1.Эй одамлар, сизларни бир жон, яъни Одамдан яратган ва ундан эса унинг жуфти Ҳаввони яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар тарқатиб қўйган Роббингиздан қўрқинглар. Унинг номи билан бир-бирингиздан талаб истакда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик алоқаларини узишдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир.
Niso сураси
Madinaда нозил бўлган.
4-жуз,4-сура,176 оятдан иборат2.Сизларга омонат қилинган етимларнинг молларини улар вояга етгач қайтариб беринглар. Сиз учун ҳаром бўлган етим молини ўз ҳақингиз бўлган ҳалолга алмаштириб олманглар. Уларнинг молларини ўз молларингизга қўшиб еманглар. Албатта, бу иш катта гуноҳдир.
3.Агар етим қизларга уйланиб, уларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, у ҳолда сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёллардан иккитами, учтами, тўрттами, никоҳлаб уйланаверинглар. Борди-ю агар улар орасида ҳам адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, унда бир аёлга уйланинг ёки қўл остингизда мулк бўлган чўрилар билан кифояланинг. Мана шу йўл жабр қилмаслигингиз учун яқинроқ йўлдир.
4.Аёлларга маҳрларини чин кўнгилдан чиқариб беринглар. Агар сизларга ундан ўзлари истаб бирор нарсани қайтиб берсалар, бас, уни бемалол, ҳузур билан еяверинглар.
5.Аллоҳ етимлар моли устида сизларни назоратчи қилган, ҳаёт таянчи бўлган молларингизни ақли норасоларга бериб қўйманг. Балки у моллардан уларни едириб ичиринг ҳамда уларга яхши сўзлар билан муомала қилиб гапиринг.
6.Етимларни то никоҳланиш ёшига етгунларича имтиҳон қилиб, текшириб туринглар. Вояга етганликларини сезсангиз, дарҳол омонатдаги молларини ўзларига қайтаринглар. Мулкларини исроф қилиб ва улғайиб қолмасинлар деб шошма-шошарлик билан еб қўйманглар. Кимки бадавлат бўлса, етим ҳақини ейишдан тийилсин. Агарда ким камбағал бўлса, яхшилик билан меъёрида есин. Молларини ўзларига қайтарганингизда уларга гувоҳ келтиринглар. Ҳисоб сўраб олишда Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
7.Эркаклар учун ота-оналари ва қариндошлари қолдириб кетган меросдан насиба бордир. Шунингдек, аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндошлари қолдириб кетган меросдан насиба бордир. Улардан кам ёки кўп бу фарз қилинган улушлардир.
8.Мерос тақсимланаётган вақтда агар у ерда меросхўр бўлмаган қариндошлар, етимлар ва камбағаллар ҳозир бўлса, уларга ҳам ушбу меросдан бирон нарса беринг ва уларга кўнгил очадиган ширин сўзларни айтинг.
9.Ўзлари заифҳол фарзандларни орқаларида қолдириб, уларнинг келажагидан қандай қўрқсалар, етимлар ҳақида ҳам шундай қўрқсинлар. Аллоҳдан қўрқинглар ва доимо тўғри сўзни айтинглар.
10.Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, шубҳасиз, қоринларида олов еган бўладилар ва албатта, охиратда дўзахда ёнадилар.
11.Аллоҳ фарзандларингизга мерос борасида бир ўғил учун икки қиз улуши миқдорича мерос беришни амр қилади. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёл бўлсалар, уларга марҳум қолдирганнинг учдан иккиси тегади. Борди-ю якка қиз бўлса, унга мероснинг ярми тегади. Агар марҳумнинг фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган мероснинг олтидан бири тегади. Борди-ю фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси меросхўр бўладиган бўлса, унда онасига учдан бир улуш тегади. Агар марҳумнинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир улуш тегади. Бу тақсимотлар марҳум қилган васият ва унинг қарзлари адо қилингандан кейин ижро этилади. Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаати энг яқинроқ эканини билмайсизлар. Булар Аллоҳ тарафидан сизларга қилинган фарздир. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
12.Агар хотинларингизнинг фарзанди бўлмаса улар қолдирган меросдан ярми сизларга тегади. Борди-ю уларнинг фарзандлари бўлса, сизларга улар қолдирган меросдан тўртдан бир улуш тегади. Бу тақсимотлар у марҳумаларнинг қилган васияти ёки қарзи адосидан кейин ижро этилади. Агар фарзандларингиз бўлмаса у хотинларга сизлар қолдирган мероснинг тўртдан бир улуши тегади. Борди-ю фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган мероснинг саккиздан бир улуши тегади. Бу тақсимотлар сизлар қилган васият ёки қарз адосидан кейин ижро этилади. Агар марҳум эркак ёки аёл кимсасиз, яъни ота-онаси ҳам, фарзандлари ҳам бўлмай, битта ака ёки ука ёхуд опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир ҳисса тегади. Агар улар бундан кўп бўлсалар, улар мероснинг учдан бирига шерик бўладилар. Бу тақсимотлар меросхўрларга зарар бермайдиган ҳолда, қилинган васият ва қарзлар адо этилгандан кейин Аллоҳнинг амрига биноан ижро қилинади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим Зотдир.
13.Мана шу Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳудудларидир. Ким Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилса, уни тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритади. Улар у ерда абадий қолувчилардир. Мана бу катта ютуқдир.
14.Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг белгилаб қўйган ҳадларидан ошса, уни у ерда мангу қоладиган дўзахга киритади. Ҳамда унинг учун у ерда хор қилувчи азоб бордир.
15.Аёлларингиздан фоҳишалик қилганларга ўзларингиздан тўртта эркакни улар устига гувоҳ келтиринг. Агар улар шунга гувоҳлик берсалар, то уларга ўлим етгунча ёки Аллоҳ бир йўл кўрсатгунча уларни уйларида ушлаб туринглар.
16.Фоҳишалик қилганларнинг икковига ҳам азият бериб таъзирини беринглар. Агар улар тавба қилиб, ўзларини ўнгласалар у ҳолда уларга тегманглар. Шубҳасиз, Аллоҳ кўплаб тавбаларни қабул қилувчи – Таввоб ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
17.Албатта, Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши, фақат биронта ёмонликни билмасдан қилиб қўйиб, орқасидан дарҳол тавба қилган кимсалар учундир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
18.Гуноҳ ишларни доимий қилиб юрган ва биронтасига ўлим они келгач, “энди тавба қилдим”, – дейдиган ҳамда кофир ҳолида ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмайди. Ана ўшаларга охиратда аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз.
19.Эй иймон келтирганлар, сизларга аёлларни мажбурий тарзда мерос қилиб олиш ҳалол бўлмайди. Гувоҳлар билан исботланган бузуқлик қилмаганлари ҳолда уларга берган маҳрингиздан бир қисмини қайтариб олиш учун уларни зўрлик билан ушлаб тўсиб турманглар. Улар билан чиройли ҳаёт кечиринглар. Агар уларни ёқтирмасангиз, шуни билингки, балким ёмон кўрган нарсангизда Аллоҳ унда сизлар учун кўпгина яхшилик пайдо қилар.
20.Агар бир хотинни қўйиб ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз, уларнинг бирига уюм-уюм молни маҳр қилиб берган бўлсангиз ҳам, ундан бирон нарсани қайтариб олманглар. Уни туҳмат билан, очиқ-ойдин гуноҳ қилиб, қайтариб оласизларми?
21.Ахир, бир-бирингиз билан қовушган бўлсангиз ва у хотинлар сизлардан қатъий сўз олган бўлсалар, қайси юз билан уни қайтариб оласизлар?!
22.Оталарингиз аввал никоҳларига олган аёлларни никоҳингизга олманглар. Магарам, олдин бўлиб ўтган бўлса, у кечирилади. Албатта, у бузуқ, жирканч ва жуда ҳам ёмон йўлдир.
23.Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, ўзлари билан жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг аввалги эрларидан бўлган ва ҳозирда сизнинг тарбиянгизда бўлган ўгай қизларингизга уйланиш ҳаром қилинди. Бироқ уларнинг оналари билан ҳали жинсий алоқада бўлмай туриб талоқ қилган бўлсангиз, аввалги эрларидан туғилган қизларига уйланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Шунингдек, яна пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ва опа-сингилни бирга қўшиб никоҳга олишингиз ҳаром қилинди. Магарам, олдин бўлиб ўтган бўлса, у кечирилади. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
24.Шунингдек, сизнинг қўлингизда урушда асирга тушиб мулк бўлган жориялардан ташқари, эри бўлган аёлларни ҳам никоҳингизга олиш ҳаром қилинди. Бу сизларга Аллоҳнинг ёзган ҳукмларидир. Мана шу зикр қилинганлардан бошқа аёлларга ориятли бўлиб, зинокор бўлмаган ҳолингизда молларингиздан маҳр бериб уларни никоҳга олишни исташингиз сизлар учун ҳалол қилинди. Шундай экан, агар никоҳингизга олиб улардан фойдаланган бўлсангиз, белгиланган маҳрларини берингиз. Белгиланган маҳрдан кейин ўзаро келишсангиз, ҳамда хотин ўз маҳридан воз кечса у ҳолда сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
25.Агар сизлардан кимда-ким ҳур мўмина аёлларни никоҳига олишга моддий имкон топмаса унда, қўл остингиздаги мўмина жорияларга уйланинглар. Аллоҳ иймонларингизни энг яхши билувчи Зотдир. Зеро, сизлар бир-бирингиздан тарқагандирсизлар. У жориялардан ор-номусли, фоҳишалик қилмайдиган ва яширинча жазман тутмайдиганларига эгаларининг рухсати билан маҳрларини яхшилик билан бериб никоҳингизга олаверинглар. Борди-ю улар никоҳлангандан кейин фоҳишалик қилсалар, уларга ҳур аёлларга бериладиган жазонинг ярми татбиқ қилинади. Бу жорияларга уйланиш хотинсизликдан машаққат чекадиган кимсалар учундир. Агарда уйланмай қийинчиликларга сабр қилсангиз, бу сиз учун яхшидир. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
26.Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини очиқ ойдин баён қилишни, сизларни аввалги ҳақ йўлда яшаб ўтган кимсаларнинг йўлларига бошлашни ва сизнинг хатоларингизни кечиришни хоҳлайди. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
27.Аллоҳ сизнинг тавбаларингизни қабул қилишни истайди. Бироқ шаҳвоний ҳисларга эргашадиган кимсалар эса сизни бутунлай нотўғри йўлга оғиб кетишингизни хоҳлайдилар.
28.Аллоҳ сизларга енгиллик бўлишини хоҳлайди. Чунки инсон заиф қилиб яратилгандир.
29.Эй иймон келтирганлар! Тижорат қилиб, розилик билан топган мол-мулкларингиздан ташқарисини орангизда ноҳақ йўллар билан еманглар. Шунингдек, бир-бирингизни ўлдирманглар. Албатта, Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган – Раҳим Зотдир.
30.Кимки бу ёмон ишларни адоват ва зулм қилган ҳолда амалга оширса, яқинда уни дўзахга киритиб тоблаймиз. Албатта, бу ишлар Аллоҳга осондир.
31.Агар сизларга ман қилинган катта гуноҳлардан тийилсангиз, кичик гуноҳларингизни ўчирамиз. Ҳамда сизларни улуғ мақом бўлган жаннатга киритамиз.
32.Агар Аллоҳ баъзи бировингизни бирингиздан бирор бир неъмат билан устун қилиб қўйган бўлса, сизлар унга кўз тикиб, ҳасадгўйлик билан орзу қилманглар. Эркаклар учун ўзлари қилган касбу корларидан бир насиба бордир. Аёллар учун ҳам ўзлари қилган касбу корларидан бир насиба бордир. Шундай экан, Аллоҳнинг фазлу карамидан умидвор бўлиб сўранглар. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир нарсани билиб турувчи Зотдир.
33.Ҳар бир кимса учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган меросдан улуш олувчи меросхўрлар қилиб қўйганмиз. Мерос борасида аҳду паймон қилган кимсаларингизга ҳам ўз ҳиссаларини беринглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага гувоҳ бўлиб турган Зотдир.
34.Эркаклар аёллар устидан раҳбардирлар. Бунинг сабаби Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан маълум хусусиятга кўра афзал қилиб яратиши ҳамда эркаклар ишлаб топган мол-мулкларидан ўз оилалари учун сарф-харажат қилиб туришларидир. Солиҳа аёллар эса итоаткор бўлганларидир. Ҳамда Аллоҳ аёлларнинг ҳақини қандай муҳофаза қилган бўлса, улар ҳам эрлари ёнларида бўлмаганида мол-мулкларини, сир-асрорларини ва ўз иффатларини шундай ҳимоя қилувчилардир. Агарда у хотинларнинг исён қилиб сизга бош кўтаришларидан қўрқсангиз, олдин уларга чиройли насиҳат қилинглар. Насиҳат кор қилмаса уларни ётоқларда ёлғиз тарк қилиб, улардан узоқ туринглар. Борди-ю унда ҳам бўлмаса, у ҳолда секингина уринглар. Бироқ сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа баҳона қидириб, йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг устун бўлган – Аълий ва барчадан улуғ бўлган – Кабир Зотдир.
35.Агар у эр-хотинларнинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, унда эр тарафидан бир ҳакам, аёл тарафидан бир ҳакам тайинлаб юборинг. Агар икки тараф ҳам сулҳ қилишни истаса, Аллоҳ иккови орасига иттифоқликни солади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.
36.Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-оналарга яхшилик қилинглар. Ҳамда қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин ва узоқ қўшниларга, яқин дўстингизга, мусофирларга ва қўл остингиздаги хизматкорларга ҳам яхшилик қилинглар. Аллоҳ такаббур ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди.
37.Ундай кимсалар эса ўзлари бахиллик қиладилар ва инсонларни ҳам бахиллик қилишга буюрадилар. Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган лутфу иноятларни бахиллик қилиб яширадилар. Биз эса бундай кофирларга хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.
38.Яна шундай кимсалар ҳам борки, аслида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаганлари ҳолда инсонлар кўрсин, деб риёкорлик билан молларидан хайру садақа қиладилар. Бас, кимга шайтон дўст бўлса, билиб қўйсинки, у энг ёмон улфатдир.
39.Аксинча, улар Аллоҳга, охират кунига иймон келтириб, Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилганларида уларга нима зарар бўларди?! Зеро, Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини билиб турувчи Зот эди.
40.Албатта, Аллоҳ ҳеч кимга бир зарра миқдорича ҳам зулм қилмайди. Агар заррача яхшилик қилинган бўлса, унинг савобини бир неча баробар кўпайтиради. Ҳамда Ўз ҳузуридан улуғ ажр-мукофот ато этади.
41.Эй Расулим, қиёмат кунида ҳар бир умматдан ўзларининг пайғамбарларини гувоҳ келтириб, сизни эса уларга қарши шоҳид қилганимизда у гуноҳкорларнинг аҳволи қандай бўларкин?!
42.Куфр келтирганлар ҳамда Расулга осий бўлганлар қиёмат кунида гуноҳлари туфайли ер билан бир бўлиб кетишни истаб қоладилар. Ҳамда Аллоҳдан ҳеч бир сўзни яшира олмайдилар.
43.Эй иймон келтирганлар, маст ҳолатда эканлигингизда, нима деб айтаётганингизни ўзингиз тушунмагунингизгача, намозга яқинлашманглар. Ҳамда йўловчи бўлмай туриб, жунуб ҳолингизда ҳам, то ғусл қилмагунингизча намозга яқинлашманглар. Агар бемор ё сафарда бўлиб ёки сизлардан бирингиз ҳожатхонадан қайтиб, ёхуд аёлларга яқинлик қилгандан кейин сув топа олмасангиз, у ҳолда тоза тупроқ жинсидан бўлган нарсалар ният қилиб, таяммум қилинглар. У тупроқ билан юзларингиз ва қўлларингизга суртиб масҳ тортинглар. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Аъфув ва Ғофур Зотдир.
44.Эй Муҳаммад, Таврот китобидан насиба берилган кимсаларнинг ҳидоят ўрнига залолатни сотиб олишларини ва сизларни ҳам тўғри йўлдан адашишингизни истаётганларни кўрмадингизми?
45.Ҳолбуки, Аллоҳ душманларингиз ким эканини жуда яхши билувчи Зотдир. Сизга Аллоҳнинг Ўзи етарли дўст ва Аллоҳнинг Ўзи етарли ёрдамчидир.
46.Яҳудий бўлган кимсалар орасида калималарни ўз ўрнидан ўзгартириб айтадиганлари ҳам бор. Улар атайин тилларини буриб ва динга таъна қилган ҳолда: “Қулоғимиз билан эшитдик ва лекин қалбдан итоат қилмадик, эшит, эй сўзлари эшитилмай қолгур ва мазах қилиб “роино”, – дер эдилар. Агарда улар бу гап ўрнига: “Эшитдик ва итоат қилдик, эшитинг ва бизга ҳам назар қилинг”, – деганларида ўзлари учун яхши ҳамда энг тўғриси шу бўлар эди. Лекин Аллоҳ уларни куфрлари сабабли лаънатлаган. У яҳудийлардан, фақат кам қисмигина иймон келтиради холос.
47.Эй китоб берилган яҳудий ва насронийлар, қилинган итоатсизлик туфайли юзларни текислаб, уларни чаппа қилиб юборишимиздан ёки “шанба куни эгалари”ни қандай лаънатлаган бўлсак сизларни ҳам шундай лаънатга дучор қилишимиздан олдин сиздаги Тавротни тасдиқловчи қилиб нозил қилганимиз Қуръонга иймон келтиринглар. Аллоҳнинг амри, шубҳасиз, амалга ошади.
48.Албатта, Аллоҳ Ўзига бирон нарсанинг шерик қилиниб ширк келтирилганни кечирмайди. Аммо бундан бошқа гуноҳни қилган кимсани агар Ўзи истаса, мағфират қилиши мумкин. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, у катта гуноҳ тўқиб чиқаргандир.
49.Ўзларини гўёки оқлаб пок қилаётган кимсаларни кўрмайсизми? Ундай эмас, балки Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандасини гуноҳлардан тозалаб поклайди. Ҳеч кимга қилчалик ҳам зулм қилинмайди.
50.Эй Расулим, уларнинг Аллоҳга нисбатан қандай ёлғон тўқишларини кўринг. Бу очиқ ойдин гуноҳ уларнинг жазоланиши учун кифоядир.
51.Эй Муҳаммад, Таврот китобидан насиба берилган кимсаларнинг бут ва шайтонларга сиғиниб, кофирларга қарата: “Буларга сиғиниш иймонлилардан кўра тўғрироқ йўлдир”, – деб айтаётганларини кўрмайсизми?!
52.Эй Расулим, мана шу сўзларни айтган кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир. Аллоҳ кимни лаънатлаган бўлса, унга азобдан қутқарувчи ҳеч қандай ёрдамчини топа олмайсиз.
53.Ёки уларга мол-мулкдан улкан насиба берилган деб ўйладиларми? Борди-ю берилган тақдирда ҳам улар бахилликлари туфайли инсонларга зиғирча ҳам ундан бермаган бўлардилар.
54.Ёки улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматларни кўролмай одамларга ҳасад қиляптиларми? Дарҳақиқат, Биз олдин ҳам Иброҳимнинг сулоласига китоб, ҳикмат берган ва улкан ҳукмронликни ҳам ато этган эдик-ку!
55.Уларнинг орасидан унга иймон келтирганлари ҳам, ундан юз ўгирганлари ҳам бўлди. Уларнинг исёнлари учун қаттиқ оташли жаҳаннам етарлидир.
56.Албатта, оятларимизни инкор қилиб, куфр келтирган кимсаларни яқинда дўзахга киритамиз. Азобни қайта-қайта тотишлари учун терилари куйиб пишгач, яна унинг ўрнига бошқа терини алмаштириб турамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
57.Иймон келтирган ва эзгу амалларни қилган кимсаларни эса абадий қолинадиган ва тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киргизамиз. Ҳамда улар учун у ерда покиза жуфтлар бўлган ва роҳатбахш қуюқ сояли маконларга киритамиз.
58.Албатта, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизни ва одамлар ўртасида ҳукм қилган пайтингизда адолат билан ҳукм чиқаришга буюради. Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши насиҳат қилмоқда. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.
59.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар. Ҳамда Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган аҳли иймон ишбошчи раҳнамоларга ҳам итоат қилинглар. Агарда бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, унинг ечимини Аллоҳга ва Расулга қайтаринглар. Агарда Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, шу йўлни тутинглар. Ана шундай қилишингиз хайрли ва чиройли натижадир.
60.Эй Муҳаммад, ўзларини сизга нозил қилинган Қуръонга ҳамда сиздан аввалги туширилган китобларга иймон келтирган деб иддао қилаётган кимсаларни кўрмайсизми? Улар шайтоний фитналар билан муҳокама қилишни истайдилар. Ваҳоланки, улар унга итоат қилмасликка буюрилган эдилар. Шайтон эса уларни тамоман узоқ залолатга етаклашни истайди.
61.Эй Расулим, қачонки уларга: “Аллоҳ нозил қилган китоб ҳукмига ва пайғамбар чақириғига келинглар”, – дейилса, мунофиқларнинг сиздан бутунлай юз ўгириб кетишларини кўрасиз.
62.Ўз қўллари билан қилган гуноҳ ишлари туфайли уларга бирор мусибат етгандан кейин сизнинг олдингизга келиб: “Биз, фақат эзгуликни ва орани яхшилашни истаган эдик”, – деб, Аллоҳ номи билан қасам ичишлари қандай ҳол бўлди?
63.Эй Расулим, Аллоҳ ана шундай кимсаларнинг дилларидаги ғаразни билади. Сиз уларнинг қилган ишларидан юз ўгиринг. Шунда ҳам уларга панду насиҳат қилиб, нафсларига таъсир қиладиган етук сўзларни айтинг.
64.Биз ҳар бир пайғамбарни, фақат Аллоҳнинг изни билан унга итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар хатолари туфайли ўзларига зулм қилган пайтларида олдингизга келиб, Аллоҳдан мағфират сўраганларида ҳамда Расул ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, албатта, Аллоҳнинг кўплаб тавбаларни қабул қилувчи – Таввоб ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зот эканини топар эдилар.
65.Йўқ, Роббингга қасам бўлсинки, улар ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга сизни ҳакам қилиб, кейин нафсларида сиз чиқарган ҳукмга эътироз қилмай, бутунлай таслим бўлмагунларича, ҳаргиз мўмин бўла олмайдилар.
66.Агар биз уларга: “Ўзларингизни ўлдиринг ёки юртингиздан чиқиб кетинг”, – деб амр қилганимизда эди, улардан, фақат озгина қисми бу буйруқни бажарган бўларди. Кошки, улар айтилган насиҳатларга амал қилсалар эди, ўзлари учун яхшироқ ва иймонлари учун ўта мустаҳкам иш бўлар эди.
67.Шунда Биз уларга Ўз ҳузуримиздан улкан мукофот берган бўлар эдик.
68.Ҳамда уларни тўғри йўлга ҳидоят қилган бўлар эдик.
69.Кимки Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, ана ўшалар қиёмат кунида Аллоҳ уларга улуғ неъматлар берган анбиёлар, ҳеч қачон ҳақ йўлдан айрилмаган сиддиқлар, шаҳидлар ва яхши амалларни қилган солиҳ зотлар билан бирга ҳамроҳ бўладилар. Ана улар ҳамроҳликда нақадар гўзал бўлганлардир.
70.Булар Аллоҳ томонидан бўлган фазлу карамдир. Аллоҳнинг илми ҳар нарсани билиш учун етарлидир.
71.Эй иймон келтирганлар, душманга нисбатан сергак бўлиб, эҳтиёт чорангизни кўринглар. Вазиятга қараб бўлинмаларга бўлинган ҳолда ёки ҳаммангиз ёппасига баравар жангга чиқинглар.
72.Албатта, сизнинг ораларингизда сусткашлик қилиб жангдан қоладиган мунофиқ кимсалар ҳам бор. Борди-ю сизларга урушда бирор бир мусибат етса: “Аллоҳ менга яхшилик қилган экан, яхшиямки улар билан жангда бўлмадим. Акс ҳолда, ўлиб кетардим”, – дейди.
73.Мабодо Аллоҳдан инъом етиб, урушда зафар қучиб қолсангиз, худди сиз ва унинг орасида олдин ҳеч қандай яқинлик бўлмаган бегона одамдек: “Қани, энди мен ҳам улар билан бирга жангда бўлганимда, улкан ютуқ ва ўлжаларга эришар эдим”, – деб айтадилар.
74.Дунё ҳаётининг ўткинчи манфаатлари эвазига охират саодатини сотиб оладиган кимсалар Аллоҳ йўлида жанг қилсинлар. Кимда-ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ўлдирилса ёки ғалаба қозонса, яқинда, албатта, унга улкан мукофот берамиз.
75.Эй аҳли иймон, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида эркаклар, аёллар ва болалардан ожиз қолганларни қутқариш учун жанг қилмаяпсизлар? Ахир у чорасиз кимсалар: “Эй Роббимиз, бизларни аҳолиси золим бўлган бу шаҳардан чиқаргин. Бизларга Ўз томонингдан бир дўст ва Ўз ҳузурингдан бизларга ёрдам берувчиларни ато қилгин”, – деб айтмоқдалар.
76.Иймон келтирган мўминлар Аллоҳ йўлида жанг қиладилар. Кофирлар эса шайтон йўлида жанг қиладилар. Бас, сизлар шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинглар. Шубҳасиз, шайтоннинг макру ҳийласи заифдир.
77.Эй Расулим, уларга: “Ҳозирча уруш қилишдан тийилиб, намозларни адо этинглар ва закот беринглар”, – деб айитилган кимсаларнинг ҳолатини кўрмадингизми? Вақти келиб уларга жанг фарз қилингач, бирданига улар орасидаги бир қисм жамоа одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ҳатто янада қаттиқ қўрқув билан чўчий бошладилар. Ҳамда улар: “Эй Роббимиз, нега бизларга жангни фарз қилдинг? Уни бизларга яқин бир муддатга ортга суриб турсанг бўлмасмиди?” – дедилар. Эй Расулим, уларга: “Ўткинчи дунёнинг лаззати озгинадир. Аллоҳдан қўрққанлар учун эса охират ҳаёти афзалдир. Сизларга қилчалик ҳам зулм қилинмайди”, – деб айтинг.
78.Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўласизлар. Агар мунофиқларга бирор бир яхшилик етиб қолса: “Бу Аллоҳнинг ҳузуридандир”, – деб айтадилар. Борди-ю уларга бир ёмонлик етиб келса: “Бу сизнинг юзингиздандир”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидандир”, – деб айтинг. Анави қавмларга нима бўлдики, гап уқишни билмайдилар?!
79.Эй одам боласи, сенга нимаики яхшилик етса, билки у Аллоҳдандир. Шунингдек, нимаики ёмонлик етса, билки, у ўз нафсингдандир. Эй Муҳаммад, Биз сизни инсонларга пайғамбар қилиб юбордик. Бунга Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир.
80.Кимки пайғамбарга итоат этса, дарҳақиқат, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким итоатдан юз ўгирса, Расулим, сизни улар устидан қўриқчи қилиб юбормаганмиз.
81.Мунофиқлар: “Хўп, итоат қиламиз”, – дейдилар. Бироқ сизнинг олдингиздан чиққач, улардан бўлган бир тоифа айтган гапларингиздан бошқасини қилишга кечалари тил бириктирадилар. Билиб қўйсинлар, Аллоҳ уларнинг кечалари хуфёна тил бириктириб юрганларини ёзиб қўймоқда. Бас, эй Расулим, улардан юз ўгиринг ва Аллоҳга суяниб таваккул қилинг. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилади.
82.Қуръоннинг ҳақлиги хусусида теран фикр юритмайдиларми?! Агар Қуръон Аллоҳдан ўзганинг томонидан келган бўлганда, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар.
83.Агар у мунофиқларга жанг майдонларидан тинчлик ёки хатарга доир бирор бир хабар етиб келгудек бўлса, бемаслаҳат уни дарҳол тарқатиб юборадилар. Агарда уни аввал Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган амирларга етказганларида эди, у хабарнинг асл негизини англамоқчи бўлган кимсалар улардан сўраб билиб олар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида айрим оз кишилардан ташқари кўпчилик шайтонга эргашиб кетган бўлар эдингиз.
84.Эй Расулим, Аллоҳ йўлида жанг қилинг. Сиз, фақат ўзингиз учун масъулдирсиз. Мўминларни ҳам Аллоҳ йўлида жанг қилишга ташвиқ қилинг. Шояд, шунда Аллоҳ куфр келтирганларнинг кучини тортиб олса. Албатта, Аллоҳнинг кучи жуда ортиқ ва азоби ўта шиддатлидир.
85.Кимки чиройли ёрдам билан инсонларга кўмак берса, унга у ёрдами сабабидан насибаси бўлади. Агар ким ёмонлик йўлида ёрдам бериб, одамларни ҳимоя қилса, унга ҳам қилганига яраша улуши бўлади. Аллоҳ ҳамма нарсага кучи етадиган Зотдир.
86.Қачонки сизларга бир салом ибораси билан салом берилса, сизлар ундан ҳам чиройлироқ тарзда саломига алик олинглар, жуда бўлмаганда ўша иборани салом берганга қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олиб турувчи Зотдир.
87.Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, фақатгина Унинг Ўзи бордир. У сизларни барчангизни ҳеч шак-шубҳасиз, бўладиган қиёмат кунида тўплайди. Ким ҳам Аллоҳдан кўра тўғрисўзроқдир?!
88.Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, мунофиқлар ҳақида икки тоифага бўлиниб олдингиз. Ахир, Аллоҳ уларни қилмишлари туфайли яна эски ҳолларига қайтариб қўйган-ку! Энди сизлар Аллоҳ Ўзи адаштирган кимсаларни тўғри йўлга солмоқчимисизлар? Билиб қўйинглар, агар Аллоҳ кимни ҳақ йўлдан адаштирган бўлса, унга сира ўнгланиши учун йўл топа олмайсиз.
89.Улар ўзлари куфр келтирганларидек сизларни ҳам кофир бўлиб, ўзлари билан баробар залолатда бўлишингизни истайдилар. Улар то иймонга келиб, Аллоҳ йўлида Маккадан Мадинага кўчиб ўтмагунларича улардан ҳеч бирини дўст қилиб олманглар. Борди-ю яна Исломдан юз ўгирсалар у ҳолда уларни қаерда учратсангиз, тутиб ўлдиринглар. У кофирлардан ўзингизга дўст ва ёрдамчи қилиб олманглар.
90.Бироқ у мунофиқлар сизлар билан орангизда тинчлик битими бўлган бошқа қавмга бориб қўшилсалар ёки сиз билан ҳам ўз қабилалари билан ҳам жанг қилавериб юраклари сиқилган кимсалар сулҳ истаб яна сизнинг ёнингизга қайтиб келсалар, уларга тегманглар. Агар Аллоҳ хоҳлаганида эди уларни устингиздан босқинчи ҳукмрон қилиб қўярди шунда улар сизлар билан жанг қилган бўлар эдилар. Агарда сизларга уруш қилишдан тийилиб, сизлар билан жанг қилмасалар ҳамда тинчлик музокарасини ўртага ташласалар у ҳолда Аллоҳ уларга қарши жанг қилиш учун сизларга йўл бермайди.
91.Шунингдек, яқинда сизлардан ҳам ўз қавмларидан ҳам ҳавфдан омонда қолишни хоҳлайдиган бошқа мунофиқларни кўрасизлар. Қачонки улар фитна-фасод йўлига бурилсалар, дарҳол унга ўзларини отадилар. Агарда сизлардан узоқлашмасалар ва тинчлик битимини ўртага ташламай сизлар билан уруш қилишдан қўлларини тиймасалар у ҳолда уларни ушлаб олинглар ва қаерда учратсангиз ҳам тутиб ўлдираверинглар. Бу ҳукмларни мана шундай кимсаларга қарши жанг қилишингиз учун сизларга очиқ ойдин далил қилиб қўйдик.
92.Мўмин бошқа бир мўминни, фақат хато туфайли янглишиб ўлдириб қўйиши мумкин. Кимда-ким мўминни янглишиб ўлдириб қўйса, унинг зиммасига бир мўмин қулни озод қилиш ҳамда марҳумнинг оиласига тақдим қилинган бир хун тўлаб бериши лозим бўлади. Бироқ марҳумнинг оиласи хун ҳақини садақа қилиб кечиб юборсагина тўламаса бўлади. Агар билмасдан ўлдириб қўйилган одам мўмин бўлиб, сизларга душман бўлган қавм орасида яшайдиган бўлса, у ҳолда бир мўмин қулни озод қилиш керак бўлади. Борди-ю билмасдан ўлдириб қўйилган одам сизлар ва улар орасида битим тузилган қавмдан бўлса, ўлдирилганнинг оиласига ҳам хун тўлаб бериш, ҳам бир мўмин қулни озод қилиш лозим бўлади. Агарда қул озод қилишга имкон топмаса, унда Аллоҳдан мағфират бўлиши учун икки ой узлуксиз рўза тутади. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
93.Аммо кимда-ким бир мўминни қасддан ўлдирадиган бўлса, унинг жазоси у ерда мангу қолинадиган жаҳаннамдир. Шунингдек, Аллоҳ унга ғазаб қилади ва уни лаънатлайди. Ундай қотилга Аллоҳ катта азоб тайёрлаб қўйгандир.
94.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун сафарга отланганингизда кофир ва мусулмонни фарқини яхши билиб ажратиб олинглар. Дунё ҳаётининг ўткинчи манфаатини кўзлаб, ўлжа олиш мақсадида сизларга салом берган кишига ишонмай: “Сен мўмин эмассан!” – деб айтманглар. Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида беҳисоб ғаниматлар бордир. Ахир ўзингиз ҳам авваллари иймонингизни яшириб, худди шундай яшар эдингиз. Шундан кейин Аллоҳ сизларга неъмат ато этиб мамнун қилди. Шундай экан, аниқ ва пухта қилиб иш тутинглар. Албатта, Аллоҳ барча қилаётган ишларингиздан хабардор бўлган Зотдир.
95.Мўминлардан узрсиз бўла туриб жангга чиқмай уйларида ўтирганлар ва Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари билан жанг қилган мужоҳидлар тенг бўлмайдилар. Аллоҳ моллари ва жонлари билан жанг қилган мужоҳидларни жангга чиқмай ўтириб олган кимсаларга нисбатан бир даража юқори қилди. Ҳаммасига ҳам Аллоҳ чиройли мукофотлар ваъда қилган. Шунингдек, Аллоҳ мужоҳидларни жангга чиқолмай ўтириб қолганлардан кўра катта мукофотлар билан сийлаб афзал қилди.
96.Уларга Аллоҳ тарафидан улуғ мартабалар, мағфират ва раҳмат бордир. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
97.Мусулмонлар билан Маккадан Мадинага кўчиб ўтмай, кофирлар билан қолиб нафсларига зулм қилганларнинг жонларини олаётган фаришталар: “Ҳижрат пайтида нима ҳолда эдингизлар?” – деб айтадилар. Улар. “Ер юзида ожизу нотавон эдик”, – деб жавоб берадилар. Шунда улар: “Нима, ёки унда бошқа ерларга ҳижрат қилишингиз учун Аллоҳнинг Ери кенг эмасмиди?” – дейдилар. Итоатсизликлари туфайли уларнинг борадиган жойлари жаҳаннамдир. Жаҳаннам нақадар ёмон борар жойдир.
98.Лекин чиндан ҳам ҳеч нарсага кучи етмаган ва Маккадан Мадинага кўчиб ўтиш учун йўл тополмаган чорасиз эркаклар, аёллар ва болалар бундан мустаснодир.
99.Аллоҳ шояд, ана шундай кимсаларни кечирса, чунки Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Аъфув ва Ғофур Зотдир.
100.Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, қаерга борса ҳам, Ер юзида кўплаб бошпана ва мўл-кўлчилик топади. Кимки уйидан Аллоҳ ва Унинг Расули йўлига ният қилиб муҳожир бўлиб чиқса-ю, кейин бу йўлда унга ажали етса, албатта, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушгандир. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
101.Ер юзи бўйлаб сафарга чиққан пайтингизда кофир кимсаларнинг сизга фитна қилиб ҳужум бошлаб қолишларидан қўрқсангиз, намозни қисқартириб, қаср қилиб ўқишингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Шубҳасиз, кофирлар сизларга қарши очиқ-ойдин душмандирлар.
102.Эй Расулим, жанг сафарида эканлигингизда уларнинг орасида бўлиб намоз ўқиб бермоқчи бўлсангиз, улардан бир жамоат сиз билан бирга намозга турсинлар ҳамда ёнларига қурол аслаҳаларини ҳам олсинлар. Сажда қилиб бир ракат ўқиб бўлишгач эса орқангизга ўтиб олиб сизларни қўриқлаб турсинлар. Кейин намозларини ўқимаган бошқа жамоат келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб қурол яроқларини ёнларига олсинлар. Кофирлар қурол ва ашёларингиздан ғафлатда бўлиб, уларни қаровсиз қолдирган пайтингизда устингизга бирдан ҳамла қилиб қолишни ўйлаб юрадилар. Агарда ёғингарчиликдан азият чекиб қийналаётган ёки хаста бўлсангизлар, қурол яроқларингизни ечиб қўйишингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Шунда ҳам барибир эҳтиёт чорангизни кўриб қўйинглар. Аллоҳ, албатта, кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
103.Намозни адо этиб бўлгач, оёқда турган ҳолда бўласизми, ўтирган бўласизми ёки ёнбошлаб ётган бўласизми доимо Аллоҳни зикр қилинглар. Душман хавфидан омон бўлган пайтингизда намозни тўла-тўкис адо этинглар. Чунки намоз иймон келтирганлар зиммасида вақти белгилаб қўйилган фарз амалидир.
104.Душман қавмнинг кетидан қувиб боришда бўш келманг. Агар сизлар жангларда қийналиб алам чекаётган бўлсангизлар, улар ҳам худди сизлар қийналгандек азоб чекмоқдалар. Бироқ сизлар Аллоҳдан улар умид қилмаган жаннат ва шаҳидликни умид қилмоқдасизлар. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
105.Эй Расулим, шубҳасиз, сизга бу китобни одамлар орасида Аллоҳ сизга кўрсатганига мувофиқ адолат билан ҳукм қилишингиз учун ҳақ қилиб нозил қилдик. Сиз хоин кимсаларнинг тарафини олувчи бўлманг.
106.Аллоҳдан мағфират қилишини тиланг. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
107.Жиноят қилиб ўзларига ҳам бошқаларга ҳам хиёнат қиладиган кимсаларнинг ёнини олманг. Шубҳасиз, Аллоҳ хиёнаткор ва гуноҳкор кимсаларни севмайди.
108.Улар қилмишларини одамлардан яшира оладилар, бироқ Аллоҳдан яшира олмайдилар. Аллоҳ рози бўлмаган баҳслар хусусида кечалари хуфёна тил бириктираётганларида ҳар нарсани эшитиб турувчи Аллоҳ улар билан бирга эди. Аллоҳ уларнинг қилаётган барча амалларини билиб, қамраб олувчи Зотдир.
109.Сиз шундай инсонларсизки, бу ўткинчи дунё ҳаётида уларнинг ёнини олдингиз. Энди қиёмат кунида ким уларни Аллоҳнинг азобидан ҳимоя қилиб ёнларини олади. Ёки ким уларга вакил бўлади?
110.Кимда-ким бир ёмон ишни қилса ёки ўз нафсига зулм қилса, кейин пушаймон бўлиб Аллоҳдан мағфират тиласа, Аллоҳнинг гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибон Зот эканини кўради.
111.Ҳар кимки бирор бир гуноҳ ишни амалга оширса, шубҳасиз, уни ўзининг зарари учун қилган бўлади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
112.Агарда кимда-ким бир хато ёки оғир гуноҳ ишга қўл уриб, уни бегуноҳ одам устига отса чиндан ҳам бўҳтон ва аниқ бир гуноҳни гарданига олган бўлади.
113.Эй Муҳаммад, агар сизга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда эди, улардан бир тоифа сизни йўлдан уриб адаштиришга ҳаракат қиларди. Лекин улар фақат ўзларини адаштирадилар ҳамда сизга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Чунки Аллоҳ сизга илоҳий китобни ва ҳикматни туширди. Шунингдек, сизга билмаган нарсаларингизни ўргатди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг сизга қилган лутфи карами улуғдир.
114.Уларнинг махфий тарзда пичирлаб қилган кўплаб суҳбатларида хайр йўқдир. Лекин кимки муҳтожларга садақа бериш, эзгулик қилиш ва одамлар орасини ислоҳ қилишга буюриб бундай суҳбатларда бўлсагина, яхшилик қилган бўлади. Кимда-ким Аллоҳ ризосини тилаган ҳолда шу ишларни қилса, яқинда унга улкан мукофот берамиз.
115.Унга ҳидоят йўли очиқ-ойдин бўлгандан кейин кимки Пайғамбар амрига қарши чиқса ҳамда мўминларнинг тутган ҳақ йўлидан бошқа йўлга эргашса, Биз уни юз ўгириб кетган йўли сари буриб қўямиз. Охиратда эса уни жаҳаннамга тиқамиз. Жаҳаннам нақадар ёмон борар манзилдир!
116.Албатта, Аллоҳ Ўзига бирон нарсанинг шерик қилиниб ширк келтирилганни кечирмайди. Аммо бундан бошқа гуноҳни қилган кимсани агар Ўзи истаса мағфират қилиши мумкин. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, у ҳидоятдан узоқ бўлган залолат йўлида адашибди.
117.Мушриклар Аллоҳни қўйиб, Ундан Ўзга аёлга оид номлар берилган бутларга дуо қилар ва осий бўлган шайтонга сиғинар эдилар.
118.Аллоҳ у шайтонни раҳматидан ҳайдаб лаънатлади. Шайтон эса: “Албатта, қулларингдан уларни йўлдан оздириб, тегишли улушимни оламан”, – деди.
119.Ҳамда шайтон: “Албатта, уларни тўғри йўлдан оздираман, ўткинчи дунёнинг хомхаёлларига ғарқ қиламан. Уларга буюрганимда менга эргашганлар ботил эътиқодларига ишониб, ҳайвонларнинг қулоқларини кесадилар ҳамда уларга амр қилсам Аллоҳнинг яратганларини асл қиёфасидан бошқасига ўзгартирадилар”, – деб айтган. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни ўзига дўст деб тутса, шубҳасиз, у очиқ-ойдин зарарга дучор бўлгандир.
120.Шайтон уларга қуруқ ваъдалар беради ва ўткинчи дунёнинг хомхаёлларига ғарқ қилади. Аслида эса шайтоннинг уларга ваъда қилаётгани, фақат ёлғондан иборатдир.
121.Шайтонга бўйсунган ана шундай кимсаларнинг борар ери жаҳаннамдир. Ундан қутулиб қоладиган бир жой топа олмайдилар.
122.Шунингдек, иймон келтирган ва эзгу амалларни қилган кимсаларни эса абадий қолинадиган ва тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киргизамиз. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ҳам сўзи тўғрироқ бўлган ким бор?!
123.Бу охират мукофотлари сизларнинг орзу ҳавасларингиз ва аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийларнинг хомхаёллари билан бўлмайди. Кимки ёмон амал қилса, ўша ёмонлиги билан жазоланади. Ҳамда ўзига Аллоҳдан бошқа бир дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмайди.
124.Эркакми аёлми мўмин бўлатуриб, эзгу ишларни қилган ана шу кимсаларга заррача зулм қилинмасдан жаннатга кирадилар.
125.Чиройли ишларни қилувчи кимса бўлиб, ўзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашган кишидан ҳам тўғри динда бўлган ким бор?
126.Осмонлар ва Ер юзидаги барча мулк Аллоҳга оиддир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билиб қамраб олувчи Зотдир.
127.Эй Расулим, сиздан хотинларнинг ҳукмлари ҳақида фатво сўрайдилар. Фатво сўраётганларга: “Улар ҳақида Аллоҳ сизларга қўлингиздаги китобда тиловат қилиб берилган оятлар орқали фатво бермоқда. Қуръонда етим қизлар хусусида уларга фарз қилиб қўйилган маҳрларини бермасдан никоҳга олишни кўзлашингиз ҳаромлигини ҳамда қарамоқсиз қолган ожиз болалар ва етимларнинг ҳақларида адолатда бўлишингиз борасида айтиб ўтилган”, – деб айтинг. Яхши амаллардан бўлган нима ишни қилаётган бўлсангиз, Аллоҳ, албатта, уни билиб турувчи Зотдир.
128.Агар хотин эри томонидан хушкўрмасликни сезса ёки воз кечиб кетишидан қўрқса, иккови ўрталарини келишиб, ислоҳ қилиб олишларида уларга гуноҳ бўлмайди. Келишиб олиш ажрашиб кетгандан кўра яхшироқдир. Чунки нафсларда зиқналик қилиш ҳисси жойлаштирилгандир. Агар хотинларингизга чиройли муомалада бўлсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ барча қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир.
129.Ҳарчанд қаттиқ хоҳласангиз ҳам, хотинларингиз орасида адолат қилишга қурбингиз етмайди. Демак, ёқтирганингизга тамоман берилиб кетманглар, унда суймаганингизни ўртада осилиб қолган муаллақ аёлга ўхшатиб қўясизлар. Агар ўзингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, билингки, албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
130.Борди-ю эр-хотин бир-бирига тўғри келмай ажрашиб кетсалар ҳам, Аллоҳ Ўз фазлидан икковига ҳам ризқ бериб таъминлаб қўяди. Аллоҳ марҳамати кенг бўлган – Восиъ ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
131.Осмонлар ва Ер юзидаги барча мулк Аллоҳникидир. Сизлардан аввалги китоб берилган кимсаларга ҳам, сизларга ҳам, Аллоҳдан қўрқинглар, деб буюрганмиз. Агарда иймон келтирмай, куфр йўлида кетсангизлар, билиб қўйинки, осмону Ердаги барча нарса Аллоҳникидир. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғани ва мақтовга сазовор – Ҳамид Зотдир.
132.Осмонлар ва Ер юзидаги барча мулк Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳар ишда вакил бўлиб кифоя қилди.
133.Агар Аллоҳ хоҳласа эди, эй инсонлар, сизларни йўқ қилиб, ўрнингизга бошқаларни яратиб келтирарди. Аллоҳ буларни қилишга қодир Зотдир.
134.Кимки бу дунё мукофотини истаса, билиб қўйсинки, Аллоҳнинг ҳузурида бу дунёнинг ҳам, охиратнинг ҳам мукофоти бордир. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.
135.Эй иймон келтирганлар, адолат билан собит туриб гарчи ўзингиз, ота-онангиз ва яқинларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинглар. Гувоҳлик берилган кимса бой бўладими ёки камбағал бўладими, билиб қўйинг, Аллоҳ уларнинг ҳолатини билишда сиздан кўра яқинроқдир. Нафсингизга берилиб адолатсизлик қилманглар. Агарда ҳақиқатни яшириб тилингизни бурсангизлар, ёки гувоҳликдан юз ўгирсангизлар, шубҳасиз, Аллоҳ барча қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир.
136.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ҳамда шу пайғамбарига нозил қилган Қуръон китобига ва олдин нозил қилган китобларга иймон келтиринглар. Кимки Аллоҳни, фаришталарини, китобларини, пайғамбарларини ва охират кунига инкор қилиб, куфр келтирса, шубҳасиз, у ҳидоятдан узоқ бўлган залолат йўлида адашибди.
137.Бошида иймон келтириб, кейин куфр келтирган, сўнгра яна иймонга келиб, орқасидан яна куфрга қайтган ва кейин куфрларини янада орттирган кимсаларни Аллоҳ мағфират ҳам қилмайди ва тўғри йўлга ҳам солмайди.
138.Эй Муҳаммад, мунофиқларга охиратда, албатта, аламли азоб борлиги ҳақида уларга башорат бериб қўйинг.
139.Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Ёки мунофиқлар кофирлар ёнида иззат умид қиладиларми? Йўқ, албатта, барча иззат ва қудрат Аллоҳ таолоникидир.
140.Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга: “Агарда Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётгани ва у билан ҳазил қилинаётганини эшитиб қолсангиз, бундай гапдан тийилиб то бошқа суҳбатга шўнғимагунларича, улар билан бирга ўтирманглар. Борди-ю бу ҳолатда улар билан ўтиришда давом этсангиз, у ҳолда сизлар ҳам улар каби гуноҳкор бўласизлар”, – деб китобида нозил қилган. Шубҳасиз, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамда тўплаб жам қилувчидир.
141.Мунофиқ кимсалар сизларни доимо кузатиб ўтирадилар. Агарда сизларга жангда Аллоҳдан ғалаба насиб бўлса, улар: “Биз сизлар билар бирга эмасмидик?” – дейдилар. Борди-ю ғалаба қилиш насибаси кофирлар учун бўлиб қолганда: “Тепангизда туриб, сизларни мўминлардан ҳимоя қилмадикми?” – деб айтадилар. Аллоҳ энди қиёмат кунида ўртангизда ҳакамлик қилади. Ҳамда Аллоҳ кофирлар учун мўминларга қарши асло йўл бермайди.
142.Ҳақиқатан, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Аллоҳ эса уларнинг алдовларига қарши жазо билан жавоб беради. Қачонки намоз ўқишга турсалар, дангасалик билан риё қилган ҳолда одамлар кўрсин деб турадилар ва Аллоҳни жуда кам зикр қиладилар.
143.Улар куфр ва иймон орасида сарсону саргардондирлар. На булар томонда ва на улар томондадирлар. Аллоҳ агар кимни тўғри йўлдан адаштирса, у кимса учун асло қутулиш йўлини тополмайсиз.
144.Эй иймон келтирганлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар. Бу ишни қилиб, қиёмат кунида Аллоҳ учун ўзингизга қарши аниқ ҳужжат ҳосил қилмоқчимисиз?
145.Албатта, мунофиқлар дўзахдаги энг пастки табақада бўладилар. Уларга ёрдам берадиган ҳеч кимни топа олмайсиз.
146.Лекин ёмонликлардан тавба қилган, ўзларини ўнглаб тузатган, Аллоҳга маҳкам боғланиб, динларида холис бўлган ана шундай кимсалар мўминлар билан биргадирлар.
147.Агарда шукр қилиб, иймон келтирсангиз, унда Аллоҳ сизларни азоблаб нима қилади? Зеро, Аллоҳ шукр қилувчиларга мукофот берувчи – Шокир ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.
148.Аллоҳ ёмон сўзларни ҳар жойда ошкора айтилишини севмайди. Мазлум кишининг ошкора нола қилиши эса бундан мустаснодир. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.
149.Агар бир яхшиликни ошкора қилсангиз ёки уни яширинча қилсангиз ёхуд ёмонликни кечириб юборсангиз, билиб қўйинглар, Аллоҳ ҳам гуноҳларни кечирувчи – Аъфув ва ҳар нарсага кучи етадиган – Қодир Зотдир.
150.Албатта, шундай кимсалар борки, улар Аллоҳни ва пайғамбарларини инкор қиладилар. Аллоҳ ва пайғамбари ўртасида айирмачилик қилишни хоҳлайдилар. Ҳамда улар: “Баъзи пайғамбарларга ишонамиз, айримларига эса ишонмаймиз”, – деб иймон ва куфр орасида йўл тутишни хоҳлайдилар.
151.Ана шундай кимсалар ҳақиқий кофирлардир. Кофирларга эса хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.
152.Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирган, улардан бирортасининг орасини ажратмай ишонадиган ана шундай кимсаларнинг мукофотларини яқинда, албатта, сўнгра бекам-кўст қилиб беради. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
153.Эй Расулим, сиздан аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар самодан бир китоб тушириб беришингизни талаб қилмоқдалар. Дарҳақиқат, Мусо пайғамбардан ҳам бундан каттароғини сўраб: “Бизларга Аллоҳни очиқ-ойдин кўрсат”, – деб айтишган эди. Шунда бу золимликлари туфайли уларни чақмоқ урган эди. Сўнгра уларга аниқ ҳужжатлар келганидан кейин ҳам бир бузоқни илоҳ қилиб олишди. Буларга қарамай, уларни яна кечирдик ва Мусога очиқ далиллар бердик.
154.Аҳдларига содиқ қолишлари учун тепаларида Тур тоғини муаллақ кўтариб турдик. Уларга: “Шаҳар дарвозасидан сажда қилган ҳолда киринглар”, – дедик. Ҳамда уларга: “Шанба кунида ҳурматни жойига келтиринг ва ҳаддингиздан ошманглар”, – деб айтдик. Шу тариқа улардан қаттиқ аҳду паймон олдик.
155.Аҳдларини бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари, анбиёларни ноҳақдан ўлдирганлари ва “Даъватга қулоқ тутмаймиз, чунки қалбларимиз қулфланган”, – деган сўзлари туфайли лаънатга дучор бўлдилар. Йўқ, ундай эмас, аслида Аллоҳ куфрлари туфайли уларнинг қалбларини муҳрлаб қўйгандир. Шундай экан, ичларидан, фақат озчилик иймон келтиради холос.
156.Улар инкор қилиб ва покиза Марям шаънига оғир бўҳтон гапни айтганлари учун ҳам лаънатлангандирлар.
157.Ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Марям ўғли Исо Масиҳни, албатта, биз ўлдирдик деб айтган асоссиз гаплари туфайли жазоладик. Ҳолбуки, уни ўлдирмадилар ҳам, хочга ҳам осмадилар, фақат уларнинг кўзига осий бир одам ўхшатиб қўйилди. Аслида Исо пайғамбар мавзусида талашиб юрган кимсалар у ҳақида ўзлари ҳам гумон ичида қолгандирлар. Уларда бу ишнинг ҳақиқати борасида ҳеч қандай бир илм йўқ бўлиб, фақатгина гумонларга эргашадилар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир.
158.Аксинча, Аллоҳ уни Ўз ҳузурига кўтариб олди. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
159.Аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар ўлимидан олдин, албатта, унга иймон келтирадилар. Қиёмат кунида эса Исо уларнинг ботил эътиқодларига қарши гувоҳ бўлади.
160.Яҳудий бўлган кимсаларнинг зулм қилганлари ва кўплаб кишиларни Аллоҳнинг йўлидан тўсганлари туфайли уларга олдин ҳалол қилинган покиза егуликларни ҳаром қилиб қўйдик.
161.Яна бошқа сабаби уларнинг судхўрлик қилиб, фоиз олишлари эди. Ваҳоланки Тавротда рибодан қайтарилган эдилар. Ҳамда одамларнинг молларини ноҳақ йўл билан еганларидир. Биз улар орасидан кофир бўлган кимсалар учун охиратда аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз.
162.Бироқ уларнинг орасидан илмда пухта бўлганлар, сизга нозил қилинган Қуръонга ва сиздан олдинги нозил қилинган китобларга иймон келтирадиган мўминлар ҳамда намозни тўла адо этадиганлар, закотни берадиганлар, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчилар ҳам бордир. Ана ўша зотларга улкан мукофотни берамиз.
163.Эй Расулим, албатта, Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек сизга ҳам ваҳий қилдик. Ҳамда Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Исо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга эса Забурни бердик.
164.Биз сизга илгари бир қанча пайғамбарлар ҳақида қиссаларни айтиб бердик. Ҳамда айрим пайғамбарларнинг қиссаларини эса сизга айтиб бермадик. Шунингдек, Аллоҳ Мусо билан бевосита гаплашди.
165.Расуллар келиб кетгандан кейин одамларга Аллоҳга қарши баҳона сифатида ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун Расулларни жаннат билан хушхабар берувчи ва жаҳаннамдан огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
166.Лекин Аллоҳ сизга нозил қилган Қуръонга Ўз илми билан гувоҳлик беради. Унга фаришталар ҳам гувоҳлик берадилар. Зеро, шоҳид бўлишга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир.
167.Шубҳасиз, куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсган кимсалар ҳидоятдан узоқ бўлган залолат йўлида адашгандирлар.
168.Шубҳасиз, куфр келтирган ва зулм қилган кимсаларни Аллоҳ афв этмайди ҳамда тўғри йўлга бошламайди.
169.Уларни, фақат жаҳаннам йўли томон етаклайди ва у ерда мангу қоладилар. Буларни қилиш Аллоҳга осондир.
170.Эй одамлар, Пайғамбар чиндан ҳам сизларга Роббингиздан ҳақ динни келтирди. Иймонга келинг, шунда ўзингиз учун яхши бўлади. Агарда куфр келтирсангиз, шуни билингки, осмонлар ва Ер юзидаги барча мулк, шубҳасиз, Аллоҳга оиддир. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.
171.Эй аҳли китоблар, Исо пайғамбарни худо деб динингизда ҳаддингиздан ошиб, чуқур кетманглар. Аллоҳ шаънига, фақат ҳақ гапни айтинглар. Марям ўғли Исо Масиҳ, албатта, Аллоҳнинг Расулидир. Ҳамда у Марямга ташлаган калимаси ва Ўзидан келган бир руҳдир. Шундай экан, Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтиринглар. Худо учтадир деманглар. Бу бўҳтон гапдан тийилинглар, шунда ўзингизга яхши бўлади. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ яккаю ягона илоҳдир. Субҳаналлоҳ, Унинг боласи бўлмайди, ахир, осмонлар ва Ер юзидаги барча мулк Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳаммаси учун етарли вакилдир.
172.Исо Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин бўлган фаришталар ҳам Аллоҳга қул бўлишдан тортиниб ор қилмайдилар. Кимки Унга қул бўлишдан ор қилиб, такаббурлик қилса, бас, яқинда Аллоҳ барчасини Ўз ҳузурига тўплайди.
173.Аллоҳ иймон келтирган ва эзгу амалларни қилган кимсаларга мукофотларини тўлиқ қилиб беради ҳамда Ўз лутфидан неъматларни янада зиёда қилади. Аммо қул бўлишдан ор қилиб, такаббурлик қилганларни эса қаттиқ азоб билан жазолайди. Ўзлари учун Аллоҳдан бошқа дўст ҳам ва азобдан қутқарувчи ёрдамчи ҳам топа олмайдилар.
174.Эй одамлар, дарҳақиқат, сизларга Роббингиз тарафидан аниқ далил келди. Ҳамда сизларга ёрқин нур бўлган Қуръонни нозил қилди.
175.Аллоҳга иймон келтирган ва Унинг Ўзига боғланган кимсаларни эса, Ўз томонидан бўлган раҳмат ва фазилатга сазовор қилади. Ҳамда уларни тўғри йўлга бошлайди.
176.Эй Расулим, бандаларим сиздан яна мерос борасида фатво сўрайдилар. Уларга: “Аллоҳ сизларга отаси ҳам, боласи ҳам бўлмаган кимсаларнинг мероси хусусида фатво бермоқда”, – деб айтинг. Агар боласи бўлмаган бир одам вафот этса ва орқасидан унинг ёлғиз синглиси қолган бўлса, унда қолдирган мероснинг ярми уникидир. Шунингдек, агар фарзанди бўлмаган сингил вафот этса, у ҳолда унинг меросига акаси эга бўлади. Борди-ю сингиллар иккита бўлса, унда икковига ҳам акаси қолдирган мероснинг учдан иккиси тегади. Агар мерос олувчилар бир қанча ака-ука ва опа-сингиллардан иборат бўлса, ҳар бир эркак учун икки аёлнинг ҳиссаси берилади. Адашиб кетмаслигингиз учун Аллоҳ сизларга бу ҳукмларни баён этмоқда. Аллоҳ барча бўлаётган ишларни билувчи Зотдир.

