1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Oli Imron сураси

Madinaда нозил бўлган.

3-жуз,3-сура,200 оятдан иборат

1.Алиф, Лом, Мим.

2.Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, фақатгина Унинг Ўзи бордир. У ҳамиша тирик бўлган – Ҳай ва абадий бор бўлиб турувчи – Қайюм Зотдир.

3.Эй Муҳаммад, ўзидан аввалги илоҳий китобларни тасдиқловчи қилиб сизга ҳақиқатан, Қуръон китобни нозил қилди. Олдин Таврот ва Инжилни нозил қилган эди.

4.Аввалдан улар инсонларга ҳидоят манбаи бўлган эди. Кейин эса, ҳақ билан ботилни айирувчи бўлган Фурқонни нозил қилди. Шубҳасиз, Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчиларга шиддатли азоб бордир. Аллоҳ иззати буюк – Азиз ва золимлар учун интиқом соҳибидир.

5.Шубҳасиз, хоҳ Ерда бўлсин, хоҳ кўкда бўлсин ҳеч нарса Аллоҳга махфий қолмайди.

6.У сизларга ҳали оналарингизнинг қоринларида эканлигингизда шакл берадиган Зотдир. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.

7.Эй Расулим, У сизга Қуръон китобни туширган Зотдир. У Қуръонда бир қисми китобнинг онаси, яъни асли ҳисобланган очиқ-ойдин муҳкам оятлар ва яна маъноси, фақат Аллоҳга маълум ҳамда тушуниш қийин бўлган бошқа муташобиҳ оятлар ҳам бордир. Лекин қалбларида ҳақдан оғишга мойил бўлган кимсалар фитна чиқариш ва ўзларича маъно бериб, таъвил қилиш мақсадида ундаги муташобиҳ оятларни ушлаб олиб эргашадилар. Ваҳоланки, асл таъвилини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Илмда кучли бўлган кимсалар эса: “Биз унга иймон келтирдик ва у оятларнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридандир”, – дейдилар. Булардан, фақат ақл эгалари ўгит оладилар.

8.Эй Роббимиз, бизни ҳидоятга солганингдан кейин қалбларимизни тўғри йўлдан оғдирма ва бизларга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Шубҳасиз, Сен барча неъматларни берувчи – Ваҳҳоб Зотсан.

9.Эй Роббимиз, Сен инсонларни унда ҳеч шубҳа бўлмаган қиёмат кунида бир жойга йиғувчи Зотсан. Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди.

10.Шубҳасиз, куфр келтирганларнинг мол-дунёлари, бола-чақалари Аллоҳнинг азобидан ҳаргиз қутқариб қололмайди. Ана ўша куфр келтирган кимсалар дўзахнинг ёқилғиларидир.

11.Уларнинг аҳволи худди фиръавн хонадони ва издошларининг ҳамда улардан аввалги ўтганларнинг ҳолатига ўхшайди. Улар оятларимизни ёлғонга чиқаришгандан кейин Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли тутиб азоблади. Аллоҳнинг азоби қақшатгичдир.

12.Эй Расулим, куфр келтирганларга: “Яқинда мағлуб бўлиб, жаҳаннамга сурилиб тўпланасизлар, у жуда ёмон жой”, – деб айтинг.

13.Дарҳақиқат, Бадр жангидаги сизлар тўқнашган икки гуруҳда ибрат бўлган эди. Гуруҳнинг бири Аллоҳ йўлида жанг қилар, бошқаси эса кофир эди. У кофирлар кўзлари билан мусулмонларни ўзларига икки баробар кўп ҳолда кўриб турар эдилар. Аллоҳ хоҳлаганини ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлайди. Мана шу воқеада кўра олувчи басират эгалари учун ибрат бордир.

14.Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм тиллаю кумуш, саман отлар, чорва ва экин-тикинлардан иборат нарсаларга истак севгиси чиройли қилиб кўрсатилди. Аммо булар дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳидир. Чиройли қайтиладиган жой эса Аллоҳнинг ҳузуридаги жаннатдир.

15.Эй Муҳаммад, дунёга ҳирс қўйганларга қарата: “Сизларга бу ўткинчи матоҳлардан хайрлироқ бўлган неъматлар ҳақида хабар берайми?” – деб айтинг. Тақво қилган кимсалар учун Роббилари ҳузурида тагидан анҳорлар оқиб турадиган, у ерда мангу қоладиган жаннат боғлари ҳамда покиза жуфтлар ва ҳаммасидан аъло бўлган Аллоҳ томонидан розилик бордир. Аллоҳ бандаларнинг қилаётган ишларини кўриб турувчиБасир Зотдир.

16.У иймонли кимсаларЭй Роббимиз, албатта, биз иймон келтирдик, гуноҳларимизни кечиргин ва бизларни жаҳаннам азобидан асра”, – дейдилар.

17.Улар мусибатларга сабр қилувчи, иймонларига содиқ қолувчи, дин амрларига чин дилдан итоат қилувчи, хайру эҳсон ва нафақа қилувчи ва саҳар вақтларида Роббиларидан қўл очиб мағфират тиловчилардир.

18.Аллоҳ адолат билан қоим туриб, шубҳасиз, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Шунингдек, фаришталар ва илм эгалари ҳам бунга шоҳид бўлдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.

19.Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўлган дин бу, фақат Ислом динидир. Ўзларига китоб берилган яҳудий ва насронийлар уларга Исломнинг ҳақ эканлигига очиқ далил келганидан кейингина адоват ва ҳасад қилган ҳолда ўзаро ихтилофга тушдилар. Кимки Аллоҳнинг оятларини инкор қилса, бас, албатта, Аллоҳ барчанинг қилмишини тез ҳисоб-китоб қилувчи Зотдир.

20.Эй Расулим, борди-ю шу далиллардан кейин ҳам сиз билан тортишиб баҳслашсалар уларга қарата: “Мен ва менга эргашган кишилар юзимни Аллоҳга топширдим ва унга бўйин эгдим”, – денг. Ҳамда ўзларига китоб берилган ва диндан бехабар омиларга: “Ислом динига кирдингизми?” – деб айтинг. Агарда Исломни қабул қилсалар, унда, албатта, ҳидоят йўлини топибдилар. Аксинча, ундан юз ўгирсалар, у ҳолда сизнинг зиммангиздаги нарса, фақатгина динни етказишдир. Аллоҳ бандаларининг қилаётган ишларини кўриб турувчиБасир Зотдир.

21.Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб куфр келтирадиган, пайғамбарларни ноҳақ қатл қиладиган ва инсонлар орасидаги ҳақ ва адолатга буюрувчи солиҳ кимсаларни ўлдирадиган золимларга охиратдаги аламли азоб башоратини беринг.

22.Ана шу кимсаларнинг дунё ва охиратда қилган амаллари беҳуда кетгандир. Уларни азобдан қутқарувчи бирор бир ёрдамчилари бўлмайди.

23.Эй Муҳаммад, ўзларига Таврот ва Инжил китобидан насиба берилган кимсалар ораларида ҳукм қилиш учун Аллоҳнинг китобига чақириладилар-у, кейин эса улардан бир гуруҳи ҳукмдан юз ўгирган ҳолларида ортларига бурилиб кетганларини кўрмадингизми?

24.Бундай ҳукмга юз ўгиришларининг сабаби эса нима бўлганда ҳам бизларга дўзах азоби, фақат саноқли кунлардагина тегади деб айтишларидир. Ўзлари уйдирган бу ёлғонлари уларни динларидан адаштириб қўйди.

25.Ҳақ эканлигига унда ҳеч қандай шубҳа бўлмаган қиёмат кунида уларни тўплаганимизда ва ҳеч бир нафсга зулм қилинмай қилган ишига яраша тўлиқ жазо ва мукофот берилганда, ҳоллари қандай кечар экан?!

26.Эй Муҳаммад, “Аллоҳим, Сен барча мулкнинг мутлақ эгасидирсан. Сен хоҳлаган кишингга молу давлат берасан ва хоҳлаган кишингдан у мулкни тортиб оласан, хоҳлаган кишингни азиз қиласан ва хоҳлаган кишингни хор қиласан. Барча яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен ҳар нарсага кучи етадиганҚодир Зотсан”, – деб айтинг.

27.Сен кечани кундузга киритасан ва кундузни кечага айлантириб киритасан ҳамда ўликдан тирикни чиқарасан ва тирикдан ўликни чиқарасан. Ўзинг хоҳлаган кишингни беҳисоб ризқлантирасан.

28.Мўмин кимсалар мўминларни қўйиб, кофирларни ўзларига дўст тутмасинлар. Кимда-ким бундай қилса, бас, Аллоҳ билан улар ўртасида ҳеч қандай ришта йўқдир. Фақат уларнинг зараридан эҳтиёт бўлиш мақсадида йўлига муомала қилсангиз мумкиндир. Аллоҳ сизларни ёлғиз Ўзидан қўрқишингиз ҳақида огоҳлантиради. Оқибатда қайтиб бориладиган жой, фақат Аллоҳ ҳузуригадир.

29.Эй Расулим, уларга: “Дилларингиздаги нарсани хоҳ пинҳон тутинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ уни, албатта, билади. Шунингдек, У осмонлардаги нарсаларни ҳам, Ер юзидаги нарсаларни ҳам ҳаммасини билади. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган – Қодир Зотдир”, – деб айтинг.

30.Ҳар бир нафс қилган яхши амалларининг натижасини қаршисида ҳозир ҳолда топадиган ва қилган ёмон амалларини ораларида узоқ масофаларда қолиб, йўқ бўлиб кетишини истайдиган қиёмат кунини эсланглар! Аллоҳ сизларни Ўзининг азобидан огоҳлантиради. Аллоҳ бандаларга шафқатли – Раъуф Зотдир.

31.Эй Расулим, уларга: “Агар сизлар чиндан ҳам Аллоҳни севсангизлар, у ҳолда менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”, – деб айтинг. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

32.Эй Расулим, яна уларга: “Аллоҳ ва Расулининг амрларига итоат қилинглар. Агарда бу чақириқдан юз ўгирсангиз, Аллоҳ, шубҳасиз, кофир кимсаларни севмайди”, – деб айтинг.

33.Ҳақиқатан, Аллоҳ Одамни, Нуҳни ҳамда Иброҳим пайғамбарларни ва Имроннинг оиласини оламлар узра танлаб олди.

34.Ҳамда уларнинг баъзилари баъзиларидан тарқаган зурриётлардир. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.

35.Эй Расулим, бир вақтлар Имроннинг хотини: “Ё, Роббим, дарҳақиқат, мен қорнимдаги ҳомилани дунё ишларидан озод қилиб, Сенга холис назр қилдим. Мендан назримни қабул қил! Албатта, Сен ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотсан”, – деб айтганини эсланг.

36.Ниҳоят вақти келиб уни туққач ҳамда Аллоҳ нима туққанини ўзидан кўра яхшироқ билувчи эканини англагани ҳолда: “Эй Роббим, мен ўғил кутаётган эдим, уни қиз бола туғдим-ку!. Ахир ўғил бола қиз бола каби эмас. Дарҳақиқат, мен унга Марям деб исм қўйдим. Сендан унга ва зурриётига бадарға қилинган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман”, – деди.

37.Шундай қилиб, Роббиси уни назр учун чиройли қабул қилиб, уни гўзал наботот каби етиштириб парваришлади ва қарамоғига Закариёни кафил қилди. Ҳар сафар Закариё Марямнинг олдига, яъни ибодатхонадаги меҳробга кирганида, ёнида ризқ-насиба тайёр турганини кўрар эди. Шунда Закариё: “Эй Марям, булар сенга қаердан келди?” – деб сўраса, Марям: “Булар Аллоҳнинг ҳузуридан келди. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради”, – деб айтган эди.

38.Мана шу ерда Закариё Роббига дуо қилиб: “Роббим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан бир покиза зурриёт ато айла! Албатта, Сен дуоларни эшитувчисан”, – деди.

39.Фаришталар Закариё меҳробда намоз ўқиб турган пайтида унга: “Эй Закариё, дарҳақиқат, Аллоҳ сенга Яҳё исмли фарзанд кўриш хушхабарини бермоқда. У Аллоҳдан келадиган сўзни тасдиқ этадиган, ўз қавмига пешво бўладиган, шаҳватлардан ўзини тиядиган ҳамда солиҳ пайғамбарлардан бири бўладиган фарзанддир”, – деб нидо қилдилар.

40.Закариё ҳайрон қолиб: “Роббим, менга ўғил бола қаёқдан бўлсин?! Менга кексалик етиб қариган бўлсам, хотиним ҳам туғмас бўлса?!” – деди. Шунда унга: “Ҳа шундай, Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишини қилади”, – деди.

41.Закариё: “Эй Роббим, хотинимнинг ҳомиладорлигига доир менга бирор бир белги кўрсат”, – деди. Аллоҳ унга: “Сенинг белгинг, соғ бўлатуриб одамлар билан уч кун гаплаша олмайсан. Улар билан, фақат имо ишора орқалигина сўзлашасан. Шунингдек, Роббингни кўп зикр қил ва туну кун унга тасбеҳ айт”, – деди.

42.Вақтики фаришталар: “Эй Марям, дарҳақиқат, Аллоҳ сени аёллар орасидан танлаб олди, сени покиза қилди ва оламлардаги аёллар устидан саралаб олди”, – деганини ёдга олинг.

43.Яна улар: “Эй Марям, Роббингга чин кўнгилдан итоат қил, сажда қил ва руку қилувчи мўминлар билан бирга руку қил”, – деган эдилар.

44.Эй Расулим, мана булар ғайб хабарларидан бўлиб, уни сизга ваҳий қилиб билдирмоқдамиз. Ораларидан қайси бирлари Марямни қарамоғига олишга кафил бўлади деб, қуръа ташлаш мақсадида қаламларини отган вақтларида сиз у ерда йўқ эдингиз. Шунингдек, улар бу борада талашиб тортишганларида ҳам уларнинг ёнида бўлмагансиз.

45.Ўшанда фаришталарнинг: “Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўз ҳузуридан бўлган бир калиманинг хушхабарини бермоқдаки, унинг исми Марям ўғли Исо Масиҳ бўлади. У дунё ва охиратда обрўли ва Аллоҳга яқин бўлган қуллардандир”, – деганини эсланг.

46.У одамларга бешикда эканида ҳам, навқирон чоғида ҳам гапиради. Ҳамда солиҳ кимсалардан бўлади.

47.Шунда Марям: “Эй Роббим, менга ҳали одамзоднинг қўли тегмай туриб қайдан мендан бола бўлсин”, – деди. Аллоҳ унга: “Ҳа шундай, Аллоҳ Ўзи истаган нарсасини хоҳлаган тарзда яратади. Агар бирор бир ишни бўлиши учун қарор берса, унгабўл”, – деса тамом у бўлади”, – деди.

48.Аллоҳ Исога ёзиш ва ҳикмат илмини ҳамда Таврот ва Инжилни ўргатади.

49.Шунингдек, уни бани Исроил авлодларига пайғамбар қилиб юборади. У эса ўз қавмига: “Мен ҳақиқатан, пайғамбар эканлигим тўғрисида сизларга Роббингиздан далил келтирдим. Дарҳақиқат, мен сизларга лойдан қуш шаклини ўхшатиб ясайман. Кейин унга пуфлайман ва у Аллоҳнинг изни билан ҳақиқий бир қуш бўлади. Туғма кўр ва пес касаллигини тузатаман. Аллоҳнинг изни билан ўликларни ҳам тирилтира оламан. Булардан ташқари сизлар уйларингизда тановул қилаётган ҳамда захирага сақлаб қўяётган нарсаларингизни ҳам хабарини бера оламан. Агар ҳақиқатан, мўмин бўлсангиз, албатта, буларнинг барчасида сизлар учун пайғамбар эканимга очиқ ойдин аломат бордир”, – дейди.

50.Ҳамда мен ўзимдан олдинги нозил бўлган Тавротни тасдиқ қилувчи ва сизларга айрим ҳаром қилинганларни ҳалол қилиш учун Роббингиздан бир ҳужжат келтирдим. Бас, шундай экан, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!

51.Шубҳасиз, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Шундай экан, Унга ибодат қилинглар. Тўғри йўл мана шудир.

52.Охири Исо шунча далилларга қарамай улар томондан куфрни сезгач: “Аллоҳ йўлига ким менга ёрдамчиларим бўлади?” – деди. Шунда Ҳаворийлар: “Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва шоҳид бўлгинки, албатта, бизлар мусулмонлармиз”, – дедилар.

53.Улар яна: “Эй Роббимиз, нозил қилганинг Инжилга иймон келтирдик ва пайғамбар амрларига эргашдик. Бас, бизни ҳаққа шоҳидлик қилувчилар қаторига ёзгин”, – дедилар.

54.Яҳудийлар Исони ўлдириш учун тузоқ қуриб, макр қилдилар, Аллоҳ ҳам уларнинг тузоқларига қарши макр қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг устунроғидир.

55.Ўшанда Аллоҳ Исога: “Эй Исо, сени улар эмас, албатта, Ўзим истаган вақтда сени вафот эттирувчи ва Ўз ҳузуримга кўтариб олувчиман. Ҳамда куфр келтирганларнинг ёмонлигидан сени халос қилиб, сенга қилинган турли бўҳтонлардан тозаловчиман. То қиёмат кунигача сенга эргашган ҳақиқий мўминларни кофирлардан устун қиламан. Кейин эса барчангизнинг қайтишингиз Менинг ҳузуримгадир. Ана ўшанда сизлар дунёда тортишиб, ихтилоф қилган нарсалар борасида ўртангизда ҳакам бўлиб, ҳукм қиламан”, – деди.

56.Куфр келтирган кимсаларни эса дунёда ҳам охиратда ҳам қаттиқ азоб билан азоблайман. Улар учун азобдан қутқарувчи бирор бир ёрдамчилари бўлмайди.

57.Бироқ иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган кимсаларга эса, Аллоҳ ажр-мукофотларини тўлиқ қилиб беради. Аллоҳ золимларни севмайди.

58.Эй Расулим, буларни сизга Аллоҳнинг оятларидан ва ҳикматли эслатмалардан тиловат қилиб беряпмиз.

59.Дарҳақиқат, Исонинг отасиз дунёга келиши мисоли, Аллоҳ наздида худди Одам Атоники кабидир. Аллоҳ уни тупроқдан яратиб, кейин унгабўл”, – деди, тамом у бўлди.

60.Эй Расулим, мана бу ҳақ сўзлар Роббингдандир. Шундай экан, асло шубҳа қилувчилардан бўлманг.

61.Эй Расулим, сизга етиб келган ҳақ илмдан кейин ҳам бу ҳақда сиз билан тортишсалар уларга: “Унда келинглар, болаларимиз ва болаларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, биз ўзимизни сиз эса ўзингизни чақириб тўпланамиз-да, кейин Аллоҳнинг лаънати ёлғончиларга бўлсин деб Унга илтижо қиламиз”, – деб айтинг.

62.Эй инсонлар, шубҳасиз, Исонинг ҳақиқий ҳаёт қиссаси мана шудир. Исо Аллоҳ ҳам эмас, унинг ўғли ҳам эмас. Зеро, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким Зотдир.

63.Шундан кейин ҳам улар ҳақиқатдан юз ўгирсалар, шубҳасиз, Аллоҳ фасод тарқатувчи кимсаларни яхши билувчидир.

64.Эй Расулим, уларга: “Эй яҳудий ва насроний бўлган аҳли китоблар! Келинглар, сизу бизнинг орамизда барчамизга баробар бўлган шу сўзга келайлик. Булар: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслигимиз, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслигимиз, Аллоҳни қўйиб бир-биримизни худолар қилиб олмаслик”, – деб айтинг. Агарда шу чақириқдан кейин ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда уларга: “Гувоҳ бўлингизки, бизлар, шубҳасиз, мусулмонларданмиз”, – деб айтинглар.

65.Эй ўзларига китоб туширилган аҳли китоблар! Нима учун у бизнинг динимизда эди, деб Иброҳим ҳақида тортишасизлар?! Ахир, Таврот ҳам Инжил ҳам ундан кейин нозил қилинган-ку! Шу ҳақда ақл ишлатмайсизларми?!

66.Эй сиз ўша яҳудий ва насронийлар! Сизлар Мусо ва Исо пайғамбарлар ҳақида озми-кўпми маълумотга эга бўлган нарсалар ҳақида тортишдингиз. Унда нега сизда у ҳақда ҳеч қандай илм бўлмай туриб Иброҳим ҳақида тортишасизлар. Шубҳасиз, ҳаммасини Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар.

67.Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган эди. Балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳаниф мусулмон эди. У мушриклардан ҳам эмас эди.

68.Шубҳасиз, одамларнинг Иброҳим динига энг лойиқ ва яқинроғи уша даврда унга эргашганлар ҳамда мана бу Муҳаммад пайғамбар ва иймон келтирган мўмин кимсалардир. Аллоҳ мўминларнинг ҳақиқий дўстидир.

69.Аҳли китобдан бўлган бир тоифа сизларни ҳақ динингиздан адаштиришни хоҳлайди. Аммо улар ўзлари сезмаган ҳолларида, фақат ўзларинигина адаштирадилар.

70.Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Нима учун сизлар унинг ҳақ эканлигига шоҳид бўла туриб, Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб, куфр келтирасизлар?!

71.Эй аҳли китоблар! Нима учун ўзингиз яхши била туриб, ҳақни ботилга аралаштирасиз ва ҳақиқатни яширасизлар?!

72.Аҳли китобдан бўлган бир тоифа: “Иймон келтирганларга нозил қилинган Қуръонга куннинг бошида иймон келтиргандек бўлинглар ва уни охирида яна инкор қилинглар. Шояд, шунда улар ҳам динларидан қайтсалар”, – дедилар.

73.Яна у аҳли китоблар: “Динингизга эргашганлардан бошқа ҳеч кимга ишонманглар”, – дейдилар. Эй Расулим, сиз эса уларга: “Эргашиш керак бўлган тўғри йўл, албатта, бу Аллоҳнинг йўлидир”, – деб айтинг. Аҳли китоблар яна: “Уларга ишонмангларки, токи сиздан бошқа ҳеч кимга сизга берилганга ўхшаш нарса берилмасин ёки Роббингиз ҳузурида кейин у ҳақда сизга қарши ҳужжат талашиб юрмасинлар”, – дейдилар. Эй Муҳаммад, сиз уларга: “Албатта, фазлу карам, фақат Аллоҳнинг қўлидадир. Уни хоҳлаган кишисига беради. Аллоҳ фазлу карами кенг – Восиъ ва барча нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир”. – деб айтинг.

74.Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишига хос қилиб беради. Аллоҳ буюк фазлу карам соҳибидир.

75.Аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлардан шундай кимсалар борки, агар уларга уюм-уюм мол омонатга топширсанг ҳам, уни сенга тўлалигича қайтарадилар. Аммо шундайлари ҳам борки, уларга бор йўғи бир олтин динор омонат берсанг, то тепасида мудом туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг сабаби эса, яҳудий бўлмаган оми инсонлар ҳақида зиммамизда жавобгарлик учун йўл йўқ деб, била туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон гапни айтадилар.

76.Йўқ, агарда ким берган аҳдига вафо қилса ва тақво қилса, шунда, албатта, Аллоҳ тақводорларни севадир.

77.Аллоҳга берган аҳду паймон ва қасамларини ўткинчи дунё манфаати учун арзимас баҳога сотадиганлар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ уларга гапирмайди ва раҳмат назари билан боқмайди. Уларни гуноҳларидан тозаламайди ҳамда улар учун аламли азоб тайёрлаб қўйилгандир.

78.У яҳудийлардан яна шундай бир гуруҳ борки, Таврот китобидан бўлмаган ҳолда уни китобдан деб ҳисоблашингиз учун китобни тилларини бураб, атайин ўзгартириб ўқийдилар. Ҳамда бу ўқиганларини “у Аллоҳнинг ҳузуридан”, – дейдилар. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг ҳузуридан эмас. Улар била туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон гапни айтадилар.

79.Одамзотдан ҳеч ким Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан кейин инсонларга юзланиб: “Аллоҳни қўйиб, менга қул бўлинглар”, – дейиши асло мумкин эмас. Лекин “Аллоҳнинг китобидан таълим берган ва таълим олганингиз асосида Аллоҳга сиғинувчи Роббоний қуллар бўлинг!”, – дейиши мумкин.

80.Шунингдек, у пайғамбар сизларга фаришталар ва пайғамбарларни худолар қилиб олишингизни ҳам буюрмайди. Ахир, мусулмон бўлганингиздан кейин сизни куфрга буюрармиди?!

81.Ўшанда Аллоҳ пайғамбарлардан аҳд олиб: “Сизга китоб ва ҳикмат берганимдан кейин ўзингиздаги китобни тасдиқловчи Муҳаммад исмли бир Расул келса, унга аниқ ишониб, албатта, ёрдам қиласизлар!” – деган эди. Кейин яна: “Шунга иқрор бўлиб, мазкур аҳдномага кўра масъулияти оғир юкимни қабул қилдингизми?!” – деди. Улар: “Ҳа иқрор бўлиб қабул қилдик”, – деганлар. Шунда Аллоҳ: “Унда барчангиз гувоҳ бўлинглар, Мен ҳам сизлар билан мана шу аҳдномага шоҳидларданман”, – деган эди.

82.Бас, ким шу иқрордан кейин ҳам юз ўгириб кетса, ана ўшалар фосиқ кимсалардир.

83.Ёки улар Аллоҳнинг ҳақ динидан ўзга динни хоҳлайдиларми?! Ахир осмонлару Ер юзидаги барча нарсалар Унга истар истамай бўйин эгиб, таслим бўлган-ку. Ҳамда барчалари Унинг ҳузурига қайтариладилар.

84.Эй Расулим, сиз: “Биз Аллоҳга, бизга нозил қилинган Қуръонга, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига туширилган илоҳий амрларга, шунингдек, Мусо, Исо ва барча пайғамбарларга Роббилари томонидан берилган ваҳийга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан бирортасининг орасини ажратмаймиз. Биз ёлғиз Унга таслим бўлганмиз”, – деб айтинг.

85.Кимда-ким Исломдан ташқари бошқа динни танласа, билиб қўйсин, унинг бу хоҳиши ҳаргиз қабул қилинмайди. Ҳамда у охиратда бу танлови туфайли зиён кўрувчилардан бўлади.

86.Иймон келтириб, Расулни, шубҳасиз, ҳақ деб гувоҳлик берганларидан ва ўзларига очиқ-равшан далиллар келганидан кейин ҳам инкор қилиб куфр келтирган қавмни Аллоҳ қандай қилиб тўғри йўлга бошласин?! Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга етакламайди.

87.Уларнинг жазоси эса, Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг уларга лаънат айтишидир.

88.Улар у ерда мангу қолувчилардир. Улардан азоб енгиллатилмайди ва уларга муҳлат ҳам берилмайди.

89.Магарам шу нотўғри ишларидан қайтиб, тавба қилган ва ўзларини тузатганлар бундан мустаснодир. Дарҳақиқат, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

90.Аввал иймон келтирганларидан кейин яна такрор куфрга қайтган ва куфрни орттирганларнинг тавбаси асло қабул қилинмайди. Ана ўшалар тўғри йўлдан адашган кимсалардир.

91.Аллоҳга куфр келтирган ва кофир ҳолда ўлиб кетган кимсалар ўзларини қутқариш учун Ер юзи тўла олтинни фидя қилиб тўлаб берсалар ҳам, асло қабул қилинмайди. Ана ўшаларга аламли азоб бордир. Ҳамда улар учун азобдан қутқарувчи ёрдамчилар бўлмайди.

92.Ўзингиз яхши кўрган нарсалардан Аллоҳ йўлида нафақа-эҳсон қилмагунингизча, асло яхшиликка эриша олмайсиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билиб турувчидир.

93.Таврот китоби нозил қилинмасдан бурун Исроилнинг маълум сабабларга кўра ўзига ҳаром қилганидан ташқари барча таомлар бани Исроил авлодларига ҳалол қилинган эди. Эй Расулим, уларга “Агар сўзингизда ростгўй бўлсангиз, унда Тавротни келтириб, уни ўқиб кўринглар”, – деб айтинг.

94.Бас, шундай далилдан кейин ҳам кимки Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзни уйдирса, демак, ўшаларнинг ўзлари золим кимсалардир.

95.Эй Расулим, уларга: “Аллоҳ ҳар доим рост айтади, шундай экан, ҳақ йўлдан тоймаган Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашинглар ва у мушриклардан эмас эди”, – деб айтинг.

96.Дарҳақиқат, Ер юзида одамлар ибодат қилишлари учун қурилган илк уй бу Бакка, яъни Макка бўлиб, у муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят манбаи бўлган Каъбадир.

97.У ерда очиқ-ойдин аломатлар ва Иброҳимнинг мақоми бор. У ерга кирган ҳар ким хавф-хатардан омонда бўлади. Йўлга тушишга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш мажбурияти бордир. Кимки Аллоҳнинг амрларини инкор қилиб куфр келтирса ҳам, бас, шубҳасиз, Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган Зотдир.

98.Эй Муҳаммад, уларга: “Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Нима учун Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб куфр келтирасизлар?! Ахир, Аллоҳ қилаётган барча ишларингизга гувоҳ бўлиб турибди”, – деб айтинг.

99.Эй Муҳаммад, уларга: “Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Ҳақиқатга гувоҳ бўла туриб, нима учун Аллоҳнинг тўғри йўлини эгри кўрсатиш мақсадида иймон келтирган кишиларнинг йўлини тўсасизлар. Билиб қўйинглар, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан бехабар эмас”, – деб айтинг.

100.Эй иймон келтирганлар! Борди-ю китоб берилганларнинг бирор бир гуруҳига итоат қилсангиз, иймон келтирганингиздан кейин сизларни яна кофирликка қайтарадилар.

101.Сизларга Аллоҳнинг оятлари ўқиб турилган ва орангизда Унинг Расули бўлгани ҳолда қандай қилиб куфр келтирасизлар?! Кимки Аллоҳнинг динини маҳкам тутса, дарҳақиқат, у тўғри йўлга ҳидоят қилинибди.

102.Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан чин маънодаги қўрқув билан қўрқинглар. Дунёдан, фақат мусулмон бўлган ҳолингизда кўз юминглар.

103.Ҳаммангиз биргаликда Аллоҳнинг арқони Қуръонни маҳкам тутинглар ва ажралиб кетманглар. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ёдга олинглар. Бир пайтлар бир-бирингизга душман эдингиз сўнг, қалбларингизни ўзаро ошно қилиб қўйди. Унинг неъмати соясида биродарларга айландингиз. Дўзах чуқурининг ёқасида эканингизда ундан сизларни қутқарди. Ҳидоят йўлини топишингиз учун Аллоҳ сизларга оятларини мана шундай баён қилади.

104.Эй мўминлар, орангиздан хайрга чақирадиган, яхшиликка буюрадиган ва ёмонликдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўша кимсалар нажот топувчилардир.

105.Ўзларига очиқ-ойдин далиллар келганидан кейин ҳам бўлиниб, ихтилофга тушган кимсалар каби бўлманглар. Ана шундайларга улкан азоб бордир.

106.Қиёмат кунида баъзи юзлар севинчдан оқариб, баъзи юзлар ғамдан қораяди. Шунда юзлари қорайганлар учун: “Иймон келтирганингиздан кейин куфр келтирдингизми? Энди куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринглар”, – дейилади.

107.Юзлари оқарган кимсалар эса Аллоҳнинг раҳмати бўлган жаннатида бўладилар. Ҳамда улар у ерда абадий қолувчилардир.

108.Эй Расулим, мана булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни сенга тўғри тиловат қилиб бермоқдамиз. Аллоҳ оламларга зулм қилишни хоҳламайди.

109.Осмонлар ва Ер юзидаги барча нарсалар Аллоҳникидир. Охирида барча ишлар Аллоҳга қайтарилади.

110.Эй мўминлар, сизлар инсонларнинг яхшилиги учун ўртага чиқарилган энг хайрли уммат бўлдингиз. Чунки сизлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар ҳамда Аллоҳга иймон келтирасизлар. Агарда аҳли китоблар ҳам иймон келтирганларида эди, ўзлари учун, албатта, яхши бўлар эди. Уларнинг орасида мўминлари ҳам бор, лекин уларнинг аксарияти фосиқ кимсалардир.

111.Улар сизларга жиддий зарар етказа олмайдилар. Фақат тиллари билан озгина озор беришлари мумкин. Борди-ю сизлар билан уришсалар қўрққанларидан ортларига қараб қочадилар ва кейин уларга ёрдам ҳам берилмайди.

112.Улар Аллоҳнинг ва мусулмон инсонларнинг ҳимоя тизгинида бўлмаган тақдирларида, қаерда бўлсалар ҳам, хорликка маҳкумдирлар. Улар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Ҳамда уларга хорлик тамғаси уриб қўйилгандир. Бунинг сабаби эса, Аллоҳнинг оятларини инкор қилишлари ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришларидир. Шунингдек, уларнинг қилган исёнлари ва ҳаддан ошганлари сабабидандир.

113.Уларнинг ҳаммаси ҳам баробар эмас. Аҳли китоблардан тун вақтларида сажда қилган ҳолда Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор.

114.Улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар ҳамда эзгу ишлар қилишда шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ кимсалардандир.

115.Эзгуликдан нимаики қилган бўлсалар, унинг савоби беҳуда кетиб беркитилмайди. Зеро, Аллоҳ тақводор кимсаларни яхши билувчидир.

116.Шубҳасиз, куфр келтирганларнинг мол дунёлари ва фарзандлари Аллоҳнинг ҳузуридан уларга бирор нарсада фойда келтирмайди. Ана ўшалар дўзах эгаларидир ҳамда улар у ерда мангу қолувчилардир.

117.Уларнинг дунё ҳаётида риё учун қилган садақаларининг мисоли худди, ўз-ўзига зулм қилган бир қавмнинг экинини уриб, уни пайҳон қилган изғиринли шамол кабидир. Аллоҳ уларга зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қилмоқдалар.

118.Эй иймон келтирганлар! Ўз дин қардошингиздан бошқа мунофиқларни сирдош тутманг. Улар сизга ёмонлик қилишдан тортинмайдилар. Ҳамда сизларни машаққатда бўлишингизни орзу қиладилар. Адоватлари оғизларидан аён бўлиб қолган. Дилларида яшириб юрган нафратлари эса янада каттароқдир. Агарда ақл ишлатсангизлар, сизларга оятларни очиқ-ойдин қилиб бердик.

119.Ҳой сиз мўминлар, нега сиз уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни ёқтирмайдилар. Сиз мўминлар барча самовий китобларга иймон келтирасизлар-у, улар сизларникига иймон келтирмайдилар. Сизларга рўпара келганларида: “Биз ҳам иймон келтирдик”, – дейишади. Ўзлари алоҳида қолишганда эса сизга бўлган ғазабларидан бармоқларини тишлайдилар. Эй Расулим, уларга: “Шу ғазабларингиз билан ўлиб кетинглар!” – деб айтинг. Шубҳасиз, Аллоҳ кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.

120.Сиз мўминларга бирор бир яхшилик етиб қолгудек бўлса, улар сиқилиб хафа бўладилар. Борди-ю сизга бир ёмонлик тегиб қолса, ундан шодланиб кетадилар. Агар сабр қилсангиз ва, фақат Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар етказолмайди. Шубҳасиз, Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини қамраб олувчидир.

121.Эй Расулим, сиз эрта тонгда аҳли аёлингизни тарк қилиб, Уҳуд тоғининг этагидаги уруш жабҳаларига мўминларни жойлаштириш учун йўл олганингизни ёдга олинг. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.

122.Ўшанда сизлардан икки мусулмон тоифа, гарчи Аллоҳ уларнинг қўриқчиси бўлса ҳам, умидсизликка тушиб орқага чекинмоқчи бўлдилар. Мўминлар, фақат Аллоҳга таваккал қилсинлар.

123.Дарвоқе, Аллоҳ Бадр жангида душманга нисбатан сон ва қурол жиҳатидан жуда заиф бўлган ҳолингизда ҳам сизга нусрат берган эди. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз, шоядки, шукр қилсангиз.

124.Эй Расулим, ўшанда сиз мўминларга: “Роббингиз сизларга уч минг нафар осмондан туширилган фаришта билан ёрдам бериши кифоя қилмайдими?” – деганингизни эсланг!

125.Ҳа, кифоя қилади. Агар сиз сабр-тоқат қилиб, ёлғиз Аллоҳдан қўрқсангиз, у душманлар тўсатдан сизларга юриш қилиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга алоҳида белгилари бўлган беш мингта фаришта билан ёрдам беради.

126.Аллоҳ бу ёрдамни сизларга хушхабар бўлиши ва қалбларингиз таскин топиши учун қилди. Ғалаба эса, фақат иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси – Ҳаким бўлган Аллоҳ ҳузуридангина бўлади.

127.Аллоҳ сизга кофирларнинг бир қисмини кесиб йўқ қилиш ёки остин-устун қилиб, ноумид қайтиб кетишлари учун сизга ёрдам қилган эди.

128.Эй Расулим, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилиши ёхуд золим кимсалар бўлганликлари учун жазо олишлари борасида сизнинг зиммангизда ҳеч қандай иш йўқдир.

129.Осмонлар ва Ер юзидаги барча нарсалар Аллоҳникидир. У Ўзи истаганини мағфират қилади ва истаганини азоблайди. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

130.Эй иймон келтирганлар, берган қарзларингизни бир неча баробар қилиб олиш ниятида судхўрлик иллати бўлган рибони еманглар. Аллоҳдан қўрқинглар, шояд, шунда нажот топсангизлар.

131.Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган мангу дўзахдан қўрқинглар.

132.Аллоҳга ва Расулга итоат қилинглар. Шояд, шунда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўласизлар.

133.Роббингиз тарафидан бўлган мағфиратга ва тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмонлару Ерча бўлган жаннат сари шошилинглар.

134.У тақводор кимсалар енгил ва оғир кунларда ҳам хайру эҳсон қилиб, нафақа қиладиганлар, ғазабини ичга ютадиганлар ва одамларнинг камчиликларини кечирувчилардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади.

135.Улар бирор бир бузуқ иш қилиб ёки нафсларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдилар. Ахир Аллоҳдан ўзга гуноҳларни ким ҳам мағфират қиларди? Шунингдек, улар билиб туриб қилаётган ёмон ишларида давом этмайдиган кимсалардир.

136.Ана шундай кимсаларнинг мукофотлари Роббилари тарафидан бўлган мағфират ва тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлар бўлиб, улар у ерда абадий қолувчилардир. Чиройли амал қилганларнинг мукофоти нақадар гўзалдир.

137.Дарҳақиқат, сизлардан олдин ҳам ибратли воқеалар бўлиб ўтган. Ер юзини кезиб, сайр қилинглар ҳамда Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар.

138.Мана булар инсонлар учун очиқ-ойдин баёнот ва тақво эгалари учун ҳидоят ва насиҳат манбаидир.

139.Эй мўминлар, куфрга қарши сусткашлик қилманглар ва баъзи мағлубиятлардан қайғуга ботиб умидсизликка тушманглар. Агар чин мўминлардан бўлсангиз, сизлар энг аъло бандалардирсиз.

140.Агар сизларга Уҳуд жангида жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам Бадр жангида шунга ўхшаш жароҳат етган. Биз бу яхши ва ёмон кунларни одамлар орасида вақти-вақти билан шундай қилиб айлантириб турамиз. Аллоҳ буни чинакам иймон келтирганларни ўртага чиқариб, билиши ва сизлардан шаҳидларни саралаб олиши учун қилади. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди.

141.Шунингдек, Аллоҳ иймон келтирганларни гуноҳларидан поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун шундай қилади.

142.Ёки Аллоҳ сизлардан ҳақиқий жиҳод қилганларни ва мусибатларга сабрли кишиларни аниқламай туриб, жаннатга кирамиз, деб ҳисоблайсизми?!

143.Дарҳақиқат, ўлимга дуч келмасдан олдин, сиз шаҳид бўлиб ўлишни қаттиқ орзу қилардингиз. Мана, энди Уҳудда у ўлимни кўргач жанг қилиш ўрнига даҳшатдан тикилиб қараб қолдингиз.

144.Муҳаммад, фақат бир пайғамбардир холос. Дарҳақиқат, ундан олдин кўплаб пайғамбарлар келиб кетган. Агар у вафот этса ёки ўлдирилса, ортингизга қайтиб кетасизларми? Кимки ортига қараб куфрга қайтиб кетса, шуни билиб қўйсин, у Аллоҳга зарар етказа олмайди. Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлайди.

145.Олдиндан битиб қўйилган ажалга кўра, Аллоҳ рухсат бермаса, ҳеч бир жонзот ўлмайди. Ким дунё савоби бўлган ўлжани истаб жанг қилса, бас, унга ўша истаган нарсасидан бир миқдор берамиз. Шунингдек, кимки охират савобини истаб жиҳод қилса, унга ҳам берамиз. Албатта, биз шукр қилувчиларни мукофотлаймиз.

146.Қанчадан-қанча набийлар билан бирга кўплаб Аллоҳга итоат қилувчи, Роббоний кимсалар жанг қилганлар. Улар ҳеч қачон Аллоҳ йўлидаги жангларда етган мусибатлар қаршисида сусткашлик қилмаганлар ва душманга таслим бўлмаганлар. Аллоҳ шундай сабрли кимсаларни севади.

147.Уларнинг айтган сўзлари фақат: “Эй Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни ва ишимиздаги қилган исрофгарчилигимизни кечиргин, жанг майдонларида бизларни собитқадам қилгин ҳамда кофир кимсалар устига бизларга нусрат бергин”, – демоқдан иборат эди.

148.Шундай қилиб, Аллоҳ уларга дунё мукофотини ҳам, гўзал охират мукофотини ҳам берди. Чунки Аллоҳ эзгу амаллар қилувчиларни севади.

149.Эй иймон келтирганлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, ортингизга қайтарадилар. Натижада, зиён кўрувчиларга айланиб қоласиз.

150.Ҳолбуки, сизнинг дўстингиз Аллоҳдир ва У энг яхши ёрдам берувчидир.

151.Илоҳ эканлиги ҳақида далил туширмагани ҳолда Аллоҳга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг қалбларига қўрқув соламиз. Оқибатда уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир, золимларнинг борар жойлари нақадар ёмон жойдир!

152.Албатта, Аллоҳ сизга берган ваъдасига содиқ қолди. Чунки сизлар Уҳуд жангида у кофирларни Аллоҳнинг изни билан бирин кетин қира бошлаган эдингиз. Вақтики, Аллоҳ сизга ўзингиз севган зафарни кўрсатгач, бўшаша бошладингиз, итоат амри ҳақида бир-бирингиз билан тортишдингиз ва буйруққа қарши ҳаракат қилдингиз. Ораларингизда дунёни севадиганлар ҳам, охиратни севадиганлар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун ғалабани мағлубиятга буриб юборди. Аммо кейин сизларни афв қилди. Аллоҳ мўминларга фазлу карам соҳиби бўлган Зотдир.

153.Ўшанда Расул ортингиздан чақириб турса ҳам, ҳеч кимга бурилиб қарамай, жойингиздан узоқлашиб кетганингизни эсланг. Бундан кейин қўлингиздан кетган нарсага ҳам, сизга етган мусибатларга ҳам маҳзун бўлмаслигингиз учун сизларни ғам устига ғам билан жазолади. Аллоҳ қилиб турган амалларингиздан хабардордир.

154.Кейин бу ғамнинг кетидан сизларга бир омонлик уйқу ҳолатини тушириб, сиз мўминлардан бўлган бир тоифани бу туйғу қамраб олди. Мунофиқлардан бўлган бошқа тоифа эса жон талвасасига тушиб, Аллоҳ ҳақида жоҳилона фикрлари билан ноҳақ гумонда бўлар эдилар. Улар: “Ўзи бизга бу ишдан нима фойда?!” – дердилар. Эй Расулим, уларга: “Барча ишлар Аллоҳга оиддир”, – деб айтинг. Улар сизга ошкор қилмаган мунофиқликларини ичларида яшириб юрадилар. Ҳамда улар: “Агар бизда бу иш юзасидан танлов бўлганида эди, бу ерда ўлдирилмас эдик”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Агар уйларингизда ўтирган бўлсангиз ҳам, ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ёзилган кишилар мутлақо ҳалокат жойларига келиб қолган бўлар эдилар. Аллоҳ бу мағлубиятни кўнгилларингиздаги иймон ёки нифоқни синаш ва қалбларингиздаги кирларни тозалаш учун қилди. Шубҳасиз, Аллоҳ кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.

155.Икки қўшин тўқнашган куни, сизлардан юз ўгириб урушдан қочганларнинг эса қилган баъзи хато ишлари сабабли, шайтон уларни тўғри йўлдан урган эди. Шунга қарамай Аллоҳ уларни афв этди. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим Зотдир.

156.Эй иймон келтирганлар, Ер юзида ҳижрат қилиб сафарда ёки жангда ғозий бўлган биродарлари ҳақида: “Агар биз билан бирга бўлганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар”, – дейдиган кофирлар каби бўлманглар. Аллоҳ бу туйғуни мунофиқларнинг қалбларида бир надомат бўлсин деб, қилгандир. Аллоҳ тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам. Аллоҳ қилаётган ҳамма ишларингизни кўриб турувчи Зотдир.

157.Қасам бўлсинки, агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангиз ёки ўлсангизлар, албатта, Аллоҳ томонидан келадиган мағфират ва раҳмат кофирларнинг йиғиб борадиган бойликларидан афзалдир.

158.Қасам бўлсинки, гарчи ўлсангиз ҳам ўлдирилсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ ҳузурига тўпланасизлар.

159.Эй Расулим, Аллоҳнинг раҳмати туфайли уларга юмшоқ муомалада бўлдингиз. Агар сиз уларга қўпол, қаттиқ қалбли бўлганингизда, шубҳасиз, атрофингиздан тарқалиб кетишарди. Шундай экан, уларни кечиринг ва хатолари учун Аллоҳдан мағфират тиланг. Қилинадиган ишларда улар билан маслаҳатлашинг. Қачонки якуний қарорни қабул қилсангиз, унда Аллоҳга таваккул қилинг. Албатта, Аллоҳ Ўзига суяниб иш қилувчиларни севади.

160.Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, у ҳолда сизнинг устингизга ғолиб келувчи йўқ. Борди-ю сизларни қаровсиз ташлаб қўйса, Ундан бошқа ким ҳам сизларга нусрат берар эди. Мўминлар, фақат Аллоҳга таваккул қилиб суянсинлар.

161.Ҳеч бир пайғамбар ўлжага хиёнат қилиши мумкин эмас. Кимки ўлжага хиёнат қилса, қиёмат куни ўша хиёнати билан бирга ҳузуримизга келади. Сўнгра ҳар нафс эгаси қилган ишига яраша зулм қилинмаган ҳолда мукофот ёки жазосини тўлиқ олади.

162.Аллоҳнинг ризосига эргашган киши, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ва борар жойи жаҳаннам бўлган одамга ўхшармиди? Ғазабга дучор бўлганнинг борар жойи нақадар ёмон жойдир.

163.Улар учун Аллоҳ ҳузурида турли даражалар бордир. Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини кўриб турувчи Зотдир.

164.Дарҳақиқат, Аллоҳ ўзларини ичидан уларга оятларини ўқиб берадиган, ширк ва гуноҳлардан тозалайдиган, китоб ва ҳикматдан таълим берадиган Пайғамбар юбориб, мўминларга неъмат берди.

165.Бадр жангида душманга икки баробар етказган мусибатингиз, Уҳуд жангида сизга ҳам етгач: “Бу мағлубият бизга қаердан келди”, – деб айтяпсизми? Эй Расулим, уларга: “Бу итоатсизлигингиз туфайли ўз нафсингиздан келди”, – деб айтинг. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган – Қодир Зотдир.

166.Икки қўшин тўқнашган куни, сизларга қандай мусибат етган бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлган. Шунингдек, чинакам мўминларни билиш учун эди.

167.Ҳамда мунофиқлик қилган кимсаларни билиш учун эди. Уларга: “Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки мудофаа қилинглар”, – дейилса, улар: “Агар уруш қилишни билганимизда, сизга эргашар эдик”, – деб баҳона айтардилар. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар қалбларида бўлмаганни оғизлари билан айтардилар. Аллоҳ уларнинг қалбларида яширганларини жуда яхши билувчидир.

168.Ўзлари жангга чиқмай ўтириб олиб, шаҳид биродарларига: “Агар бизга итоат қилганларида, ўлдирилмас эдилар”, – деб айтдилар. Эй Расулим, уларга: “Агар гапингизда ростгўй бўлсангиз, унда ўлимни ўзингиздан даф қилиб кўринглар-чи?” – деб айтинг.

169.Аллоҳ йўлида ўлдирилганларни ҳаргиз ўликдирлар деб ҳисобламанг. Балки улар тирикдирлар ва Роббилари ҳузурида ризқлантирилмоқдалар.

170.Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлардан хушнуддирлар. Ҳамда ҳали ортларидан етиб келмаган ҳаётдаги биродарларига охиратда ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва ғам-ташвиш ҳам чекмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар.

171.Шунингдек, улар Аллоҳдан келадиган неъмат ва фазлни ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслиги ҳақида ҳам хушхабар бермоқдалар.

172.Улар жангда жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Расулнинг чақириғига жавоб берганлардир. У кимсалардан яхшилик ва тақво қилганлар учун улкан ажрлар бордир.

173.Баъзи одамлар уларга: “Оломон сизга қарши лашкар тўпладилар, энди улардан қўрқинглар”, – дейишганда, уларнинг бу гапи иймонни янада орттирди. Уларга қарата: “Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя ва У энг яхши вакил!” – деб айтганлар.

174.Кейин улар Аллоҳдан буюк неъмат ва инъом билан ҳеч қандай ёмонликка дуч келмай қайтиб келдилар. Аллоҳ буюк фазлу карам соҳибидир.

175.Сизларни қўрқитмоқчи бўлган ўша шайтондир. У сизларни ўзининг мунофиқ дўстлари билан қўрқитмоқчи бўлади. Агар ҳақиқий мўминлардан бўлсангизлар, улардан қўрқманглар, фақат Мендан қўрқинглар.

176.Эй Расулим, куфр йўлида илдамлаб ошиқаётганлар сизни хафа қилмасин. Улар асло Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ уларга охиратда ҳеч бир насиба бермасликни истайди. Улар учун улкан азоб бордир.

177.Шубҳасиз, куфрни иймонга алмаштириб сотиб олганлар Аллоҳга ҳеч бир нарсада асло зарар етказа олмайдилар. Улар учун аламли азоб бордир.

178.Куфр келтирган кимсалар уларга муҳлат бериб, тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ўйламасинлар. Дарҳақиқат, Биз уларга гуноҳлари кўпайиши учунгина муҳлат бериб турамиз. Охиратда улар учун хор қилувчи азоб бордир.

179.Аллоҳ мўминларни покдан нопокни ажратмасдан, сизларни ҳозирги бу ҳолатда ташлаб қўймайди. Шунингдек, Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймади. Бироқ Аллоҳ Ўз Расулларидан хоҳлаган кишисини танлаб олади. Аллоҳга ва Унинг Расулларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улкан ажр бордир.

180.Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсаларни эҳсон қилмай зиқналик қиладиган кимсалар буни ўзларига яхшилик деб ўйламасинлар. Аксинча, бу улар учун ёмонликдир. Зиқналик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралади. Осмонлару Ернинг мероси Аллоҳга оиддир. Аллоҳ барча қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир.

181.Қасам бўлсинки, Аллоҳ уларнингАлбатта, Аллоҳ фақир, биз эса боймиз”, – деган гапларини эшитди. Уларнинг бу айтган гапларини ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларини тезда ёзиб қўямиз. Қиёмат кунида эса уларга: “Куйдурувчи жаҳаннамнинг азобини тотиб кўринглар”, – деб айтамиз.

182.Бу азоблар ўз қўлларингиз билан қилган гуноҳларингиз сабабидандир. Албатта, Аллоҳ бандалари учун зулм қилувчи эмасдир.

183.Улар: “Бизга келтирган бир қурбонликни осмондан тушган бир олов уни еб қўймагунча ҳеч бир Расулга иймон келтирмаслигимиз ҳақида Аллоҳ Тавротда бизлардан аҳд олган”, – деб айтадилар. Эй Расулим, уларга: “Мендан олдин ҳам сизнинг аждодларингизга далиллар ва сизлар айтган қурбонлик каби мўъжизалар билан кўплаб пайғамбарлар келган эдилар. Хўш, агар гапларингизда ростгўй бўлсангизлар, нима учун уларни қатл этдингиз?!” – деб айтинг.

184.Эй Расулим, агарда сизни ёлғончига чиқараётган бўлсалар, ғамгин бўлманг, дарҳақиқат, сиздан олдин очиқ далиллар, саҳифалар ва нур тарқатувчи китоб келтирган Расуллар ҳам ёлғончига чиқарилган эдилар.

185.Ҳар бир жон ўлимни тотиб кўрувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингизни тўлиғича оласиз. Кимки дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютуққа эришибди. Дунё ҳаёти эса ёлғончи бир завқдан иборатдир.

186.Албатта, молу давлат ва жонларингиз билан имтиҳон қилинасизлар. Сизлардан аввалги китоб берилган яҳудий ва насронийлар ва мушриклар томонидан кўплаб озор эшитасизлар. Агар мана шу ҳолларга сабр қилиб, Аллоҳдан қўрқсангизлар, бу қилганларингиз ишларнинг муқаррарлигидандир.

187.Эй Расулим, Аллоҳ китоб берилган кимсалардан: “Албатта, у китобни одамларга, аниқ баён қилиб берасизлар ва уни ҳеч кимдан яширмайсизлар”, – деб аҳд олганини эсланг. Шундан кейин ҳам улар уни ортларига қараб улоқтирдилар ва уни ўткинчи дунё манфаатига алданиб арзимас баҳога сотдилар. Уларнинг бу қилаётган олди-сотдилари нақадар хунук иш эди.

188.Эй Расулим, қилган ёмон ишларига суюниб, қилмаган яхши ишларига мақталишни хуш кўрадиган кимсаларни азобдан нажотда деб ҳисобламанг.

189.Осмонлар ва Ер юзидаги барча мавжудотнинг бошқаруви Аллоҳга оиддир. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган – Қодир Зотдир.

190.Шубҳасиз, осмонлару Ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун очиқ аломатлар бордир.

191.Улар Аллоҳни тик турганларида ҳам, ўтирган ҳолларида ҳам, ётганларида ҳам зикр қиладилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиб: “Эй Роббимиз, Сен бу коинотни бекорга яратмагансан. Сен нуқсонлардан холисан ва бизларни дўзах азобидан сақлагин”, – дейдилар.

192.Эй Роббимиз, Сен кимни дўзахга киритсанг, албатта, уни хор қилган бўласан. Золимларга эса азобдан қутулишлари учун ёрдамчилар бўлмайди.

193.Эй Роббимиз, ҳақиқатан, ҳам бизРоббингизга иймон келтиринг!” деб иймонга чорлаётган даъватчи пайғамбарнинг нидосини эшитдик ва дарҳол иймон келтирдик. Эй Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин, ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда солиҳ ва яхши бандаларинг қаторида жонимизни олгин.

194.Эй Роббимиз, бизга расулларинг орқали ваъда қилганингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Дарҳақиқат, Сен ҳеч қачон ваъдангга хилоф қилмайсан.

195.Роббилари уларнинг дуоларига ижобат қилиб: “Шубҳасиз, Мен сизлардан хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин хайрли иш қилганларнинг амалини зое кетказмайман. Зеро, сизлар бир-бирингиздан дунёга келгандирсизлар. Юртларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувиб чиқарилган, Менинг йўлимда азиятлар чеккан ҳамда жанг қилиб, ўлдирилганларнинг гуноҳларини, албатта, ўчираман. Албатта, уларни тагларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман”, – дейди. Булар Аллоҳ ҳузуридан бир мукофотдир. Зеро, мукофотларнинг энг чиройлиси Аллоҳнинг ҳузуридадир.

196.Кофир кимсаларнинг юртма-юрт, шаҳарларда кезиб юришлари сизни алдаб қўймасин.

197.Булар арзимас бир ўткинчи завқ холос. Охирида уларнинг борадиган жойлари жаҳаннамдир. У нақадар ҳам ёмон макон!

198.Лекин Роббиларидан қўрққан тақводор кимсалар учун эса тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари тайёрланган бўлиб, улар у ерда абадий қолувчидирлар. Бу Аллоҳ тарафидан берилган зиёфатдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги неъматлар солиҳ бандалар учун ҳаммасидан ҳам афзалдир.

199.Шунингдек, албатта, аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлардан ҳам Аллоҳга, сизларга нозил қилинган китобга ва ўзларига нозил қилинганларга Аллоҳга бош эккан ҳолларида иймон келтирувчи, Аллоҳнинг оятларини ўткинчи дунё манфаати учун арзимас баҳога сотиб юбормайдиган зотлар ҳам бор. Ана ўшалар учун ҳам Роббилари ҳузурида ажрлари бордир. Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилувчи Зотдир.

200.Эй иймон келтирганлар, мусибатларга сабр қилинглар, сабрда бардавом бўлинглар ва Аллоҳ йўлида бел боғлаб туринглар. Ҳамда Аллоҳдан қўрқинглар, шояд, шунда нажот топсангиз.