Makkaда нозил бўлган.
13-жуз,14-сура,52 оятдан иборат2.Аллоҳ шундай Зотки, У учун осмонлар ва Ердаги барча нарса Уникидир. Қиёматда бўладиган шиддатли азоб дастидан кофирлар ҳолига вой бўлсин!
3.Чунки улар ўткинчи дунё ҳаётини охиратдан афзал деб биладилар ва одамларни Аллоҳнинг йўлидан қайтарадилар ҳамда уни қинғир қилишни истайдилар.
4.Биз ҳар бир пайғамбарни ҳукмларимизни батафсил баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан даъват қиладиган қилиб юбордик. Бас, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани йўлдан оздиради ва хоҳлаган кишини ҳидоят қилади. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
5.Дарҳақиқат, Биз Мусони оятларимиз билан бани Исроил қавмига юбориб унга: “Қавмингни куфр зулматларидан иймон нурига олиб чиқ ва уларга Аллоҳнинг ўтмишдаги халқлар бошига солган фалокат кунларини эслатиб қўй”, – дедик. Албатта, мана бунда ҳар бир сабрли ва шукр қилувчи киши учун аломатлар бордир.
6.Ўшанда Мусо ўз қавмига: “Фиръавн зодагонларининг зулмидан қутқариб сизларга нажот берган Аллоҳнинг неъматларини ёдга олинглар. Фиръавн ва унинг зодагонлари сизларга азобнинг энг ёмонини раво кўрар, ўғилларингизни қатл қилар, аёлларингизни эса бузуқ ниятда фойдаланиш учун ўлдирмай тирик қолдирар эдилар. Ана ўша пайтдаги бўлиб ўтган ҳодисаларда сизларга Роббингиз томонидан катта бир имтиҳон бўлган”, – деди.
7.Ўшанда яна Роббингиз: “Қасам бўлсинки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қиламан. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир”, – деб эълон қилган эди.
8.Мусо яна ўз қавмига: “Агар сизлар ҳам ва Ер юзидаги барча кишилар ҳам куфр келтирадиган бўлсангиз, Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайсизлар. Зеро, Аллоҳ сизларнинг шукр қилишингиздан беҳожат ва мақталган Зотдир”, – деди.
9.Ёки сизларга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд ва улардан кейин ўтган, қавмларнинг хабари келмадими? Уларнинг ҳолатларини ва саноғини ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи билади. Уларга пайғамбарлари аниқ далиллар билан келганларида, улар қўллари билан пайғамбарларнинг оғизларини тўсиб: “Биз сизлар унга элчи қилиб юборилган динни инкор қилдик. Биз, албатта, сизлар бизни даъват қилаётган динингиздан шубҳадамиз”, – дедилар.
10.Уларга пайғамбарлари: “Осмонлар ва Ернинг яратувчиси бўлган Аллоҳнинг борлиги ва бирлиги хусусида шак борми?! У гуноҳларингизни мағфират қилиш ва сизларни маълум муддатгача ҳалок қилмай кечиктириш учун иймонга чақирмоқда-ку?!” – деди. Қавмлари бунга жавобан: “Сизлар ҳам биз каби одамсиз, фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан тўсмоқчисиз, холос. Бас, агар ростдан ҳам пайғамбар бўлсангиз, унда бизга аниқ бир ҳужжат келтиринглар-чи?!” – дедилар.
11.Уларга жавобан пайғамбарлари: “Ҳа шундай, биз худди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаганига пайғамбарликни беради. Биз сизларга Аллоҳнинг изнисиз бирор ҳужжатни келтира олмаймиз. Мўминлар, фақат Аллоҳга таваккул қилсинлар”, – деди.
12.Нима учун бизларни тўғри йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?! Албатта, биз етказган азиятларингизга сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар, фақат Аллоҳга суянсинлар.
13.Куфр келтирган кимсалар ўз пайғамбарларига: “Албатта, биз сизларни еримиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар”, – дедилар. Шунда Роббилари у пайғамбарларга: “Албатта, Биз золимларни ҳалок қиламиз”, – деб ваҳий қилди.
14.Аллоҳ: “Уларнинг ҳалокатидан кейин шу ерга сизларни жойлаштирамиз. Бу ваъда Менинг ҳузуримда охират кунида ҳисобот учун туришдан қўрқадиган ва Менинг огоҳлантиришимдан хавфсирайдиган кишилар учун”, – деб ваҳий юборди.
15.Сўнгра пайғамбарлар мўминларнинг ғалабаси учун мадад тиладилар ва ҳар бир золим ва қайсар кимсалар умидсизликка учради.
16.Унинг ортидан жаҳаннам келади. Улар дўзах аҳлининг яраларидан оқиб чиқадиган йирингли сувдан ичириладилар.
17.У сувни ютмоқчи бўлади-ю, лекин уни томоғидан ўтказа олмайди. Унга ҳар томондан ўлим келади-ю, аммо у ўлиб ўла олмайди. Унинг ортидан бундан ҳам қаттиқ азоб бордир.
18.Роббиларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли гўё бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайди. Кофирлар касб қилган ишларидан ҳеч нарсага қодир бўлмайдилар. Мана шунинг ўзи бутунлай адашишдир.
19.Эй одамзод, Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ ҳикмат билан яратиб қўйганини кўрмадингми?! Агар у хоҳласа сизларни кетказиб, ўрнингизга бошқа янги халқни келтиради.
20.Буни қилиш Аллоҳга қийин эмасдир.
21.Қиёмат кунида барча одамлар Аллоҳнинг ҳузурига чиқдилар. Такаббурлик қилган кимсаларга бечораҳол эргашувчилар: “Бизлар дунё ҳаётида сизларга тобе эдик, энди сизлар бизларни Аллоҳнинг бирор азобидан қутқарувчи бўла оласизларми?” – дедилар. Шунда улар: “Агар Аллоҳ бизни ҳақ йўлга ҳидоят қилганида, биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлар эдик. Энди эса, дод-фарёд қиламизми ёки сабр қиламизми, биз учун барибир. Бизга энди қочишга жой йўқ”, – дедилар.
22.Қачонки, жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга ҳукм қилиниб иш битгач, шайтон уларга: “Шубҳасиз, Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса васваса қилиб сизга ваъда бердим-у, лекин ваъдамга хилоф қилдим. Менда устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди. Лекин сизларни ботил йўлга чақирсам, ўзингиз менга жавоб қилдингиз. Энди мени эмас, ўзингизни маломат қилинг. Бугун мен сизнинг қутқарувчингиз эмасман, сиз ҳам мени азобдан қутқарувчи эмассиз. Шундоқ ҳам мен сизлар илгари мени Аллоҳга шерик қилганингизни инкор қилганман. Албатта, у золимлар учун аламли азоб бор”, – деди.
23.Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганлар эса тагларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритилдилар. Роббиларининг изни билан улар у ерда абадий қолувчидирлар. Уларнинг жаннатдаги саломлашишлари бир-бирларига саломатлик тилашдир.
24.Эй инсон, Аллоҳ чиройли сўз бўлган иймон калимасига қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! У сўз худди бир яхши дарахт кабидир, унинг илдизи ер остига мустаҳкам ўрнашган, шохлари эса осмондадир.
25.Роббисининг изни билан ҳар доим меваларини бериб туради. Аллоҳ одамларга шояд, эслатма олсалар деб, мана шундай мисолларни келтиради.
26.Нопок сўз бўлган куфрнинг мисоли эса унинг илдизи ер юзасидан қўпорилиб қарор топмаган ёмон дарахтга ўхшайди.
27.Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам мустаҳкам сўз бўлган иймон калимаси билан собитқадам қилади. Аллоҳ золимларни ҳақ йўлдан оздиради. Шунингдек, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилади.
28.Эй одам боласи, Аллоҳнинг неъмати бўлган иймонни куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини ўзи билан бирга ҳалокат диёрига қулатган кимсаларни кўрмадингми?!
29.У диёр улар оловда тобланадиган жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон қароргоҳ!
30.Мушриклар одамларни Унинг ҳақ йўлидан оздириш учун Аллоҳга шерикларни ўйлаб топдилар. Эй Расулим, уларга: “Ҳозирча бу дунёдан фойдаланиб қолинглар! Бас, албатта, охири қайтиб борадиган жойингиз дўзахдир”, – деб айтинг.
31.Эй Муҳаммад, иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни мукаммал қоим қилсинлар ҳамда олди-сотди ва дўст-биродарчилик бўлмайдиган кун аталмиш қиёмат келмасидан олдин, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан пинҳона ва ошкора хайру эҳсон қилсинлар.
32.Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув ёғдириб, кейин у туфайли сизларга ризқ бўладиган меваларни ундириб чиқарган Зотдир. Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун сизларга кемаларни хизматкор қилиб қўйган. Ҳамда сувларидан фойдаланишингиз учун дарёларни ҳам сизларга беминнат бўйсундирган.
33.Аллоҳ Қуёш ва Ойни доимо ҳаракатлантириб, сизга хизматкор қилиб қўйди. Шунингдек, сизга кеча ва кундузни ҳам бўйсундирди.
34.Шунингдек, сизларга Ундан сўраган барча нарсалардан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санайдиган бўлсангиз, асло саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон жуда золим ва ўта ношукрдир.
35.Эй Муҳаммад, Иброҳимнинг: “Эй Роббим, Бу Макка шаҳрини омон қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан узоқ қилгин”, – деб айтганини эсланг.
36.Эй Роббим, У санамлар кўп одамларни йўлдан оздирди. Бас, ким менга эргашса, ана ўша менинг динимдандир. Ким менга итоатсизлик қилса, яна ўзинг, шубҳасиз, гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотсан.
37.Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен зурриётимдан ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни Байт ул-Ҳароминг ёнига, экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, улар намозни тўлиқ қоим қилишлари учун шундай қилдим. Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўй ва уларга турли мевалардан ризқ бер, шояд, шунда шукр қилсалар.
38.Эй Роббимиз, албатта, Сен яширган нарсамизни ҳам, ошкор қилганимизни ҳам билиб турасан. Аллоҳга Ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса махфий эмасдир.
39.Менга кексаликда ўғилларим Исмоил ва Исҳоқни берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Роббим, шубҳасиз, дуони эшитувчидир.
40.Эй Роббим, мени ва зурриётимдан бўлган фарзандларимни намозни тўлиқ қоим қилувчи қилгин. Эй Роббимиз, менинг дуомни қабул қил.
41.Эй Роббимиз, ҳамманинг ҳисоб қилинадиган қиёмат куни мени, ота-онамни ва барча мўминларни мағфират қилгин.
42.Асло золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни бехабар деб ўйлама. Фақат Аллоҳ уларга жазо беришни кўзлар даҳшатдан қотиб қоладиган қўрқинчли кунга қолдирмоқда, холос.
43.Қиёмат кунида улар хорланган ҳолда бошларини осмонга кўтариб югуриб юрадилар. Қотиб қолган кўзлари ўзларига қайтмайди ҳамда юраклари даҳшатдан бўм-бўш бўлиб қолади.
44.Эй Расулим, одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келадиган қиёмат кунида зулм қилганлар: “Эй Роббимиз, бизларга озгина муҳлат бергин, Сенинг чақириғингни қабул қиламиз ва пайғамбарларга эргашамиз”, – дейдилар. Шунда уларга: “Илгари дунёда эканингизда асло охират жазосига дуч келмай, сизлар учун завол йўқлиги ҳақида қасам ичмаган эдингизми?!” – дейилади.
45.Қолаверса, сизлардан олдин ўзларига зулм қилган ва шу сабаб вайрон бўлган қабилаларнинг яшаган жойларидан маскан тутдингиз. Сизларга уларни нима қилганимиз аён эди. Шунингдек, сизга сабоқ олишингиз учун кўплаб мисоллар келтирдик.
46.Дарҳақиқат, Макка мушриклари ўзларининг макрларини қилдилар. Агар макрлари туфайли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса ҳам уларнинг бу макрлари Аллоҳ ҳузурида маълумдир.
47.Аллоҳни пайғамбарларига берган ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйлама. Албатта, Аллоҳ қудратли ва интиқом олувчи Зотдир.
48.Қиёмат Ер ўз шаклини йўқотиб бошқа ерга ва осмонлар ҳам бошқа оламларга айланадиган кундадир. Ҳаммаси ягона ва қудратли Аллоҳнинг ҳузурида пайдо бўладилар.
49.Ўша қиёмат кунида жиноятчиларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрасан.
50.Золимларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов қамраб олади.
51.Булар Аллоҳ ҳар бир жонга қилган касбига муносиб жазо бериши учундир. Албатта, Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир.
52.Эй одамлар, Аллоҳ тарафидан нозил қилинган бу Қуръон инсониятга у билан огоҳлантирилишлари ва У ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма олишлари учун бир етказишдир.

