1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Zumar сураси

Makkaда нозил бўлган.

23-жуз,39-сура,75 оятдан иборат

1.Ушбу китобнинг нозил қилиниши иззатли, ва ҳикматли Аллоҳ томонидандир.

2.Эй Муҳаммад, албатта, Биз сизга ушбу китобни ҳақиқатан, нозил қилдик, бас, сиз Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилинг.

3.Огоҳ бўлингиз, эй инсонлар, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзгани дўстлар қилиб олган кимсалар: “Биз фақат уларга бизни Аллоҳга жуда яқин қилишлари учунгина ибодат қиламиз”, – дейдилар. Шубҳасиз, Аллоҳ қиёмат кунида ихтилоф қилаётган нарсалари хусусида уларнинг ўртасида ҳақ билан ҳукм қилади. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва ношукр кимсаларни тўғри йўлга бошламайди.

4.Агар Аллоҳ фарзанд тутишни истаса, албатта, Ўзи яратган нарсаларидан хоҳлаганини танлаб олган бўлар эди. У бундай айбдан покдир. У Аллоҳ, ягона бўлган – Воҳид ва ҳамма нарсада ғолиб – Қаҳҳор Зотдир.

5.У осмонлар ва Ерни ҳақ ҳикмат билан яратди. У кечани кундузнинг устига ўрайди, кундузни эса кечанинг устидан ўрайди. У қуёшни ҳам, ойни ҳам амрига бўйсундириб қўйган. Уларнинг ҳар бири маълум муддатгача юриб боради. Огоҳ бўлинглар, У ҳамма нарсага кучи етувчи – Азиз ва бандаларига ўта кечиримли Ғаффор Зотдир!

6.У сизларни бир жондан яратди, сўнгра ундан жуфти Ҳаввони пайдо қилди. Сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни яратиб туширди. У сизларни оналарингизнинг қорнида уч табақа зулмат ичида аста-секин яратади. Ана шу АллоҳРоббингиздир. Барча мулк фақат Уникидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Унга ибодат қилмай қай томонга бурилиб кетяпсизлар?!

7.Агар сизлар куфр келтирсангизлар, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. У бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмайди. Агар иймон келтириб шукр қилсангизлар У сизлардан рози бўлади. Ҳеч бир гуноҳ юкини кўтарувчи бошқа гуноҳ юкини кўтарувчининг юкини кўтармайди. Сўнгра қайтишларингиз Роббингиз ҳузуригадир. Бас, У сизларга дунёда қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини беради. Шубҳасиз, У кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.

8.Қачонки, инсонга бирор зиён тегса, Роббисига қайтиб дуо қилади. Сўнгра, қачонки, Аллоҳ Ўз томонидан унга бирор неъмат ато қилса, бундан олдин Аллоҳга қилган дуоларини унутиб қўяр ва бошқаларни ҳам Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун Унга тенгдошларни ўйлаб топади. Эй Муҳаммад, унга: “Сен ўз куфринг билан дунёда озгина фойдаланиб қол! Албатта, сен дўзах аҳлидандирсан”, – деб айтинг.

9.Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Роббисининг раҳматидан умидвор бўладиган киши кофир ҳолда яшаган кимса билан баробар бўладими?! Эй Расулим уларга: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?!” – деб айтинг. Албатта, булардан фақат ақл эгалари эслатма оладилар.

10.Эй Муҳаммад, иймон келтирган бандаларимга: Роббингиздан қўрқинглар! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун охиратда яхшилик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилади”, – деб айтинг.

11.Яна уларга: “Мен Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман”, – деб айтинг.

12.Шунингдек, мусулмонларнинг аввали бўлишга буюрилганман, – деб айтинг.

13.Эй Расулим: “Мен агар Роббимга исён қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман”, – деб айтинг.

14.Эй Муҳаммад одамларга: “Мен фақат Аллоҳга, динимни Унга холис қилган ҳолда ибодат қиламан”, – денг.

15. Бас, эй мушриклар, Ундан ўзга хоҳлаган нарсаларингизга ибодат қилаверинглар. Эй Муҳаммад, уларга: “Чинакам зиён кўрувчилар қиёмат кунида ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилувчи кимсалардир. Огоҳ бўлингларки, ана шу аниқ зиёнкорликдир”, – деб айтинг.

16.Улар учун жаҳаннамда устиларидан ҳам остиларидан ҳам оловдан бўлган соябонлар бордир. Бу бўлажак азоб билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитади. Эй бандаларим, Мендан қўрқинглар!

17.Шайтонга ибодат қилишдан четда бўлган ва Аллоҳга тавба қилиб қайтган зотлар учун жаннат хушхабари бордир. Бас, эй Муҳаммад, Менинг шундай бандаларимга хушхабар беринг.

18.Улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган кимсалардир ва айнан ўшалар ақл эгаларидир.

19.Эй Расулим, ахир, бир кимсага азоб ҳақидаги ҳукмнинг сўзи муқаррар бўлса, сиз уни ҳидоят қила олармидингиз?! Ахир, сиз дўзахдаги кимсани қутқара олармидингиз?!

20.Лекин Роббиларидан қўрққан зотлар учун жаннатда устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан анҳорлар оқиб туради. Бу Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ ваъдага асло хилоф қилмайди.

21.Аллоҳ осмондан сув ёғдириб, уни ерда чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у сувнинг воситасида турли экинларни чиқаради, вақти келиб кейин у қурийди, сўнг сиз уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Аллоҳ сўнгра уни қуруқ чўпга айлантиради. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратли эслатма бордир.

22.Аллоҳ суйган бандасининг кўкрагини Ислом учун кенг очиб қўйган, ўзи эса, Роббиси томонидан ҳидоят нурида турган киши билан қалби муҳрланиб қолган кимса билан тенг бўладими?! Бас, Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана улар аниқ залолатдалар.

23.Аллоҳ оятлари фасоҳатли бўлган гўзал сўзни бир-бирига ўхшаган ва ҳукмлари такрорланиб бир китоб қилиб нозил қилди. Ундаги оятлар ўқилганда Роббиларидан қўрқадиган зотларнинг таналари титраб кетади. Сўнгра баданлари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига мойил бўлиб, юмшайди. Мана шу китоб Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилади. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унга бирор йўл кўрсатувчи бўлмайди.

24. Ахир, қиёмат кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса мўмин билан тенг бўлармиди?! У кунда золимларга: “Ўзларингиз касб қилиб олган нарсанинг оқибатини татиб кўринглар!” – дейилади.

25.Улардан олдинги қавмлар ҳам ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқарганларида, уларга ўзлари сезмайдиган томондан азоб келган эди.

26.Бас, Аллоҳ уларга мана шу дунё ҳаётида шармандаликни тоттирди. Охират азоби эса янада каттароқдир. Агар улар жазонинг ёмонлигини билганларида эди, пайғамбарларни инкор қилмаган бўлар эдилар.

27.Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисолларни келтирдик. Шояд, ундан эслатма олсалар.

28.Биз уни қинғир бўлмаган арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик. Шояд, улар Аллоҳдан қўрқсалар.

29.Аллоҳ унинг устида талашувчи шериклар бўлган бир қул кишини ва бутунлай бир кишига тегишли бўлган бошқа бир қул кишини мисол қилиб келтирди. Бу иккисининг мисоли тенг бўладими?! Барча ҳамд Аллоҳ учундир. Лекин уларнинг кўплари буни билмайдилар.

30.Эй Муҳаммад, албатта, сиз ҳам умрингиз тугаб ўлувчисиз, улар ҳам ўлувчидирлар.

31.Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни Роббингиз ҳузурида тортишасизлар.

32.Ахир, Аллоҳ шаънига ширк ва фарзанд нисбат бериб ёлғон сўзлаган ва рост Қуръонни ўзига келган ондаёқ инкор қилган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ёки жаҳаннамда кофирлар учун жой йўқми?!

33. Ҳақ ва рост Қуръонни келтирган зот ва уни тасдиқ қилган мўминлар эса ана улар тақводор зотлардир.

34.Улар учун Роббилари ҳузуридаги жаннатда хоҳлаган нарсалари бордир. Бу яхши амал қилувчиларнинг мукофотидир.

35. Зеро, Аллоҳ уларнинг қилган энг ёмон амалларини ўчириб, дунёда қилган энг чиройли амалларининг ажри билан уларни мукофотлайди.

36.Аллоҳ Ўз бандаси Муҳаммадни асрашга етарли эмасми?! Эй Расулим, улар сизни Аллоҳдан ўзга нарсалар билан қўрқитадилар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирор тўғри йўл кўрсатувчи бўлмайди.

37.Кимни Аллоҳ тўғри йўлга бошласа, бас, унинг учун бирор йўлдан оздирувчи бўлмайди. Аллоҳ қудратли ва душманлардан интиқом олувчи Зот эмасми?!

38.Қасам бўлсинки, агар сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган”, – деб сўрасангиз, улар, албатта: “Аллоҳ”, – дейдилар. Уларга: “Қани, хабар беринглар-чи, агар Аллоҳ менга бирор зиён етказишни истаса, сизлар Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган бутларингиз Унинг зиёнини арита олувчимилар? Ёки Аллоҳ менга бирор марҳамат қилишни ирода қилса, ўша бутлар Унинг марҳаматини ушлаб қолувчимилар?!” – деб айтинг. Эй Расулим, уларга: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилувчилар фақат Унга суянадилар”, – денг.

39.Эй Муҳаммад уларга: “Эй қавмим, ўз ҳолингизга кўра амал қилаверинглар, мен ҳам ўз ҳолимча амал қилувчиман. Бас, яқинда барчасини билиб оласизлар”, – деб айтинг.

40.Яқинда кимга хор қиладиган азоб келишини ва доимий азоб тушишини билиб оласизлар.

41.Биз сизга бу китобни ҳақиқатан, барча одамлар учун нозил қилдик. Бас, кимки ҳидоят йўлига юрса, ўз фойдасига юрган бўлади. Кимки йўлдан озса ўзининг зарарига озган бўлади. Сиз уларнинг устидан вакил эмассиз.

42.Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса уйқуси вақтида олади. Бас, ўлимга ҳукм қилган жонларни қайтармай ушлаб қолади, қолганларини эса белгиланган бир муддатгача қўйиб юборади. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун ибратлар бордир.

43.Ёки мушриклар Аллоҳдан ўзга шафоатчиларни ушлаб олдиларми?! Эй Муҳаммад, уларга: “Агар улар бирор нарсага кучлари етмайдиган ва ҳеч нарсани тушунмайдиган бўлсалар-чи?!” – деб айтинг.

44.Эй Расулим, уларга: “Барча шафоат фақат Аллоҳга хосдир. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги ҳам Уникидир. Сўнгра охиратда барчаларингиз Унинг ҳузурига қайтариласизлар”, – денг.

45.Қачонки, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг юраклари сиқилиб кетади. Қачонки, Ундан ўзга бутлар зикр қилинса, бирдан улар шодланиб кетадилар.

46. Эй Муҳаммад уларга: Эй Аллоҳим, эй осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилиб яратувчиси, эй яширин ва ошкор нарсаларни билувчи Зот, Сен бандаларнинг орасида улар ихтилоф қилиб юрган нарсалар хусусида ҳукм қиласан”, – деб айтинг.

47.Агар золим кимсалар учун ердаги барча нарса ва у билан бирга яна унинг баробарича нарса бўлса, албатта, улар қиёмат кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша нарсаларни тўлов қилиб юборган бўлар эдилар. Чунки қиёматда уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар намоён бўлади.

48.Уларга ўзлари касб қилган ёмонликлари ошкор бўлди ва уларни дунёда масхара қилиб ўтган нарса ўраб олди.

49.Бас, қачонки, инсонга бирор зиён етса, дарҳол Бизга дуо қилади. Сўнгра, унга, Биз томондан бирор неъмат ато этсак, энди у: албатта, бу неъмат менга илмим туфайли берилди”, – дейди. Йўқ, лекин у синов эди, фақат уларнинг аксарияти унинг имтиҳон эканини билмайдилар.

50.У гапни улардан олдингилар ҳам айтган эдилар. Бас, қилган касблари ўзларига фойда бермади.

51.Бас, уларга қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Ана у Макка мушрикларидан бўлган золимларга ҳам яқинда қилган ёмонликлари мусибат бўлади. Улар азобдан қочиб қутулувчи эмаслар.

52.Ахир, улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилишини ва хоҳлаган кишининг ризқини тор қилишини билмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун ибратлар бордир.

53.Эй Муҳаммад, уларга Менинг номимдан: “Эй ўз жонларига зулм қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Шубҳасиз, У гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган Раҳим Зотдир”, деб айтинг.

54.Сизларга азоб келиб, кейин ёрдам берилмай қолишидан олдин тавба қилиб Роббингизга қайтинглар ва Унга таслим бўлинглар.

55.Сизларга, ўзингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин, Роббингиз томонидан сизларга нозил қилинган энг гўзал Қуръонга эргашинглар!

56. Ҳар қандай бир нафс: Аллоҳ ҳақида Унга ибодат қилишда йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин! Чиндан ҳам, мен масхара қилувчилардан бўлган эдим”, – деб қолишидан олдин тавба қилсин.

57.Ёки бирор жон: “Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлар эдим”, – деб қолмаслиги учун.

58.Ёхуд азобни кўрган чоғида: “Кошки, менга яна бир марта дунёга қайтишнинг имкони бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилувчилардан бўлсам”, – деб айтмаслиги учун Исломга эргашинглар!

59.Йўқ, эй нафс сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғонга чиқардинг ва кибрланиб, кофирлардан бўлган эдинг!

60.Қиёмат кунида Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қорайган ҳолда кўрасиз. Такаббурларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!

61.Аллоҳ, тақво қилган зотларни ютуқлари сабабли дўзах азобидан қутқаради. Уларга бирор ёмонлик етмайди ва улар ғамгин бўлмайдилар.

62.Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. Ҳамда У барча нарсага вакилдир.

63.Осмонлар ва Ернинг калитлари Уникидир. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирган кимсаларана ўшаларгина охиратда зиён кўрувчилардир.

64.Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Эй жоҳиллар, сизлар мени Аллоҳдан бошқага ибодат қилишга буюряпсизларми?!” – деб айтинг.

65.Дарҳақиқат, сизга ва сиздан олдинги пайғамбарларга ҳам шундай ваҳий қилинган эди. Агар ширк келтирсангиз, албатта, қилган амалингиз беҳуда кетади ва аниқ зиён кўрувчилардан бўлиб қоласиз.

66.Йўқ, фақат Аллоҳга ибодат қилинг ва шукр қилувчилардан бўлинг.

67.Улар Аллоҳни Ўзига лойиқ тарзда қадрламадилар. Қиёмат кунида бутун Ер юзи Унинг сиқимидадир. Осмонлар ҳам Унинг қудрат қўлига йиғилувчидир. У Зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва олийдир.

68.Сур чалинганда, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, фақат Аллоҳ хоҳлаган зотларгина тирик қолади. Кейин унга яна бир пуфланади бас, бирдан улар қабрларидан туриб, Аллоҳнинг амрига мунтазир бўладилар.

69.Маҳшардаги ер Роббисининг нури билан ёришади. Номаи аъмол китоби ҳисоб учун ҳозирлаб қўйилади. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилади ва уларнинг ўрталарида зулм қилинмаган ҳолда ҳақ билан ҳукм қилинади.

70.Ҳар бир жонга қилган амали учун мукофот ёки жазо тўлиқ қилиб берилади, У Зот бандаларнинг қилаётган ишларини жуда яхши билувчидир.

71.Куфр келтирган кимсалар гуруҳ-гуруҳ қилиниб, жаҳаннамга ҳайдалади. Унга етиб келган пайтларида унинг эшиклари очилади ва жаҳаннам қўриқчилари уларга: Сизларга ичингиздан Роббингизнинг оятларини тиловат қилиб берадиган ва сизларни ушбу кунингизга рўбарў бўлишдан огоҳлантирадиган пайғамбарлар келмаганмиди?!” – дейдилар. Улар: “Ҳа, келганлар, лекин азоблаш сўзи кофирлар устига муқаррар бўлгандир”, – дейдилар.

72.Шунда уларга: “Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар у ерда мангу қоласизлар!” дейилади. Бас, такаббур кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!

73.Роббиларидан қўрққан зотлар ҳам гуруҳ-гуруҳ ҳолда жаннатга олиб бориладилар. Унга етиб келган пайтларида унинг эшиклари очилади ва жаннат қўриқчилари уларга: Сизларга салом бўлсин! Хуш келдингиз! Энди, унга мангу қолувчи бўлган ҳолларингизда киринглар”, – дейдилар.

74.Жаннат эгалари: Бизларга ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсинки, жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашяпмиз”, – дейдилар. Мана, солиҳ амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхшидир!

75.Эй Муҳаммад, сиз у кунда фаришталар Арш атрофини ўраб олган ҳолларида, Роббиларига ҳамд билан тасбеҳ айтаётганларини кўрасиз. Барчаларининг ораларида ҳақ билан ҳукм қилинди ва: Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” – дейилди.