1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Naml сураси

Makkaда нозил бўлган.

19-жуз,27-сура,93 оятдан иборат

1.То, Син. Булар Қуръон ва очиқ-ойдин китобнинг оятларидир.

2.Бу оятлар Аллоҳнинг мўмин қулларига ҳидоят ва хушхабардир.

3.Улар намозни тўлиқ адо қиладилар, ҳақдорларга закотни берадилар ва охиратга аниқ ишонадилар.

4.Албатта, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг қилаётган амалларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Бас, улар туғёнларида тентираб юраверадилар.

5.Ана ўшалар учун дунёда ҳам азобнинг энг ёмони бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўрувчилардир.

6.Эй Муҳаммад, албатта, сизга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта билувчи Зот томонидан берилади.

7.Мусо оиласига: “Мен бир оловни кўриб қолдим. Сизларга ундан бирор бир хабар келтираман ёки сизларга совуқдан исиниб олишингиз учун чўғ олиб келаман”, – деганини эсланг!

8.Шундай қилиб, Мусо олов ёнига келгач, унга: “Олов олдидаги Зотга ва унинг атрофидаги кишиларга барака берилди! Оламларнинг Роббиси Аллоҳга тасбеҳлар бўлсин.

9.Эй Мусо, албатта, Мен азиз ва ҳаким бўлган Аллоҳман!

10.Эй Мусо, асонгни ташла. Бас, қачонки, Мусо асосининг худди у илондек ҳаракат қилаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. Шунда Биз унга: “Эй Мусо, қўрқмагин! Зеро, Менинг ҳузуримда пайғамбарлар қўрқмайди”, – дедик.

11.Лекин ким зулм қилса-ю, сўнгра бу ёмонликлардан кейин уни чиройли ишга алмаштирса, бас, албатта, Мен гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотман.

12.Қўлингни ёқангнинг ичига сол, ва қорамтир бўлган ранги ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу мўъжизалар фиръавн ва унинг қавмига олиб борадиган тўққиз мўъжиза ичидадир. Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.

13.Бас, қачонки, мўъжизаларимиз уларга очиқчасига кўринувчи ҳолда етиб келганда, улар: “Бу аниқ сеҳрдир”, – дедилар.

14.Ўзлари аниқ билган бўлсалар ҳам, зулм ва кибрга берилиб, у мўъжизаларни инкор қилдилар. Энди эй Муҳаммад, бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг.

15.Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга етук билим ато қилдик ва у икковлари: “Бизларни кўпгина мўмин бандаларидан афзал қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” – дедилар.

16.Сулаймон пайғамбарлик ва подшоҳликда отаси Довудга ворис бўлди ва: “Эй одамлар, бизга қушларнинг ва бошқа жонзотларнинг тили ўргатилди ва шоҳларга бериладиган барча нарсалардан берилди. Албатта, бу айнан очиқ-ойдин фазлнинг ўзидир”, – дедилар.

17.Сулаймон учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, унинг қаршисида тизилган ҳолларида турдилар.

18.Улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, инларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари билмай сизларни эзиб кетмасинлар”, – деди.

19.Сулаймон унинг бу сўзидан кулиб, табассум қилди ва: “Эй Роббим, менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ қилгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” – деди.

20.У қушларни кўздан кечирди ва уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач: “Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман ёки у берухсат кўздан ғойиб бўлувчилардан бўлдими?” – деди.

21.Албатта, уни қаттиқ азоб билан азоблайман ё сўйиб юбораман ёки менга узрини баён қилиб аниқ ҳужжат келтирсин.

22.Сўнг узоқ вақт ўтмасдан ҳудҳуд келиб: “Мен сен билмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ шаҳридан ишончли хабар келтирдим”, – деди.

23.Мен у мамлакатда уларнинг маликаси бўлган бир аёлни кўрдим. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, улкан тахти ҳам бор экан.

24.Мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ҳам кўрдим. Шайтон уларга қилаётган амалларини чиройли кўрсатиб, уларни ҳақ йўлдан тўсиб қўйган. Шунинг учун улар ҳидоят топа олмаяптилар.

25.Ахир осмонлар ва Ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни биладиган Аллоҳга сажда қилмайдиларми?!

26.Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир У улкан Арш эгасидир.

27.Сулаймон унга: “Сен рост айтдингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, яқинда кўрармиз”, – деди.

28.Мана бу мактубимни олиб боргин кейин уларга саройдан ташла, сўнгра улардан четга чиққинда кузатиб тур, қани, нима жавоб қайтарар эканлар.

29.Ҳудҳуд мактубни олиб келиб малика Билқис олдига ташлади, шунда малика: “Эй аъёнларим, ҳақиқатан, бугун менга улуғ бир мактуб ташланди”, – деди.

30.Албатта, бу мактуб Сулаймондандир ва у мактубда “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан”, деб ёзилган.

31.Мактуб давомида: “Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда ёнимга келинглар”, – деб ёзилган.

32.Малика: “Эй аъёнлар, менга бу ишимда фатво беринглар. Мен токи сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирор ишга қатъий қарор қилувчи эмасман”, – деди.

33.Сарой аҳли: “Бизлар қувват ва қаттиқ матонат эгаларимиз. Нима ишга буюрсанг, ҳам ўзингга ҳавола. Бас, нимага амр қилишни ўйлаб кўравер!” – дедилар.

34.Малика Билқис: “Аниқки, подшоҳлар қачон бирор бир қишлоққа бостириб кирсалар, уни вайрон қиладилар, аҳолисининг ҳурматли кишиларини эса хор қиладилар. Улар шу тарзда иш тутадилар”, – деди.

35.Мен уларга синов учун бир совға юбориб кўрай-чи, элчилар нима хабар билан қайтар эканлар.

36.Бас, қачонки, маликанинг элчилари совғани олиб Сулаймон ҳузурига келгач, у: “Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда билингизки, Аллоҳ менга ато этган пайғамбарлик ва подшоҳлик сизларга берган мол-дунёдан яхшироқдир. Лекин сизлар совғаларингиз билан севиняпсизлар”,– деди.

37.Сен қавмингга қайтиб бориб айтгинки, агар менга таслим бўлмасалар, албатта, биз уларга шундай қўшин билан борамизки, улар унга асло бас, кела олмайдилар ва албатта, биз уларни юртларидан хору зор қилиб қувиб чиқарамиз.

38.Сулаймон: “Эй зодагонлар, улар менинг ҳузуримга таслим бўлиб келишларидан олдин қайси бирингиз менга унинг тахтини келтира олади?” – деди.

39.Шунда Сулаймоннинг амридаги кучли жинлардан бўлган ифрит: “Мен уни сенга ўрнингдан туришингдан олдин келтираман. Албатта, мен бунга қодир ва ишончлидирман”, – деди.

40.Китобдан илми бор бўлган бир зот эса: “Мен уни кўзингни очиб юмгунингча сенга келтираман”, – деди. Кейин Сулаймон у тахтнинг олдида турганини кўргач: “Бу Роббимнинг шукр қиламанми ёки ношукрлик қиламанми, имтиҳон қилиш учун берган фазлидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта, у фақат ўзи учун шукр қилади. Кимки ношукрлик қилса, бас, албатта, Роббим ҳамма нарсадан беҳожат ва улуғ Зотдир”, – деди.

41.Сулаймон маликани синаш учун: “Унинг тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйинглар, у тахтини билиб олишга йўл топадими ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўладими, томоша қиламиз”, – деди.

42.Бас, малика келгач унга: “Сенинг тахтинг шундаймиди?” – дейилди. Билқис ҳайратланиб: “Худди ўшанинг ўзи”, – деди. Сулаймон: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бизларга ундан илгари илм берилган ва мусулмонлардан бўлганмиз”, – деди.

43.Уни эса Аллоҳдан бошқага ибодат қилган нарсаси мусулмон бўлишдан тўсиб қўйган эди. Чунки у кофирлар қавмидан эди.

44.Маликага: “Энди, саройга кир”, – дейилди. Бас, у саройни кўргач, уни сув тўлқини деб ўйлаб, этагини кўтариб, оёқларини очди. Сулаймон унга: “Бу биллур шишадан ясалган силлиқ қасрдир”, – деди. Шунда малика: “Эй Роббим, дарҳақиқат, мен қуёшга сиғиниш билан ўзимга зулм қилибман, энди Сулаймон билан бирга оламлар эгаси Аллоҳга бош эгдим”, – деди.

45.Қасам бўлсинки, Биз Самуд қабиласига биродарлари Солиҳни пайғамбар қилиб юбордик. Солиҳ пайғамбар ўз қавмига: “Аллоҳга ибодат қилинглар”, – деди. Бас, улар даъватга қулоқ солмай бирдан келиша олмайдиган икки гуруҳга бўлиниб олдилар.

46.Солиҳ: “Эй қавмим, нима учун сизлар яхшиликдан олдин ёмонликка ошиқяпсиз?! Аллоҳдан хатоларингиз учун мағфират сўрасангиз бўлмайдими! Шояд, шунда раҳм қилинасизлар”, – деди.

47.Улар: “Эй Солиҳ, бошимизга тушган мусибатларга сен ва сен билан бирга бўлган мўминларнинг касофатидан деб бадгумон бўлдик”, – дедилар. Солиҳ уларга: “Бошингизга тушган бахтсизлигингиз Аллоҳдан. Аксинча, сизлар имтиҳон қилинаётган қавмдирсиз”, – деди.

48.Шаҳарда ислоҳ қилмайдиган, аксинча, ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди.

49.Улар Аллоҳ номига ўзаро қасам ичиб бир-бирларига: “Албатта, Солиҳни ва унга эргашган аҳлини тунда ўлдирамиз, сўнгра унинг ворисига: “Бизлар на Солиҳнинг ва на аҳлининг ўлимига гувоҳ бўлмадик, Чиндан ҳам бизлар ростгўй кишилармиз”, – деймиз.

50.Улар Солиҳ пайғамбарга қарши макр қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида уларни ҳалок қилиш билан макр қилдик.

51.Бас, қилган макрларининг оқибати қандай бўлганига назар солинг. Биз уларни ва қавмларининг барчасини ер билан яксон қилдик.

52.Ана, зулм қилганлари туфайли уларнинг уйлари ҳувиллаб ётибди. Албатта, бунда биладиган қавм учун катта ибрат бордир.

53.Иймон келтирган ва Аллоҳдан қўрқадиган кимсаларга эса нажот бердик.

54.Эй Расулим, Лутни ҳам ёдга олинг. Вақтики у ўз қавмига: “Сизлар кўра билиб туриб фаҳш ишларни қиласизларми?!” – деди.

55.Сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват билан келасизларми?! Йўқ, сизлар жоҳиллик қилаётган қавмдирсиз!

56.Лут қавмининг жавоби эса фақат: “Лутнинг оиласини қишлоғингиздан ҳайдаб чиқаринглар. Дарҳақиқат, улар жуда покланиб кетаётган кишилардир, – деб масхаралаб гапиришлари бўлди.

57.Кейин Биз Лутга ва унинг оиласига нажот бердик. Аммо унинг хотини нажот топмади, чунки уни азобда қолувчилардан деб тақдир қилдик.

58.Шундан сўнг, уларнинг устига тошли ёмғир ёғдирдик. Бас, ҳалокатдан огоҳлантирилувчиларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди!

59.Эй Муҳаммад: “Аллоҳга ҳамд ва пайғамбарлик учун танлаган бандаларига салом бўлсин! Аллоҳ яхшироқми ёки улар шерик қилаётган нарсаларими?!” – деб айтинг.

60.Ёки осмонлар ва Ерни яратган ҳамда сизлар учун осмондан сув тушириб, у билан гўзал боғларни ўстирган Зот яхшироқми?! Сизларда у боғларнинг дарахтини ўстириш қудрати бўлмаган эди. Аллоҳ билан бирга яна бирор илоҳ борми?! Йўқ, улар Аллоҳга ўзгаларни тенглаштирадиган қавмдирлар!

61.Ёки Ерни барча жонзотлар учун қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо қилган ва унинг учун баланд тоғлар барпо қилган ҳамда шўр ва чучук бўлган икки денгиз ўртасида тўсиқ қилган Зот яхшироқми?! Аллоҳ билан бирга яна бирор илоҳ борми?! Йўқ, одамларнинг кўпчилиги ҳақиқатни билмайдилар.

62.Ёки ночор одам дуо қилган пайтда дуосини ижобат қиладиган ва ундан ёмонликни кетказадиган ҳамда сизларни Ер юзининг ўринбосарлари қиладиган Зот яхшироқми?! Аллоҳ билан бирга яна бирор илоҳ борми?! Бу ўгитлардан жуда кам эслатма оласизлар!

63.Ёки сизларга қуруқлик ва денгиз қоронғиликларида тўғри йўлни кўрсатадиган ва Ўз раҳмат ёмғири олдидан шамолларни хушхабар қилиб жўнатадиган Зот яхшироқми?! Аллоҳ билан бирга яна бирор илоҳ борми?! Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан муназзаҳ ва олийдир.

64.Ёки махлуқотни илк бошдан пайдо қиладиган, кейин қиёматда уни яна қайта яратадиган ва сизларни осмондан ва ердан турли неъматлар билан ризқлантирадиган Зот яхшими? Аллоҳ билан бирга яна бирор илоҳ борми?! Эй Муҳаммад, уларга: “Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни келтиринг!” – деб айтинг.

65.Яна уларга: “Аллоҳдан ўзга осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайб хабарларини билмайди. Шунингдек, улар қачон қайта тирилишларини ҳам сезмайдилар”, – деб айтинг.

66.Балки, уларнинг охират ҳақидаги билимлари пишиб етилгандир?! Йўқ, улар охиратнинг бўлишидан гумондалар, аксинча, улар у ҳақда кўрдирлар.

67.Куфр келтирган кимсалар: “Биз ва ота-боболаримиз тупроққа айланиб кетганимизда яна қабрларимиздан қайта тирилиб чиқарилувчимизми?!” – дейдилар.

68.Дарҳақиқат, бизларга ҳам, ота-боболаримизга ҳам олдин мана шу нарса ваъда қилинган эди. Бу фақат аввалгиларнинг афсоналари, , холос!

69.Эй Расулим: “Ерни айланиб, жиноятчи кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганига назар солинглар!” – деб айтинг.

70.Эй Муҳаммад, уларнинг иймонсизликлари борасида ғам чекманг ва улар қилаётган найранглардан сиқилманг.

71.Кофирлар: “Агар ростгўй бўлсангиз қани, айтинглар-чи, шу ваъда қилинаётган азоб қачон бўлади?” – дейдилар.

72.Уларга: “Балки, сизлар ошиқаётган азобнинг баъзиси аллақачон сизларга яқин келиб қолгандир”, – деб айтинг.

73.Албатта, Роббингиз одамларга фазлу марҳаматлидир. Лекин уларнинг кўпчилиги шукр қилмайдилар.

74.Албатта, Роббингиз уларнинг кўнгиллари беркитаётган нарсани ҳам, ошкор қилаётган нарсани ҳам билиб туради.

75.Осмон ва Ердаги ҳар бир сир-асрор аниқ китобда ёзиб қўйилгандир.

76.Албатта, бу Қуръон бани Исроил авлодига улар у ҳақида ихтилоф қилаётган нарсаларнинг кўпини қисса қилиб беради.

77.Албатта, бу Қуръон мўминлар учун ҳидоят ва раҳмат манбаидир.

78.Албатта, Роббингиз одамлар ўртасида Ўз ҳукми билан ажрим чиқаради. Шунингдек, У иззати улуғ бўлган – Азиз ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.

79.Эй Расулим, бас, сиз Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, сиз аниқ ҳақ йўлнинг устидасиз.

80.Албатта, сиз ўз даъватингизни қалби ўликларга эшиттира олмайсиз. Ҳамда ҳақдан юз ўгириб кетаётган карларга ҳам чақириқни уқтира олмайсиз.

81.Шунингдек, сиз қалб кўзи кўрларни ҳам залолатларидан чиқариб, ҳақ йўлга бошловчи эмассиз. Сиз фақат оятларимизга иймон келтирадиган ва мусулмон бўладиган кишиларгагина даъватингизни эшиттира оласиз.

82.Қиёмат олдидан кофирларнинг устига айтилган азоб тушганида Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. Жонивор уларга одамлар оятларимизга аниқ ишонмайдиган бўлганларини айтиб беради.

83.Ўша кунда ҳар бир умматдан оятларимизни ёлғонга чиқарган гуруҳларни тўплаймиз кейин улар саф-саф бўлиб тизилиб турадилар.

84.Бас, улар савол-жавобга келишгач, Аллоҳ уларга: “Сизлар аниқ билмаган ҳолингизда оятларимни ёлғонга чиқардингизми?! Ёки нима қилган эдингиз?” – дейди.

85.Зулм қилганлари сабабли уларнинг устига азоб ҳақидаги сўз тушади. Бас, улар у кунда гапира олмайдилар.

86.Биз одамлар ором олиши учун кечани пайдо қилганимизни ва кундузни ёруғ қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун катта ибратлар бордир.

87.Сурга пуфланган кунда Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлар ва Ердаги барча кимсалар даҳшатга тушиб қолади. Ҳамма Унинг ҳузурига бўйин эккан ҳолларида келади.

88.Сиз тоғларни кўриб қимирламасдан қотиб турувчи, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар ҳам худди булутларнинг сузиб юришидек сузиб юрадилар. Бу барча нарсани пухта қилган Зот бўлмиш Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, У сизлар қилаётган барча ишлардан хабардордир.

89.Ким Аллоҳнинг ҳузурига яхши амаллар билан келса, бас, унинг учун ундан ҳам яхшироқ мукофот бўлади. Шунингдек, улар қиёмат кунининг даҳшатидан омонда бўладилар.

90.Борди-ю кимки ёмонлик билан келса, бас, юзтубан ҳолларида дўзахга ташланадилар. Сизларга фақат қилиб ўтган амалларингизнинг жазоси берилади.

91.Эй Муҳаммад, уларга: “Мен мана шу Макка шаҳрининг Роббисига ибодат қилишга буюрилганман. Аллоҳ бу шаҳарни ҳурматли қилди ва барча нарса ёлғиз Уникидир! Мен мусулмонлардан бўлишга буюрилганман.

92.Шуннгдек, Қуръонни тиловат қилишга ҳам буюрилганман. Бас, ким ҳақ йўлда юрса, фақат ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатда бўлса, у ҳолда унга: “Мен фақат Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирувчиман”, – деб айтинг.

93.Эй Расулим, уларга: “Ҳамд, фақат Аллоҳгадир. Яқинда сизларга Ўз мўъжизаларини кўрсатади. Бас, у мўъжизаларни эътироф қиласизлар. Роббингиз қилаётган ишларингиздан бехабар эмас”, – деб айтинг.